Саид Аҳмад. Маза билмаслик дарди (ҳажвия)

Дилда дардинг бўлмаса,
Сардафтаримни ковлама.
Машраб

Бир ошнам бор. Овқатнинг мазасини билмайди. Паловми, шовлами, шўрми, нордонми, унга барибир. Ишқилиб, овқат бўлса бас.
Бир куни ундан, маза билмайсан-ку, еган овқатингдан қандай роҳат қиласан, деб сўрадим.
— Таним роҳат қилганини ўзим билмаслигим мумкин. Ҳаёт учун мазанинг аҳамияти йўқ. Гап мазмунда. Қозонга гўшт тушганини, ёғу гурунч тушганини кўриб турсам, бўлди, бу масаллиқларнинг инсон ҳаёти учун қандоқ аҳамияти борлигини биламан.
— Шакар билан тузни қандоқ фарқ қиласан? — деб сўрайман ундан.
— Бу жуда осон нарса. Масалан, столнинг бир томонига жичча туз, яна бир томонига жичча шакар сепиб қўяман. Пашша талагани шакар, пашша таламагани туз. Пашша талаганидан бир қошиғини чойга соламан, пашша таламаганидан ярим қошиғини тўғралган помидорга сепаман.
Мана шунақа таъм билмайдиган одамнинг қўлига шеър тушиб қолса (худо бу кунлардан асрасин) нима бўларди?
Менимча, мана бундоқ бўлади-ёв!
«Шеър энига, яъни горизонтал ўттиз беш ҳарфдан иборат (9 см). Юқоридан пастга, яъни вертикал 14 сатр (25 см). Еттита ўхшатиш (биттаси жонсиз нарсага, олтитаси жонли нарсага ўхшатилган). Тўртта муболаға (Иккитаси тоққа, биттаси боққа ва яна биттаси денгизга қиёсланган). Жонворлардан: булбул, товус ва фил. Булбул 35 грамм, товус 4 кг. Фил олти тонна. Жами: 600435 кг.
Чет сўзлардан форсча битта, арабча иккита, татарча битта, ўрисча битта, қорақалпоқча битта. Шеър охирида шоирнинг тахаллуси битта».
Қаранг: Бу шеър таҳлили эмас. Чайқовчининг уйи тинтилганда топилган буюмларга тузилган милиция акти.
Албатта инсон боласи учун маза билмаслик бир дард. Аммо адабий танқидчиликда маза билмаслик наинки дард, дард устига чиққан чипқон.
Шеър бу куй. Уни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Қани, ким «Муножот»ни сўз билан тушунтириб беради?
Шеър шоирнинг дилига ғойибдан тушган нур. Шу нур шоир юрагидан чиқиб, шеърхоннинг юрагига кўчади. У мудраган ҳужайраларни уйғотади. Томирларини дутор ипидек таранг тортиб чертади. Йиғлатади, куддиради. Бутун вужудингни аллақандай ҳузур, аллақандай майинлик, аллақандай ҳазинлик чулғаб олади. Шеър куй, шеър дард. У дидда айтилмай қолиб кетган армон…
Шеърни ўлчаб бўлмайди. Заргар тарозига ҳожат йўқ. Шеър тарозиси ўқувчи қалбида.
Гаранглар қўшиқ конкурсларида ҳакамлик қилса, сўкирлар рассомларга ранг танлашни ўргатса, ҳид билмаслар гулзор оралаб юрса, алам қилмайдими?
Муҳтарам ўқувчи, «мақола автори биринчи сатридан то охиригача ҳаммага отнинг калласидек таниқли танқидчига тош отибди», деб ўйламанг. Худо хаққи, бу гап хаёлимга ҳам келмаган. Агар бевош, тизгинсиз қаламим мендан сўрамай қоғозга ёзиб қўйган бўлса, менда айб йўқ.