Атрофи кунгира панжаралар билан ўралган уч қаватли бу уйни микрорайондагилар «Оқ уй» деб аташарди. Унда обком ва горком ходимлари яшайдилар. Фақат пастдаги икки хонали уй семон заводининг ишчиси, жиндек-жиндек отиб, ширингина кайф қилиб юрадиган, бир этак боланинг отаси Қодиржон акага текканди.
Шундоқ казо-казолар орасига бу одам қандай қўшилиб қолдийкин, деб ўйлашингиз мумкин. Обкомнинг маъмурий-хўжалик бўлими бошлиғи Турсунбоев бир иш қилса, билиб қиладиганлардан эди. Бу уйда шонли ишчи синфининг вакиллари ҳам бор, деб айтиш учун атайин шундай қилганди. Қодиржон ака уйнинг ўқ ўтмас қалқони ҳисобланарди.
Бошқа уйлар бир-бирига елка тираб, бир-бирига офтоб туширмайдиган қилиб қурилган. Аммо «оқ уй» атрофи очиқ. Баҳаво. Олди гулзор, икки ёнида арчаю сарвлар қишин-ёзин кўм-кўк бўлиб туради. Болалар майдончаси манжара ичкарисида бўлганидек бошқа «дом»лардаги болалар буёққа киритилмасди. Семон ҳовузчада фақат «оқ уй» болалари чўмилишарди.
«Оқ уй»нинг микрорайон ҳаётидаги ижобий ўрни тўғрисида ҳам гапириш керак. Шу уй бор экан, микрорайонда электр ўчмайди. Ўчса ҳам икки минутга қолмай ёнади. Водопровод қувурлари ёрилмайди. Газ бир меъёрда келиб туради. Ўғри ораламайди, тонг отгунча милиционер уй атрофини айланиб юради.
Тонг отар-отмас «оқ уй» олдига «Москвич» фургони келади. Оқ халат кийган давангирдек бир йигит этажма-этаж юриб картон қутилар тарқатади. Бу қутиларда бир кун олдин телефонда берилган буюртмага биноан қора-қизил икра, янги сўйилган қўй гўшти, қоғоз банкада қаймоқ, апельсин, ҳинд чойи, кўк чой ва қази каби ноёб емишликлар бор.
Қодиржон неварасининг апельсин пўчоғини ҳидлаб юрганини кўриб юраклари эзилиб кетди. Эртаси куни у фургонда келган йигитдан икки дона апельсин сўраганди, бермади. «Ҳожиматова аядан сўранг, «хўп» десалар бераман», деди-ю юқорига чиқиб кетди. Бир оздан кейин иккинчи қаватдан Ҳожиматова аянинг шанғи овози эшитилди. «Оббо, шу алкашнинг боласига апельсин ейишни ким қўйибди!».
Дили вайрон Қодиржон бозорга бориб апельсин тополмади, охири вокзалга чиқиб, вагон-ресторандан иккитагина апельсин сотиб олди.
«Оқ уйда»гилар маҳаллада бўладиган тўй-маросимда қатнашмайдилар. Хонимлар эса қаланғи-қасанғи қўшниларни назар-писанд қилмайдилар.
«Оқ уй»га бирон марта бўлсин пиёда одам келганини биров эслаёлмайди (Қодиржоннинг уйи бундан мустасно). Болалари яслидан то институтни битирмагунларича машинадан тушишмасди. (Қодиржоннинг болалари бундан мустасно).
Учинчи қаватда яшайдиган Марлен деган киши бандаликни бажо келтирди. «Оқ уй» хонимлари ателье моддан шошилинч икки чевар чақиртириб эрталабгача қора кўйлак тикдиришди. Марҳум детдомда ўсган экан, бирга тарбияланган уч-тўртта дўстлари етиб келишди. Аммо ўғли келмади. БАМда уйланиб, қолиб кетган экан. Ундан: «Квартал охири бўлгани учун ишлар кўп, объект топширишим керак, ўзларинг кўмиб қўяқолинглар!» деган телеграмма олинди.
Вохликкина етиб келган ювғучи пастда, кўпчилик ичида ўтирар, бу ҳунар унга бобосидан қолганини, падари бузруквори Тошкентни ўрислар олганда шаҳид бўлганлардан икки юз кишини, ҳатто Тошкент беги Алимқул бекни ҳам ўзи ювганини, «Шаҳидон» қабристонида ётган марҳумларнинг деярли ҳаммасини ўзи кафанлаганини ширин бир энтикиш билан гапириб ўтирарди. Дадаси эса икки министр, уч артист, полковник-майорлардан ўн биттасини ювгани, у кишидан кейин ўзи ота касбини улуғлаб, уч ёзувчи, беш депутатни ювганини завқ-шавқ билан ҳикоя қиларди.
Юқоридан «мурда тайёр» деган хабар тушди. Ювғувчи «бисмилло» дея юқорига чиқиб кетди. Ўн минутча вақт ўтмай, қайтиб тушди.
— Бўлмайди. Ювмайман, дедимми, ювмайман. Суннат қилинмаган мурдани ювиб, гуноҳга ботмайман. Всё!
У шундай деди-ю этагини силкитганича кетди-қолди. Энди нима қилиш керак. Мурдани суннат қилиб бўлмаса.
Маслаҳат билан мурдани Қодиржон ака ювадиган бўлди. Унга босиб-босиб икки пиёла ичиришди. У «опкел, ўлигингни» деганча мурда ётган хонага кириб кетди…
Буни қарангки, тўсатдан замон ўзгарди. Ер курраси тескарисига айланиб, ҳаммаёқ остин-устун бўлди. Микрорайондаги «оқ уй»дан путур кетди. Энди электр тез-тез ўчадиган, шу ўчганича эртасигача ёнмайдиган, водопровод қувурлари бот-бот ёриладиган икки-уч кунгача сув келмай қоладиган, газ шам пилигидек липиллаб ёнадиган бўлди.
Ҳар куни тонг пайтида келадиган «Москвич» фургон йўқ бўлиб кетди.
«Оқ уй» аҳолиси қимтиниб, атрофга аланглаб, магазинга нонга чиқади. Эрталаб ёнбошига «Молоко» деб ёзилган машина келганда шиша банка кўтариб, навбатда туришади.
Улар секин-аста тўйларга, жанозаларга чиқа бошлашди. Айниқса биттаси горкомнинг собиқ идеология бўлими мудири, Қуръонни жуда чиройли қироат қилар экан, уни ифторликларга олиб борадиган бўлишди.
«Оқ уй» хонимлари ҳам бинойидек одамлар экан. Бешик тўйларига, қизлар базмларига қатнашадиган бўлишди. Ўртага тортишса, шох ташлаб, бармоқларини шиқиллатиб ўйинга тушадиганлари ҳам бор экан.
Микрорайонга эрта азон «мусор» машинаси келади. У тинимсиз сигнал бериб, тўхтамай кетаверади. Бошқалар қатори «оқ уй» эркаклари ҳам пақирда, картон қутида, тоғорада, қоғоз қопда ахлат кўтариб машина орқасидан югуришади.
Шундай пайтларда бош оғриғини босиш учун жиндек отиб олган Қодиржон улар орқасидан қичқиради:
— Коммунистлар, олға!
Кейин Қодиржон бирпас нафасини ростлайди. Чап қўлини шимининг чўнтагига тиқади. Ўнг қўлини олдинга чўзиб:
— Сиз тўғри йўлдан кетаяпсиз, ўртоқлар! — деб қичқиради.