Кампир самовар қўяман деб ҳовлига чиқса, ноғора товуши эшитилгандек бўлди. Беихтиёр осмонга қаради.
Чорбоғ этагидаги оқ терак учида ҳурпайган сават уяда лайлак турибди, у офтоб чиқаётган тарафга қараб, томоғини тақиллатяпти.
— Ҳа, жонивор, келдингми? — деди кампир. Кампир бирдан бўшашиб кетди. Қандай қилиб чой дамлаганини, неварасининг лой бўлиб кетган шимини қандай чўткалаганини билмайди. Унинг хаёли жуда узоқларга кетиб қолган. Невараси портфелини кўтариб чиқиб кетганда ҳам ҳар кунгидек орқасидан остонагача бормади, у дарахтзор оралаб мактаб томонга кетгунча кузатиб қолмади. Айвон даҳанига бедармон чўкканича қимирламай ўтириб қолди.
Лайлак ҳамон мунгли ноғорасини тарақлатади.
Кампир бу лайлакни танирди. Лайлак ҳам унга ўхшаш ёлғиз. Жуфтини қор қуюнлари орасида йўқотган. Икки аламзада, икки ҳижронзада бир ҳафтача мана шу уйда дардлашишган. Бирга йиғлашган…
…Урушнинг охирги йили, эрта кўклам эди. Хдли баҳор келмай, кунлар исиб кетган, дов-дарахт бемаҳал куртак очиб қўйган, деҳқон бир томчи ёмғирга зор кунлар.
Лайлак келди.
Лайлак қанотида кўклам олиб келади, дейишарди. Унинг бемаҳал ноғораси кўклам келганига одамларни ишонтириб қўйганди.
Ўша кезлари Умрихон ҳувиллаб қолган уй остонасида ўтириб гоҳ йиғларди, гоҳ олисда жон олиб, жон бераётган ўғлининг, эрининг дуои жонини қиларди.
Лайлак келган куннинг эртаси кечга бориб, ҳаво айниди. Умрихон бир кун аввал сандални йиғиб ташлаган, ҳовлидаги ўчоқни суваб, айвонга жой қилганди. Кеч пайти қўзғалган изғирин уни яна уйга ҳайдади.
Ташқарида изғирин увиллайди, дарахт новдаларини айқаш-уйқаш қилиб, очиқ қолган эшикни ғичирлатади.
Изғирин қор бошлаб келди. Сал ўтмай том-тошлар оқарди.
У еттинчи чироқни олдига қўйиб, эрининг тўнини елкасига ташлаганича қунушиб ўтирарди. Эшик ғичирлади. Аввалига у шамол эшикни очгандир, деб ўйлади. Кейин беихтиёр ўгирилди.
Ярим очиқ эшикдан лайлакнинг боши кўринди. Умрихон нималигини билмай сесканди. Қимирламай, тикилганча тураверди.
Шамол эшикдан қор учириб кирди. Лайлак чўчиб уй ичкарисига қочди, лапанглаганича уй бурчагига бориб қунуқиб олди. Умрихон ҳайрон эди. У ҳам лайлакдек қимирламай ўтираверди. Аммо ташқарида шамол ҳар хуруж қилганда, ҳар гал қор эшикдан ёпирилиб кирганда лайлак жойидан нари сурилар, кўзлари бесаранжом бўларди.
Умрихон ўрнидан туриб, эшикни зичлаб беркитиб келди. Елкасидаги чопонини унинг устига ёпмоқчи эди, лайлак ётсираб ўрнидан туриб кетди.
— Қўрқма, жонивор, қўрқма. Совқотибсан, кел, иситиб қўяй. — Лайлак тахмон тагига бориб, бурчакка суқилиб олди. Умрихон унинг устига чопон ёпди. Елкада анча илиб қолган чопон иссиғи унга хуш ёқди шекилли, бўйнини, иягини кўрпача устига узунаси қўйиб, кўзларини мўлтиратганича ётаверди.
Умрихон ҳам жойига бориб ўтирди. У тиззасини қучоқлаганича унга тикиларкан, бир неча дақиқада дунёни хаёлан кезиб чиқди. Уруш бўлаётган жойларга борди. Оловлар ичига кирди. Ўғлини ҳам, эрини ҳам тополмади. Назарида, у ҳам шу лайлакдек мунгли, кимсасиздек бўлиб қолди.
Ёғи тугаб, пилиги сўхта бўлган чироқ аста-аста хиралашиб, бир пўп этдию ўчди.
Умрихон қоронғида тимирскиланиб жой солди, яна алла-паллагача у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилиб ётди.
Эрталаб кўзини очса, дераза ойналари қиров бойлабди. Лайлак ҳамон қимирламай иягини кўрпачага қўйганича кўзларини жавдиратиб ётибди.
Умрихон ташқарига чиқди. Қор тинган.
Ҳаммаёқ оппоқ. Куртак ёзиб қолган тол новдалари эгилиб ерга тегай деб турипти. Ўрик шохидан айвон устунига тортилган кир арқони йўғонлашиб кетибди. Обдастада қолган сув музлабди.
Бирдан Умрихоннинг кўзи қордаги изларга тушди. Кимнингдир товуғи ҳовлида тонг отгунча кезибди. Қорда айланма излар, гоҳ судралган, гоҳ юрган.
Из охири Умрихон кеча суваган ва ўт ёқиб сув қайнатган ўчоқ олдига бориб тўхтаган.
Умрихон ўчоқ олдига борди. Қараса, бир лайлак ўчоқдан бошини чиқазиб қотиб қопти.
У бу сирнинг маъносига етди. Бу уйдаги лайлакнинг жуфти. Кеча сават уяда икковлашиб кўкламни чақиришаётган эди. Совуқ изғирин уяларидан қувган. Қоронғида бир-бирини йўқотганлар.
Қушлар жуда сезгир жонивор бўлади. Жуфтининг шу ҳовлига кирган изини сезган-у, совукда карахт бўлиб изини йўқотган. Кечаси билан бошпана, иссиқ жой қидириб, қор кечган. Охири, ҳали кундузги ўтнинг тафти кетмаган ўчоққа бош суқиб, шу жойда музлаб қолган…
Умрихон беихтиёр терак учига қаради. Сават уя ҳам қорда ҳурпайиб қопти. У ўйлаб ўтирмай ошхонадан кетмонни олдию лайлакнинг мурдасини авайлаб кўтарганича чорбоққа кирди. Девор тагини ковлаб, музлаган лайлак устига тупроқ тотди. Кейин эзилиб, кўзлари намли, мотамсаро бир ҳолда уйга кирди.
Лайлак ҳамон жойидан қимирламасди. Эшик очилганда у бошини кўтариб, умид билан ялт этиб қаради. Ким билади, у жуфтини кутаётгандир.
То қор эриб, яна кунлар исиб кетгунча Умрихон унга андармон бўлиб турди. Шу орада Умрихоннинг бошига қора кун тушди. Почтачи эшик қоқди. Унинг бетига қарамай хат бердию шошганча кетди. Қорахат. Умрихон урушда шаҳид бўлганлар уйига келган қорахатларни кўравериб қанақалигини билиб қолган эди. Бирпасда кўз олди қоронғилашди-ю, остонага ўтириб қолди. Хаёлига ҳеч нарса келмас, ўзи эса ҳеч нарсани кўрмас эди.
Шу кўйи у қанча ўтирганини билмади. Бир маҳал хотираси ўрнига келгандай бўлдию дод деб юборди.
Кимдан, қайси биридан, ўғлиданми, эриданми?
Ўқдек отилиб ўрнидан турди. Рўмоли ўтирган жойида қолди. У тўхтамай югурарди. Югурганида сочлари тўзғиб кетди. Йўлда учраган одамлар унинг аҳволини кўриб тўхтатишар, орқасидан қараб қолишарди. Охири у почтачини қувиб етди. Елкасига осилиб, кўйлагини йиртиб юборди. У негадир бу шум хабарни мана шу одам олиб келган деб ўйларди. Шу топда у фақат шуни биларди: иочтачи ё эрини, ё ўғлини ўлдирган.
Одам тўпланди. Улар почтачини Умрихоннинг чангалидан ажратиб олишди. Хотинлар Умрихонни суяб, уйига олиб келиб қўйишди. Шу куни у эридан жудо бўлган эди.
Уйнинг бир бурчида лайлак, бир бурчида Умрихон қимирламай ўтиришарди. Умр бўйи шу алфозда ўтириб бўлмайди-ку. Умр бўйи кўзёш тўкиб бўлмайди-ку! Шу алфозда бир умр ўтираверса, шол бўлади, шу алфозда тинмай кўзёш тўкаверса, одам боласи кўр бўлади-ку!..
Офтоб чарақлаб кетди. Умрихон ҳам ўрнидан турди. Деразалардан уйга яна кўклам шабадаси кирди.
Бир-бирига ўрганиб қолган икки аламзада ҳовлига чиқишди. Лайлак қанотларини кериб бир интилдию беғубор осмонга кўтарилди. Умрихон унинг терак учига қараб интилганини кузатиб туради. Лайлак уясига қўнмади, яна қайтди, чорбоғ тепасидан, уй тепасидан айланди, олисларга қараб кетди, яна қайтди. У жуфтини изларди. Куни билан у гоҳ уяга қўнар, гоҳ қанот қоқиб аллақаерга қараб учиб кетарди. Кеч кириб сават уяда яна унинг ноғораси тарақлади. Энди у аввалгидек шўх куйламасди, унинг ноғораси мунгли эди…
Кўп ўтмай шаҳарларга ўт қўйган, одам қонини дарё қилиб оқизган уруш тугади.
Ҳаммаёқ чинакам кўклам либосида эди ўша кун. Томларда лолақизғалдоқ гулхани ёнарди. Болаларнинг қўли қулупнай сувидан қизил, қизлар қулоғига қўшалоқ гилосдан исирға тақилган эди.
Қишлоқ кўчалари гавжум. Хонадонларда кўпдан унутилган патефон товуши. Келинчакларнинг юзига ранг кирди.
Умрихоннинг ҳовлисидаги ариқ бўйида икки туп гул-сапсар очилди.
Йигитлар келишяпти.
Терак учида лайлак ноғора чалади. У кимни кутаётганикин? Умрихоннинг ҳам бағри тўлди. Ўғли қайтди.
Яна баҳор келди. Мана шу баҳор Умрихон келин кўрди. Тўйда куни билан чорбоғ тепасида лайлак ноғора чалди.
Аммо Умрихон невара кўрганда кўпдан қадрдон бўлиб қолган лайлак келмади. Уяси ҳувиллаб қолди. Умрихон бўш уяга маъюс тикилиб, ўйга толди. Ким билади, лайлак қайдадир ҳижрон дардида оламдан ўтгандир. Шу-да, қачондир ўлмоқ бор. Аммо ҳижрон дардида ўлиб кетишни ўйласанг, дунё кўзингга қоронғи бўлиб кетади. Яхшиям зурёд бор. Ана шулар бахти учун яшагинг келади. Айни шулар илинжи одамзодни, бутун жондорни яшашга чақиради.
Ҳадемай ҳувиллаб қолган уяга икки лайлакча келди. Ким билади, улар балки ўша лайлакнинг болаларидир. Ҳарқалай, уя бўшаб қолгани йўқ-ку!
Йиллар ўтиб кетди. Ҳамма нарсани Умрихон унутди. Неварасининг шўхлиги уйдан ҳижрон аламларини қувиб чиқарди. Боланинг йигит бўлишини, сафга қўшилишини кутиб энтикади. Айниқса, кундузлари уйга бола тўлиб кетади. Уларнинг шовқини, кулгуси, гап-сўзлари Умрихоннинг юзларидаги ажинларини ёзиб юборгандек бўлади.
Тезроқ неварагинамнинг тўйини кўрсам, дейди. Яшагиси келади.
Аммо ҳар баҳор лайлак келганда, чорбоғ тепасида унинг ноғорасини эшитганда юраги эзилиб кетади. Бу товуш унга эридан келган қорахатни, ярим қоронғи уйда икки ҳижронзаданинг товушсиз йиғлаган кунларини эслатиб қўяди.
Бугун яна лайлак келди. У қанотида кўклам олиб келди. Кўча тарафдан мактабга ўтаётган болаларнинг товуши эшитиляпти. «Лайлак келди, ёз бўлди…» Бу неварасининг овози. Бу овоз оламдаги барча товушларни босиб кетгандек бўлди. Гўё бутун дунёдаги одам боласи томга чиқиб, шу боланинг севинч тўла товушига қулоқ солаётгандек…
1969 йил.