Саид Аҳмад. Кечиккан севги… (ҳикоя)

Секретарь хотин баракнинг брезент эшигини кўтариб ичкарига кирди. Исмоилжон тикка турганича алюмин кружкадан лабини чўччайтириб қайноқ чой ҳўпларди. Секретарь столга қоғоз қўйиб индамай чиқиб кетаётган эди, Исмоилжон уни тўхтатди.
— Бу нима?
— Башоратнинг аризаси. Ишдан бўшатишингизнй сўраб ёзибди.
— Нега ўзи кирмади?
— Билмасам.
У елкасини қисиб қўйди.
— Ўзи кирсин!
Секретарь чиқиб кетди.
Башорат қурилишда десятник. Ўзи унча чиройли бўлмаса ҳам аллақаери одамга жуда ёқади. Истараси иссиқ деганлари шумикин? Исмоилжон шу тўғон қурилишига бош инженер бўлиб келганда ҳам Башорат шу ерда эди. Улар бир-бирлари билан жуда кўп гаплашишган. Негадир Башорат Исмоилжон билан очилиб гаплашмасди. Бироқ нима айтадиган бўлса бетига қарамай ергами, ботинкасининг учигами тикилиб туриб айтарди. Унинг бу қилиғидан кўпинча Исмоилжоннинг энсаси қотарди. Аммо Башорат ишига пишиқ қиз. Буни қурилишдагиларнинг ҳаммаси ҳам тан олишади.
Брезент эшик кўтарилиб секретарь хотиннинг юзи кўринди.
— Кирмасмиш, қўл қўйиб бераверсин, деб айтди.
Исмоилжон аризани олиб яна ўқиб чиқди. Айтарли тузук-қуруқ гап йўқ. Ўз ихтиёрим билан депти. У қўлига қалам олиб аризанинг четига ёзмоқчи бўлди-ю, яна тўхтади. Бу нима қилгани, мени писанд қилмаяптими? Гаплашишни ҳам истамайди.
— Ўзи қаерда?—деди Исмоилжон ҳамон брезент эшикни паранжига ўхшаб бошига ташлаб турган секретарь хотинга.
— Ташқарида ўтирибди.
Исмоилжон хотиннинг кетидан чиқди. Оёқ товушини эшитиб Башорат ўрнидан турди. Унинг қовоғидан қор ёғарди.
— Нима бўлди, нега бўшайсан?
— Кетяпман,—деди у Исмоилжоннинг бетига қараб эмас, ерга ўтириб этигини бошқатдан кияётган экскаваторчига қараб.
— Кетишингга бирон сабаб борми?
— Сабаб йўқ. Шундоқ. Бошқа қурилишга кетаман.
— Биронтаси хафа қилдими?
Башорат бош чайқади.
— Аризамга қўл қўйиб беринг, гапни айлантирманг! Вассалом!
Исмоилжоннинг зардаси қайнаб кетди. Қурилиш бош инженери билан шунақа гаплашадими? Ҳаддан ошиб кетибди-ку, бу қиз!
— Хўп, ҳозир қўл қўйиб бераман.
У шундай деди-да, ичкарига кириб кетди. Бирпасдан кейин Башоратни секретарь чақириб буйруқни берди. Башорат буйруққа қараб туриб сесканди. Кўзи тинди. Наҳотки икки йил ишлаб меҳнати синган жойни ташлаб кетади?
— Ҳисоб-китобни бошқармага бориб қиласан,— деди секретарь ва бошини сарак-сарак қилиб баракка кириб кетди.
Башорат ёлғиз қолди. У бош инженернинг барагига маъюс қараб турди-да, битта-битта қадам босиб йўлига кетди.
Экскаваторларнинг шовқини оламни тўлдирган. Скреперлар қийқиллайди. Электр пайванди офтобда шиша синиғидек ялтирайди. Самосваллар ҳар гал шағал ағдарганда момақалдироққа ўхшаган овоз чиқади. Бетон қорувчи машина қалдир-қулдир қилиб қулоқни битиради. Машиналар ҳамма ёқни чангга тўлдириб у ёқдан-бу ёққа ўтиб турибди.
Бу шовқинларга Башорат кўпдан кўникиб кетган. Энди қаёққа боради? Нима қилмоқчи ўзи? Буни ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Фақат шу ердан кетса бўлгани. Қанча тез кетса шунча яхши.
Башорат бахтини бошқа ердан изламоқчи. У бу ердан бахтини тополмади. Иззат-нафси койиган қиз шу шовқин-суронга тўлган жойдан кетяпти.
У маъюс қадам ташлаб дўнг ошганида қаршисида тўзон кўтариб газик келарди. Башорат дарров таниди. Бу Исмоилжоннинг машинаси, Башорат қўлини кўтарди. Газик тўхтади. Ҳали эгнидаги ҳарбий гимнастёркаси эскирмаган шофёр бола кабинадан бошини чиқарди.
— Ҳа, опа, тинчликми? Қаёққа кетяпсиз?
— Битта хат ёзиб бераман, хўжайинингга бериб қўясан.
— Хўп, хўп, опа.
Башорат чамадончасидан дафтарчани олиб машина капотига қўйиб нимадир ёзди, ўчирди, яна ёзди. Ёзганини йиртиб ташлади. Ўйлаб туриб бошқатдан тез-тез ёздида, буклаб шофёр болага берди.
— Ўзига бер!
Бола хатни ён чўнтагига солиб қўйди. Машина у ёққа, Башорат бу ёққа кетди.
Июль қуёши адирга тегай-тегай деб турибди. Яна бир интилса адир орқасига думалаб тушиб кетади. Атроф қоронғилашади. Қурилиш майдонида сонсиз чироқлар ёнади. Прожекторларнинг нурли баркаши дўнгдан дўнгга сакраб ўйнайди. Электр пайванднинг чақини бир дақиқадаёқ олис-олисларга етади-да, ҳамма ёққа яшил нур пуркаб сўнади.
Башорат мана шу нурли, мана шу шовқинли ҳаёт орасидан бахтини қидирган эди. Уни топган ҳам эди. У бахт деб дилига қувонч, кўнглига ишонч-илинж туғдирган нарса бахти эмас экан. Ана шунинг учун ҳам у кетяпти.
Балоғат ёшига етиб, дилида муҳаббат ҳислари уйғонган қиз боланинг ноумид бўлишидан оғирроқ нарса йўқ. Бўлмаса каттадан кичиги қадрдон бўлиб қолган жойдан кетиш осонми? Қим билади, ҳали ҳам бўлса изига қайтгани дурустмиди? Янги жой, янги одамлар, янги муҳаббат… осонми? Умр — оқар сув. Ҳув этади оқади, кетади.
Шу хаёл уни бир дақиқа тўхтатди. Қиз атрофга қаради. Қуёш адирга ярим белидан ботиб турибди. Азамат теракларнинг учи шамдек ёниб кўзни олмоқчи. Уфқда иккита узун-узун кимхоб камардек булут қимирламай турибди. Осмони заминда битта лайлак айланяпти. Унинг қаноти худди шамга ўхшаб ёнади. Гоҳи-гоҳида у, худди шишадан ясалганга ўхшаб кетади.
Тераклар учидаги шамлар ўчди. Атрофни ним қоронғилик босди. Фақат лайлак чироққа ўхшаб ҳамон порлайди.
Қурилиш шовқини ҳам эшитилмай қолди. Уни дам-бадам орқангга қайт, дегандек эшитилиб турган бу товушлар тингандан кейин Башоратнинг оёқ олиши тезлашди.
Қишлоқ яқин қолди. Узоқда хонадонларнинг чироқлари милтираб кўринди.
Башорат энди орқага қайтиш илинжидан қутулди.
Орқадан гуруллаб мотор товуши келди. Зум ўтмай ўткир нур унинг соясини ўзидан эллик метрча нарига улоқтириб ташлади. Башорат ўгирилиб қараган эди, ёруқдан кўзи қамашди. Машина унинг ёнидан ўтиб кетди-да, сал нари бориб йўлнинг ўртасида кўндаланг туриб олди. Мотор шовқини тинди. Чироқ ҳам ўчди. Қоронғиликда эркак кишининг овози эшитилди.
— Башорат!
Бу Исмоилжоннинг овози эди.
Башорат титраб кетди. Ўша! Қиз қалбига тош отган, қиз кўнглида уйғонган биринчи муҳаббат ҳисларини писанд қилмаган кесак!
— Нега келдинг?— деди Башорат титроқ товушда. Бу биринчи бор уни сенлаши эди.— Тушунтиргани келдингми?! Қурилишда обрўйинг ошади, шу ердан кўтарилиб кетасан, деб айтгани келдингми?! Бу гапларни сендан кўп эшитганман. Сен фақат шу гапни биласан, ёғочсан, тошсан, кесаксан. Дардинг йўқ сени!
Башорат ҳўнграб йиғлаб юборди. Исмоилжон нима қилишини билмай қотиб турарди.
Осмонда юлдуз учди. Унинг папирос тутунидек ингичка чизиғи қоп-қора осмонда анча туриб қолди. Охири у ҳам сўниб кетди.
— Сизга нима бўлди, Башорат? Сен учун кетяпман деб хат берворибсиз?
— Сизлама мени. Билмадинг-а, сезмадинг-а! Юрагингда заррача дардинг бўлганда билардинг, сезардинг!..
— Нимани биламан, нимани сезаман?
— Ахир тентак, бир йилдан бери дардингда куйиб ёнаман. Бир йилдан бери мени ухлатмайсан. Бир йилдан бери сени деб яшаяпман. Билмайсан, сезмайсан. Аминман, сезасан, назар-писанд қилмайсан. Мени эрмак қилиш учун атайин шундай қиласан.
— Вой, менга қара…
Исмоилжон шу гапдан кейин анча жимиб кетди. Папирос чекди. Гугурт чақаётганда қўли титраётганини Башорат кўрмади.
Юлдузлар бирин-кетин кўз очаверди. Ушатилган нондек бўлиб ой ҳам чиқди. Аммо Исмоилжондан ҳали ҳам садо чиқмасди. Юк машинаси келди. Йўлда кўндаланг турган машинадан ўтолмай сигнал берди. Исмоилжоннинг ҳуши ўзига келиб машинасига югурди. У то машинани четга олгунча шофёрдан роса сўкиш эшитди. У газигини четга оламан деб орқа ғилдирагини ариққа тушириб юборди. У машинани ўнглагунча Башорат чамадончасини бағрига босганича қимирламай тураверди. Охири Исмоилжон яна олдига келди.
— Кечир, мени Башорат. Билмабман. Билсам наҳотки сенга шунақа муомала қилардим. Мен, ўлай агар, билмабман. Ахир ўзинг ўйла, мен ўзимни сенга муносибмасман деб юрардим. Умримда бир қизни севмаганман, бунақа ишларни билмаганман. Севишни билмаганман. Тўғри айтдинг, ёғочман, кесакман. Севишга, ишқ қўйишга вақтим бўлмаган. Ўқишни битирдиму шунақа қурилишлардаман.
Башорат ҳам титраб, қақшаб гапирарди.
— Нима кийсам сен кўргин деб киярдим. Аммо сен табель тахтасидаги Башоратнинг норма бажаришига қарардинг. Ишдан ҳориб, чарчаб келаману ухламай остонада юлдузларга тикилиб ўтираман. Сени ўйлайман. Сўра, шу юлдузлардан сўра. Уларни ҳар куни кўраман. Ҳар куни гаплашаман. Шу юлдузларнинг қайси бири меникилигини билолмайман холос. Бирон марта мени ўйлаганмисан?
Исмоилжон гап тополмай ғудранди.
— Менга қара, Башорат, мени кўп қийнама. Бирпас ўзимга келиб олай. Оёғимнинг тагида ер йўққа ўхшайди, Ке, ўтирайлик. Манави ерга ўтирайлик.
Исмоилжон Башоратнинг қўлидан ушлаб тол тагига олиб ўтди. Шундагина унинг қўли титраётганини билди. Қиз кўксида нимадир ғалаён қиларди. Бу у чеккан изтиробларнинг мукофотими, унга кечалари уйқу бермаган йигитнинг кўксида севги оташини ёқиб интиқом олиш тантанасими, билмасди. Нима бўлса бўлсин, Башорат дилидагисини тўкиб солди. Агар шундай қилмаганда бир кун ўкинарди. Қачонлардир бир кун илк муҳаббат эсга келади. Эсга келганда ҳам галати ҳислар билан, ажиб хотиралар, энг маъсум, энг беғубор туйғулар билан аралашиб келади. Ўшанда илк муҳаббат ўз бағрига чақиради. Бутун гўзаллиги, бутун жозибаси билан, тиниқлиги, беғуборлиги билан чақиради. Ўшанда муҳаббат ўзининг ҳеч қачон қаримаслигига иқрор қилади.
Бир чиройли, бир ёқимли шамол турди. Тол шохлари бир-бирига айқаш-уйқаш бўлиб ердаги ой тангаларини учиради, ёндиради, супуради.
— Энди мен гапирай. Кулмайсанми, масхара қилмайсанми. Жим ўтирсанг айтаман.
— Гапир!
У изтироб билан ўтган болалигини эслаб кетди. Гўдак дилига озор берган, мурғак хотирада бир умр ўчмас из қолдирган ота қилмишини, ўз боласининг кўкрагидан итарган она қилмишини алам билан эсига олди. О, у кунлар унутилиб кетса бўлмасмиди?
Исмоилжон папирос чекди. Толнинг шовуллашига бир муддат қулоқ солиб тургандан кейин титраб гап бошлади.
— Кимлигимни билиб ол. Кимман, қанақа одамман, билиб қўйганинг яхши. Саккиз яшаримда дадам билан аям ажралиб кетишди. Ўшанда аям билан қолганман. Ярим йил ўтмай аямнинг кўзига шумшук бўлиб қолдим. Икки гапининг бирида, бахтимни қора қиляпсан, орқамда эргашган болам билан мени ким оларди, дейдиган бўлиб қолди. Бу гапларга бола эканман-да, тушунмаганман. Кейин аям эрга тегди, ўгай дадам у ёқда қолиб аямнинг ўзи чиқиштирмади. Дадамнинг олдига бордим. Уйланган экан. У ерга ҳам сиғмадим. Кўчада қолдим. Ота-онам тирик бўла туриб детдомга киришга журъат қилолмадим. Мактабда ётиб қолиб ўқидим. Бировларнинг нонини еб, бировларнинг кийимини кийиб катта бўлдим. Институтда ўқиб одам бўлишни астойдил ният қилган эдим. Ниятимга етдим. Ётоқда ётиб ўқидим. Ўқиган мактабимнинг директори жуда яхши одам эди. Мактабдан дарс олиб берди. Ҳам ўқидим, ҳам ўқитдим. Ёзги каникул пайтларда ҳам конструкторлар бюросидан чертёж кўчириш ишини олдим. Диплом қўлга тегдию ишга тушиб кетдим. Севги ишларига, ўйин-кулгига вақтим бўлмаган. Ўз тенгларимдек яйраб яшнамаганман.
Башорат беихтиёр унинг қўлларидан ушлади. Исмоилжон гапиролмай энтикди. Салдан кейин ўзини ўнглаб яна гапира бошлади.
— Ўтган йилнинг ўзида икки марта судга тушдим. Дадам судга берибди. Хотини ўлиб икки ёш бола билан қолибди. Ёрдам сўраб келишга юзи чидамай нафақа ундириш учун судга берган экан. Суд ҳукм қилиб берди. Сал ўтмай аям судга берди. Эри қамалиб кетган экан, ўгай болалари чиқиштирмай уйдан ҳайдашибди. Энди керак бўлибман. Нафақа ундирди. Негадир ўз онамга ўхшамайди. Кўриб юрагим жиз этмади ҳам. Шаҳардан жой топиб кўчириб олиб бориб қўйдим. Бориб тураман, бораману бегона одамнинг олдига боргандек бўламан. Уйланиб рўзғор қиладиган пайтимда яна ташвиш. Ўгай укалар, дадам, онам… Ўзим қолиб уларнинг ташвиши билан бандман. Болалигимни жувонмарг қилишган эди. Энди катта бўлганимда ҳам шулар ғов. Қани айтчи, қачон севаман, кимни севаман? Қайси бир бечорани ташвишларимга шерик қиламан?
Уларнинг иккови ҳам жим қолишди. Исмоилжон уст-устига чекар, ҳар чекканида папироснинг қип-қизил чўғи юзини ожизгина ёритарди.
Башорат ўйларди. У ҳалигача Исмоилжоннинг тўнглигидан, ўзига бепарволигидан койинарди. У бечорани нималар демади? Кесак, деди, тош деди. Башорат яримта ой атрофни аранг ёритиб турган ним қоронғи сокин дала четида ўтириб шу пайтгача дилига ҳам озор, ҳам қувонч берган йигитнинг кўрган кунларига ич-ичидан ачиниб кетди. Энг яқин кишилари ўғирлаб кетган шодлигини, болалик қувончларини қайтариб келгиси, муҳаббатга жой бермаган кўксини пармалаб оташ солгиси, қўлидан етаклаб қўшиққа ўхшаган, нурга ўхшаган, аллақандай ажойиб оҳангларга ўхшаган муҳаббат кўчаларига бошлаб кетгиси келди. Қизлик ғурурини четга суриб қўйиб энтикиб-энтикиб гапирди:
— Мени ким севарди дединг. Мен севаман. Қайси бир бечорани ташвишимга шерик қиламан, дединг. Мен шерик бўламан! Одам боласининг қалбида севгигаям, ғазабгаям, ғам-ташвишгаям жой топилади. Қалбга кириб олган чинакам севги ташвишниям, ғамниям, ғазабниям ҳайдаб чиқаради. Шунақа…
Юлдузлар ҳамон ўчиб, ёнади, қийшиқ ой терак учига жиға бўлиб, қўниб турибди.
Терак учидан ой думалаб тушиб кетди. Тонг отиб келарди.
Исмоилжон Башоратнинг қўлидан чамадончани олиб, машина томонга юрди. Сал ўтмай мотор гуруллади. Башорат машинага интилди.
Еру кўкка нур пуркаб отаётган шу тонг Башоратга излаган бахтини топиб бергандек эди.
Еру кўкка нур пуркаб отаётган шу тонг Исмоилжонга йўқотган шодликларини қайтариб бергандек эди.
— Шу менинг чинакам бахтиммикин?—деб ўйларди Башорат.
— Шу менинг чинакам шодлигиммикин?— деб ўйларди Исмоилжон.
Кошки эди…
1967 йил.