Саид Аҳмад. Иқбол чироқлари (ҳикоя)

Дарё шамолидан сесканган отнинг бадани дириллаб кетди. Жиловни бўш қўйиб юбордим.
Чакмонини елкасига ташлаб, қумғон тагига ўт қалаётган паромчи чол от дукурини эшитиб ўрнидан турди:
— Келинг, меҳмон, йўл бўлсин?
— ГЭСга ўтмоқчи эдим.
Чол соқолини тутамлаб дарёга қаради:
— Сув қутириб келяпти, паромни чирпирак қилиб олиб кетади.
— Йўғ-э, ишим жадалроқ эди-ку, а!
— Эрталабгача сабр қилинг. Ҳозир чой қайнайди, чақчақлашиб тонг оттирамиз.
Ноилож отдан эгарни олиб, сувлиғини чиқардим-да, ёввойи жийдага боғладим.
Чол вақирлаб қайнаб турган қумғонга кўк чой солиб дамлади. Будкага кирдик. Будканинг ичи анчагина кенг эди. Унинг бир томонида арқон каравот, иккинчи томонида эса тахтаси рандаланмаган қўполгина скамейка. Деворга газета ва журналлардан йиртиб олинган турли суратлар ёпиштирилган. Чол тошчироқнинг пилигини кўтарар экан, менга қарамай сўради:
— Қорин қалай, меҳмон?
— Қўшқўноқда овқатланарман деган умид билан йўлга чиқа берган эдим.
Чол менинг жавобимни кутмай дераза олдига қўйилган оёғи айри столча устига белбоғини ёзиб, қозикдаги тугундан нон ва қанд олиб қўйди.
— Чойни майдалаб туринг, саватдан хабар олиб келай. Чол чиқиб кетди. Пиёлага чой қуйиб, девордаги суратларни тамошо қила бошладим. Аллақайси бир журналдан йиртиб олинган бир сурат менга жуда таниш туюлди, фонарни суратга яқинроқ олиб бордим. Эгнига комбинезон кийиб, қўлига электросварка шчитини ушлаб турган пайвандчи қизнинг кулиб турган юзи менга жуда таниш эди. Бу бир вақтлар мени, шоирона қилиб айтган-да, ўзига асир қилган Иқбол эди. Чол кирди.
— Балиқ илинмабди. Сув нотинч-да. Балиқлар юзага чиқмайди.
Чол билан анчагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Соатга қарадим, бирдан ошибди.
— Уйқунгиз келди-ёв, жой қилиб бераман, дам олинг. Чол беланчакка ўхшаш арқон каравотга кўрпача ёзиб, чопонини буклаб ёстиқ қилиб берди-да, фонарни кўтариб чиқиб кетди. Ечиниб ёнбошладим. Фикру хаёлим Иқболда эди.
Хаёл мени Иқбол билан ўтказган кунларга етаклади. Кўз олдимга тоғ қоялари, дарё тўлқинлари, азамат ГЭС биноси келди.
Чол қоронғида тимирскиланиб нимадир олиб чиқиб кетди. Дарёнинг нариги қирғоғида чақин чақди. Унинг кўкимтир-пистоқи шуъласи осмонда сузиб юрган пастак булутларни ҳам ёритди. Озроқ вақт ўтгач, бояги чақин тез-тез такрорланаверди. Туриб деразадан ўша томонга қарадим. Гулхан ёнида тўр ямаб ўтирган чол менга ўгирилди.
— Ухламадингизми, меҳмон, шуълага қараяпсизми? Қўшкўноқда ГЭС қуришяпти. Бу электрпайванднинг шуъласи.
Иқбол ҳам ўша вақтда ГЭСда пайвандчи эди. Дарё бўйидаги тош уйим деразасига ҳам худди шунақа шуъла тушиб, менга уйқу бермасди. Туни билан тош қўпориб, тонг отгунча Иқбол ҳақида ўйлардим.
Кечқурунлари икковимиз чўлга чиқиб кетиб, осмонда аста-секин кўз очаётган саҳро юлдузларига тикилиб ўтирардик. Атрофимизда ўт-ўланлар силкинар, чигирткалар чириллар эди. Шундай кечаларнинг бирида Иқболга юрагимдаги гапларни айтдим. У жим ўтириб ҳаммасини тинглади. Ҳали ой кўтарилмагани учун унинг юзида, кўзида қандай ўзгаришлар бўлаётганини билолмадим. У жавоб бермади. Ёнма-ён юриб тунги смена ишлаб турган участкага қараб йўл олдик. Қизлар землянкаси олдига етганимизда, у қўлимни одатдагидан кўра қаттиқроқ қисиб хайрлашди. Ё, балки, менга шунақа туюлдими, ҳали-ҳали билолмайман.
Орадан уч кун ўтгач, Иқбол тунги сменага ишга ўтди. У ГЭСнинг азамат пештоқларида темир парчаларини бир-бирига пайванд қилар, электрод таёқчасидан чақнаган учқун пастга қараб гўё нурли томчи бўлиб тўкилар, унинг шуъласи чўлнинг олис-олисларигача ёритарди.
Куни билан бош тўғонда тош кўпориб чарчашимга қарамай, чўл оралаб тўрт километрлик йўлни пиёда босиб, ГЭС қурилишига борардим. Йўлни Иқбол чақнатган кўкимтир нур ёритиб турарди. Темир шотига тирмашиб Иқбол ишлаётган бетонли деворга кўтарилардим-да, унинг ёнида ўтириб, чақнаган нурдан ёшланган кўзларимни кепкам билан тўсардим. Иқбол жуда чаққон ишларди. Прораб «халақит берасан» деб неча марта мени девордан қувиб туширар, мен эса яна тирмашиб чиқаверардим. Шу девор устида, чўл шабадаси унинг сочларини тўзғитиб турган бир пайтда, кўзни олувчи кўкимтир нур орасида биринчи бор унинг юзидан ўпиб олганман. Иқбол аразлагандек менга ер остидан ғалати қилиб бир қаради-ю, яна электродни темир парчаси устига қўйди. Учқун чақнади, унинг қўли билинар-билинмас титраганини сездим. Ҳали-ҳали билолмайман, унинг вужудидаги бу титроқ ғазабданми, ё ҳаяжонданми… Шу кундан бошлаб Иқбол хаёлчан бўлиб қолди. Мендан ўзини олиб қочар, учрашган онларимизда юзимга тик қарай олмас эди.
Экскаватор машинистига ёрдамчи бўлиб олдим. Ишлар кўпайиб қолди. Кечаси курсга қатнайман, кундуз экскаватор бошқараман, шу кунлар Иқболдан анча узоқлашиб қолдим.
Участка агитпунктида курс машғулоти бўлаётганда фельдшер хотин мени имлаб чақирди. Чиқдим. У қўлимга бир қоғоз тутқазди. Шошиб ўқидим. Унда шу гаплар ёзилган эди.
«…Касалхонадаман, вақтингиз бўлса бир келиб кетсангиз. Иқбол».
Касалхонага югурдим. Касаллардан суриштирдим. Мени палатага олиб киришди. Бу ерда оқ халат кийган, юз-кўзи дока билан танғиб ташланган бир аёлдан бошқа ҳеч ким йўқ эди.
— Мана, Иқбол! — деди ҳамшира.
Оқ дока орасидан менинг номимни айтган овоз чиқди. Бу Иқболнинг овози эди.
— Иқбол! Нима бўлди?!
Иқбол янги йўлга кирган болалардек деворни ушлаб турмоқчи бўлди.
Тез бориб унинг қўлидан ушладим. Каравот қирғоғига ўтирдик.
— Электрод учқуни кўзимга сачради. Иқболнинг овози титради. Унинг бошини силадим.
— Мени дераза олдига олиб боринг, — ялиниш оҳангида деди Иқбол.
Унинг айтганини қилдим.
— Ҳаво очиқми? — дея сўради у.
— Ҳаво очиқ, юлдузлар чақнаяпти, — дедим.
У узоқ жим туриб қолди. Деразадан қўлини чиқазиб гўё ёмғир ёғяптими, йўқми, билмоқчи бўлгандек панжаларини ёйди.
Сварка аппаратида чақнаган нур Иқболнинг юзига чулғанган оқ докаларни ҳам кўкимтир тусга киритган эди.
— Наҳот, умрбод кўр бўлиб қолсам-а?
Врач мени ҳайдаб чиқаргунча унинг олдидан жилмадим.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Иқболни Тошкентдаги кўз клиникасига олиб кетишди. Мен эса армияга жўнаб кетдим.
Сўнгги бор Иқбол билан учрашган куним ҳали эсимдан чиқмайди. Армияга жўнаш олдидан унинг ҳолидан хабар олгани Тошкентга тушдим.
Эрта куз эди. Клиника ҳовлисидаги дарахтларнинг барги сарғайган, кекса дуб баргларигина кўк эди.
Иқболнинг билагидан ушлаб, гулзор четидаги скамейкага олиб келдим. Ўтирдик. Иқбол тимирскилаб қўлимни топди-да, узоқ жим туриб, кейин хўрсиниб қўйди.
— Кетяпман денг… Кетиш олдида сизни ўз кўзим билан кўролмадим. Қани энди, кўзим очила қолса-ю бир кўрсам. Ҳарбий формада қанақа экансиз.
— Кўзингиз очилади, — дедим унга руҳ берувчи оҳангда.
— Профессор ҳам шундай деди, балки кўнглимни кўтариш учун айтгандир.
Мен унга профессор билан гаплашганимни, у менга ҳам худди шундай деганини айтдим.
— Жуда кутилмаган ҳодиса бўлди-да, шундай уста пайвандчи, наҳотки бепарволик қилиб, кўзга учқун сачратиб олсангиз.
Иқбол қўлимни яна маҳкамроқ қисди. У чўлда, ойдин кечада бирга яшашни таклиф қилганимда жавоб ўрнига қўлимни худди шундай қисган эди.
— Биласизми, ўша куни қўлим ва кўзим ишда эди-ю…
У гапиролмай энтикди.
Жуда ғалати бўлиб кетдим. Айни замонда кўнгилни ҳам шодлантирувчи, ҳам эзувчи бу гапдан гангиб қолдим.
— Иқбол!.. — гапимни тугатолмай сапчиб ўрнимдан туриб кетдим. Нима қилишимни билмай турган еримда серрайиб қолдим.
— Кўзим очилади, — деди Иқбол ишонч билан. — Яна кўришамиз. Фақат тезроқ кўзим очилса-ю, боғларни, майсаларни, одамларни кўрсам. Ҳаётнинг, табиатнинг қанчалар чиройли эканини энди яхшироқ сездим. Чунки ҳозир уларни кўз билан эмас, юрагим билан кўриб турибман. Чўлларда чақнаган чироқларни кўряпман. Тезроқ, тезроқ кўзим очилса. Кўзларимга танғилган докаларни йиртиб ташлаб, ҳаётга қарасам дейман.
— Кўзингиз очилади. Албатта очилади, яна учрашамиз, бирга турмуш қиламиз. Ана ўшанда сиз чўлларда комбинезон кийиб юрмайсиз. Менинг уйимда, худди маликалардек ясаниб, шоҳона ҳаёт…
Иқбол қўлини шарт тортиб олди. Назаримда, кўнгилсиз бир воқеа эсига тушиб қолгандек сесканиб кетди. Ё менга шундай туюлдимикин? Ҳали-ҳали билолмайман.
Шу куни Иқбол билан қош қорайгунча гаплашиб ўтирдим. У менга оқ йўл тилади. «Кутаман, Самад ака» деди-ю, муомаласи сал совуқроқ кўринди, бу гап юракдан эмас, шунчаки айтилганга ўхшади. Кетдим. Кўз олдимда Иқболнинг оқ докага чулғанган қиёфаси қолди…
Орадан беш йил ўтди. Шу орада унга ёзган ўнлаб хатларимга жавоб ололмадим. Охири Иқболнинг изини йўқотдим. Мана, дарё суви шовиллаган ойдин кечада, паромчининг будкасида унинг суратига термилиб ўтирибман. Олисда Иқболни эслатувчи яшил нур чақнаб турибди. Унинг ўткир нури дераза ойнасидан ўтиб уй деворидаги суратларни ҳам гоҳо лип-лип ёритиб қўяди. Иқбол ҳаёт экан. Нима учун шунча хатларимга жавоб бермади? Ахир, мен унга бирон ёмон гап айтмагандим-ку.
Унинг суратига термилиб бирга кечирган кунларимизни, бир-биримизга айтган илиқ-иссиқ гапларимизни сўзма-сўз хотирладим. Бироқ айтилган гапларда биронта ҳам ножўяси йўқ эди.
Қани энди учрашсак. Ўша вақтда айтганимдек, маликалардек…
Эсладим! Иқболнинг иззат-нафсига, ғашига теккан нарса энди аён бўлди. Қизиқ, киши ўзининг хатосини сезиши шунчалар қийинми? Нечун шу пайтгача бу нарса ёдимга тушмади? Нега? Гугурт чақиб Иқболнинг суратига қарадим. Унинг ҳозирги ҳолати мен тасаввур қилган маликадан минг марта афзал эди. Ўз бахтини ўзи ярата оладиган киши ўзгадан бахт кутмайди. Иқболни мендан совутган нарса ҳам менинг шу бир оғиз ножўя гапим эди. Гугурт чўпи охиригача ёниб қўлимни куйдирди.
Демак, Иқбол ҳаёт, унинг кўзлари аввалгидек равшан. Бироқ у ҳозир қаерда! Эр қилганмикин? Ким экан у бахтли йигит? Мумкин эмас! Ишонмайман.
Қани энди, уни ҳозир шу топда кўрсам, ўша кўкимтир нур ичида бир кўрсам. Ҳу ўша чўлларда чақнаган кўкимтир чақин шуъласида у ҳақда хаёл сурсам… Ёшликни, биз ишлаган ўша азамат қурилишларни эсласам, бирга орзу қилганимизча яшасак…
Қайдасан, қайдасан, Иқбол?!
Аста-секин тонг ёриша бошлади. Кийиниб ташқарига чиққанимда чол паром кетида эшкак буриб, дарёнинг қоқ ўртасида нариги қирғоққа қараб кетарди.
Отни эгарладим. Устига иккита юк машинасини ортган паром ортга қайтди. Чолнинг оппоқ соқоллари шамолда силкинар, енглари билагигача шимарилган бақув-ват қўллари эшкакни эпчиллик билан бошқариб келарди.
Туни билан чақин чаққан томондан энди қуёш кўтарилди. Кечаси кумушдек товланган дарё суви сарғимтир тусга кирган эди.
Паромдаги машиналар қирғоққа чиқиб, шағал бости-рилган йўлдан моторларини гуриллатиб кетишди.
— Ота, бир илтимосим бор эди, айтсам, хўп дейсизми?
— Сўранг, болам.
Чолни будкага бошлаб кирдим-да, девордаги суратни менга беришини сўрадим.
— Э, мендан сўраб нима қиласиз, ўзидан сўранг-да.
— Ўзини беш йилдан бери тополмайман.
— Мендан сўраб қўя қолмабсиз-да.
— Танийсизми?! Ҳозир қаерда у?!
— Қизиқсизми? Ўз қизимдек бўлиб қолган бир кишини танимай жинни бўпманми? Кечаси билан Қўшқўнокда чақмоқ чақиб чиққан ўша сиз қидирган Иқбол-да. Бу атрофдагилар кечаси шунақа чақмоқ чақиши билан дарров: «Иқбол чироғи ёнди» дейишади, соатингиз неча? Етти бўлдими, ҳозир ўзи ишдан қайтиб қолади. Мана шу паромда уйга ўтади. Қани, уйга олиб кетай.
— Эр қилгани йўқми? — дея шошиб сўрадим ундан. Чол қўл силтади.
— Назаримда, эрга чиқмоқчи эмасга ўхшайди. Не-не йигитлар киши қўйди. Кўнмайди. Хотин-халажнинг гапига қараганда, аллақайси ГЭСда ишлаганда бир йигитга кўнгил берган эмиш. Йигит бевафолик қилганмиш, ундай десам, кимни кутади?! Хуллас, бу тўғрида бир нима дейиш қийин…
Чол мендан сўрамай отнинг эгарини олиб сувлуғини бўшатиб қўйди. Мен тўнгакка хотиржам ўтириб папирос чека бошладим.
Дарё ҳамон шовиллар, чол сув ўртасида тўлқинлар билан олишиб, қуёш чиқаётган қирғоққа томон интилар эди.
1956 йил.