Саид Аҳмад. Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди (ҳажвия)

(Ёдгорлик)

Турдивойни дўстлари орқаваротдан Турди Илимилиқ деб аташарди. Бундай дейишларига сабаб, гап-гаштакларда унинг бор-йўқлиги билинмаслигида эди. Ҳеч қачон, ҳеч қаерда, палон сўзни Турдивой айтган, деган гап бўлган эмас. Ўзи тўнггина, гапи совуққина эди. Жўралари жононлардан гаплашаётганларида бир чеккада, ўликдеккина бўлиб ўтирарди. Ўзи нозиккина, дўппи билан урсанг йиқилгулик ҳоли бор эди.
Аммо у ўртоқлардан ёлчиган эди. Ҳаммаси ҳар хил. Бири қоп-қора, бири сап-сариқ, бири буғдойранг…
Шу бечора Илимилиқ юриб-юриб ўн етти йил деганда фарзанд кўрди. Севинганидан ўзини қўярга жой тополмай туғуруқхонага югурди. Чақалоқни кўрса сап-сариқ бола бўпти.
— Хотин, — деди Илимилиқ. — Авлодимизда бунақа сариқ одам ўтмаганди-ку. Ҳайронман…
— Ўлинг, — деди хотини эркаланиб. — Ўша пайтда худо берди, деб эртойи-кеч қовоқ сомса едингиз, энди бас, десам ҳам мендан бекитиб едингиз. Мана, нима бўлди. Болангиз сап-сариқ бўлди!
Содда Илимилиқ, гапинг рост, хотин, деб чиппа-чин ишонди.
Йил оралатиб хотини яна битта қўчқордек ўғил туғиб берди. Илимилиқ қараса, буниси қоп-қора.
— Ия, хотин. Уруғимизда қора одам бўлмаган эди, буёғи қандоқ бўлди?..
Унинг гапи оғзида қолди.
— Қора икра ўлгирни кўп еяверманг, десам қулоқ солмадингиз. Одамлар чой қошиқда олиб нонга суртса, сиз ош қошиқда олдингиз. Боланинг қоралиги ўшанинг асорати.
Илимилиқ, хотиним ҳар балони билади, деб ғурурланди.
Икки йил оралатиб хотини буғдойранг қиз туғди.
— Ия, ия, — деди Илимилиқ. — Буниси ғалати бўпти-ку…
— Наврўзга рухсат берилиб, сумалакдан бўкиб-бўкиб еганингиз эсдан чиқдими? Қизингизнинг буғдой ранглиги ана шу сумалакдан-да.
Йиллар ўтди. Турди Илимилиқ ҳам қариди. Дўстлари бирин-кетин бу ёруғ оламни тарк қилиб кетишди. Аммо нимжон, қилтириқ Илимилиқ ҳамон яшаб юрипти.
У сап-сариқ, қоп-қора, буғдойранг фарзандларига ҳар қараганда марҳум дўстларини аниқ кўргандек бўлади. Таҳорат олиб, уларнинг арвоҳига бағишлаб тиловат қилади…