Ҳурматли ўртоқлар! Хў-ўшш… Бугун навбатдан ташқари чақирилган йиғилишимиздан мақсад – эртага текширувчилар келармиш… Þқоридан… Ишимизни миридан сиригача текширар экан. Ўзингиз биласиз, ўртоқлар, ҳозир замон чатоқ. Сал хато қилдингми, тамом… Қулоғингни ушлаб кетишинг ҳеч гапмас. Аяб ўтириш йўқ. Ҳа, ҳа. Аяшмайди… Энди-и, корхонамиз катта бўлгач, ўзига яраша камчиликлари бўлиши мумкин. Беайб парвардигор деган. Четдан келганга тирноқдай нарса ҳам туядай кўриниши тайин. Умуман, бу текширувчилар бирон камчилик топайин деб келади-да. Тузатайин, ёпайин деб эмас. Хўў-ўшш, нима деятувдим? Ҳа, ҳа. Шунинг учун ўртоқлар иложининг борича камчиликларни тўғрилаб қўймасак бўмайди. Ҳозир ҳаммамиз қилинадиган ишларни келишиб, белгилаб олсак. Кечаси билан ухламай бўлса ҳам, тонг отгунча бирон камчилик қолдирмай тўғирлаб қўйишимиз керак. Нетолüко керак, шарт! Хў-ўш, биринчидан, корхонанинг иш режаси… Уч йиллик маълумотнома… Бўпти, буни ўзим тўғирлайман. Тўғрими, Замрахон? Мана секретаримиз бор, ҳаммасини эплаймиз. Бундан ташқари бўлимларнинг аҳволи тўғрисида маълумотнома… Борми? Йўқ. Нега йўқ? Буни сиз тайёрлайсиз ўртоқ Мўминов. Менинг ўринбосарим сифатида бу ишлар сизнинг прямой абязаннотингиз. А?! Униям қиласиз, буниям… Билмадим, билмадим, осмондан олиб бўлса ҳам ёзиб қўйинг, тамом вассалом. Хў-ўшш. Яна… Маънавият бўйича нима иш қилганмиз? Ҳмм-м… Буни, Қодирова, сизга топшираман. Ҳе-е эплайсиз, эплайсиз. Тўйларда шеър ўқиганингизни, ўйинга ттушганингизни кўрганлар бор. Буни ҳам боплайсиз. Сизга ишонамиз, тамом. Ҳозир чиқасолиб манови, ёнимиздаги мактабга киринг. Чиройли стендлари бор. Бир кирганда ўзим кўрганман. Байроқ, герб, ҳаммаси бор, зўр тайёрлашган. Ўшани бир кунга сўраб обкелинг. Беради, беради. Директорига мени айтсангиз беради… Эшикдан кирган жойга осиб қўясиз. Бир-икки маърузалар ҳам ёзиб, бир папка қилинг. Библиотекадан уч тўртта китоблар ҳам опкелинг. Буюк кишиларники бўлсин, албатта. Хўпми? Яхши, буям кетди… Ҳа айтмоқчи, бу йил қандай йил? Ўтган йили “қариялар йили” эди-я, бу йил… Бўпти. Бу йил ҳам ўша гап – меҳр керак, мурувват керак…
Биз бечораларга қачон мурувват бўлади, Билмадим. Фақат текширгани текширган. Кошки шундан бирон ўзгариш бўлса. Ҳай, майли, чалғимайлик. Бу масала билан шуғулланишни Фармоновга юклаймиз. Ўтган йилгисини ҳам бу йилгисини ҳам тўғирлаб қўйинг. Бир-икки нафақахўрларнинг уйига боринг. Ёнингизда бўлса ҳам бир-икки кило шакарми макаронми обориб менинг номимдан бериб келинг. Тилхат олиш ёдингиздан чиқмасин-а. Керак, папкага тикасиз. Оббо, доим пулга ёлчимас экансиз-да, савоб бўлади-ку. Майли икки кило шакарга ўзим пул бераман. Бўлим бошлиқлари, сизлар ҳам қўшинглар… Савоб ахир… Яна нима қолди? А? Тозалик? Айтилмадими? Э-э, бу асосий масала-ку. Келган текширувчилар аввал ташқи кўринишимизга қарайди-да. Хўжалик мудири! Шу бугун, йўқ, ҳозирдан ишга киришинг. Гул керакми, дарахтми, дарров топиб ўтказинг, чтобû, эрталаб бари очилиб турсин. Ҳа, ҳа шанбалик уюштиринг. Ҳамма чиқсин. Икки соатми, уч соатми, ишни йиғиштириб, ҳамма атроф-кўчасини тозаласин! Ҳовли чиннидай бўлсин. Чиқмаганларнинг рўйхатини беринг, жазолаймиз. Хў-ўш. Эҳ-ҳа-а. Эсдан чиқай дебди-ку. Профком? Шу ердами? Э-э, Салимов бундай олдинроқда ўтирсангиз бўмайдими? Дарров “келди-кетди” журнали тутинг. Яна, ҳалиги, кимга рағбат, кимга мукофот бергансиз, барисининг ҳужжатлари тахт бўлсин. Бўмаса, тезликда ёзиб-чизиб, тўғирлаб қўйинг. Манови текширувчиларни кузатиш учун ҳам маблағ керак-ку, дарров бўлим бошлиқларига мукофот пули ёзинг, рўйхатни менга опкиринг, биргаликда кўрамиз… Хў-ўш. Ўртоқлар, менимча ҳамма ишларни кўриб бўлдик, шекилли. Бошқа қўшимчалар бўлмаса, ҳамма иш жойига. Ҳар ким ўз иш жойида тартиб ўрнатсин. Ҳужжатлар тахт бўлсин. Сўраганда шошиб келманглар. Сизлардан бу илтимос, ҳам талаб. Мени уялтириб қўйманглар, ишқилиб… Шу ишларни тўғрилаб қўйсак, ҳар қандай комиссия олдида ҳам юзимиз ёруғ, тилимиз узун бўлади. Кейин… Э ҳалиги… Секретар, сиз рўйхат қилинг. Ҳамма минг сўмдан ташлаб кетсин. Керак. Бусиз бўмайди. Чой-нон дегандик. Минг сиз биздан бир жиз-биз деган машойихлар… Ҳа, ҳа. Ҳой орқадагилар? Нима шовқин? Эшикдан мўралаётган ким? А?! Текширувчилар?! Келибдими? Нега энди бугун? Ие-е!… Оббо… Уйимиз куйибди-ку?! …