Кичкина хонада бақалоқ, тепакал, кўзойнакли одам-касаба уюшма раиси ниманидир ёзиб-чизиб ўтирибди. Олдига оч сариқдан келган, ўрта бўйли, сочларига оқ оралаган, кичкина қоринчаси бор одам аста салом бериб киради. Раис бош кўтармай сўрайди:
-Хўш хизмат?!
-Тафсифнома берсангиз деган эдим. Тез олиб кел дейишяпти.
– Ўзинг ёзиб ол-да. Менга нега келдинг?
-Қандай? Ёзиб оламан?
-Шундай. Тавсифномани ўзинг ёз, мен қўл қўйиб бераман. Нима кўрмаганмисан. Ҳамма ўзи ёзади. Биров сенга ёзиб берармиди? Тавба! Эй менга қара икковимиздан қайси биримиз сени яхши билади? Ўзингда, албатта… Ма, ручка, қоғоз. Ўтир. Ёз. Менга ҳалақит берма фақат.
Ишхона ходими унинг қаршисига ўтирди-да қўлига ручка олиб қоғоз устига энгашди.
-Хў-ўш, тафсиф-но-ма… Берилди ушбу …
“Ўртоқ… бизнинг жамоамизда йигирма йилдан бери кичик ходим бўлиб ишлайди. Иш фаолиятида ўзини…-
-Ходим ручканинг бошини тишлаб пича уйланиб турди-да, сўнг раисга қаради:-Раис бова?
-Хўш, яна нима?
-Раис бова, мен фаолиятимда ўзимни қандай кўрсатдим?
-Қандай? Ҳеч қандай. Нима хохласанг шундай деб ёзавер.
– Иш фаолиятида ўзини ёмон кўрсатгани йўқ деб ёзсам бўладими?
-Товба! Ким шундай деб ёзади. Бу ахир тавсифнома-ку, галварс. Ёз, жуда яхши деб ёз…
-Хўш-ш, ўзига беркитилган вазифани … “-ходим яна ёзишдан тўхтаб ниманидир ўчириб-ёзаётган раисга қараб қолади;-Узр, Раис бова, бир секунд вақтингизни оламан яна. Айтингчи, мен ўз вазифамни қандай бажаряпман! Сизнингча?
Раис бош кўтармасдан қайта сўради:
-Қандай дейсанми? Ҳа-а, ҳеч қандай. Э.э ёзавермайсанми яхши деб. Мунча кўп гапирасан-а. Индамай ёзсанг-чи, ҳалақит беряпсан.
-Узр. Демак, “Ўз вазифасини яхши бажаряпти” Шундайми?
-Уф-ф. Қаерда шундай деб ёзганини кўргансан. Ёз, “сидқидилдан жуда яхши бажаряпти” деб ёз. Ким кўриб ўтирибди, сенинг ишга бир келиб, бир келмай ичиб юришингни.
-Ҳа-я, тўғри айтасиз. Хў-ўш, раис бова “жамоа ўртасида обрўйи унча ёмон эмас” десам бўлармикан-а?!
-Қанақа обрў? Сенда обрў деган нарсанинг ўзи борми? Товба, товба! Қайси гўрдан келдинг ўзи? Менга ҳалақит беряпсан, ахир.
-Нима деб ёзай бўмасам?
-Уф-ф, бир тафсифномани ёзишни билмайди-я. Йигирма йил ишлаб… Ҳе, ўргилдим сендан. Яна тағин бу аттестация топширмоқчи эмиш… Ёз,
-Раис ўзининг ишини тўхтатиб, унга айта бошлади.
“… Интизомлилиги ва принципиаллиги билан ўз жамоаси орасида обрў қозонган. Ақл-заковат талаб қиладиган ҳар қандай ишда ўзини кўрсата олади, дадиллик билан ҳаракат қилади. “Ёздингми? Яна ёз “Маъмурият томонидан бир неча марта ҳайфсан э-э тўхта, “бир неча марта ташаккурномалар олган. Ўз ишининг ўта устаси, жуда билимдон. Хўш-ш, Ёз, у ҳар ишда ташаббускор, журъатли, тўғри сўз ва маънавий етук инсон, Хи-хи-хи, агар кўп ичиб кўчада ағанаб ётганини айтмаса, хи-хи-хи, буни ёзма-е, ҳазил бу, ҳазил. Хўш, ёздингми? Хў-ўш, яна нима қолди? “Ўз ўртоқларига меҳрибон, ғамхўр. У буюк, тенги йўқ одам. Оиласининг суячиғи”. Хотининг билан ярашдингми? Ёки ҳали ҳам хотининг болалари билан отасиникидами?
-Келди, келди. Ярашдик. хўўп, “оиласининг таянчи”.., ёздим, кейинчи…
-Кейинми?- Бўлди-да шунчаси. Нима, депутатликка сайланармидинг. Бор йўғи касбига лойиқлиги тўғрисида аттестациядан ўтиш учун шу ҳам бўлаверади. Тугатдингми. Хўп, опкел, қўл қўяман….
Раис унинг тафсифномасига қўл қўяр экан афтини бужмайтирди ва қоғозни унга ирғитди.
-Войбу-у, бу нима ёзув? Ким айтади сени олий маълумотли ходим деб. Бор, қайтадан кўчириб кел. Анови компютерчига бер, чиройли қилиб кўчириб беради.
-Э-э раис бова, мен кечикиб кетаман. Қўл қўяқолинг энди.
-Йўқ, бўмайди. Бунақа ажи-бужи ёзувга мен ҳам корхона бошлиғи ҳам қўл қўймаймиз. Компютерда ёздириб кел. Бор-бор. Вақтимни олма. Ҳе ўргилдим сендақа…
Ходим норози қиёфада хонадан чиқиб кетади. Раис эса яна ёзишга тушади.
-Хў-ўшш, “У ўн йилдан бери шу корхонада касаба уюшма раиси бўлиб ишлаб келмоқда. Жамоа орасида алоҳида ҳурматга эга… у тўғри сўз, кўзбўямачиликка тоқати йўқ, ўта принципиал одам…” , Хўш-ш…