Эрталаб. Соат 10-00.
Тез ёрдам бўлимида телефон жиринглайди. Оқ холат, қалпоқ кийган навбатчи (диспетчер) бошқарувчи гўшакни кўтарди.
– Да. Тез ёрдам эшитади.
– Фамилиянг нима?
– Фамилиямни нима қиласиз? Хизмат бўлса айтаверинг, ёзиб оламан.
– Сенга фамилиянгни айт деяпман.
– Сиз кимсиз ўзи?
– Мен ҳокимиятданман. Фамилиянгни айт, тез!
– Навбатчи бошқарувчи Алиев эшитади. Хўш хизмат?
– Нега дарров шундай демайсан? Кимсан? Духтурмисан ўзи?
– Ҳа. Фельдшерман. Нимайди?
–Менга бош ҳаким керак. Тез топ!
– Бош ҳаким янги очилган амбулаториянинг фаолияти билан танишгали кетган. Тушликдан сўнг келиб қолади.
– Унда келса айт. Тўхта. Қоғоз-қалам олиб, ёз.
– Айтинг.
– Хўш-ш. Тезликда ҳаким муовининг уйига кўз оғриққа қарши томчи доридан 2-3 дона олиб борсин. Тезликда. Ёздингми? Шу бугундан қолмасин. Тайин айт. Фамилиянг нимайди?
– Алиевман. Ёзиб олдим. Етказаман.
– Шундай бўлсин. Айтиб қуяй. Фамилиянг Алиев экан. Ёзиб олдим. Агар унутсанг, ўзингдан кўр. Ҳокимиятнинг топшириғини бажармаган деб, ишдан хайдатаман-а. Билдингми?!
– Хўп ака, хўп. Сўзма-сўз етказаман. Агар жуда шошилинч бўлса, аптекалардан олиб турса бўларди-ку.
– Ақл ўргатма. Сендан сўралмайди. Буйруқни бажар. Ҳокимиятнинг ишлари сенга ўйин эмас. Тушундинг?!
– Хўп, хўп, кечирасиз.
– Шундай бўлсин.
– Хўп. Ҳа, айтганча. Бош ҳакимга бу буйруқни ким айтди дейин? Сиз кимсиз? Фамилиянгиз?
– Ҳой бола, мен ҳокимиятданман, дедим-ку сенга. Хўжақуловман. Ҳаким муовининг муовиниман. Ҳалиям танимадингми? Ҳе, хумпар. Қўй трубкани…
Навбатчи бошқарувчи қизариб гўшакни қуяркан, ҳайронликдан лабини чўччайтиб, елкасини учириб қуйди. Ўзига ўзи минғиллади:
– Тавба! Муовининг муовини эмиш. Бош ҳаким қўшни туманга тўйга кетган, биров сўраса, ҳалигидай деб қуй деган эди. Оббо. Энди нима қилсам экан…
* * *
Кечқурун. Соат 8 дан 10 минут ўтган.
Тез ёрдам телефони жиринглайди. Навбатчи бошқарувчи гўшакни олади.
– Да. Тез ёрдам эшитади.
– Бу менман. Бош ҳакимман. Тинчликми? Мени ҳеч ким сўрамадими?
– Ие. ўози ўозиевич, сизмисиз? Сўрашди. Ҳокимиятдан Хўжақулов деган телефон қилди.
– Нима дейди?
– Ҳокимнинг муовининг уйига тезликда бир-иккита кўз оғриқ дори олиб бораркансиз. Тезликда.
– Қачон айтди?
– Кундузи соат ўнлар эди.
– Эҳ-ҳе-е. Энди нима бўлади?! Оббо. Ҳе, калланг қурсин санинг. Шунча вақтдан бери кутиб ўтирибсанми?
– Нима қилишим керак эди? Сизни кутдим-да, ўози ўозиевич.
– Қачон сенларга ақл киради-я. Шуни ўзларинг обориб берсаларинг ҳам бўларди-ку. Ҳой каллаварам. Тезда биронта фельдшерингни кўчага чиқар. Тунги аптекалардан кўз оғриқ дори сотиб олсин. Обориб берсин. Тушундингми? Тез бўл.
– Хўп, хўп. Дорининг пулини беришадими улар?
– Йе. Нима деяпсан. Калланг жойидами? Ўша дори қанча туради? 5-10 сўм турар кўп бўлса. Шуни ҳам сўраб ўтирадими. Уят бўлади-е. Бу савоб. Ахир одам савоб ҳам қилиб туриш керак-да. Тез юбор. Ҳе сени қара-ю. Пул дейсан-а. Билиб қўй, эртага ҳокимиятдан гап эшитсам, сени ишдан ҳайдайман. Тушундингми? Тез юбор. Борганда, аввал кечирим сўрашсин…
– Хўп, хўп, ўози ўозиевич. Ҳозир юбораман.
Навбатчи бошқарувчининг ранги ўчиб, навбатчи врач, фельдшер ва ҳайдовчидан иборат тез ёрдам бригадасини олдига чақирди ва бош ҳакимнинг буйруғини етказди.
– Пули-чи? – деди улар бараварига.
– Ҳе, катта одамдан пул сўраб бўладими?! Учовларнинг пул қўшиб, тунги аптекадан сотиб оласизлар экан. Савоб бўларкан. Савоб, савоб… Қани, тез жўнанглар. Тез, тез.
Бирроздан сўнг тез ёрдам машинаси кўк чироғини липиллатганича, сиренасини чалиб, кўчага “отилди”.
* * *
Кечкурун. Соат 9.
Ҳашаматли уй ёнига тез ёрдам машинаси шитоб билан келиб тўхтади. Духтурлар шоша-пиша ҳовли эшигининг қўнғироғини босишди. Бироздан сўнг эшик очилиб семиз, гажакдор, узун халат кийган аёл кўринди ва тез ёрдам духтурларини кўриб сесканиб тушди:
– Вой ўлмасам. Нима гап?
– Чақиртирганмидингиз? – деди олдинда турган духтур ҳовлиқиб.
– Вой, йў-ўқ. Чақирмадик.
– Бизни бош ҳаким юборди. Кўз оғриқ дори опкелдик.
Хотин кўкрагига туфлай-туфлай ўзига келди-да, сўнг қош-қовоғи яна уйилиб, бақирди:
– Ҳа-а. Энди келдиларингми? Эҳ-ҳе-е. Хўжайинга эрталаб ишга жўнаш вақтида айтган эдим-ку. Вой-бў-ў. Тез ёрдам эмиш, тағин. Касал ўлиб, гўрга қўйиб келгандан сўнг келаркансизларда, а?!
– Узр энди, опа. Узр. Озгина тушунмовчилик бўлибди. Диспетчер ёшлик қипти. Кечирасиз. Мана. Кеч бўлса ҳам дорини опкелдик. Топиб келдик, опа. Олинг.
Духтур кичкина шишачадаги дорини узатди. Хотин ўзини орқага олди…
– Вой, вой. Буни мен нима қиламан?! Ўзларинг томизиб кетасизлар энди.
– Бўпти опа, бўпти. Юринг. Кимнинг кўзига томизиш керак. Кўрсатинг. Томизамиз.
Хотин духтурларни ҳовлига бошлаб кираркан, олдинда жавраб кетарди:
– Юринглар, юраверинглар. Ҳе, ордонаси қолсин, илоҳим. Ана. Бостирманинг тагида. Икки кундан бери ҳўкизлардан бировининг кўзи оғриб қопти. Қизариб, шишиб кетган…
Духтурлар бирдан таққа тўхтаб, бир-бирига қараб қолишди:
– А?! Ҳўкиз?!
– Ҳа, ҳа. Ҳўкиз. Духтур ўзингиз яхшилаб даволаб кетинг. Тузук бўлса, эртага бозор чиқартираман, савилни. Бораверинг. Вой, қўрқманг, оввош…
Бостирма тагида ҳўкиз пишқаради. Духтурлар дағ-дағ титрайди. Хотин эса уларни орқасидан итаради:
– Юринг. Вой юраверинг. Қўрқманг, юввош. Юввош деяпман-ку…