Жарроҳлик бўлимининг бошлиғи жарроҳ Эшонқуловнинг икки одати бор. Ўмон деб бўлмайди, чунки эгаси шунга кўникиб қолган ва шусиз яшай олмайди. Лекин шуларсиз уни ҳар қанча таърифлаган билан ҳеч ким танимайди ва билмайди ҳам. Хуллас биринчиси, у кеча-кундуз ажралмайдиган, кийинаётганда ҳам, ечинаётганда ҳам, овқат еяётганда, ҳатто ҳожатхонада узоқ хаёл сураётганда ҳам, ҳе, нима иш қилишидан қатъи назар, оғзидан тутаб турган сигарета тушмайди. Ота-бобоси қилмаган бу одатга ёшлигида йўлиқиб, энди шусиз умуман куни ўтмай қолган. Чекмаса туролмайди. Эх-хе… Қуруқ боши оғриса-ку, майли. Унинг шундоқ ҳам букчайиб қолган, кичкина танаси титраб-қақшаб қолгани чатоқ-да. Озгина бўлса ҳам қора ранглаб юрадиган сийрак сочлари ҳам найзадек дикрайиб қолади. Доим ботинка кремининг ҳиди келиб турадиган говкалласику осма соатнинг капгиридай лиқиллаб қолишини айтмайсизми. Энг ёмони, нафаси қисилиб, ўлат теккан хўроздек қийиллаб, қутурган ҳўкизнинг кўзидек доим қизариб юрадиган кўзлари қинидан чиққудек бўлиб бир йўталади-ки. Шунинг учун ҳам ҳар куни телевизорда “Соғлиқни сақлаш вазирлиги сизни огоҳлантиради: чекиш организмингиз учун хавфли” дейишига қарамасдан, чекаверади, чекаверади, чекаверади. Э-э, нимасини айтасизки, худойим ҳамма нарсани жуфт-жуфт қилиб бераркан. Унинг иккинчи бир одати, ёшлигидан бурнидан суви оқади. У “шилқ” этиб бурнини тортиб қўяди-да, ўнг қўлининг енги билан беозоргина қилиб, чапдан ўнгга қаратиб артиб қўяди. Бу одат. Агар дард бўлганда туманда яккаю ягона жарроҳ Эшонқулов аллақачон давосини топган бўларди. Ҳа, энди бурнини кесмаса ҳам, бир илож қиларди-да. Лекин бу худонинг унга берган инъоми эди. Ҳар кимга ҳам берса-чи. Яхши кўрган бандасига беради-да. Шунинг учун ҳам у бунга аллақачон кўниккан ва шусиз бир лаҳза ҳам яшай олмасди. Фақат хотини… Эҳ-ҳе, бечора келинлигида роса қийналган эди. Эрига ёрдам қилиш учун югурмаган фолбин-у, дуоси сувни тескари оқизадиган мулла-эшонлар ҳам қолмади. Лекин ҳеч иложини қилолмади. Охири… кўнди. Эътибор ҳам бермай қўйди. Фақат кир юваётганда юраги бир “дурр” этиб қўяди. Ахир Жарроҳ Эшонқуловнинг оппоқ кўйлакларини ҳар куни ювишга тўғри келади-да. Ҳар юваётганда оқ кўйлагининг сигарет чўғи тушавериб, ғалвир бўлиб қолган кўкрак қисми билан сарғайган ва бурунга ишқаланавериб титилай-титилай деб қолган ўнг енгини жуда авайлашга тўғри келарди. Кошки бозорда кўйлак арзон бўлса.
Шундай қилиб, шу биз таърифлаган жарроҳ Кашандаев, э-э, кечирасиз, жарроҳ Эшонқулов паровоздай буруқсиб, бурнини “шилқ-шилқ” қилиб, ишга жўнаётганда ўзидай семиз, гавдали, қорачадан келган хотинининг қўли эшик оғзини шлагбаумдай ёпди ва кўзлари семафорнинг қизил чироғидай чақнаб, уни тўхтатди.
Дадаси, манови рўмолчани сизга атай олган эдим… деб унинг шимининг орқа чўнтагига етти буклаб тиқиб қўйди. “Бурнингизни артасиз” десам, кўнглига келар деб: Керак бўлар, деди. Эшонқуловнинг бундай марҳаматдан кўнгли ийиб, кўзига ёш келди. Тўлқинланиб хотинига бирон ширин сўз айтайин деб оғиз жуфтлаб, чуқур бир нафас олган эди, савил йўтали тутди-қолди. Пук-пуклаб, ишга жўнаб кетди. Ишдан қайтиб келгач, кечқурун албатта хурсанд қиламан деб, кўнглига тугиб қўя қолди.
Жарроҳлик бўлими олдига келгач, ичкарига киришга шошилмади. Битта тутатиб олайин, сўнг ишни яхши кайфият билан бошлайман деб, эшик олдида тик туриб битта “Родопи”ни ҳузур қилиб, чанқоқлик билан торта бошлади. Чекканда танаси яйраб кетади-да. Қўй гўштининг кучидан ҳам кўп куч беради-да, қурмагур. Яна тағин чеккандан сўнг калланинг яхши ишлаб кетишини айтмайсизми. Ҳе-е, чекмаганлар буни қайдан билсин. Айтаверади-да. Билмагани ҳам яхши-е. Бўмасам сигарет ҳам танқис бўлиб, нархи ҳам осмонлаб кетади. Ўзи шунақасига ҳам жарроҳ Эшонқулов қўлига тушган беморнинг у ерини кесиб, бу ерини кесиб олганларининг тенг ярми шу “Родопи”-ю, “Карвон”га кетиб ётибди. Айтадилар-ку, “мен қиламан ўттиз, худойим қилар тўққиз” деб. Ҳе-е, начора, бу ҳам керак.
“Одатдан айрилиб бўлмас,
Ўшликни қайириб бўлмас…”
Жарроҳ Эшонқулов бирдан шеър тўқиб юборганидан ўзидан-ўзи хурсанд бўлиб, сарғайиб кетган олдинги ит тишларини кўрсатиб тиржайди. Шу пайт унинг хаёлини тўзғитиб, бўлим олдига тез ёрдам машинаси шитоб билан келиб тўхтади.
Ҳа, ҳа. Нима гап?
Йўлда трактор ағанабди. Ҳайдовчисининг биқинига темир кириб кетган, қон кетяпти, деди тез ёрдам врачи унга қарамасдан, замбарда ётган беморни туширар экан.
Тирикми? Қани, мен бир кўрай-чи, деб Эшонқулов қонга бўялиб ётган беморни кўра бошлади. Хўш. Тирик. Ҳуши жойида. Фақат қон кетяпти. Тезликда қонни тўхтатиб, тикиш керак…
Нега биқинидан кетаётган қонни тўхтатиб, олиб келмадингиз? Сизда ўзи малака борми? деди Эшонқулов бурнини бир тортиб қўйиб, тез ёрдам врачига ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб. Ахир бемор қонсираб, ўлиб қолса нима бўларди? Ҳе, сизни қаранг-у. Қанақа врачсиз ўзи? Шуниям билмайсиз-а?!
Тез ёрдам врачи дабдурустдан қилинган ҳужумдан шошиб, қизариб ерга қаради ва:
Узр, духтур. Иложи борича қисқичлар билан қон томирларни қисиб келдик…
Ҳе-е, қисқич нима, қон оқаётган жойнинг юқорисидан тортиб боғлаш керак эди.
Духтур, бу биқинннинг юқорисидан қандай қилиб… ҳайрон бўлди врач. Эшонқулов ҳам ўзининг шошиб айтган гапини дарров тўғирлаб (бу ҳам сигаретнинг шарофатидан-да) деди:
Ҳа, агар оёқларда бўлса деяпман-да… Лекин бунақа жароҳатлардан ҳам қонни тўхтатса бўлади. Масалан…
Эшонқулов бироз ўйланиб туриб бирдан кўзлари “эврика” деб чақнади ва орқа чўнтагидан ҳалигина хотини солган оппоқ рўмолчасини қон оқиб турган жароҳатга шартта тиқиб юборди. Мана шундай қилиб, деб қўйди виқор билан атрофга аланглаб. Лекин атрофида тез ёрдам врачи, фельдшери ва ҳайдовчидан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Афсус қилиб қўйди. Эҳ, қани эди шогирдлари бўлса. Устозининг қонни тўхтатишдаги топқирлигидан ва янгилигидан бир қойил бўлса яна унинг бемор ҳаёти учун шу бугунгина чўнтагига солиб келган топ-тоза, қордай оппоқ нақд икки юз сўмлик рўмолчасини ҳам аямаганидан яна бир қойил бўлар эди-да. Рўмолчанику ҳозир операция қилаётганда яна қайтариб оламанку-я деб ўйлаб қўйди. Бемор инқиллай бошлади.
Қани, тез операция столига олиб чиқинглар. У ерда шогирдим Рўзиев бор. Тайёргарлик кўраверсин. Мен ҳам ҳозир чиқаман…
Беморни ичкарига киритиб кетишди. Эшонқулов кўтаринки кайфиятда қўлидаги сигаретнинг қолганининг ҳам тутунини ичига ютиб-ютиб қўли куйгунча чекди. Сўнг ичкарига кираман деб турган эдиям-ки, Бош ҳакимнинг бир қошиқ сув билан ютиб юборадигандек ҳурилиқо секретари хушбўй ҳидлар таратиб, соллониб келди-да, Эшонқуловдан сал нарида тўхтаб, бурнини жийирди, ва унга:
Сизни катта чақиряпти. Ҳозир бораркансиз, деди ва изига қайтди. Жарроҳ Эшонқулов секретар қиз изидан лўкиллаб жўнади. Бош ҳаким чақиргандан сўнг бормай бўладими. Айниқса бундай пари пайкар “лично” ўзи келиб айтиб турганда-я.
Бош ҳаким хонасидаги йиғилиш нақд икки соат чўзилди. Эшонқуловнинг хаёлидан ҳалиги касал батамом кўтарилди. Ҳар қалай унинг кўнгли тинч эди-да. Чунки бўлимда унинг ишончли, содиқ шогирдлари бор-ку, ҳар қандай беморнинг терисини шилиб, э-э, кечирасиз, дардини суғуриб олиб ташлашади. Худди шундай бўлди. Енгларини шимариб, қонсираб турган қассобдай шай бўлиб турган шогирди жарроҳ Рўзиев замбарда олиб келинаётган беморни кўриб, негадир севиниб кетди. Биринчи саволи: Тирикми? деди. Иккинчиси эса: Орқасидан келганлар бўлса, кутиб турсин, ҳозир гаплашамиз, деди.
Ташқарида Эшонқулов ҳам кўрди. Ҳозир ўзим келаман деди, деб айтди тез ёрдам врачи унга. Бирдан Рўзиевнинг шашти қайтди.
Э-э, шунақами. Ҳа, майли, майли. У киши устозда. Кутамиз, деди Рўзиев.
Бемор операция хонасида нақд бир соат ётди. Жарроҳ Эшонқулов келмади. Жарроҳ Рўзиев устозидан ўтиб бир иш қилмай турди. Содиқлик ҳам шунча бўлади-да. Ниҳоят ҳамшира “беморнинг мазаси қочаяпти” деяверганидан сўнг:
Начора. Операцияни устозсиз қиламан энди, деб жарроҳ Рўзиев қўлларини тирсагидан юқорига букканича, оғзига ва оёқларига ниқоб кийиб, тантанали вазиятда операция хонасига кириб келди. Беморнинг бирдан-бир жароҳати биқинида экан. “Ҳе, бундан осон иш борми?” деди-ю, шартта жароҳат оғзини тикиб ташлади. Уни бекорга бир соатдан бери кутиб ўтирибди. Оббо. Рўзиев ўтган бир соатлик умрига ачиниб қўйди.
Ҳе-е, устоз ҳам қарибди-да. Бироз паришонхотир бўлиб қолган. Анов куни ҳам битта беморнинг кўричагини оламан, операцияга тайёрланглар деб, ҳамширага тайинлабди-ю, сўнг эсларидан чиқиб, улфатлари билан бир ўтиришга кетиб қолибди. Яхшиям Рўзиев бор экан. Тўрт соатдан сўнг устозининг йўқлигини билдирмай, ўзи операция қилиб қўйди. Ахир энг содиғи ҳам шу жарроҳ Рўзиев-да.
Худонинг кунларидан яна бир куни ўтиб, эртасига эрталаб жарроҳ Эшонқулов ойна олдида сочини тараш учун орқа чўнтагидан темир тароғини олаётганда, бирдан сергакланди. Кеча хотини бу чўнтакка рўмолча тиқаётгандек эди, шекилли. Йўқ-ку?! Хотин ювгали олганмикан? Ошхонада коса-товоқни тақир-туқур қилиб юваётган хотинига баланд, йўғон овозда ролга кириб, бақирди:
Дездемона. Рўмолчам қани?
Орқа чўнтагингизда эди-ку. Кеча қўйган эдим-ку…
Йўқ. Олган бўлсанг, тез келтир. Мен ишга шошаётибман. Тез бўл. Аксинча, бўғаман…
Вой, ўлмасам, Отеллоқул ака. Рўмолчани сиз биласиз-да, деди хотини ошхонадан чиқиб келаркан кулиб. Бирон қизга берган бўлманг тағин. Тез эсланг. Бўмасам, ўзим сизни бўғаман-а…
Улар кулишди. Сўнг Эшонқулов жиддийлашиб: Билмадим, билмадим, хотин. Балки тароқ олаётганда бирон ерга тушдиммикан. Мен эса сен ювгали олгансан дебман…
Вой, йў-ўқ. Нега юваман. Ўзи кечагина бердим-ку. Жуда паришонхотирсиз-да, дадаси.
Ҳе-е, йўқолса йўқолибди-да. Яна битта олиб берасизда, жонидан, деб, кула-кула жарроҳ Эшонқулов ишга кетди…
Фалокат бўлиб трактори ағнаб кетиб, жароҳат олган тракторчи Ҳайитмат ака ҳаётда жуда кўп қийинчилик кўрган, бир бечораҳол одам эди. Бола-чақасининг бошига ҳалиям тирик қолди, денг. Лекин бари қийналгани бир бўлди-ю, қурғур мана бу биқинидаги жароҳати битмай қолгани бир бўлди. Шундан сўнг ўн бир ой жароҳатидан йиринг оқавериб, умри касалхонада ўтди. Ўтиб даволанди, қатнаб даволанди. Духтурлар ҳам роса “практика” қилишди. Ҳар хил уколлардан уриб кўришди, бўлмади. Жароҳатга ҳар хил дорилардан қўйиб боғлашди, бўлмади.
Сизнинг организмингизда ҳимоя кучингиз йўқ. Қонингиз кам, дейишиб қон қуйишдимией, кучли-кучли овқатлардан едиришдимией. Албатта, ҳамма харажатлари Ҳайитмат аканинг ҳисобидан эдику-я. Барибир бўлмади. Ярадан йиринг оққани-оққан, оғзи эса каттаргани-каттарган эди. Уйдаги хотин, бола-чақа ҳам безор бўлиб қолди. Сассиқ ҳид аввал уй ичига, сўнг қўшниларникига тарқалди. Уларники тугул, яқин-атрофдаги уйларга ҳам меҳмон келмай қўйди.
Шу ярадан ўлиб кетсам керагов, деди Ҳайитмат ака нолиш қилиб.
Билмадик, ака. Мана кўриб турибсиз, ҳамма нарсани қилиб кўрдик. На илож, деди елка қисиб, Рўзиев ҳам. Жарроҳ Эшонқулов ҳам бир неча марта кўриб, ўз қўли билан тозалаб боғлади ҳамки, яхши бўлмади.
Тиббиётда ҳали номаълум нарсалар кўп. Энди сиз, бир эскича иримлардан ҳам қилдириб кўринг, ака, деб маслаҳат берди Эшонқулов сўнгги янгиликлардан бири сифатида. Ҳайитмат ака чироқ-чўпчак деб ҳам анча таланди. Афсуски, натижа йўқ. Ҳамма нарсадан умидини узган Ҳайитмат ака духтурларга боғлатиб туришга ҳам бормай қўйди. Қандай яра экан бу савил деб, ўзи қизиқиб кўрай деса, биқинига ҳар қанча қараган билан кўринмайди. Ойна тутиб қаради-қаради, тушунмади. Хотини билан ўнинчида ўқийдиган ўғлидан “ярамни боғлаб қўй” деса, жирканиб қарашмади. Ниҳоят, бир куни биринчи синфда ўқийдиган қизини алдади.
Қизим, ярамнинг ичини очиб, йирингини тозалаб, боғлагин. Тузалиб юриб кетсам, сенга кўйлак обераман. Худди артист қизларникидайини, деди. Қизи телевизорга қараб, ўйнагич эди. “Артистларнинг кўйлагидай” деганига учди. Отасининг жароҳатини очиб кўрди. Йирингини эски латта билан артиб ташлади. Болаларча қизиқиш устун келиб, отасининг жароҳатини кичкина бармоғи билан кавлаб кўра бошлади. Отаси оғриққа чидаб турди.
Қизим, ичини каттароқ очиб қарачи, бирон нарса бормикин, деди. Қизи қўрқа-писа яранинг ичига кичкина бармоқларини тиқиб, жароҳат оғзини каттартди. Кўзига бир нарса кўрингандай бўлди.
Дада, бир нарса борга ўхшайди.
Қизим, тортиб кўрчи, нима экан…
Қизи ушлаган нарсасини торта бошлади. Ҳайитмат ака оғриққа тишини-тишига қўйиб, чидаб турди. Қиз тортиб чиқарди. Узун бир латта экан.
Мана, дада, латта экан, деб қиз қип-қизил латтани учидан ушлаб, силкитди. Ҳайитмат аканинг бирдан оғриқлари босилди.
Вой, уккағарлар-ей. Шу латта борлиги учун ярам битмай ётган эканда. Наҳотки, шуни кўрмаган-а, деб жарроҳларни роса сўкди.
Қизим, анови латтани ювиб, тозала. Жарроҳларга обориб кўрсатаман…
Қиз ювди. Қуритиб, дазмоллади. Ҳайитмат ака эрта деди, индин деди, орадан уч кун ўтди. Сўнг касалхонага борди. Ҳа, айтганча ўша кундан сўнг яраси ўз-ўзидан битди-қолди. Ҳайитмат ака ҳам хурсанд, ҳам хафа. Аввал Рўзиевни излади, тополмади.
Ҳар куни яранинг ичига қарамай, устини боғлаб қўяверибсиз, ичида латта бор экан-ку, деб роса тузламоқчи эди, бўлмади. Кейин каттасига кирайин деб, жарроҳ Эшонқуловга учрашди.
Дераза олдида тутаб турган Эшонқулов (Ҳайитмат акани кўравериб, безор бўлиб қолган эди) уни кўргандан терисига тошма тошиб, бадани қичий бошлади (аллергия).
Ҳа, яна нима гап? деди қовоғини уйиб.
Негадир Ҳайитмат ака кулиб турарди.
Тинчлик, дўхтур бова. Манавини сизга опкелган эдим, деб газетага ўроғлиқ нарсани столга ташлади. Эшонқуловнинг юраги дук-дук уриб қолди. “Наҳотки?! Вой бечора-эй, шу аҳволи билан яна пул олиб келганга ўхшайди-я. Оббо, билмаган эканман. Яхши одам экан-ку”, деб ичида хурсанд бўлиб, аста келиб газетани очди. Қараса, ичида оппоқ рўмолча турибди. Қўлига олиб у ёқ-бу ёғига қаради. Елкасини қисди, лабини бурди. Авзои бузилиб:
Нима бу? деди.
Билмадим, дўхтур бобо. Буни сиздан сўрагали келдим. Нима бу? деди Ҳайитмат ака ҳам. Улар бир-бирига тикилиб қолишди.
Қаердан олдингиз буни? ранги ўчиб сўради Эшонқулов.
Ичимдан. Ўша битмай юрган ярамнинг ичидан қизим суғуриб олди.
Эшонқуловни унча-мунчага ҳайрон қолдириш қийин эди, у рўмолчага яна бир қаради-да, кулди.
Э-э. Шунақами? Оббо, Рўзиев-эй. Эсдан чиқарган-да. Бу қон тўхтатиш учун қўйилган дока. Ҳа. Ҳа. Бўлади, шунақаси ҳам. Бу камчилик буюк жарроҳларда ҳам учраб туради. Ҳечқиси йўқ. Ака, Сиз хафа бўлманг. Хурсанд бўлинг-э. Ҳа, мана, энди ярангиз битиб кетади. Қутулибсиз. Молодес…
Ярам аллақачон битди. Мана, деб Ҳайитмат ака биқинини очиб кўрсатди.
Э-э. Яхши, яхши. Унда табриклаймиз, ака. Ҳе, буни ювиш керак. Зўр иш бўлибди-ку, яшанг ака. Сизга гап йўқ…
Жарроҳ Эшонқулов турли товланиб-товланиб, Ҳайитмат акани юпатиб-юпатиб олдидан чиқариб юборди. Аччиқ-аччиқ гапираман деб келган Ҳайитмат ака ҳам унинг сеҳрли нигоҳларига тоб беролмай эриб-эриб кетди.
Жарроҳ Эшонқулов ёлғиз қолгач, мийиғида кулди. Ҳа. У рўмолчани, ўн бир ойдан бери йўқотиб юрган рўмолчасини таниган эди. “Буни Дездемонага кўрсатиб, суюнчи оламан”, деб ўйлаб қўйди ва рўмолчага бурнининг манқасини “ҳинг” қилиб қоқди…