Сафар Кокилов. Ношукур банда (ҳажвия)

(бир кимсанинг номаи ҳоли)

У туғилди-ю, йиғлаб юборди.
­ Қанақа дунёга келиб қолдим-а? ­ деб ҳайрон бўлиб, қотиб-қотиб йиғларди. Ўраб-чирмашди. Онаси кўкрак тутди. Бахтига қарши онасининг кўкрак учи ясси экан, эма олмади.
­ Шу ҳам кўкрак бўлди-ю, эммайман, ­ вағиллади яна. Дўкондан резина сўрғич опкелишиб бўйнига осиб қўйдилар. Сунъий сутлардан эмиб аста-секин улғая бошлади. Лекин ҳеч нарсадан кўнгли тўлмасди. Отаси олиб берган уст-бош гоҳ катта, гоҳ кичик. Онаси қилган овқатлар гўё бемаза, бетаъм эди. Кун бўйи юзига пашша қўниб олдидаги овқатни емасдан хархаша қилиб ўтираверарди. Бечора ота-она ҳайрон эди. Ахир “пуф-пуф”лаб, ҳеч кимга ишонмай шунча авайлаб қарагани билан ўғилчасининг кўнглини топишолмасди-да. Баъзан отасининг жаҳли чиқиб дўппослаб ташламоқчи бўларди-ю, онаси орага тушарди:
­ Қўйинг, дадаси. Каттараверса эси кириб яхши бўлиб қолади, ­ дерди боласининг бошини қўлтиғига яшириб.
Мактабга борди. У ерда ҳам ўқитувчилар билан чиқишолмасди. Дарсдан қочарди.
­ Фақат мендан сўрашади. Атайлаб мени доскага чиқаришади. Менда қасди бор, ­ дерди ҳинқиллаб йиғларкан. Синфдошлари билан ҳам дўстлаша олмади.
­ Менинг устимдан гапириб кулишади. Мени кўролмайди, ­ дерди онасига кўз ёши қилиб. Дастёр бўлиб қолгани учун ота-онаси баъзан-баъзан буюрган ишни ҳам ёлчитмас эди. Бирдан гоҳ биқини, гоҳ қорни оғриб қоларди. Ота-онаси қўрқиб дўхтурма-дўхтур чопишарди.
­ Нега ҳамма касал менга ёпишади? Нега бошқа болалар касал бўлмайди? ­ деб бақириб йиғларди уколлардан безор бўлганидан. Ранги заҳил, бадани момиқ пахтадай бўлиб ўса бошлади. Мактабни ҳам бир амаллаб битирди. Отаси таниш-билиш қилиб бир институтга киргизиб қўйди. Имтиҳонларни пул билан топшириб ўқиди. У ерда ҳам бировга эл бўлолмади. Чақимчилик қиларди.
­ Мени ҳаммаси ёмон кўради. Ўзлари ёмон, ­ дерди ўзича куюниб. Уйига таътилга келган вақтларда қишлоғи кўчаларида гердайиб юрарди. Ҳеч кимга салом бермас эди. Умуман салом беришни ўзига ор биларди.
­ Мен катта шаҳарда ўқисам-у, бу қишлоқилар менга салом беришмайди…
Ишга кирди. Тағин ғурбат. “Ойлиги кам. Иш кўп. Одамлар ёмон…”
Ўзига ўхшаган битта-яримтани йиғиб, бошлиқларнинг устидан иғвогарлик қилиб, юмалоқ хат ёзишди. Ниятига етолмагач, яна куюниб юрди:
­ Ҳеч ерда ҳақиқат йўқ. Балиқ бошидан сасиган…
Қари ота-онасини ҳам ҳар куни “Менга яхши шароит яратиб бермадинглар, менинг шундай қийналиб юришимга сизлар айбдор” деб, таъна қилавериб, кун бермасди. Бечоралар унга куя-куя, изидан чопа-чопа, уни суяй-суяй ўзлари ҳам оламдан ўтиб кетишди. У эса бевафо дунёдан нолиб йиғлаб қолаверди. Сўнг тоғалари уни гулдай бир қизга уйлантириб қўйишди. Лекин хотини билан узоқ яшамади. Характерлари тўғри келмаганмиш.
­ Телевизордаги қизиқчига қараб тиржаяди. Кўчадан келган тиламчига нон берарди, ­ деб хотинини ёмонлаб юрди. Шу билан қайта уйланолмади. Ўлғиз яшади. Қўни-қўшнилар билан сози йўқ, суви тинимасди.
­ Бари ғийбатчи, бари мени кўролмайдиган одамлар…
Ҳамма уни кўрса қочадиган, айланиб ўтадиган бўлиб қолди. Тоғалари уни кўргали қандай-қандай келса, уларга қараб жанжал қиларди:
­ Қандай тоғасиз-э. Ҳолимдан хабар олмайсиз. Оғаинларда меҳр-оқибат йўқ.
­ Сен ўзинг ҳам бундай оғаинларникига меҳмон бўлиб боргин-да. Келганларни очиқ юз билан кутиб олгин-да, ­ дерди тоғаси танбеҳ бериб.
­ Менга жони ачишадиган йўқ. Ҳаммаларинг мени ёмон кўрасизлар. Нега мени ҳамма ёмон кўради? ­ деб йиғларди у.
Маҳаллага қўшилмай қўйди. Ҳовлисининг эшигини кирса ҳам, чиқса ҳам танбалаб юрарди. Ниҳоят пенсияга чиқди. Пенсия берадиган жойга бориб ҳар куни жанжал қиларди.
­ Нега менинг пенсия пулим кам? Нега уруш ветеранлариники кўп? Мен ҳам давлатга ишлаб бердим-ку…
­ Энди қаридингиз, мусулмончилик амалларини бажариб юринг, ­ деб маҳалла имоми панду-насиҳат қилганига пушаймон еди.
­ Эшакдан йиқилиб пешонам ерга тегмаган-у, энди номоз ўқийман деб бошимни ерга ураманми? Ўқийверинг, сизга керак бўлса, ­ деб жеркиб ташлади у.
Тўй маракаларга ҳам бормай қўйди.
Борса ҳам қовоғини уйиб:
­ Тузук овқат қилишмаган, кўпроқ бермади, хасислар, ­ деб сўкиниб қайтади. Бирон одам билан қандай-қандай гаплашиб қолса ҳам, доим нолигани-нолиган:
­ Одамлар бузилиб кетди. Замон бузилиб кетди. Ҳамма томонда йўқчилик. Яшаш қийин бўляпти…
Бора-бора ҳафақон касаллигига йўлиқди. Врачлар унга дори-дармон буюришди. У писанд қилмади.
­ Фу-у. Дорилар аччиқ, сассиқ. Уколлар ёқмайди. Дўхтурларнинг билими йўқ, ­ дерди инжиқланиб. Аҳволи ёмонлашавергач, уколларни олишга, дориларни каппалаб ютишга мажбур бўлди. Лекин дард зўр келди. Йиқитди. Уни кўргали келганларни кўрганда аламидан яна йиғлади:
­ Нега? Нега мен касал бўламан? Нега сизлар касал бўлмайсизлар?
Кунлардан бир куни Азроил эшигини қоқди. Кўзига кўрингандан ўкириб йиғлаб юборди.
­ Йўқ. Норозиман. Нега энди фақат мен ўлишим керак? Нега бошқалар эмас? Азроилда инсоф йўқ…
Жон таслим қилаётганда ҳам анча вақт талваса қилиб, лаблари алланима деб пичирлай-пичирлай… узилди бечора, ношукур банда.