-Нега аптекачилар дори сотишади-ю, чек беришмайди? Бу ҳақда истеъмолчиларни ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят қиламан. Танобини тортиб қўймасам бўлмайди…
-Қўйинг, дўстим, сизнинг обрўингизга ярашмайди аризабозлик. Буни барибир кимдир ёзади. Фақат сиз эмас. Қўйинг-деди меҳрибон дўстларимдан бири.
-Бу нима деган гап, а?! Ойлик маошларни нега вақтида беришмайди. Тағин бизнинг пулимизни “оборот” га қўйиб, фойдаланиб юрган бўлса-я…
Прокуратурага учрашмасам бўмайди…
-Сиз қўйинг. Аралашманг. Катта одамсиз, обрўингизга ярашмайди. Буни текширадиганлар бор…-дейди бир адвокат дўстим менга ариза ёзиб бериш ўрнига.
-Бу нима деган гап? Маҳалладан бериладиган нормадаги ун билан ёғни ҳам вақтида беришмаса-я. Аралашмасам бўлмайди…
-И-и-и, сиз аралашманг, гап бўлади. Шундай обрўли одамнинг куни шу норма ун билан ёғга қолибди-да деб одамлар кулишади. Қўйинг-эй…
-дейди эндигина ишдан келиб турган ўқитувчи хотиним.
-Касаба уюшма раисининг бир пўстагини қоқиб қўймасам бўлмайди…
– Ҳе нима қиласиз ўзингизни ёмон кўрсатиб. Барибир фойдаси йўқ… -дейди мен билан бир хонада ўтириб ишлайдиган ҳамкасбим.
-Кўчамиз бошида турадиган Самад пиённинг чакагини ўчириб қўймасам юрган эканман…
– Вой болажоним, безорига тенг келиб нима қиласиз. Сизга ярашмайди. Қўйинг болам …-дейди олдимни ўраб саксонга кирган онам.
-Ўғлимнинг дарсини текшириб, ўқитувчиларнинг ўзини бир имтиҳон қилиб, келмасам бўлмайди…-дейман важоҳат билан ўғлимнинг кундаликларини кўргач.
-Йў-ўқ, йў-ўқ, бормайсиз, энди бир камингиз шу мактабни текшириш қолувдими. Қўйинг, ўзим шуғулланаман-дейди хотиним билан ўғлим шаштимдан тушуриб.
-Томорқага нега сув очмадинг, экинлар қуриб қолибди-ку. Молларга ҳам қарамай қўйдиларинг…-бақираман ўғилларимга, қўлимга толдан хивчин олиб
-Ҳой нима қилаяпсиз? Ўзингиз тушунган одам бўлиб, болаларни урасизми? Ҳозир ўзим сув бераман молларингизга. Сиз тек ўттиринг-э… -дейди хотиним икки қўлини ёйиб олдимни тўсаркан.
-Куёвим қизимни ноҳақ ҳафа қилибди. Гаплашиб қўймоқчиман…
-Э-э, қўйинг, сиз аралашманг. Эр-хотин уриши дока рўмол қуриши -дейди қудамиз.
Ишхонада-ку сал томоқ қириб қўйсам, ёки мажлисларда гапирай деб қўл кўтарсам-ку, бўлди, дарров елкамга силашиб, оғзимни “тикишади”.
Бора-бора мен шунга ўрганиб қолдим. Уни-буни кўрсам-кўр, анча-мунчани эшитсам–кар бўлдим-қолдим. Оғир-босиқ, индамас одамга айланиб қолганман. Энди мени ҳеч нарса қизиқтирмайди. Биров мени йўқлаб келмайди, дардини ҳам айтишмайди. Ишга бораман, уйга келаман. Мажлисларда жимгина ўтириб, кечаги газетани варақлайман. Кўчада ким нима қиляпти; бировни уряптими, сўкяптими ишим йўқ, кўрмагандай ўтиб кетавераман. Ҳеч кимга ҳалақит бермайман. Менга сув, ҳаво ва қуёш бўлса бас. Яна нима ҳам керак одамга бу дунёда? Тўғрида. Бир коса овқат билан қорнинг тўйса. Бир сидра кийим-бош авайлаб кийсанг қирқ йилга етади. Бошингда уйинг, ишхона ва китоб тўла хонанг бўлса, яна нима керак сенга? Ётмайсанми китобингни ўқи-и-иб. Бобом айтгандай “Жонингни боқиб”. Бақириш, туртиниш, кимгадир ниманидир исбот қилишнинг нима кераги бор. Шу пайтгача сенсиз ҳам бўлган, қурилган, ўйлаб топилган, бундан буён ҳам шундай давом этаверади. Ҳеч зиқ бўлманг!Ўтиринг, ўпкангизни босинг! Ҳаммаси яхши бўлади, қўйинг, сиз аралашманг! Ана шунда юз йил яшайсиз. Қолаверса, ўлганингиздан сўнг ўзингиздан “бу яхши одам эди” деган ном ҳам қолдирасиз. Ишонинг менга. Тўғрида, бир умр бош кўтармай фақат китоб ўқишни билган одам тўғрисида ким ҳам ёмон дер эди. Мана шунақа, дўстим! Китобингни ўқи! Мен ҳам ҳозир уйга кираман-у, қўлимга навбатдаги китобни оламан. Бир сатр ҳам ёзмайман. Мени биров сўраб келса, “йўқ” денглар. Мен йўқман! Ҳа, Ҳа! Мен йўқман, тамом-вассалом!