Сафар Кокилов. Кредитни кутиб (ҳажвия)

Терапия бўлимида даволанаётган танишимни кўргали борганимда у шундай гурунг берди.
Уй қуриш учун банкдан кредит олмоқчи булдим. Банк бошлиғига ариза ёзиб кирдим.
-Қурилиш учун пул беролмаймиз. Ҳаққимиз йўқ.-деди банк бошлиғи бўлмиш ёшгина чиройли йигит олдидаги ойначага қараб сочини тарар экан.
-Нега?
-Чунки бизда бундай фармон йўқ.
-Ким бериш керак бундай фармонни?
-Фармонлар юқоридан келади-ку, -деб у кўрсаткич бармоғи билан осмонни кўрсатди:-Шуни ҳам билмайсизми?
-Сиз билан икковимиз келишсак бас эмасми. Мана, ишхонамдан ойлик маошим уч юз минг сўм эканлиги тўғрисида маълумотнома. Менга ишонаверинг. Берган пулингизни икки йилга қолдирмай узишга қурбим етади. Бир ёрдам қилинг.
-Ака, иложи йўқ. Мумкин эмас. Биз фақат юқоридан кимга кредит бериш керак деб келган фармонга асосан ишлаймиз. Ўзбошимчалик қилишга ҳаққимиз йўқ, ахир.
-Одамлар қандайдир кредит олишяпти экан-ку?
-Улар картошка экиш учун уруғлик оламиз деб кредит олишяпти.
-Майли, менга ҳам картошка уруғлик учун кредит беринг бўлмасам…
-Қурилиш-чи?
-Ҳа энди, картошкани экиб яхши ҳосил олиб қолсак, уни сотиб пулига қурилиш қиламан-да.
-Бўпти. Томорқангиз борми ўзи?
-Ҳа бор. Ўн сотих.
-Унда ҳокимият қошидаги тадбиркорларни рўйхатга олиш бўлимидан якка тадбиркор деган ҳужжат олиб келинг.
Ҳокимиятга келдим. Излаган кабинетимга кирдим. Ғаровдай узун, сап-сариқ бир йигит ўтирган экан.
-Хўш хизмат?
-Банкдан кредит олмоқчи эдим. Ҳужжат опкелинг дейишди.
-Якка тадбиркор бўлмоқчимизсиз?
-Ҳа, шунга ўхшашроқ. Картошка экмоқчи эдим.
-Э-э, унда сиз деҳқон хўжалиги тузасиз.
-Нима тузсак ҳам пул олсам бўлди. Ука, йўл кўрсатинг, илтимос.
-Аввал ҳоким номига ариза ёзасиз. Ўзимнинг томорқамда деҳқон хўжалиги тузишга ва унга картошка экишимга рухсат беришингизни сўрайман деб. Сўнг ҳокимиятда аризангиз кўриб чиқилиб, сизга рухсат берилгани тўғрисида қарор чиққач, мен сизга деҳқон хўжалик эгаси деган гувоҳнома бераман. Сўнг…
-Бўпти. Ариза ёзиш учун бирон қоғоз бериб туролмайсизми, илтимос…
У йигит айтиб турди, мен аризани ёздим.
-Энди бу аризангизни ҳокимиятнинг хатлар бўлимига киритаман. Кутинг. Хабарлашиб туринг…
Бир-икки кундан сўнг ҳокимиятга чиқдим.
-Менинг аризам кўриб чиқилдими?
-Кредит олиш масаласи бўйича аризами?-сўради хатлар бўлимида ўтирган қотмадан келган, қорачагина, ўрта ёшли бир аёл.
-Ҳа, томорқамга картошка экиш учун…
-Тушунарли. Сизнинг аризангизда кўрсатилган ўн сотих ерингиз ҳақиқатан борми-йўқми буни туман ер ресурслари ва кадастр бўлими тасдиқлаб, бизга маълумотнома бериши керак. Аризангизни ўша ёққа юборганмиз. Кутинг ёки ўша ёққа бориб ишингизни тезлаштиринг…
Туман ер ресурслари ва кадастр бўлимига бордим. Олдинги бошлиғи қандайдир айблари учун ишдан олинган ва янгиси ҳали тайинланмаган экан.
-Тўрт-беш кун ичида янги бошлиқ тайинланса, сизнинг аризангиз ҳам кўриб чиқилади. Бу ерда сиздан бошқаларнинг ҳам аризалари тиқилиб ётибди,-деди у ерда ишлайдиган ходимлардан бири.
Орадан бир ҳафта ўтди. Яна бордим. Ҳайрият, янги бошлиқ тайинланибди.
-Мен бу лавозимга куни кеча тайинландим. Уёқ-буёқ билан бир танишиб чиқайин, сўнг хатлар билан шуғулланаман, ака- деди тепакал, бурни сўппайган бир йигит мулойимлик билан.
-Укажон, вақт ўтиб боряпти. Одамларнинг плёнка тагига эккан картошкаси гуллаяпти. Мен эса ҳали ҳам…
-Гап йўқ ака, келаси ҳафта учрашинг, ишингизни ҳал қилиб қўямиз-деди у бемалол, очиқ юз билан.
Тишимни тишимга қўйиб кутдим. Ҳафта ҳам ўтди. Кирсам ҳали ҳам тайёр эмас экан.
-Укажон, менинг ишим кечикиб кетяпти. Тушунинг ахир…-дедим сал қизишиб.
-Ака, менда нима айб? Шу кунларда ҳамма ташкилот раҳбарлари қатори мен ҳам ўзимга беркитилган фермер хўжаликларида чигит экишни кузатаяпман. Кутинг. Келгуси ҳафталардан чигит ҳам экиб бўлинади. Сўнг албатта…
“Уф-ф…” Бошим қотиб, серманглаб юрган эдим, олдимдан ўша-бўйи ғаровдай, сариқ, йигит чиқиб қолди. У ҳам қаергадир чигит эктиришга кетаётган экан.
-Ишим кечикиб кетяпти, ука, бирон йўл кўрсатинг-дедим мўлтираб.
-Акажон, Ҳокимиятнинг қарори чиқмаса мен сизга ҳужжат беролмайман. Энди, шунча кутдингиз, яна бир оз сабр қилинг…
Яна бир ҳафта бўзчининг мокисидай бориб, келиб юрдим. Ниҳоят ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи қўлидаги аллақандай ҳужжатларни кўрсатди.
-Мана, ака, ишлар ҳам битай деяпти.Фақат охирига имзоларни қўйдирсам…
Хужжат охирига кўз югуртириб,… ба-а, оғзим очилиб қолди.
-Йигирма киши қўл қўядими?… Ўх-хўў… Менинг томорқам борлигини тасдиқлаш учун шунча киши маъсулми? Ё тавба! Хў-ўшш, фермерлар уюшмаси раиси, экология, истеъмолчилар…, солиқ, Ҳм-мм, ие, бош ҳаким, маърифат маркази, СЭС бош врачи, … товба, товба! Эҳҳ-е-е, Ўтбосаров, Ебтўймасов, Қорёғдиев, Ғўрашилов, Теришилов, Тозиев, Ғозиев. Ҳа-ҳа-ҳа-ҳаҳ… э-э, бу ерда яна “Соғлом авлод” ва Нуронийлар жамғармаси, туман газетаси бош муҳарири, овчилар уюшмаси қолиб кетибди-ку, ўшаларни ҳам қўшиб қўйса бўларди. Нима, битта имзо экан-да…
-Ҳе-е, мана шу ёғига имзо қўйдириш қийин бўлаяпти-ю… Борасан, бири жойида йўқ, бири чигит экишда, бири ғалла бошида, яна бири вилоятга мажлисга кетган. Бирови касал, бирови ўсал…
-Бир-икки кунда бўлиб қолар?-дедим умидворлик билан.
-Иншоолло…
Икки кундан сўнг келдим.
-Хўш, бўлдими?
-Энди саккизтаси имзо қўйди. Кутинг…
Яна икки кундан кейин келдим.
-Яна олти киши қолди. Насиб қилса, бугун кечки йиғилишда учратсам, имзо қўйдириб оламан-э…
-Ғайрат қилинг-э, ука…
Яна икки кун ўтди. Ахир орада шанба-бозор деган гаплар бор-ку. Эрталаб худди ишим битадигандек, яхши кайфиятда уйдан чиқдим. Атроф чароғон, гуллар иси анқийди. Дарахтларда чуғуллашаётган майналарнинг овози қулоғимга булбулдай эшитилади. Шахдам қадамлар билан келаётсам олдимдан банк бошлиғи чиқиб қолса бўладими. Отамни кўргандай, югуриб бориб қўлларини қўш қўллаб олдим.
-Ҳа ака, кўринмай қолдингиз-ку? Келиб пулингизни олмайсизми?
-Оламан, оламан. Насиб қилса, бугун қарор чиқади. Сўнг…
-Нима бўйича эди?
-Ҳе, картошка-да, картошка. Уруғлик олиш учун бир миллион кредит сўраганман.
-Э-э, картошка учун эдими? Оббо, кечикибсиз-ку ака…
-Йўғ-э, йўғ-э, ундай деманг-э. Одамни қўрқитманг ука. Бу ёқда ишимиз битай-битай деб турганда-я…
-Йўқ ака. Энди картошкага пул беролмаймиз. Юқоридан фармон келди, тўхтатилсин деб. Ахир картошка экиш мавсуми ўтиб кетди-ку…
-Оббо, ахир мен… Энди нима қиламан?
-Эндими? Хафа бўлманг ака, янги фармон келган. Энди чорвачилик билан шуғулланаман, мол боқаман деганларга кредит пули берамиз. Марҳамат, ҳужжат тўғирлаб келинг. Оласиз.
-Ҳужжат? Янами?
-Ҳа-да. Хужжатсиз иложи йўқ-ку. Якка тадбиркорликни рўйхатга олиш бўлимига бориб, ариза беринг. Улар аризангизни ҳокимиятга чиқаради. Сўнг мол боқиш учун уйингизда молхона, сомонхонангиз бор –-йўқлиги тўғрисида маҳалладан маълумотнома олиб келасиз. Сўнг мол боқиш ишлари бўйича туман бош зоотехнигининг суҳбатидан ўтасиз. Ўн кун малака оширишда ўқиб, мол боқа олади деган сертификат оласиз. Сўнг…
-Э-э, бўлди, бўлди… У ёғини ўзим ҳам биламан. Яна чоп-чоп, яна кута-кут экан-да. Уф-ф. Шу бир миллион кредит пулини олиш бизга насиб қилмас экан-да-е. Ҳе, атанг…
-Тушкунликка тушманг ака, оласиз дедим-ку. Ҳужжат қилиб келинг, дарров оласиз.
-Дарров? Даррови қанча?
-Ҳа, энди-и, где-то бир ойларда…
-Эҳ-ҳе-е, даррови шунча бўлса…
-Ҳалиям мен сиз учун энг тез бўлишини ваъда бераяпман. Ахир бу пул-ку. Сизнинг ҳужжатларингиз вилоятга юборилади. Улар Республикага юборади. Ўша ёқлардан тасдиқланиб, берилсин деб рухсат келгач,… оласиз-да акам.
-Ҳали рухсат берилмаслиги ҳам мумкин-ми?
-Ҳе-е йўқ. Буёғи энди шунчаки… Рухсат берилади. Сўнг…
-Сўнг дарров берасизлар-ми пулимни?
-Албатта, банкда пул бўлиб турса…
-Ие, ҳали банкда пул бўлмай қолиши ҳам мумкинми?
-Ҳа энди, ойлик маошлар ва нафақаларни тарқатаётганда пул етмай қолиши мумкин-да?
-Кейинчи?
-Кейинми? Кейин яна бир ой кутасизда…
-Ваҳ, боши-имм… Кредит олмай мен ўлай…
Бошим айланиб, кўзим олди қоп-қоронғи бўлиб кетди.
Палатада ўзимга келдим.
Мана, ётибмиз касалхонада кредитни кути-иб…