Корхона бошлиғи ўринбосари Ёровнинг хонаси. Унинг олдида шу ишхона ходими Қобилов турибди.
Ёров: – Хўш-ш. Уртоқ Қобилов. Энди-и, сизни чақиртиришдан мақсадга ўтсак. Биз яқинда корхонанинг йиллик ҳисоботини аввал вилоятга, сўнг ундан юқорига топшириб келишимиз керак. Роса бош оғриқ иш-да. Тўғрисини айтганда, бизнинг бу қоғозларимизга уёқдагиларнинг кўзи учиб тургани йўқ. Лекин биз ҳисобот топширишимиз шарт ва мажбурий. Тартиб шунақа. Шундай бўлгач, ҳисоботни олувчига уёқ-буёқ қилиб обормасак бўмайди. Аксинча, ҳисоботни олиш уёқда турсин, ақалли мана бундоқ қилиб қараб қуймайди ҳам.
Қобилов: – Уёқ-буёғи нима? Тушунмадим.
Ёров: – Оббо, нима бўларди? Пул-да, пул. Совға-салом.
Қобилов (лабини буради): – Шу шартмикан? Қизиқ гап бўлди-ку. Бу ўзи давлатнинг иши бўлса, ҳамма ўз иши учун маош олаётган бўлса, нима уёқдагилар бизнинг совғамизга куни қолибдими? Шунга зор эканми?
Ёров: Ҳе, зор эмас. Зор эмас. Тушунмаган одамнинг гапини қилманг, Қобилов. Йўли шунақа, йўли. Дейлик ҳисоботнинг арзимас бирон хатоси чиқиб қолса-чи. Бор, тўғирлаб кел, дейди. Яна қайтишга тўғри келадими? Тўғирлаб борсанг, яна бир хато чиқади. Яна қайтасан. Йўл азоби – гўр азоби. Ҳе, шундан кўра биратўла совға-салом қилиб борсак, олам гулистон. Хатоларни ҳам ўз қўллари билан тўғирлаб, қабул қилади-қўяди. Тушундингизми?
Қобилов: – Бўпти, бўпти. Тушундим. Хўш, мени нима қилишим керак?
Ёров: – Ҳа, ана энди ўзингизга келдингиз, Қобилов. Оббо, сиз-эй. Хуллас бунинг учун пул керак, пул. Биз бошлиқ билан келишдик. Барча ходимлардан 2000 сўмдан йиғадиган бўлдик. Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун. Тўғрими? 90 фоиз одам пулни берди. Сиз билан бир-икки киши қолган. Шуни берсангиз деб, чақиртирган эдим. Маъқулми?
Қобилов: – Ҳм-м. Гапларингизку маъқул. Лекин… Мен беролмайман-да.
Ёров: – Йе, йе. Нега? Нега беролмайсиз? Шунча одам берганда, сизнинг қаерингиз кам улардан? Ундай деманг. Сиз мард одамсиз. Берасиз. Берасиз.
Қобилов: – Йўқ. Беролмайман. Бошқаларни билмадим-у, лекин менда ортиқча пул йўқ, ака. Бола-чақанинг оғзидан орттиролмаётибман…
Ёров: – Ҳе-е, унақа деманг-э. Ҳамма ҳам сиздай. Бола-чақа бизда ҳам бор. Кўпдан ажралманг. Яккамохов бўлиб юрманг. Бир илож қилинг. Беринг. Ўзи шу пул нима дегани. Улфатлар билан бир ошхонага кирсангиз бундан ўн баробари кетиб қолади. Анови куни бошлиқ билан тушликка чиқдик, еганимизга қорним тўймади-ю, нақд эллик минг кетиб қолди. Ана шу-да. Пулда қадр йўқ. Келинг шу арзимаган пул учун сан-манга бориб ўтирмайлик. Ташлаб кетинг. Ахир уёқда сўраб турибди. Сиз учун ўз чўнтагимдан тўлай олмайман-ку.
Қобилов: – Иложи йўқ. Беролмайман.
Ёров (аччиғи чиқиб): – Хо-о. Бермай кўрингчи. Яхши гапни тушунмаётибсиз. Давлатнинг иши сизга ўйин эмас. Қани юринг бошлиқнинг олдига. Ўша ерда ҳам айтиб кўринг-чи. Нима деркансиз. Қани юринг, юринг.
Улар олдинма-кетин бошлиқ хонасига кириб келишади.
Бошлиқ Бўриев ниманидир ёзиб ўтирибди. Уларга совуқ қараш қилади. Бироздан сўнг “уф-ф” деб, ручкасини столга ташлаб Ёровга қарайди.
Бўриев: – Хўш? Нима гап?
Ёров: – Манови киши анови… Ўзора терим пулини бермаётибди. Бермайман деди.
Бўриев Ёровга ўқрайиб қуяди ва Қобиловга қараб жилмайиб, мулойимлик билан: – Хўш отажон, нима гап? Нега пулни бермадингиз?
Қобилов: – Ассалому алайкум, раис бобо. Энди узр. Бу кишига аҳволимни тушунтирсам, тушунмаётир. Ўзингиз биласиз 9 та болам бор. Оилани бир ўзим тебратаман. Нима қилай ахир? Сизларга берсам бола-чақанинг ризқи қийилади. Сиздан илтимос, айтинг, шу пулни мендан олмасин. Ёрдам қилинг. Бу кишига бир нима денг.
Бўриев (бош чайқаб): – Тўғри. Биламиз. Сизга қийин. Умуман ҳозир ҳаммага қийин. Сизни тушунаман. Сиз бизда эскидан ишлайсиз. Яхши ходимсиз. Виждонлисиз, бировдан бир тийин олмай ишлайсиз. Раҳмат. Шундай бўлиш керак. Лекин сиз ҳам бир ўйлаб кўринг. Менда нима айб? Бундачи? Ҳе-е. Билсангиз шу раҳбарлик ҳам кўп қийин. Лекин начора чидаймиз. Энди бизни ҳам ўйланг. Шу пулни бериб кетинг. Биз ҳам қараб турмаймиз. Бирон байрамда мукофот пули ёзармиз. Ёрдам қиламиз. Доим шунақа бўмайди. Ҳали яхши кунлар келади. Пулни бериб кетинг. Боринглар. Ўртоқ Ёров одамлар билан гаплашишни билинг-да. Тушунтиринг. Бўпти. Боринглар.
Ёров билан Қобилов чиқиб кетишади.
Орадан бир неча кундан сўнг Қобиловни бошлиқ чақирган. Авзои бузуқ.
Бўриев: – Хўш Қобилов. Нега ҳалигача пулни бермадингиз?
Қобилов (Қўлида газетага ўроғлик нарсани стул устига қўйиб, ўтиради): – Бермадим. Беролмадим. Ҳозирча кутяпман.
Бўриев: – Нима? Нимани кутяпсиз?
Қобилов: – Жавобини.
Бўриев: – Қанақа жавобини? Жавобингизни бериб юборишимни кутяпсизми?
Қобилов: – Йўғ-э. Бошқа жавобни. Мен министрликка хат ёзганман. Ўшанинг жавобини кутяпман.
Бўриев: – Ним-ма? Қанақа хат? Нима деб валдираяпсиз ўзи? Тузук гапиринг.
Қобилов: – Ўша гап-да. Аҳволимни ёздим. Совға-салом учун пул беролмаслигимни ёздим. Қани кутайликчи. Нима дейишаркан. Зора улар мени тушунишса.
Бўриев (“Вах” деб, бошини ушлаб қолади. Сўнг Қобиловга еб қўйгудай бўлиб тикилади): – Хой, Қобилов, биласизми сиз кимсиз?! Сиз. Сиз. Сиз энг паст одам экансиз. Мен сизни бунчалик деб ўйламаган эдим. Наҳотки шу арзимаган пул учун министрни безовта қилган бўлсангиз-а. Ё тавба. Бу паскашлик-ку. Эшитган кулмайдими? Ҳозир одамлар миллионни кўрдим демаётир-а. Эса… Ҳе, қўйинг-э. Садқам одам кетинг-э. Боринг-э. Пулингиз бошингиздан қолсин. Лекин, Қобилов, айтиб қўяй, сиз билан бирга ишлаб турибмиз. Кўрамиз ҳали. Корхонанинг обрўини тўкиш қанақа бўлишини мен сизга кўрсатаман. Ҳали пушаймон бўласиз. Боринг. Йўк. Тўхтанг. Аввал менга Ёровни чақириб келинг.
Бироздан сўнг Қобилов Ёров билан яна киришади.
Бўриев Ёровга: – Бу кишининг пулини олманг. Шусиз ҳам ҳисоботни топшириб келамиз.
Ёров: – Йе. Нега? Ахир ўзингиз бир киши ҳам қолмасин дегандингиз-ку?
Бўриев: – Йўқ. Бу кишидан олмайсиз. Гап тамом. (Қобиловга қараб) – Бўпти. Сиз бораверинг. Сиздан пул олмайди. Чиқинг, чиқинг…
Қобилов стол ўстига қуйган нарсасини эсдан чиқариб, чиқиб кетади.
Бўриев (унинг изидан): – Пасткаш…
Ёров: – Ҳа, тинчликми?
Бўриев: – Ҳе, манови пасткашни кўрмайсизми. Номард. Нима эмиш. Министирга шикоят ёзган эмиш.
Ёров (кўзлари ола-кула бўлиб): – Йўғ-э, наҳотки? Ўзи айтдими? Вой аблаҳ-эй. Энди нима қиламиз? Яна камиссия келарканда. Уф-ф. Нима қилай, пулни эгаларига қайтарайми?
Бўриев: – Мунча ҳовлиқманг-э. Нима камиссия кўрмаганмисиз. Ҳеч нарса бўмайди. Исбот қилолмайди. Гувоҳи йўқ. Пулини олганимиз йўқ-ку. Туҳмат деймиз. Иғвогар ёзувчи деймиз. Тўғрими?
Ёров: – Бошқаларчи? Келиб сўрашса…
Бўриев: – Бошқалар ўзи рози бўлиб беришган. Қолаверса бирма-бир сўраб юришига қўймаймиз-да. Кўрқманг. Лекин сиз ҳам бекор ўтирманг. Бу аблаҳнинг ишини ўрганинг. Бир икки хайфсан ёзиб, ишдан ҳайдаш даражасига обориб қўйинг. Тушундингизми. Кейин кўрамиз. Ўзи корхонада шунга ўхшаган бир-иккитасининг тухумини қуритмасак бўмайдиганга ўхшайди. Хўш-ш. (Ёровга кулиб қарайди.) Буёғи ўзи қанча бўлган. Айтмайсиз ҳам. Қани чиқарингчи. Ҳозир юқорига борсам керак бўлиб қолиши мумкин.
Ёров ён чўнтагидан пул чиқариб санайди ва бошлиққа ўзатади. Бошлиқ ҳам санайди.)
Бўриев: – Ҳа, Ёров?
Ёров: – Ҳа, Бўриев ака? Нима?
Бўриев: – Бу ерда кам-ку?
Ёров: – Ахир ўзингиз айтдингиз-ку?!
Бўриев: – Нима дедим?
Ёров: – Ановидан олма, дедингиз-ку.
Бўриев: – Йе, ундан олмаган бўлсангиз, менинг долиям кам бўлиши керакми?
Ёров: – Йе, камми? Узр, ака. Сал адашибман (ён чўнтагидан яна бир боғлам пул чиқариб стол устига ташлайди). Мана қолгани.
Бўриев: – Қаранг-а. Ўз фойдангизга янглишибсизда. Оббо, сиз-эй.
Шу пайт Қобилов эшикни очиб киради. Ёров пулларни яширади.
Бўриев: – Ҳа? Нима гап? Нега берухсат кирасан?
Қобилов: – Узр, ака. Бир нарсам қолиб кетибди. (У келиб стол четидаги буюмини олади.)
Бўриев: – Нима бу? Нега бу ерда турибди?
Қобилов: – Бу диктафон (қоғозни очиб, кўрсатади). Йе, ишлаб турган экан…
Бўриев: – Ним-ма? Дик-дик-дик-диктафон?
Ёров: – Қани бир эшитиб кўрайликчи?
Қобилов (кулади): – Йўқ. Буни энди керакли жойда эшитиб кўрамиз (чиқиб кетади).
Бўриев: – Шошманг, шошманг. Тўхтанг. Оббо, уйимиз куймасайди, ўртоқ Ёров.
Ёров: – А? Шунақага ўхшаб қолди, ўртоқ Бўриев.
Иккови бир-бирига қараб бақрайиб қолишади.