Сафар Кокилов. Бу яна ўзимман (ҳажвия)

Анчадан бери ўйлаб юрган ҳажвиямни ўтган куни бир ўтиришда ёзиб ташладим. Бу бир ташмачи тўғрисида эди. У одам ҳар куни эшагининг хуржунига 100 литрлик елим идишларда солярка ортиб, қўшни республикага ўғринча йўллар билан ўтказиб сотиб юрарди…
Ҳажвия роса кулгили чиқди. Айниқса, посбон қувлаб, эшаги йиқилиб, солярка тўкилиб, ташмачининг оёғи синиб, қўлга тушиб турган жойи жуда кулгили. Ёзганларимни қайта-қайта ўқиб, қиқир-қиқир куламан. Ярим тунда ҳажвиям эсимга тушиб, “хо-хо”лаб юборибман. Хотиним кўзи қинидан чиққудек бўлиб уйғониб кетди.
– Ҳа, ҳа. намунча ярим тунда айғирдек кишнаб юбордингиз?! Нима бало, тушингизда “Яхши ният”дан Нексия ютдингизми? Ўтакамни ёрдингиз-э, ҳе ўлмабсиз, – деб жеркиди у кўкрагига туфлай-туфлай.
– Бир зўр ҳажвия ёзувдим, шуни эслаб кулиб юборибман. Узр, хотин.
– Ҳо-о, ёқмай ўлсин. Сизга бировларнинг устидан кулиш бўлса. Жа-а кулгили бўлса, анови минатюрачиларга юборақолинг, бошқалар ҳам кулсин.
– Þборардим-у, лекин аввалги минатюрачилар йўқ-да.
– Вой нега? Қаёққа йўқолишибди?
– Баъзилари нафақага чиқишган, қолганлари ўзларини рекламага уришганмиш…
– Нимани реклама қилишар экан?
– Ҳе-е, нимани бўларди, тўғри келганини қилаверади-да. Памперсми, тампексми таглатта-ю кирсовунларми, фарқи йўқ, пул берса бўлгани…
– Ундай бўлса, газетага берақолинг.
– Улар ҳам босишмайди.
– Ие, нега? Тўртинчи бетга босишарди-ку?!
– Ҳозир тўртинчи бетга ҳар хил реклама, тўйхатларни босишади. Ҳажвиядан нима фойда…
– Э-э, шошманг. Ундай бўлса менга берақолинг. Эртага ўқувчиларимга бераман. Ҳаваскорлик тўгарагида интермедия қилишади, – деди ниҳоят хотиним жонимга оро кириб.
– Ҳе яшавор, хотинжон. Шундай қил-е…
– Қани, аввал ўзим бир ўқиб кўрай-чи, – деб ўрнидан туриб чироқни ёқди.
Ярим тунда ўқитувчилиги тутиб кетиб, кўзойнагини пешонасига қўндирди-да кўрпанинг устига мук тушганича қўлига қалам олиб қўлёзмамни текширакетди. Мен эса иссиқ ўриндан бошимни чиқарганимча уни кузатаяпман. Ҳозир кулади. Энди кулиб юборади. Ана, ана бошланди… Ўзим эса ундан олдин кўрпани тишлаб овозсиз куляпман, десангиз. Хотиним эса ўқияпти. Оғзига қараб турибман. Кошки бир тиржайиб қўйса. Газета муҳаррирларидай савуққон. Тавба?! Ҳажвиямни ўқиган сайин қовоқ-тумшуғи осилиб, кўзлари қисилиб, лаблари чўччайиб кета бошлади. Ие, бу ёғи қандоқ бўлди энди?!
– Э-э, бу ҳажвия эмас трагедия бўлибди-ку. Бир бечора тирикчилик деб оёғини синдиради-ю сиз куласизми?! Бўмайди… – деб у қўлёзмамни отиб юборса бўладими. Устимдан кўрпани отдим.
– Ҳой, нега отасан? Ундан кўра бир шапалоқ уриб қўяқол, – деди қизариб-бўзариб. Қарасам, хотиним ҳам қизариб кетяпти.
– Ураман ҳам. Вей чол, сизга неча марта айтаман, овул-ҳамсояни ёзманг, деб. Сизнинг дастингиздан кўча-кўйда бош кўтариб юролмай қолдим-ку. Ҳамма “Эрингиз мени ёзибди” деб таъна қилгани қилган. Тунов куни товуқбоқар Мисқол манқа ҳам тухум оламан деб пул кўтариб борсам, “Хенди сизларга тухум мермайман. Херингиз херимни миёниста деб ёзибди. Ичса хузимнинг мулимга ичади-да. Нима ҳақи бор ёзишга?!” деб роса минғиллади
– Ҳе тухуми қурсин ўша манқангни. Мастни маст дейди-да.
– Сиз шундай деяверасиз-да. Гапни эса биз эшитамиз. Энди мановингизда ҳам яна қўшниларни ёзибсиз. Кимга керак шу?!
– Қани? Кимни ёзибман? Манови қўшниларинг соляркани велосипедда ташиб сотишади. Ҳажвиямда эса эшакда, фарқи бор-ку…
– Мана, мана. Турдиев деб қўйибсиз-ку?!
– Оббо, шуям гап бўлди-ю. Ҳа энди, бирон фамилия қўйишим керак-ку. Номсиз бўладими?… Бўпти. Ўзгартираман. Кел, ана, Тўраев бўлақолсин.
– Иби ўлай, Тўраев икки уй наридаги уста-ку?!
– Нима қипти?! Уста солярка сотмайди. Қайтамга яхши-да… Ҳа, бор ана, Қурбонов бўлақолсин. Бўлдими?
– Э-э, нима деяпсиз? Қурбонов акам-ку. Ҳаҳ сиз-эй. Ичингиз қора-да. Бечора акамнинг бир-икки қути қандолат ўтказиб сотганини ҳам кўролмапсиз-а…
– Ўзимизнинг ризқимизни четга ташмалаб сотганлар менга дўст эмас. Аканг бўлса ҳам ҳалол ишлаб пул топсин…
– Вой-вой-эй. Ўргилдим сиздақа ҳалол пул топувчи номи улуғ супраси қуруқ ҳақиқатчидан. Ҳалол пулга яшаганингиз учун ҳам болалар бир ойда бир марта гўштлик овқат емайди-да… Уф-ф… Ойлик маошга яшагандан сўнг гўр бўлармиди. Ёшим элликка кириб ҳам бўйним бир тизим маржон кўрмай ўтяпти…
Қарасам, ярим тунда яна ўша эски машмаша.
– Бўлди, бўлди. Дийдиёнгни бас қил-э, – хотинимнинг чакагини ёпдим. – Мавзудан четга чиқмайлик. Хўш, унда нима деб қўямиз? Ўзинг айт бўмасам.
Хотиним жимжилоғининг тирноғини кемирганича шипга қараб, ташмачига ном излай кетди. Сўнг бирдан кўзлари порлаб:
– Топдим. Ҳайвонларнинг номини қўйинг, – деди чийиллаганича.
– Нима деб? Бўриев дебми? – дедим эсноқ тутиб увиллаганимча.
– Вой, йўғ-э, – у пашша қўригандай қўлини силкитди. – Бўмайди. Бўриев мактаб директоримиз-ку. У бечора ҳам бўш вақтларида шалоғи чиққан “Москвич”ида буғдой ўтказиб сотармиш…
– Ҳа-а, ана ўшаларнинг касрига бозорда буғдой нархи осмонга чиқиб кетди.
– Ҳе қўйинг, дадаси. Кўролмай ёзган деб хафа бўлади. Менинг ишимдан қилдан қийиқ ахтариб қолмасин тағин…
– Унда Қўчқоров бўла қолсин.
– Ие, анови, ўзларингда заправкачи бўлиб ишлайдиган одамми? Бензин ўтказиб сотади демабмидингиз. Қандай бўларкин-а?!
– Ҳа-я… Бўпти, кел, Дўлтаев бўлақолсин.
– Вой, нега энди? У тоғаваччам-ку?! Бечора яқинда икки тонна шакарини таможняга олдириб қўйди. Куйи-иб ўтирибди…
– Оббо Дўлтавой-эй. Ахири қўлга тушибди-да. Босар-тусарини билмай қолувди-я… Ҳа майли, унда асбоб-ускуналардан қўямиз. Болтаев бўла қолсин. Бол-таа-еб. Зўр-а?!
– Атай шундай қиляпсизми? Тилингизга фақат менинг уруғларим келадими? Ўзингизнинг анови, хитойдан “аднаразовий” шара-бара опкелиб сотадиган уруғингизни нега ёзмайсиз? Болтаев бўлам бўлади-ку?!
– Ие шунақами? Узр, узр. Бўланг ҳам кўп-да ўзиям. Бу қайси бири эди?
– Вой, нега билмайсиз? Ҳа-а, ана шунақа-да. Меникилар билан борди-келди қилмагач, гўр бўлармиди… Эсингиздами, ҳу-у бир марта мелиса қувди деб уйимизга бир мошин оқ ёғ билан қочиб кирган эди-ку. Ўша-да…
– Ўшами? Ҳе турқи қурсин ўша бўлангни. Ўшанда маҳалладагилар бизни ҳам ташмачилик қилар экан, деб гумонсираб қолвуди-я…
– Кошки эди шундай бўлса. Биримиз икки бўлиб қолармиди ҳалигача. Одамлар шу ташмачиликдан бойиб, уй қуряпти, машина оляпти…
– Оббо. Муаллим бўлсанг ҳам барибир хотинлигингга борасан-да, хотин. Кўпам ўша ҳаром пул топувчиларга ҳавас қилавермасанг-чи. Унинг охири вой. Шу ойликкинангга яшаб турганинг ғанимат. Оч қорним – тинч қулоғим…
– Уф-ф… Шундайку-я. Лекин баъзан уларнинг шоҳона яшашини кўриб куюниб кетасан-да киши. Унга яраша ойлик ўлгурни ҳам вақтида оломаяпмиз…
– Ҳе-е, кўпам куюнаверма. Келажакда бари яхши бўлиб кетади. Келажак буюк…
– Ишқилиб, охири бахайр бўлсин-э…
– Ҳа, бу бошқа гап. Аммо-лекин яна чалғиб кетдинг-а. Хўш, нима деб қўямиз манови ташмачининг номини?
– Э-э, яна бошладингизми?! Ҳе билганингизни қўйинг-э, Тошмирзами, Эшмирзами деб қўяверингда-е… Аууфф… – шундай деб хотиним кўрпани бошига тортди.
Менинг эса уйқум қочди. Доим шунақа. Ҳажвиямни аввал хотиним ўқийди ва албатта бирон камчилик топади. Сўнг уни тўғирлайман деб менингг ҳаловатим йўқолади. Ҳе-е нимасини айтасиз. Мана, бир ўрим сочи аждардек ўралиб, хотиним аллақачон уйқуга кетган. Мен эса ҳали ҳам ташмачи қўшнимга тузукроқ ном тополмай, “Ёзсам ёмон кўрарлар, ёзмасам армон” деб, оқ қоғозга тикили-иб ўтирибман.
Бирдан уйқудаги аждар тўлғонди. Хотиним уйқусираб гапиринди:
– Ўзингизнинг номингиздан қўяқолинг.
– А?!
Ҳа-а. Ана шунақа. Бизнинг уйқудаги гўзал уйқусида ҳам ақлли гапларни айтиб юбораверади. Тан бермай илож йўқ. Бўпти. Шундай бўлақолсин. Ана энди ҳеч ким мендан хафа бўлмайди. Ўзимдан бўлак… Қулоғим тагида одамларнинг “Комилов яна ўзини ўзи ҳажвия қилибди-я” деб қаҳ-қаҳ отиб кулишаётгани эшитилгандек бўлди…
Ҳа, бу яна ўзимман, ўзим.