Бошлиқнинг тилло пероли қора рангда ёзадиган ручкаси йўқолиб қолди. Оддий ручка бўлганда гўрларга эди-я. Шарикли ручка бўлганда –ку, умуман бу ҳақда гапириб, қоғозни қоралаб ўтирмас эдим. Тилло перо дейсизми? Ҳе-е, гап фақат ўша перонинг тиллолигида бўлганда ҳам қани эди-я. Бошлиқ, ўлай агар, битта перо учун бунча куймасди. Лекин бошлиқ ручка йўқлигини сезгач, бирдан қўрқиб кетди. Ичида бир нима узилиб кетгандай бўлди десам хато кетмайман. Аъзойи бадани яхлаб, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Шоша-пиша гоҳ у чўнтагини, гоҳ бу чўнтагини қайта-қайта ковлашга тушди. Қани энди ручкаси қурғур қўлга илаша қолса.
Йўқ! Йўқолибди! Эрталаб ишга шошиб, хизмат машинасини кутиб турган бошлиқнинг бирдан ҳафсаласи пир бўлди қўйди. Ҳеч нарса ёқмай, ишга ҳам боргиси келмай қолди. Оёғига суркалаётган тўрт ёшлардаги қизчасини ҳам “Қоч-ее” деб тиззаси билан туртиб юборди. Ҳар доим ишга кетишдан олдин кўтариб , эркалаб бурнидан ўпадиган отасининг бу қилиғидан ҳайрон бўлган болача чариллаб йиғлаб қолди. Кела солиб болани кўтариб олган хотинига қараб ўшқирди:
-Қани менинг ручкам?
-Қанақа ручка?
-Билмагандай талмовсирама-е, овсар. Ҳалиги тилло пероли жигар рангли ручкам-да. Министр берган ручкам…
-Вой, билмадим дадаси. Қаёққа йўқолиши мумкин?
-Ғалча, билсам сендан сўрармидим. Бўл тез, қидир баринг. Уйнинг бирор жойига тушгандир…
Бошлиқнинг уйи тўс-тўполон бўлиб кетди. Икки ўғли, икки қизи, хотини бошчилигида уйни аллак-таллак қилиб ташлашди, ҳамма нарсани кўтариб, қоқиб кўришди. Кийим илинган шифонер-у, тахмондаги йиғилиб турган кўрпачаларгача ағдариб кўришди. Йўқ! Ё тавба! Ер ютдими деса…
Бошлиқ эслайди, кеча кечқурун чўнтагида эди, ишдан келганда ҳам костюмини еча-еча ручкани олиб, бир айлантириб томоша қилган эди. У ўтган йили пойтахтга бориб министрнинг қабулида бўлганда қандайдир иши учун министр унга ўзига ўхшаган бошлиқлар олдида бирдан ийиб кетиб, унинг қўлини сиққан ва чўнтагидан ушбу ручкани чиқариб берган ва табриклаган, ишларига омадлар тилаган, доимо шундай яхши ишланг деганга ўхшаш гапларни айтган эди. Министрнинг шахсан ўзи тақдим этган ручка унинг учун жанг майдонида “Жасорати учун” медали, йў-э-э, нақд “Қизил юлдуз” орденидай қимматли эди-да. Буларни эслаб, бошлиқнинг қўлқаси тўлиб, кўзлари намланди. “Ҳе, ишини-ям…” У яна қайта ечинди. Уйда киядиган пижамасини кийиб, ўзини диванга ташлади. Барибир ишлагандай бўлмайди бугун. Кайфият бузилди. Ахир ишда ҳам энг муҳим ҳужжатларга шу ручка билан имзо қўяр эди-да. Ручка бўлмагач, иш бўладими. Бошқа ручкалар билан қўйилган имзо ҳам имзога ўхшамайди барибир. Ташқаридан сигнал бериб, келганини билдирган хизмат машинаси ҳайдовчисига ҳам бугун ишга боролмаслигини, тоби йўқлиги айтиб, қайтариб юборди. Яна диванга чўзилди. Юраги сиқилди. Бирдан туриб ўтирди-да, хотинини чақирди. Ошхонани ҳам ағдар-тўнтар қилиб, ручка излаётган хотини қўрқа-писа хонага кирди.
-Нима дейсиз, адаси?
-Менга қара, анов куни ручкани олиб, мен ҳам ишхонага обориб бир мақтаниб келай девдинг. Яна сен олган бўлма тағин? Ҳазиллашган бўлсанг тез чиқар, ҳозир жоним чиқиб кетади. Бўл, тез! Топ!
Хотини ўшанда ўзи ишлайдиган мактабга эрининг ручкасини бир кунга сўраб обориб, ўқитувчиларга кўрсатиб, мақтанганини эслади.
“Мана бизнинг хўжайинга шахсан министрнинг ўзи ручка совға қилибди. Яхши ишлайверсанг ёнимга ўринбосар қилиб оламан деганмиш” деганида ўқитувчиларнинг роса ҳаваси келиб, ручкани қўлма-қўл олиб томоша қилишганди.
-Йўқ, хўжайин, ўлибманми сизга ҳазиллашиб. Ўшандан сўнг ручкангизга қўл тегизганим йўқ. Ўлай агар ишонмасангиз…
-Ҳа унда ким олади ручкани, ким?-бақириб юборди бошлиқ.
-Билмадим,-Хотин ер чизиб қолди.
-Қайси куни анови болаларинг ҳам навбат билан ручкани сўраб олишган эди. Синфдошларимга кўрсатаман, мақтанаман деб. Сўра-чи, балки биронтаси яна олгандир. Анови ўғлингдан қўрққилик, ўғирлаб ҳам олаверади.
Хотин болаларини эрининг олдига қаторлаштирди. Ҳаммаси ерга қараганича отасининг дағдағасини эшитишди. Биттаси ҳам мен олдим демади. Олмаган бўлса, олмаганда.
-Йўқол баринг. Қидирларинг. Гўрдан бўлса ҳам топасанлар ручкани … Вой юрагим! Шу ручка топилмаса ўлиб қоламан нақд…
Бошлиқ иккинчи куни ҳам ишга чиқмади. Ўлиб ҳам қолгани йўқ. Лекин ҳали ҳам қовоғидан қор ёғади. Ҳеч нарса ёқмайди. Бошини қора тўнига ўраб диванга ётгани-ётган. Тузук тамадди ҳам қилмай қўйди. Кўзларининг таги салқиб, икки кундан бери соқоли олинмаган, юзи аллақандай қорайиб кетгандай бўлиб қолди. Уф-ф, энди нима бўлади?!
Тушдан сўнг хавотирланиб биринчи ўринбосари, бош ҳисобчи уни кўргали келишди. Қуруқ қўл бўлмасин деб бир қўйни тандир қилиб келишган экан. Бошлиқ аввалига таомга ҳам қўл урмай ўтирган эди, ўринбосари опкелган конякдан қўярда қўймай “банияти шифо” деб, бир пиёлани ичиришгач, бошлиқнинг пешонаси сал терлади ва келганларга ички сир қилиб, тоби қочганининг сабабини айтди ва “мабода ҳазиллашиб олганларинг йўқми-эй, топиб берсаларинг бир эриш биздан” деб ҳазил қилиб қўйди “Э-э, шунақами? Кўп ёмон иш бўптида. Бизку олганимиз йўқ, лекин ишхонани, кабинетларни қараб кўрамиз, бирон ерга тушиб қолгандир” деб уни юпатган бўлишди меҳмонлар.
Бошлиқнинг “касали” нинг сабаби грипп касалиги ўхшаб, бир зумда бутун ишхона-ю, филиалларга тарқалиб кетди.
Ҳамма ручкани топиш тўғрисида ўйлай бошлади. Ҳеч кимнинг қўли ишга бормай қолди. Ахир ҳазиллакамми, бошлиқнинг нақд министрнинг ўзи тақдим қилган тилло перолик ручкаси йўқолса-ю, кўнглига иш сиғадими. Қолаверса, кўп хужжатлар имзосиз ётибди. Одамлар бир-биридан “қандай ручка эди, ранги қанақа эди, қопқоғи бормиди” деб сўрашар, ҳаммасининг калласида “қанийди ручкани бошлиққа биринчи бўлиб ўзим олиб борсам, эҳ-қанийди шу баҳона бошлиққа яқин бўлсам, бирон амалга ишласам” деган ҳавойи орзулар чарх урарди.
Кечқурун кўчада одам оёғи узилгандан сўнг бошлиқнинг уйига кассирнинг “Нексия” си фуриллаб кириб келди. Уйда ёлғиз телевизор кўриб ўтирган бошлиқни келасолиб қучоқлаб олди ва… чўнтагидаги жигар рангли олтин пероли ручкани чиқарса бўладими. Бошлиқ бирдан ирғиб ўрнидан туриб кетди ва кассирни қучоқлаб, пешонасидан “чулп” этиб ўпди.
-Ҳе яшавор укам, Сенинг содиқлигингга ишонар эдим. Адашмаган эканман. Қаердан топдинг?
-Шундай кабинетингизга кирадиган ерда, гултувакнинг тагида ётган экан-эй. Яхшиям биров кўрмабди. Қуллуқ бўлсин хўжайин. Ручка муборак…
-Қуллуқ, қуллуқ. Рахмат сенга…
Кассир ташқарига қайтиб чиқиб, қуруқ қўл бўлмасин деб обкелган бир яшик ароқ, бир неча тўплам минерал сув ва бошқа бозорликларни машинаси юкхонасидан тушириб ошхонага ташир экан, бошлиқ ручкани айлантириб томоша қилиб ўтирарди. “Худди ўзи-я.” Олдидаги қоғозга ёзиб, имзо қўйиб кўрди. Имзо ҳам ўхшади. Лекин… Бошлиқ кассирнинг кўнгли чўкмасин, шашти қайтмасин деб индамай, уни мақтаб-мақтаб кузатди. Чунки унинг ручкасида “Министр Сўпиевга совға” деган ёзуви бор эди-да. У пойтахтдан қайтаётгандаёк бир заргарнинг дўконига кириб, шундай деб ёздириб олган эди. Ҳа боласи тушмагур-а, шунча ёнимга кириб, шу ёзувга кўзи тушмаган экан-да. Бўмасам-ку, ручка худди ўзимизникининг ўзи экан-а…”
Саҳар пайти одамлар молини подага қўшаётганда яна бир “Нексия” бошлиқникига кириб келди. Бош ҳисобчи экан. У ҳам яп-янги ручка олиб келипти. Ҳатто ёзувлари ҳам бор. Бошлиқ дарров имзо қўйиб кўрди. Йўқ, бу ҳам эмас. Лекин шундай бўлса ҳам бош ҳисобчини кўнгли оғринмасин деб, елкасига қоқиб, опкелган тандир гушт-у, бир қоп гуруч, зиғир ёғларини юз-хотир қилиб жўнатди. Сўнг хотинига “анови омборхонани тозалаб қўй, бугун меҳмон кўп келадиганга ўхшайди” деб қўйди.
Сўнг йигирма йилдан бери оддий ходим бўлиб ишлаб юрган Қорабоев деган одам келди. У ҳам худди ўзиникига ўхшаган ручка обкелипди. Ёнига озгина пул ҳам қўшганми-ей. Ҳе бечора, майли, кўнглинг қолмасин…
Кечга бориб бошлиқнинг қўлида йигирмата ручка бўлди. Ошхона, омборхона ҳам картошка-пиёздан тортиб, арағ-у, сувларга, тандир гўштга тўлди. Қўйхонага тоғдаги филиалда ишлайдиган бир ходим катта шербоз қўйни киргизиб юборди. Иккита какликни ҳам тўрқовоғи билан ҳовлидаги тут шохига илиб кетди.
Шу баҳонада ким содиқ-у, ким содиқ эмаслиги ҳам билиниб қолди. Ручка баҳонасида бир келиб-кетмаганларни ичида “Хап сеними” деб қўйди.
Ҳаммаси яхши бўлди-ю, лекин барибир бошлиқнинг кўнгли ёришмади. Ўзининг ручкаси топилмадида. Тўртинчи куни “энди ишга бир бориб келмасам бўлмас” деб эрталаб кийина бошлади. Совға ручкалардан биттасини олиб костюмининг чўнтагига солди-да, устидан пайпаслаб қуйди. Ие… Ручка қани? Бирдан костюмининг олдини очиб, чўнтагига қаради.
Ҳозиргина солган ручкаси йўқ. Тавба! Чўнтагининг бурчакларини пайпаслаган эди, бир бармоғи чўнтак четидаги бир тешикка кириб кетди. Оббо! Чўнтаги тешик эканку. Бирдан беихтиёр костюмининг барига қўл югуртди. Қўлига қаттиқ бир нарса уннади. Ие, ручка буёққа тушибди-ку.
Хотинини чақирди.
-Қарачи, манови костюмимнинг ички чўнтаги тешикка ўхшайди-деб костюмни эгнидан ечди. Хотини костюмни олиб нариги уйга чиқди ва ҳаял ўтмай отилиб қайтиб келди. Кўзлари чақнар эди.
-Дадаси, дадаси. Вой, мановини қаранг. Ручкангиз…
-Ие, қаерда экан? Наҳотки?
-Ҳа, ҳа чўнтагингиз қурғур тешик экан, ўша ердан иккала ручкангиз ҳам костюмнинг астари ичидан пастга тушиб кетган экан-да…
-Ҳе, яшавор хотин. Ўзим ўргилай сендан,- деганича бошлиқ хотинини шартта қучоқлаб юз-кўзидан ўпа кетди ва пириллатиб “вой-вой” латганича икки-уч айлантириб ерга қўйди.
-Вой, бошим айланиб кетди-е, дадаси. Қуллуқ бўлсин, ручкангиз топилгани чин бўлсин…
-Ҳе қуллуқ, қуллуқ. Сендан қарздорман, хотин…
-Ҳа бор бўлинг, дадаси. Бизга соғ-омон, ҳудди ҳозиргидек ўйнаб-кулиб турсангиз бўлгани.
Бошлиқ хурсандлигидан хизмат машинасини ҳам кутмай кўчага отланди. Тезроқ ишхонага боргиси келарди. Уйдаги ручкаларни бўлса хотинига, болаларига, биттадан тарқатиб берди ва “Қолганлари запасга турсин. Энди менинг ручкамга тегишманглар” деб тайинлади.
Бошлиқ кун буйи завқ-шавқ билан ишлади. Йиғилиб қолган кўп ҳужжатларга тилло пероли ручкасида имзо қўяверди, қўяверди…
Бошлиқнинг кайфиятини кўрган ходимлар ҳам хурсанд. Айниқса, ручкасини “топиб берганлар” нинг боши осмонда эди.