Сафар Кокилов. Бир мажлисда (ҳажвия)

Бир дўстим гапириб берди.
Бўлим бошлиғимизнинг момоси ўлиб қолиб, жанозасига кетар чоғи мендан илтимос қилди.
– Акажон, илтимос, кечқурун менинг ўрнимдан ҳокимиятда бўладиган мажлисга қатнашиб келсангиз.
-Бирон нарса сўраб қолмайдими?
-Ҳе, сиздан ҳеч нарсани сўрамайди. Бизда иш яхши кетяпти. Фақат йўқлама вақти “борман” деб қўйсангиз бўлди. Бирон китоб оборинг, зал охирида ўқи-иб ўтирасиз. Илтимос, ёрдам қилинг…
“Бўлим бошлиғи илтимос қилиб турганда йўқ деб бўладими. Мендан бирон нарсани сўрамаса, нимадан қўрқаман, борсам борайин” деб кечқурун бордим.
Эҳ-ҳе-е. Мажлислар залида одам тирбанд. Бўш ўтиргичлар ҳам кам. Ниҳоят бир четдаги стулга ўтириб, атрофимга қарасам, бари таниш одамлар: туманнинг бош ҳакими , СЭС бош врачи, бўлим бошлиқлари, мактаб директорлари ўқитувчилар билан, тумандаги бошқа ҳар хил ташкилотларнинг бошлиқлари, ҳатто маданият уйининг директори бир-икки артистлар билан келган. Маҳалла раислари ҳам котибларини эргаштириб юрибди. Анча-мунча милиса ҳам бор. Ҳа-а, бугун қандайдир маданий-маърифий мавзуда мажлис бўлса керак, чунки бу ерга келганларнинг аксарияти зиёлилар экан-да.
Бир-икки таниш ўқитувчилар билан кўришиб сўрашдим.
-Ҳа духтур, авваллари биз сизни кўрмас эдик. Кепсиз-да…
-Ҳа-а, келдик. Бўлим бошлиғимиз илтимос қилган эди. Ўшанинг ўрнига…
-Ҳа-а, яхши, яхши. Сизларда ишлар яхшими ўзи? Тағин емаган сомса учун пул тўлаб юрманг, духтур ака-деб улар кулиб қуйишди.
-Бизда иш яхши-деб қўйдим –у, лекин ичимдан зил кетдим. Оббо, Қодиров тушмагур-эй, сиздан сўрамайди деган эд-ку, бу ерда савол-жавоб бўлади дейишяпти. Билганимда-ку, тайёрланиб, бўлим кўрсаткичларини ўрганиб келардим-а, деб ўйланиб қолдим.
Мажлис бошланди. Мажлисни туманимизга вилоятдан вакил сифатида беркитилган тепакал, гавдалик, бурни сўппайган одам ўтказадиган бўлди. Ҳоким муовинлари унинг ёнида жимгина ўтиришибди. Қарасам вакил қўлидаги аллақандай рўйхатга қараб залда ўтирган одамларни бирин-кетин тўрғаза бошлади. Залдагилар жим, пашша учса билинади.
Кўплар олдинда ўтирган одамнинг панасида бошини эгиб қўлидаги дафтарига нималарнидир ҳадаҳа ёзишмоқда.
Мен минбардаги одамга қулоқ тутдим. Аввал олдинги қаторда ўтирган туман бош ҳакимини турғазди.
– Ишлар қандай кетяпти?-
– Яхши:-деди бош ҳаким қўлидаги дафтарига қараганича.
– Камчиликлар йўқми?
– Йўқ. Бугун сувни тугатдик.
Яхши. Ўтиринг. Назоратни сусайтирманг.
Бош ҳакимимиз “сув” дедими, касалхонадаги канализациялар тўғрисида гапирдимикан? Унча тушунмадим.
Яхши эшитмай қолдим, шу пайт яна кимнидир турғазишди.
У олдинда ўтирган одамнинг елкасига суяниб, чайқалиб турибди. Залда ўтирганлар пиқиллаб кула бошлади. Минбарда ўтирганлар ҳам мийиғида кулиб туришибди. Тавба!
– Сиз ўзи бирор кун трезви келасизми? – деди вилоятдан келган вакил унга қовоғини уйиб, сўнг ёнидагиларга қараб;-бунинг ишда қолиш – қолмаслиги ҳақида вилоятга чиқиш керак – деди. Қарасам ҳақиқатдан мастга ўхшайди. Кўзлари юмилиб кетаяпти. Оббо, бу нима юриш энди?!
– Тузук ишламайдиган бўлсанг сени ишдан бўшатамиз,- деб бақирди вакил.
– Не-ег-га энди? Ишим яхши. Бошқаси… – У қўли билан пашша қўриётгандек ишора қилди: – Фу-у… Бизнинг ишимиз яхши…
– Ўтир. Ўтир-э безбет, башаранг қурсин. Сен билан алоҳида гаплашамиз…
Ҳалиги одам нимадир деб ғулдиради-да ёнидаги кишининг ёрдамида яна жойига ўтирди. Вакил навбатдаги одамни турғазди. Қўшни қишлоқдаги мактаб директори бироз ранги ўчиб ўрнидан турди.
– Ҳой, домулло, нега ҳалигача пахтангни сувдан чиқармадинг?
Ҳойнаҳой буларнинг мактабида тажриба ер майдонига пахта эккан бўлса керак-да. Вакил шуни сўраяпти шекилли. Қаранг-а, раҳбарлар ҳамма нарсадан хабардор, ҳамма нарса билан қизиқишади-я.
Директор нимадир деб тўнғиллаган эди, вакил дағдаға қилди:
– Ишласанг тўғри ишла, эпламасанг аризангни ёз деди ва қаердадир олдинда ўтирган маориф бўлимининг мудирига қараб:-Эртадан ишни топширсин – деб қўйди.
Мудир ўрнидан ярим туриб, “хўп” дегандек бошини лиқиллатди. Ҳа-а, бу директорнинг камчилиги кўп бўлса керакдир-да, ишдан олиш керак дейишяпти. Лекин шу гапларни мактабига бориб айтса ҳам бўларди. Бунча одамнинг олдида уялтирмасдан.
Мен ҳали ҳам ҳеч нарсага тушунмай ўтирардим. Қандай мажлис бўлиши керак ўзи? Икки соатдан бери фақат духтурлар-у, ўқитувчиларни турғизиб сўроққа тутишадими-ей.
– Қачон мажлис бошланади?-деб сўрадим ёнимда ўтирган ўқитувчидан. У пастга энгашиб,
– Шу мажлис-да, – деб кулди.
Тавба! Ҳеч тушунмадим.
Шу пайт одамлар мен томонга қарашаётгандек бўлишди. Мен ҳам ўгирилиб, орқамдагиларга қарадим. Улар ҳам менга қараб туришибди. Қарасам вакил ва бошқаларнинг ҳам икки кўзи менда. Олдинги ўринда ўтирган бош ҳаким ўрнидан туриб, менга қараганича,
– Қодириб қани, Қодириб? – деб сўраяпти.
Ҳа-а, менга ҳам навбат келибди-да деб ўрнимдан турдим.
– Ўрнига мен келганман – дедим бош ҳакимга қараб.
– Ишлар қандай кетяпти, ўртоқ духтур?-деди минбарда турган вакил менга тикилиб туриб:-духтирмисиз ўзи?
-Ҳа, дўхтурман. Ўттиз йилдан бери ишлайман.
-Хўп, ишдан гапиринг.
-Ишимиз яхши. Тез ёрдам машиналаримиз бариси соз. Яқинда ғилдиракларини алмаштирдик. Чақириқларга ўз вақтида бориб турибмиз. Шикоятлар тушмаяпти. Ҳозир грипп кўпайган. Кунига етмиш-саксонта чақириққа бориб, беморларга баҳоли қудрат ёрдам беряпмиз.
Гапира туриб қарасам ёнимдаги ўқитувчилар ерга қараб кулгани-ча, мени туртиб қўйишяпти. Залга қарасам кўпчилик менга қараб кулиб, бош чайқашмоқда. Оббо, грипп касаллигини кўпайганини бекор айтибман. Ахир бу дегани тиббиёт ходимлари аҳоли ўртасида санитария маориф ишларини яхши олиб бормаяпти деган тушунчани беради-ку… деб ўйлаб бир оз хижолат тортдим. Вилоятда келган вакил менга еб қўйгудек бўлиб тикилиб турибди. Ёнидагиларнинг ҳам авзои ёмон.
-Ҳа энди, грипп касаллиги бир кўпайгандек бўлди-ю, ҳозир анча камайиб қолди. Тинмай ишлаётибмиз. Фақат бизга мана бош ҳакимнинг ҳам хабари бор. Бир марталик шприцлар билан гриппга қарши таблеткалардан кўпроқ бўлса, ишимиз янада самарали бўлади. Бу ҳам яқин кунларда ҳал бўлса керак. Касални камайтирамиз…
-Хў-ў, духтур, сендан касални ким сўраяпти?-вакил менга ғазаб билан тикилди.
-Унда нимани сўраётибсиз?-дедим мен ҳам унга тикилиб,-
-Ие, бу гарангми?- деб вакил ёнидагиларга қараб қўйди.-ҳой дўхтур, касалингни ишхонангга бориб даволайсан. Бу ерда сен бизга, ўзингга беркитилган фермер хўжаликлардаги аҳвол тўғрисида ахборот бер. Ғалланинг ўсиши қандай? Гул даврида дори берилдими? Пахтани навбатдаги сувдан чиқардиларингми? Сувни шарбат усулида беряпсиларми? Менга ана шулардан гапир, ўртоқ дўхтур.
-Тушунмадим. Бу гапларнинг менга нима даҳли бор? Бу маълумотларни пахта, ғалла эккан фермерлардан сўрамайсизми. Мен дўхтур бўлсам …-дедим энсам қотиб.
-Ие, бу ўзи осмондан тушганми? Ким чақирди уни бу ерга? –вакил бир менга, бир бош ҳакимга қараб кўзларини олайтирди.
-Қодирибнинг ўзи қани ? –деди яна бош ҳаким ўрнидан туриб, менга қараганча.
-Қодировнинг момоси ўлиб қолибди.
Орқа томондан биров “пиқ” этиб кулиб юборди.
-Сиз нега келдингиз?
-Менга илтимос қилган эди, ўрнига келдим-да. Қаердан билибман…
-Ҳе-е, шундай демайсизми, дўхтур,-сал мулойимлашди вакил ва менга қараб яна гапира кетди:-Сиз ўзи ёшингиз анчага борган одам экансиз, билишингиз керак-да… Бўпти. Биринчи марта сизга индамаймиз, янаги келишингизда яхши тайёрланиб келинг. Беркитилган фермер хўжаликка боринг, даласи билан танишинг, керак бўлса уша ерда ётиб ухланг, амалий ёрдам қилинг. Бўпти, ўтиринг .
Бошимга таёқ теккандай карахт бўлиб жойимга чўкдим. Бир кулгим келади, бир жаҳлим чиқади. Ёнимдаги ўқитувчи кулиб бир нима деган эди, қулоғимга кирмади. Ҳе, аблаҳ Қодиров-ей. Мени боплаб алдабди-да. Айтдимов, у ҳар куни ишхонага бир келарди-да, яна зип этиб йўқ бўлиб қоларди. Мен у қўшимча иш топиб, пул ишлаб юрибди, шекилли деб юрардим. Ҳа-а, гап буёқда экан-да. Демак қайсидир фермер хўжалик унга ҳам беркитилган. Ҳе, кунинг қурсин, Қодиров. Бўлимга раҳбарликни талашиб олган эдинг, баттар бўл…
Тўғри, вилоятдан келган вакилнинг гапларига эътироз билдириб бўлмайди. Лекин бугунги мажлисда биронта ҳам фермер хўжаликларининг раҳбарлари кўринмади-ку. Ҳа –а, мен тушунмаган нарсалар ҳали кўп экан. “Юз йил яша –юз йил ўрган” деганлари бежиз эмас-да.
Шундай қилиб мажлис яна икки соатлар чўзилди. Пахтасини сувга бостириб захлатган бир-икки мактаб директори ва терапия бўлимининг бошлиғига “Ҳайфсан” эълон қилинди. Бир артист ишдан ҳайдалди. Бир мактаб директори пахта кўчатлари текис ўсиб чиқмаганлиги учун чигитни экмай сотган деган гумонда иши прокуратурага оширилди.
Мажлис охирида вилоятдан келган вакил пахта ва ғалланинг аҳамияти ҳақида яна бир соат ваъз айтиб;
-Ишга маъсулият билан ёндошмаган кишиларни жиноий жавобгарликгача тортишимиз мумкин. Ҳамма ишини йиғиштириб далага чиқсин. Керак бўлса, ўша ерга кўчиб бориб яшайсизлар ҳам…-деб дағдаға қилди.
Шу билан мажлис тугаб ташқарига чиққанимизда соат тунги учни кўрсатаётган эди. Йўлимиз бир бўлса ҳам бош ҳаким мени кутмай жўнаб қопди. Зарда қилганда. Эснай-эснай уйга пиёда етиб келдим. Хўрозлар қичқираётган эди.