– Ҳе-е, ошна, ишимнинг нимасини сўрайсан. Чатоқ, чатоқ. Йигирма йиллик ҳаётим остин-устун бўлиб кетди-ку. Мен ўзи ҳеч омади чопмаган одам эканман-да…
– Ҳа, намунча, ҳасратингдан чанг чиқмаса?!
– Иш жойимда тинчлик йўқ, ошна, тинчлик. Мана бир ой бўлаётибдики худди қил кўприк устида тургандайман. Þрагимни ҳовучлаб юраман. Гапираманми, ёзаманми, барисини олдиндан репетиция қилиб оламан…
– Ие, нега энди? Нима, артист бўлиб кетдингми?
– Артист?! Оҳ-оҳ, айни топиб айтдинг-да. Худди ўзи. Артистман… Лекин, афсуски, бу янги ролимга ҳеч кўниколмаётибман. Нима қилай, ахир, олдинги ролимда нақд йигирма йил ўйнаган эдим-да. Ёд бўлиб кетганди. Яна бироз вақт бўлганда шу ролимдан нафақага чиқиб кетган бўлардим-а. Ҳе аттанг… Бўмади. Бу раҳбарларга ҳам ҳайронсан. Сал ёқмадими, шартта олади-қўяди.
– Ҳой дўстим, нима деяётибсан ўзи?! Бундоқ тушунтириб гапир. Кимни олади? Нега олади?…
– Ҳе-е, эски ярамга туз сепиб нима қиласан, ошна. … Хўжайинимдан айрилиб қолдик, ошна, хўжайиндан. Шунча йилдан бери сояларидан баҳраманд бўлиб, униб-ўси-иб келятувдим…
– Ие, нима, ўлдими? Касалмиди?…
– Ҳе, баттар бўлди. У кишини ишдан олишди. Кетди. Тамом. Сояи-давлатимиздан айрилиб қолдик. Вой-вой-ээй, энди нима қилдим-эй… Вой, пушти-паноҳим-эй, армон билан ташлаб кетган акам-э-эй…
– Э-э, секинроқ-э. Атрофдагилар қарашяпти. Бу ер ахир ошхона-ку. Секинроқ… Худди отанг ўлгандай йиғлайсан-а. Кетса кетибди-да бир раҳбаринг. Яна бирови келади. Ишлайвер-да ким бўлса ҳам… Ҳе сени қара-ю…
– Ҳо-о, йиғламай бўладими? Отам қилмаган яхшиликларни қилган. Отамдан улуғ эди. Ҳаҳ, шўр пешонам-а… Энди қандай яшайман. Қандай ишлайман. Танимаган, сирдош бўлмаган одамга қандай қилиб кулиб қарайман, қандай қилиб эгиламан. Бошим қотган. Ҳе-е, аввалги хўжайин жуда валломат одам эди-да. Ўзи қатори мени ишга олган. Икковмиз бир тан-бир жон эдик. Бир майизни бўлиб ер эдик. Йўқ, йўқ, каттароғини унга берганман. Нима иш қилар бўлса мени чақириб маслаҳат сўрарди. “Парпибой ундоқми, Парпибой, бундоқми”. У кишининг сояси эдим, сояси. Бошқа одамлар иши бўлса, аввал менга учрашарди:
– Парпибой, хўжайинга айтиб қўйинг…
– Парпибой, бир ёрдам қилиб юборинг…
– Қаранг-а, давр келса бир келаркан-да. Ҳаммаси совун кўпигидай пақ этди-ю йўқ бўлди. Э, воҳ! Энди бўлса, мана, нима қилишни билмай бошим қотган. Ўзи асли вазифамнинг ҳам тайини йўқ эди. “Фуқаро мудофааси”дан ойлик олардим-у, бундай олганда, хўжайиннинг иш бошқарувчиси эдим. Хотиним эса хўжайин меҳмон кутадиган меҳмонхонада ошпаз эди. Майда чайна-аб еб ётган эдик. Бу бошлиқ келгандан бери… Уф-ф, давления бўлай деяпман. Алламбало ҳужжатларни сўрайдими-ей. Йигирма йилдан бери ҳеч кимга керак бўлмаган “Граждан мудофааси” энди керак бўлиб қолди. Ҳамманинг тақдири шунга боғлиқ эмиш. Тавба! Умримда кўрмаган “противогаз” деган нарсани сўрайдими-ей… Ҳе, савил жуда майдакаш экан. Одам хўжайин дейишга тил бормайди. Ҳе, савлатингдан ўргулдим. Қилтириқ… Жир йўқ. Пасткашлигини қарангки, ҳамма қатори ошхонага чиқиб овқатланадими-ей. Ё тавба! Умрим ўтиб бундай раҳбарни кўришим. Хизмат машинаси туриб, ишга пиёда келади. Ичмас, чекмас эмиш… Қаранг, шундай раҳбар ҳам бўларкан-да. Тили заҳар, фақат камчиликни топиб сўккани-сўккан. Кабинетма-кабинет юриб, ўзи маълумотнома йиғади. Секретари бор, бўмасам. Атайлаб шундай қилади, ишлаётибдими, йўқми деб. Ҳе-е, ҳамманинг дарди ичида. Ҳамма ўзини иш билан овутади-да, бўмасам, яшаш қийин… Бир куни бурнимни кавла-аб, хаёл суриб ўтирсам, кириб қолди. Бир савил қоғозни сўради, топиб беролмадим. Ўзи йўқ эди-да Бир нима деб ғўнғиллаб кетди, ўтакам ёрилаёзди. Кейин билсам, “сизни ўқитиш керак” деган экан-э, мен эса унинг гапини “сизни йўқотиш керак” деб эшитиб, лабимга учуқ тошиб уч кун касал бўлиб қолдим десангиз. Þрагим ҳозир ҳам тез урадиган, санчадиган бўлиб қолган. Ҳе-е нимасини айтай, ишдан кетай десам, бўлак ишни эплай олмайман. Далада кетмон чопишга бўйин тоб бермайди, хуллас аросатда қолдим, ошна, аросатда… Ҳай майли, мен энди борай. Тушликдан кечикиб борсанг ҳам бирон баҳона топади, Ишқилиб, қилдан қийиқ ахтариб тепиб юборгунча янги ролимда ўйнаб турайчи… Чиқса чиқди, чиқмаса тамомда-е. Саҳна билан хайрлашамиз-да, начора… Ҳиҳ-ҳиҳ-ҳи-ҳи…