Сўнгги қийнолғон ёмондур,
Сўнгги қийнолғон ёмон.
Эркин Воҳидов.
Собиқ ширкат раиси Бердиёр Келдиёров неча кундирки, ўлим билан олишиб ётибди. Вужуди ўт бўлиб ёнади, аъзои бадани игна санчгандай ачишади. У шифтга боқиб, уҳ тортади, ингранади, тўлғонади. Гоҳо кўзига ёш олиб Яратганга ёлборади:
— Мунча қийнамасанг, э худо! Бундан кўра жонимни олсанг ҳам розиман…
Келдиёровнинг илтижоси етиб бормадими ва ё халлоқи олам бу осий бандасини синаб кўрмоқчими, ҳар қалай унга ажал фариштаси қайрилиб қарай демади.
Нозимахон кириб, эрининг бошига ўтирди.
— Тузукмисиз, отаси? Қаерингиз оғрияпти?
Келдиёров аранг лабларини қимирлатди:
— Жоним оғрияпти, кўнглим оғрияпти…
Келдиёров калласини болишга уриб оҳ чекди, тағин тўлғонди, ингранди.
Кунда-кунора дўхтирлар келиб-кетиб туришибди. Бироқ уларнинг муолажаси ҳам фойда бермади. Келдиёров кун сайин сўлиб борарди. У бедаво дардга йўлиққанга ўхшарди.
Бир куни Келдиёров уйқу дори ичдию бир лаҳзага кўзи илинди.
Тушига бошдан оёқ оппоқ либос кийган, басавлат қария кирди. У бўсағада Келдиёровга қаттиқ тикилиб турарди.
— Шунча йил бадалига сен ўзингни ўйладинг, — деди қария, — ўзганинг дарди билан ишинг бўлмади. Одамлардан астойдил кечирим сўрамасанг, жон азобидан қутулмайсан.
Келдиёров кўзларини очди. Мўйсафид ғойиб бўлган эди.
Нозимахон кирди.
— Уйғондингизми, отаси? Дорингизни берайми?
Келдиёров йўқ, дегандай бош чайқади. Хотинига ҳозиргина кўрган тушини айтди.
— Сиз Хизр Алайҳиссаломни кўрибсиз, — деди Нозимахон. У ўқимишли аёл эди. — У кишининг айтганини қилинг, зора дардингиз енгиллашса.
Келдиёров хаёлан ўтган умрига назар солди. Ўттиз йил у отдан тушмади. Ўттиз йил катта-кичик бир жамоага раҳбарлик қилди. Ҳа, энди раҳбар бўлгандан кейин бировга қаттиқроқ гапирасан, бировга юмшоқ гапирасан. Лекин.. тушидаги қария айтмоқчи, у фақат ўзини ўйладими? Қўл остидагиларнинг дардига дармон бўлмадими? Бировни ноҳақ ранжитдими? Олдига мадад сўраб кирган бирор кимсанинг ҳожатини чиқармадими?
Келдиёров одамлар олдидаги қарзини бўйнига олгиси келмасди: «Мен тепадаги катталарнинг топшириғини бажардим. Яхшими- ёмонми идорани тебратиб турдим. Нима гуноҳ қилибманки, ҳаммадан кечирим сўрасам. Ахир бировга ёмонлик қилмадим-ку?»
Шу он ғойибдан бир нидо келди: «Келдиёров, қўлингдан келган бир муҳтожга яхшилик қилмаслик, ёмонлик қилиш билан баробардир. Эсингни йиғ, танангга бир ўйлаб боқ, бу дунёга келиб, кимга не мурувват кўргаздинг?»
Келдиёровнинг ичига гўё типратикан кириб олгандек эди. У жим ётса, бемор ҳам бир лаҳза ором олади, қимирласа, жон-жаҳони ўртаниб, ўзини қўярга жой тополмай қолади. Ҳалиги ғойибона овоз гўё типратиканни туртиб уйғотгандек туюлди. Тағин Келдиёровнинг жигар-бағри пичоқ тилгандек ачишга тушди. Оғриқ кучайди. Азобнинг зўридан бемор терлаб кетди, ўзини ҳар ён ташлаб оҳ чека бошлади. Қўлини аранг чўзиб, қўнғироқ тугмачасини босди. Югуриб хотини кирди. Эрининг кўзлари бежо, у тўлғонар, нелардир деб ҳансирарди.
— Отаси, дўхтир чақирайликми, нима қилайлик? — деди Нозимахон ваҳима ичида.
Келдиёров бош чайқади.
— Йўқ, йўқ… — деди базўр, — дўхтир керак эмас… Ўғилни Эш…қувватовга юборинг. Тез келсин… мен од-одамлардан…узр сўрайман…
— Хўп бўлади, отаси, хўп.
Не ажабки, «узр сўрайман» дегандан сўнг Келдиёровнинг кўксини тимдалаётган типратикан бир неча сония тўхтагандек бўлди. Бемор бир кафт дорини оғзига солиб, кўзларини юмди.
Бирор соатда Эшқувватов етиб келди.
У Келдиёровнинг идорасида хўжалик мудири эди. Узоқ йил бирга ишлашди. Давлат Эшқувватов Келдиёровнинг ҳамтовоғи, ишонган кишиси эди. У кирганда бемор хийла ўзига келганди.
— Давлатбой, шунча йил бирга қатиқ ялашдик, — деди инқиллаб Келдиёров, — мана энди тўшакка михланиб қолдим. Беш кунлигим борми, йўқми, худо билади. Отамиз раҳматлик қазо қилганларида сиз ҳиммат қилиб, у кишининг йигирмасини ўтказиб бериб эдингиз. Мен аҳмоқлик қилибман. Эсим бўлса, падари бузрукворимнинг маъракасини бировнинг бўйнига қўяманми? Ўшанда қанча харж қилган эдингиз, айтинг, бугун худойи қарзимни тўлаб, отамнинг арвоҳини шод қилмоқчиман.
«Ажал элчиси эшик қоқиб келганда энди ақлинг кирдими, меъров? » деди ичида Эшқувватов. Бироқ сиртида қизариб кулди:
— Мен бу ишни фийсабилло савоб учун қилганман, хўжайин. Сиздан пул олсам, қилган савобим йўққа чиқади. Бир тийин ҳам олмайман.
— Оласиз! — деди Келдиёров пул чўзиб, — мени гўрда тинч ётсин десангиз, оласиз, Давлатбой. Бўлмаса мен рози эмасман.
Эшқувватовнинг раҳми келди. Собиқ бошлиғи у билан гўё видолашаётгандек эди.
— Майли, хўжайин. Иримига мана, икки шапалоқ олдим. Рози бўлинг.
— Сиз ҳам рози бўлинг. Баъзида ноҳақ гапириб ранжитган бўлсам, кечирим сўрайман.
— Сиздан гинам йўқ, хўжайин. Мингдан-минг розиман. Биз ота-боладек ишлашдик. Раҳмат.
Эшқувватовни кузатиб, Келдиёров бироз тин олди. Кейин ходимлар бўлимининг мудири Холиқуловни чорлатди. Мудир ўтириб, фотиҳа қилиб бўлар-бўлмас, Келдиёров мақсадга ўтди:
— Сизни узр айтгани чақирдим. Бир-икки марта курортга бориб, мени кўриб келдингиз. Анча чиқимдор бўлдингиз, қийналдингиз. Сизнинг олдингизда уятликман. Хизматларингиз учун қуллуқ, рози бўлинг.
— Э, одамни хижолат қилманг, Бердиёр ака, — деди шошиб Холиқулов, — сизни кўргани борган бўлсам, баҳонада ўзим ҳам дам олдим.
Келдиёров бош томонидан зарҳал қутича олиб, чўзди.
— Мана бу сизга. Оз бўлса-да, кўп ўрнида кўрасиз. Олинг!
Холиқулов, аччиқ тутунга йўлиққандек, иккала кафти билан ўзини елпиди.
— Қўйинг, одамни уялтирманг. Менга ҳеч қанақа совға керак эмас. Сиз соғайиб, ўрнингиздан туриб кетсангиз бўлди, шу бизга кифоя.
Келдиёров билагидаги тилло соатни ечди.
— Бўлмаса, мана бу соатни оласиз. Энди менга соатнинг кераги йўқ. Мендан эсдалик. Олинг!
Холиқуловнинг кўнгли суст кетди. Тилло соат оловдай чақнаб, кўзни ўйнатиб турарди.
— Манг, олинг. Олмасангиз хафа бўламан. Сиздан охирги илтимосим.
Холиқулов, «Жуда қизиқ бўлди-да, Бердиёр ака», деб бир лаҳза иккиланиб турдию соатга секин қўл чўзди.
Одатдагидек, ўпкасини қўлтиқлаб шофёри Сайрон Жаводов кириб келди. Келдиёров гапнинг индаллосини айтиб қўя қолди.
— Сиздан кўп қарздорман, Сайронбек. Бозор-ўчаримиз бўйнингизда бўлди. Эрта демай, кеч демай хизматимизни қилдингиз. Раҳмат. Чеккан заҳматларингизга рози бўлинг. Гоҳо жаҳл устида ёмон гапирган бўлсам, кечириб қўясиз.
— Йўғ-е, хўжайин. Сиз отамдек эдингиз. Боласини уришиб-сўккани отанинг ҳаққи бор-да. Кечирим сўраманг, сиздан ёмонлик кўрмадик…
Келдиёров ёстиқ остидан машина калитини чиқариб, Сайроннинг олдига ташлади.
— Бу ўзингиз базадан олиб келган «Жигули»нинг калити. Сизга совға қилдим. Шунча йиллик ҳалол хизматларингиз бадалига. Олинг, мендан эсдалик бўлсин. Олмасангиз, виждоним қийналади, кўзим очиқ кетади.
Келдиёров ўлаётганга ўхшарди. Сайрон ноилож калитни олди. Собиқ хўжайинининг нимжон қўлларини сиқиб қўйди.
— Ўлманг, хўжайин, худо хоҳласа ўрнингиздан туриб, отдай бўлиб кетасиз.
— Қайдам. Буни Оллоҳ билади.
Келдиёров Холиқуловга айтиб, илгари бирга ишлашган ходимлардан уч-тўрттасини чақиртирди. Улардан узр сўради. Ризолик тилади. Ходимлар Келдиёровнинг қуриган оғочдек хазон бўлиб бораётганини кўриб туришарди. Уларнинг кўнглидан бу кимcа етказган озор ҳалиям кетмаган эди. Бироқ, азбарои ўзбекчилик, деб Келдиёровнинг узрини қабул қилишди, «Сиздан гинамиз йўқ, илоё, ўзи шифо берсин», деб чиқиб кетишди.
Тавба-тазарру билан беш-олти кун ўтди. Келдиёров шифтга қараб ўй суриб ётибди. Одамлар олдида унинг яна бир азим гуноҳи бор эди. Бу гуноҳи учун у қайга бориб бош уришини билмай, лол эди, ҳайрон эди. Ҳар сафар қилган қилмиши эсига тушса, иситмаси чиқиб кетар, ўзини лаънатлашдан ўзга чора тополмасди.
Бу воқеага кўп йиллар бўлди. Бир куни уни даҳрийлар идорасига чақиришди.
— Келдиёров, сизга муҳим топшириқ бор, — дейишди, — фалон туманда одамлар жуда динга берилиб кетибди. Авлиё, деб эски бир мозорга сиғинар эмиш. Ҳатто балиқларга ҳам авлиё балиқ, деб ном қўйиб олишибди. Сиз бориб, ўша мозорни буздириб ташланг. Балиқларни ҳам йўқотинг. Токи меҳнаткаш халқ қайтиб у ерга қадам босмайдиган бўлсин. Тушундингизми?
Келдиёров у пайтлар «дин — афъюн» деган cохта сафсатага ишонар эди. Айтилган туманга етиб борди. Қоратепа деган қишлоқ чеккасида хароброқ бир ҳужра бор экан. Ҳужра олдида кекса қайрағоч.
Дарахт шохларига олақуроқ латта-путта илинган. Ҳужра ёнбошидаги мўъжазгина кўлда билакдай келадиган қопқора балиқлар ўйноқлаб юрибди.
Келдиёров булдозер топтириб, авлиёнинг турбатини буздириб ташлади. Кўлга машина-машина шағал тўкдирди. Қайрағочни таг-туги билан қўпортириб ташлади. Халқ зиёрат қилиб, руҳан таскин топадиган масканни ҳам, одамлар кўнглини ҳам вайрон этиб, изига қайтди.
Яна бир сафар, фалон маҳаллада яширинча сумалак пиширилаётган эмиш, деган хабар эшитди. Шотирларини қабатига олиб етиб борди.
Биқиллаб қайнаётган хушбўй сумалакка ярим челак селитра солдириб, бир қозон таомни ҳаром қилди. Болалар чириллаб йиғлади, аёллар қарғади:
«Илоё жувонмарг бўл! Илоё, қийналиб ўлмасанг, икки дунё рози эмасмиз!»
… Келдиёровнинг қулоғи шанғиллади, юраги гупиллаб урди. Кўз олдига қақшаб йиғлаётган болалар, ер муштлаб уни қарғаётган аёлларнинг эгик бошлари келди. «Ҳа, менга қарғиш теккан, — деди ичида у, — ана энди жазоимни тортаяпман».
Келдиёров билади, энди бош эгиб, узр сўрайдиган кимсанинг ўзи йўқ. Энди умид — ёлғиз Оллоҳдан. Бир куни у тонг отгунча яратганга тавалло қилди:
«Ў парвардигори олам, биламан, кечирилмас гуноҳ қилдим. Халқнинг кўзига тупроқ сочдим, иймонига чанг солдим. Мингдан-минг пушаймонман. Жон халқумга келди, омонатингни олгину мени бу азоблардан халос эт, худойим! Тавба қилдим, тавба қилдим, тавба…»
Тонгга яқин унинг кўзи илинди. Эрталаб хотини кирди. Эри кулиб ётганга ўхшарди. Нозимахон, «Отаси, дорингизни ичасизми?» деб сўради. Эри индамади. Нозимахон уни бир-икки чайқаб кўрди. Келдиёровнинг калласи шилқ этиб, ёнбошига ағдарилди.