У бутун хонани эгаллаган хонтахтага, гажимдор дастурхон устини безаган ярқироқ чинни идишларга, “чақ-чуқ”лари яримланиб қолган биллур вазачаларга, шоколадларидан бўшаб қолган зарҳал тақсимчаларга боқаркан, беихтиёр узун сўлиш олди. Девор бўйлаб тўшалган духоба кўрпачаларнинг устига парвосиз ташланган ёстиқларга, кечагина кўрган кўзни ҳаваслантириб яшнаган, бугун эса олд пардаси йиғиштириб олинганига кемтикланиб қолган гўшангага кўзи тушгач, ич-ичидан хўрсиниқ келди. Шу пайт ташқаридан идиш-товоқларнинг шарақлагани, сувнинг шовуллагани эшитилди.
Шошиб уйдан чиқди. Ҳовлида, сўри тагига ўрнаштирилган қатор столлар устида ювиб тўнкариб қўйилган косалар, пиёлалар, лаганлар тўп-тўп бўлиб уйилган, бўй етган жиянлари ўзаро қиқирлашиб, тоғораларни чайишар эди. Нарироқда ўспирин ўғли ҳовлининг гир четига терилган енгил пластмасса курсиларни йиғиб, тахлайди, эри қўл телефонини қулоғига босиб олганча, хушнуд, ким биландир гаплашади.
У шундагина уй ичига нега кирганини эслади. Дастурхон устини йиғмоқчи эди. Ортига қайтди. Писта-бодомларни халтачага соларкан, қанчалар чарчаганини ҳис қилди.
Барибир юмушини охирига етказолмади. Юраги сиқиб келаверди. Халтани шундоққина оёқ остига ташлаб, нариги хонага, қизининг ётоғига ўтди. Бу ер ҳам бесаранжом, курсилар суянчиғида жиянларининг узун этакли кўйлаклари, тошойна устида тароқ, упа-эликлар жойланадиган мўъжаз чарм жилдчалар, сочни жингала қиладиган симли темир қисқичлар, гилам устида баланд пошнали ялтироқ пойафзаллар…
Кимдир шошиб ёпганидан кийим жавонининг эшиги четидан бинафшаранг кўйлакнинг этаги “мўралаб” турибди, каравот устида қизининг қаймоқранг никоҳ кўйлаги тахлоғлиқ, тахлам устида биллур тошчалари ярқираган чиройликкина тож… Шундагина юрагини нима сиқиб келаётганини англади. Қизи, йигирма бир йил бағрида авайлаб юрган Камоласи энди ёнида йўқ. Тожни қўлига олиб, ҳафсала билан, ҳар битта тошчасини, ҳар бир безагини бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Кейин кўйлакнинг тахламини ёзиб, томоша қилди. Кечагина қизи мана шу либосда яшнаб эшикдан чиқиб келган эди, бўй қизларнинг ҳавасларини келтириб, зарбоф тўнга ўранган куёвнинг ёнига тушиб жўнаган эди. Кўйлакни юзига босиб кўрди. Силлиқ шойи кафтлари орасидан майин сирпаниб ўтди. Либосда билинар-билинмас олма ислари қолибди. Бу Камола севган атирнинг ҳиди эди.
Тўлиқиб йиғлаб юборди.
…Камоласи жуда қақажон эди. Эсида, рўзғорлари эндигина бўлак бўлиб, Сирғалидаги янги қурилган уйларига кўчиб ўтишган пайтлари. Сирғалидан шаҳар марказига, ота-онасини кўргани келиб-кетиш анча маҳол, автобуслар доимо тирбанд бўларди. Бир сафар автобусга чиқадиганлар шунчалик кўпайиб кетдики, Камолани бағрига босиб олганча, туртина-суртина зиналардан юқорига аранг чиқиб олди. Ўриндиқларнинг ҳаммаси банд эди, қизчасини бир қўллаб кўтарганча иккинчи қўли билан пайпасланиб ушлаб туришга тутқич излай бошлади. Камола бошини адл кўтариб, у ёқ-бу ёққа аланглади-да: “Болали онага жой бейингла”, – дея қичқирди…
…Ўшанда Камоланинг қилиғини неча кунгача гапириб, кулишиб юришган эди.
Камоланинг бу қақажонлиги кейинроқ ажиб бир зукколикка, зарифликка айланди. Қизгинаси ҳар нарсага кутилмаган, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган таъриф топа билар эди. Бир куни қайнонаси кулганча: “Бу қизимга Зарофат деб исм берсак ҳам бўлар экан”, – деса, қайнотаси илжайиб: “Бувисининг ёшлиги-да”, – деганди…
Аёл қизининг зукколигидан бир ғурурланса, бирда чўчирди. “Қизларнинг ювош бўлгани тузук, дерди онам, ўзим шундоқ эдим, бу қақажон қурмагур… Ҳамма ҳам хотиннинг ақлли бўлишини ҳоҳламайди-да! Ишқилиб…”
Бир куни, навбатдаги совчини кузатгач, хавотирини эрига айтди. Эри яйраб кулди.
– Камолага, худо ҳоҳласа, ақлли хотинга уйланишни истайдиган йигит учрайди. Ҳеч қўрқма! Сен отам билан онамга қара!
Ростдан ҳам, қайнота-қайнонаси кам учрайдиган, ажиб бир жуфтлик эди. Аёл икковига ҳавас билан қараган пайтлари кўп бўлган. Қайнонасидаги тўлиб-тошган ғайрат, зукколик, қайнотасидаги вазмин закийлик ажойиб бир тарзда уйғунлашган эдики, уларнинг бир-бирларига қилган мурожаатларининг ўзи ибратомуз томоша бўлар эди.
– Акмал менга тортган, – дерди кўпинча қайнонаси. – Сиз, ё тавба, худди дадангизнинг феълини кўчириб олгандайсиз.
Яратганнинг қудрати ҳайратомуз: ўзи бино қилган гўзал уйғунликни бандаси олдига у ёки бу талқинда қайтаравераркан. Она ўша куни уйига кириб келган совчи хотин билан бир-икки оғизгина гаплашибоқ дили ўз-ўзидан равшан тортди. Ўрта бўй, қорамағиз совчи аёлнинг сокин овозда, ипга тизилган мунчоқдек бир текис терган сўзларига маҳлиё бўлганидан, сўрайдиган саволлари ҳам ёдидан кўтарилди. “Жуда истарали хотин экан, – ўйлади беихтиёр. – Гап-сўзлари бирам маънили…”
Оқшом эрига “ахборот” берди. У хотинининг сўзларини эшитиб ўтирди-ўтирди-да:
– Совчи сенга маъқул кепти, шекилли… – деб илжайди. – Жуда… батафсил таърифладинг?
Аёл тутилиқди. Ўйлаб қараса, совчи аёлнинг феълида ўзини кўзгуда кўргандек бўлган, шунинг учун дили ёришган, кўнгли исиган экан!
Йўқ, қизи яхши жойга тушди. Куёв ўзига ҳам жуда ёқди. Қизига эса инчунин…
…Унинг Камоласи оқшом чоғи бир қўлида алвон гулдаста, иккинчи қўлида ширинлик солинган катта қути билан остонада кўринганда юраги бир қалқиди. Қизининг эгнидаги зумрад рангли соддагина кўйлак, оёқларидаги қошиқдеккина туфли кўзига худди суратли китобчаларга чизилган қўғирчоқларнинг безакларига ўхшаб кўринди. Камола остона ҳатлаб ўтди-ю, онасига кўзи тушиб, “дув” қизарди, нима қиларини билмай, тўхтади. Бошини солинтирганча, салом берди.
Она бўғзига йиғи тиқилиб келаётганини сезиб, шошиб алик олди.
– Кел, қизим, – деди овози титраб. – Уйга кир. Даданг ҳам келиб қолади.
Кейин ўзи ҳайрон бўлди. Нега йиғи босиб келяпти? Қизи бўй етгандан бери шу кунни орзу қилмаганми эди? Кўзига чиройли кўринган нимаки мато бўлса, Камоласига илинмаганмиди? Эрталаб отаси розилигини билдириб, Камолага фотиҳа берганда шу кунларга етганига шукурлар қилмаганмиди? Нега кўзларига ёш тўлиб кетди?
Назарида қизалоғи, Камоласи бирданига улғайиб қолди. Чеварникидан сарполари олиб келинганда аввало қайинсинглиси, кейин овсини, кеннойиси айвонни тўлдириб ўтириб олишди-да, Камолага кўйлакларини бир-бир кийгазиб томоша қилишди. Она бошига авайлаб қўндирилган ипак дўппи устидан зар сочилган рўмолни ташлаб, майдатароқ адрас кўйлак-лозимда бир-бир босиб чиқиб келган қизини кўрганда юраги бир шувиллади. Қариндошлар ўзаро кулишиб, ҳазил-ҳузул билан Камолани яна либос алмаштиришга ундашди. Қиз қизаринқираб бошқа бир кийимни, узун мовий кўйлак устидан заррин нақшлар билан зийнатланган нимчани кийиб, бошига чиройли дуррачани ўраб чиқди. Аёллар чувиллашиб олишди. Она эса қариндошлари шовур-шувур қилишгани сайин юраги тушуниксиз бир ҳисдан тўлиқиб бораверди. Қизи болалик оламидан аллақачонлар чиққанини ақлан тушунса-да, неча йилдан бери совчи кутиб, Камоласини хаёлан келинлик либосида кўриб юрган бўлса-да, ўша дамда, чиройли ипак либослар қучоғида яшнаган қизини кўрганда кўзларига ишонмай тураверди. Қизи, қизалоғи улғайибди! Аёллик дунёсига қадам босиш арафасида турибди! “Илойим, қадамлари енгил бўлсин!” – деб шивирлади беихтиёр.
Бир вақт кимдир елкасига аста қўлини қўйди. Она шошиб кўзларини артди.
– Ойи, чарчадингиз, дам олинг, қолган ишларни ўзимиз тугатиб қўярмиз, – деди кенжа қизи, Наргизаси меҳрибонлик билан.
Она индамай бош силкиди. Нариги хонадан жиянларининг кулгиси, чиннининг жаранглагани, патнисларнинг шарақлагани эшитилди. Аёл кўзларини рўмоли учлари билан артиб, эшикдан мўралади. Наргиза опасининг уй кўйлагини эгнига илиб олибди. Она беихтиёр кулимсиради: “Эгачим эрга тегди, эскиси…” дейишармиди?”
Кейин яна кўнгли бузилди. Юмушга андармон бўлишга уриниб, уй ичида кезина бошлади. Бир нарсаларни йиғиштирган бўлди: майда-чуйда буюмларнинг бирини у ёққа, иккинчисини нариги ёққа олди, жавонларнинг ичига нималарнидир тиқди, кенжаси эса ҳали у томонга, ҳали бу томонга ўтар, даста-даста чинни, тахлам-тахлам сочиқ, дастурхонлар кўтариб юрар, уни кўргани сайин онанинг юраги янада тўлиқарди. Назарида уй ичида юмушга уриниб юрган Наргиза эмас, Камола эди. “Ё тавба, уй тўла одам-ку, юрагимнинг ҳувиллашини қаранг”, – ўйлади беихтиёр.
– Амма, ўзимиз уддалаймиз, чарчагансиз, дам олинг, – дея бижирлади жиянларининг бири.
– Иш тугаб қолди, дам олаверинг, кеннойи, – деди иккинчиси.
Аёл ҳовлига чиқди. Эри ҳамон қўл телефонини қулоғига босиб олганча, ким биландир берилиб гаплашар, ўғли эса бир тўп ўртоқлари билан ҳангомалашганча, қозон-ўчоқни кўтариб, аравага ортишарди.
Она уҳ тортди. Шу топда эри билан гаплашгиси келди, ҳеч бўлмаса, пиёзнинг нархини муҳокама қилишса ҳам майли, фақат гаплашса, кўнгли ёзилса бас…
Аммо эри телефондан ортадиганга ўхшамасди. Яна кўзларига ёш келди. “Бу уйда дардимни англар киши борми ўзи?” – деб ҳайқиргиси, оламни бузгиси келди. Сал ўтмай, ўзидан ўзи уялди. Хўп, дардингни айт, дейишса, у нима дейди? Қизимни узатдим, энди юрагим сиқиляпти, ҳаммаёқ ҳувиллаб қолди, дейдими? Қиз узатган фақат сенми? Агар шу дардга чидолмасанг, қизингни олиб ўтиргин эди, дейишмайдими?
Шу пайт кимдир келиб билагини сиқди. Бошини кўтарди. Эри.
– Бас энди, кўзингни арт…
Аёл кафтлари билан қовоқларини ишқади. Жилмайишга уринди. Лекин лаблари сал тортилди, холос.
– Наргиза опасининг кўйлагини кийиб олибди, – деди. – Яна у ёқдан-бу ёққа ўтаверади, ўтаверади…
Эри илжайди:
– Майли… Энди бу ёғига… сандиғингни тўлатаверасан…
Онанинг ўпкаси тўлиб кетди. Эркак бошини чайқади: “Етар энди…”
“Тушунмади, – хўрсинди аёл. – Тушунмади-я…”
Бу дардни тўлиғича фақат она англай олади. Бир вақтлар унинг ўзи оппоқ келин либосида, карнай-сурнай садолари остида эрининг уйига кириб келган эди. Шунда онасининг кўнглидан нималар ўтган, ўйламабди ҳам. Ажаб ҳикмат, кеча унинг қизи карнай-сурнайнинг шодон суронига кўмилиб, жўнади. Онасининг дилидан нелар кечганини эса, турган гап, билмаган, англамаган…
Қизларнинг чекига тушгани шу экан-да! Аввало ота-онасининг кўнглини яшнатар, кейин қуш мисол учирма бўлиб, ўзга оилани гуллатар экан.
Энди ўйласа, карнайнинг “ваҳа-ваҳа”си куёв томоннинг тоғдан ошар шодлигини, сурнайнинг ҳазин ноласи келин томоннинг ғусса аралаш қувончини тасвирлар экан. Тўйнинг олағовур хурсандчилиги алдамчи бир томоша, қизини бағридан юлиб олиб бераётган онанинг дилидаги оғриғини ўлдириб турадиган дори экан, чиройли сарпо-суруқ, сават-сават патиру, ҳолвалар, ширинликлар билан, карнай-сурнай, ноғора билан келишиб, она бечоранинг кўнглини овлаган бўлишар экан-у, кўзининг гавҳарини, қалбининг оташини қанотларига олиб кетишаркан! Яна шуниси қизиқки, оналарнинг энг катта орзуси мана шу кунга етиш экан!
Бир пайт Наргиза қўлида телефон кўтарганча югуриб келди:
– Сизни аммам сўраяптилар.
Телефонни қулоғига тутди, нариги томондан қайинсинглисининг шодон товуши келди.
– Чарчоғингиз тарқай деяптими, кеннойи?
– Раҳмат, – деди аёл ҳорғин.
–– Ҳали кечроқ олдингизга ўтаман, – давом этди қайинсингил. – Эртага тағин шошиб қолмайлик.
– Нимага?
– Вой, тавба! Қуданикига йўқлов жўнатмаймизми?
– Ҳа-я… – жавоб қилди аёл паришонҳол.
Қайинсингил шарақлаб кулди:
– Бу ёғига энди, кеннойи, қудачилик дегани бошланди.
Аёл беихтиёр жилмайди.
– Лекин тўй жуда чиройли ўтди, илойим борган жойида униб-ўссин, – алқади амма.
– Айтганингиз келсин! – деди она жавобан. Ўзи эса ўйлади: “Ростдан ҳам, тўй жуда чиройли ўтди”.
“Саодат” журнали 2018 йил 7-сонида босилган