Равшан Йўлдош. Арвоҳ иши (қисса)

1

Тушимда бармоғига узук таққан сичқон қопқон кў­тариб мушукни қувлаб юрганмиш… Кўнглим хижил бўл­ди. Тушимга сичқон кириши яхшиликкамас, бунга бир неча бор амин бўлганман. Қайси куниям сувга калла ташлаётган сичқонни туш кўргандим. Эртасига қайнонам томондан хунук хабар келди: қайнотам тўйда араққа бўккан экан, аксимни кўраман деб қудуққа эгилиб пастга қулабди!
Қўлимдаги ручкани стол устига ташлаб ўрнимдан турдим. Кўрган тушим сира хаёлимдан кетмаяпти. Беҳудагамас бу. Қандайдир нохуш воқеа юз берадиган кўринади.
Эшик очилиб, бўлимимиз бошлиғи подполковник Шарипов билан 50-55 ёшлардаги узун бўйли, озғин аёл ичкарига кирганди. Аёлга разм солдим. Оқ-қора аралаш сочлари калта қирқилган, қарашлари ниҳоятда жиддий, ёноқ суяклари бўртиб турган юзида юпқа упа қатлами сезиляпти. Чап қўлида тилла соат, ҳар бармоғида биттадан тилла узук. Умри буйруқ бериш билан ўтаётгани шундоққина сезилиб турган кибор хоним!
– Танишинг, Салима Ҳикматовна, – тилга кирди под­полковник. – Капитан Акбаров. Бўлимимизнинг таж­­­рибали ходимларидан.
Аёл – Салима Ҳикматовна бош ирғади.
– Танишганимдан хурсандман. Ўтирсам майлими?
– Бемалол. Капитан, Салима Ҳикматовнага диққат билан қулоқ солинг. Кейин, хонамга кирасиз.
– Хўп бўлади, ўртоқ подполковник.
Подполковник Шарипов чиқиб кетганидан сўнг, стол орқасига ўтиб курсига жойлашдим.
– Туғилган йилингиз? Манзилингиз?
– Туғилган йилим шартми?
– Шарт бўлмаса сўрамасдим.
– 55 ёшдаман. Мучалим сичқон…
Яна сичқон! Жин урсин!
– Қулоғим сизда, – ғўлдирадим Салима Ҳикма­тов­на ҳақидаги маълумотларни қоғозга туширганимдан сўнг.
– Арвоҳларга ишонасизми?
– Кечирасиз?..
– Арвоҳларга ишонасизми, деб сўраяпман.
– Бунинг ишга алоқаси борми?
– Бор.
– Дейлик, ишонаман. Муддаога ўтинг.
– Мен арвоҳдан шикоят қилиб келдим, ўртоқ капитан.
Салимага тикилиброқ қараб қўйдим. Юз-кўзлари, ўзини тутиши, оҳангидан маст ёки эсини еган аёлга ўхшамайди. Аммо, муддаоси ғалати. Арвоҳдан шикоят қилиб келганмиш! Тағин қаерга? Милицияга!
– Кечирасизу, биз арвоҳлар билан эмас, тирик қонунбузарлар билан шуғулланамиз…
– Бу ерга беҳуда келибсиз демоқчимисиз?
– Йўқ. Мен нима учун айнан арвоҳдан шикоят қилиб келганингизни тушунолмаяпман. Нима, қачон, қаерда каби саволлар кўндаланг туриб қоляпти. Демак, қулоғим сизда!
Салима сўлғин тин олди. Сўлғин тин олди-ю, қад­дини ғоз тутиб хонага кирган кибрли аёлдан асар ҳам қолмади. Унинг ўрнида бутунлай гангиб қолган ожиз, ёши ўтган аёл пайдо бўлганди.
– Мен Ҳасан Жабборнинг хотиниман, – тилга кирди у яна сўлғин тин олиб, – Эримни танисангиз керак. Иккиланиброқ бош ирғадим. Ҳасан Жаббор ҳа­қида эшитганим бор. Адашмаётган бўлсам, бир йилми, бир ярим йилми олдин оғзидаги луқмани ютишга ҳам сабри чидамай шундоқ дастурхон ёнида жон берган экан.
– Эрим раҳматлик пулдор одам эди, – давом этди Салима. – Ўлимидан олдин менинг номимга, банкка катта пул қўйганди. Икром Рустамовичнинг банкига. Икром Рустамовични танисангиз керак?
Бу сафар комил ишонч билан бош ирғадим. Ик­ром Рустамович шаҳардаги банклардан бирининг хў­­жайини эди. Бу одам ҳақида гап кетса ҳар ким ҳар хил фикр билдирар, дўстларига қулоқ солинса у жуда инсофли, ўта ҳалол инсон, душманларининг наздида эса, дунёда унданда маразроқ жонзотнинг ўзи йўқ эди.
– Эрим менинг номимга қўйган пуллар оламдан ўтганимдан сўнг фарзандларимиз – Шермат ва Даврон Жабборовлар орасида тенг тақсимланиши керак эди…
Учинчи марта сўлғин тин олган Салима Ҳик­ма­товна жимиб қолди.
– Нима, пулларни фарзандларингизга қол­дир­масликка қарор қилдингизми?
– Гап пулдамас. Аниқроғи, пулда… Эрим оламдан ўтганини айтдим. Бироқ, у мени безовта қиляпти.
– Ким безовта қиляпти?
– У… Эрим. Кейинги уч кун ичида эримнинг… ўзи ёки руҳи икки марта ёнимга келди. Уйқумда эмас, ўнгимда ёнимга келди, мен билан гаплашди. Сиз менга ишонмаяпсиз-а?
Жавобни ҳаяллатдим. Тўғри, шу ёшга етиб арвоҳни ўз кўзим билан кўрганим йўқ, бироқ бу дегани арвоҳ йўқ нарса дегани эмас. Яхши-ёмон руҳлар ҳақида турли гап-сўзларни эшитганман. Аммо, шу пайтгача бирон кимса милицияга арвоҳдан шикоят қилганини эшитмагандим.
– Эрингизнинг руҳи нима учун сизни безовта қи­лаётгани мени қизиқтириб қўйди, Салима Ҳикматовна. Мен билан гаплашди дедингиз. Нима ҳақда гаплашдинглар?
– Эримнинг руҳи биринчи марта келганида банк билан тузган шартномани ўзгартиришимни сўраганди.
– Кейинги келганида-чи?
– Талаб қилди.
Стол устида турган ручкага қўл чўзарканман пешонам тиришганини ҳис қилдим. Талаб қилганмиш! Қачондан бери арвоҳлар банкдаги пуллар билан қи­зиқадиган бўлиб қолишди?!
– Қайси маънода ўзгартиришингизни сўради? Фарзандларингизни пулдан маҳрум қилишингизни талаб қилдими?
– Йўқ. Битимни ўзгартир деб уч марта айтди. Бош­қа нимадир дедими-йўқми, билмайман. Ҳушимдан кетиб қолдим.
– Ҳасан Жабборнинг руҳи банк билан тузган би­тимни ўзгартиришингизни талаб қилган бўлса… Очиғи, ёнингизга келган руҳнинг арвоҳларга ярашмайдиган қилиқ қилгани менга шубҳали туюляпти. Чунки шу пайтгача биронта арвоҳ банкдаги пул билан қизиққанини эшитмаганман. Келинг, бу муаммога бошқа томондан назар ташлаймиз. Фарзандларингиз – Шермат ва Даврон Жабборовлар…
– Бу ишга фарзандларимнинг алоқаси йўқ, ўртоқ капитан! – сўзларимни чўрт кесди Салима қошларини чимириб.
– Мен сизга алоқаси бор деганим йўқ.
– Биламан, сиз эримнинг руҳи келганига ишонмаганингиз учун фарзандларимдан гумон қиляпсиз. Умуман олганда, сизни тушуниш мумкин. Сизлар ишни гумон қилишдан бошлайсизлар ўзи… Аммо, айтиб қўяй, фарзандларим жуда меҳрибон, тўғрисўз, ниҳоятда ҳалол йигитлар. Истардимки…
– Қайтариб айтаман, Салима Ҳикматовна, мен, жуда бўлмаганда ҳозирча, ҳеч кимдан гумон қи­лаёт­ганим йўқ. Саволларимга қисқа ва лўнда жавоб қил­сангиз муаммога тезроқ ечим топган бўлардик. Уйин­гизда сиз билан фарзандларингиздан бошқа одам яшайдими?
– Йўқ. Яъни, яшайди десам ҳам бўлаверади. Уй хизматчим бор. Холбой. Холбой Норбоев. Уйи қиш­­лоқда бўлгани боис, ҳафтада уч кун бизникида ётиб қолади. Ҳовлимизда унга атаб кичкина уйча қур­дир­ган­миз. Холбой жуда ҳалол, мўмин-қобил, диё­натли йигит.
Ҳаммаси халол, ҳаммаси диёнатли, дедим ўзимга ўзим Холбой Норбоев ҳақидаги маълумотларни қо­ғозга туширарканман. Салима Ҳикматовна тирик фаришталар орасида яшаркан, қаранг!
– Эрингизнинг арвоҳи келганида Холбой Норбоев уйингиздамиди?
– Энди уй хизматчимдан шубҳаланяпсизми?
– Мен савол беряпман.
– Бизникида эди. Бироқ, ундан шубҳаланманг. У жуда ҳалол…
– …мўмин-қобил, диёнатли одам эканлигини эшит­­­дим. Келинг, муддаога қайтамиз. Эрингизнинг фар­­­зандларингиздан бошқа меросхўрлари борми?
– Йўқ, – деди Салима “яхшиям йўқ” демоқчи бўл­ган одам оҳангида, – Эрим болалар уйида тарбиялан­ган. Ака-ука, опа-сингил каби мерос талашадиган қа­риндош-уруғлари йўқ.
– Балки…
– Ноқонуний туғилган болалари ҳам йўқ! Илтимос, эримнинг хотирасини ҳақорат қилманг!
– Мен муаммога ечим топиш учун ҳаракат қиляп­ман, Салима Ҳикматовна. Шунинг учун, саволларимдан оғринманг. Арвоҳ қачон, қандай вазиятда пайдо бўлгани…
– Бу ҳақда, сизларнинг тилингиз билан айтганда, воқеа юз берган жойда, яъни уйимда гаплашсак дегандим. Бугун қишлоққа кетаман. Ота-онамнинг қабрини зиёрат қилмоқчиман. Сизни эртага уйимда кутаман.
Салима яна умри буйруқ бериш билан ўтаётган кибрли аёлга айланиб бўлганди. Шунинг учунми, хайр-маъзурни қиёматга қолдириб эшикка йўналди.
– Бир дақиқа, – ғўлдирадим унинг бу қилиғини маъ­қулламай ўрнимдан турарканман, – Бу ерга келганингиздан фарзандларингизнинг хабари борми?
– Йўқ! – Салима тутқичга қўл чўзди.
– Ҳозирча бу ҳақда уларга айтмасангиз яхши бў­ларди.
– У ҳолда, уйимга борганингизда сизни ким деб та­ништираман? Суғурта агенти дебми?
– Йўқ. Суғурта агентларини жиним суймайди. Банк юристи сифатида уйингизга борсам нима дейсиз? Ё сизда бошқа таклиф борми?
Бир муддат ўйга толган Салима Ҳикматовна лом-мим деб оғиз очгани йўқ. Бош ирғаб қўйди-да эшикни очди. Эшик ёпилгач стол устида ётган қоғозни олиб подполковник Шариповнинг хонасига йўл олдим.

2

Шарипов ҳам не дер эди?
Топшириқ берди. Жиддий ишлашни, зарурлигини уқтирди. Мана, ўша аёл яшайдиган маҳалла испекторнинг эшигига рўбарў бўлиб турибман.
– Мумкинми, кирсак?
Елкалари кенг, гўштдор юзли, катта лейтенант Ҳа­кимов қўлидаги қоғоздан нигоҳини олиб менга қаради.
– Жиноят қидирув бўлими ходимларига эшигимиз ҳар доим очиқ! Чунки, сизлардан эшикни ёпиб қутулишнинг иложи йўқ, барибир очишга мажбур қи­ласизлар… Хуллас, хуш кўрдик, ўртоқ капитан!
– Хушвақт бўл. Безовта қилмадимми, Ботир?
Қўл олишдик. Ҳакимов курсига ишора қилди.
– Безовта қилмадим деб ҳисоблайвер. Бу ерда нима қиляпсан, Фаррух? Шу иссиқда жиноятчиларни овлаяпсанми?
Унинг ҳазилига муносабат билдирганим йўқ. Япа­лоқ папкамни очиб бир варақ қоғоз суғурдим.
– Мени сенинг участкангда яшайдиган, аниқроғи, яшаган бир одам қизиқтиряпти.
– Яшаган?
– Менга Ҳасан Жаббор ҳақида маълумот керак, Ботир.
Ҳакимов стол устида ётган сигарет қутисидан бир дона суғуриб гугуртга чўзилди.
– Бир йил олдин оламдан ўтган одам ҳақидаги маълумот нега керак бўлиб қолди деб сўраганим билан барибир айтмайсан. Шунинг учун, синчковлик қилиб ўтирмай муддаога ўта қоламан. Ёз. Ҳасан Жаббор. Болалар уйида тарбияланган. Исми Ҳасан бўлгани билан Ҳусани йўқ. Ким унга нима учун бундай исм қўйганини билмайман. Ёзяпсанми?
– Давом этавер.
– Эшитишимча, Ҳасан Жаббор 25 ёшида Ҳалима исмлик қизни севиб қолиб совчи қўяди ва…
– Адашаётганинг йўқми? Салимага совчи қўйган демоқчи эмасмисан мабодо?
– Индаллосини айтгунча саволга кўмиб ташламай охиригача эшит. Ҳасан Жаббор 25 ёшида Ҳалима исмлик қизга совчи қўйиб Ҳалимагамас, унинг опаси Салимага уйланган. Бунга нима дейсан?
Ҳеч нима дегани йўқ. Мен ҳам 25 ёшимда хотинимга совчи қўйгандим, аммо, хотинимнинг опасига уйланганим йўқ… Ғалати одам бўлган эканми Ҳасан Жаббор дегани?
– Ҳасан ака ғалати одам эди, – давом қилди Ҳакимов менинг ўйимни уққан мисол, – Шунақанги ға­лати қилиқлари бор эдики, эшитган одам ёқасини ушларди.
– Масалан?
– Масаланми? Бозорда ўтирадиган тиланчига бир миллион сўм садақа қилганини ўз кўзим билан кўр­ганман.
– Бир миллион сўмга бойиган ўша тиланчи қаерда ҳозир?
– Ҳалиям бозорда. Тиланчиликни ташлаб мева-чева билан савдо қиладиган бизнесменга айланган. Яқинда яп-янги “Малибу” сотиб олганини эшитдим. Хуллас, Ҳасан Жабборга таъриф бериш қийин. Бир қарасанг сахий, бир қарасанг ўларча зиқна… Бир оғиз сўз билан айтганда, ғалати одам эди, раҳматлик.
– Тушунарли. Салима Жабборова ҳақида нима дея оласан?
Елка қисиб қўйган катта лейтенант Ҳакимов ўр­нидан туриб деразага яқинлашди. Деразанинг бир та­ба­қасини очиб сигарет тутатгач оғзидан паға-паға тутун чиқариб тилга кирди.
– Бадавлат одамнинг хотинига айланган пулдор одамнинг қизи. Қўлини совуқ сувга урмай умри ўтаёт­ган аёл. Яна нима дейишим мумкин?
– Деярли ҳеч нима деганинг йўқ. Фарзандлари…
– Уларнинг фарзанди йўқ. Салима туғмаган.
Тағин унга савол назари билан қараб қўйишимга тўғри келди. Ҳазиллашяптими? Ё Ҳасан Жабборнинг иккита ўғли борлигини билмас эканми?
– Нега фарзанди йўқ деяпсан? Шермат билан Дав­рон-чи?
– Ҳасан Жаббор салкам 40 йил хотини билан бир ёстиққа бош қўйиб фарзанд кўрмаган, Фаррух. Бундан ўн йил олдин Шерматни болалар уйидан олиб келганди. Ўша йили Салима Жабборова синглисидан қолган фарзанд – Давронни қарамоғига олди. Ҳозир иккаласи ҳам 25 ёшда.
Ҳакимов айтган маълумотларни қайд қилар­кан­ман, кўз ўнгимда Салима Жабборова гавдаланди. Шермат билан Давронни фарзандим деганди менга. Боқиб олишгани ҳақида айтмаганди. Кўп нарсаларни айтмаган кўринади…
– Шермат ва Даврон Жабборовлар ҳақида нима дея оласан?
– Шермат маишатга ўч, такасалтанг, ғирт ярамас йигит. Санъат олийгоҳининг актёрлик факультетига ўқишга кириб учинчи курсда ташлаб кетган. Шундан бери ҳеч қаерда ўқимайдиям, ишламайдиям. Бир-икки марта кўчада маст-аласт юрганини кўриб огоҳлантиришимга тўғри келди. Даврон Жабборов эса дурадгор уста. Маҳаллада кичкина устахонаси бор. Қўли гул йигит.
– Ботир, Салима Жабборованинг уй хизматчиси тўғрисида ҳам икки оғиз.
– Холбой ҳақидами? Менга қара, Фаррух, Ҳасан Жабборнинг уйига борасанми?
– Бораман.
– Борганингдан кейин Холбойнинг қандай одамлигини ўзинг кўрасан! – Ҳакимов сигарет қолдиғини ташқарига улоқтириб деразани ёпди. – Менга бошқа савол йўқми, изқувар?
– Йўқ.
– Айбга буюрма, ишим бошимдан ошиб ётибди.
Участка нозирига миннатдорчилик билдириб хонадан чиқиб кетдим.

3

Ҳасан Жабборнинг дарвозаси олдида машинадан тушиб, уйга разм солдим. Икки қаватлик росмана сарой. Томи, шу матоҳ билан савдо қиладиганларнинг тили билан айтганда, “минг йил сувга бўктириб қўйилса ҳам зангламайдиган” тунука билан ёпилган, ҳар бурчагига биттадан қарғага ўхшаб кетадиган қушнинг тунука ҳайкалчаси ўрнатилганди. Уйни ҳовлига қўшиб икки одам баландлигидаги ғиштин девор ўраб турарди. Деворга мустаҳкам темир дарвоза, дарвоза биқинига темир эшик ўрнатилган. Эшик тепасида кузатув камераси кўринмайди, холос…
Қўлтиғимдаги папкани қўлимга олиб ҳовли эшигига яқинлашдим. Эшикка 13 рақами илинган, рақам устида қўнғироқ тугмаси бўртиб турарди.
“Ҳасан Жаббор 13-числода туғилиб ойнинг 13-куни дастурхон атрофида жон таслим қилган”, деб ўйладим эшик қўнғироғига қўл чўзарканман, уйининг рақами ҳам 13! Ҳаммаёқни 13 рақами босиб кетди…
Қўнғироқни босиб бир қадам орқага чекиндим. Анча кутдим, бироқ эшик очилгани йўқ. Қўнғироқни яна, бу сафар узоқроқ босиб, тағин бир қадам орқага чекиндимда, кута бошладим. Бу ерга келаётиб қўнғироқ қилганим-да хонадон бекаси қишлоқдан қайтганига қўшиб мени кутаётганини ҳам айтганди. Уйига қайтгани балки ростдир, бироқ кейингиси ҳа­қиқатдан йироқ кўриняпти. Акс ҳолда, эшик олдида қотиб турмаган бўлардим!
– Ким? – учинчи марта қўнғироқни босганимдан кейингина ичкаридан эркак кишининг овози эшитилди.
– Акбаровман.
– Қайси Акбаров? Домла Акбаровмисиз?
– Йўқ, юрист Акбаровман. Ўзингиз кимсиз?
– Менми? Холбойман. Сизга ким керак?
– Салима Ҳикматовнанинг таклифи билан келдим. Эшикни очасизми ё…
Жавоб қайтгани йўқ. Тоқатим тоқ бўлиб Жабборовага қўнғироқ қилиш учун қўл телефонимни чиқардим. Чақирув тугмачасига бармоғимни қўйган пайтим эшик очилиб 30 дан то 50 ёшгача бўлган ёшларнинг барини бериш мумкин бўлган ўрта бўйли, бурундор кимса кўринди. Агар Холбой Норбоев дегани шу одам бўлса, нафақат исми, балки фамилияси ҳам ўзига жуда мос экан. Тасаввур қилинг: чап юзида ўнга яқин катта-кичик хол, ўнг юзида чақалоқнинг шапалоғидай келадиган нор бўртиб турибди. Катта бурни япалоқ башарасига ёпиштириб қўйилганга ўхшайди. Кўз қорачиқлари бир жойда тек турмай у ёқдан бу ёққа ўнаётгани сабаб кўзлари ҳозиргина ўғирлик жиноятини содир этган ўғрининг кўзларига ўхшаб кетарди.
– Сизми юрист? – тилга кирди Холбой бир қадам орқага чекиниб.
– Бир соатдан бери эшик қўнғироғини босаётган одам ҳам менман! Салима Ҳикматовнага келганимни айтинг!
Холбой яна бир қадам орқага чекинди.
– Опам сизни кутяпти.
– Опангиз? Салима Ҳикматовна сизнинг опангизми?
– Опам. Ота бир, она бошқа опа-укамиз.
Уларнинг қанақасига опа-ука эканлигини эшитиб норозилик билан бош чайқаб қўйдим. Салима Ҳик­матовна Холбойни уй хизматчим деганди. Аслида эса, бир отанинг пуштикамаридан дунёга келган опа-ука бўлиб чиқяпти!
– Қаёққа?
– Уйга, қаёққа бўларди!
Дарвоза билан уйнинг ораси нари борса ўн қадамча келарди. Уй эшигига яқинлашган пайтим юришдан тўхтаб орқамга қарадим. Ҳовли эшикка аллақачон тамба урилган, Холбой Норбоев қаёққадир ғойиб бўлганди. Темир тамба сурилганда чиқарадиган товушга қўшиб қадамининг товушларини ҳам эшитганим йўқ. Худди арвоҳга ўхшаб сассиз одимлаб кўздан йўқолибди. Унинг бу қилиғини ёқтирмай у ёқ-бу ёққа аланглагандим, ҳовлининг бир четига қурилган пастак бинога кўзим тушди. Кимдир дарпарданинг бир четини суриб деразадан менга қараб турганини илғадим. Аммо, кимлигини аниқлай олганим йўқ. Дарпарда сурилиб мени кузатаётган одам кўздан йўқолди.
Холбой бўлса керак деб ўйладим.
Шу вақт эшик очилди. Салима Ҳикматовна кў­ринди. Эгнида гулдор халат, бошида юпқа рўмол, бурни устига ойнаги қалин кўзойнак қўндириб олибди. Қўлидаги китобга қараб қўйдим. “Руҳлар ҳақида маълумот”.
– Салом, Салима Ҳикматовна.
– Салом, ўртоқ капи…
– Юрист.
– Ҳа-ҳа, ўртоқ юрист!
Китобга ишора қилдим.
– Маълумот бор эканми?
– Бор, фақат бир тийинга қиммат! Киринг.
Эшикдан катта, аниқроғи, жуда катта айвонга кирдик. Айвон деворларига жимжимадор нақшлар ўйилган, шифтда баҳайбат қандил осилиб турар, рўпарадаги деворни бутунича улкан уй кинотеатри эгаллаб олганди. Оёқ остида қимматбаҳо гиламлар, уй кинотеатрининг рўпарасида битта диван билан тўртта ўриндиғи жуда қалин юмшоқ курси кўриняпти.
– Ичкарига ўтамиз.
Салима айвон деворига ўрнатилган эшиклардан бирини очди. Аввал узун даҳлизга, даҳлиздан ўртача катталикдаги хонага кирдик. Хона ўртасига икки кишилик ёғоч каравот, девор остига пардоз столи қўйилганди. Стол устида атир-упа, лаб бўёқ каби аёллар юзига жило беришда ишлатадиган нарсалар кўриняпти.
– Ўтиринг, – курсига ишора қилди Салима. – Во­қеа ётоқда бўлиб ўтгани учун сизни шу ерга бошлаб келдим.
Курсига ўтирдим.
– Нега Холбой Норбоев укангиз эканлигини айтмадингиз? – сўрадим папкамдан бир варақ қоғоз чиқариб.
– Бу узоқ ва энди далиллар билан исботлашнинг иложи бўлмаган тарих. Уй бекаси каравот четига омонат чўкди. – Отам раҳматлик Холбойнинг онаси билан яқин бўлганлиги ҳақида эшитганман. Аммо бу гап ростми, ёлғонми, отамнинг ўзи-ю, Холбойнинг раҳматлик онасидан бошқа ҳеч ким билмайди. Қолаверса, бунинг ишга алоқаси ҳам йўқ.
– Норбоев сизникида анчадан бери хизмат қиляп­тими?
– Салкам ўн беш йилдан бери. Мени “опа” деб чақиради, мен уни хафа қилмаслик учун “ука” дейман.
– Норбоевнинг оиласи борми?
– Йўқ. Қамоқда ўтирган пайти ташлаб кетган.
– Норбоев қамалганми?
– Ўтириб чиққан. Ўзининг моли бу ёқда қолиб, қўшнисининг сигирини сўйиб сотган экан…
– Майли, бу ҳақда кейин гаплашамиз. Демак, қу­лоғим сизда. Ҳаммасини бир бошдан сўзлаб беринг.
 Салима хўрсиниб қўйди-да бўлган воқеани ҳикоя қила бошлади.
– Уч кун олдин, кечки пайт юз берди бу воқеа. Уйда ёлғиз ўзим эдим, телевизорда сериал томоша қилаётгандим. Бир вақт ошхонадан ниманингдир тарақлаган товуши эшитилди. Ўрнимдан туриб ошхонага чиқдим. Қарасам, даҳшат. Мен суйган пахта гулли чойнак оёқ остида чил-чил синиб ётарди!
– Сиз суйган чойнакнинг синиши, дейлик, кўн­гилсизлик, аммо даҳшат эмас… Мушук-пушук кирган бўлса…
– Нима деб ўйлайсиз, жаноб юрист, эшик-деразаси зич ёпилган ошхонага мушук кириши мумкинми?
– Тушунарли. Давом этинг.
Яна бир марта хўрсиниб қўйган Салима ҳикоясини давом этди.
– Чойнак токчада турганди. Жонсиз нарса қандай қилиб ерга тушиб кетган бўлиши мумкин? Жон кирганми? Азбаройи чойнагимга ачинганимдан, ҳатто, қўшниларнинг болаларидан ҳам шубҳаландим. Тўғри, қўшниларимнинг фарзандлари орасида шумтакалари бор, аммо улар менинг ошхонамга кириб суйган чойнагимни синдириб кетишлари ақлга сиғадиган тахмин эмас.
Бу фикрга юз фоиз қўшилганим учун эътироз билдирганим йўқ.
Токчада турган чойнакнинг ўзидан ўзи ерга тушиб кетиши аввалига сирли, кейин шубҳали туюла бошлади. Бекоргамас бу, дедим ўзимга ўзим, бирон-бир кўнгилсиз воқеа юз берадиган кўринади! Ўйлаб адашмаган эканман. Ошхонадан чиқишим билан кучли шамол қўзғалди…
– Мени кечирасизу, шамолнинг қўзғалишига синган чойнагингизнинг алоқаси бор деб ўйлайсизми?
– Давомини эшитинг. Ярим тунга яқин шамол янада зўрайди. Энди кўзим илинган экан, қарсиллаган товушдан чўчиб уйғондим. Бир муддат ётган жойимда ташқарига қулоқ тутдим. Қадам товушлари эшитилгандай бўлди. Секин ўрнимдан туриб деразага яқинлашдим. Ҳовли зимистон қўйнида қолган, дарвоза тепасидаги чироқ ўчган эди. Ичимда калима қайтариб каравотга қайтмоқчи бўлган пайтим, деразанинг бир табақаси тарақлаб очилди-ю тахтадек қотиб қолдим. Шундоқ рўпарамда… эрим турарди!
Кўзлари катта-катта очилиб кетган Салима, худди ҳозир ҳам эрининг руҳини кўраётгандай деразага қадалганча қотиб қолди.
– Нега жимиб қолдингиз? Кейин нима бўлди? Мени эшитяпсизми, Салима Ҳикматовна? Салима Ҳик­матовна, илтимос, ўзингизни қўлга олинг. Менга қа­ранг. Менга қаранг!
Ниҳоят, уй бекасининг кўзлари аслига қайтди. Юзларига қон югуриб нималарнидир минғиллаган кўйи юзига фотиҳа тортганидан кейин менга юзланди.
– Нима деятгандим?
– Эрингизнинг арвоҳига қараб қотиб қолган экансиз. Кейин нима бўлганини айтасизми?
– Айтаман. Калима қайтарай десам тилим айланмасди, бақирай десам овозим чиқмасди. Турган жойим­да тахтадек қотиб қолгандим. “Хотин, деди бир вақт эрим бармоқларидан нур таратиб, банкдаги пулларимга тегишли битимни ўзгартир… ўзгартир… ўзгар…тиррр…” Кейин нима бўлганини билмайман, ҳушимдан кетиб оёқ остига йиқилибман. Бу воқеа биринчи келганида юз берганди. Кейингисида яна битимни ўзгартиришимни талаб қилгач, онамнинг туғилган куни ҳисоб беришим кераклигини айтди. Шу жойига келганда яна ҳушимдан кетдим. Ўзимга келиб қарасам, арвоҳ йўқ, тепамда Шермат билан Даврон ўтирибди. Уларга бўлган воқеани сўзлаб бердим. Менга ишонишдими-йўқми, билмайман.
– Айнан эрингизнинг арвоҳини кўрганингизга ишончингиз комилми?
– Очиғи, арвоҳ дейишга ҳам тилим бормайди. Худди, ўзи келгандай! Ўша соқол, ўша муйлов! Мен совға қилган кўзойнакни тақиб олганди!
– Ўлган одамнинг гўрдан чиқиб келишига, юм­шоқроқ қилиб айтганда, ишониш қийин. Тағин келган одам бир йилдан бери тупроқ остида ётган бўлса! Бунақаси ҳали бўлмаган. Бўлмаса ҳам керак. Кўзойнак деяпсиз, эрингизнинг кўзойнаги қаерда эди?
– Иш кабинетидаги стол тортмасида турарди. Икки кундан бери қидириб тополмаяпман. Эрим кў­зойнагини олиб кетган кўринади…
Бу тахминни таҳлил қилишга уринганим ҳам йўқ. Жин урсин, бир йил олдин ўлиб, танаси қурт-қумурсқага ем бўлган одамга кўзойнакнинг нима кераги бор?!
– Арвоҳ деяпсиз. Эшитишимча, арвоҳда вужуд бўлмас экан. Сиз эса, деразани очди дедингиз…
– Очгани учун очди деяпман! Уларга дераза нима, девор ҳам чўт эмас.
– Эрингизнинг арвоҳи фақат банкдаги пуллар ҳақида гапирдими? Бошқа ҳеч нима дегани йўқми?
– Йўқ. Яна келишини айтиб кўздан йўқолди.
Ўрнимдан туриб деразага яқинлашдим. Ташқарига қарадим. Ётоқхона деразаси орқа ҳовлига очилганди. Орқа ҳовли ҳар хил мевали дарахтлар экилган боққа туташиб кетган. Боғ тўрида қандайдир пастак бинолар кўриняпти. Арвоҳ дарахтлар орасидан чиқиб деразага яқинлашган бўлса керак. Руҳ эмиш! Арвоҳ дегани келиб-келиб банкдаги пул билан қизиқадими?!
– Агар сизга маъқул бўлмайдиган саволларни берсам, айбга буюрманг, – дедим орқамга ўгирилиб, – Арвоҳни “овлаётган” пайтим керак бўлиб қолиши мумкин. Кўзингизга эрингиз кўринганида…
– Мен кўзимга кўринди деганим йўқ!
– Узр. Эрингизнинг руҳи арвоҳларга ярашмайдиган талаб билан келганида уйда сиздан бошқа одам бормиди?
– Ҳеч ким йўқ эди. Шермат зиёфатга кетганди. Даврон устахонада ишлайди, алла-паллада уйга қайтади.
– Холбой-чи?
– Нима Холбой?
– Шу ердамиди?
– Ҳовлидаги уйчада ухлаётганди, адашмасам.
– Демак, эрингизнинг руҳи келганида уйда ўзингиз, ҳовлида Холбойдан бошқа ҳеч ким йўқ эди, шундайми?
– Бу билан нима демоқчисиз?
Нима демоқчилигимни ошкор этганим йўқ. Ҳо­зирча бу хонадонга кириб-чиқадиган одамларнинг би­­ронтасидан ҳам гумон қилишга етарлик асосим йўқ. Тўғри, Холбой Норбоев менда ғалати таассурот қолдирди. Кўзлари ўғриникига, башараси қал­лоб­ни­кига ўхшайди, бировнинг сигирини сўйиб сотгани учун ўтириб ҳам чиққан. Шунингдек, сассиз одимлаб арвоҳлардек ғойиб бўлишни ўрнига қўйиши ҳам рост. Бироқ булар ундан жиддий шубҳаланишга асос бўлолмасди.
Навбатдаги саволни йўллаш учун оғиз жуфтлаганимда ташқаридан ниманингдир қарсиллаб сингани эшитилди. Орқамга ўгирилдим. Одатда, дарахтнинг қуриган шохи устига оёқ босилса, шунақанги товуш чиқаради. Айни боққа қараган пайтим кўкимтир спорт иштони билан енги узун қора кўйлакка ўралган гавда ишком орқасига ўзини уриб кўздан ғойиб бўлди. Лоп этиб кўз ўнгимда Холбой Норбоев гавдаланди. У ҳам шу рангдаги спорт иштони била енги узун қора кўйлак кийиб олганди.
– Бировни қидиряпсизми? – сўради Салима хонага чўккан сукунат бағрини тилиб. – Боққа тикилиб қол­дингиз?
– Шунчаки, ўзим. Айтинг-чи, Салима Ҳикматовна, мабодо, меросхўрларингиздан бирини пулдан маҳрум қилишга тўғри келиб қолса, қайси бирининг исмини рўйхатдан ўчирган бўлардингиз?
– Бунинг бошимга тушган муаммога алоқаси борми?
– Алоқаси бўлиши мумкин.
– Аввал, алоқаси бор-йўқлигини аниқланг, кейин саволингизга жавоб бераман!
Яна ишком томонга қараб қўйдим. Токнинг яп­роқлари шунчалик қалин эдики, орқасида одам нима, бутун бошли трактор турган бўлса ҳам кўринмасди.
– Фарзандларингиз билан гаплашсам яхши бў­ларди, Салима Ҳикматовна.
Салима ўрнидан турди.
– Юринг.
Сўнгги марта ишкомга қараб қўйдим-да хонадон бекасига эргашиб ётоқхонадан чиқиб кетдим.

4

Ҳасан Жабборнинг кошонаси, уй бекасининг тили билан айтганда, уч қисмга бўлинган эди. Айвоннинг чап томони Салима Ҳикматовнага тегишли ҳудуд. Ундан берухсат бу ҳудудга ўтишга Шермат билан Давроннинг ҳаққи йўқ. Айвоннинг ўнг томони уларга тегишли (турган гапки, уй бекаси бўлгани боис, рухсат сўраб ўтирмай уларнинг ҳудудига ўтишга Салиманинг юз фоиз ҳаққи бор). Айвон билан иккинчи қаватдаги хоналар эса умумий, хоҳлаган пайтда кириш-чиқиш, меҳмон кутиш мумкин.
– Сиз шу ерда кутиб туринг. Салима диванга ишора қилиб хоналардан бирига кириб кетди. Ишора қилинган жойга ўтирганимдан сўнг, аввал уй кинотеатрига, кейин ён томондаги деворга илинган катта суратга қарадим. Суратда калта соқол-мўйлови ўзига умуман ярашмаган 55-60 ёшлардаги тепакал, қўпол башаралик одам хўмрайиб турарди.
Ҳасан Жаббор дегани шу одам бўлса керак. Жаҳли чиқиб турган пайти суратга тушган кўринади…
Яна уй кинотеатрига юзландим.
– Қанча тураркан? Уйимдаги телевизор бу матоҳ­нинг ўндан бири катталигича келади. Телевизорни бир ойлик маошимга сотиб олгандим. Демак, мен ҳам худди шундай уй кинотеатрини сотиб олишни истасам…
Афсуски, ўйимни охирига етказишга улгурганим йўқ. Хона эшиги очилиб айвонга чиққан Салима менга яқинлашди.
– Эрим… – сўлғин тин олди суратга ишора қилиб.
– Ўзим ҳам Ҳасан Жаббор шу одам бўлса керак деб ўйлагандим.
– Шу одам… Қандай инсон эди-я! Гурсиллатиб юрганида ер, қаҳ-қаҳ отиб кулганида, осмон титрарди… Эҳ, энди нимасини айтай…
– Шермат қаердалигини айтинг.
– Хонасида ўтирибди. Сизни кутяпти. Фақат…
– Нима “фақат?”
– Ўғлим ҳақида нотўғри фикрга борманг. Эрим Шерматни жуда яхши кўрарди, раҳматлик. Полвон ўғлим дерди…
Хотиралар оғушида қолган уй бекасини четлаб ўтиб ўртача катталикдаги хона эшигини очдим. Эшикни очишим билан кир пайпоқ, сигарет тутуни ва спиртли ичимликларнинг аралаш-қуралаш сассиқ хиди димоғимга урилди. Ичкарига бир қур назар ташладим. Диван устида йиғиштирилмаган кўрпа эшилиб-буралиб, остида уч-тўрт жуфт пайпоқ ғижимланиб ётарди. Дераза раҳига бўшатилган арақ-вино шишалари териб қўйилган, шишалар орасида сигарет қолдиқларига тўлиб кетган кулдон турибди. Девор остига қиммат ёғочдан ишланган стол қўйилган бўлиб, стол ёнида 25-26 ёшлардаги тепа сочи битта қолмай тўкилган қўпол башаралик йигит ўтирарди. Унга кўзим тушгани ҳамон Ҳасан Жаббор кўз ўнгимда гавдаланди. Соқол-мўйлов ўстириб бурни устига кўзойнакни қўндирса Ҳасан Жабборнинг бир мунча ёш пайтига ўхшайди-қолади!
– Шермат?
– Жаноб юрист?
– Мумкинми ўтирсам?
Бош ирғаб қўйган Шермат стол устида турган пиво шишасига ишора қилди.
– Кетадими?
– Кетмайди. Чунки, пиво эрталаб ичилса одамни семиртираркан.
– Кечки пайт ичилса-чи?
– Сочни тўкади дейишади…
– Аския қиляпсизми?
– Йўқ. Муддаога ўтяпман. Ҳеч қаерда ишламас экансиз. Ичишга пулни қаердан оласиз?
Савол бергунимча шишани яримлатиб улгурган Шерматнинг кўзлари қаҳрли тус олди.
– Банк юристининг мени тергов қилишга ҳаққи борми?
– Тергов қилаётганим йўқ. Бу шунчаки суҳбат. Давом этамиз. Ойингизнинг ёнига дадангизнинг арвоҳи келганида…
– Холам билан поччамнинг! Отам билан онамнинг ўзлари аллақачон арвоҳга айланиб бўлишган…
– Холангизнинг ёнига поччангизнинг арвоҳи келганида сиз қаерда эдингиз?
– Холамнинг кўзига биринчи марта эрининг ўзими, руҳими кўринганида бир дўстимнинг уйида арақ ичаёт­гандим. Шундай экан, унинг кўзига арвоҳ кўрингани учун мен айбдор эмасман.
– Кейингисида-чи?
– Улфатларим билан кафеда ўтиргандик. Бешта йигит буни қасам ичиб тасдиқлаши мумкин. Уйга қайтганимда холам гилам устида чўзилиб ётарди.
Айтилган сўзларни ёзиб олганимдан сўнг Шерматнинг кўзларига қарадим.
– Поччангиздан мерос сифатида қанча пул қол­ганини биласизми?
– Қизиқмаганман.
– Бу билан банкка, холамнинг номига пул қў­йил­ганидан хабарим йўқ демоқчимисиз?
Бўшаган шишани дераза раҳига қўяётган Шермат ялт этиб менга қаради.
– Нима, поччам холамнинг номига пул қўйган эканми?
Унинг саволини жавобсиз қолдирдим.
– Агар холангиз сизни пулга эгалик қилиш ҳу­қуқидан маҳрум қилса, нима қилардингиз?
– Нима қилардим? Ҳеч нима. Унинг садақасисиз ҳам яшайверардим!
– Ишончингиз комилми?
– Нима, азбаройи алам қилганидан ўзини осиб ўлдиради деб ўйлаганмидингиз?!
– Мен савол беряпман.
– Унда жавобимни эшитинг! Пул экан-у, ҳатто, холам уйидан ҳайдаб юборса ҳам куйинмайман. Чунки отамдан қолган уй бор. Ўзимнинг уйим бор! Ичасизми?
– Йўқ. Сизга ҳам маслаҳат бермайман. Сўнгги савол. Холбой Норбоев ҳақида нима дея оласиз?
– Холбой ҳақида нимадир дейиш шарт эмас, –минғиллади Шермат диван остидан яна бир шиша пиво олиб. – Унинг башараси қандай одамлигини айтиб турибди. Соғлиғингиз учун, жаноб юрист!
– Саломат бўлинг. Биз ҳали яна учрашамиз деган умиддаман.
Ўрнимдан туриб хонадан чиқишга шошилдим. Пиво ҳиди кир пайпоқ ҳидига аралашиб чидаб бўл­майдиган даражага етганди. Шахт билан эшикни очдим. Хонадан чиқдим-у Салима Ҳикматовнага рўпара бўлдим.
– Гаплашдингизми?
– Гаплашдим.
– Хўш?
– Хулосани кейин чиқарамиз. Даврон қаерда?
– Ҳозир келади. Пича кутасиз.
Бош ирғаб диванга ўтирдим. Тағин девордаги суратга нигоҳим урилди. Чиндан ҳам, Шермат поччасига жуда ўхшаб кетаркан. Иккаласи ҳам тепакал, иккаласининг ҳам қошлари қуюқ, дўрдоқ лаблари қирғий бурунларига қўшилиб башараларини жуда қўпол қилиб кўрсатяпти.
– Шермат синглингизнинг ўғлими? – сўрадим суратдан кўзимни олиб.
– Ҳа, раҳматлик Ҳалиманинг ўғли, – деди Салима ўйчан. Сўнг қатъий оҳангда қўшиб қўйди. – Энди менинг фарзандим!
Ҳасан Жаббор 25 ёшида Салиманинг синглиси Ҳалимани севиб қолиб совчи қўйгани ҳақида катта лейтенант Ҳакимовдан эшитдим. Аммо нима учун севгани бу ёқда қолиб унинг опасига уйлангани қоронғу. Балки…
Яна ўйимни охирига етказишга улгурганим йўқ. Айвон эшиги очилган, 25 ёшлардаги ўрта бўй, очиқ юзли йигит ичкарига кирганди. Уни кўриб ўрнимдан турдим. Салима йигитга пешвоз чиқди.
– Келдингми, Давронжон?
– Келдим. Тинчликми, ойи, – сўради Даврон хавотир аралаш мулойим оҳангда, – Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми? Ҳеч қаерингиз оғримаяптими?
– Тинчлик, болам. Хавотир олма, ўзимни жуда ях­ши ҳис қиляпман.
– Тезда етиб кел деганингизга… Ие, меҳмон келибдими? Ассалому алайкум.
Даврон қўш-қўллаб чўзилди. Мен ҳам шу йўсинда қўлини олдим. Қисқача ҳол-аҳвол сўрашдик.
– Хуш кўрдик, меҳмон?
– Хушвақт бўлинг. Мен банкда юрист бўлиб ишлайман. Сизга бир-иккита саволим бор эди.
– Бемалол. Марҳамат, ўтиринг.
Диванга жойлашдик. Менинг саволларимга жавоб қайтариш шарт эканлигига шаъма қилган Салима ташқарига йўналди.
– Мен Холбойдан хабар оламан. Сизлар бемалол гаплашиб олинглар.
– Холбой акани хонасидан тополмайсиз, – деди Даврон. – Боя қизариб-бўзариб ҳовлидан чиқиб кетаётганини кўргандим.
– Қизариб-бўзариб деганинг нимаси, болам? Ни­ма гап, қаёққа кетаяпсиз, деб сўрамадингми?
– Сўрадим. Жавоб қилгани йўқ. Жаҳл билан қўл силтаб чиқиб кетди.
– Қизиқ… Жуда қизиқ! Мен хонамда бўламан.
Салима даҳлизга кириб кетганидан сўнг Даврон менга қаради.
– Ака, узр, менинг вақтим зиқ. Устахонада шогирдларим кутяпти. Шунинг учун, тезроқ муддаога ўтсак.
– Кўп вақтингизни олмайман. Уч-тўртта саволимга жавоб берсангиз бўлди. Адашмасам, онангизнинг ташвишга тушиб қолганидан хабарингиз бор?
– Агар, ойимнинг кўзига дадамнинг руҳи кўрин­ганини назарда тутаётган бўлсангиз, адашмадингиз.
– Ўша воқеа юз берган тунда қаерда эдингиз?
– Афсуски, уйдамасдим. Устахонада эдим. Беш-олтита шошилинч буюртма олганман. Шунинг учун алла маҳалгача устахонада қолиб кетишга тўғри кел­япти.
– Онангизнинг номига катта пул қўйилганидан хабарингиз борми?
Даврон бош ирғади.
– Хабарим бор. Ойимнинг ўзи айтганди.
– Агар, онангиз сизни пулдан маҳрум қилса, нима қиласиз?
Даврон дарров жавоб бермади. Бир муддат жим қолди. Жавобини тарозига солиб кўрди чамамда.
– Менимча, озми-кўпми алам қилса керак. Аммо, бу билан ойимга бўлган меҳрим камайиб қолмайди. 15 йил болалар уйида яшадим, ака. Туққан онам кўр­сат­маган меҳрни шу ерда топдим. Шундай экан, пулни деб ойимдан ранжисам, Худо кечирмайди.
Мен унинг самимийлигига тан бердим. Дилидаги гапни тилига чиқараётгани шундоққина сезилиб турарди.
– Арвоҳлар борлигига ишонасизми?
– Мен ойимга ишонаман. У киши эса ёлғон гапирмайди.
– Арвоҳнинг банкдаги пул билан қизиқиши сизга шубҳали туюлмаяптими?
– Очиғи, нима дейишга ҳам ҳайронман.
– Холбой Норбоев ҳақида нима дея оласиз?
– Холбой ака ўн беш йилдан бери уйимизда хизмат қилади. Шунча йил хизматингни қилган одам ҳақида ёмон гап айтиш мумкинми, ака?
– Агар, ўша ўн беш йиллик хизматини бир четга суриб қўйиб таъриф берсангиз-чи?
– Узр, ака, аммо мен унинг шунча йиллик хизматини бир четга суриб қўя олмайман. – Даврон бир муддат ўйга толганидан кейин қўшиб қўйди: – Қолаверса, кимда иллат йўқ дейсиз? Ҳеч биримиз фаришта эмасмиз.
– Бу гапингизда жон бор. Шермат Жабборов…
– У менинг акам!
Савол-жавоб маросимига якун ясалгач Даврон уйдан чиқиб кетди. Мен Салима Жабборованинг айвонга чиқишини кута бошладим. Ҳозирча аниқ бир тўхтамга келишга ундайдиган далилларга эга бўлганим йўқ. Тўғри, бу уйда шубҳали туюлган одамлар-у ҳолатлар бор, бироқ, шубҳа далиллар билан исбот қилинмас экан, шубҳалигича қолаверади.
Ниҳоят, айвон эшиги очилиб Салима кўринди.
– Мен бир нарсага тушунмаяпман, – ҳужумга ўтди даҳлиздан чиқар-чиқмас. – Нима, сиз фарзандларимдан гумон қиляпсизми?
– Мен муаммо ечимини топишга ҳаракат қиляпман, Салима Ҳикматовна.
– Шунақа денг? Топдингизми ўша ечимни?
– Ҳозирча, йўқ.
– Хўш, унда айтингчи, энди мен нима қилай?
– Битимни ўзгартиришга шошилманг.
– Фақат шуми?
– Ҳозирча фақат шу. Омон бўлинг!
Ўрнимдан туриб бошимни қи­мир­латиб қўйдим-да уйдан чиқиб кетдим. Пешонаси тириша бошлаган Салима Ҳикматовна мени кузатгани чиқмади.

5

Сомсахонага кириб бўш столлардан бирига ўтир­дим. Стол устида туздон билан кулдон турар, уларнинг орасида бир варақ қоғоз ётарди. Қоғозга қараб қўйганим ҳам йўқ. Чунки, 20 та таом билан шунча салатнинг номи ёзилганию семиз ошпаз бу егуликларнинг ярмидан кўпи қандай тайёрланишини ҳам билмаслигидан хабарим бор эди. Шунинг учун, столга яқинлашган официант қизга тўртта сомса билан бир чойнак чой буюрдим.
– Қора чойми, кўкиданми?
– Фарқи йўқ. Фақат, илтимос, чойнакка қуруқ чой солишни унутманг…
Орадан бир неча дақиқа ўтгач бир чойнак чой билан сомса солинган ликопча столим устида пайдо бўлди. Чойнакка қўл чўзган пайтим сомсахонага кирган 50 ёшлардаги бўйинбоғли одамни кўриб сергак тортдим. Икром Рустамович. Ҳасан Жабборнинг пуллари қўйилган банк хўжайини. Чойнакдан қўлимни тортдим. Икром Рустамовичга ўхшаган пулдор одамлар сомсахонада овқатланмайдилар. Уларни бундай жойларга киришга жиддий муаммоларгина мажбур қилиши мумкин. Демак унинг бу ерга мени излаб келгани ҳақиқатга яқин.
Адашмаган эканман. Банкир мен банд қилган столга яқинлашгач юришдан тўхтади.
– Салом, ўртоқ капитан. Ёқимли иштаҳа.
– Раҳмат.
– Мен…
– Сизнинг кимлигингизни биламан, Икром Рустамович. Марҳамат, ўтиринг.
Ўриндиққа шубҳа билан қараб қўйган банкир курсининг бир четига омонат ўтирди.
– Сизни шу ердан топиш мумкинлигини…
– Ким айтганининг аҳамияти йўқ. Мақсадга ўтсак.
– Хўп. Биласизми, Салима Жабборова менинг йирик мижозларимдан бири…
– Хабарим бор.
– Милицияга мурожаат қилишни унга мен маслаҳат бергандим. Чунки, ҳар бир фуқаро…
– Икром Рустамович, тушлик учун бор-йўғи бир соат ажратилган. Подполковник Шарипов эрталаб ишга кечикиб келадиганларни қанчалик хушламаса, тушликдан сўнг ўз вақтида иш жойида пайдо бўлмаган ходимларни ҳам шунчалик аяб ўтирмайди.
– Тушундим. Кўп вақтингизни олмайман. Бир соат олдин Жабборова билан телефонда гаплашгандим. Салима Ҳикматовна уйига келиб кетганингизни айтди. Мумкинми, сизга бир-иккита савол берсам?
– Мумкин. Фақат, ишга тааллуқли бўлмасин.
Банкир сўлғин тин олди.
– Мени тўғри тушунинг, ўртоқ капитан. Мен тергов-суриштирув ишларига тумшуғимни тиқмоқчи эмасман. Аммо, Салима Жабборова бизга ўзининг пулларини ишониб топширган йирик мижозларимиздан бири бўлгани учун унинг бошига тушган муаммоларга бефарқ қараб туролмайман.
– Ана энди очиқчасига ўтинг, Икром Рустамович.
– Хўп. Йирик мижозлардан биронтаси тузилган битимни ўзгартиришни истаб қолса, ҳар қандай банкир дарров сергак тортади. Чунки, бундай истак, кўпинча, банкни чув тушириш учун қилинаётган ҳаракатдан дарак беради. Мен эса чув тушишни истамайман!
– Бу табиий ҳол. Мана сиз, банк билан тузилган битимни ўзгартиришни мижозингиздан ҳақиқий арвоҳ талаб қилганига ишонасизми?
– Йўқ!
– Салима Ҳикматовна банкни чув тушириш учун ҳийла ишлатаётган бўлиши мумкинми?
Банкир ўйланиб қолди. Буям табиий ҳол. Катта пулга тегишли қалтис саволга пул айланмаси билан шуғулланадиган одамлар чуқур ўйлаб жавоб қай­та­радилар.
– Биласизми, – тилга кирди ниҳоят. – Мен Салима Ҳикматовнани салкам 30 йилдан бери биламан. Раҳматлик Ҳасан Жаббор билан ҳам орамиз яқин эди… Бир сўз билан айтганда, мен Жабборованинг ўзидан эмас, уни битимни ўзгартиришга ундаётган ар­воҳдан шубҳаланяпман.
Курсининг суянчиғига суяниб банкирга қарадим.
– Очиқроқ сўзланг, Икром Рустамович. Кимдан гумон қиляпсиз? Шермат билан Даврон Жабборовданми?
Икром Рустамович суҳбатимизга ҳеч ким қулоқ тутмаётганига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган мисол у ёқ, бу ёққа қараб қўйди-да стол оша мен томонга чўзилиб овозини пасайтирди.
– Мен сизга Ҳасан Жаббор билан яқин бўлганимни айтдим. Оилаларимиз билан борди-келди қилардик. Шермат билан Давронни ўғил қилиб олганида… Гап­нинг индаллоси, Шерматнинг ҳаёт тарзи менга шуб­ҳали туюляпти.
– Нима учун?
– Шермат жонини койитмай тўкин яшашга одатланиб қолган йигит. Маишатга ўч.
– Бир сўз билан айтганда, Шермат айбдор? Шундайми?
– Ҳа десам, мендан далил-исбот талаб қиласиз. Шунинг учун, бу менинг тахминим дея қоламиз. Қолаверса, Шерматнинг уй хизматчиси Холбой Норбоев билан яқин эканлигини ҳам эътибордан четда қолдириш ярамайди.
– Негадир мен уларнинг яқинлигини сезганим йўқ.
– Менда эса уларнинг бирга маишат қилишлари ҳақида маълумот бор.
– Мени тўғри тушунинг, Икром Рустамович, ҳо­зирча улардан жиддий шубҳаланишга асос йўқ.
Банкир бундай тахминни кутмаганди чоғи, нима дейишини билмай каловланиб қолди.
 
6

Қўл телефоним жиринглади. Митти мониторда “Салима Ҳикматовна” деган ёзув ёниб турарди. Ташқарига йўналдим. Арвоҳлар ҳақида уйда гаплашмаган маъқул…
– Эшитаман?
– Капитан Акбаровнинг телефонига тушдимми? –Салиманинг овози эшитилди нариги томондан.
– Қулоғим сизда, Салима Ҳикматовна.
– Ҳавонинг авзойи бузуқ, ўртоқ капитан!
Беихтиёр осмонга қараб қўйдим. Дарҳақиқат, кўк юзини қоп-қора булутлар қоплаб олган, увиллаб шамол эсарди.
– Бу фикрга қўшиламан. Энди очиқ текст билан гапиринг!
– Арвоҳ бугун тунда келади!
– Келади? Айнан бугун келишини қаердан билдингиз?
– Арвоҳ иккинчи марта келганида “онанг туғилган кун ҳисоб берасан” деганди. Бугун раҳматлик онамнинг туғилган куни. Қолаверса, ҳавонинг ҳам авзойи бузуқ. Демак, бугун арвоҳ албатта келади!
– Мендан нима истайсиз?
– Тунни менинг уйимда ўтказсангиз дегандим.
Аввал булутларга, сўнг телефонимга норозилик билан қараб қўйдим. Ҳасан Жабборнинг уйида тонг оттиришим етмай турганди ўзи! Бир хаёлим рад қилмоқчи бўлдим-у, ўйлаб кўриб фикримдан қайтдим. “Арвоҳ иши” менга топширилган. Демак, бу муаммога ечим топишим шарт. Айтишларича, арвоҳ халқининг кундуз тек ётиб, тунлари изғийдиган одати бормиш. Шундай экан, кундуз куни бу муаммога ечим топишим гумон. Демак, тунда арвоҳ билан жанг қилишимга тўғри келади. Жиноят жойида қўлига кишан урсам айни муддао бўларди!
– Таклифимни рад қилиш учун баҳона қидир­яп­сизми? – Салиманинг овози эшитилди телефондан.
– Йўқ. Ўйлаяпман. Уйингизда ким бор?
– Уйда ёлғиз ўзим. Холбой ҳовлидаги уйчада ўти­рибди.
– Бир соатдан кейин уйингизга бораман. Менинг бормоқчи эканлигимни сиздан бошқа ҳеч ким билмаслиги керак! Уйингизга кириш учун бошқа эшик борми?
– Бор. Орқа томондан келсангиз боғ деворимизга ўрнатилган эшик кўринади. Темирдан ясалган, занглаб ётибди. Қўшниларники билан адаштирмайсиз.
 
7

Уйдан чиққанимизда осмонга бир қур назар ташлаган хотиним жала қуйишини башорат қилганидан кейин соябонни олиб кетсам “барака топишимни” айтганди. Қулоқ солмадим, сендан икки дунёда ҳам нафаси иссиқ синоптик чиқмайди деб жириллаб ҳам бердим. Мана оқибат! Кўприк ёнида таксидан тушишим билан майдалаб ёғаётган ёмғир бирдан жалага айланди-ю, Ҳасан Жабборнинг боғ эшигига етгунимча усти-бошим жиққа ҳўл бўлди.
Темир эшик ўрнатилганидан бери очилмаганми, занглаб ётарди. Зорланган мисол ғийқиллаб товуш чиқаргунича анча-мунча уринишимга тўғри келди. Шундаям охиригача очилгани йўқ, ярмигача очилгач қотиб қолди. Ён томоним билан ичкарига кирдим. Эшикдан бетон қўйилган энсиз йўлакка ўтилишидан хабарим бор эди. Йўлакнинг охири ҳожатхона зинасига етиб тўхтаса, бошланиши орқа ҳовлига уланиб кетади. Ўнг қўлда Ҳасан Жабборнинг уйини қўшнисининг ҳовлисидан ажратиб турган боғдевор, чап томонда боғ­нинг ўзи зимистонлик қўйнида хунук хўмрайиб турибди.
Орқа ҳовлига яқинлашгач юришдан тўхтаб ён-атрофга назар ташладим. На ҳовлида ва на боғ ичидаги қоронғилик қўйнида тирик жон шарпаси сезилмайди. Салима Ҳикматовнанинг ётоғида чироқ ёниқ турар, бошқа хоналарнинг деразасида милт этган нур кўринмасди. Қўл телефонимни чиқариб Салиманинг рақамини тердим.
– Эшитаман?
– Мен келдим.
Телефондан жавоб бўлгани йўқ. Орқа эшик очилиб Салима кўринди.
– Ивиб кетибсиз-ку!
Айвонга кирдик. Эшикни ёпиб бир муддат ичкарига қулоқ тутдим.
– Уйда сиздан бошқа одам борми?
– Йўқ.
– Ҳовлида нима гаплар?
– Холбой хонасида ўтирибди.
– Уйингизга келмоқчи эканлигимни…
– Ҳеч ким билмайди, – илиб кетди Салима. – Даврон ишда, Шермат бир соатча олдин қаёққадир чиқиб кетганди. Нима қилдик?
– Сизнинг “ҳудудингизга” ўтамиз. Сиз ётоқ­да бў­ласиз, мен даҳлизга курси қўйиб ўтираман. Ётоқ­хо­нангиз эшиги очиқ туради. Тушунтиролдимми?
Изма-из одимлаб даҳлизга ўтдик. Ётоқхонанинг очиқ турган эшигидан деразага кўз ташлаганимдан сўнг девор остида турган курсини олиб эшик рўпарасига қўйдим. Ётоқда чироқ ўчирилса, даҳлиз ҳам зимистон бўлади. Даҳлизда ўтириб деразани кузатиш мумкин, бироқ деразадан қаралса даҳлизда одам тугул тирик динозавр ўтирган бўлса ҳам кўринмайди.
– Мен нима қилай? – сўради Салима курсига жойлашганимни кўриб. – Дераза ёнига курси қўйиб ўти­рай­ми?
– Йўқ. Чироқни ўчириб ўрнингизга ётинг.
– Хўп. Балки, шивирлашиб гаплашиб ўтирармиз?
– Йўқ. Арвоҳни чўчитиб қўйишимиз мумкин.
– Сиз ҳалиям эримнинг арвоҳи келганига ишонмаяпсиз…
– Бугун ишонч ҳосил қиламан деган умиддаман. Руҳлар изғийдиган вақт яқинлашяпти. Шунинг учун…
– Тавба денг!
– Дедим. Ётоғингизга кириб чироқни ўчиринг. Кутамиз!
Мана, икки соатча бўлиб қолди, Кутяпмиз. Икки соат бир юз йигирма дақиқа деган гап. Устимдаги кийимларим қуриганини айтмаса, бирон-бир жиддий воқеа юз бергани йўқ. Эшикдан кирган пайтим уй ичи қанчалик жим-жит бўлган бўлса, ҳозир ҳам шунчалик сокинлик қўйнида. Салиманинг пишиллаб нафас олишлари бу жимликни бузишга ожизлик қиларди. Ана, пишиллаши узуқ-юлуқ хуррак товушига айлана бошлади. Бу ҳолат унинг ухлаб қолганидан далолат берарди, холос.
Норозилик билан чўзиб нафас чиқарганимдан сўнг ўнинчи мартами, мингинчи мартами бош ва кўрсаткич бармоғимни қошларим устига қўйиб кўз қорачиқларимни айлантира бошладим. Қаердадир ўқиганман, шу қилиқ қилинса, кўз косасига кўпроқ қон қуйилиб уйқу қочаркан. Тўғри, уйқуни қочиришнинг бошқача усуллари ҳам бор. Масалан, заҳардай аччиқ қилиб дамланган қаҳва. Аччиқ қаҳва нафақат соғлиқ, балки, уйқуга ҳам душман, пинакка кетишга йўл қўймайди. Аммо, қани ўша қаҳва?
Ўтирган жойимда ухлаб қолмасам бўлди. Жин ургур арвоҳ тезроқ келса экан.
Айни шу палла ташқари эшикнинг ғийқиллаб очилгани эшитилди-ю айвонда лип этиб чироқ ёнди. Ўрнимдан тургунимча ётоқдан эшитилаётган хуррак товуши ҳам тинганди.
– Ким? – Салиманинг овози эшитилди шундоқ ёнимдан. Сал қолса чўчиб тушган бўлардим… Бу хонадонда арвоҳдай сассиз одимлаш одат тусига кирган кўринади. Салиманинг каравотдан туриб ёнимга келганини сезмаган эканман.
– Билмайман. Аммо, арвоҳ эмаслиги аниқ. Чунки, улар эшикни очиб кирмайдилар. Қолаверса, уларга чироқнинг ҳам кераги йўқ. Шу ерда туринг!
Оёқ учида кўтарилиб даҳлиз эшиги томонга одимладим. Эшикка яқинлашгач бир муддат айвонга қулоқ тутдим. Жим-жит. Худди эшикнинг нариги томонида тирик жон йўқдай. Бироқ бу жимлик алдамчи, ташқари эшик очилиб-ёпилганини ўз қулоғим билан эшитдим. Демак, айвонда кимдир бор. Агар, кирган одам шундоқ бўсағада тик тургани кўйи жон бермаган бўлса, қадам товушлари эшитилиши шарт!
Пича кутдим. Эшикнинг нариги томонидан сас-садо эшитилгани йўқ. Секин оёқ устига чўк тушиб калит тиқиладиган тешикдан айвонга қарагандим, хонасининг эшиги ёнида қотиб турган Шерматга кўзим тушди. Шермат, худди, эшик орқасида биқиниб турганимни кўраётгандай калит тиқиладиган тешикка совуқ қадалиб турарди. Ниҳоят, қаққайиб туравериш жонига тегди чоғи, Шермат қўл силтаб қўйиб хонасининг эшигини очди. Айвоннинг чироғи ўчган палла эшикнинг ёпилганини илғадим.
– Шермат хонасига кириб кетдими? – Салиманинг пичирлаши эшитилди жойимга қайтган пайтим. Курсига ўтиришни ҳам, ўтирмасликни ҳам билмай қотиб қолдим. Бу хонадон соҳиблари менинг кўнглимда мавҳум ҳадик уйғота бошлагандилар. Сассиз одимлашади, эшик орқасига яшириниб турган одамни кўраётгандай қилиқ қилганлари етмагандай, ташқари эшик очилган пайти чиқарган товушига қараб ким келганини ҳам аниқлашади!
– Кириб кетди. Ётоғингизнинг рўпарасидаги хона деразаси дарвоза томонга очилган. Шундайми?
– Шундай.
– Қоронғида ҳеч нарсага урилмай деразага ета оламанми?
– Деворларга яқинлашмасангиз ета оласиз. Холбойдан хабар олмоқчимисиз?
Пайпасланиб ётоқхона рў­парасидаги хонанинг эшигидан ичкарига кирдим. Зимистон. Фақат дераза элас-элас кўриняпти. Кўр одамдай қўлларимни олдинга чўзиб деразага яқинлашдим. Дарвозага қарадим. Оқ рангга бўялгани боис, қоронғида хира оқариб кўриняпти. Холбойга ажратилган уйча томонга қараган пайтим, уйчанинг эшиги очилгандай, қандайдир шарпа ташқарига чиққандай бўлди.
Кўзимга кўриндимикин? Балки… Ўйимни охирига етмай. Айвон томондан ниманингдир тарақлаган товуши эшитилди. Даҳлизга шошилдим. Одатда, шахт билан очилган дераза деворга урилса шунақа товуш чиқаради.
– Эшитдингизми?
– Эшитдим.
– Қўрқяпман. Сиз-чи?
– Нима десам ишонасиз?
– Балки, мен ҳам даҳлизга чиқарман?
– Шарт эмас. Жим ўтирсангиз бўлди.
– Яна кутамизми?
– Жим ўтирамиз!
Орадан ярим соатча вақт ўтгач орқа ҳовлидан ниманингдир шалоплаган товуши эшитилди. Ялт этиб деразага қарадим-у қотиб қолдим. Дераза орқасида… Ҳасан Жаббор турарди!
 
8

Пешонамга чиқиб кетган кўзларим алдамаётганига ишончим комил. Подполковник Шарипов “Арвоҳ иши” ни бўйнимга юклаганидан бери Ҳасан Жабборнинг суратига шунчалик кўп тикилгандимки, юзидаги энг майда доғларгача ёд бўлиб кетганди менга. Қасам ичишга тайёрман, дераза орқасида чиндан ҳам Ҳасан Жаббор турарди! Тепа сочлари тўкилган хумдай бош, қуюқ қошлар, қўпол башараю башарасига умуман ярашмайдиган соқол-мўйлов! Ҳатто бурнининг учига осилиб турган лаънати кўзойнак ҳам таниш! Юзларига пастдан қандайдир нур ёғилиб турар, ҳатто, бармоқлари ҳам нур таратаётгандай эди. Хўмрайиб туриши шунчалик даҳшатли эдики, бу даҳшатга шу туришда таъриф беролмайман…
– Мумкин эмас, – дедим ўзимга. – Ҳали ҳеч ким у ёқдан қайтиб келмаган! Боз устига, арвоҳлар кўзойнак тақмайдилар… Туш кў­раёт­ган бўлсам керак.
Секин қўлимни тушириб сонимни чимчиладим. Оғриқни сездим. Демак, бу туш эмас. Ҳасан Жабборнинг ўзиними, кўзойнак таққан арвоҳиними ўнгимда кўряпман!
– Салима, – арвоҳнинг дўрдоқ лаблари орасидан бўғиқ овоз эшитилди. – Бу ёққа кел-л-л-л…
– Дадаси, илтимос… мени қўрқитманг. Кетинг, дадаси…
Арвоҳ унинг илтимосига тупурди чоғи, қимир этмай.
– Бу ёққа кел дедим сенга-а-а-а…
Салима гипноз ҳолатига тушиб қолгандай эди гўё. Ойпарастлар каби бошини эггани кўйи қўлларини олдинга чўзиб деразага яқинлашди.
– Тўхта-а-а-а!
Буйруқни сўзсиз бажарди. Бироқ, бошини кўтар­гани йўқ.
– Гўримда тинч ётолмаяпман. Нега мен айтган ишни қилмадингггг?!
– Нима… қил дейсиз ахир…
– Эртагаёқ банкка бориб янгитдан битим туз-з-з!
– Қандай… б… битим?
– Янги битим деяпман! Мана бундай. Сен оламдан ўтганингдан кейин ким менинг тилла тамакидонимни банкка элтса, ўша одам пулларга эга чиқади. Тушундингми?
– Туш… туш…
– Тез орада ёнимга келасан-н-н… Келасан-н-н… Келасан-н-н-н!!!
Салима гурсиллаб каравот устига қулади. Унинг қулашини кузатиб, ёмон йиқилмаганига ишонч ҳосил қилгач, яна деразага қарадим. Арвоҳ ғойиб бўлган, кетар жафосига деразани ёпиб кетганди. Шундагина ўзимга келиб айвонга шошилдим. Агар, кўндаланг туриб қолган тахминим ҳақиқатга айланса, Шерматни хонасидан тополмайман. Акси бўлса, уйқусини бузганим учун узр сўраб орқамга қайтишимга тўғри келади!
Айвонга отилиб чиқдиму шахт билан Шерматнинг хонаси эшигини очдим. Димоғимга “гуп” этиб сасиган пайпоқ ҳиди урилди. Бўсағадан ичкарига ўтганим йўқ. Хонанинг чироғи ёниқ, дераза ланг очиқ турар, Шерматнинг қораси ҳам кўринмасди. Тахмин қилиб адашмаган кўринаман.
Салиманинг “ҳудудига” қайтганимда уй бекаси анча ўзига келиб қолган, инқиллаб-синқиллаб ўрнидан тураётганди. Ётоқхона чироғини ёқиб ёрдамга шошилдим.
– Энди и… ишондингизми?
– Тинчингиз бузилганига ишондим. Муздек сув келтирайми?
– Муздек сув ўзингизга ҳам зарар қилмасди, юзларингиз оқариб кетибди. Аммо бу аҳволда ошхонани тополмайсиз. Яхшиси, ўтирайлик.
Салима каравотга, мен пардоз столи ёнида турган курсига ўтирдим.
– Эртага битимни ўзгартираман. Бошқа иложим йўқ.
– Бу масалада шошманг.
– Шошилма дейсиз-у…
– Айтганча, эрингизнинг тамакидони қаерда?
– Тилла тақинчоқларим сақланадиган қутичада турибди.
– Аниқми?
– Турганди…
– Қараб кўринг-чи.
Салима ўрнидан туриб шкафга яқинлашди. Шкафдан жимжимадор нақшлар ўйилган қутичани олди. Қутичани очди-ю титраб кетди.
– Эй Худойим… Тамакидон йўқ!
Худди шу жавобни кутгандим ундан. Падарига лаънат, бугун нимани тусмолласам бари ҳақиқатга айлан­япти!
– Тушунарли.
– Нима “тушунарли?”
– Тамакидон йўқолганини тушундим… Мен кетаман. Энди бемалол ухлашингиз мумкин, арвоҳ бугун сизни бошқа безовта қилмайди. Деразадан чиқаман. Айтганча, арвоҳни бирга “томоша” қилганимизни ҳеч ким билмасин!
Деразадан орқа ҳовлига чиқдим. Телефонимнинг чироғини ёқиб нурини ерга йўналтиргандим, лойга беланган туфли излари кўринди. Излар боққа кириб ғойиб бўлганди.
Арвоҳлар туфли киядиган бўлишибдими?..

9

Саккиз поғоналик зинани икки ҳатлашда босиб ўтиб бўлимга кирдиму капитан Қобуловнинг навбатчилар хонасининг дарчасидан чиқиб турган бошига рўпара бўлдим.
– Келдингми, Фаррух? Қаерларда санғиб юрибсан?
– Келдим. Бу ерда тинчликми?
– Тинчлик. Яна бир оз кечиксанг подполковник Шарипов уйинга қуролланган наряд юборган бўларди!
Жуда катта тезликда иккинчи қаватга кўтарилдим. Шариповнинг хонаси эшигини тақиллатишим билан ичкаридан буйруқ эшитилди.
– Киринг!
– Ўртоқ подполковник…
– Ўзингизни оқлаш учун арзирлик сабаб борми, ўртоқ капитан?! – сўзимни чўрт кесди подполковник яхшиликдан дарак бермайдиган оҳангда.
– Асло йўқ, ўртоқ подполковник!
Чунки, ухлаб қолганим арзирли сабаб ўрнида қабул қилинмайди!
Бир муддат кўзларимга ўқдек қадалиб турган Шарипов мийиғида кулиб қўйди. Бурни устига йиғилган қошлари ҳам ёйила бошлаганини кўриб ҳийла енгил тортдим. Рост гапнинг тиғигина эмас, ҳақиқатни тан олган одамнинг айбини кечиришга ундайдиган хусусияти ҳам бор. Бунга бўлим бошлиғининг хонасида тик турган ҳолда яна бир марта имон келтиряпман…
– Келинга менинг кимлигимни айтиб қўй, “сен”­сирашга ўтди Шарипов. – Ҳар қалай, подполковник ка­питаннинг уйига қўнғироқ қилсаю, хотинидан “эрим ухлаяпти, уйғонганидан кейин қўнғироқ қилинг” деган гапни эшитса ярашмайди. Тушундингми?
– Тушундим.
– Тушунган бўлсанг нега қаққайиб турибсан? Ўтир.
Шоша-пиша буйруқни бажардим.
– Қулоғим сенда.
– Кеча, тунда сизга қўнғироқ қилганимдан сўнг Ҳасан Жабборнинг уйига йўл олдим. Уйда Салима Жабборованинг ўзи, ҳовлидаги уйчада Холбой Норбоев­дан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Салима Ҳикматовнадан ётоғида ўтиришини сўраб ўзим даҳлизга жойлашдим. Тунги соат 11 яримларда Шермат Жабборов уйига қайтди.
– Холбой Норбоевга ажратилган уйчанинг эшиги очилиб кимдир ташқарига чиққанини кўрдинг, а?
– Менга шундай туюлди, ўртоқ подполковник. Ҳовли чироқ ўчиб қолгани учун бу саволингизга комил ишонч билан жавоб беролмайман. Орадан ярим соатча вақт ўтгач Салима Ҳикматовнанинг ётоқхонаси деразаси очилди ва… – Шариповнинг саволчан нигоҳидан кўзларимни олиб қочдим. – Ҳасан Жабборнинг арвоҳи пайдо бўлди.
Подполковникнинг юз-кўзларида жиддий норози­лик ифодаси пайдо бўлишини кутгандим. Чунки у қонун бузилган жойда тирик қонунбузарларнигина тан олади.
– Қани у? – сўради Шарипов юмшоқ оҳангда. Яна бир марта енгил тин олдим. Ҳартугул, унинг кайфиятида мен кутган ўзгариш юз бергани йўқ. – Нега арвоҳни бу ерга олиб келмадинг?
– Удда қилолмадим. У ҳақиқий Ҳасан Жабборга жуда ўхшаб кетарди. Тан оламан, анграйиб қолганим учун… хуллас, айбдорман, ўртоқ подполковник.
– Удда қилолмадим дегин? Бу сафар арвоҳ Салима Жабборовага қандай талаб қўйди?
– Банк билан тузилган битимни ўзгартиришини яна талаб қилди. Унинг истаги бўйича, пуллар Салима Ҳикматовна оламдан ўтганидан сўнг Ҳасан Жабборнинг тилла тамакидонини банкка элтган одамга тегиши керак эди.
– Қизиқ… Арвоҳ пайдо бўлишидан олдин Шерматнинг хонасидан деразанинг тарақлаганини эшитдинг. Кейин, сенга Холбой Норбоевга ажратилган уйчанинг эшиги очилгандай туюлди… Жуда қизиқ!
– Арвоҳ ғойиб бўлгач, кўнглимда шубҳа туғилгани учун Шерматнинг хонасига шошилдим. У ерда нималарни кўрганимни тахмин қиласизми?
– Шермат хонасида йўқ эди. Шундайми?
– Айнан шундай.
– Тилла тамакидонга қайтамиз.
– Салима Жабборова ўзига келганидан сўнг, мен ундан эридан қолган тамакидон қаердалигини сўрадим. Жабборова шкафдаги қутичасида сақлаётганини айтди. Аммо, қутичадан тамакидон топилмади.
Худди, менинг жавобимни ёқтирмагандай, подполковник Шарипов пешонасини тириштириб ўйга толди. Лом-лим деб оғиз очмай унинг тилга киришини кута бошладим.
– Шерматдан гумон қиляпсанми? – сўради Шарипов ўрнидан тураркан.
– Айрим нарсалар ундан гумон қилишга ундаяпти.
– Ўша нарсалар хулоса чиқаришга арзийдими?
– Ишончим комил эмас.
– Кейинги пайтларда, шу гапни кўп ишлатяпсан. Энди гап бундай, Фаррух. Сен ҳозир Салима Жабборованинг уйига борасан. Кимдан, нима учун шубҳаланаётганингни айтганингдан сўнг, Ҳасан Жабборнинг тамакидонини қидирасизлар.
– Агар, тамакидон мен тахмин қилаётган хонадан чиқса-чи?
– Воқеаликнинг ривожи Салима Ҳикматовнанинг ўзига ҳам боғлиқ. Мен унинг айбдорга нисбатан жиддий чора кўришимизни талаб қилишига ишонмайман. Сизга рухсат, капитан.
Ўрнимдан туриб эшикка йўналдим. Тутқичга қўл чўзган пайтим орқамдан подполковник Шариповнинг овози эшитилди.
– Ҳасан Жабборнинг тилла тамакидони Шерматнинг хонасидан топилиши ҳақиқатга яқин, Фаррух.
– Бу билан…
– Ҳозирча, ҳеч нарса демоқчи эмасман!

10

Ички ишлар бўлимидан чиққач юришдан тўхтаб чўнтагимга қўл чўздим. Телефоним мусиқа чала бошлаганди.
– Эшитаман? – ғўлдирадим телефонимни қуло­ғимга етказиб.
– Капитан Акбаров?
– Икром Рустамович?
– Салом, ўртоқ капитан. Кўп вақтингизни олмаслик учун дарров муддаога ўтаман. Боя Салима Жабборова билан телефонда гаплашгандим.
– Демак, тунда Ҳасан Жабборнинг уйида юз берган воқеадан хабарингиз бор. Қўнғироқ қилганингиз яхши бўлди, ўзим сизни безовта қилмоқчи бўлиб тургандим. Сизга бир-иккита саволим бор эди.
– Менда ҳам. Сиздан бошлаймиз.
– Раҳмат. Мижозингизнинг номига катта ёки жуда катта пул қўйилган. Қайси бири?
– Кейингиси.
– Бу пулларга кўз олайтираётган одам мижозингиздан ғалати нарсани талаб қиляпти.
– Эшитдим. Тилла тамакидон.
– Бундай талаб жуда катта пулга нисбатан ҳақорат эмасми?
– Агар, мижоз ўз ихтиёри билан бу таклифни ки­ритса, мумкин. Чунки, мижознинг истаги биз учун қо­нун! Бироқ, англашимча, мижозим бу ишни ўз ихтиёри билан қилаётгани йўқ.
– Тўғри англабсиз. Салима Жабборова арвоҳнинг қистови билан битимни ўзгартиришни талаб қилса, қандай муносабат билдирасиз?
– Унинг талабини бажаришга мажбур бўламан.
– Бироқ, воқеликнинг бундай ривожи сизга маъ­қул эмас, шундайми?
– Албатта маъқул эмас! Чунки, пулга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган одам пулларни зудлик билан қайтаришимизни талаб қилиши мумкин. Мен эса йирик мижозимдан айрилиб қолишни истамайман.
Орага қисқа сукунат чўкди.
– Бошқа саволингиз йўқми, ўртоқ капитан?
– Йўқ.
– Мен ҳам сиздан у-бу нарсалар ҳақида сўрамоқчи эдим.
– Марҳамат.
– Кеча тунда юз берган воқеадан сўнг айнан кимдан гумон қилаётганингизни билсам бўладими?
– Бошқа саволга ўтинг!
– Менинг мижозимни қачон арвоҳнинг таъқибидан халос қиласиз?
– Бундан бошқа саволингиз йўқми?
– Тушунарли. Ҳеч бўлмаса, йирик мижозимдан айрилиб қолмаслигимга кафолат берарсиз?
– Адолат қарор топишига кафолат бераман! Барча саволларингизга тез орада жавоб оласиз. Омон бўлинг, Икром Рустамович!
Банкир эс-ҳушини йиғиб олгунча бўлмай алоқани узиб Салима Жабборовага қўнғироқ қилдим-да юриб кетдим.

11

Салима Жабборова бир неча кун олдинги кибор хонимга умуман ўхшамасди. Йиғиданми, уй­қусизликданми кўзлари қизариб кетган, сўлғин юзларидаги ажинлар чуқурлашиб, қадди ҳам сезиларли букчайгандай эди. Менинг ташрифимни, худди бошига тушган кўр­гуликларга мен айбдордай совуққина қарши олди.
– Энди сизни кимгадир юрист деб таништиришим шарт бўлмаса керак?
– Шарт эмас.
– Эрталаб қўшни маҳалладаги фолбиннинг уйига боргандим. Фолбин фол кўриб, “милицияга бекорга борибсиз, нариги дунё вакилларига уларнинг ваколати ўтмайди, безовта руҳни дуо билан келган жойига қайтариб юбориш керак” деди.
– Ўша фолбин қандай дуо ўқиш кераклигини биларканми?
– Билса керак. Пулидан қочмасангиз бир ой ичида даф қиламан деяпти.
– Бир ойдан кейин келайми?
– Кетмоқчимисиз?
– Йўқ. Менга ишонаверинг, Салима Ҳикматовна, бизнинг арвоҳга нафаси тиғдай ўткир фолбиннинг ҳам дуоси кор қилмайди. Чунки, сизни безовта қилаётган арвоҳ у дунёга эмас, бизнинг дунёга тегишли.
– Демоқчисизки…
– Худди шундай. Фақат, ҳовли эшик олдида туриб тирик арвоҳлар ҳақида гаплашиш ноқулай. Балки, ичкарига таклиф қиларсиз?
Салима эшикни каттароқ очди.
– Ҳовлида гаплашамиз.
Уй эшигининг икки томони мўъжазгина гулзорга айлантирилган, гулзор ёнига стол билан уч-тўртта курси қўйилганди. Курсиларга жойлашдик. Япалоқ папкамни стол устига қўярканман, ҳовлидаги уйчага қараб қўйдим.
– Холбой каллаи саҳарлаб қишлоққа кетди, – деди Салима. – Нега бунча эрта уйдан чиқиб кетганини билмайман. Аммо, сизда унинг каллаи саҳарлаб йўлга чиқишига нисбатан ҳам шубҳа бўлса керак…
– Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми, Салима Ҳик­матовна? – сўрадим унинг киноясини жавобсиз қол­дириб.
– Мазах қилманг…
– Сизга қанчалик оғирлигини тушуниб турибман. Аммо, мендан ранжимайсиз деган умиддаман. Агар, бизнинг шубҳаларимиз исботини топса, ҳақиқатни яна бир кучли зарба ўрнида қабул қилишингизга тўғри келади.
Салиманинг кўзлари ниҳоятда аянчли тус олди.
– Мени сиз ҳам қўрқитманг. Илтимос…
– Муддаога ўтишдан олдин бир саволимга жавоб берсангиз. Мабодо, Шермат ёки Давроннинг меҳ­рингизга жавобан қабиҳ иш қилганлиги исботланса, нима қилган бўлардингиз?
– Билмадим… Ҳар қалай, қамоққа олишингизни илтимос қилмасам керак. Чунки, мен уларни ўғлим деганман. Ҳеч бир она фарзандининг азият чекишини истамайди. Шундай экан, мақсадга ўтаверинг.
Салимага жуда ачинардим. Аммо шубҳаларимни яшириш йўли билан уни аяшга ҳаққим йўқ эди. Шунинг учун кимдан, нима учун гумон қилаётганимни асослаб бердим.
– Бу билан арвоҳ… ҳақиқий арвоҳ эмас демоқ­чи­мисиз? – сўради юзлари оппоқ оқариб кетган Салима.
– Худди шундай. Ишонинг, Салима Ҳикматовна, ҳақиқий арвоҳлар ҳеч қачон банкдаги пул билан қи­зиқмайдилар.
– Сизни тўғри тушунган бўлсам, Шермат эримнинг қиёфасига кирган. Шундайми?
– Далиллар шунга ишора қиляпти. Шерматнинг акт­ёрликка ўқиганини унутмаган бўлсангиз керак? Гриммдан фойдаланиб хоҳлаган одамининг кўринишини олиш уқуви бор одам учун писта чаққандай гап!
– Демак, эримнинг арвоҳи эмас, балки, Шермат банк билан тузилган битимни бекор қилишимни талаб қилган экан-да?
– Мен нима учун айнан ундан шубҳаланаётганим­ни асослаб бердим.
Тамоман гангиб қолган уй бекаси нима қи­лаёт­ганини ўзи ҳам тушунмаётган одам йўриғида ўрнидан туриб кетди. Бир муддат қотиб тургач, худди шу йў­син­да яна курсига чўкди.
– Сиз… сиз шубҳаларингизни исботлай оласизми?
– Ҳаракат қиламан. Аммо, бунинг учун Шерматнинг хонасини тинтишга тўғри келади.
– Унинг ўзидан сўрасак-чи?
– Агар, ундан гумон қилиб адашмаётган бўлсам, икки дунёда ҳам айбини тан олмайди. Шермат уйдами?
– Йўқ. Кўчага чиқиб кетганди.
– Вақтни ўтказмайлик.
Икки ўт орасида қолган Салима охир-оқибат ўзи­даги иккиланишни енгиб ўрнидан турди. Мен унга эргашдим. Изма-из айвонга, айвондан Шерматнинг хонасига кирдик.
– Қидираверинг.
– Узр, жиянингизнинг нарсаларини титкилашга менинг ваколатим йўқ. Сиз эса уй бекаси ва Шерматнинг онаси сифатида бунга ҳақлисиз.
Юрак-юракдан хўрсиниб қўйган Салима ишга киришди. Аввал кийим илинадиган шкаф очилди, ичидаги қишки-ёзги кийимларнинг чўнтакларига бирма-бир қўл суқилди. Шкаф устига, остига, орқасига назар ташланди, кўрпа-тўшак, ҳатто ёстиқлар ҳам текширилди. Бироқ ҳеч қаердан тилла тамакидон топила қолмади.
– Шерматдан узр сўрашингизга тўғри келади! –ҳукм чиқарди уй бекаси.
– Агар, шубҳаларим исботини топмаса, албатта, узр сўрайман. Шермат пул ёки бошқа қимматбаҳо нарсаларини қаерда сақлашини билмайсизми?
– Адашмасам, пулларни синглимдан қолган темир қутичада сақларди.
– Ўша қутича қаерда?
Салима хонанинг бурчагига етиб гиламнинг бир четини кўтарганди, ўранинг оғзи кўринди. Уни пастга эгилтирмаслик учун гилам устига чўк тушиб ўрадан темир қутичани олдим.
– Очинг.
Салима қутичани очди. Иккита тилла узук билан бир жуфт исирға бир даста мингталик пулнинг устида ётарди.
– Шўрлик синглимнинг тақинчоқлари… Буларни таққанида гулдек очилиб кетарди…
– Пуллар ғалати дўппайиб турибди. Остини қа­ранг-чи!
Талабимни сўзсиз бажарган уй бекаси қалқиб кетди. Пулларнинг остида тилла тамакидон ётарди.
– Бу ерда нима қиляпсизлар?!
Дўрилдоқ овозни эшитиб ялт этиб орқамга қа­радим. Азбаройи Салима билан андармон бўл­ганимдан Шерматнинг хонага кирганини сезмаган эканман. Бу қилиқ жиноят қидирув бўлими ходимига ярашмаслигини тан олиб Шерматни саволга тутишга шайландим. Аммо уй бекаси бунга вақт қолдиргани йўқ.
– Мени шунчалик ёмон кўрасанми, болам?
– Бу нима деганингиз? – сўради Шермат. – Тинч­ликми ўзи?
– Поччанг сени ўз ўғлидай кўрарди. Унинг хотирасини оёқ ости қилишга уялмадингми?!
– Ҳеч нарсага тушунолмаяпман. Поччамнинг хотирасини оёқ ости қиладиган нима иш қилибман? Яна ичишимни юзимни солмоқчимисиз?!
– Кеча тунда уйга қайтганингиздан кейин нима иш қилдингиз?
Шермат ялт этиб менга қаради. Аниқроғи, еб қўй­гудек қадалди.
– Тергов қилмоқчимисиз?
– Истасангиз тергов деб тушунишингиз мумкин. Капитан Акбаров. Жиноят қидирув бўлими. Саволим­ни такрорлашдан олдин ҳужжатимни кўрсатишим шарт деб ўйлайсизми?
– Кечаги юрист бугун милиция ходимига айланиб қолибдими?
Ҳужжатимни чиқариб бурнига яқинлаштирдим.
– Саволни қайтарайми?
– Шарт эмас! Кеча тунда уйга қайтганимдан кейин тўшакка чўзилдим.
– Ишончингиз комилми?
– Ухлагани ётганим рост! Аммо уйқум келмади. Шунинг учун деразадан ҳовлига, ҳовлидан кўчага чиқиб айланиб келдим.
– Нега эшик бу ёқда қолиб деразадан чиқдингиз?
– Чунки холамнинг уйқуси сергак, сичқон югуриб ўтса ҳам тинчи бузилади. Унинг уйқусини бузмаслик учун деразадан ташқарига чиқдим.
– Нима учун поччангнинг тилла тамакидонини ўғир­ладинг?
Шермат ялт этиб Салимага қаради.
– Ним-ма?! Яна қанақа тамакидон?! Мен ҳеч нимани ўғирлаганим йўқ, хола!
Темир қутичага ишора қилдим. Қутича ичида ётган тамакидонга кўзи тушган Шермат анграйиб қолди. Унинг кўзларидаги ифода! Бу ифода ноҳақ айбланган одамгагина мос тушарди. Демак, у ё ростдан ҳам бегуноҳ ёки боплаб ролга киряпти.
– Мен… мен ҳеч нарсага тушунолмай қолдим. Менинг қутичамда поччамнинг тамакидони нима қиляпти?
– Балки, бу саволга ўзингиз жавоб берарсиз? Ҳеч бўлмаса энди ростини айтинг. Холангизнинг номига катта пул қўйилганини билармидингиз?
– Билмасдим! Пул ҳақида сиздан эшитдим!
– Негадир бу гапингизга ишонгим келмаяпти. Х­олангизнинг уйида содир этилган қонунбузарликка нисбатан менинг ўз фикрим бор. Агар, тахминларим нотўғри эканлигини исбот қилолсангиз хурсанд бў­лардим. Демак, бундай. Сиз холангизнинг номига катта пул қўйилганидан хабардор бўлгансиз. Пулларга эгалик қилиш учун, гриммдан фойдаланиб поччангизнинг қиёфасига кирасиз ва холангиздан банк билан тузилган битимни бекор қилиб янгитдан битим тузишини талаб қиласиз.
Шермат қисқичбақадай қизариб кетди.
– Мен ҳеч кимнинг қиёфасига кирганим йўқ!
– Менинг тахминларимни далиллар билан рад қил­сангиз яхши бўларди. Давом этаман. Сиз так­лиф қилган битимга биноан, суғурта пули поччангизнинг тилла тамакидонини банк хўжайинига топширган одамга тегиши керак эди.
– Банк хўжайини, тамакидон, пул… Бу ишларга менинг алоқам йўқ!
– У ҳолда, янглишаётганимни исбот қилинг!
Унинг шалвираб қолишини тахмин қилгандим. Адашмаган эканман. Нимадир дейишга чоғланган Шермат тилига келганни ташқарига чиқармай йўқ, қўл силтади-ю жимиб қолди.
– Тан олганингизми бу?
– Асло! Тўғри, кўчада айланиб юрганимни ҳеч ким кўргани йўқ. Аммо, онамнинг хотираси ҳаққи ҳурмати, менга ишонинг, хола. Поччамнинг тамакидонини ўғир­лаганим ҳам, унинг қиёфасига кирганим ҳам йўқ!
Салима чуқур хўрсинди.
– Сендан кутмагандим, болам, кутмагандим…
– Айбим йўқ ахир менинг! Нега менга ишонмайсиз, нега?! Эй Худо, ҳақиқат борми ўзи бу дунёда?!
На мен ва на холаси Шерматнинг фарёдига муносабат билдирмадик. Кутилмаганда унинг афти-ангори ўзгарди. Менга юзланди.
– Мен қамоққа олиндимми?
– Йўқ.
Шермат тилла тамакидонни олиб стол устига қўй­гач темир қутичани бағрига босиб эшикка йўналди. Эшикка етган жойида тўхтаб, холасига совуқ нигоҳ ташлади.
– Ҳали пушаймон қиласиз, хола. Қаттиқ пушаймон қиласиз!
Шермат чи­қиб кетгач сўлғин тин олдим. Кўнглим ни­ҳоятда ғаш эди…

12

– “Арвоҳ иши”га нуқта қўямизми?
Подполковникнинг бу саволига қандай жавоб қайтарсам адашмаган бўлиб чиқишимни ўзим ҳам билмасдим. Бир қарашда, гўёки хулоса тайин: арвоҳ банкдаги пул Ҳасан Жабборнинг тилла тамакидони кимда бўлса ўшанга тегишини тайинлади, тамакидон Шерматнинг хонасидан топилди, гумондор ўзига қарши қўйилган далилларни рад қила олмади. Қолаверса, Салиманинг айтишича, Шермат уйидан чиқиб кетганидан кейин арвоҳ уни бирон марта ҳам безовта қилмабди. Демак, майда қонунбузарлик жиддий жиноятга айланмасидан олдин олди олинди…
Лекин буни баралла айтишга нимадир сира йўл қўймаяпти-да! Устига устак, Салима Жабборованинг кундан кунга сўлиб бораётгани ғалати. Муаммолари ечимини топган одам аксинча, енгил тин олиши керак эди-ку ахир?!
– Салима Жабборованинг аҳволи қандай? – сў­ради Шарипов.
– Яхши деб айтолмайман.
Стол устида учта сурат ётарди. Бирида Шермат хўмрайиб, иккинчисида Даврон ўйчан, кейингисида Холбой Норбоев, худди, мени мазах қилаётган каби ишшайиб турарди. Бу одам ҳам Шермат уйдан чиқиб кетган кун тонг саҳарлаб ғойиб бўлганича Салима Жабборованикига қайтгани йўқ…
– Менимча, “Арвоҳ иши”га ҳали нуқта қўйишга эрта, – деди Шарипов одати бўйича нигоҳи билан пешонамни нишонга оларкан. – Ҳасан Жабборнинг тилла тамакидони Холбой ёки Давроннинг эмас, нега айнан Шерматнинг хонасидан топилди? Мана, шу саволга жавоб топиш керак!
– Жавоб топиш керак, бироқ… Кеча Жабборовага қўнғироқ қилгандим. Гаплашишни истамади. Шермат уйимдан чиқиб кетди, энди мени тинч қўйинглар деб дастакни қўйиб қўйди. Шундай экан…
– Шундай экан, гапни илиб кетди Шарипов. – Салима Жабборова банк билан тузган битимни ўз­гартирдими-йўқми, аниқлаш зарур!
– Битимни ўзгартирмаса арвоҳ яна пайдо бўлади деб ўйлайсизми?
– Йўқ. Битимни ўзгартирганидан кейин пайдо бў­лишига ишончим комил!
Подполковник Шариповнинг хонасидан чиқиб Ик­ром Рустамовичга қўнғироқ қилдим. Зумда нариги томонда дастак кўтарилди.
– Салом, ўртоқ капитан.
– Салом, Икром Рустамович. Безовта қил­ма­дим­ми?
– Йўқ. Қайтага хурсанд бўлдим. Шерматнинг кирдикорларини фош қилиб йирик мижозимиздан айрилишимизга йўл қўймаганингиз учун сиздан жуда миннатдорман. Менга нима хизмат?
– Сизга битта савол ва битта илтимосим бор эди. Қайси биридан бошлай?
– Саволдан бошлай қолинг…
– Салима Жабборова банк билан тузилган битимни ўзгартирдими?
– Ҳозирча, йўқ.
– Агар, ўзгартирса менга хабар берсангиз, хурсанд бўлардим.
Банкирнинг бир муддат сукут сақлаганидан енгил тин олганини илғадим.
– Илтимосингиз шуми?
– Шу.
– Қўнғироқ қиламан. Саломат бўлинг, ўртоқ капитан.
Икром Рустамович апил-тапил дастакни қўйди…
 
13

Иккита сумкани кўтарган кўйи бўсағада пайдо бўлди.
– Эрталабдан дўконма-дўкон санғидингми?
– Дўкон қайда! Бозорга тушдим. Сабзи олдим, пиёз, помидор дегандай… Вой, айтганча, дадаси, бозордан чиқаётиб катта опамни кўриб қолдим. Сизни сўради, салом айтиб қўйишимни тайинлади.
– Саломат бўлсин, – дедим ошхонага кириб сумкаларни стол устига қўярканман. Ўғилойнинг унча-мунчага “вой” лайдиган одати йўқ. “Вой” га “дадаси” ни ҳам қўшдими, демак, шу икки сўзни ишлатишга мажбур қилган қандайдир воқеа юз берган – Фақат, салом айтдими?
– Ҳа. Лекин-чи, опамнинг айтишича, тез орада қўшниси Салима опанинг томи кетармиш!
Сергак тортдим. Айтдим-а, хотиним беҳудага “вой”­ламайди деб!
– Қанақасига томи кетармиш?
– Шунақасига! Салима опа эрининг арвоҳи билан энди кундуз кунлариям гаплашаётганмиш. Опам, “кеча уйи олдидан ўтаётиб ўзим кўрдим, дарвоза олдида қотиб эри билан гаплашаётганди” дейди!
– Эри билан?! Янами?
– Яна, фақат кундуз куни.
Фиғонимдан дуд чиқиб кетди. Кундуз куними, тундами, тонгдами, нима фарқи бор?! Жабборова “Шермат уйдан чиқиб кетганидан кейин эримнинг руҳи келмай қўйди” деганди-ку ахир?!
– Вой, сизга нима бўлди, дадаси? Юзларингиз қи­зариб кетяптими?
– Сенга шундай туюлаётгандир. Менга қара, мабодо опанг Салима Жабборова эрининг руҳига нималар деганини эшитмабдими?
– Эшитибди. Салима опа, “дадажониси, эртагаёқ ёнингизга бораман. Фақат, мени ўзингиз кутиб олинг, бегона ўликлардан қўрқаман” деганмиш. Арвоҳлар бир ёпишса адои-тамом қилмагунча тинчимас экан, дадаси. Онам айтадилар…
– Онангга салом деб қўй! Мен кетдим!
– Қаёққа?
– Ҳасан Жабборнинг уйига!
Шоша-пиша ошхонадан ўқдай отилиб ҳовлидан чиқиб кетдим. Аммо нима учун Ҳасан Жабборнинг уйига кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. “13” рақами илинган дарвоза олдида таксини тўхтатгунимча ҳам бирон бир қарорга келолганим йўқ. Машинадан чиққач эса ҳафсалам пир бўлди. Салима Жабборованинг ҳовли эшигига отнинг калласидай келадиган қулф осилганди. Бир муддат нима қиларимни билмай анграйиб турганимдан сўнг ён қўшнисининг эшигини тақиллатдим. Эшик очилиб онам тенги, шаддодлиги қув кўзларидан шундоққина сезилиб турган аёл кўринди.
– Кечирасиз…
– Майли, кечирдим, болам. Энди дардингни айтавер.
– Салима холани қидириб келгандим. Қарасам, эшиги қулф. Мабодо, қаёққа кетганини билмайсизми?
– Нега билмас эканман? Биламан-да, болам. Аввал сен кимлигингни айт. Сўнг, нега уни қи­дириб юрганингни айтасан. Ана ундан кейин…
Ҳужжатимни кўрсатишимга тўғри келди.
– Тушунарли. Салима арқон сотиб олгани бозорга кетди.
– Бозорга кетди? Салима хола арқонни нима қи­лади? Ахир, моли йўқ-ку?
– Нега йўқ бўларкан? Ўтган кун эрталаб Холбой яна Салиманинг уйига қайтиб келди. Қуруқ келгани йўқ, қишлоқдан сигир етаклаб келди. Янги молга янги арқон боғлаш керак. Шунақа ирими бор. Эски арқонда турса…
Аёлнинг кейинги сўзлари қулоғимга кирмади. Яна таксига ўтириб бозор дарвозаси олдида тушиб қолдим. Ичкарига кирдим. Бозор тўла одам, ғала-ғовур, бақир-чақир…
Дарвозадан кириб тўғри арқончиларнинг расталари томонга одимладим. Салимани топдим. Ана, ўзи тенги арқончининг ёнида турибди. Ундаги ўзгаришни кўриб бўғзимдан хўрсиниқ юлинди. Шундоғам озғин эди, янада озиб чўпдай бўлиб қолибди. Ёнига яқинлашганимда сочларининг қорасидан оқи кўпайганини илғадим. Юзларини тилган ажинлар ҳам бунчалик кўп эмасди…
– Арқонингиз пишиқми, ота? – сўради Салима бош бармоқ йўғонлигидаги арқонни қўлига оларкан. Ар­қончи унга таажжубланиб қараб қўйди.
– Ота дедингми? Нима, мени танимаяпсанми, Салима?
– Кекса одамлар орасида таниш-билишларим кам, ота. Шунинг учун, айбга буюрманг.
– Яна ота дейди-я! Эсинг жойидами ўзи? Мен Бобожонман. Сен билан бир маҳаллада туғилиб…
– Узр, Бобожон ота, танимабман. Менга уч метр арқон беринг.
– Бобожон отамиш! Эс-ҳушинг жойидами ўзи?
– Жойида.
– Арқонни нима қиласан?
– Эрим уч метр арқон топиб қўйишимни сўраганди. Берасизми?
Бобожон ака “астағфурулло” деб ёқасини ушлади.
– Нималар деяётганингни биласанми ўзи?! Эринг оламдан ўтганига бир йил бўлди-ку!
– Сизга ёлғон айтишибди. Эрим тирик. Ҳамма уни ўлган деб ўйлайди, аслида, у ўлмаган. Тез-тез учрашиб турибмиз.
Бобожон ака, унинг соғ эканига шубҳанди чоғи, арқони сотмади. Салима навбатдаги растага ўтиб уч метр арқон сотиб олгач бозор дарвозаси томонга юриб кетди. Унга эргашдим.
– Салима Ҳикматовна, бир дақиқага!
Кутилмаганда Салиманинг кўзларидаги ақли-ҳу­шидан айрилган одамларга хос бўлган ифода сўниб, зумда пулдор одамнинг бадавлат бевасига айланди.
– Мендан нима истайсиз?
– Мумкинми, сизни кузатиб қўйсам?
– Йўқ! Мен ўғлимга туҳмат қилган одам билан гап­лашишни истамайман! Асли, эримнинг тамакидонини ўзингиз ўғирлаб Шерматжоннинг қутичасига солиб қўй­гансиз!
Ундан ҳар нарсани кутган бўлсам ҳам бундай бемаъни айбловни кутмагандим.
– Менга қаранг…
– Шерматни уйдан ҳайдатиш учун арвоҳ асли арвоҳмас, Шермат арвоҳ ролини ўйнаяпти дедингиз! Мен нодон сизга ишондим. Эримнинг арвоҳи эса ке­йинги икки кун ичида икки марта келди. Энди ундан қўрқмайдиган бўлиб қолдим. Чунки, эрим бир сўзли одам, айтганимни қилсанг сенга зиён етказмайман деб ваъда бердими, бас, ваъдасини бажаради.
Бу гап менга умуман ёқмади.
– Менга қаранг, балки кимдир яна эрингизнинг қи­ёфасига кириб…
– Бўлмағур тахминларингиз ўзингизга сийлов, сўзларимни чўрт кесди Салима. – Ўтган тун эрим кў­зимни очди. “Мен ҳақиқий арвоҳман, деди менга, синг­лингнинг ўғли қиёфамга кираётгани йўқ. Ишонмасанг, Шерматга қўнғироқ қил!” Қўнғироқ қилдим. Шермат мен билан гаплашишни истамади, сиздан нафратланаман деди-ю дастакни қўйиб қўйди. Арвоҳ эса бу пайтда шундоққина деразам олдида турарди!
Миям яшин тезлигида ишлай бошлади. Демак, арвоҳ икки кун олдин яна пайдо бўлган. Ҳасан Жабборнинг қўшнисидан Холбой Норбоев ҳам Салиманинг уйига икки кун олдин қайтганини эшитдим. Қизиқ, жуда қизиқ!
– Банк билан тузган битимни ўзгартирдингизми?
Салима индамай, йўл чеккасида турган таксига ўтирди. Бир муддат жойидан қўзғалган таксининг орқасидан қараб тургач уйга йўл олдим.
– Келдингизми, дадаси?
– Келдим. Мени ким сўраса ҳам йўқман!
Хотиним кайфиятим расволигини илғади чоғи, индамай қўяқолди. Айвонга кириб диванга ўтирдим.
– Шермат уйдан чиқиб кетганидан кейин ҳам арвоҳ тинчимабди, – дедим ўзимга ўзим. – Энг ёмони, руҳан эзилиб адо бўлган Салима Жабборова унинг истаги қулига айланган кўринади. Шошма-шошма, Салима Жабборова банк билан тузган битимни ўзгартирган бўлмасин тағин?
Шоша-пиша телефонимни чиқариб Икром Рустамовичнинг қўл телефонига тердим. Чақирув кетгани йўқ, унинг ўрнига мен сўраётган телефон ўчириб қўйилгани маълум қилинди. Банкирнинг уйига қўнғироқ қилдим.
– Алло? – аёл кишининг овози эшитилди нариги томондан.
– Ассалому алайкум. Икром Рустамовичнинг уйи­ми?
– У киши йўқ. Дам олгани Ялтага кетди.
Ҳафсалам пир бўлди. Қайси бир қизиқчимиз айт­ганидек, пулинг бўлса халтада, дам оласан Ялтада! Банкир билан қандай гаплашаман энди? Ялтага қўнғироқ қиламанми?!

14

Кун ўтди, қуёш ботиб борлиқ тун пардаси қўйнида қолди. Ўйлайверганимдан бошим ғовлаб кетган бўл­са-да, бирон бир мантиқли фикрга келолмайман.
– Дадаси, – ўйларимни тўзғитди хотиним. – Нима қиляпсиз?
– Телевизорга қадалиб ўтирган одам нима қи­лади? Телевизор кўради-да!
– Кўзингиз экранда-ю, хаёлингиз бошқа жойда. Яхшиси, шаҳар телестудияси каналини олинг. Ҳаваскор қизиқчиларнинг танловини кўрсатаркан бугун.
Канални ўзгартиргандим, саҳнада турган йигит кўринди. Йигит машҳур инсонларнинг овозларига тақлид қиларди. Ана, Зикир Муҳаммаджоновнинг овозида монолог ўқий бошлади. Бутун зал, залдагиларга қўшилиб мен ҳам унга бақрайганча қотиб қолгандим. Фақат залдагилардан фарқли ўлароқ, менинг кулгим эмас, ўзимни бўралаб-бўралаб сўкким келарди.
– Дадаси, нега хўмрайиб ўтирибсиз? Кулмайсизми?
– Кулгили эканми?
– Бояги қизиқчи арқонни илонга ўхшатган анқов ҳақида латифа айтганида кулавериб…
– Нима ҳақда латифа айтди дединг?
– Бир анқов арқонни илонга ўхшатган экан…
– Арқон?! – ялт этиб хотинимга қарадим. – Менга қара, эрталаб опангни кўрганингни айтганинг эсингдами?
– Эсимда. Нега сўраб қолдингиз? Тинчликми?
– Опанг Салима Жабборова эрининг руҳи билан гаплашаётганини кўрган экан дегандинг. Тўғрими?
– Тўғри. Тинчликми ахир?
– Салима опа қачон эрига ёнига боришини айтибди?
– Эртага бораман, кутиб олинг деганмиш…
– Опанг Салима опа эри билан гаплашаётганини кеча кўрган экан, шундайми? Эртага ёнингизга бораман деган бўлса… Демак… бугун!
Сакраб ўрнимдан турдиму ташқарига отилдим. Хотиним анграйиб қолаверди.
Шарипов Салима Жабборова битимни ўз­гар­тиргач арвоҳ албатта пайдо бўлади деганди! Под­полковник ҳар доимгидек ҳақ! Салима битимни ўз­гартирган кўринади. Акс ҳолда, арвоҳ уни арқон олиб келгани бозорга юбормаган бўларди!
 
* * *

Тун. Салима Жабборованинг боғи зимистон қўй­нида қолган. На уникида ва на қўшниларининг уйи­да лип этган чироқ кўринмайди.
Ўғридай писиб Салиманинг бо­ғига кирганимга икки соат бўлди. Шунча вақтдан бери унинг ётоғига яқин жойда биқиниб ўтирибман. Арвоҳни кутяпман…
Қўл соатимга назар ташладим. Тунги бир ярим. Айни арвоҳлар изғийдиган пайт ҳозир…
Шу вақт, худди, ўйимни уққан мисол боғ эшикнинг ғийқиллаб очилгани эшитилди. Кўзларимни йириб очиб орқа ҳовлига элтувчи йўлакка қарадим. Шарпани илғадим. Қоронғилик қўйнида элас-элас кўринаётган шарпа сассиз одимлаб уйнинг ён томонига ўтди-да, пас­так бинога кириб кетди. Пастак бино, чамаси, омбор вазифасини ўтар, дераза ўрнига дарча ўрнатилганди. Бир вақт, дарчада ожизгина нур кўринди. Орадан ярим соатча вақт ўтгач нур сўниб шарпа ташқарига чиқди. Шарпа қоронғида хира оқариб турган оқ рангли матога ўралиб олганди.
– Падарингга лаънат! – сўкиндим ичимда. – Ўлмай туриб кафанга ўралиб олибдими, лаънати?!
Менинг биқиниб турганимдан бехабар шарпа сассиз одимлаб Салиманинг ётоғи деразасига яқинлашди.
– Салима… – хириллади бўғиқ овозда деразанинг бир табақасини очиб – Мен келдим!
Шу асно ётоқхона деразасида ожиз нур кўринди. Салима стол чироғини ёққанини англадим.
– Нега чироқни ёқдинг? Ўчир… ўчир!
– Қўрқяпман, дадаси… – Салиманинг овози эшитилди ичкаридан.
– Қўрқма… Ота-боболаринг сени олиб келгани юборишди. Улар сени кутишяпти. Арқон сотиб олдингми?
– Сотиб олдим.
– Қани у?
– Ана, шифт остидан ўтган қувурга боғлаб қў­йибман…
– Арқоннинг бу томонини сиртмоқ қил. Яхши. Энди сиртмоқни бўйнингга сол, – шарпа овозини бир парда кўтарди. – Бўйнингга сол дедим сенга!
– Лекин, дадаси…
– Буйруқни бажар! Агар, айтганимни қилмасанг, ота-боболарингнинг руҳлари ёнингга келишади! Улар ғазабда, сени аяб ўтирмайдилар! Бўйнингга сол!
– Х… хўп… Фақат, сиз кетиб қолманг. Бирга… бирга кетамиз…
Биқинган жойимдан чиқиб оёқ учида деразага яқинлаша бошладим. Қадамим товушини, ҳатто, ўзим эшитганим йўқ, шарпага йўл бўлсин!
– Имиллама, хотин!
– Шоширманг, дадаси. Биласиз-ку, бўйнимда қи­тиғим бор…
– Тезроқ бўл дедим сенга!
– Ёрдам керакмасми?
Шарпа сапчиб тушишга улгурди, холос. Ёқасига чанг солиб даст кўтардим-у ичкарига улоқтирдим. Ётоқхонадан гурсиллаган товуш эшитилганида ўзим ҳам дераза рахига чиқиб улгургандим. Тўғри, бировнинг уйига деразадан кириш яхшимас, одам боласи эшикни беҳудага ўйлаб топмаган. Аммо, эшикдан киришга вақт йўқ эди. Салима курси устида турар, қувурга боғланган арқоннинг учи сиртмоқ қилинган, сиртмоқни бўйнига илиб олганди.
– Қимирламанг! – бақириш билан чекланмай “ар­воҳ”нинг юзига мушт тушириб курсига ташландим. Салима менга ўқрайиб қаради.
– Эримни… эримни нега урасан, ярамас?!
– Эрингиз бир йил олдин оламдан ўтган, Салима опа! Ўзингизни қўлга олинг! Кўзимга қаранг. Кўзимга қаранг деяпман сизга! Мен капитан Акбаровман. Акбаров! Манави ўлакса эса эрингиз эмас. Арвоҳ ҳам эмас!
– Унда ким? Яна Шерматми?!
– Сиртмоқни бўйнингиздан олиб курсидан тушсангиз, айтаман.
Салима талабимни сўзсиз бажарди. Қувурдан ар­қонни ечиб олдим-да “арвоҳ”нинг қўлларини чандиб боғладим.
– Энди саволимга жавоб беринг!
– Ҳозир ўзингиз жавоб топасиз. Қаранг!
“Арвоҳ”нинг тепакалию соқол-мўйловини юлиб ол­дим. Салима чинқириб юборди.
– Даврон?!
– Худди шундай! Даврон Жабборов!
Салиманинг қай аҳволга тушганини таърифлаб ўтирмайман…
– Лекин… лекин сиз Шерматдан гумон қилган­дингиз-ку?
– Янглишган эканман…
– Аблаҳ! – хириллади Даврон кўзларидан олов сачраб. Бир неча кун олдинги самимий, очиқкўнгил йигитдан асар ҳам қолмаган, оёқларим остида пул учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган мараз кимса ётарди.
– Демак, Шермат айбдор эмас экан-да? – сўради Салима курсига оғир чўкаркан.
– Салима Ҳикматовна, келинг барини бир бошдан таҳлил қиламиз. Уйингизга биринчи марта келган кунимни эсланг. Ўшанда Даврон очиқкўнгил, самимий йигит ролини қойилмақом қилиб ўйнаб мени чалғитишни уддалаганди. Натижада, ундан шубҳаланганим йўқ. У бундан усталик билан фойдаланди, Шерматни банкдаги пуллардан маҳрум қилиш учун марҳум эрингизнинг қиёфасига кириб сизни безовта қилишда давом қилди. Чунки, воқеликка эртами-кечми биз аралашишимизни биларди, лаънати! Тўғри гапиряпманми, ҳайвон?
Даврон лом-лим деб оғиз очгани йўқ.
– Майли, истамасанг индамай қўя қол. Сукут аломати ризо деган гап бор. Воқеликка биз аралашганимиздан кейин, Шерматни шубҳа остида қолдириш учун эрингизнинг тилла тамакидонини ўғирлаб синглингиздан қолган қутичага солиб қўяди.
– Шерматжон, шўрликкина… Сиз уйимга келган тун чиндан ҳам кўчага айлангани чиққан экан-да?
– Қаерга, нима учун чиққанини билмадиму, унинг бу ишда қўли йўқлиги аниқ. Банк билан тузилган битимни Давроннинг фойдасига ўзгартирдингизми?
– Ўзгартиргандим. Икки кун олдин… Ўша куни тунда у… яна келганди.
 – Сиз Шерматни пулдан маҳрум қилдингиз. Пуллар Давронга қоладиган бўлди. Энди сизнинг унга керагингиз йўқ эди. Шунинг учун, Даврон яна эрингизнинг қиёфасига киради ва сизни жонингизга қасд қилишга ундай бошлайди.
– Айнан бугун тунда бўйнимга сиртмоқ солишимни қаердан билдингиз?
– Бунинг учун қайнонамга раҳмат айтишингиз ке­рак. Агар, қайнонам катта қизини қўшнингизга эрга бермаганида бундан бехабар қолардим… Кеча хотинимнинг опаси “эрингиз” билан гаплашиб турганингизни эшитган экан. Сиз, эртага унинг ёнига боришингизни айтган экансиз. Боз устига, хаёлингиз… ҳм, нима десам экан, паришон эди десамми… Хуллас, бозордан арқон сотиб олаётганингизда шундоқ ёнингизда тургандим. Сени ҳам бозорда кўргандай бўлдимми, ярамас?
Даврон тишларини ғижирлатди.
– Кўрмади деб ўйлагандим. Адашган эканман!
– Сен иккита қалтис хатога йўл қўйдинг. Биринчиси, Салима Ҳикматовнани арвоҳлигингга ишонтириш учун Шерматга қўнғироқ қилдирдинг. Иккинчиси, қизиқчилар танловида иштирок этиб тақлид қилишга уста эканлигингни кўз-кўз қилдинг! Сени телевизорда кўрганим заҳоти мен ҳам катта хатога йўл қўйганимни тушундим. Мана шу икки хатоинг сирингни фош қилди.
Ниҳоятда чарчагандим. Пардоз столи ёнида турган курсига чўкиб қўл телефонимни чиқариб подполковник Шариповга қўнғироқ қилдим. Шарипов тунда Жабборованинг уйида қандай воқеа содир этилишини олдиндан билгану менинг қўнғироқ қилишимни кутаётгандай дарров дастакни кўтарди.
– Бемаҳал безовта қилаётганим учун узр, ўртоқ подполковник.
– Ҳасан Жабборнинг уйидан қўнғироқ қиляпсанми? – сўради Шарипов бу саволга қандай жавоб қайтишини ҳам олдиндан билган одам йўриғида.
– Ахборот бераман, ўртоқ подполковник. Биринчидан, сиз Салима Жабборова банк билан тузилган битимни ўзгартиргач арвоҳ яна пайдо бўлишни тахмин қилиб адашмаган экансиз. Иккинчидан, арвоҳ қўлга олинди! Унинг кимлигини айтайми?
– Яхшиси, Жабборова Шерматни пулга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилибдими – йўқми, шуни айт.
– Маҳрум қилибди, Собир ака.
Подполковник Шарипов бир муддат сукут сақлагач тилга кирди:
– Даврон Жабборовни ички ишлар бўлимига олиб боринг, капитан!
– Хўп бўлади, ўртоқ подполковник!
– Айтиб қўяй, Фаррух, агар эртага ишга кечикиб келсанг аяб ўтирмайман!
Телефонни ўчириб чўнтагимга жойладим.
– Мана шунақа гаплар, Салима Ҳикматовна. Ана энди “Арвоҳ иши”га нуқта қўямиз!

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 5-сон