Тугамайдиган базм йўқ. (Мақол)
Ўқ
Бош прокурор ўринбосари!
Ҳа, айнан ўзи! Республика бош прокурорининг ўринбосари.
«Дуэл»га чақирибди!
Рашид бу воқеани бировдан эшитса, ишонмасди. Ўзи кўрди. Ўзи гувоҳ. Ёқангни ушламасдан иложинг йўқ. Қилмиши учун не бир жойларда, не бир акобирларга сўзу сўроқ беришни, уларнинг қаршисида етим қўзидек мунғайиб туришини ўйлагандир. Тасаввур ҳам қилгандир. Бундай қалтис, ваҳимали суҳбатларга анча кўникиб, пўписалардан эти хийла ўлиб қолган бўлса-да, дили ғашланган, таҳликага тушгандир. Лекин бунчалик тез – ҳали куннинг қизили кўриниб, эл-улус уйқудан кўзини очмасидан бош прокурор ўринбосари билан бақамти келиш тушига ҳам кирмаган эди. Мақола эълон қилинганидан кейин уни қаерларгадир чақиришлари, танбеҳ беришлари, балки ишдан олишлари мумкинлигини биларди. Йўқ, Рашид унчалик бебош ҳам, ўз билганидан қолмайдиган қайсару нодон, ўтакетган каж ҳам эмасди. Таниганлардан, билганлардан сўрасангиз, ўнидан тўққизи уни албатта мақтайди: меҳнаткаш, ақлли. Бўйи… жуда новча эмас, лекин пакана ҳам дея олмайсиз. Қорувли. Аждодлари орасидан зобит ўтмаган бўлса-да, ўта батартиб, жиддий. Ширинсухан дейиш қийинроқдир-у, лекин дағал ҳам эмас. Чўрткесар. Сочларига оқ оралай бошлаганини айтмаса, ўттиз ёшли йигитда қусур на қилсин!
Лекин шунча танбеҳлар, огоҳлантиришлару, пўписаларни писанд қилмаган маҳмадонанинг ўзбошимчаликларига яна қанча чидаш мумкин? Қайси мамлакатда, қайси жамиятда, қайси амалдор танқидни касбга айлантирган журналистнинг елкасига тўн ёпган?
Ўтмишдан изламанг — тополмайсиз. Келажакдан боумид бўлманг — гумон бисёр. Инсон (фақат инсонми!) шундай яралган. Тинчини бузаверганни, ҳадди сиғса, тўздирмай қўймайди. Узоққа бориб не қилдик, ўзингизни олайлик. Ўзингиз ўша амалдорнинг ўрнида бўлсангиз, бир миллион нусхали газетада авра-астарингизни чиқарган одамнинг, яъни Рашиднинг бошини силармидингиз? Ишончим комилки, сочингиз тикка бўларди. Соч деган жонивордан қолган бўлса, албатта. Зеро, аҳли икром даврасига етишгунича бандаси, эркакдир-аёлдир, нафақат сочидан, балки бошқа яна кўп нарсаларидан, дейлик, анча-мунча тишидан, кўз нуридан айрилиши тайин. Майли, инсоф билан айтайлик: жуда айрилиб қолмаса ҳам, саломатлигига хийла путур етиши муқаррар. Бир ҳисобдан, бандасининг оғзи «ошга етганда» ҳаловатини ўйлаб қолишининг боиси ҳам шунда…
Бу кун Рашиднинг оёғи ерга тегмади.
Теккизишмади.
У эрталаб ишга келиб, хонасига кирмасидан Анзират «суюнчи» олди. Малол келди. Қизнинг синиқлиги, Рашидга боумид боқишларию изидан хўрсиниб қолишлари учун эмас. Отнинг ёлидек тимқора ва ялтираган сочлари елкасида доим қўқиб ётгани учун. Қани энди, қайчини олсангу қоронғи ва қалин чакалакзорни эслатувчи шу узун сочларни қўйнинг жунини қирққандай шартта-шартта кесиб ташласанг. Кессанг-да, бирор сартарош хонимга икки отим носнинг пулини бериб, қолган сочларини калта, шу даражада калтаки, нақд ўғил боланикидек, тароққа илинар-илинмас қилиб кузаттирсанг! Нафис қулоқларию чиройли бўйинлари очилиб, зулфларининг учи иягининг остигача тушиб турса. Ана шунда Анзиратдан соҳибжамол қизни, ярқираган юлдузни, ойни топиб бўлармикан! Не тонгки, бугун бечоранинг юз-кўзига оғир дард – чорасизлик ва синиқлик қалин кўланка ташлаган. Гўё ҳозиргина ўксиб-ўксиб йиғлагандай. Гўё нимадир бутун вужудини, юрагини аёвсиз кемираётгандай, эзаётгандай. Гўё дилидаги ғам тошдек қотиб қолган. Юз-кўзлари доим маъюс, доим қизарган. Зўриққан.
Котиба бугунгидек тумовга чалинган кунлари ижтимоият бўлимининг катта мухбири Анзират Жўраеванинг чироғи ёнади. Шалвираб қолган ночоргина курсига етмагунича бош муҳаррир билан ўринбосарининг торгина қабулхонаси остонасини чуқур қилиб юборади. Курсига ўтиргач… танимай қоласиз. Тамомила бошқа одам. Лавозими уч поғона паст котибанинг жойига эмас, бош муҳаррирнинг, бош муҳаррир нима, вазирнинг курсисига эришгандай ўймоқдайгина лабларининг таноби қочгани-қочган. Чиллали келинчакдек очилиб-сочилиб кетади.
«Қиз етишса ёшига, шайтон қўнар бошига, — дейди бош муҳаррир Журъат Расулов. – Рашиджон, эҳтиёт бўлинг. Бу қизнинг чилим-самоварингизга ишқи тушган. Лекин зўр ёзади, қизиталоқ. Етим қиз овга чиқиб, изидан ғавғо чиққани ёмон».
«Майли, – деб чайналади Рашид. – Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади».
— Яна чақиришяпти, — деди Анзират қўлидаги газетага ишора қилар экан, ҳам ачиниш, ҳам ҳадик билан. Жавдирашларидан гўё ҳозир Рашидни операция хонасига олиб киришадию у ердан тирик чиқиши даргумон. — Тезда етиб бораркансиз. Бакиров кутаётган эмиш…
— Хўп, — деди Рашид хаёлчан ва исириқ бўйи уфуриб турган хонасига кириб, ўтирмасданоқ Анзират берган газетани очди. Учинчи саҳифа ҳар қандай одамнинг кўзини олади: «Топталган тақдирлар».
“Кимнинг тақдири топталган? Ким топтаган? Нега топтаган?”
«Сарлавҳаси зўр!» деб пичирлади у. Мақолага ишланган расмлар кўнгилга ундан ҳам кўпроқ қутқу солади! Ғамзаси баланд соҳибжамолдай ўзига чорлаб, газетхоннинг ақли-ҳушини оламан дейди.
“Одамлар ўқимай кўрсин-чи! Ўқийди-и! Ўқишга мажбур қиламан!..”
Газетани очган одамнинг биринчи сатрга кўзи тушса, бас! Адои тамом бўлгани — шу. Биринчи сатр – гурзи. Рашиднинг гурзиси! Эс-ҳушидан айрилиб, инон-ихтиёрини муаллифнинг қўлига қўшқўллаб топширганини ўзи билмай қолади. Мақолани охиригача ўқимасдан қўймайди. Охирида -оғирдир-енгилдир – хўрсинади. Бу ҳушига келгани. Газетхоннинг шу хўрсиниғи учун жонингни берсанг арзийди. Демак, бу дунёда қаламкашман, муҳаррирман деб юрганинг беҳуда эмас.
Бундай лаҳзаларда Рашид муаллифни – Анзиратни бағрига босиб ўпгиси, қўлгинанг дард кўрмасин, сингилжон, деб алқагиси, чин дилдан суйгиси келади. Анзират эмас, бирор эркак киши бўлганида ҳозироқ бош муҳаррир ўринбосарининг мақтовини эшитиши тайин эди. Қалам ҳақидан сийланарди. Балки, Рашид яна айтардики, газетамиз тарихида бундай дадил мақола чиқмаган, чиқмайди ҳам. Зеро, сиздай жўмарднинг ўзи кам!
Бир чеккаси, аёл зотига бундай ситойиш зое. Ўзидан кетиб қолади.
Айни дамда Рашид дарвешлиги тутиб, зикр тушгиси, овозини баралла қўйиб ашула айтгиси, далаларга чиқиб ҳайқиргиси, кўринган одамнинг тумшуғига газетани тутиб, мақтангиси, аҳли муштарийнинг олқишларини эшитгиси (Яна боплабсиз, Рашиджон! Қойил!) келаётганини сезди. Лекин қани ўша фоний дунё дардлари унутиладиган хонақоҳ — дарвешхона? Қани ўша кенг дала, беҳудуд ва беғубор осмон? Мусаффо ҳаво! Қани ўша қувонч, тантана? Эътибор! Эътироф!
Қабулхонадаги телефон ваҳимали жиринглади.
— Ҳозир, —деди Анзират ғижиниб. — Ҳозир дедим-ку! Энди келдилар, ахир!..
Қизил гўшакнинг ийиғи чиқиб кетган сарғиш телефон устига тарақлаб тушгани эшитилди:
— Овозинг гўрдан чиқсин сенинг!..
Бу мулоқот Рашиднинг хаёлот осмонида кенг ёзилган қанотларига қадалган ўқ, оёқларига осилган зилдай тош бўлди — яна ташвиш, ғам-ғусса, муаммоларга тўла гуноҳкор заминга “тап” этиб тушди. Вужудида, айниқса, елкасида оғир толиқиш, оғриқ сезди. Ярим тунда ишдан қайтиб, дуруст ухлай олмаган, бугун яна нонушта қилмасдан таҳририятга шошилган, оқшомги овқати эса насия бўлган эди. Бундай кезларда томоғидан овқат ўтиши, кўзига уйқу келиши учун одам ё бир қайнатими кам, ёки темиртан бўлиши керак. У сезиб-англаб турарди, бу ҳорғинлигу дарднинг, оғриқнинг боиси уйқусизликда ҳам, очин-тўқин юришда ҳам эмас. Уни кутаётган кўнгилсиз учрашувда, совуқдан-совуқ суҳбатларда. Сўроқларда. Бундай кўнгилсиз гаплар — фавқулодда ҳодиса эмас. Хориқулодда ҳам дея олмайсиз. Қовоғи солинган силлиқ башаралар, қаҳрли қарашлар, оғир сўлиш олиб гапиришлар, юракка игнадек санчиладиган пичинглар, кинояларда. Гўё сен ашаддий жиноятчисану улар – фаришта! Йўқ, изқувар, терговчи. Фарқи — сенинг қўлингда (ҳали!) кишан, уларнинг қўлтиғида тўппонча йўқ. (Балки бордир?) Қабулхоналарда атайлаб соатлаб сарғайтириб қўйишлар: майли, ўтираверсин, ҳузурингга асаблари қақшаб, тавбасига таяниб кирса, мушукдек ювош тортиб қолади. Нима шарт қўйсанг, талаб қилсанг, рози бўлади.
Оппон-соппон
«Шарқ тонги» газетасининг муассиси саналмиш Қўмитада ўтган кўкламда бир «сирли» суҳбат бўлган эди.
«Сен ҳаммадан ақллимисан? — деб тишини ғижирлатганди ўшанда Қўмита раиси Бакиров. — Ё давлатнинг иши сенга майнавозчилик бўпқолганми?»
«Йўқ».
«Бўмаса, нега яна чичиб, ҳамма ёқни булғадинг? Муддаонг нима ўзи?..»
«Нима қипман?» – талмовсиради Рашид.
Бошқа нима дейсан? Тортишиш — нодоннинг иши. Шамолга қараб туфлаш билан баробар. Мункир ҳам келолмайсан. Риёкорликдан ким барака топган? Ишнинг арқоқ-ўришини билиб олган. Тепаверсанг, лой ҳам пишийди. Ўзингни ўламсаликка оласан. Меровсирайсан. Чидайсан. Алами, азоби шунда. Рашид «воиз»нинг насиҳатларини одоб сақлаб тинглайди. Танбеҳлари ҳам, ҳатто бақириб-чақиришларини ҳам миқ этмай эшитади. Бўйни жуда бўш бўлмаса ҳам, қасддан бўшроқ қўяди. Бўйни бўш ходим раҳбар зотининг ҳаммасига ёқади. Рашид қўйнида тош сақламайди. Яна апоқ-чапоқ бўлиб кетаверади.
«Нима қипма-ан?! – тутақиб кетди раис. — Ўв бола, гарангсима. Хўпми? Гарангсима! Ўтган ҳафта Мафкура Кенгашида ўтган йиғилишда бормидинг? Бор эдинг! Министрдай қўр тўкиб ўтирган эдинг-ку! Ё гапим ёлғонми?»
Рашид бош ирғади. Қўр тўкмаган бўлса-да, барча отахон газетлару онахон журналлар, невара нашрлару қўшиқсевар телерадио дастурларнинг раҳбарлари қатори кунгабоқар гулидек заъфарон столу курсилардан ўзга жиҳози бўлмаган, машварат жойидан ҳам кўра, кўпроқ музхонани эслатувчи залда у ҳам ўтирган эди. Қизиқ, деб ўйлаган эди ўшанда, бундай захиллик, бетуслик улкан мамлакатдаги барча идораларни — қишлоқ шўросининг хонасидан то салтанат сардорларининг кабинетларигача эгаллаган. Улардаги барча мебеллар, гиламлар, пардалар, деразалар, бошқа ашёлар, ҳатто одамлар ҳам бир жойдан – бир корхонадан чиққану тариққа ўхшаб тўрт томонга сочилиб кетган. Ҳаммаси бир хил: имтиҳон топшираётган талабадек ўта жиддий, хўмрайган, асабий. Гўё қандайдир душман хуфиялари эл-юрт оралаб юрибдию уларни зудлик билан фош этмоқ лозим. Ҳамма бир-биридан хавфсираган, ҳадиксираган. Ҳамма таҳликада. Ҳамманинг дами ичида.
«Ўша мажлисда айтилган гаплар бу қулоғингдан кириб, у қулоғингдан чиқиб кетдими, ё?!.»
Йўқ. Чиқиб кетмаган. Чиқиб кетмайди ҳам. Кенгаш раиси Норгул Орифбоеванинг — Опанинг локи ойнадек ялтираган, полдан кўз узмай, ҳеч бир шубҳа-гумон, ортиқча мулоҳаза, савол-жавобга ўрин қолдирмайдиган йўсинда, кесиб-кесиб, ҳукм оҳангида, тишлари орасидан айтган гапларини, топшириқларини ўлса унутармикан: «Ҳамма қулоғига қуйиб олсин: рўза ҳайит, қурбон ҳайит, наврўз деган удум-маросимларнинг ҳаммаси – диний байрамлар. Бидъат! Бирорта ҳам оммавий ахборот воситасида, бирорта ҳам китобда, таъкидлайман, бирорта ҳам, бу сўзлар энди ишлатилмасин! Худо, оллоҳ, парвардигор каби сўзлар ҳам мутлақо тилга олинмаслиги, чоп этилмаслиги керак. Бу — партия ва ҳукуматимизнинг сиёсати ва талаби. Дин – биз учун афюн!..»
Мажлис аҳли жанозада ўтиргандек маъюс тортган. Эзилган. Гўё жаноза тезроқ тугашини, майитни тезроқ ерга топшириб, қабристондан тезроқ қочишни истайди.
Марказдан махфийлик тамғаси билан юборилган қарор — ҳукм. Ҳукм муҳокама қилинмайди. Ижро этилади. Партия айтдими, демак, тўғри: диний байрамлар – бидъат!
«Масала тушунарлими?» – деб сўрайди қорага бўялган сочлари энсасига отнинг жиловидек қаттиқ, шу даражада қаттиқки, гўё эмин-эркин гапиришига, бошини буришига ҳам монелик қилаётгандай, ураб-бураб, муштдай қилиб (айтишларича, гарданидаги ёнғоқдай норини яшириш учун) тортиб тугилган, турмакланган Опа. Унинг кичкинагина оғзига маҳлиё тикилиб ўтирган Рашиднинг кўз олдига Ҳадра майдонидаги тупроқ қўрғон орасида қад ростлаган, лекин ҳали расмий очилиши ўтказилмаган маҳобатли ҳайкал келади. Озод ўзбек аёлининг тимсоли! Жилмаяди. Ёшроқлигини айтмаса, ҳайкал Опанинг айнан ўзи: кулча юзли, юпқа лаблари қатъий қимтилган. Сочлари энсасига тортиб турмакланган. Фақат қаншарида темир гардишли кўзойнаги йўқ. Бўйи тикроқ, мавзунроқ. Ўктам ва дадил. Ҳайкалдаги аёл ўткир нигоҳларини Шимолга (Марказ томонга!), кенг уфқларга (Порлоқ келажакка!) тиккан. Қўлидаги китобни (Маърифат ва маданият тимсолини!) кўксига маҳкам босган. Тумшуғи кўкка интилган чарм ковушларининг учи шоҳсупадан хиёл олдинга чиқиб турибди. (Аёл ўз замонидан хийла илгарилаб кетган. Илғор! Илмда ҳам, меҳнатда ҳам илғор!)
«Масала ҳаммага тушунарлими?» – деб боз сўрайди Опа нимадандир кўнгли тўлмагандек.
«Ҳа, — биринчи синф ўқувчиларидек жўр овозда жавоб беради зал ва гувва ўрнидан турмоққа шайланади. — Тушунарли-и!..»
«Саволлар борми?» – деб сўрайди энди воиз. Шунчаки. Йўлига. Марҳумнинг устига тупроқ тортилиб, чим босилганидан кейин, мулла: «Майит қандай одам эди?» деб сўрагани каби. Жавоб доим аниқ: яхши одам эди! Бу жавобни айтар экан, тириклар гўё мункар-накир келиб, сўроғини бошлашидан олдин, кеча бирга арақ ичиб юрган шишадошини ҳимоя қилмоқчи, оқламоқчи бўлади…
“Йўқ!..” – дейди зал гўё ўргатилгандай яна жўр овозда.
«Бор!»
Енгил тортиб, ўрнидан қўзғалган Опа сесканиб кетгандек бўлади. Илкис бошини кўтариб, залга аланглайди. Бундай машваратларда одатда савол берилмайди. Баҳс-мунозарага ўрин йўқ. Савол бериш — шаккоклик. Партия, демак, давлат, белгилаб берган йўлга шубҳа билан қараш — айни куфр. Дили куфрга мойил одамлар, минг донишманду мутафаккир бўлмасин, эл-юрт тақдири ҳал қилинадиган бу каби олиймақом машваратларга таклиф этилмайди. Уларнинг бундай пинҳоний сирларга насибаси қўшилмаган. Жойлари — кўчада. Пана-пастқамда ўзларича тўнғиллаб, ўзларича сасиб юраверишсин.
Рашид одоб сақлаб, ўрнидан туради.
Ўтирганларнинг ҳаммаси дувва орқага — у томонга ўгирилади. Нигоҳларида хайрихоҳликдан ҳам кўра ҳайрат ва ажабланиш кўпроқ. Сўнг ҳайрат ўрнини дарҳол истеҳзо ва ҳадик эгаллайди: «Вой нодон-ей, шунга ҳам ақлинг етмайдими!» Зал аҳлига йигитнинг ўз бўйидан баланд гап қилиши ёқмайди: «Бундай машваратларни кўравериб, ҳар хил топшириғу гапларни эшитавериб, кўзи пишиб кетган биздек тажрибали раҳбар кадрлар турганда сен жўжахўрозга ким қўйибди бўйин чўзишни? Касринг ҳаммамизга уриб кетмасин тағин, маҳмадона!..»
Опа ижирғанади. Йигитга, сўнг олдинги қаторда мўлтираб ўтирган Мафкура Кенгаши ходимлари — мажлис учун масъул аъёнларига қаҳрли нигоҳ ташлайди: «Сурувдан ортда қолган бу етимқўзи ким?! Қайси аҳмоқ бу ерга чақирган уни?!.»
Майда кўзлари тешиб юборай дейди:
«Говорите!»
Журналист гапиради: «Мумтоз адабиётимиз вакилларининг асарларида учрайдиган диний сўзлар ва ибораларни нима қиламиз?.. Беруний, Навоий, Бобур… Бу ёқда жаҳон адабиёти вакиллари – Пушкин, Тольстой, Горький, Данте, Шекспир… Уларнинг асарларини ҳам таҳрир қиламизми?»
Ўтирганларнинг юз-кўзидаги истеҳзо, норозилик ва зарда ўрнини энди шоён қизиқиш эгаллайди. Ажойиб фильм томошасига шайланган авомдай савол назари билан ҳамма Опага қарайди: «Дарвоқе, нима қиламиз? Айтинг-да, нима қилайлик ўтган буюкларнинг асарларини? Ахир Навоий комфирқа аъзоси бўлмаса? Алишер Ғиёсиддинович, марҳамат, келиб ғазалингизни таҳрир қилиб, замона зайлига мослаб беринг, дея олмаймиз-ку! Яъни, Сиз беш юз йил бурун сиғинган, ҳамду санолар айтган Оллоҳ, севиб, шодланиб мадҳ этган ҳайиту байрамлар бугунги авлодларингиз томонидан бидъат деб эълон қилинди…»
Опанинг қовоғи солиниб, юз-кўзи янада қаҳрли тус олади. Қаршисидаги ингичкагина қора симга уланган муштдай унолгичга — микрофонга юпқа лабларини қаттиқ қимтиганча бир лаҳза тикилиб қолади. Бор-йўғи бир лаҳза. Унолгич воизнинг маърузасини аҳли зал безавол эшитиши учун эмас, магнитофонга ёзиб олиш ва махсус архивда сақлаш учун қўйилган. Зарурат туғилганида текшириш, муҳокама қилиш, ҳатто, Марказга жўнатиш учун. Шу боис гала ўзбек йиғилиб, ўз миллий ва диний байрамининг тақдирини ҳал қилаётганида ҳам дорилдавлатнинг расмий тилида гапиради. Шуниси қулай, шуниси маъқул. Марказга, албатта. Демак, ҳаммага маъқул. Йўқса, таржима қилдириб, ортиқча ташвишу азият, харажат чекишга тўғри келади.
Опа шу саволни кутган. Шу саволдан чўчиган экан, чамаси. Бу киртайган кўзлари бехосдан пирпираб кетганидан сезилади. Унинг хаёлида Марказдан кетма-кет келган ва зарварағига қизил рангда ваҳимали «Сов. Секретно» (мутлақо махфий!) муҳри босилган учта қалин қарор жонланган эди: «Раъият, айниқса, зиёлилар ўртасида миллатчилик ва диннинг таъсири тобора кучайиб бормоқда. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун махсус дастур ишлаб чиқилсин ва ижроси ҳақида Марказга мунтазам ахборот бериб борилсин!..»
Ҳар учала қарор ижроси учун масъул – Опа!
«Учинди, бечора! Қаттиқ учинди!..»
Афтидан, Опанинг тайёр жавоби йўқ, бўлса ҳам айтиши душвор. Нетсин? Неча аср бурун ўтганларнинг асарларини таҳрир қиламиз, дея олмайсан. Десанг, марҳумларнинг руҳидан балога, тириклардан кулгига қоласан. Демасанг, залда ўтирганларнинг ҳаммаси ҳам дўст эмас. Марказга шипшитиши мумкин: «Фалончиева муросасозлик, кўнгилчанлик йўлини тутиб, бир гуруҳ диндорлару миллатчиларнинг ноғорасига ўйнамоқда». Бу ўлкада фотиҳ ҳам, тобе ҳам эшитса тиззаси зир титрайдиган бир тавқилаънат бор: миллатчи! Бу лаънат ёпишса, ёпиштирилса, сўраб-суриштириб ўтирилмайди. Баҳрингдан ўтиб юборишади. Олдин мажлиси олийда обдон сазойи қилиниб, сўнг партиядан, ишдан ҳайдаласан. Ҳеч ким, ҳеч қачон кечирмайди. Ишдан кетдинг — кучдан кетдинг. Омадинг келса, кейин сени ит ҳам сўрамайди. Келмаса ҳам чидайсан: оқшом эшигингни «қизил шапкалар» тақиллатади. Қолгани — маълум. Буюк Пушкин айтиб кетган: «Сибирь конларининг тагида сақланг мағрур сабот ва нажот».
Мартабанинг васли ҳам, ҳажри ҳам азобга айланган замон.
Отаси Сталин замонида – қирчинида ўққа учган, халқ душмани сифатида отиб ташланганидан сўнг Чимкентнинг Турбат қишлоғида ўксиниб ўсган бўлса-да, Опани ақли кутоҳ дейиш қийин. Касби шарқшунос-тарихчи, олима бу аёл жуда чечан, ўз ишига ўта берилган. Босиб ишлашга одатланган. Иш деганда рўзғор, бола-чақасини ҳам унутади. Назарида, тараққиёт йўлидаги энг катта ғов – дин ва миллий анъаналар. Дорилдавлат ҳужжатларида битилган аҳкомларни авомга ошириб-тошириб етказади: «Бир умр комсомол, коммунист сифатида фаолият юритган арбоб вафот этганидан кейин нега чаласавод муллаларнинг қўлида қолиб кетиши керак? Нега уни сўнгги йўлга партия, совет, комсомол ташкилотларида бирга ишлаган маслакдошлари, сафдошлари эмас, муллалар кузатиши керак? Нега алвидони диндорлар айтиши керак? Йўқ! Ҳам коммунистларга, ҳам миллий анъаналаримизга хос замонавий дафн маросимини яратайлик. Фақат у диндан йироқ, жонажон партиямиз ва ҳукуматимизнинг одилона сиёсатига мос бўлсин!»
Лекин Опа бу режасини амалга оширишга улгурмайди.
Қамалади.
Орадан уч ярим йил ўтгач, одамлар уни бошида рўймол, эгнида енги узун сидирға кўк қўйлак, қўлида Қуръони карим билан кўрадилар. Кўрганлар кўзларига ишонмайди. Опа нималарнидир пичирлаган. Нигоҳи ердан узилмайди. Ўн йигитга ҳам кўплик қиладиган шиддатию ғайрати, ҳукми ҳозиқлигидан энди асар ҳам йўқ. Лафзи ҳам, ўзи ҳам, нигоҳию, залларни тўлдириб турадиган овози ҳам мулойим тортиб қолган. Баҳорнинг майин тонглари каби мулойим. Гўё биров уни сеҳрли бир иморатнинг бу эшигидан киритиб, нариги эшигидан бошқа Аёл сифатида чиқарган. “Савдойига ўхшаб қопти”, дейди одамлар. Онасининг ёстиғи тагида доим “халқлар доҳийси” Лениннинг китобларини кўриб ўрганган қизи ҳайратини яшира олмайди:
“Ойи, ўзбекчани қаерда бунча равон ўрганиб олдингиз?”
“Бутиркада!”
У ҳали туман миқёсидаги ёшлар ташкилотининг раҳбари эканида тенгдошларию милиционерларга тиним бермас, бодом гулга кирди дегунча тунлари маҳаллаларга кутилмаган юришлар қилар, ҳовли-жойларга бостириб кириб, сумалак учун буғдой кўкартираётганларнинг шўрини қуритар эди. Сабза урган майсаларни хандаққа ағдарар, ғазаб ўтида ёниб, тепкилар, қозонидаги сумалакларни анҳору сойларга оқизиб юборар, наврўзпарастларни газеталарда танқид қилар эди. «Минг йиллардан буён кўчада, оёқ остидаги лойга, балчиққа беланиб ётган тошларни дошқозонга солиб, сумалак қайнатиш санитариянинг қайси қоидасига тўғри келади! — деб куюнарди у мажлисларда. — Қўлбола ўчоққа қозон осиб, тепасида ёшман демай, қариман демай, минг хил каснинг куймаланиши – сумалак пишириши – санитариянинг қайси қоидасига мо-ос? Қозоннинг бўйида тонггача чанг-тўзон кўтариб, ҳар хил ўйинлар ўйнаши, тупигини сачратиб, эскича ашулалар айтиши партиямиз сиёсатининг қайси йўналишига ҳамоҳанг? Бундай шубҳали маросим ва тадбирларга комсомол-ёшларнинг, айниқса, мактаб ўқувчиларининг тобора кўпроқ тортилаётганига қандай чидаш мумкин, ўртоқлар!.. Сумалак — очу ғарибнинг, камбағал-қашшоқнинг таоми. Шўролар мамлакатида камбағаллар йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас! Ҳамма тенг. Ҳамма фаровон!.. Халқимизни бидъатга бошлайдиган эскича наврўзу ҳайитларнинг ўрнига бошқа, моҳиятан шўроларга, коммунистларга хос, янги байрамларни ташкил этайлик!..»
Лекин улгурмайди. Қамалади.
Орадан уч, бор-йўғи уч йил ўтгач, дала-даштлар, лойсувоқ иморатларнинг томларида майсалар нозиккина қулоқларини кўрсата бошлаганида, Марказдаги “Бутирка” деб ном қозонган машъум ҳибсхонадаги икки ярим йиллик тутқинликдан сўнг, олий суд залидан тақир қирилган боши билан уйига чиқиб келгач, биринчи сўраган насибаси сумалак бўлади. Икки ярим йиллик авахтада ширдони қуриб, тишлари, қошу киприкларигача тўкилиб кетган Аёл, яқиндагина улкан республикани сўраб турган нуфузли Аёл, ҳаммани зириллатган Аёл, пахта гулли пиёладаги сумалакни аслзодаларга хос назокат билан кумуш қошиқчада эмас, терилари тиришиб, ёрилиб, ёриқлари гўлаҳнинг қўлларидек қорайиб кетган кўрсаткич бармоғини тиқиб ялайди. Сумалакка бошқоронғи бўлган келинчакдек ютоқиб ялайди. Ялар экан, хира тортган кўзларидан юм-юм ёш тўкилади. Эри, қизи, ўғли – ҳаммаси унга қўшилиб йиғлайди.
“Анойигина аёлим-а!” – дейди эри.
“Анойининг ҳаммаси ўтиб кетган, – дейди Опа оҳиста. – Ҳаммаси Чиғатойда ётибди!”
Чиғатой кўчасига – шариф зотлар мозорига бориб, кимнидир, ниманидир излагандай, қабрлар орасида соатлаб тентираб юради. Балки у ҳали онасининг вужудида, гумона пайтида Сталиннинг мурдашўйлари тепкилаб-тепкилаб кўмган отасининг қабрини излагандир. Балки етимлик азобида ўтган болалиги, алдаб, адаштириб кетган ёшлигининг изларини топмоқчи бўлгандир.
“Балки, бечора аёл ўзига хилхона, қабрига жой ахтараётгандир”, дейди уни кўрганлар.
“Йўқ, – дейди билгичлар. – Энди у “Чиғатой”дан умид қилолмайди. Энди унинг турбати – авомнинг орасида”.
“Кимнинг қабрини қидиряпсиз, синглим?” – деб сўрайди ундан қабристон қоравули.
“Ёшлигимнинг! – деб пичирлайди аёл шитоб билан узоқлашар экан.- Ёшлигимнинг!..”
Булар кейинчалик бўлган гаплар.
Орқа қатордан туриб савол берган Рашиднинг қулоғига чалинган эди: Опа нишонни кўзламай уради. Олов. Оловки, дами қиличдан қолишмайди! Ҳаммага, вақти келса, Юрт Сардорига ҳам гапини ўтказади. Кўпинча Сардор ҳам ўз айтганидан қайтмайдиган «Қайсарбиби»нинг оғзига қараб туради. “Биби”нинг тобора ошиб бораётган нуфузидан ташвишда.
Опа бу гал ҳам йўлини топди: Рашид берган қалтис саволни, мавзуни, сездирмайгина четлаб ўтиб, Бобурнинг қабрига ғишт қалашга тушиб кетди. Ўтганларга осилсанг кўтаради. Муҳими, устингдан Марказга шикоят ёзолмайди!
«Сиз, ука, провакация қилманг! — деди Опа таҳдид билан. — Бундай бузмакорлигингиз жуда қимматга тушиши мумкин. Между прочим, ўша Бобурингиз феодал, золим подшо бўлган. Йўқ деб кўринг-чи! Ҳиндистонни босиб олгани тарихдан маълум!.. Совет матбуотида, коммунистик мафкурада бундай золимларга, қонхўр подшоларга ўрин йўқ! Қўйиб берсак, сиз ҳали Амир Темурни ҳам бошингизга кўтарадиганга ўхшайсиз!..»
Опа бу талаби унчалик тўғри эмаслигини, Худо билан ҳазиллашиб бўлмаслигини сезиб, ҳадиксираб турарди. Наврўзнинг эса диндан, партия, совет ташкилотлари раҳбарлари азройилдан қўрққандай қўрқадиган ислом динидан, олдин пайдо бўлганини ҳам биларди. Бу озми-кўпми китоб кўрган одамга аён, жўн гаплар. Лекин Марказнинг топшириғи қатъий бўлса нима қиласан: диний ва миллий байрамларнинг авж олиши — миллатчиликка, хурофотга, хурофот – жанжалга, жанжал эса қон тўкилишга сабаб бўлади. Халқ комфирқа, яъни давлат белгилаб берган, шўроларга хос байрамларни нишонлаши керак. Тамом-вассалом! Ҳамма ўзбошимчалик қилаверса, мамлакат тариқдай сочилиб, тумтарақай бўлиб кетади…
Мажлис аҳли гапни, муҳокамани залдан чиқиб, илгакка осилган қалин кийим-бошларини кийгач, кўчада қотиради.
«Шунча одамдан бирортаси миқ этмади-я, — дейди улардан бири маҳзун овозда. — Барака топкур, парвардигор кимга халақит беряпти, демади-я. Тавба-а!..»
«Деди-ку, анави бола», — гап қўшади иккинчиси ва атрофига аланглаб олади. Рашид ўзини эшитмаганга солади.
«Маҳмадонагина экан, — дейди учинчиси шивирлаб. — Ҳали шаллоқ емаган-да».
«У эмас, бу эмас, ҳаммамизнинг олдимиз — айвон, кетимиз равон бўп кетган, — дейди тўртинчиси ҳансираб. — Ҳаммамиз бичилган қулга ўхшаб қолганмиз!..»
«Қўйсангиз-чи бефойда гапларни, — деб кесади бошқаси. — Ошга борамизми? Бугун Абдуворис қизини чиқарвотти…»
«Мени айтмаган-ку. Қандоқ бўларкан?..»
«Нима бўпти? Барибир обед қилишингиз керак-ку!»
«Бўпти. Борсак бордик-да…»
«Оппон-соппон дейдиган борми?»
Ўркач
Бакиров шу мажлисдан сўнг — 21 март – наврўз куни Рашидни чорлаган эди. Опанинг, демак, партия ва ҳукуматнинг топшириғи четда қолиб, ўша куни «Шарқ тонги» (фақат Рашиднинг газетаси!) бошдан-охири наврўзга бағишланган материаллар билан тўлиб чиққан ва одамлар орасида тала-тала бўлиб кетган эди.
Раисни узун ва кенг хонани қоплаб олган қуюқ тутун орасида кўрди. Ойнаванд шкафларда — доҳийнинг қизғиш муқовали, чиройли терилган эллик беш томлиги. Терилган-у, бирортасининг муқовасига фаррош хотиннинг қўлидан бошқа қўл тегмаган. Ярғоқи ялтираб қолган Салтанат Сардорининг девордаги салобатли суратидек, сержилд китоблар ҳам дорилдавлатга садоқат ва орифлик тимсоли бўлиб жавонда намойишкорона саф тортиб турибди.
Бакировнинг юзлари алвондай бўлиб кетган, қўллари тинимсиз титрайди.
“Бечорани роса тузлашибди!”
Раис чуқур уф тортди ва бехосдан сигарет узатди. «Астра» қутисини кўриб, йигитнинг қорачиқлари кенгайиб кетди: бундай бадбўй тамакини аскарлар ҳам оғзига олиб боришга уялади.
«Раҳмат! — деди журналист шоша-пиша. — Яқинда ташладим».
Мезбон тамакисини икки-уч марта босиб-босиб тортгач, тутуни осмонга ўрлаб турган қолдиғини кулдон четига қўяди. Қора кулдон лабидаги сигарет Рашиднинг кўзига нафисроқдай кўринади. Узун, фильтри чиройли. Қизил белбоғи ҳам бор. «Marlbоro»! «Астра»нинг қутиси тўла қимматбаҳо «Marlbоro» эди.
Хона соҳиби секин ўрнидан туриб, салобатли сариқ столини айланиб ўтади ва унинг ёнига келади. Меҳмон ҳам туради. Мезбон калтароқ, қирқ ёшлардаги қотма одам. Кийими юзидай, юзи кийимидай: на бир ғижим, на бир ажин. Рашид уни ўн йилдан бери танишини эслайди. Ўн йилдан бери заррача ўзгармаган. Юз йилдан кейин ҳам қилт этмаса керак. Лақабнинг жуда мосини топишган: қадимий ва навқирон! Доим бир хил либосда: кулранг костюм, оқ кўйлак, ингичка бўйнини сиқиб турувчи қора галстук, тумшуғи тумтоқ қора туфли. Айтишларича, кийим-бошни бирйўла уч-тўртталаб олади. Қаттиқ танбеҳ эшитган: «Артистлардай ялтир-юлтир қилиб, жилпангламасдан, ишласанг бўлмайдими, нокас!..»
«Мен, ука, сени илгари ҳам кўп огоҳлантирганман-а, — дейди Бакиров ўпкаси оғзига тиқилмоқдан бери бўлиб. Ғазабини босиши осон бўлмаётгани сезилиб турарди.— Эсингдами?»
«Ҳа, эсимда».
«Энди огоҳлантирмайман!»
У Рашиднинг чап билагидан тутиб, этини яхшилаб эзғилайди. Якқат костюмнинг енги дош бера олмайди. Раис доим ўстириб юрадиган “хазина” бармоғининг тирноғи бигиздай санчилади. Йигитнинг кўзларидан олов чиқиб кетади. Лекин сездирмайди. Чидайди. Кейин, ишхонага келиб қараса, қон силқиб турганини кўради.
«Қисиб юр! Билдингми, қисиб! Йўқса, кўтанингни суғуриб оламан!..»
Йигит оғринмайди. Туғёнга ҳам тушмайди. Ғудранади. Ғудраниш санъатини хўб эгаллаган. Отасининг гапини эслайди: «Намоз ҳам вақти билан фарз, болам».
Шу суҳбатдан кейин унинг раис билан йўли бугунгача туташмаган эди. Йўқ, бир марта туташган. Журъат Расуловнинг отаси қазо қилгач, кўнгил сўраш учун борганида. Маросимда уч киши, каттадир-кичикдир уч раҳбар, уч зиёлининг бирортаси Қуръондан икки оғиз тиловат қилиб, савобини марҳумнинг руҳига бағишлай олмади. Балки ростдан ҳам исми расмини билмас, балки сотиб қўяди, деб бир-биридан хавфсирагандир: жанозага бориб, муллага рўй-барўй бўлган раҳбарларнинг қанчаси аввал фирқа билетидан, сўнг лавозимию мол-мулкидан айрилаётган замон. Мулла келиб, жанозага тараддуд бошланиши билан марҳумнинг ҳовлиси бўшаб қолади. Галстук таққаннинг ҳаммаси ёв бостириб келаётгандай тумтарақай қочишга тушади.
Меҳмонлар ўзларича гарангсиб, маъюсланган бўлиб турмоққа ҳозирланган маҳал сувлар сепилиб, тоза-озода супирилган ҳовлига икки ёнида икки ўринбосари билан Бакиров кириб келади. Одати шу – тўй-маъракага ёлғиз бормайди. Аъёнлари доим ёнида. Ҳамма енгил тортиб, оёққа қалқийди. Ҳам раиснинг ҳурмати, ҳам хижолатпазликдан қутулганига шукр: шу баҳонада жуфтакни ростлаш мумкин. Лекин раис имо қилади: “Шошилманглар. Бирга турамиз”. Ҳамма яна мулойим кўрпачалар солинган узун курсиларга чўкади. Раис тўрга чиқади ва ўтирганларга, ўтирганлар ерга қарайди. Кимдир оғир хўрсинади. Раис енгил томоқ қиради ва тиловат бошлайди. Қироатида андак намойишкоралик бордек туюлса-да, берилиб ўқийди. Айниқса, гала “қўли кетига етиб, бетига етмаганлар”нинг олдида жуда таъсирли чиқади. У кўзларини ярим юмиб, оёқлари остидаги бетон йўлакка тикилганча, мунгли тебранади. Кўп чўзмайди. Лекин даврадагилар бу сирли машғулот, тиловат давом этишини истайди. Уларни Бакировнинг ширали овози сеҳрлаб қўяди. Ўн йил мадраса тупроғини ялаган мулланинг ҳам ҳавасию ҳасади келган бўларди бу тиловат, бу ҳолату бу манзарага!
Билса, “камбағал деҳқон оиласидан чиққан” Бакировнинг отаси нафаси ўткир мулла ўтган, ўғлининг ҳам эскичадан саводи бинойи экан.
“Туя кўрдингларми?” – деди раис ҳамманинг қўлини сиқиб хайрлашар экан.
“Шаҳарда туя нима қилади!” – деди ўринбосарларидан бири шошиб-пишиб.
“Кўрдик! Ўркачи иккита экан”.
Нега йиғлаяпсиз, Анзират?
— Ҳайдовчига айтинг, — деди Рашид Анзиратга, — машинасини тайёрласин.
— Хўп бўлади!
Қиз уни йўлакнинг охиригача кузатиб боради. Ишхонада ҳали одам сийрак, лифтгача эргашиб келармикин, деб чўчиган эди. Ҳар қалай, инсоф қилди. Тортинди, чамаси. Қизнинг Қўмитагача бирга боргиси ҳам йўқ эмасди. «Пальтонгизнинг ёқасини кўтариб олинг, Рашид ака, — деди. — Кўча жуда совуқ!»
Йигитнинг кулгиси қистади. Киноларда кўрганлари эсига тушган эди: жувонлар урушга кетаётган эрларини мана шундай — кўзлари намланиб кузатиб қолади. Анзиратнинг ҳам салга кўнгли бузилади. Асабийлашади. «Эрга тегса, тузалиб кетади», дейди бош муҳаррир тамшаниб. Кейин синамоқчи бўлгандай қўшиб қўяди: «Шу қизга уйланиб қўя қолсангиз бўлмайдими, Рашиджон? Бечора, чўридай хизматингизни қилади…»
«Биласиз-ку, ака, шароитим йўқ. Лекин ўзи тилло қиз!»
“Ҳа, юзига таппи ёпиштириб қўйсангиз ҳам ярашади, – деб боз тамшанади Журъат Расулов. –Биз тезроқ тўйини есак деймиз-да…”
Рашиднинг ҳам кўнгли тусайди қизни…
«Ҳамма менга ит теккан, деб ўйлайди, – деб йиғлаган эди бир куни у Рашидга. – Агар шундай бўлганида, аллақачон ўзимни осиб қўярдим. Қамашгани рост! Олти кишилик камерада ўн икки аёлга қўшиб бир ой ҳибсда сақлашгани рост! Товонимга тушадиган икки ўрим сочимни пакки билан қириб ташлашгани рост! Қўлимга кишан солиб, отамга рўй-барў қилиб қўрқитишгани, отам бечорани ўлдиришгани рост!.. Шукрки, ҳаммаси ўтиб кетди. Юрагимда қоп-қора доғи қолди! Ўлсам кетмайди».
– Нега йиғлаяпсиз, Анзират? – деб сўрайди йигит ёнида ҳансираб бораётган қиздан. -Тинчликми?
– Сизга бир гап бўлса, нима қилишни ўзим биламан!..
Йигитга бу гап жуда ёқади. «Нима ҳам қилардингиз, Анзират?» дегиси келади. Лекин одатдагидек тилини тияди. Рашиднинг хаёлидан ўтган андишани қиз сезгандек, янада мулойим, янада эрка овозда хайрлашади:
– Яхши бориб келинг, Рашид ака! Чой дамлаб тураман. Кўк чой!..
Йигит лифтга кирар экан, елкаси оша ортига кўз қирини ташлайди ва қиз ҳамон йўлак ўртасида паришон қараб турганини кўради. Унинг ҳам кўзлари киртайиб қолганини эслайди. Бедорликдан. Айни дамда Хўжаи Хизр олдидан чиқиб, Рашиддан тила-тилагингни деса, шу қизга чин дилдан бахт тилаган бўлардим, деб ўйлайди. Ўйлайди-ю, хаёлига келган фикрдан дили ёришиб кетади: ўзгага яхшилик соғинишнинг ўзи бахт эмасми!
Бир куни Рашид қизга сочидан гап очди. Анзират йиғлади: «Отам раҳматли оқланмагунича сочимни ўрмайман ҳам, турмакламайман ҳам!..»
Колхозда ҳисобчилик қилиб юрган ота «пахта иши» бўйича ҳибсга олиниб, тобутда қайтган. Темир тобутни очишга изн беришмайди. Нимкалагина ҳисобчининг суддаги ҳукми қанча узоқ–бир йилдан ортиқ кутилган бўлса, жанозаси жуда қисқа – чала-чулпа ўқилади. Мулла, қўни-қўшни, қариндош-уруғ хабарсиз қолади. Лекин чарм камзулининг ичидан тўппончасининг қўндоғи бўртиб турган одамнинг ками бўлмайди. Улар табелчини ярим тунда эшигига қизил юлдуз расми чизилган баҳайбат юк машинасида олиб келишиб, тонг қоронғусида ўзлари тепасида туриб кўмдиришади. Тобутдаги майит қотмагина, жиккаккина Тўхта бухгалтермиди ё бошқа? Олти киши (олти чарм камзул) аранг елкасига олган тобутда инсон зоти бормиди ё икки қоп қум? Бу саволларнинг жавобини ҳам тобутга қўшиб кўмиб юборишади. Кўмилмаган – марҳумнинг ёлғиз тирноғи – Анзират қолади.
Қизни дорилфунундан, аудиториядан олиб кетишган эди. Ўттиз чоғли талаба, соч-соқолининг тайини қолмаган профессорнинг кўз ўнгида қизнинг билагига темир кишан солишади: “Кўриб қўйинглар. Ғинг деганнинг бошига шу кўй тушади!” Аудитория бўри оралаган сурувдай, изиллаб, биғиллаб қолади. Ҳеч ким бу бечоранинг айби нима, деб сўрай олмайди. Фақат профессор овози титраб-қақшаб далда берган бўлади: “Сен қўрқма, Анзират! Ўзингни қўлга ол, жон қизим!..”
“Бир қоп гўштга ўхшаб қолган отам, бечора отам, мени панжара ортида аввал танимади, – деб йиғлайди Анзират. – Йўқ, таниди. Таниди-ю, кўзларига ишонмай аввал анграйиб, сўнг гандираклаб қолди. Овозимни эшитгач, бошини панжарали эшикка урди. “Сизга нима бўлди, отажон?” Отамнинг қулоқларигача яра босиб кетган, юзларида йиринг аралаш қон қотиб қолган эди. “Кана, – деди отам бечора. – Тахтакана еб қўйди!” “Тилингни тий, Жўраев! – деб бақирди терговчи. – Нариги камерада ўн йилдан бери хотин зотини кўрмаган йигирмата эш-шак ётибди. Қизингни ўша эш-шакларнинг орасига ташлаймиз!.. Кўз олдингда би-ир маза қилишсин! Ўзинг томоша қилиб турасан!..” Ота додлайди. Жони бўғзига келиб додлайди: “Майли, майли! Нима десанглар, розиман! Нима десанглар, кўнаман! Қоғозларингни опкелинглар, қўл қўйиб бераман! Колхоз раисигаям, райкўмгаям, обкўмгаям – ҳаммасига пора берганман. Ойма-ой бериб турганман! Ҳаммасига! Ленин билан Сталингаям, Гитлер билан Чингизхонгаям пахтанинг пулидан бериб турганма-ан!.. Фақат қизимга тегманглар. Фақат Анзиратимни қўйиб юборинглар!..”
Бир ойдан кейин, тонг қоронғисида темир тобут келади. “Ўзини осиб қўйди”, дейишади чарм камзуллилар. Она ҳушидан кетади-ю, қайтиб келмайди.
“Отам ўзини осадиган одам эмасди…”- дейди Анзират.
“Жонингни қандай сақлаб қолдинг?” – деб сўрайди Рашид ерга қараб.
“Мени тузук-қуруқ сўроқ қилишгани йўқ. Мақсадлари отамни тилга киритиш бўлган. Терговга чақирганларида юзимга саримсоқ пиёз билан кулдондаги қоракуядан суртиб олардим. Алвастига ўхшаб. Камерадошларим ўргатишган… Камерадошларимнинг ярмидан кўпи ўзимга ўхшаганлар – гаровдаги қиз-жувонлар эди…”
Машинага ўтирар экан, Рашид тотлироқ хаёлларга берилгиси келади. Анзиратнинг хатини эслайди:
“Кўзимни юмсам, тоғдай елкаларингиз кўриниб кетаверади. Йўлакда, кўча-кўйда, қаерда дуч келиб қолсам, кўзларим ҳеч нарсани кўрмай, қулоқларим ҳеч нарсани эшитмай қолади. Қани энди Сиз томонга қарашга журъатим етса! Қани энди Сиз томонга қарамасликка қурбим, қудратим етса! Қарагим, қайта-қайта қарагиларим келаверса нима қилай! Ўктам овозингизни эшитсам, ҳушимдан кетиб қолай дейман. Ҳар қандай қизни ақлдан оздириб қўядиган кўзларингиз кўзимни кўр, сеҳрли овозингиз қулоқларимни кар қилиб қўйган. Мажлисларда мажлис тугамаса экан, деб тавалло қилиб ўтираман. Лифтда бирга чиқсак, унинг бешинчи қаватга етмасдан, ора-йўлда бузилиб, тўхтаб қолишларини орзу қиламан. Матнларни ўзим машинкада терганда баъзи сўзларни, сатрларни атайлаб нотўғри, ажи-бужи ёзаман. Ёзаман-да, жаҳлингиз чиқиб, танбеҳ бериш учун қўнғироқ қилишингизни ёки хонамизга кириб келишингизни кута бошлайман. Бир мартагина бўлсин овозингизни эшитсам, деб минг илҳақ ўтираман. Танбеҳ берсалар ҳам, уришсалар ҳам, жазоласалар ҳам майли, дейман. Сизни узоқдан бўлса-да, кўрсам, овозингизни эшитсам, икки оғизгина гаплашсам – ўша куни мен учун энг улуғ байрам! Овозим бирдан ипакдек мулойим тортиб, кўзларим чарақлаб, тошдай зил, муздан совуқ танам яйраб кетганини сезаман! Худойимга минг, миллион марталаб шукрлар айтаман. Яхшиям, бу дунёда Сиз борсиз!.. Қани энди, изларингизни юзларимга упа қила олсам!.. Кўзларимга сурма қила олсам!..”
…Хирагина ялтираб турган қуёшнинг тафти йўқ. Осмон бўзарган. Қора совуқ. Заҳри баланд изғирин халқобдаги сувни музлата олмаган бўлса-да, юзини қаймоқлатибди. Одамлар топган-тутганини устига илган. Баланд иморатлар панасида қолган қиламуқдек қор оёқости бўлиб, кирланиб, қорайиб ётибди.
Ҳайдовчи йўлни қисқа, “Ўзбекистон” кўчасидан олди. Меҳмонхонанинг олдини айланиб ўтиб, ўнгга бурилди ва чорраҳада тўхтади.
Шу чорраҳа ҳеч сонга кирмади-да, деб ўйлади журналист. Ҳар йили таъмирлашади. Ҳар йили бомба тушгандай ўйдим-чуқур бўлиб қолади. Яна ямашади. Яна ўша аҳвол. Охири йўқ.
Мусофирхона тагидаги гастроном олдида турган қора-қура одамларни кўриб, юраги эзилди. Кўпининг ёши қайтган -кампирлар, чоллар. Мунчоқдек тизилиб туришибди. Навбат узун. Уруш йилларини эслатади. Ҳамма маъюс, ҳорғин. Ҳамманинг юзида умидсизлик. Гўё шаҳар, шаҳар не, бутун ўлка бой берилган.
Қор учқунлай бошлади.
— Шакар кепти, — деди ҳайдовчи. — Хўп десангиз, сиз мажлисдан чиққунингизча, дўконга бирров шўнғиб чиқаман. Эрталаб навбат олиб қўйганман.
— Бемалол.
— Сизга ҳам олайми?
— Ҳа, — Рашид ҳайдовчига пул узатди. — Иложи бўлса, кўпроқ олинг.
“Қишлоққа, энамга жўнатаман”.
— Жон бошига – икки килодан. Ортиқ берилмас экан.
— Майли. Борига барака.
Жилдилар.
Учинчи саҳифа
Кеча, пешинга яқин Анзират ярми машинкада, ярми ручкада, қолгани қаламда «пийпаланган» — одатдагидек таҳрир қилинавериб, тўғриланавериб, бўялиб кетган навбатдаги мақоласини кўтариб кирди. У кам ёзади. Ёзгани ерга тушмайди, қўлма-қўл бўлиб кетади. Ўқиладими, демак, бирор жанжални бошлаб келади. «Мақолани мен ёзаман-у, жабрини Сиз тортасиз», дейди қиз. Йигит гапни ҳазилга буради: «Балки бу гал мукофот беришар!»
Рашид унинг янги мақоласини ҳам кўз узмай, нафас олмай ўқиб чиқди. Ўқидию ирғиб туриб, ойнаванд шкафининг эшигини шарақлатиб очди. Кишти келган эди. Бундай пайтларда уни одам нарида турсин, бульдозер, ҳатто танк ҳам тўхтата олмайди. Тенги-тўшининг тушларига қизлар, жувонлар кирса, у тушида ҳам бир парча қоғозни қучоқлаб, бўйларига тўймай чиқади. Тенгдошлари чойхонаю майхоналарда оби нобдан хўплашни, тамакидан тортишни хуш кўрса, унинг даҳани доим босмахона бўёғидан қорайган…
«Рашиднинг дарди ёмон, — дейишади ҳамкасблари. — Газета касалига чалинган. Энди ўлганда қутулади».
«Худонинг бергани-да, — дейди унинг ўзи. —Бўлган-турганим — шу!»
«Бу дунёнинг ташвиши фақат сенга қолганми? – деб ёзғиришади тенгдошлари. – Ўзингни ўтга-чўққа уравермасдан, қисибгина юрсанг бўлмайдими?”
“Унда яшаб нима қиламан!”
Раҳматли отаси (Жума шопирма) куйиб ўтди. Гапни жуда кўпиртирарди: «Биздинг шу улнинг қоғоз билан киндиги бир. Газетани энасидан ҳам яхши кўради. Доим юрак ҳовучлаб юраман. Нетай, оғзига кучи етмаган бир кас элнинг орасида: “Аввалгисидан ҳам тирноқ кўрмаган эди. Болангиз ўзи нарми-модами?” деб тергаб қолса нима қиламан! Аҳ, нодон бола-я!.. Аҳ, нодонгина-я! Биринчиси пешонангга сиғмади. Куни кам экан. Лекин “сариқ” бир сенинг хотинингни қақшатгани йўқ-ку. Ахир бир йилдан ошди. Уйлан, қачонгача белингга бойлаб юрасан, деб ёзғирсам, кўнмайди. Энди бошпана олиб, кейин уйланармиш. Йигит кишининг боши иккита бўмагунча бири икки бўлганини ким кўрган!..»
Мақоласини ўқиган бош муҳаррир ўринбосарининг шошиб, ҳовлиқиб қолганини кўриб, Анзиратни ваҳима босди.
«Тинчликми, Рашид ака?»
«Рашид ака»ни шундай мулойим, шундай секин ва эҳтирос билан айтдики, бошқа йигит бўлганида, олдидаги қўлёзмани тўғри келган томонга отиб, қизга бургутдай ташланар ва унинг қуруқшаб турган лабларидан ютоқиб-ютоқиб ўпган бўларди. Ташланса, тишланса Анзират йўқ дермиди! Чанқаб, чўллаб, қуриб-қақшаб кетган одамга сув тутсангиз йўқ дермиди!
Аммо Рашиднинг фикри хаёли шу топда ерда ҳам, осмонда ҳам, қизда ҳам эмас. Эшиклари қийшайиб, ойналари тушай деб қолган сарғимтил шкафда эди.
«Сарлавҳаси – бир тийинга қиммат”, – деди шкафдаги папкаларни титкилар экан.
«Бефарқлик» ҳам гапми! «Топталган тақдирлар», деймиз. «Топталган тақдирла-ар». Қалай?»
«Дуруст-ку, — деб чайналади ранглари оқариб, хўрлиги келиб ўтирган қиз ва ўз овозини ўзи эшитмаётганини сезади. Нима деётганини ўзи ҳам англамайди. Гўё қулоқлари том битиб, мастга ўхшаб қолган. Шкафни титкилаётган йигитнинг, эркак атрининг бўйи димоғига келиб урилган эди. Кўзига Рашиднинг кенг елкаларидан бошқа нарса кўринмайди. Шу елкаларни биргина қучгиси, шу бўйга биргина тўйгиси, шу мавзун ва вазмин келбатнинг оғирини биргина туйгиси келади. Қолгани бир гап бўлар. Қолгани ёниб-куйиб, ўлиб-етиб кетмайдими!..
“Лекин… ошириб юбормаймизми? Гап эшитиб қолмайлик тағин!..”
“Эшитсак-чи?”
Йигитнинг кўнгли тўқ эди: «дуэлга чиқаришса», бош муҳаррир ташлаб қўймайди. Ваъдаси бор. Бошлиқдан хато ўтса, ўринбосари уни ҳимоя қилиши душвор. Лекин айни ҳолатда у Рашидни қаноти остига олиши, анча-мунча ҳужумлардан омон сақлаб қолиши мумкин. Гап кўтарилса, ўйлаб-нетиб ўтирмай, менга тўнкаб юбораверинг, дейди ўринбосар. Журъат Расулов – кўп юришли одам. Чет элдан бери келмай қўйган. «Бомба» материаллар у сафарга кетганида босилади. Келиши билан, табиийки, унинг ёқасидан олишади. «Оббо, шунақа бўптими? — дейди бош муҳаррир афсус билан қоракўл попоқли бошини сараклаб. — Мен муовинимга ишонган эдим. Ҳали ёш-да. Ғўр. Ғайрати зўр, журъати зўр, қалами зўр. Тажрибаси камроқ. Майли, ҳаммамиз ҳам қачонлардир ёш бўлганмиз. Ғўр бўлганмиз. Саркашроқ бўлганмиз. Хотин — жафосиз, газет хатосиз бўлмас. Бу ёғини энди бизга қўйиб беринглар. Ўзимиз гаплашамиз. Керак бўлса, ўзимиз жазолаймиз!..»
Журъат Расулов – фаросатли. Жонининг қадрини ҳам билади. Ўз ҳолини билиб, ишнинг жиловини ўринбосарига бериб қўйган. Инсофи ҳам бор. Рашидни олдида мақтамаса ҳам, изидан алқайди: “Аломат йигит! Ҳали мўртроқ, авайлашимиз керак”.
Рашид қилмишлари учун ишдан дарров олиб ташланмаслигини билади. Бошқа хавф бор: мақташади, кўтар-кўтар қилишади, рад этишинг қийин, жуда қийин бўлган ваъдалар беришади. «Сиз, ука, давлатимизнинг ишонган кадрларидансиз. Фалон ташкилотни ҳам “Шарқ тонги”дай кўтариб беринг. Ахир деворий газетадан ҳам хароб нашрнинг тиражини икки йилда бир миллиондан ошириб юбордингиз. Одамлар овқат қолиб, газетхўрликка ўтиб кетди. Отангизга балли! Дарвоқе, шу баҳонада уй-жойингизни ҳам тўғрилаб оласиз. Уйланасиз. Ижроқўмга айтилди. Икки-уч ой ичида сизга квартира ажратади…» Шундай қилиб, «кўтарилиб кетасан». Қарасанг, маоши икки баробар кўп, иши ўн баробар кам, обрў-эътибори, машинаси жойида, лекин бир ойда ҳам бирор зот сендан итмисан, кучукмисан деб сўрамайдиган қайсидир Қўмитанинг серҳашам кабинетида савлат тўкиб ўтирибсан. Сийналари селкиллаган, думбалари диркиллаган, кўзлари сузук бир хоним – котиба хизматингда: «Шаҳардан телефон этиб турибдилар, ёшулли. Сўйлашасизми?» Ҳужраи хосингга чорласанг ҳам йўқ демайди… Ижроқўм садақа қилган квартирада бутингни кўтариб ётасан, кечалари ширин тушлар кўриб ухлайсан. Тушларингга яланғоч жувонлар киради. Ҳеч кас сени безовта қилмайди. Занжирбанд итдан ким чўчийди! Нари борса, оқшомлари майхоналарда ичган шаробинг безовта қилади: қонингни кўпиртириб, бошингни оғритади.
Фотиҳангнинг ўқилгани шу!
Дилингдаги ўт сўна бошлайди. Қуйруғи тоғорага солинса, кимга ёқмайди! Қарабсанки, кетинг билан бетинг – бир. Суякка ўрганасан. Ит эса қуруқ суякни кўриб ҳам севинади. Қорни тўйса, қурбон ҳайит!
Фотиҳангнинг ўқилгани шу!
Рашид нисбатан эрта кўтарилган эди: комфирқага эрта — ҳарбийдалигида аъзо бўлганию «иккинчи она тили»ни ҳам дуруст билгани, унда-бунда ёзган нарсалари эътиборга тушгани сабаб. Кўпнинг ичидан саралаб олиниб, шарафли рўйхатларга киритилган. Марказга аввал ўқишга, сўнг ишга юборилган. Кишвари аъзамнинг у кезмаган ўлкасию йўлкаси кам қолган.
“Сизга нима бўлди? – деб сўрайди Рашид сарғайиб кетган папкадаги қоғозларни Анзиратнинг олдига — столга ағдарар экан. – Рангингизда ранг қомапти?..”
“Тумов тегмоқчи, шекилли… – Қиз аввал кўзини, сўнг гапини олиб қочади.— Уҳ-ҳу! Шунча қоғозни эринмай йиғиб юрибсизми, Рашид ака? Қойил!”
“Керакли тошнинг оғири йўқ. Йиққан-терганим, хазинам — шу!..”
Йигит лоақал “дори-пори ичдингизми?” деб ҳам сўрамайди. Мақолага мос расм ва суратларни танлашга тушиб кетади. Танлаш қийин бўлмайди. Қабоҳат қурбони — бўйнига галстук таққан, портфель кўтарган зиёли йигит — бошини қамоқхонанинг бетон деворига урмоқда. Қалин тиканли симлар. Кишан солинган қўллар. Сочлари патакка айланган афтодаҳол аёллар, хўрланган қизлар… Ноҳақ қамалганлар. Таҳқирланганлар. Анзиратнинг мақоласи ана шундай (ўзидай!) бечоралар — ака-сингилнинг аянчли тақдири ҳақида эди. Уларнинг айби на йиллаб чўзилган терговда, на тумандан бошланиб, Марказдаги олий судгача давом этган жараёнларда исботини топган. Бундай пайтларда отасига ҳам ишонмайдиган Рашид мақоладаги ҳар бир сатр, ҳар бир даъво, ҳар бир рақамни синчиклаб текширади. Иккиланган жойларини олиб ташлайди. Кўнгли тўлгач, устига гажакдор имзосини чекади: учинчи саҳифага!
Ширинкома
Мана энди газетада чоп этилган ўша мақола учун жавоб бериш фурсати етди.
Бакировнинг қабулхонасида малла сочли котиба жимитдайгина бурнини тортиб ўтирарди. Пеши кўтарилган бахмал шляпаси қип-қизил, наслдор сигирнинг оғзини эслатувчи лаблари қип-қизил, даҳан-яноқлари – қип-қизил, тирноқлари қип-қизил. Гўё ҳозиргина кино экранидан тушиб келган оврупалик ажнабий хоним. Котиба унга қайрилиб ҳам қарамади. Йўқ, қаради. Қаради-ю, эътиборига лойиқ бирор нарсани кўрмади, чамаси, яна электр машинкасини шарақа-шуруқ қилишга тушди ва раиснинг эшигига совуққина имо қилди: «Киринг».
— Кимлар бор?
Журналистнинг лабидан учган шу икки сўз котибага малол келди. Бошини зардали чайқади: «Кираверинг!..»
Рашид залворли эшикни секин тақиллатган бўлди. Садо бўлмагач, дадил очди.
Тўрдаги салобатли столга тиркалган столчанинг икки буржида икки киши бақамти ўтирарди. Рашид меҳмонни таниди: мажлисларда кўриб юрадигани — бош прокурор ўринбосари Майданов. Бугун газетада чоп этилган мақоланинг “бош қаҳрамони”.
«Уҳ-ҳу! Бунча тез!»
— Мумкинми?
— Келинг, Рашид Жумаевич, — деди Бакиров кутилмаган илтифот билан ва ўрнидан турди. Ростга ўхшаб кетадиган бу чорлашда умид уйғотувчи ва таскин берувчи нимадир бордай эди.
«Ширинкомаси ёмон эмас».
Бакировнинг қўли иссиқ экан. Лекин қаттиқроқ. Қоқсуяклигидан. Кўришганингда пайраҳани ушлагандай бўласан. Ўтирган жойида қўлини чўзган Майдановники совуқроқ ва юмшоққина. Унинг калта, лекин этдор панжалари, кафти аёл кишининг қўлини эслатарди. Рашид қўлини дарҳол тортиб олмоқчи бўлган эди, прокурор қўйиб юбормади. Қаттиқроқ қисди. Бу ҳам бир одат, рақибини таҳликага солиб қўйишнинг прокурорларга хос йўли бўлса керак. Ўзига истеҳзоли тикилиб турган Майдановнинг кўзига кўзи тушиб, сал қизаринқираганини сезди. Прокурорнинг нигоҳида бироз ажабланиш, ҳатто ҳайрат зоҳир. Бакировга очиқ истеҳзою такаббурлик билан қаради: “Олам жаҳон фитнани бошлаб юрган шу гўдакми?”
Бу журналистга ёқмади:
«Вой, энағар-ей! Мени ким деб ўйлаяпсан ўзи?!»
Прокурор қимтиниброқ турган йигитни ҳамон синчков кузатарди. Гўё у қассобу журналист ялоққа ётқизиладиган қўй: эти қанча тош босади? Рашиднинг нимдошгина қора костюми, охори тўкила бошлаган ҳаворанг кўйлаги, ингичка галстуги кимлигини айтиб турарди. Аслзода бойнинг боласи журналист бўлмайди. Насл-насабига мос иш билан шуғулланади.
Рашиднинг дилидаги ғашлик, ҳадик, елкасидаги оғриқ бирдан йўқолгандай бўлди. Ўрнини англаш қийин қандайдир иштиёқ, қаердандир пайдо бўлган ишонч, қуйилиб келган куч-ғайрат эгаллади. Гўё даврага чиққан алп. Бундан ўзи ҳайрон.
«Тиккама-тикка тортишаман. Керак бўлса, солишаман!»
Раис столининг устига ёзиб қўйилган «отахон» газетага кўзи тушди. Сарлавҳаси йирик-йирик ҳарфлар билан терилган мақолани таниди: «Адолат — фаолиятимизнинг бош мезони». Майдановнинг мақоласи. Прокуратура ходимларининг ҳур ўлкада амалга ошираётган олижаноб ишлари ҳақидаги ҳисобот. Ўтган ҳафта барча газеталарнинг биринчи саҳифаларида чоп этилган эди. Бугунги «Шарқ тонги» кўринмайди. Йўқ, “отахон”нинг тагида экан.
«Бу ҳам бир санъат!»
Бакировнинг аллақачон эси кетиб бўлган, икки ўт орасида тутаб ёнаётгани сезилиб турари.
Бугун у ишга ҳар кунгидан эрта, шошилиб келди.
Пединститут томондан ўқдай учиб келган оқ “Волга” чорраҳада милтираб турган қизил чироққа парво қилмади. Илкис тўхтаб, унга йўл бўшатишга мажбур бўлган “Москвич” зор-зор бонг чалиб қолди. Чорраҳанинг четида анграйиб турган қорни катта автоинспектор занғиллаб ўтиб кетган “Волга”ни кўриб, жон ҳолатда қизил таёқчасини кўтарди ва ҳуштагини чуриллатди: “Стоп!” Лекин автомобиль уни масхара қилгандай думидаги ўнг чироғини милтиллатганча дарҳол кўздан йўқолди. Инспектор шахтидан тушиб, Қўмита томонга бурилиб кетган машинадаги одамни сўкиш билан кифояланишга мажбур бўлди: “Онангни қози зўрласа, додингни кимга айтасан!”
-Тўғри қилдингиз, – деди орқа ўриндиқда ўтирган Бакиров ҳайдовчига. – Баъзан қоидани ҳам бузиб туриш керак.
-Шошганда лаббай топилмас, ока.
-Меҳмонхонанинг тагида бунча одам кўп? Яна афғон ёшларини ўқишга олиб келишганми, нима бало?
-Гастрономга арақ-парақ келган-ов. Яна билмадим. Боя сизга бораётганимда яш-шик кўтариб юришган эди. Булар навбатда турганлар.
Бакиров ўз қабулхонасини кимсасиз кўрди. Бир ҳисобга шуниси маъқул эди. Шартта шкафни очиб, тахламлар орасидан зарур газеталарни суғуриб олди…
Майданов қўлини қўйиб юборган бўлса-да, Рашидни ҳамон синовчан кузатмоқда, чамаси, айтажак гапларининг суробини тўғриламоқда эди. Йигит сезди, бир ваҳимали қараш, бир гап билан эсанкиратиб, галдиратиб ташламоқчи. Туядек тиз чўктирмоқчи. Аммо у тутмоқчи бўлиб, қувлаб юрган товуқни Рашид аллақачон сўйиб, патларини юлиб, шўрвасини қайнатиб қўйганини билармикин! Билмаса, энди билади!
У прокурорга дадил қаради. Кўзи кўзига тушди. Тушди-ю, титраб кетди. Йўқ, боши айланди, чамаси. Майдановнинг ўнг кўзида истеҳзоли жилмайишга мойиллик сезилиб турган бўлса, чапи ўлжасига ташланишга тайёр йиртқичнинг кўзларидек совуқ, синчков ва қаҳр билан боқарди. Зимзиё, тубсиз қудуққа қарагандай бўласиз. Рашид сесканганини сездирмади. Ҳаяжони жунбушга келиб, танаси ҳар қанча музлаб кетмасин, ичидагини сиртига чиқармасликка ўрганган. Ўзини шунга ўргатган. Билади, бундай лаҳзаларда унинг қуюқ соқоллари қиртишлаб олинган оқ юзи, каттакон кўзларидан бирор маъно уқиш қийин. Ҳозиргина узоқ давом этган йиғилишдан эзилиб чиққан одамнинг қиёфасидек зерикарли, ҳатто бефарқ тус олади. Ҳорғинликдан бошқа нарсани кўрмайсиз. Бўлар-бўлмасга сапчиб тушаверса, ким деган одам бўлади.
У прокурор ўзини анча билармон, кўзлари ўткир одам деб ҳисоблашини сезди. Лекин нигоҳи мойчироқдек хира. Ҳар ҳолда Рашидга шундай туюлди.
«Бадгумон бўлма».
Миқти гавда, ялтираган пешона, кенг ва қалин гардишли кўзойнаги ўзига ярашган бу одам, димоғининг хийла баландлигини айтмаса, прокурордан кўра олимга ўхшаб кетарди. Юриш-туришидан шаҳарнинг энг кўркам, кўчаларига ҳар куни машиналарда сув сепилиб, супириладиган дилкушо қасабасида яшаса керак. Эрталаблари югурса, бадантарбия қилса, муздай сувда ювиниб, тобланса, эҳтимол. Маишати жойида: дудланган гўшт, колбаса, пишлоқ, сариёғ, асал, ёнғоқ, майиз… Қаҳваси нақд Бразилияники… Ой охирлаганда чақа санаш унга бегона…
Қора “Волга”си меҳмонхонанинг орқа томонидаги чорраҳада тўхтаганида Майданов телефондаги гапини тугатди:
-Яқинлашиб қолдим, – деди ёрдамчисига. – Дарвозада кутиб олинг, деб айтганмисан?.. Бўпти. Узоғи билан ярим соатда қайтиб бораман. Ҳужжатларни тайёрлаб қўй.
Хива гиламидан қалин поёндоз солинган машинада кўйлакчан ўтирса бўлади. Шунга қарамай, ойнадек ялтираб турган тиғдор этикдаги оёқлари совуқ емоқда эди. Шофёрнинг ёнига, печканинг олдига ўтирмаганига афсусланди. Ялтираб турган қуёшга қараб ҳаво илиқ бўлса керак, деб ўйлаганди. Заҳардан баттар экан.
“Москванинг қишидан ҳеч қолишмайди!- деб ўйлади у кўчма телефон гўшагини ҳайдовчига узатар экан. – Иморатлари ҳам бир хил. Туссиз”.
Меҳмонхона тагида куймалашиб турган одамларга кўзи тушди.
-Булар нима қип туришибди? – деб сўради шофёрдан. – Яна митингми?
– Гастрономга бирор нарса опкелишганга ўхшайди. Навбатда туришибди-ку.
-Колбасами?
-Кўтариб чиқаётган нарсалари колбасага ўхшамайди… Ё ун, ё шакар…
-Шакар ҳозир неча пул ўзи?
-Давлатнинг магазинларида – ўша-ўша. Лекин топиш қийин.
– Кооперативларда-чи?
-Яқинлашгилиги йўқ. Осмон.
“Ана пул қаерда! – деб ўйлади Майданов. – Магазинда номига икки-уч қоп сотишади-да, қолганини ширкатларга пуллашади…”
Машина яланғоч дарахтларга бурканган кенг майдонга бурилди. Файзсиз жой. Шохи ерга қараб ўсган пастқам тутлар “териси” шилиб ташланган шамсияга ўхшайди. Шаҳарнинг марказига экиладиган дарахтми шулар? Акас бошқа. Кўркам. Шохлари чайир. Болта нарида турсин, арра билан ҳам ололмайсан. Янги япроқ ёзгунича эскиси жойида осилиб тураверади. Кузми, қишми – фарқи йўқ. Сўнг бир кечада дувва тўкилади. Чинорга ўхшаб йил бўйи тагини супирмайсан.
Бакировнинг котибаси уни таниди, шекилли, ирғиб ўрнидан турди. Қиз кўзига оловдай кўринди. Иваново томонлардан бўлса керак, деб ўйлади Майданов. Қарсиллаган олмадай. Елини тарвуздай келади. Қиз билан бирозгина гаплашгиси келди. Лекин атрофингда мингта кўз, мингта қулоқ. Падарига минг лаънат, деб ўкинди прокурор. Шуям иш бўлдими? Шуям ҳаёт бўлдими? Ресторан-песторанга боролмасанг. Бировга тишингнинг оқини кўрсатиб гапиролмасанг!
“Устимдан кулсангиз ҳам, телбага, ҳатто беҳаёга чиқариб қўйсангиз ҳам майли, Рашид ака. Акажон! Сизга юрагимни очгим келади. Келаверади! Гапирмасам, дилимдагиларни ёзмасам, ўлиб қоладиганга ўхшайман. Ўхшайвераман! Ёзсам!.. Ёзсам… Ҳар тонг руҳсиз, ҳолсиз, журъатсиз кўз очаман. Очаману, ёстиғим ёнидаги соатга, столдаги тақвимга талвасада кўз ташлайман: бугун қандай кун? Худога шукр, иш куни экан! Юрагим ҳаприқиб кетади. Бадбин ўйлар мендан қочмоққа тушади. Тумтарақай! Соат қўнғироғи – дунёдаги энг ширин, энг жозибали наво. Ижарахонам деразасидан жилваланиб мўралаётган қуёш – энг яқин, энг садоқатли дугонам! Бугун – иш куни. Байрам! Сизни кўраман! Овозингизни эшитаман! Балки, Худо насиб қилса, гаплашаман!
Узун кун бир хил хаёл билан яшаш, бир инсон ҳақида ўйлаш мумкин, десалар, ҳаргиз ишонмас эдим. Ҳаргиз! Энди эса шундай бахт менга насиб этганидан бошим осмонда. Дунёдаги энг тотли туйғу – Сизнинг хаёлингиз. Дунёдаги энг тотли овоз – Сизнинг овозингиз. Дунёдаги энг ширин гаплар – Сизнинг танбеҳларингиз! Ҳа, танбеҳларингиз ҳам менга қанчалар хуш ёқишини билсангиз эди! Сизнинг ҳар бир нигоҳингиз, ҳар бир гапингиз, ҳар бир нафасингиз – менинг мулким, давлатим!
Худойим менга ака-ука, опа-сингил насиб этмади. Бошим икки бўлмасидан ота-онамни Ўз даргоҳига чақириб олди. Қабрдек ёлғиз, басирдек йўлсиз, гадодек навосиз қолганимда Сиздай инсоннинг суҳбатига аржуманд этди. Ёлғиз яратгунча тош қилиб ярат демишларки, ҳақ – ростдир.
Фақат бир илтимос: мен муштипарнинг устидан кулманг!..”
Назаркарда
У Майданов ҳақида ёмон хаёлларга боришни истамасди. Қилдан қийиқ қидириш одатидан эмас. Шу даражага, бош прокурор ўринбосари мартабасигача эришиши осон бўлмагандир. Худо марҳамат қилмаса, эшак бозорга даллол бўлолмайсан. Яратганга маъқул бирор фазилати бордирки, нотаниш ўлкаларда ўта қалтис ишларга бош бўлиб юрибди. («Балки Худога хуш келмагани учун уни сандирақлатиб қўйгандир!») Бу ерда дўстидан кўра ғаними кўп. Кийиниши одми, ўзи ҳам дўлворгина экан. Муҳтасиблик — касби. Кишини одам ўрнида кўрмаслиги аламли. Бу дуруст тарбия кўрмаганидан, ишнинг кўзини билмаслигидан…
Майли, билганидан қолмасин!
Бир ҳисобга, Майданов билан Рашиднинг ёшида ўн икки йил фарқ бўлса-да, қисматлари жуда ўхшаш эди. Иккаласи ҳам саҳройи. Бири Саратов ябонларидан, иккинчиси Қарши чўлидан. Иккаласининг ҳам суяги меҳнатда қотган: қора ишчидан чиққан. Кишвари бир, фирқаси бир. Олган таълимию ўрганган таълимоти бир. Қўшини бир: иккаласи ҳам Сибирда, махфий қисмда хизмат қилган. Ҳарбийга аскар сифатида чақирилиб, уйига зобит унвонида қайтган. Бирининг отаси урушдан бир қўлидан айрилиб, иккинчисининг отаси икки қўлтиқтаёқда келган. Бири оиланинг учинчи, иккинчиси бешинчи фарзанди. Бири университетнинг сиртқи бўлимида, иккинчиси кечкисида ўқиган. Бири курсдошига, иккинчиси синфдошига уйланган. Бу кунларга етгунича, бири заводда ишчи, иккинчиси қурилишда дурадгор бўлган. Аммо улар бир давлат фуқаролари бўлса-да, бир иқлим одамлари эмасди. Фарқи шунда!
Майданов — қуши қочиб, давлати таназзулга учраб бораётган улкан салтанатнинг назаркардаси. Ўзи умргузаронлик қилиб турган ўзбек юрти одамларининг на майлидан, на ҳайлидан хабардор. Салтанат сарварлари бу юртга тўрт ярим мингдан ортиқ ана шундай «навкар»ни ташлаган. Шунча одамга жой бўшатиш учун камида тўрт ярим минг тобени қамаш, талаш, бадном қилиш зарур. «Тўрт ярим минг назаркарда пахта эккани, ғалла ўргани ёки пахса ургани келгани йўқ, — деб ёзган эди Анзират Жўраева «Топталган тақдирлар»да. — Улар «оми халқ»қа яшашни ўргатгани, ўргатиш асносида, уй-жой, машина, маошлари баланд-баланд лавозимларни бўлиб олгани келган. Бўлиб олишди ҳам! Қорни очни бир амаллаб тўйдириш мумкин. Кўзи очдан ўзи асрасин».
Назаркардаларнинг бошида турганлардан бири — Майдановнинг бу ўлкада на кўнгил етар маҳрами, на дилтортар ҳамрози бор. Лабига учуқ тошса ҳам, суиқасд деб учиниши шундан. Хотиндан куйган. «Москвадан чиқмайман», дейди танноз! Эр лабини тишлайди. Отлиқ аёл пиёдани эр қилмаслигини кеч тушунди. Оқшомлари зерикканидан ўзини қўярга жой тополмай, аламини шишадан олади. Беваларга боқай деса, юрак йўқ. «Чучмал,— деб кулади хотини эрининг ортидан. — Гапида туз йўқ!» Аёли, айни ширага тўлган жувон – мамлакатнинг зодагонларидан, сиёсий бюро аъзосининг қизи. Эрининг изидан Тошкентга келишни ўзига ор билади. Келганда-чи? Қўлини совуқ сувга урармиди. Чой қўйсаям тагига олиб кетади-ку.
Шу пайтгача Майдановни очиқ-ошкора, эл-улус орасида, бунинг устига, Ўзбекистондай мўмин-қобил, тобе ўлкада, ҳатто Марказда ҳам очиқчасига танқид қилишга, танқид не, фикрига эътироз билдиришга бировнинг журъати етмаган. Кимлигини, дасти қаерларга етишини аҳли акобир яхши билади. Раъйи қайтмаган. Ўлканинг энг олий раҳбарлари бир сари, Марказдан юборилган бош прокурор ҳам ўзининг ўринбосари олдида қўл қовуштириб, қош-қовоғига қараб туради. Кимнинг боши иккита?!.
Майданов қаршисида турган журналистни беписанд кузатар экан, бу битлиқи жўжахўрозга бир томондан раҳминг ҳам келади, деган хаёлларга бораётгандай эди. Зоҳирида унчалик сездирмаётган бўлса-да, ботинида шундай ўйлаётгани аниқ. Қурбонликка кетадиган жонлиқ эканини муҳаррир боланинг ўзи билмайди. Муҳими —унинг ортида турганлар. Зимдан иш кўраётган миллатчилар дўпписи тор келганда бу жўқини ўйлаб-нетиб ўтирмай қурбонликка бериб юборади. Ўрмонга ўт кетса, хасга ким ачинади? Инсоният пайдо бўлибдики – шундай. Панада туриб нодонларни гизгизлайдилар. Лекин «ваҳ» десанг, ҳаммасининг жони ҳалқумига келади. Фақат қачон, кимга, қандай «ваҳ» дейишни билиш керак. Ўн қарғага – бир кесак. Ҳаммаси аввал қисиб, сўнг писиб кетади. Майданов кериладики, мен келаверсам, аҳли фуқарони ваҳима босади: қамармикан ё фақат тинтув қилармикан?
Рашид эса кеча тунда хаёлидан ўтганларни эслади. Империя – салтанат мудом қон сўриб яшайди. Ўзининг қонхўрлигини дунёдаги энг буюк, энг эзгу ғоялар билан хаспўшлайди, оқлайди. Қаршисида бир қарорга келолмай ўтирган ва унга беписанд қараётган мана бу кибор, ўзини тутишидан ақлида қусури бор мана шу кас, бутун бошли миллатни, халқни ўғрига чиқариб қўйганининг боиси ҳам шунда. Энг баланд минбарлардан энг юксак, энг эзгу ғояларни авомга баён этиб, ўзлари тескарисини қиладиган, билган бўқини ейдиганлар хилидан. Адолат учун курашнинг таг-замирида хуфия мақсад, манфаат, сиёсат яширинган — жаҳон бозорида нефту газнинг нархи тушиб кетгач, давлат хазинаси бўшаб қолган: энди уни қандай бўлмасин тўлдириш зарур! Шусиз ҳам тинкаси қуриган авомга қўшимча солиқ сололмайсан. Маданий йўл билан талаш бошқа гап. Талаш тамойили эса ўша-ўша: мендан қолгани — давлатга. Нафс. Беписандлигининг боиси: ортида — бутун бир давлат. Рашиднинг ортида эса… Орти ҳам, ёни ҳам бўм-бўш. Бошига бир бало ёғса, зимдан хайрихоҳлик билдирса-да, очиқчасига ҳеч ким, ҳатто бош муҳаррир ҳам ёнини олмайди. Ололмайди. Нима деб минғирлаши маълум: «Ўзи қизиққон эди. Сал ўйлаброқ иш қилса бўларди. Келиб-келиб Мадановдай одам билан ўйнашадими…»
Суянадигани, эртаклардаги каби эранлари, чилтонлари йўқ. Анзират-чи. “Сизга бир гап бўлса, нима қилишни ўзим биламан”. Аёл боши билан нима ҳам қила оларди? Йиғлайди-сиқтайди. Кўнади.
Балки минг, балки икки минг йил илгари ҳам тобе қабила вакилини фотиҳ мана шундай — менсимай, истеҳзою масхараомуз кузатгандир: сен тирранча нима қилиб юрибсан? Балки Соҳибқирон Амир Темурнинг олдида мана шу прокурорнинг бобокалони тиз чўкиб шафқат сўрагандир? Гардуну дун адоқсиз айланаверади. Янги авлодлар келиб-кетаверади. Яна минг, ўн минг йилдан кейин нима ўзгаради? Ўзгарадими?
Майданов истаса, Рашидни чивиндек эзиб, янчиб ташлаши, беном-бенишон йўқ қилиб юбориши мумкин. Қанчадан-қанча одамни шундай қилган, қиляпти-ку. Топталган тақдирлар камми? Улар ҳам чакана одамлар эмасди. Хотини, ўғли, бўйи етган қизи —бутун оиласи —ҳаммаси қамоқда. Сезилиб турибди: Майданов бугун салтанат ишларига дохиллик майидан маст. Исталган одамни қамоққа тиқиши мумкин. Исталган. Дамининг баландлиги шундан.
Майданов эса шу топда куни кеча Опанинг ҳибсига имзо чекканини жуда-жуда айтгиси, айтиб, олдида соме турган шу икки сартни гангитгиси келаётган эди. Опа нима, “Катта”нинг ҳам саноқли кунлари қолганига ишора қилса-ку, иштонларини ҳўллаб қўйиши аниқ. Афсуски, айтиш мумкин эмас. Тилини аранг тийди. Тергов сири.
«Бу қама-қамаларнинг охири борми ўзи? — деб ёзғирган эди Опа телефонда прокурорга сал илгарироқ, пахтасаноат вазирлигида бошқарма бошлиғи бўлиб ишлайдиган укасини ҳибсга олишгач. — Ҳаммани авахтага тиқаверсанглар, ишни ким қилади?..»
«Қанча истасак, шунчани тиқамиз! — деди Майданов этни жунжиктирадиган совуққонлик билан. — Истасак, ҳаммани тиқамиз!..»
«Сизни ҳам!» дегиси келади. Лекин демайди. Инсоф қилганидан эмас. Тергов сири очилиб кетишидан чўчийди. Баҳслашаётгани аёл киши эканлиги, тортишув телефонда бўлаётгани эсига тушади.
«Устингиздан арз қиламан!..»
«Ўҳ-ўҳ! Қўрқитиб юбордингиз-ку! Марҳамат! Арз қилинг, қилаверинг! Лекин ўзингиз ҳам, ҳар эҳтимолга қарши, талқонингизни туйиб қўйинг!»
Опа бўш келмайди:
«Менга дўқ урманг, ўртоқ Майданов! Қўрқадиган жойим йўқ. Мен ҳалол ва покиза аёлман. Коммунистман!..»
Аёл арз қилади.
«Хўш, нима бўпти? — дейди Майданов Марказдан чалинган қўнғироққа жавобан. — Устимиздан ёзаётганлар ачиб-бижғиб ётибди. Бу хотинча ҳам ўшаларнинг биттаси. Қўл-оёғи мурдор. Қамалишини сезиб, таҳликага тушиб қолган. Яқинда ҳибсга оламиз».
Олади ҳам.
«Узоқ кавламадик, — деб мақтанади у кейинчалик давраларда. — Одам бўлса, жиноят кодексидан унга мос модда топилади. Бу дунёда кети тоза одамнинг ўзи йўқ. Кавласанг, кўп нарсани топасан. Ҳи-ҳи!. Топдик. Икки-уч киши унга қарши кўрсатма берди: фалон пайтда мендан фалон минг пора олган, деб. Ҳибсига ўзим имзо чекдим».
Опани темирйўлчи эри сафарда, қизи билан ўғли она юрти — Чимкентга кетган тунда олишди. Иссиққина тўшагидан.
«Бечора жуда афтодаҳол яшар экан, — дейди эртаси куни терговчи йигит Майдановга. — Бир даста атиргулини ҳам қатиқ шишасида кўрдим. Балки, тилхат олиб, қўйиб юбориш керакдир?..»
«Прокуратура сенга меҳр-шафқат жамғармаси эмас! — деб бақиради Майданов. — Адвокатлик қилма! Бировларга раҳм-шафқат тилайдиган бўлсанг, черковга бор. Ибодатхонага бо-ор! Лекин аввал аризангни ёз!..»
Замонлар ўтиб, салом берганнинг ўнгиридан тутиб, тутгач қўйиб юбормай, панду насиҳат қиладиган, қилар чоғида ўзининг ривоятнамо гапларидан ўзи мутаассир бўлиб, кўзлари намланадиган ёшга етганида бот-бот иқрор бўлади: «Мана мен деган зодагонларнинг даргоҳларида кўп бўлганман. Қандай яшашини, маишатини жуда яхши биламан. Лекин Опанинг уйини кўриб, қотиб қолдим. Йўқ-йўқ! Уйига ўзим борганим йўқ. Қамоққа олиш пайтида олинган видеотасвирни томоша қилиб, кўзларимга ишонмадим. Ўзбекистондай нуфузли республика олиймақом раҳбарининг уйи эмас, қишлоқ касалхонасининг ғарибгина палатаси дейсиз. Китобдан бошқа қўлга илинадиган нарсанинг ўзи йўқ. Маҳбусанинг қулоғидан ечиб олинган тақинчоғи ҳам момосидан қолган эски жез зирак экан. Терговчилар ишонишмади. «Яширган нарсаларинг қаерда? Айт!», деб уч-тўрт соат роса ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилишди, қийноқ-қистовга олишди. Йўқ. Опа кейин ҳам «ёрилмади». Икки ярим йиллик сўроқ икки пуллик фойда бермади».
Майданов ўша куни ордерга имзо чекар экан, терговчига маслаҳат солади: «Ҳибсхонага бориб, бу маҳмадона хотиннинг ўтиришини ўз кўзим билан кўрсам дейман. Бўладими?»
«Бемалол».
Кушанда
У камеранинг қалин темир эшигидаги туйнукдан қаради. Опа торгина, на дурустроқ дераза, на токча, на оёқни узатиб чўзилса бўладиган арзирли бирор тахтаси, тахтасида на тўшамчиси бор, хонанинг бурчагидаги бетон супада, жужунча камзулининг устида, икки букилиб, букланиб, пешонасини икки тиззасига босганча қунишиб ўтирарди. Сочлари тўзғиган. Деворидан чағир тошли бетон «оқиб турган» камеранинг сал этакроғи, бурчакда ҳожат челаги. Туйнукдан гуп этиб аччиқ зах ва қўланса ҳид келди. Камеранинг деворлари ялтираб, намланиб турибди. Ҳавоси димиқиб, “терлаб” кетганидан. Бундай хонада бир ҳафта ўтирган одам кейин мондимайди. Бандасининг қамоқда чиригани —шу. Майданов келишини билиб, Опани атайлаб яккалик камерага ўтказишганини сезди. Бир ҳисобга тўғри қилишибди. Қамоқхона аслзодалар ҳордиқ чиқарадиган чорбоғ эмас. Кўрсин. Ҳаммасини кўрсин. Ўзи шуни истади, ўзи шунга интилди. Энди чидасин. Ҳали «қўтирхона» деган жойлардан хабари йўқ. Ҳибсхонада энг қадрли нарса тоза ҳаво билан суварак эканини билмайди. Буни катакдай хонада ўн — ўн беш одам қанорга тиқилган сомондай эзилиб ўтирса билади. Буни овқат тарқатувчи маҳбуслар ошхонаю омборхоналарда атайлаб кўпайтириб, семиртириб сотадиган бир гугурт қути —уч-тўртта суваракни икки шиша арақнинг пулига ялиниб-ёлвориб сотиб олганда билади. Камерада битта суваракни бехосдан босиб олгани учун одамнинг боши кетиши мумкин. Суварак — тахта кананинг кушандаси. Кана — одамнинг. Бундай жойларда ҳашарот – суварак одамдан азиз эканини билмайди. Бандасининг қамоқда чиригани —шу!
Прокурор атир пуркалган рўмолчаси билан димоғини бекитди. Опа камера эшиги олдидаги шивир-шивир, тақир-туқурни ё эшитмади, ёки оғир хаёл юки остида эканми, бурилиб ҳам қарамади. Чамаси, томоша қилишаётганини сезди. Лекин қилт этмади.
Майданов томоқ қирди. Келганини билдириб, сездириб қўйишдан ўзини тия олмади. Аёл барибир пинагини бузмади. Тошдай қотиб ўтирарди. Кейинчалик прокурор хотираларида ёзади: «Норгул Орифбоева — мен ҳаётимда учратган аёлларнинг энг ақлли ва матонатлиси. Бандаси мўрт бўлади. Тез синади. Терговчилар сўроқ жараёнида қандай усул ва услубларни қўлламасин, у миқ этмади. Таҳликага тушмади. Собит турди. Синмади. Жони тошдан экан. Баъзи эркакларга ўхшаб, ўзини ерга уриб, кўзидан ёшини сел қилиб ёлвормади. Ҳеч кимни сотмади…”
У Опанинг тилга кирганини айтмайди. Қизи билан келини ҳибсга олингач, “сайрагани”ни. Терговчиларнинг йўриғига тўла юрганини. Кейин, судда тонганини. Тониб-тониб қутулганини, ўзининг, яъни Майдановнинг, барча уринишлари барбод бўлганини айтмайди…
“Мени журналистлар ҳимоя қилди, – дейди Опа кейинчалик. – Лекин не бир йигитларнинг жонлари минг азобда узилди. Қийнаш тун яримдан оққанда бошланар эди. “Онажон, қутқаринг!” деб жон азобида додлар эди кечагина бир вилоятни бошқариб турган катта-матта одам. Бошқаси “Ойижон!” деса, яна бир “Энажон!”, “Бибижон!” деб чинқирар эди. Овозлари таниш эди. Додлаганига қараб кимни қийнашаётганини тахминлаб ўтирар эдим: “Бу – фалончи, буниси…” Ҳаммаси элнинг олди, ўзбекнинг энг сара фарзандлари эди. Уларни аввал бутун дунёга бадном қилишиб, сўнг кетма-кет ўлдириб юборишди. Ҳаммаси ўзини ўзи осган, ўзини ўзи пичоқлаган эмиш… Ўттиз еттинчи йилда отам бечора қандай қилиб инглиз айғоқчисига айланиб қолганини “Бутирка”да англаб етдим… Ленин ҳам, Сталин ҳам, Берия ҳам ўлмаган экан!.. Совет ҳукумати бор экан, улар ҳеч қачон ўлмайди!..”
Прокурор Майданов маҳбуслар камерасига, айниқса, яккалик камерага кам кирарди. Киши душманига ҳам раво кўрмайдиган жой. Манзара. Бу сафар камеранинг эшигини рўй-рост очдириб, Опа билан юзма-юз бўлгиси, аччиқ-аччиқ гаплар билан аламидан чиққиси келди. Яна фикридан қайтди. Бу аёлдан ҳар нарсани кутиш мумкин. Жаҳлига эрк бериб, анави ахлат тўла челакни бошингга отса, нима қиласан?
Орадан кўп ўтмай, кабинети тинтув қилиниб, ўзининг қўлига ҳам кишан солинганида, Майдановнинг, ўз вақтида минглаб одамларни авахтага ташлаган прокурорнинг, кўз ўнгида бошқалар эмас, яккалик камерада икки букланиб ўтирган шу Аёл негадир намоён бўлади. Адоқдаги челакка бурнини жийириб, кўз қирини ташлаганини, димоғини хушбўй атир пуркалган қизил рўмолчаси билан бекитганини эслайди. Эслайдию энди тумов бурнини арта олмайди. Қўлидаги темир кишан чўнтагидан рўмолчасини олишга монелик қилади. Соқчидан илтимос қилишга ори йўл қўймайди. Орқа қилиб юрган қайнотаси ишдан олиниб, хотини жазман тутиб кетган. Опага берилган ўша саволни Майдановга ҳам беришади: «Кимлардан пора олиб, кимларга бериб тургансан?»
Ковла-ковла аркони давлат сараларининг даргоҳларига етган эди.
Қизариб кетган бурнидан оққан шилимшиқ оқова аввал оғзига кириб, сўнг ияги оша оппоқ кўйлаги, нафис матодан тикилган ҳашаматли генераллик мундирининг кўкрагига, қирмизи галстугининг устига тушиб, ҳамма ёғини мурдор қилади. Пуфак бўлиб шишадию елим бўлиб сачрайди. Хўрлиги келади. Соқчи йигит уни заҳарханда кузатади: «Баттар бўл!». «Энди бундай муомалага чидашим керак, — деб лабини қаттиқ тишлайди диабети – қандига қўшилиб, қон босими ҳам кўтарилиб кетган ва оғзи қуруқшаб қолган прокурор. — Аёл боши билан Орифбоева чидаган азобларга мен ҳам чидашим керак!..»
Тутқинликдан чиққанида эгнидаги жулдир кийимидан бошқа ҳеч вақоси йўқ: на хотин, на фарзанд, на уй, на иш. Ҳаммасидан мосуво бўлган. Ҳаммасидан. Саратовдаги хуторда отасидан қолган эски ёғоч уйга бориб, серфарзанд укасининг ёнига тиқилишдан ўзга чораси қолмайди.
Прокурор Бакировга ўгирилди. Хона соҳиби ўзини эски қадрдони — Майдоновни кўриб, димоғи чоғ бўлиб кетгандай, майину мулойим тутаётган, меҳмоннинг соясига кўрпача тўшашга уринаётгандай кўринса-да, кўзларида – саросима. Жавдираган. Гўё прокурор Рашид билан гаплашгани эмас, Бакировнинг жонини олгани келган. Раис журналистни кўриб, ичидан зил кетди: “Яна сен аблаҳнинг касрингга қоладиган бўлдим. Энди ўзинг пиширган ошни ўзинг ич!..”
— Хўп десангиз, нариги столга ўтиб гаплашсак, — деди Бакиров ботинолмайгина. Прокурор гўё қаршисидаги икки мардумни қарзи хасанасига ботириб қўйгандай, иддао билан бош ирғади. Бакиров атрофига камида ўттиз чоғли одам сиғадиган узун столга ишора қилди. Иккаласи тўлқинсимон парда осилган дераза томонга ўтди. Рашид уларнинг қаршисига — сунъий оқ матодан ғилоф сирилган оғир, ўриндиғи қаттиқ (минг йиллик!) курсилардан бирига ўтирди.
Журналист чўнтагидан ён дафтари ва тумшуғига кўк изолента ўралган ручкасини олди. Гўё муҳим мажлисга келган. Маърузачи — прокурор, узр, бош прокурор ўринбосари. Суҳбатдошларининг иккаласи ҳам аввал дафтарчага, сўнг ручкага, ручканинг учидаги кўк изолентага қарашди. Хаёллари қочди. Рашид сезмагандек, дафтарининг янги, тоза-озода варағига бугунги кун, ой, йил – 198_ йил 12 декабрь ва соатни, Қўмитанинг номини, қаршисида ўтирган арбоблар ўқий оладиган даражада, йирик-йирик, дона-дона қилиб ёзди. Соат ўндан йигирма беш дақиқа ўтган эди. Суҳбатдошлари тушунишди. Воқеа шу билан тугамаслигини, айни хонада, айни лаҳзаларда бўладиган гаплар эрта-бир куни батафсил, шарҳу тафсилотлари, таънаю иштибоҳлари, қувончу изтироблари билан бирор газета ёки журнал, китобда пайдо бўлиши мумкинлигини англашди. Қалам аҳлидан ҳар нарсани кутиш мумкин. Иккаласининг ҳам хаёлидан, бу боланинг чўнтагида хуфия диктафони йўқмикан, деган шубҳа ўтди. Ўзаро кўз уриштириб олишди. Лекин сўрашга ор қилишди.
Қўрққандан ҳовлиққан ёмон
Хона соҳиби шоша-пиша сўзни Майдановга бериб юборди:
-Марҳамат, Андрей Васильевич! – деди қўлини кўксига қўйиб. – Ўзингиз бошлайсизми?..
«Ў-ў қирриқ!»
Раис стулнинг бир четига омонатгина ўтирар экан, дарҳол курк товуққа ўхшаб ҳурпайиб олди. Бош прокурор ўринбосари тепангда тик турса-ю, сен қандай яйраб-ялпайиб ўтирасан!
Майданов ўтирмади. Прокурорлар судда туриб, киноларда эса юриб гапиради. Давлат, қудратли давлат номидан гапиради улар. Номи ҳам давлат қораловчиси.
Бакировнинг гапни ўзидан бунчалик тез қочиришини кутмаган Андрей Васильевич саросимада қолди. Шериги атайлаб гапни калта қилганини сезди. Прокурор томоғини қирди. Йўталган бўлди. Катта минбарлардагидек сўлиш олиб, манзиратдан — комфирқаю ҳукуматга ҳамду сано ўқишдан бошлашнинг иложи йўқ. Қаҳру ғазабга дарҳол эрк беришнинг эса жойи ҳам, мавриди ҳам эмас.
— Бу қандай гап?
Прокурорнинг овози шанғиллаб, худди ишга кечикиб келган қурувчига танбеҳ бермоққа шайланган прорабнинг ҳайқиришидай, ёлғон пўписа билан чиқди. Бу шанғиллашдан Рашид-ку майли, бошини хам қилиб, гап эшитмоққа шайланиб ўтирибди, Бакиров ҳам чўчиб тушгандай бўлди. Ранги олдин оқариб, кейин бўзарди. Пешоби заҳританг қилаётгандай безовта. Прокурорнинг овозида на салобат, на малоҳат бор. Айтаётган гапига ўзи ишонмаса, кишининг тилидан сўзи мана шундай сунъий, бачкана ва хунук чиқади.
Рашид енгил тортди. Дафтарига «жиззаки, тоши жуда енгил экан» деб ёзди. Унга прокурорнинг дўлворлиги ёқди. Худо бундай одамларни узоқ ва чуқур ўйлашдан, фикр-мулоҳазадан қисган. Жунундан сийлаган. Гапни майдалаб ўтирмайди. Шартта-шартта айтади-қўяди. Шуниси тузук. Момогулдиракнинг ёмғиридан чўчимаса ҳам бўлади. Ерни от терлагандай ҳам қилолмайди. Тез ўтиб кетади.
— Партия ва ҳукумат сенга шундай йирик газетани ишониб топширса, сен давлатга қарши иш юритасанми?..
«Миллатчилик қиласанми?»
— Атрофингга ҳар хил ғаламисларни йиғиб, миллатчилик қиласанми?
Рашиднинг дафтарида «давлат» деган сўз пайдо бўлди. Гўё суд жараёни бошлангану прокурор жиноятчиларнинг кирдикорларини пешма-пеш фош қилишга киришган. Рашид — ҳам гумондор, ҳам оқловчи. Қонун бўйича, қоида тариқасида бўлса-да, прокурордан кейин унга ҳам сўз берилиши керак. Аслида унинг талашиб-тортишиш нияти йўқ. Журналистнинг баҳсхонаси машварат жойи эмас. Шундай бўлса-да, дафтарига яна йирик-йирик қилиб «давлат одами» деб ёзди ва ёнига хитоб белгисини қўйди. Бакиров ўқиди. Лабини тишлаб, Рашидга бошини надомат билан чайқади.
— Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, адолат посбонларига туҳмат қилиш, уларнинг пок номларини булғаш, миллатчилик қандай оқибатларга олиб келишини санларга кўрсатиб қўяман!
Рашид «ҳуқуқни муҳофаза қилиш», деб ёзди ва изидан қўшиб қўйди: “кимларнинг ҳуқуқини?”.
Бакиров энди маънодор томоқ қирди: “Қачонгача шалтоғингни артаман?! Қачонгача мени қон қақшатасан?!”
Майданов заҳархандага ўтди:
— Бундай кирдикорлар учун, биласанми, қандай жазо берилади?..
«Қандай? – деб ёзди энди йигит. – Жонимни суғуриб олишмас».
Йўқ, қамаш ҳам қўлингиздан келмайди, деган фикр хаёлидан ўтди журналистнинг. Қилмишим, агар қилмиш дейиш мумкин бўлса, жиноятга тортмайди. Уриб-сўколмайсиз. Давлатнинг идорасида ўтирибсиз, ахир. Журъатингиз ҳам, қурбингиз ҳам етмайди. Устимдан арз қилиб, ишдан бўшатишингиз мумкин. Марҳамат! Мабодо дов-дастгоҳингни кўтар, дейилса, кўпам оғринмайман. Қўлимда гулдай ҳунарим бор: дурадгорлик қилсам ҳам куним ўтади. Йўқ, бўшатиш ҳам қўлингиздан келиши даргумон. Юрагингиз нечта! Миллион нусхали газетанинг раҳбари чўлда юрган чўпон эмас, бир жаҳон ғавғою тавқи лаънатга қоласиз. Ахир адолатни шиор, демократияни байроқ қилиб, бошингизга кўтаргансиз. Ё буғдойни кўрсатиб, арпани сотасизми?.. Ягона йўл – ваҳимали гаплар, дўқ-пўписалар билан пўстакни қоқиш. Журналистни саваламаган сиз қолувдингиз! Армонда кетманг!
— Мен сени, сенга ўхшаганларнинг ҳаммасини турмада чиритаман! Ҳаммангни! Ўйнаб юрибсан ҳали ҳамманг! Битта қолдирмай, ҳаммангни Сибирга сургун қиламан! Сибирда дарахт кесиб, ҳамманг итдай ўлиб кетасан!
Кафтини пешонасига қўйиб ўтирган раис дафтарга битилган янги сўзларни ўқиди: «Қўрққандан ҳовлиққан ёмон!»
Раис журналистга совуқ тикилди: “Бу раъйингдан қайт! Қайт, жувонмарг бўп кетасан! Орган билан ҳазиллашиб бўлмайди!”
“Гезарманг, ака!.. Йўқ, гезарсанг – энангнинг қорнига!”
Раиснинг қарашида ҳам илтижо, ҳам хўрланиш бор эди. Кечирим сўра. Сўрайвер. Кейин бир гап бўлар. Бошқа такрорланмайди, де. Тавба қилдим, де. Маҳмадоналикни бас қил, нодон! Йўқ жойдаги гапларни ёзма, гапирма! Кўтармалик қилма!..
Қани энди бу азоб тезроқ тугасаю, Бакиров, бечора Бакиров меҳмонларни кузатиб, енгил тортса. Михнинг устидан тушса! Тушсаю «Астра» қутисидаги «Marlboro»дан тутатиб, ютоқиб-ютоқиб тортса!
Рашид кутганидай бўлди. Бакировнинг садоқат дастурхони – столининг устига намойишкорона ёзиб қўйган мақола четлаб ўтилмади. Майдановнинг жағи-жағига тегай демади. Нутқини ёдлаб олган воиздек илҳому иштиёқ билан, жўшиб гапирди. Неча минг одам ҳибсдаю қанчаси судланган! Яна қанчаси қўлга олинади. Республикада адолатни тиклаш, халққа енгиллик бериш борасидаги бундай олижаноб ишлар яна қанча давом этади? Гапир десам, ҳаммаси ер чизиб қолади, деб ўйлаган, чамаси. Неча марта тупуги Рашиднинг пешонасига, юзига келиб ёпишди. Бакиров неча марта сапчиб тушди. Лекин дақиқ гапдан дарак йўқ.
Журналист ёзди: «Бу жазавани тўхтатиш керак!»
Бакиров кўкариб кетди. Юзини бурди. Янги ёзувни кўрмаганга олди. Рашид шимининг чўнтагига қўл юбориб, дастрўмолини олди ва прокурорнинг лабидан ўз пешонасига сачраган тупукни намойишкорона артган бўлди.
Майданов таққа тўхтади.
Рашид бошини кўтарди ва гапга чоғланди. Гўё кўпни кўриб, кўзи пишиб кетган профессор имтиҳон топшираётган нўноқ талабанинг гапларидан энсаси қотгану қўшимча савол беришга мажбур. Секин, чоллардек сўлиш олиб, ўта хотиржам сўз қотди:
— Андрей Васильевич, бўлдими? Гапингиз тугадими?
Саволнинг бу даражада томдан тараша тушгандай, боз устига, масхараомуз, ўта осойишта, ишонч ва хотиржамлик билан берилганини кўриб, прокурорнинг кўзлари қинидан чиқиб кетай деди. Кўзларига, қулоқларига ишонмагандай йигитга бақрайиб қолди:
— Тушунмадим? Нима дедингиз?
«Сизлашга ўтдинг-ку, энағар!»
— Гапингизни тугатдингизми?
— Ҳа… Тугатдим. Нима эди?..
Рашид кулимсиради. Атайлаб бироз тин олиб тургач, ўта мулойим овозда сўради:
— Сизга битта савол берсам бўладими?
Саволни эшитиб эмас, бериб ўрганган прокурор, бош прокурор ўринбосари Майданов бехосдан уйғониб кетгандай атрофига аланг-жаланг кўз югуртиради. Сийраккина, тумтоққина қошларининг ўртаси чимирилиб, ранги тутилган ойдай гезариб кетади. Нима бўлаётганини тўла англай олмайди, чамаси, гўё бехосдан шапалоқ еган одамдай, нажот истаб Бакировга қарайди: “Бу боланинг тани-жони соғми ўзи? Менга, бош прокурор ўринбосарига савол беришга қандай ҳадди сиғаяпти?” Бакиров кўзларини олиб қочади. Нимадир демоққа чоғланадию дарҳол фикридан қайтади. Ножоиз гап айтиб, ўсал бўлиб қолишдан чўчийди, чамаси. Чамаси эмас, аниқ.
«Унинг жони икки ўт, икки бало ўртасида ҳалак эди, – деб ёзади кейинчалик дафтарига Рашид буюк шоирнинг ташбеҳидан улги олиб. – На ўликка, на тирикка ўхшарди».
Гарангсиб қолган прокурор ёнида ўтирган раисдан жўяли гап чиқиши қийинлигини сезади. Дўппи тор келганда ҳамма сендан юз ўгиради.
Майданов, орадан йигирма етти йил ўтгач, бошини буткул ярғоқ босиб, иягини оппоқ чўққи соқол безагач, ошхона-ю майхоналардан кўра черковни кўпроқ ихтиёр этишга одатланган кезлари, журналистлар билан суҳбатда ушбу кун, ушбу дақиқаларни аччиқ алам билан эслайди: «Ўлкада адолат тантанаси, инсон ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш борасида бошлаган хайрли ишларимизни бир гуруҳ ёзғувчи-журналистлар чиппакка чиқарди. Бизни эл-улус олдида ёмонотлиқ қилиб қўйди. Бошида жуда қаҳрим келган эди. Кейин ўйлаб кўрсам, улар тўғри қилишган экан. Ҳаётнинг аччиқ сабоғи шундаки, балиқ бошидан сасиб, думидан тозаланар экан».
Қантар оғди
— Сизга битта савол берсам бўладими? — деб боз сўради Рашид ҳамон олдида серрайиб турган прокурордан.
Одам суҳбатдошининг гапини эшитишни мутлақо истамаганида, бошини кескин тескари буради ва ўта дағаллик билан жавоб қайтаради. Майданов боядан бери гоҳ бигиз – (Рашидга), гоҳ пахса (Бакировга), гоҳ мушт қилиб (ўлка раҳбарларига) таҳдидли силкитаётган қўлларини энди қаерга қўйишни, қайси чўнтагига тиқишни билмай қолади. Ўзига ярашиб турган қора костюмининг енгларидан чиқиб турган қўллари дами чиққан пуфакдек икки ёнига шалвираб тушган. Шимининг чўнтагига солади ва дарҳол чиқариб олади. Балки буни одобсизликка йўйганидандир, балки тарбия кўрмаган кўча безориларига ўхшаб кетишдан чўчиганидандир.
—Ҳа-а!— деди прокурор зарда билан. —Беринг ўша саволингизни!
Рашиднинг лабларидан сўзлар янада хотиржам янграйди:
—Бугун газетамизда чоп этилган ва сизга ёқмаган ўша «Топталган тақдирлар» мақоласини шахсан ўзингиз, ўз кўзларингиз билан ўқиб чиқдингизми?
— Йўқ! — Прокурорнинг овозидаги ўктамлик, дағдаға, ваҳимаю ишонч бехосдан қаергадир йўқолиб, ўрнини асабий ва ожизона бир дағаллик эгаллайди.— Менга айтиб беришди!..
«Эй фарзанд!- деб ёзади энди Рашид шошилмасдан. То у ёзиб бўлгунича прокурор ҳам, раис ҳам портлаб кетай деди. Майданов товонини кўтариб, от каби бетоқат депсингандай бўлади. – Билгилки, сени мутаб ётган фотиҳ тилингга ҳам, дилингга ҳам тупиради».
Энди журналист учига кўк изолента ўралган ручкасини дафтарининг ўртасига авайлаб қўяди-да, ўнг кафтини очади. Сочлари чиройли таралган бошини сарак-сарак қилади. Сўнг респубика бош прокурори ўринбосарига кулимсираб қарайди. Одатда оғир кечган халқаро учрашувларда қўли баланд келган моҳир дипломатлар музокаралар якунида ўзга мамлакатлик ҳамкасбига мана шундай — ҳавас қиларлик даражада осойишта, ишонч ва мулойимлик билан қарайди. Ҳар бир сўзни чертиб-чертиб, оҳиста, лекин чўнг ишонч ва қатъият, салобат ва вазминлик билан гапиради.
— Ҳурматли Андрей Васильевич,— дейди Рашид овозига ўта расмий тус бериб, лекин ғоят мулойимлик билан, — сиз, марҳамат қилиб, аввал ўша мақолани ўзингиз синчиклаб ўқиб чиқинг. Бошидан охиригача. Илтимо-ос! —Шу ерга етганда кишти келади. Овози энди дадил ва қатъий чиқади: —Мабодо ундан тариқдай хато топсангиз, айтинг. — Йигит кафтининг қиррасини гарданига қиличдай қўяди. —Бошим билан жавоб бераман. Бошим билан!..
Майданов энди беўхшов кулимсирайди. Ўғрилик устида қўлга тушган одам ана шундай, энди мени нима қилишади, дегандай аянчли, йиғламоқдан бери бўлиб кулимсираса керак. Бош прокурор ўринбосари қуршовда қолган асрдай саросима тўла кўзларини яна Бакировга тикади. Майданов сўраса жонини ҳам беришга тайёр турган Бакиров энди ўзини гўлликка солади ва ҳансирай бошлаган қози калондан дарҳол нигоҳини олиб қочади.
Шу топда Рашид ўзини ақлини жойига солиб қўйиш учун Қўмитага чақиртирилган “маҳмадона журналист” эмас, балки мустақил мамлакатнинг, қудратли давлатнинг ваколатли вакили — буюк элчиси ҳис қилади. Ҳузурланади. Балки ўта оғир, ғоят чигал ва узоқ давом этган суд жараёнида мижози — айбланувчининг гуноҳи йўқлигини тўла исботлай олган оқловчи — адвокатнинг вужудию шуурини иш якунида ана шундай масрурлик, ғалаба нашъаси чулғаб олар. Эҳтимол, ўн икки раундлик жангнинг ўн биттасида беомон калтак еб, охирида рақибини ер тишлатган боксчи ана шундай нашъанинг ҳавосидан осмонга сапчир. Сакраб-сакраб, ўйноқлаб-ўйноқлаб кетар. Лекин буларнинг ҳаммасини йиғиб келсангиз ҳам бўй етган бир маъсуманинг чиройли кўзларидан оққан бир томчи ёшга, паришон сочларининг бир толасига арзирмиди!
«Шохи синди!»
Олис-олислардан минора соатнинг жом чалгани эшитилади. Ўн икки марта. Қалин пардалар орти ёришиб, қуёш чарақлаб кетгандай бўлади.
“Қантар оғди!” – деб ўйлайди йигит завқ билан.
“Сизни фақат кўзларингиз, мансаб-мартабангиз учун яхши кўрсам, мени асло кечирманг. Сиз мендан икки ёш каттасиз. Не тонгки, қаршингизда ўзимни тили энди чиқа бошлаган сабий сезаман. Ақлингиз, бардошингиз, дадиллигу ғайратингизни кўриб, ҳайратларга тушишдан ўзимни тўхтата олмайман. Гўё Сиз бу дунёдаги жамики сир-синоатни биласиз! Гўё бу дунёдаги жамики иш қўлингиздан келади! Мен шу пайтгача кўрган, билган, таниган одамларнинг энг ақллиси, энг фидойиси, энг меҳнаткаш ва хокисори – Сиз. Сиз ягонасиз! Танҳосиз! Ҳеч бир йигит ҳеч қачон Сиз билан бўйлаша олмайди. Ҳеч қачон! Мабодо, Хўжаи Хизр олдимдан чиқсалар-у, тила тилагингни, қизим, деб марҳамат қилсалар, мен ўйлаб-нетиб, иккиланиб ўтирармидим? Ўзим учун бирор нарса сўрармидим? Тиз чўкиб илтижолар қилар эдимки, Хизр бува! Садағангиз кетай, буважон! Сиздан илтимосим: Рашид акамга Бахт ва Ҳаловат беринг! Соғлиқ, омонлик, узоқ умр беринг!..”
Шу пайтгача гап қотмай, совуқда қотган мусичадай қотиб ўтирган Бакиров бошини кўтариб, қўрқа-писа йигитга қарайди. Рашиднинг юзидаги ишончни кўриб, қадди кўтарилиб, кўзлари муғомбирона ялтираб кетади: «Зўрсан, уккағарнинг боласи, зўрсан! Бопладинг!»
Ҳозиргина қаршисида турган йигитни итдек ғажиб ташлашга тайёр Майданов гўё бирдан сўниб, ичи тушган тарвузга айланади…
«Сочингни ўр! Кўк чойингни дамла, Анзират!»
Сўзлари қойим йигит дафтарини ёпади ва ўрнидан қўзғалади: “Базм тугади!..”
“Шарқ юлдузи” журналининг 2018 йил, 7-сонидан.