Қўчқор Норқобил. Уруш сурати (кичик ҳикоялар)

Она

Дўстим Мўминга бағишлайман.

Пушта бўйлаб ўсган токларни таг-томири билан қўпориб, ғарқ пишган узумларни мажақлаб келаётган танк ариққа тушиб тумшуғи бир пасайиб кўтарилди-да, таққа тўхтади. Занжири отилиб кетди. “Занжир узилганини душман сезмаслиги керак” – ўйлади командир. Чор тарафдан ўқ ва снаряд учаяпти…
Оператор-отувчи танк башнясига ўрнатилган пулемётдан теваракка ўқ отиб турди. Кўз қўрқдига шундай қилди. Ёв яқин келмайди.
– От. Ановинга от! – қичқирди механик.
Боғ адоғидан эгнида оппоқ яхтак-иштон, бошида афғони қалпоқ кийган кимса қўлида гранатомёт кўтариб кулба томон югуриб қолди. У жон уҳмида чопиб, кўримсиз кулба ичига кириб олишга улгурди.
Танк гумбурлади; кулбанинг бир томони тир-тўзғиб, борлиқ чанг-тўзон ва тутун ичида қолди. Кулбанинг ярмини снаряд олиб кетди.
– Яна отайми?
– Етади. Кетадиган жойига кетди.
Ташқарида жанг авжида.
Командир, отувчи, ўқловчи, механик – бутун экипаж ичкаридан чиқмай ўтирибди. Аҳён-аҳёнда отувчи башнядаги пулемётни ишлатиб қўяди.
Ўқ овозлари тинди.
Кун оғди.
Улар оч эди.
Ташқарига чиқиш учун қуръа ташладилар.
Ташқарига чиқиш ўзбек жангчи – ўқловчининг чекига тушди.
– Бор, кулбага кир… Ҳеч бўлмаса гугурт топиб келарсан… Чекишнинг ҳам хумори тутяпти, – деди командир.
– Сув эсингдан чиқмасин, – механик ютиниб қўйди.
Жангчи люкдан базўр бўйлади, худди бошини ўқ юлиб кетадигандай. Ўзини токзорга отди. Жўяк ичига думалаб тушди. Ҳансираган кўйи жиққа тер босган бармоқлари билан автомат қўндоғини чунонам қисдики, қўли оғриқдан зирқираб кетди. Ариқ ичида бирпас кулбани кузатиб ётди. “Ҳеч ким йўқдир? Ҳалиги, чопиб кирган “дух”чи? Танк снарядидан омон қолмаган… Ўлган. Ўлиб кетган…”, деган хаёл билан кулба томон эмаклади. Ҳовлига етгач, ўрнидан туриб, ўқ тезлигида кулба ичига учиб кирди. У эшигини тепиб кирган хона айвон эди. Айвон шифтидаги болорга осилган қалин симга илдирилган челак ёнига келди. Челакда сув ярим эди. Жангчи тик турган кўйи челакни қийшайтирганча ютоқиб сув ича бошлади. Ичи ёниб кетган экан. Қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Бироқ челакдан ҳам бошини тортиб ололмасди.
Чанқоғи босилди. Заҳ ҳиди урган тор айвонда нима қиларини билмай серрайиб турди. Шу маҳал… шу маҳал ичкари хонада нимадир тарақлагандай бўлди. Эшик шарақлаб очилди, остонада ўзига – нақд кўксига қурол ўқталиб турган аёлни кўрди. Бутун аъзойи бадани жимирлаб, соч толалари ўрнида бошига минг­лаб игна санчилди, оёқ-қўли бўшашиб, ичидан нимадир узилиб тушгандай иҳраб юборди. Лаҳзада аёлнинг даҳшат қотиб қолган кулранг юзи, зўриққандан косаси отилиб кетай деб турган нафрат ва қаҳр тўла чақчайган кўзларини кўрди. Қурол тутиб турган қўлларигина эмас, бутун танаси қалтираб-қақшаган аёл унга Азройилдан элчи бўлиб турарди. Жангчи қўлини қуролга олиб боришга ҳам улгурмай тахта бўлиб тураверди. Аёлнинг кўрсаткич бармоғи қўлидаги автомат тепкисига тегиб турганини, қилт этган ҳаракат туфайли бадани илма-тешик бўлишини англади. Кўзлар тўқнашди. Сукут, титроқли сукут…
– Сув… Сув, – деди аскар овози титраб, – Об… об…
Аёл челакка кўз қирини солди. Жангчининг хаёлига келган гап шу бўлди:
– Она… Она… отманг. Сиз менинг… онамга ўхшайсиз, – деди чўк тушиб. Аскарнинг тим қора кўзларидан юзига гўёки сўнгги ёш томчилари шовиллаб оқа бошлади.
Қурол тутган аёл ожиз ва нотавон, қора кўз, қора қош ўғлоннинг эзғинди аҳволига бирпас оғриқли алпозда термулиб турди. Сўнг бош ирғаб «ўрнингдан тур» ишорасини қилди. Аскар ўрнидан турди. Аёл қўлидаги автомат милини “челакни ол” маъносида ҳаволатди. Аскар симдан челакни олди. Аёл “энди жўнаб қол” деган каби бош ирғади. Аскар ярим челак сувни кулбадан гўёки ярим асрлик вақт оралиғида нафаси бўғзига тиқилиб олиб чиқди. Челак кўтариб тик турган кўйи ҳовлидан токзор томон қалтанглаб-силтанглаб қадам қўйди. У тик эди. Энди унга барибир эди. Энди эмаклашнинг ҳожати йўқ эди. Энди эмаклаш шармандалик эди, эмаклаш ўққа учишдан ҳам даҳшат эди.
Аскар орқасига қадалиши мумкин бўлган ўқни ҳис қилиб, елкаси қизиб танк томон юриб келарди. “Ана отади, мана отади…” деган ўй эс-ҳушидан оғдирар даражада юрагига оғриқ соларди.
– Нега бунча қалт-қалт титрайсан? Қўрқиб кетдинг? – сўради командир.
– Кимдир бормикин? – кулбани нишонга олди отувчи.
– Йўқ. Ҳеч ким йўқ. Кулбада ҳеч ким йўқ. Ўликларни кўрдим, – деди аскар.
Унинг қаршисидагилар ҳоҳолашди.
– Ҳамма ёқни ўлик босиб ётибди-ку… Сени қара-ю, – командир унинг елкасига қоқиб қўйди.
Улар челакни бошларига кўтариб галма-гал сув ичишди.
Таъмиррота ёрдамга келди. “Оёғи чиққан” танкни тузатишди.
Улар ортга қайтишди. Пушта узра чўзилган ток новдаларини ер билан битта қилиб ўтаётган танк ҳар гал жўякка тушганда силтанар ва яна қаршисида неки бор эзиб-эзғилаб олдга интиларди.
Экипаж бепарво. Фақат қоракўз, қорақош ўғлон кўз ёшларини тиёлмасди. Икки йил ўт-­олов ичида юриб ҳам дийдаси тош қотиб улгурмаган жангчининг нигоҳини изтироб, оғриқ ёшлари куйдирарди.
У айни дамда ўз онасини эслаб йиғларди. У айни дамда онасини соғинганини ҳис қилди – у онасини соғиниб йиғларди, олислардаги онаси уни ҳозиргина ўлим чангалидан олиб қолганини, олис-олислардаги онаси ўз жонига ора кирганини савқи табиий ҳиссиёт билан сезиб турарди.
“Чиндан ҳам онамга ўхшаркан, – ўйларди у. –
Ҳа, онамга ўхшаркан…”

Урушнинг сурати

Ёлғиз – ёлғиз ўғил. Ғулом бобо билан Ойсара холанинг ёлғизи, ортида қоладиган ёруғ изи.
Ҳарбийга чақирув келди.
Ёлғизни афғон урушига олиб кетишди.
Хола кўп йиғлади. Холанинг кўзи хира тортди. Хола кўрмай қолди. Хола: “Ҳали ўғлим келса, кўзим очилиб кетади”, деб қўярди.
Соғинч дарди, таҳлика азоби холанинг ич-­ичини ҳам куйдириб кетди. Бир йил ўтар-ўтмай хола омонатини эгасига топширди.
Ғулом бобо букчайиб қолди. Икки кўзи эшикка қадалди. Фақат эшикни кўрди. Ёлғизнинг йўлига тикилди икки кўзи.
Пахса деворга омонат илинган пастак эшик тиқ этса, бобонинг юраги шиғ этади. Жони халқумига келади. Нураб, тўкилиб кетаман деб турган озурда кўҳна кулбадан отилиб чиқиб, ялангоёқ югургилайди.
Овулдошу қўни-қўшни далда беради: “Келади бобо, келади, Ёлғизингиз келади…”
Ёлғиз келмади.
Темир тобути келди.
Эл-эломон бир қалқди – уввос урди эл-эломон: “Нотанти тақдир, келиб-келиб шугина ёлғиз чолнинг Ёлғизига чанг соласанми?..”
Бобо гарангсиб қолди. Эси кирди-чиқди бўлди.
Орадан бир ҳафта ўтиб бобонинг қошига қишлоқ мактабининг директори келди.
– Мактабни ўғлингиз Ёлғиз Холбоев номи билан атаймиз. Қабрига мармартош ўрнатиб, таъзиянома ёзмоқчимиз.
Чол унга ўқрайиб қаради. Ичкари уйга кириб кетди.
Эни-бўйи ярим қулоч келадиган мармар лавҳ олиб чиқди. Директор мармар лавҳга ўралган суратни – Ёлғизнинг суратини ҳамда “Мен отамдан олдин ўлганман…” деган ёзувни кўрди. Кўз олди қоронғилашиб, ич-ичидан ўкирик келди. Ўзини зўрға тийиб иҳради.
– Узр, бобожон, узр.
– Уф-ф… Кеча… Кеча район марказига бориб, ўзим тайёрлатиб келдим. Шуни қўяман, – деди бобо.
Бобонинг жони тош экан. Бобонинг боши тошдан экан. Бобо яшади. Узоқ яшади. Бу ҳаётга қасдма-қасд яшади. Ўтган йили юз ёшга яқинлашиб қазо қилди.
Хотира ва қадрлаш байрамида қишлоқда бўлдим. Қабристоннинг кунботарида Ёлғиз ётган қабр бошига келдим. Аскар кийимида жилмайиб турган ўғлоннинг сурати тагида: “Мен отамдан олдин ўлганман…” деган ёзувни ўқидим. Ўзимни қўлга олдим.
– Ана, ёнидаги Ғулом отанинг қабри, – деди қўшним.
Қабр бошидаги мармар лавҳдаги: “Мен боламдан кейин ўлганман…” деган ёзувга кўзим тушди. Энди ўзимни тутолмадим. Қабр пойида чўккалаб ўтирдим-да, кафтим билан юзларимни тўсдим. Ичимдан кўпириб тошган оғриқли бўронни тўхтатолмай ўкириб йиғлаб юбордим…

Гуллаган қурол

Аскар урушдан қайтди.
Дунё сокин эди, дунё ҳузурли. Ота уй бағри беланчак бўлди, аскар унутилган ором оғушида эди.
Аскар зерикди…
Уй деворида осиғлиқ милтиқни олиб Боботоғ сари йўл олди – овга!
Тиксўқмоқ танобини тортди – баландга чиқди. Ўлжани пойлаб пусиб ётди.
Ғор оғзида боласини эмизиб турган она ки­­йикни кўрди.
Аскар ётган жойида қимир этмай, чуқур нафас олиб, мўлжалдан адашмаслик учун тош қотди. У она кийикнинг қоқ манглайини нишонга олди. Ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини милтиқ тепкисига олиб борди.
Бир… икки… уч… У тепкига қўл теккизди, бутун вужуди нигоҳга айланиб нишонда турган она кийикка қадалди.
Бола кийикнинг эса оғзидан сут кўпириб тошар, бу дунёи дундан бехабар ўйноқлаб-ўйноқлаб онаси елинига ёпишарди.
Бир… икки… уч… Тепкига тегиб турган бармоқлар қимир этмади, жиққа тер бўлди.
Аскар кўзларини юмди. Лаҳза зимистонлиги узоқ чўзилгандай бўлди. Кўзини очди. Рўпарасида ҳеч нарса йўқ, элас-элас кўзга чалинаётган, тошқумлоқдан кўтарилган юпқагина қум чангини, тиксўқмоқдан пастга қараб елдай учаётган она кийик ва кийикчани кўрди.
Аскар енгил тортди – елкасидан нафас олди. Сўнг жилмайди, сўнг қаҳ-қаҳ урди, кулгиси тоғни тутди.
Кейин ҳозиргина жониворлар шамолни ортда қолдириб учиб ўтган тоғсўқмоқдан пастга қараб туша бошлади.
Аскар овдан қайтмоқда… Уруш комида унинг мўлжалига тушган ҳеч бир нишон қуламасдан қолмаганди. Бугун эса унинг қуроли илк бор ўз нишонини қулатмади.
Аскар қайтаётиб тоғ гулларидан бирини узиб, милтиқ нилига тиқиб қўйди.
Аскарнинг елкасидаги қурол худди гул отиб, гуллаб юборганга ўхшарди.
Аскар қишлоққа қуп-қуруқ, елкасида гуллаган қурол ва кўксида тирилган юрак билан қайтиб келмоқда.
Аскар бугун тинчлик ва тириклик моҳиятини чуқурроқ тушунгандай бўлди…
Атрофга ғолибона боқиб, жилмайиб қўйди.

Энг кучли бола

Авжи баҳор эди.
Ер устига гул чечаклар отилиб чиққан эди.
Аёл хўрсинди.
Бола энтикди.
– Ойижон, гуллар кўп-а, қаранг?! Нега йиғлаяпсиз, ойижон?
– Бу гулларни даданг бизга ер остидан юбораётганга ўхшайди, болам…
– Ойижон, катта бўлсам, мен ҳам сизга ер остидан гул жўнатаман…
Аёл қалқиб тушди.
– Йўқ… Йўқ!!! Болам, Сен менинг ер устидаги устунимсан.
Аёл чўккалаб, ўғлининг бошини маҳкам қучди-да, йиғлаб юборди.
– Ойижон, устун нима?!
– Мен учун устун Сенсан, болам. Бошимдаги осмонни суяб турибсан. Сен бўлмасанг осмон қулаб тушади, мени босиб қолади, болам…
– Мен шунчалар кучлиманми, ойижон?!
– Ҳа, болажоним, Сен зўрсан.
– Дадамдан ҳам зўрманми?
– Ҳа. Шунинг учун ҳам даданг ишониб мени Сенга қолдириб кетган…

Уруш

Қизалоқ олти ёшда.
Дийдаси тош эди.
Деразадан ташқари қаради.
Кўчада уруш.
Пардани тортди.
Оғир-оғир юриб стол ёнига келди. Тик турган алпозда оппоқ қоғозга ажи-бужи қилиб ёзди: “Кетдим. Уруш тугаса, менга хабар беринглар. Қайтиб келаман…”
Қизни онаси олис-олисларга олиб кетди.
Вақт ўтди. Вақт учди. Ўша олис-олисларда бир қабр пайдо бўлди. Қабртошда ажи-бужи ҳарфлар билан шундай ёзилганди: “Кетдим. Уруш тугаса, хабар беринглар. Қайтиб келаман…”

Устун

Сочимни олдириб келдим. Тап-тақир бошимга разм солиб отам хўрсинди.
– Кетаяпман, дегин.
– Кетаяпман, ота.
– Қаергалиги маълум бўлдими?
– Маълум. Афғонга дейишаяпти. Яна… ким билсин?
– Совуқ хабарнинг ёлғони бўлмайди. Демак, урушга кетяпсан…
Отам бошини сарак-сарак қилди. Оғир уҳ тортди – ўпка-жигари узилиб кетгандай иҳради.: “Ҳой бола-я, ҳой бола…”. Ичидан бир иҳроқ отилди. Устунга суяниб, менга тош қотиб термулиб турди.
– Отамни уруш ўлдирганини биласан-а, – деди ниҳоят. – Уч ёшимда етим қолдим. Отам мени етим қилди. Лекин, лекин Сен мени етим қилма, болам,.. – Отам ўпкаси тўлиб ўкириб йиғлаб юборди.
Оёқ-қўлим бўшашиб, силлам қуриб супага ўтириб қолдим.
Назаримда, шу устун бўлмаганда отам қулаб тушарди. Назаримда, шу устун отамнинг бошидаги осмонни ҳам суяб турарди.
Урушга кетдим. Ўт-олов, ўқ ичида саргардон кезларимда қулоқларим остида бир ялинч жаранглаб турди: “…Сен мени етим қилма, болам!..” Госпиталда тиғ остида ётганимда ўша илтижо жаранглади: “Сен мени етим қилма, болам…”
Даҳшатли жанглар олдидан Парвардигорга ялиндим: “Эй, худо, ўзинг асра, мен ўлмайин, отам етим қолмасин…”
Мен қайтдим. Мен бир урушни кўрдим. Отам икки урушни – мен ва отаси туфайли икки урушни кўрди. Тўғри, урушнинг катта-кичиги бўлмайди. Фақат бир нарса таскин беради: “Менинг урушим” отамни етим қилмади.
Худога шукр, отажоним ҳаёт! Умри узоқ бўлсин, саксон ёшга қараб юраяпти. Ҳовлимиз ўртасида ўша устун ҳали ҳам турибди. Яқинда мен устун атрофига тўртбурчак қилиб одам бели баробарида мармар девор тортдим. Мен бу ишни энди ҳеч ким устунга суянмасин деган ўй билан қилдим. Чунки устунни ағдариб ташлашга журъатим етмади. Чунки у оғир кунда отамни суяган эди, мен отамга устун бўлолмаган кез устун отамга бир ўғилдай суянч бўлган эди.

Замон

Қосим бобо қазо қилди. Қишлоғимиздаги урушнинг охирги гувоҳи ҳам кетди: жанозага бутун қишлоқ аҳли жам тортди.
Турди махсум майитни ювди.
Махсум ташқарига чиқди. Тол тагига чўкди. Эзилди. “Сўнгги жангчи бова ҳам кетди. Берлиннинг кўксига байроқ урган тўдада менам бор эдим, деб кўксига муштларди, раҳматли” – эслади махсум.
Махсум ичкарида нимасинидир қолдириб келгандай безовталанди. Қўйнига қўл солди. Турибди. Носқовоғи турибди.
Марҳумни мозоротга олиб боришди. Мулла жаноза ўқияпти.
Туйқус… Туйқус тобутда қўлтелефон жиринг­лай кетди.
Мулла бир сесканди, одамлар икки қалқди. Ҳамма тош қотди.
Бу совуқ жарангни ҳатто мурдалар ҳам эшитди.
Махсум чаён чаққандай бир сапчиди.
Шунда Холмурод бова ўрнидан даст туриб қичқириб юборди:
– Халойиқ, Қосим акам самалутга чиқаётганда, ўпкаси шундай жарангларди. Бу аскулка, биродарлар! Аскулка!
Бу гапни ҳеч ким мушоҳада қилиб ўтирмади. Мушоҳаданинг мавриди эмасди. Мурдани кўмишди.

Бир бурда нон

Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.
– Ота, Сен ҳали кўп яшайсан. Бу нима деганинг. Тобинг қочди, холос.
– Гапимга қулоқ сол, ўғлим…
– Йўқ, гапирма! Хоҳласанг бутун Воронежни остин-устун қиламан, Россияни оёққа турғизаман, анқонинг уруғи қўшилган дори-дармон бўлсаям топиб келаман, хоҳласанг, ҳозироқ чет элга олиб учаман, ўша ёқда даволатаман. Фақат ўлим ҳақида гапирма, жон ота…
Ўғлон йиғлаб тиз чўкди. Отасининг тўшакда тобора ҳолсизланиб бораётган титроқ қўлларини ўпди.
– Нима десам қиласан-а? – чол лаблари тамшаниб илтижоли боқди.
– Ҳа, ота! Айт. Фақат… фақат…
– Зоғора нон егим келаяпти. Ўзбек тандирида қип-қизариб, қотиб пишган зоғора нон…
Ўғил ҳайратланиб қаради.
– Қирқ иккинчи йили хандақда ётганимизда лейтенант Шарапов ён чўнтагидан олиб берувди. Жуда лаззатли, чети бироз куйган, лекин жуда ширин, қотган, қип-қизариб пишган бир бурда нон. Зоғора нон.
Ўғилнинг ботинида бир ўкрик тўлғонди. Ота давом этди:
– Фарғона деган жой бор. Тоғ тагидаги қишлоқ. Тонг чоғи қуёш қишлоққа жуда яқинлашиб келаркан. Тоғдан шарқираб тушган Оқсой суви қишлоқни иккига бўлиб оқади. Одамлар ҳовли эшикларига қулф солишмайди. Ҳар бир хонадонда тандир бор. Ҳар бир уйда эрталаб тандир ёнади. Ҳар бир тандирдан офтоби нон чиқади – офтоб чиқади. Ана тимқора сочини занжир қилиб ўрган навниҳол, гўзал ўзбек қизи тандирга ўтни ташлаяпти. Ҳовлилардаги ишкомларда саватдай-саватдай бўлиб узумлар осилиб ётибди. Боғларда мевалар ғарқ… Эй-эй,  Шарапов, сенмисан, оғайни!? Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. У-ҳув, ўзгармабсан-а. Юртинг чиндан ҳам эртакдагидай гўзал экан, биродар. Эй, бу зоғора нон-ку. Раҳмат оғайни, унутмабсан-а… Шу нонни соғинганимни қаердан билдинг, Шарапов.
Бемор генералнинг хаёли улоқди. Ҳамшира томирига укол урди. Укол таъсир қилмади. Чол яна алмойи-жалмойи гапириб алаҳсий бошлади.
– Шарапов, доим бир гапни кўп гапирасан: “Бир бурда нонга одамнинг қорни тўяди…”  дейсан. Ҳақ айтасан. Мана бир бурда нонга қорним тўйди-ку. Лекин… Одамзот нега шуни тушуниб етмайди? Нега одамзот бир бурда нонга қорни тўйса ҳам очкўзлик  билан бир-бирини ғажийди. Уруш қилади, Шарапов?! Агар буни ҳамма тушунганда эди, ер юзи тинч бўларди, ер юзида уруш бўлмас эди… Сен билган оддий гапни бугун бутун дунё тушунишини истайман, Шарапов.
Чол жимиб қолди. Хонага оғир сукунат чўкди. Сўнг бир тўлғониб, ҳансиради,  сўниб бораётган нигоҳини тепасидаги ўғлига тикди.
Олигарх титраб-қақшаб турарди. Генералнинг сўниқ чеҳрасида туйқус майин табассум ёйилди. Енгил нафас олиб:
– Бир бурда нон… Бир бурда нон ҳаммамизга етади, – деди ҳорғин ва титроқли овозда.
Бу унинг сўнгги гапи эди.

Этикчалар

Бу урушда этикчалар эгасиз қолди.
Аёл этикчаларни хона бурчагига олиб бориб қўйди.
– Қани, ўгирилиб тур, – дея этикчалар тумшуғини деворга тақади.
Эгасиз этикчалар девор бурчида чорак соат турди.
Аёлнинг раҳми келди:
– Бошқа тўполон қилмагин-а, хўпми?! У этикчаларни кўксига босди. Сўнг стулчага олиб келиб қўйди:
– Қани, энди овқатингни еб ол!..
Аёл этикчаларга узоқ тикилиб турди. Нимадир ёдига тушгандай бўлди. Сўнг… сўнг… чинқириб йиғлаб юборди.
Этикчалар соҳибаси бор-йўғи олти ёшдагина эди.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон