Ҳозир пайтда турғунлик йиллари деб аталган замонда мен илмий-текшириш институтида ишлардим. Физика фанининг ёш олими бўлганим учун, ягона мақсадим – ўз соҳамда кўзга кўринарлик янгилик яратиб, тез орада номзодлик даражасига эришиш эди. Шунинг учун, кундузни кундуз, кечани кеча демай, ўша даврларда кенг тарғиб этилган «Коммунист» фильмининг бош қаҳрамонидек соғлиғимни, умримни аямай, жон-жаҳдим билан мукка тушганча тадқиқий қурилма йиғардим, китоб титардим, бетиним тажрибалар ўтказардим, натижаларни таҳлил қилардим, хуллас порлоқ келажагимга ишониб ишлардим. Мен учун атроф-муҳитнинг бошқа бирон маъниси йўқолган, вақт қаёққа ва нега кетаяпти, ижтимоий ҳаётда қандай ўзгаришлар бўлаяпти – бу билан умуман ишим йўқ, худди роботга ўхшаб азонда лабораториямга чопардим, кечқурун ярим тунда деярли эмаклаб уйга қайтардим. Қизчамнинг қандай катта бўлаётганини сезмасдим ҳам.
Бу сатрларда ўз жонбозлигимни қўрсатмоқчи ёки «турғунлик фани»ни танқид қилмоқчи эмасман. Гап умуман бошқа қийматлар тўғрисида.
Охир-оқибат, лойиҳалаштирилган ва йиғилган илмий-тадқиқий қурилма яхши натижаларни кўрсатди. Бунда бемалол ҳар қандай бриллиантнинг сифатини, қалбаки ёки сунъийлигини бир зумда аниқлаш мумкин эди. Бу ишнинг буюртмачилари – Ленинграддаги «Рус жавоҳирлари» илмий – ишлаб чиқариш бирлашмаси мутахассислари тадқиқотларимдан хурсанд бўлдилар ва дарҳол уни юқорироқ даражада – Совет Иттифоқининг «Ташқи Савдо Банки»да синовдан ўтказишни таклиф қилдилар. Бундан мўлжал – қурилма асосида кенг миқёсда ишлаб чиқариладиган бўлажак асбобни олдиндан тарғиб қилиш ва шу мақсадни амалга ошириш учун етарли маблағ сўраш эди.
Биз, яъни – мен ва илмий раҳбарим, бу таклифга, табиийки, қувонч билан рози бўлдик. Меҳнати яхши ҳосил берса, ҳар қандай инсон қувонади албатта.
Ўша даврда «Ташқи Савдо Банки» деган ном, унинг молиявий ва сиёсий қудратини билганлар учун жуда катта даргоҳ эди. Биз у ерда ўз лабораториямиздаги каби оддий сунъий гавҳар, яъни фианит, нотабиий оқ сапфир ва тоғ биллуридан ясалган бриллиантлар билан эмас, балки хақиқий, ўта йирик, фақат чет элга катта пул эвазига сотиладиган ноёб Ёқутистон олмосларидан бунёд этилган кўзни қамаштирувчи тошлар билан ишлашимиз зарур эди.
Гап бу хақда ҳам эмас.
Мен лазер асбобидан ва оптика деталлари, турли темир-терсаклардан йиғилган деярли бир центнер чиқадиган илмий-техник қурилмани ортмоқлаб, қайдасан изғиринли, қор босган Москва деб самолетга чиқдим. Илмий раҳбарим, физика-математика фанлари номзоди ва ёзувчи, ёши қирқларни қоралган Восилов икки кундан сўнг, қурилма йиғилиб, ишга шай қилинган дақиқаларга етиб борадиган бўлди.
Келишганимиздек, ленинградлик «жигарбандлар» билан Москванинг Рязань проспектида қурилган, Ўзбекистон Фанлар Академиясига қарашли меҳмонхонада учрашдик. Ўша йилларда режиссер Хожи Аҳмарнинг «Ленинградликлар – жигарбандларим» деган фильми экранга чиққанди, мен шунга муқояса қилиб, уларни ҳазил аралаш «жигарбандлар» деб атардим. Айтилган меҳмонхонанинг ярмида мусофир аспирантлар яшаса, бошқасида юртимиздан хизмат сафарига бориб турадиганлар истиқомат қилардилар. Бундай бино биздан бошқа хеч бир Россияга қарам республикаларда йўқ эди. (Бунинг учун, ўша замоннинг ҳар бир ўзбек зиёлиси буюк олим ва миллатпарвар Ҳабиб Абдуллаевга раҳмат дейиши керак.) Бу хол кавказликларга, айниқса, арманларга алам қиларди шекилли, чунки у ерга ҳар борганимда уларнинг хатто оилалари билан яшаётганликларига гувоҳ бўлардим.
Биз умумий ишимизга фойда бўлади деб, меҳмонхонамиздан «жигарбандлар» учун ҳам жой брон қилгандик. Улар: буюртмачилар раҳбари – химия фанлари номзоди Евдокимов Андрей, унинг ёрдамчиси, жавоҳиршунос Ирина Самойлова ва тадқиқот таҳлилига математик асос тайёрлаётган Саражишвили Сергейдан иборат эдилар. Муҳим бўлмаса ҳам шуни айтиб қўяй, Евдокимов ва Восилов қачонлардир Москвада аспирантурада таҳсил олишаётганларида бир ётоқхонада яшашган ва оғайни бўлиб қолишган экан. Кейин, ушбу воқеалардан бир неча йил ўтгач, улар ўзаро ҳар қандай мулоқотни йиғиштиришди. Сабабини ҳикоя давомида англайсиз деган умиддаман.
Меҳмонхона маъмурияти бронга қарамай ленинградликларни жойлаштиришни истамади. Уларга, брони бўлмаса ҳам, устама хақ берувчи арманлар афзал эди. Лекин, раҳбар билан ўтган алоҳида дипломатик суҳбатдан сўнг, аниқроғи ленинградликлар шу заҳотиёқ уйларига қайтиб кетишларини ва олий даражадаги синовнинг ўтказилмай қолиши маъсулияти уларга юклатишларини айтишгач, дунё миқёсига чиқаётган ўзбек фанининг қоқилиб қолиши мумкинлигидан чўчишдими, дарҳол ўз вазифаларини бажардилар.
Мен Сергей билан бир хонага жойлашдим. Андрей алоҳида бир кишилик номерни банд қилди. Ирина эса қариндошлариникига равона бўлди. «Меҳмонхонада яшаётганлигимни эшитишса, хафа бўлишади», деди у. Мен бундан афсусландим, унга яқинроқ бўлишни истагандим, сабаби у менга ёқарди. Лекин, сиз севги тарихини эшитаман деб ҳам умид қилманг. Унга фақат яхши инсон сифатида ҳурматим бор эди. У эски рус графлари авлодидан бўлиб, яхши тарбия кўрган, мушоҳадаси кенг, ўз қадрини биладиган ёш аёл эди.
Эртаси куни зил-замбил қурилмани бақувват, ёшлигида бокс билан шуғилланган Андрей ва сал нозикрок Сергей билан бирга «Ташқи Савдо Банки»га олиб бордик. Ихтиёримизга деразасиз, фақат эшиги бор хонани беришди. Кечгача уни ўрнатдик ва созладик. Индинига эса, Андрейнинг ибораси бўйича, олий даражадаги амалий – илмий синовлар бошланди. Бу иш, албатта, Банкнинг расмий кузатувчисининг ўткир нигоҳи остида олиб борилди.
Тадқиқ этилаётган бриллиантлар хақида мен гапирмай, сиз эшитманг. Бундай йирик, ажойиб ишлов берилган, булоқ сувидек тиниқ ва соф, камалакнинг минг хил рангини ўзида акс этувчи гавҳарлар фақат чет элга сотилар экан. Оддий шўро кишилари бундай инжуларни тушларида ҳам кўрмаганлар.
Мен қурилмам ёрдамида жавоҳирларнинг баъзи бирларидаги ишлов бериш камчиликларини кўрсатдим. Бу ғализликлар оддий кўз ёки кучли лупа билан ҳам қараганда сезилмасдилар, лекин бриллиантдаги нурлар жилвасига жиддий таъсир кўрсатардилар. Ушбу тадқиқ шу заҳотиёқ Бельгияга – дунёнинг энг зўр жавоҳиротлари сотиладиган асосий марказига жўнатилаётган эллик дона ғоят ноёб тошни текшириб чиқиш илтимосини, кейинчалик эса бошқа янги катта буюртмаларнинг пайдо бўлишини келтириб чиқарди.
Бу ахборот ҳам асар мазмунининг мағзи эмас.
Икки кун ўтгач, мен шамоллаб қолдим. Вужудим увушиб, истмам чиқа бошлади. Ишдан сўнг, ҳаммамиз бирга меҳмонхонага қайтар эканмиз, мен йўлдан аптекага кириб дори сотиб олдим. Бир кун – ярим кунда ўтиб кетар умид қилдим мен. Бундан ташқари, Сергей кечки пайт ўз шаҳрига қайтиб кетаётганди, чунки у хизмат сафари вазифасини бажариб бўлганди. Бу, ярим гуржи, қувноқ ва кўнгли очиқ йигит билан суҳбатлашиш одамга ҳузур бағишларди. Ундан доимо яхшилик ва иссиқлик нурлари таралаётгандек туюларди. Кечқурун у меҳмонхона маъмурияти билан ҳисоб-китоб қилиб чиқди ва мўъжазгина юкини олиб Ленинград вокзали томон йўлга тушди.
– Кечирасан, кузатиб қўймаяпман, – дедим унга кетар чоғида.
– Сен касалсан, ўралиб ёт. Тузалишинг керак. Хали ишинг кўп. – жавоб қилди у ва эшикни ёпди.
Сергей ёпган эшик бир неча дақиқадан сўнг тақиллади ва очилиб, ташвишли қиёфадаги эллик ёшлар атрофидаги юртимиз, миллатимиз вакили кўринди. У бир қўлида чамадон, бошқасида ҳар томони ярим қулочча чиқадиган, чизимча билан пухта бойланган картон идиш бор эди. Унинг ичи ҳўл-қуруқ мевага лиқ-лиқ тўлатилганига хеч қандай шубҳа йўқ эди. Янги меҳмон уф тортганча юкларини ерга қўйди. Саломимга қуруққина алик олгач, уст кийимини ечди-да, дарҳол телефонга ёпишиб, рақамлар тера бошлади.
– Иван Сидорович! – унинг бирдан юзлари ёришди. – Салом! Бу мен – Шоқосим Ҳошимовичман! Қимматли соғлиқларингиз яхшими? Ольга Петровна омонмилар? Ўзингиз яхши юрибсизми? Институтингиз ишлари яхшими?.. Мен ҳозиргина Тошкентдан келдим. Иложи бўлса, хонадонингизга ташриф буюрай дегандим. Баъзи ишлар хақида суҳбатлашиш керак эди.
Симнинг нариги томонида ноаниқроқ жавоб бўлди шекилли, янги меҳмон ялинишга тушди.
– Йўқ, йўқ, Иван Сидорович, мен сизни ушбу паллада асло безовта этмоқчи эмасман. Гапнинг очиғи, озроқ совғаларим бор эди, Ўзбекистон меваларидан олиб келгандим. Шуларни уринқирамасдан етказиб бера қолмоқчийдим.
Нариги томондан совуққина розилик билдирилгани сезилди.
– Раҳмат, Иван Сидорович! Бораман-у, қайтаман!
Шоқосим Ҳошимович гўшакни жойига қўйди-да, тезгина уст кийимини кийиб, ёшлардек илдамлик билан оғир картон идишни кўтариб шошилганча чиқиб кетди.
Бетоблигим туфайли, телевизор кўришга ҳам чиқмай, кўрпага ўралиб китоб ўқиб ётабердим. Орадан бир ярим соатлар ўтгач, бояги киши хотиржам, хуш кайфиятда қайтиб кириб келди. Унинг кўнгли жойига тушгандек, хизмат сафари вазифасининг асосий қисмини бажаргандек эди. Янги меҳмон кийимларини алмаштириб калавотга чўзилди. Ва ниҳоят менга парво қилди.
– Хўш, энди сиз билан танишиб қўяйлик. Исмингиз нима?
– Озод, – дедим мен ва кейинги савол қандай бўлишини билганим учун қўшиб қўйдим, – Физика-техника институтиданман.
– Жуда соз. Мени Шоқосим Ҳошимович десангиз ҳам бўлаверади.
– Сиз қайси даргоҳдансиз?
– Ҳа, менми? Технология институтида кафедра мудириман. «Фан доктори»ман… Айтгандек, ўзингиз бирор илмий ишни ёқлаб олганмисиз?
– Йўқ хали. Шунга харакат қилиб юрибман.
– Тезроқ ёқлаш керак. Чўзиб юрманг.
– Мақсадим шу. – дедим мен.
– Фанимиз кўп томонлардан Москвадагиларга боғлиқ-да… Бўлмаса, уларнинг аждодлари бир пайтлар бизнинг ота-боболаримизга қул бўлишган. Ҳозир аҳвол ўзгача. Ҳа, майли. Балки, замон аста-секин ўзгарар. Дарвоқе, мен уйга қўнғироқ қилмабман-ку!
У ўрнидан туриб яна телефон олдига келди. Керакли сонларни терди.
– Люда! – рус тилида сўзлашишга тушди у. – Бу сенмисан?.. Ҳа, Шоқосимман… Ҳа, яхши етиб келдим… Сенинг буюртмаларингни эртага қидираман. Ўғлим Володя қани? Телевизор кўраяптими? Мен билан суҳбатлашмайдими?.. Майли, яхши қолинглар. Эртага яна қўнғироқ қиларман. Ҳар эҳтимолга қарши менинг телефон рақамларимни ёзиб ол! – у айтди ва гўшакни жойига қўйди.
Ва менга юзланди.
– Биттагина ўғлим бор! Жуда ажойиб йигит бўлган. Политехника институтида ўқийди.
Мен индамай бош силкидим. Ва негадир, тамаки тутатгим келди. Шунинг учун ўрнимдан турдим-да, сигарета ва гугурт олиб ташқарига йўналдим. Коридорнинг қаватларга олиб чиқувчи зиналарга тақалган жойига бориб тутун қайтара бошладим. «Шамоллаб қолганим ёмон бўлди-да, – ўйладим мен. – Ҳозир маза қилиб шаҳар айланаётган бўлардим. Ҳа, майли. Яна уч-тўрт кун бор, хали улгураман…»
Хонага кирганимда янги ҳамроҳим ўринга чўзилиб ухлашга шайланган экан. Тошкент билан Москва орасидаги уч соатлик фарқ янги келган одамни вақтли уйқуга тортади.
Мен ҳам ётдим.
Кечаси яхши ухлолмадим. Аъзойи баданим увишиб, истмам янада кўтарилганга ўхшарди.
Эртаси тонгдан Андрей билан яна метронинг чуқур қаърига шўнғиб, «Ташқи Савдо Банки»га равона бўлдик. У ерга мен бутун иродамни сарфлаб, тик туришга, оёқларимни юришга мажбур қилиб бордим. Бинога кирдик ва дарҳол яна қизғин иш бошланиб кетди. Бетоблигимга, оловдек ёнишимга қарамай тадқиқни тўхтатмадим. Лекин, Андрей аҳволимни қандайлигини сезди-да, хонадаги диванга ётқизди. «Озроқ дам ол! Ишни Ирина давом этдиради», – деди у.
Тин олганимгами, бир пасда кўзим илинди. Қанча вақт ўтди билмадим, Андрей уйқумни бузиб, менга мурожаат қилди. «Етади, – деди у. – Тур, сенсиз ишни эплолмаяпмиз.» Мен яна қурилмамга мук тушдим…
– Хафа бўлмайсан, – деди Андрей кечқурун қайтаётганимизда. – Ҳозирги дамда синовларни тўхтатиш мумкин эмас. Мен институтингиз директорига «Ташқи Савдо Банки» номидан расмий хат уюштираман. Восиловга хам қаттиқ тайинлайман. Сенга, ўзбек фанининг ёш намоёндасига, яратган қурилманг ва айниқса, касал холингга қарамай, ишдаги жонбозлигинг учун яхшигина пул мукофоти берилиши лозим. Мен эса, шахсан бир шиша рус ароғи билан тақдирлайман! Сени бу «дори» билан даволамасак, тузалмайсан!
Кечки овқатланишни тамаддихонада эмас, Андрейнинг хонасида амалга оширадиган бўлдик. Озиқ-овқат магазинидан егуликлар харид қилиб келдик ва у, ўзининг «дори»си билан мени даволай бошлади…
Тахминан бирор соатлар ўтгач, эшик очилиб, остонада Восилов кўринди.
– Дўстим! Бормисан! – Андрей Восиловни қучоқлагундай бўлди. – Мана, мен Озодни даволаяпман!
– Жуда ҳам кўп даволаб қўймагин, – жилмайди Восилов. – Қара, бутилкадаги суюқликнинг ярми ҳам қолмабди. Балки, мен ҳам шифоталабдирман!
– Биласан, мен кўп ичолмайман, қолгани сенга ҳам етади, – жавоб қилди Андрей.
– Нима шамоллаб қолдингизми? – юзланди менга Восилов юмшоқ товушда ва мени юпатди. – Ҳеч қиси йўқ, тузалиб кетасиз.
– Қачон келдинг? – сўради Андрей.
– Эрталабки самолетда учиб келганман. Кундузи домлам Арсеньевнинг олдига ўтдим. Ҳозир унинг олдидан келаяпман. Чоп этилажак монография хусусида суҳбатлашдик. Докторликка замин тайёрлашим керак.
– Бизга ҳам қовун қолдими? – сўз қотди Андрей. – Озод олиб келмагани тушунарли, деярли бир тонна темир-терсак ортмоқлабди.
– Муболағани ҳам қотирасан-да! Беш-ўн кило нарса-ку… – жилмайди Восилов қурилмамнинг вазнини анча камайтириб. – Сен қовунсиз ўлиб қолмайсан!..
Мен анча «даволанганлигимни» ҳис қилиб, уларга мурожаат қилдим.
– Мен кетақолай хонамга. Ўралиб ётсам, тузалиб қоларман. Эрталаб учрашамиз.
– Майли, борақол, – рухсат берди Андрей. – Эрталаб соат саккизда пастда, навбатчининг олдида учрашамиз. Мен манави, бўлгуси «фан доктори» билан бир суҳбатлашай!
Ўша куни мен чиқиб кетганимдан сўнг, улар мен хақимда нималарни гаплашишганини билганим йўқ. Аммо, бир неча йилдан кейин эшитишимча, Андрей менинг иродамга, жонбозлигимга қойил қолганини сўзлабди. Восилов эса, «бунга кўп парво қилаберма, бу қаҳрамонлик эмас, ўзбек миллатига хос оддий мутелик. Принимай как должное» дебди. Лекин, ўшанда Андрей ўз сўзида қаттиқ турибди.
У, кейинчалик, ваъда қилганидек, расмий хат-мурожаатномани ҳам, менинг илмий ишимнинг амалиётга татбиқи хақидаги хужжатни ҳам уюштирди. Натижада, институт маъмурияти хатни олиб, илмий раҳбарим билан суҳабатлашиб, менга молиявий мукофот шарт эмас, Илмий Кенгашда ташаккур эълон қилинса ҳам етади, деган маслаҳат олибди.
Хонамга кирганимда, Шоқосим Хошимович ушбу кун магазинма-магазин юриб, харид қилган анча-мунча нарсаларни кўздан кечираётган экан.
– Э, келинг Озодбек! – деди у. – Соғлиқ қалай?
– Тузалаяпман.
– Мана, совға-саломлар олдим. Ўтиринг, бир суҳбатлашамиз.
Мен калавотимга чўкдим.
– Қаранг, – деди у, янги турли буюмларга ишора қилиб, – Бир боқишда арзимаган нарсалар. Бироқ, булар Тошкентда йўқ. Бори сифатсиз. Бу ерда эса аксарият моллар чет элники. Бемалол сотилаяпти. Нега? Чунки, биз ўрисларнинг пойтахтидамиз. Республикамиз эса буларга қарам. Ҳа… – у тин олди ва давом этди. – Биласизми, буларнинг уч юз йиллик мустамлакачилик тажрибаси бор. Айниқса, йигирманчи йилларда биздаги чегараларни тузишда устамонлик қилишган.
– Қадимги Римнинг «Бўлиб ташла ва хукмронлик қил!» шиори бўйичами?
– Ҳа. Мана ўзингиз ўйланг, асосан ўзбеклар яшайдиган Ўшни Қирғизистонга, Чимкентни Қозоқистонга, Тошҳовузни Туркманистонга, Хўжандни, яъни ҳозирги Ленинободни Тожикистонга ўтказишган. Бу ҳолат тайёргина жанжаллар уясини ташкил этган. Тутантириқ ташланса бўлди. Ловуллаб ёнади. Хали кўрасиз, шароит ўзгарса, низолар албатта чиқади.
Шу пайт телефон жиринглади. У тезгина гўшакни кўтарди ва қулоқ тутгач, уни менга узатди.
– Сизга экан.
Рафиқам қўнғироқ қилаётган экан. Ота-онамнинг, қизчамнинг соғлиғини, менсиз қандай яшашаётганлигини суриштирдим. Ва қачон қайтишимни айтдим.
Гаплашиб бўлиб, калавотга чўзилдим. Ҳамхонам эса телефонга яқинлашди. Терилаётган рақамларнинг кўплигидан у Тошкентга чиқмоқчи деган хулосага келдим. Тахминим исботланди.
– Люда! – чақирди у. – Мен Шоқосимман! Қалайсизлар?.. Ҳа, олдим… Деярли барчасини… Яна бир-икки кун бор-ку!.. Хавотирланма. Топаман… Ўғлимни чақир!.. Володяни чақир деяпман! Бир гаплашай… Нима? Бандмиш?! Майли, унда керакмас… Ҳа, эртага билет оламан. Ҳозир бемалол сотилади, ёз фасли эмас-ку!.. Хўп, хайр.
Унинг суҳбати тугади. Нимадандир ранжигани сезилди. Шунинг учун, калавотида ўтирганча ўй сурди, менга бошқа сўз қотмади. Мен индамай, ётганча газета ўкишга тутиндим ва шу кўйи ухлаб қолибман.
Эртасидан ўзимни яхши қилдим. Мўлжалланган ишларни кўнгилдагидек бажардим.
Шу куни Восилов ҳам «Ташқи Савдо Банки»га ташриф буюрди. Ва менга ўзим шундоқ ҳам жуда яхши биладиган маълумотларни маслаҳат тариқасида берди. Кечқурун, бу – Кремль биносидек ҳушёрлик билан қўриқланадиган ташкилотни тарк этишимиздан олдин, Андрей менга ўзининг “Ташқи Савдо Банки” вакиллари билан кун бўйи ўтказган расмий суҳбатлари мазмуни билан таништирди.
– «Ташқи Савдо Банки» сенинг ана шу илмий-техник қурилманг асосида ёзиладиган диссертациянгнинг ҳимояси учун лозим бўладиган барча хулосавий хужжатларни беришга тайёр. Ўзингни беш минути кам фан номзоди ҳисоблайвер! Сенга фақат столга ўтириб илмий-амалий ишингни бир ипга тизиб, ёзиб чиқиш қолди. Мен ўз томонимдан барча ёрдамни қиламан… Ана шу қурилма асосида саноатда кенг қўлланилувчи асбоб ишлаб чиқара бошланса, зўр бўлади! Биз ҳаммамиз хеч қандай ўғирликсиз, товламачиликсиз, касса туйнуги олдига келамиз-да, қонуний равишда бир чамадон пулни олиб катта бойваччаларга айланамиз!
Унинг бу сўзларидан менинг ғўр қалбимда кўкларга учадиган фикрлар пайдо бўла бошлади. Лекин кутилмаганда, Восилов унга мулойимгина эътироз билдириб, уларни ерга туширди.
– Сен менинг шогирдимнинг фикрларини бўлма! У албатта диссертация ёқлайди, аммо ҳозир эмас.
– Озод менга ҳам шогирд, фақат норасмий. Менинг ҳам унга кўп меҳнатим сингган. Иш бошланганда, иккимиз бу йигитга икки-уч йилда ёқлайсан дегандик, шекилли. Эсингдан чиқдими?
– Ҳали назарий тадқиқотлар тўлиқ эмас. Иш пишиқ-пухта бўлиши лозим. Мен чала диссертацияни илмий кенгашга чиқаролмайман.
Андрей бир неча сония унга ҳайрон холда қараб қолди. Елкасини қисди.
– Бу албатта сизнинг ички ишингиз, – деди у. – Бироқ, менимча, шу вазиятда ҳам ёқлашга етарли илмий маълумотлар бор. Қурилма бор. Ишнинг халқ хўжалигига татбиқи бор.
– Сен бизнинг шароитни билмайсан, – жавоб қилди Восилов.
Ўшанда илмий раҳбарим шароитни кенгроқ билса керак, мен тезгина унча мураккаб бўлмаган назарий асосни битаман-у, диссертацияни ёзишга ўтираман, деб ҳаёл қилгандим. Ана шундай ўйга бўйсунганим ва бу ҳолатга кўр–кўрона ишонганим жуда катта хато бўлган экан.
Афсуски, мен буни анча кеч англадим…
Беҳуда кетган йиллар эвазига…
Улар меҳмонхонага кетишди, мен эса Иринанинг илтимосига кўра у билан Москванинг катта универмаги – ГУМга йўл олдим.
– Сенинг гавданг менинг эримники билан бир хил экан, унга куртка ваъда қилганман. Ёрдаминг керак. – деди у.
Мен йўқ дейишга важ тополмадим.
Каттагина универсал магазинни анча айландик. Устки кийимлар бўлимига кирганимизда курткаларнинг жуда турли-туманлигига кўзим тушди. Ирина дам унисини, дам бунисини менга кийдириб кўра бошлади. У кийимни синчиклаб танлар, бир тўхтамга келолмасди. Буни кўрган сотувчи аёл бизга яқинлашди.
– Сизга ёрдамим керакмасми?
– Ҳа, – дедим мен, – бир қарорга келолмаяпмиз.
– Бу табиий, чиройликкина рафиқангиз сизни жуда севар экан! – сўз қотди у, – Менимча, сизнинг қадди-бастингизга манавиниси жуда ярашади.
Унинг кўрсатган курткаси, айтилган гапдан қизариб кетган Иринага ҳам маъқул келди.
Харид қилинган кийимни кўтариб универмагдан чиқар эканмиз, жилмайиб сўз қотдим:
– Сотувчи аёлнинг гапига нима дейсан? Сенга ёқаманми?
Ирина гап оҳангимни қабул қилмади.
– Сен жиддий йигитсан. Қўй бундай гапларни. Бизнинг оилаларимиз бор…
Меҳмонхонага келганимда анча кеч эди. Ҳамроҳим ухламаган экан.
– Самолетга билет олдим, – хабар қилди у. – Икки кундан сўнг учаман!
– Меники ҳам шу кунга, – дедим мен, – фақат тунги рейс – 661-чи. Тошкентда эрталаб бўламан.
– Демак, бирга учар эканмиз! – қувонди у. – Меники ҳам 661 – рейсга.
Шу пайт эшик тақиллади. Бориб очдим. Остонада Восилов турарди.
– Озод! – мурожаат қилди у. – Сизда Епифановнинг бриллиантлар хақидаги китоби бўлса, бериб туринг. Эртага анави, ташқи савдочилар билан, қилинган ишлар бўйича илмий асосли баённома тузишимиз керак. Сизга кўп марта қўнғироқ қилдим, аммо хеч ким трубка кўтармади. Шунинг учун, тушишга мажбур бўлдим.
– Ҳозиргина келдим, – маълумот бердим мен. Ва китобни топиб узатар эканман, таклиф қилдим. – Киринг, чой ичамиз.
– Йўқ, ишларим жуда кўп! – деди у, – Майли, яхши дам олинг, эрталаб бирга кетармиз.
– Баённоманинг қораламасини ёзиб берайми? – сўрадим мен.
– Йўқ, йўқ. Бу жуда жиддий хужжат бўлиши керак. Нозик жиҳатлари кўп. Уни ўзим битишим лозим. – жавоб қилди у.
– Бўпти, – дедим мен гапни қисқа қилиб.
Восилов ортига қайрилди.
– Бу ким? – сўради Шоқосим Ҳошимович.
– Илмий раҳбарим.
– «Фан доктори»ми?
– Йўқ. Энди ҳаракат қилаяпти.
– Тузук йигитга ўхшайди. Лекин, сиз хато қилибсиз. Домлаликка номдор олимларни, иложи бўлса москвалик, ленинградликларни олиш керак. Бу йигит билан ишингиз анча чўзилади.
– Илмий ишим деярли тайёр. Халқ хўжалигига татбиқ ҳам қилинмоқда. Бу ёғи оз қолди.
– Ниятингизга етинг, – деди у. – Аммо, қайтараман, бу одам билан ишингиз анча чўзилади, жиддий ўйланг!
Мен ҳаёлга чўмдим. Тайёр ишни ташлаб, қайтадан, бошқа кимсалар билан янги ишга киришиш лозимлиги – менинг онгимга сиғмасди. Мен ўшанда Восиловга ипсиз боғлиқ эдим. У бу ҳолатни жуда яхши биларди.
Ҳақиқатдан, қандай инсон бўлишидан қатъи назар, Шоқосим Ҳошимовичнинг гаплари тўғри чиқди. Тадқиқотларим ва уларнинг амалий татбиқи натижасида “Совет Иттифоқи ихтирочиси” нишонини олсам ҳам, Восилов тайёр диссертация ишимни ёқлашга имкон бермасликка ҳаракат қилаберди. Охир-оқибат, мен у билан жанжаллашдим ва институтимиз бош директори ҳузурига кириб арз қилдим. Бу инсон, машҳур, ҳақиқий Ўзбек ҳалқ шоирининг фарзанди, жуда ўқимишли, яхши тарбия кўрган, ўттиз ёшга кирмай фан доктори бўлиб улгурган ажойиб софдил олим эди. У мени дарҳол тушунди. “Биламан, домланг ўта писмиқ!” – деди у ва Восиловни чақириб, унга мен ҳақимда тўғридан тўғри топшириқ берди. Натижада, мен Илмий Кенгашга ишимни топшира олдим. Ва илмий номзодликни ҳимоя қилдим. Бу иш докторликка ҳам арзийди, деганлар ҳам бўлди. Ҳаммадан ажабланарлиси, Восилов менга кўп билим берган, норасмий илмий раҳбар ҳисобланувчи Андрей Евдокимовни ёқлаш жараёнига чақирмади. “У – ҳовлиқма! Бутун ишни бузиши мумкин…”, тушунарсиз тушунтириш берди у менга. “Қандай қилиб? У, ахир менга душман эмас-ку! Фақат яхшилик тилайди-ку!..”, ўйладим мен. Аммо, айни дамда бу соҳада ҳам жанжаллашадиган ҳолатда эмасдим. Шу сабаб, оқибатда, уларнинг алоқалари кескин узилди.
Ҳикоя жараёнига қайтамиз.
– Кетадиган кунимиз мен такси чақираман. Аэровокзал автобусларигача етиб оламиз. – ҳамроҳим аввалги мавзуга қайтди.
– Яхши, – жавоб қилдим мен ва «фан доктори»ларнинг маоши катта бўлади деб ўйлаб қўйдим.
Ниҳоят, «олий даражадаги синовлар» тугади. Ленинградликлар ўша куниёқ, мендан бир кун олдин, кечки поездда кетишди. Улар эрталаб ўз шаҳарларида бўлишади. «Илмий асосли баённома»си Евдокимов томонидан жиддий таҳрирланган Восилов бу улкан шаҳарда хали ўта муҳим ишлари борлигини айтиб, яна уч-тўрт кун қоладиган бўлди.
Мен «жигарбанд»ларни кузатиб қўйдим. Келишув бўйича, улар менинг илмий қурилмамни илмий даргоҳларига ўзлари ҳам қўшимча тадқиқотлар ўтказиш учун олиб кетишди. «Сен ўзингга бошқасини ясаб ол. Чизмаларинг бор-ку!» деди Андрей. Мен бунга рози бўлдим.
Поездга чиқишдан олдин Иринага охирги ёзган шеъримни ва унинг русчага қофиясиз ўгирилган таржимасини кўрсатдим.
– Фалсафийроқ шеър бўлибди, – деди у. – Мағзини дарҳол чақолмайсан.
– Уриниб кўр, – дедим мен.
– Қани мен ҳам ўқий-чи, – ўртага қўшилди Андрей ва қоғозга кўз югуртиргач, баёнот берди: – Мен буни қофиялаштираман! Яхши шеър экан.
Ўшанда Андрейнинг адабий лаёқати борлигини билмасдим. Қайта қуриш натижасида илм-фандан у ҳам йироқлашиб, ҳозир Россиянинг кўзга ташланадиган, қалами ўткир, етук журналистларининг бирига айланди ва ҳозирги даврда бир обрўли журналга бош муҳрарирлик қилиб, уни бошқаряпти. Бундан ташқари, йирик асарлар ёзмоқда. Унинг ёзган сиёсий ва детектив романлари катта шуҳрат қозонди. Уларнинг бирини мен ўзбек тилига таржима қилмоқдаман.
Шу тахлит улар билан хайрлашдим.
Мен шошилмай меҳмонхонага қайтар эканман, бу азим шаҳарда, бу улкан кенгликда одамларнинг қум зарраларидек кўплигини, аммо уларнинг ҳар бирининг ўзича бир ҳаёти, тақдири, доираси борлигини ўйлаб, мушоҳада қилиб кетдим…
Эртаси йўлга тушишдан икки соат олдин мен оиламга, яқинларимга олган камтарона совғаларимни сумкамга жойлаштирдим. Шоқосим Ҳошимович эса, бир дунё десам муболаға бўлар, тўртта катта-катта юк тайёрлабди.
– Бори-йўғи шу! – деди у жилмайиб. – Такси буюриб қўйдим. Энди уйга қўнғироқ қилиб қўяй-чи…
У телефонда рақамлар терди.
– Алло!.. Люда! Сенмисан?.. Ҳа, мен. Йўлга чиқаяпман. Самолет эрталаб Тошкент вақти билан соат еттиларда аэропортга қўнади. Володяга айт, чиқиб кутиб олсин. Юким кўп!.. Нима? Нега чиқолмайди?.. Дам олиш куни? Уйқуси бузилади?! Нима қилибди?!. Таксида боришга боравераман, лекин юкларни бир ўзим кўтаришга қийналаман-да!.. Ҳа, ҳа, илтимос қилиб кўр. 661-рейс. Майли, хайр.
Гўшакни ўрнига қўйган Шоқосим Ҳошимович дераза ёнига келиб, баланд қаватдан кўринувчи Москва шаҳри кенгликларига индамай боқди. Ундан оҳиста тер чиқди. Ичида қаттиқ тутоқаётганди. Буни менга билдирмасликка уринди. Мен ҳеч гап демадим. Ташқарига чиқиб сигарета чекиб келгач, ҳовлига – ота-онам даргоҳига қўнғироқ қилдим. У ерда гўшак кўтарилгач, салом бериб ўзимни танитдим.
– Ада, бу менман.
– Ҳа, яхшимисан? Қачон учаяпсан?
– Самолет эртага эрталаб соат етти яримда Тошкентда бўлади.
– Мен укангга айтаман, чиқиб кутиб олади, – дедилар улар.
Хайрлашиб гўшакни қўйдим.
Таксида Москва аэровокзалига етиб боргач, барча зил-замбил чамадону – сумкаларни юкхонага топширдик ва у ернинг автобуси Домодедово аэропортига етказгач, самолетга чиқдик. Ва ўз вақтида парвоз қилдик.
Тошкент аэропортида укам машинаси билан кутиб турган экан. Афсуски, Шоқосим Ҳошимовични кутиб олишга хеч ким чиқмабди.
– Анави одам, – сўз қотдим укамга, – мени таксида аэровокзалгача олиб борди. Иложи бўлса, уйига ташлаб кетайлик. – Майли, – рози бўлди у.
«Академгородок»даги тўрт қаватли ғиштин уй ҳовлисига кириб тўхтадик. Мен катта ёшли ҳамроҳимнинг сафар юкларини машинадан туширишга ёрдамлашдим. Сўнг, унга юзландим.
– Майли, ҳайр, яхши қолинг!
– Мен тўртинчи қаватда тураман, – маълумот берди у юқорига ишора қилиб.
– Жуда яхши. Насиб қилса келарман.
Мен шундай деб машинага ўтирдим ва биз ўз йўлимизга тушдик. Фақат шундагина, нега унинг тўртинчи қаватда туришини айтганини тушундим. Ахир у, юкларимни олиб чиқишвор, демоқчи бўлибди-ку!..
«Ҳеч қиси йўқ, – тасалли бердим ўзимга, – унинг «ажойиб йигит бўлган», Володя исмли ўғли бор! Дам олиш кундаги эрталабки уйқуси озгина бузилса хеч нарса қилмайди…»
Қадрдон илиқ шабада уфураётган деразадан шаҳар кўчаларига, ўз юртимга етиб келганимдан қувониб, боқар эканман, чўнтагимдан куни-кеча ёзган шеъримни олиб ўқиб кетдим.
Улкан шаҳар. Одам – чумоли.
Ажаб, қаёқларга югурар барча.
Мен эса шошмайман,
Таним мажоли
Етмайди барибир.
Куч етмас унча.
Кўпчилик танимас асло бир-бирин,
Ҳамманинг бир кичик доираси бордир.
Фақат гоҳ-гоҳида ташлаб кўз қирин,
Балки излашар биз, келганлардан сир.
Менинг ҳам кичик бир
Мавжуд Доирам.
У тўртта одамдан иборат холос.
Ўзинг ялтирайсан, эй гўзал санам,
Унинг марказида мисли бир олмос.
Марказга интилма кучларим кўпдир –
Сенга интиламан қўлларим чўзиб.
Сен эса жиддийлик ёки индамай
Қочасан, физика қонунин бузиб.
Мавҳум ҳаёлларим ўйнайди ғужғон,
Ишончим йўқолар шу кичик бахтга.
Ва шунда тўсатдан менинг Доирам
Айланиб қолади Квадратга.
Машина ҳайдаб кетаётган укам кўз қирини қўлимдаги қоғозга ташлади.
– Шеър ёздингизми? – сўради у.
– Ҳа, – дедим мен.
– Яна севги хақидами?
– Йўқ, – жавоб қилдим мен. – Зиёлилар хақида. Ўзбек зиёлилари хақида.
Негадир уни ҳам, ўзимни ҳам алдагим келди.