Эркин Воҳидов: “Америкалик ўзбекларнинг Ўзбекистонга муҳаббати бизларникидан ўн чандон ортиқ” (1989)

Эркин Воҳидов номи Ўзбекистонда каттаю кичикка яхши таниш. Шеъриятимизнинг байроқдорларидан бири, республика Болалар фонди правлениесининг раиси, «Ёшлик» журналининг таҳрир ҳайъати аъзоси, жаҳонгашта ижодкор… Яқиндагина Америка сафаридан қайтиб келганлигини эшитган эдим. Редакция топшириғи билан Эркин аканинг Ҳувайдо кўчасидаги мўъжазгина ва ораста ҳовлисига ошиқдим. Эшикни хонадон соҳибининг ўзи очди. Ранглари бир оз синиққан, аммо ўша тийран нигоҳ, майин шарқона лутф…

— Сафардан қайтиб тўғри касалхонага тушдим, — дейди хиёл табассум билан Эркин ака менинг ажабланганлигимни сезиб, — ўт пуфагини тошлари билан олдиришга тўғри келди. Бу дард мени бир неча йилдан бери қийнаб келарди. Америка сафари чоғида ҳам текширтириб кўрдим. Улар ҳам шу касалликни тасдиқлаб, тезда операция қилиш лозимлигини айтишди. Америкалик ўзбеклар ўша ерда операция қилдиришни, барча харажатларни ўзлари кўтаришларини, бир ҳафтада соғайиб чиқишимни айтишса ҳам кўнмадим. Ҳамма томонини ўйларкан киши. Ҳар қалай, ўз уйим, ўлан-тўшагим деган гаплар бор.

Кўкрак хирургияси институти шифокорлари мени бу дарддан халос этишди.

— Америка — «сеҳрли диёр», капиталистик дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири, бир неча асрлик демократик анъаналарга эга. Сиз бу мамлакат билан иккинчи бор танишдингиз. Ўтган вақт мобайнида қандай ўзгаришлар рўй берганлигини сездингиз? Мамлакатимиздаги қайта қуриш жараёни у ерда қандай баҳоланяпти?

— Бу сафар Америкага «Тошкент дарвозалари» ҳужжатли фильмини суратга олиш учун борган эдик. Шаҳримиз, республикамизнинг халқаро алоқалари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм сценарийсини мен ёзган эдим. Унинг яратувчилари — режиссёр Хайрулла Жўраев, оператор Қаҳрамон Ҳасановлар билан бирга бордик. 2 февралдан 2 мартгача Сиэтл, Вашингтон, Нью-Йорк шаҳарлари билан танишдик. Ҳамма жойда суратга олиш учун барча шароитларни яратиб беришди. Америкалик ўзбеклар қўлларидан келган ёрдамларини аямадилар.

Америка чиндан қам жозибали мамлакат. У ўзининг бойлиги ва эркин бозори билан жаҳондаги миллионлаб кишиларни жалб этади. Магазинлар пештахталарида деярли бутун дунёдан борган молларни кўрасиз. Бу борада ҳеч қанақа чеклаш йўқ. Одамлар ҳам истаган жойига боради, яшайди, ўзаро мулоқотда бўлади. Назаримда, ана шу эркин алоқалар ва рақобат юксак тараққиёт воситаси бўлган. Очиғини айтганда, ўртача америкаликнинг турмуш даражаси биздаги шундай кишилар даражасидан бир неча баравар юқори. Масалан, у ойлик маошига енгил автомашина ёки ўнлаб магнитофон сотиб олиши мумкин. Кийимлар ҳам нисбатан арзон. Аммо уй-жой, медицина хизмати қиммат. Техниканинг энг янги ютуқлари ҳар бир хонадонга кириб борган. Симсиз ва хотирали телефонлар, микротўлқинли ўчоқлар, видеомагнитофон, компьютер… Нью-Йоркдан телефон орқали Тошкент билан гаплашиш учун бир неча дақиқа кифоя қилди. Уйдагилар эшитиб ҳайрон қолишди: ниҳоятда аниқ, худди қўшни хонадан гаплашаётгандек. Медицина даражаси ҳам ниҳоятда юксак.

Америкаликларда ишбилармонлик, эгалик туйғуси ниҳоятда кучли. Улар бирор дақиқаларини бекорга кетказмайдилар. Уша ерда яшаётган ўзбекларга ҳам бу туйғу ўтган. Чунки ялқовлик ёки бепарволик билан ички рақобатга дош бериш мумкин эмас. Ҳар бир корхона, ширкат, дўкон ўз маҳсулотини сифатлироқ, арзонроқ қилишга, хизмат маданиятини юксалтиришга интилади. Чунки харидор қанча кўп бўлса, шунча яхши. Дўконга кирган бирор одам эътибордан четда қолмайди. Сиэтл шаҳрида бир китоб дўконига кирдик. Сотувчи қиз ниманидир ёзиб ўтирган экан. Шериклар билан кириб борганимизда у ишини тезда тугатиб, ёнимизга келди ва узр сўраб, қандай китоб зарурлигини суриштирди. Анча излаб бу китобни тополмади. Шунда у телефон номерини қолдиришни, топганидан сўнг ўзи хабар беришини айтди. Бундай муомалани, эътиборни ҳар қадамда учратасиз.

Бу мамлакатда кўрганларимни хаёлан ўзимизнинг воқелик билан солиштираман. Барча иллат хўжасизликда эканлигини пайқайман. Етиштирган ғалламизнинг 30 фойизи йўлда йўқолар экан. Биз шунча донни АҚШ ва Канададан сотиб оламиз. Кемаларимиз бир неча минг километрни бўш босиб ўтиб, ғалла олиб кетишини ўз кўзим билан кўрганман. Чунки бу ерда деярли ҳеч нарсамизни сотиб олишмайди. Маҳсулотларимизнинг сифати ниҳоятда паст. Биз иш учун америкача жонкуярликни, ички интизомни ўрганишимиз керак. «Ҳамма нарса инсон учун» деган шиорни огизда эмас, амалда жорий этишга интилишимиз зарур.

Америкаликларнинг Совет Иттифоқига, совет кишиларига муносабати тубдан ўзгариб боряпти. Улардаги адоват ва гумон туйғуси дўстлик, ишонч, самимият билан алмашмоқда. Бунга кўп жиҳатдан мамлакатимиздаги қайта қуриш ва ошкоралик жараёни сабаб бўляпти. М. С. Горбачев номи бу ерда ниҳоятда машҳур. Қўлимга «Тайм» журналининг ўтган йилги сони тушиб қолди. Унда совет раҳбари йилнинг энг яхши давлат арбоби деб эътироф этилганлиги ёзилган. Айни пайтда унинг болаликдаги ва оилавий суратлари чоп этилган. Чунки америкаликлар давлат арбобига ҳам инсон деб қарайдилар, унинг оиласи, қуршаган муҳити, феъл-атвори, қатто қандай ичимликни ва таомни хуш кўришигача билишга қизиқадилар. Бу бежиз эмас. Ахир халқ сайлаган раҳбарлар оқибатда мамлакат тақдирини ҳал қиладилар, бу ишда эса улар табиатидаги энг нозик икир-чикирлар ҳам аҳамиятлидир.

Эркин ака, америкалик ўзбеклар ҳақида гапирдингиз. Яқин-яқингача биз уларни сотқинлар, ватангадолар деб атардик. Аслида улар кимлар? Океан ортига қандай бориб қолишган?

— Америкалик ўзбеклар тўғрисида батафсил ҳикоя қиладиган бўлсам бир неча китоблик роман бўлади. Негаки, сўнгги эллик-олтмиш йил мобайнида қисмат қуюни турли эл-элатлар аро туз-насибасини сочган ва ниқоят олис уммон ортини макон этган етти-саккиз юз оиланинг ҳар бири ўз мураккаб шажарасига, тарихига эга. Уларнинг жуда кўплари Афғонистонда, Туркияда, Сауд Арабистонида ва бошқа мамлакатларда туғилиб ўсганлар. Она юрт Ўзбекистонни фақат суратларда, киноларда кўрганлар, у ҳақда газета ва китоблардан ўқиб, ватандан борган кишиларнинг суҳбатларини эшитиб билганлар. Шунинг учун ҳам Нью-Йорк ҳамда Вашингтонда кечган икки ҳафтамизнинг бирор куни ва бирор соатида биз ёлғиз қолмадик. Кундузги ишларимиз ватандошлар ҳамроҳлигида, оқшомги дам олишларимиз турли оилаларда, кўпчилик йиғилган меҳмондорчиликларда ўтди. Биз олиб борган совғаларнинг энг табарруги Ўзбекистон манзаралари, ўзбек санъаткорлари суратга олинган кинофильмлар бўлди, магнит лентасига ёзилган шеърлар ва қўшиқлар бўлди.

Суҳбатларда мен шунга амин бўлдимки, хорижда яшаётган қар бир ўзбекнинг қонида ўз ватани меҳри жўш уриб турибди. Ўзбекистонлик йигит-қизлар мени кечирсинлар, — биз гоҳи юртимизда яшаб туриб унинг қадрини билмаймиз, — мен кўриб суҳбатлашган ватандошларнинг Ўзбекистонга муҳаббати бизларникидан ўн чандон ортиқ десам лоф бўлмас. Одатда киндик қони тўкилган жойни Ватан дейдилар. Лекин Сурияда туғилган, ё Марокашда дунёга келган, ё Истамбулда кўз очган ўзбек учун барибир Ватан — бу Ўзбекистондир.

Америкалик ўзбекларнинг кўпчилиги йигирманчи, ўттизинчи йилларда ўнг-терсига қарамай қулоқ қилиш, зўрлик билан коллективлаштириш замонида жон сақлаб Афғонистон ёки Шарқий Туркистонга кетиб қолган юртдошларимизнинг фарзандлари ёки набираларидир.

Бугун биз тарихимизнинг ўша чигал тугунларини ёзиб ўрганар эканмиз, сталинча қаттол сиёсатни қоралаймиз ва бинобарин ўша пайтда ватанни тарк этганлар бегуноҳ жабрдийдалар бўлиб чиқадилар. Ахир ватандан қочиб улгурмаганлар кейинча «ёт унсурлар» сифатида сургун қилиндилар, отилдилар, қолганлари ўттиз еттинчи йили «троцкийчилар», «бухаринчилар», «халқ душманлари» тамғаси билан йўқ қилиндилар. Нью-Йоркда тўқсон саккиз ёшли мўйсафид, асли марғилонлик одам яшайди. Ўттиз саккиз карра ҳожи бўлган бу қарияни билган кексалар «бу одам энг камида 120 га кирган, ёшини яширади» дейдилар. Бу гапда жон борга ўхшайди. У киши Николай подшо замонида қўйчи бой бўлган. У қўйчибонлари билан Олатов оша Хитойга қўй ҳайдаб борган, йўл-йўлакай семиртириб Қашқар бозорида пуллаган ва Хитойдан мато ҳамда буюмлар олиб қайттан. «Йўлдош Охунбобоев Марғилонда менинг қўлимда батрак бўлган» дейди. «Қайси йилларда?» деб сўрайман. «Эсимда йўқ, валлоҳи аълам 1914 йилмикин, 1915 йилмикин…» деб ерга қараб тасбиҳ ўгириб ўтиради… Ичимда ҳисоблайман: Йўлдош ота тирик бўлса, 104 га кирган бўларди. Демак, бу одам дарҳақиқат 120 га борган бўлса ажаб эмас. Лекин кўринишига қараб нари борса 70—75 ёшларда дейиш мумкин. Соч, мўйловлар қоп-қора (бўятган бўлиши мумкин). Ўзи серҳаракат, хотираси бутун, беш вақт намозни канда қилмайди. Лекин ўта мутаассиб эмас, жиндек-жиндек «нўш этиб» ҳам турадилар. Умрининг кўп қисми Туркияда ўтган. Шунинг учун сўзлашув тилида турк сўзлари кўп учрайди. Ўзбекистондан 1923 йилда Қашқарга кетган ва кўп Шарқ мамлакатларида яшаб, охири Истамбулда муқим бўлган. Америкага ўн-ўн икки йиллар чамаси муқаддам кўчиб келган.

Яна бир тақдир. Вашингтонда Абдулла Чиғатой исмли олтмиш уч ёшли киши яшайди. Сизлар у кишининг товушини « Америка овози» радиостанцияси орқали эшитгансиз. Аслида Тошкентнинг Чиғатой маҳалласидан. Уч ёшлик чоғида оиласи билан Афғонистонга кўчиб кетишган. Болалик йиллари у ерда, ўсмирлик, йигитлик даври Туркияда кечган. Турк қизига уйланиб, фарзандлик бўлганлар. Қизларининг исми Ўзнур (Ўзбек нури). Йигирма йилдан буён Америкада истиқомат қиладилар. Ўтган йили Америка информатика кўргазмаси иштирокчилари қаторида Тошкентга келиб, қариндошлари билан топишдилар.

Американинг тижорат соҳибларидан бўлган Абдулрауф Мақсудийнинг, Камол Бобоқурбоннинг, Акбархўжа ота ва унинг фарзанди Абдулла Хўжанинг ва бошқа мен ҳамсуҳбат бўлган ўнлаб ўзбекларнинг бир-бирига ўхшамайдиган, ҳар бири алоҳида қисса бўладиган тақдирлари бор.

Америкалик ўзбекларнинг кексаю ёши она тилимизни, урф-одатларимизни сақлаб қолишган. Оилада албатта ўзбек тилида гаплашиш ёзилмаган қонун ҳисобланади. Шунинг учун хорижда туғилган учинчи, тўртинчи авлод вакиллари ҳам ўзбек тилида равон гаплашаоладилар. Мен Акбархўжа отанинг набиралари — беш ёшли София ва уч ёшли Бобур билан сўзлашдим. Уларнинг тили ўзбекча чиққанидан қувондим.

Олис қитъада яшаётган ватандошларимиз беистисно фақат юртдошлар билан қиз олиб, қиз берадилар. Агар Америкада муносиб жуфт топилмаса, Афғонистон, Туркия, Арабистондан қиз қидирадилар. Шунинг учун ҳам улар наслни сақлаб қолганлар. Албатта бу кўпгина мураккаб муаммоларни келтириб чиқаради. Ўн беш-йигирма минг чақиримдан қиз олиш ё қиз беришнинг ўзи бўлмайди. Лекин ҳаётий зарурат, қонга сингган туйғу шунга мажбур қилади. «Қани, — дейман кўнглимда — Совет Иттифоқи ва Америка ўртасида дарвозалар кенгроқ очилса-ю, борди-келдимиз кўпайиб, юртдошлар ўртасида қудачилик ҳам бошланиб кетса…»

Жуда долзарб масалани тилга олдингиз. Жаҳондаги тараққий қилган мамлакатларда, шу жумладан, Оврўподаги социалистик мамлакатларда ҳам ўзаро алоқалар ҳеч бир тўсиқсиз амалга оширилади. Яъни чет элга чиқмоқчи бўлган одам хорижий паспортига муҳр босдириб, истаганча пулини алмаштириб ўтиб кетаверади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ва 1973 йилда Совет Иттифоқи томонидан тасдиқланган граждан ва сиёсий ҳуқуқлари ҳақидаги Халқаро битимда кишиларнинг эркин сафар қилиш ҳамда истиқоматгоҳ танлаш ҳуқуқи қайд этилган. Аммо бизда шундай бир тасаввур борки, гўё чегараларни очсак, кўпчилик чет элга қочиб кетади, деб ўйлаймиз.

— Мутлақо асоссиз шубҳа. Қолаверса, кетадиган одамнинг кетгани яхши. Кўнгли кўчган одам ёлчитиб ишламайди. Бизга ўз ватани, халқига садоқатли, ўзга жаннатни эмас, балки ўз юртида жаннат бўлишини истаган, шу эзгу мақсад учун курашга ҳозир фидойилар керак. Шундагина қайта қуриш режалари тезроқ амалга ошади. Бугунги кунда мамлакатлараро эркин алоқаларни йўлга қўймасдан тараққиётга эришиб бўлмайди. Оғзи берк идишда ҳатто сув ҳам бузилади. Назаримда, сталинизм даврида ва турғунлик йилларида миямизга қоқилган занглаган михдан қутулолганимиз йўқ. У доимо ҳаракатларимизни чегаралаб туради. Ўзимиз ҳам, айрим раҳбарларимиз ҳам трамвайга ўхшаб қолганмиз — белгиланган издан чиқолмаймиз, фақат маълум йўлдан олдинга — орқага юраверамиз. Ваҳоланки, В. И. Ленин марксизм-ленинизмни қотиб қолган таълимотга айлантириб қўймасликни, у ҳаракат учун қўлланма эканлигини алоҳида таъкидлаган эди. Бугунги воқеликни, халқаро иқлим юмшаганлигини, ўзаро душманлик туйғуси йўқолиб бораётганлигини ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Турли мамлакатлар халқлари ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, демакки, ер юзида тинчликни таъминлашга хизмат қилиши ўз-ўзидан равшан.

Афсуски, бизда чет элга чиқувчилар учун бирталай сунъий тўсиқлар мавжуд. Ҳужжат расмийлаштиришнинг ўзи ойлаб вақтингизни олади. Бир неча нусхадаги анкета саволларини ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Китоб ёзиб чарчамаган қўлим анкеталар ёзиб чарчайди. «Миллатингиз нима?»! Хўш, миллатимнинг чет элга бориш-бормаслигимга нима алоқаси бор? Молдаван бўлсам нимаю гуржи ёки ненец бўлсам нима? «Ўзингиз ёки қариндошларингиз асирликда бўлмаганми?» Ахир уруш тугаганига 45 йил бўляпти, асирлик ҳақида қандай гап бўлиши мумкин ва унинг чет эл сафарига нима алоқаси бор? «Чет элда қариндошларингиз борми?» Худо хайрингни бергур, қариндошим билан нима ишинг бор, бўлса нима қилипти? Менинг 40 йил илгари ўлиб кетган отам ва онам қаерда, қачон туғилганлиги, нима иш билан шуғулланганлиги кимга, нима учун керак? Ёки беш яшар қизимнинг қайси боғчада таълим олаётганлиги «тегишли органлар» учун шунчалар зарурми? 18 нусхадаги суратим қайси раҳбарнинг альбоми учун керак? Хуллас, буларнинг ҳаммаси инсонни таҳқирлайди, унинг бебаҳо вақтини ўғирлайди.

Яқивда матбуотда ўқиб қолдим. 1925 йилгача хорижга чиқиш йўллари очиқ бўлган экан. Ўша пайтда бошқа мамлакатларга бориб ўқиш, тижорат ишларини амалга ошириш ёки саёҳат қилиш оддий иш бўлган. Дарвоқе, ҳозирги америкалик ўзбекларнинг ота-боболари, асосан, ўша йилларда хорижга кетганлар. Аммо кейинчалик мамлакат атрофида «темир тўсиқлар» яратишга киришилган. Ташқи дунёдан бутунлай ажралиб, қанча нарса йўқотганлигимизни энди сезяпмиз.

Сурияда бўлган бир воқеа ёдимга келади. Бу мамлакатдаги мароқли сафарим ниҳоясига етгач, қаламкаш дўстлар билан хайрлашув оқшомида менга сўз бериб қолишди. Тўсатдан миямга анкетанинг кулгили саволлари келиб қолса бўладими? «Сафарга келиш чоғида, — деб гап бошладим мен, — анкета тўлгазгандим. Ундаги «Чет элда қариндошларингиз борми?», «Асирликда бўлганмисиз?» деган саволларга «йўқ» деб жавоб берган эдим. Эндиги сафар бу саволларга «ҳа» деб жавоб бераман. Чунки сиздек самимий дўст ва қариндошлар орттирдим. Шеъриятингиз, жозибали санъатингиз эса мени асир этди». Гарчи нутқим қарсаклар билан кутиб олинган бўлсада, расмий ҳамроҳларимдан танбеҳ эшитдим. Гўё мамлакатимизнинг ички сирини фош қилган эмишман.

Мамлакатимиздан чет элларга борадиган одамларнинг моддий аҳволи ҳам ниҳоятда ночор. Улар амалда сариқ чақа билан чиқарилади. Бировни меҳмон қилолмайди, тузукроқ нарса ололмайди. Ахир етарлича пул алмаштириб берилса, улар бирданига капиталистга айланиб қолмайди-ку! Аксинча, мамлакатимизнинг обрўйи кўтарилади. Ҳозир эса чет элга борган туристларимиз арзон тамадди тайёрлайдиган «Макдональд» ошхоналарию нархи туширилган, ўтмас матолар сотиладиган «Кеймарк» магазинларини қидирадилар. Сафарда айтилган ҳазил бадиҳалардан бири:

Қуртга ўн кунлик даҳа,
тут барг беринг,
Бизга «Макдональд» билан
«Кеймарк» беринг.

Қайта қуриш туфайли халқаро алоқаларимиз тобора кенгаймоқда. Юқорида тилга олинган камчиликлар ҳам тез орада тугатилишига умид қиламиз.

Яна америкалик ўзбекларга қайтсак. Уларнинг юртимиз билан алоқаси узилиб қолмаслиги учун нималар қилишимиз зарур, деб ўйлайсиз?

— Ўзбеклар Америкада уммондаги бир қатрага ўхшайди. Биргина Нью-Йоркда аҳоли кечаси 8 миллион, кундузи 14 миллион бўлар экан. Чунки кўпчилик одам шаҳарга атрофдан қатнаб ишлар экан. Ана шу улкан денгизда етти-саккиз юз оила ўзбек нима деган гап? Шундай шароитда ҳам улар ўз тили, урф-одатларини йўқотмаганига тасанно айтмай иложингиз йўқ. Албатта улар лаҳжасида инглиз, турк, афғон тилларининг таъсири сезилади. Ўзбекларнинг кейинги авлодлари урф-одатлардан узоқлашиб қолиши мумкин. Шу сабабли ўзаро алоқаларни зудлик билан кенгайтириш зарур. «Ватан» жамияти, чет мамлакатлар билан маданий алоқа боғлаш Ўзбекистон жамияти, қолаверса, «Ёшлик» журнали бу ишга бош қўшишлари керак. Америкалик ўзбекларнинг она юртга келиб кетишларига имкон яратиш, уларнинг фарзандларини мактаблар, олий ўқув юртларига ўқишга таклиф этишимиз лозим. Бу фикрни ватандошлар ҳам қўллаб-қувватладилар. Ўша ерлик ўзбеклардан Камол Бобоқурбоннинг ўғли 18 ёшли Ўрхун билан ўзбек тилида гаплашдим. У Ўзбекистонга келиб ўқиш нияти борлигини айтди. Мен уни ва отасини ишонтириб айтдимки, агарда у Тошкентга келиб ўқийдиган бўлса, менинг уйимда, фарзандларим қаторида яшаб туриб ўқиши мумкин. Ҳозир эса араб ва лотин алифбосида ўзбек тили дарсликларини чоп этиб, уларга жўнатсак, айни муддао бўларди.

Ниҳоят, биз уларга душманлик кўзи билан қарашдан воз кечишимиз керак. Америкадаги суҳбатлар пайтида ўша ерлик ўзбеклардан бири яқинда Тошкентда бўлганлигини, аммо Марғилонга қариндошларини кўришга қўйишмаганини афсусланиб гапирди. Бир неча ўн минг километрлик масофани босиб ўтган, она тупроқ соғинчидан озурда жон изтиробларини ҳис қилайлик, ахир!

Эркин ака, сафар таассуротлари, ватандан олисдаги ҳамюртлар билан мулоқотлар янги аеарларга туртки берган бўлса керак. Канадага сафарингиз якунида битилган «Канада туркуми»даги шеърларингиз ҳамон ёдимизда. Янги туркумни қачон ўқиймиз?

— Чиндан ҳам ҳозир Америка ҳақидаги шеърлар устида иш олиб боряпман. У битганидан кейин «Ёшлик» мухлислари эътиборига ҳавола қилиш ниятим бор.

Нью-Норк шаҳрида биз бир ўзбек хонадонида меҳмон бўлиб ўлтирганимизда гапдан гап чиқиб мана шу улкан шаҳарнинг ўртасида ўзбек ҳунармандлиги ашёлари сотиладиган бир дўкон очилса, деган фикр ўртага тушиб қолди. Кимдир туркманнинг гилами ҳам бўлса, деди, биров қирғизнинг оқ қалпоғини эслатди. Шундай қилиб, бу дўконнинг номини «Туркистон бозори» деб аташ кўпчиликка мақбул бўлди. Яқинда Нью-Йоркдан мактуб олдим. Ўша даврада қатнашган шоир Учқун Эргаш менга саломнома билан «Туркистон бозори» деган шеър ёзиб юборибди. Мен унга жавобан қуйидаги мухаммасни ёзиб жўнатдим.

Туркистон бозори

Бир дўкон қурмоқ керакким,
Мақсади сотмоқ эмас,
Икки ойда бой бўлай деб
Элни алдатмоқ эмас.
Эргаш Учқун,
Америкалик ўзбек шоири
Бир бозор орзу қилурмиз,
Номи «Туркистон» бўлур,
Машриқу Мағриб элида
Шуҳрати достон бўлур,
Ул бозор ичра бари
Аҳли жаҳон меҳмон бўлур,
Бунда ўзбек, туркману
Қирғиз, қозоқ мезбон бўлур,
Бир томошо қилган одам
Лол бўлур, ҳайрон бўлур.
Ул Бродвей кўчасида,
Ё Бруклен ёнида,
Шуъбаси Лондон, Парижнинг
Марказий майдонида,
Гар насиб этса кезармиз
Деҳли Туркистонида,
Тол таги чойхона-ю
Чойхона дастурхонида
Бобур орзу айлаган
Қовун ва ширмой нон бўлур. 
Не бўлур пештахталарда?
Шоҳи, атлас, беқасам,
Чуст пичоқ бергай, Бухоро —
Атласу, туркман — гилам,
Оқ момиқ қирғизча қалпоқ,
Тожикий зар дўппи ҳам,
Жун чопон оқмуллача,
Жон роҳати, силлиқ, шинам,
Барча тилларда Навоий
Шеъридан девон бўлур. 
Келса ким ҳинддир, хитойдир
Яхши ниятлар билан,
Бир пиёла чой тутармиз
Хуш назокатлар билан,
Бир-бировга боқмас эллар
Кин, адоватлар билан,
Бор масалким, ҳам зиёрат,
Ҳам тижоратлар билан
Иншооллоҳ бормоғу
Келмоқ яна осон бўлур. 
Не ажаб, биз бошласак,
Улғайса кундан кун бозор,
Ёнимизга «Кавказ»у
«Болтиқ» келиб турса қатор,
Оқса Хадсон ёнида
Тошқин Дунай ҳам мавжкор,
Бу жаҳонда бахтиёр ким?
Бағри кенглар бахтиёр,
Асли бозормас мурод,
Дийдор учун имкон бўлур. 
Бу ният чиндир, деманглар,
шоирона бир хаёл.
Икки улкан юрт учун
Бундоқ бозордан не малол?
Манфаат аввалда дўстлик,
Сўнг рақобатдир ҳалол,
Шеъру санъат аҳлига йўқ
Куй, қўшиқдан ўзга мол,
Бизга ҳам ул гўшада
Чорпояю айвон бўлур. 
Бир мухаммас битди Эркин
Шоир Учқунга жавоб,
Биз ният қилдик, бу ният
Эзгудир, олижаноб,
Ҳар замон шоир нидоси
Олам аҳлига хитоб,
Бу жаҳон бозорида
Элу элатлар беҳисоб,
Турфа гуллардан у шояд
Бир бутун бўстон бўлур.

Суҳбатни Н. Муҳаммадиев ёзиб олди.

“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 6-сон