Озод Мўъмин Хўжа. Пахтакор (фантастик ҳикоя)

«Тўнғич» — пахтакор робот. «Оқ олтин» етиштиришнинг бутун машаққати унинг гарданида. Бир замонлар инсон қора терга тушиб, жазирама иссиқда кетмон билан, кейинроқ трактор ёрдамида қилган ишларни ҳозир у ўз зиммасига олган. Кузда ер ҳайдаса, эрта баҳор пайтида қиш бўйи дам олиб ётгаи тупроқии қайта юмшатади, эгат олади. Чигит экиб, ғўза ниҳоллари ниш уриб чиққунча тиниб-тинчимайди. Жажжи япроқчалар қуёшга интилиши биланоқ даладан нари кетмайди: бегона ўтларни йўқотиш, суғориш, дори, ўғит солиш — ҳаммасини ўзи бажаради.
Инсон «Тўнғич»га ҳеч қандай кўрсатма ёки буйруқ бермайди. Унинг ўз сунъий онги бор. Шароитга қараб вазифаларини қойиллатиб бажаравсради. Фикр юритиш ва мантиқ блокларида чегараловчи қурилмалар йўқ. Шунинг учун, баъзан программалаштирилмаган қарорлар ҳам қабул қила олади. Бу ҳол асосан ижобий натижа берганлиги сабабли ҳам инсон роботдан мамнун.
Мана, ҳозир айни йиғим-терим мавсуми. «Тўнғич» ярим кеча бўлишига қарамай ўз пайкали томон йўл олди. Теп-текис асфальтда айланаётган ғилдираклари уни олий мақсад сари олиб борарди. Аммо, ушбу дамда роботнинг сунъий онгида инсонларга хос бўлган безовталаниш уйғонганди. «Тўнғич» янги ясалган вақтида, фақат кўзда тутилган ишларни бажарар, ҳисоблаб чиқилган мантиқий хаёлларнигина сурарди. Вақт ўтиши билан чегараловчи қурилмаларнинг йўқлиги сабабли кўп нарсаларни мустақил идрок эта бошлади.
Унда атрофдаги воқеликлар, турмушдаги ўзгаришлар, одамларнинг ўзаро муносабатлари тўғрисида ҳам фикрлар пайдо бўларди. Булар ишга халақит бермас, аксинча ёрдам берарди…
«Тўнғич», безовталанишининг асосий сабаби деб, бир томондан, ремонт вақтининг одатдагидан кўпроқ чўзилгани, иккинчидан эса «Кенжа» маркали янги пахтакор робот яратилганлиги ҳақидаги хабарни онг кристалларига тушириб олганим, деб билди. Биринчиси, табиий нарса — ҳаёт қонунлари бутун табиатга тааллуқли. Тирик мавжудотлар каби машиналар ҳам улғаяди, ривожланади, ўзгаради ва ниҳоят эскиради. Одамлар буни қариш дейишади. Иккинчи ҳолни назарга олмаганда, робот учун унча қўрқинчли эмас. Чунки, керакли вақтда тегишли блоклар алмаштирилса бўлди, робот янгидек ишлайверади. Бироқ «Кенжа»нинг пайдо бўлгани умуман бошқа масала. Бу воқеанинг нималарга олиб боришини, фақат инсон нимани буюрса ўшани бажарадиган тўнка-темир роботларгина англамайди. Унга ҳаммаси аён. Айниқса, «Кенжа»нинг асосий характеристикалари ўзиникидан устунлиги бу масалани янада ойдинлаштиради. Энди «Тўнғич» нари борса бир ёки икки мавсум хизмат қилса керак. Кейин… Кейин нима бўларди, ахлатга улоқтирилади ёки металл сифатида эритиб юборилади.
Аммо «Тўнғич» – онгли робот. У ахлатга улоқтирилишни истамайди. Бунга ҳали вақт эрта. У инсонга ўз «ақли»нинг ҳозирги пайтда қандай даражада эканлигини кўрсатиб қўйиши керак. Ўтказилган тажрибага кўра, «Кенжа» «Тўнғич»га нисбатан ҳар гектар ердан тўрт центнердан кўп пахта етиштирган ва теримни аввалроқ тугатган экан. Бироқ, «Кенжа» ҳали чизилган доирадан ташқарига чиқолмайди. Мана шу ҳол «Тўнғич»га қўл келади. Унда резерв кучлар кўп. Масалан, ишлаш тезлигини ошириши мумкин. Ўттан мавсумда у бир оз каттароқ тезлик режимида ишлаб кўрган, бундан ўзига ҳеч қандай зиён-заҳмат етганини сезгани йўқ. Асбоблар ҳам мўътадил ҳолат ўзгарганини қайд қилишмаган. Бу имкониятдан албатта фойдаланнш керак. Агар чегараловчи қурилмани узиб қўйиб, тезлигини икки баробар оширса, «Тўнғич» бу мавсумда барча роботлар ичида биринчи бўлиб планни бажаради. Ана ўшанда робот техникаси инженерлари номи тилларга тушган «Тўнғич» феноменини ўрганишга киришишади. «Кенжа» билан алмаштириш ҳақида эса гап ҳам бўлмайди. Бир кунмас, бир кун, барибир, маънавий эскирганда ҳам, балки, уни ахлатга улоқтирмай, кўргазма тариқасида музейга қўйишар. Ким билади. Ҳарҳолда, ётиб қолгунча отиб қол, деган гап бор инсонларда.
«Тўнғич» ўз пайкалига етиб келди-да, сунъий кўзларини пахтазорга тикди. Қоронғи кеча оғушида лўппи-лўппи очилган пахта чаноқлари ойнинг ёруғ нурларида юлдузлардек жилоланиб турарди. Робот теримга тайёргарлик кўра бошлади. Биринчи павбатда тезликни чегараловчи қурилмани узди. Сўнг эгат бошига келиб, ўргимчаксимон узун механик қўлларини қатор ораларига жойлаштира бошлади. Улардан чиққан мосламалар ғўзани ўз қучоқларига олиб, бир тола ҳам пахтани қолдирмай териш имкониятига эга эдилар.
“Менинг “қўлларим” элликта эгатни эгаллайди. «Кенжа»нинг мосламалари, маълумотга кўра, саксонта ариқни қамрайди — фикрлади у. — Бу унинг устунлиги. Лекин тезлигимиз бир хил. Унинг пахтани парвариш қилиш қобилияти ҳозирги долзарб пайтда унчалик муҳим эмас. Шунииг учун, тезлигимни икки баробар оширсам, уидан кўра кўпроқ пахта теришим шубҳасиз».
«Тўнғич» теримни бошлади. Оппоқ, момиқ пахталарнинг катта бункерига тўкила бошлаши унииг ниятларига умид бахш этди. Ҳа, ғалабага шубҳаланмаса бўлади. У тезлигини эҳтиётлик билан ошира бошлади. Пахтанинг тушиши кўпайди. Механик ва кибернетик аъзоларнинг ишлаши бир маромда. Ҳеч қандай хавф йўқ. Робот тезликни яна кўпайтирди. Ҳаммаси жойида. Фақат қаеридадир енгил тиқиллаш пайдо бўлди. Йўқ, бу муҳим эмас, асосийси пахта чала терилмаса бас. У ортида қолаётган ғўза тупларини ёритди. Бир мисқол ҳам қолмаяпти. Демак, ишлар зўр. У яна дадиллик билан тезликни ўзи кўзлаган маррага етказди. «Аъло! Буни қара, робот техникаси мутахассислари шундай ажойиб имконият мавжудлигини ҳисобга олишмабди. Энди, безовталанишга ўрин йўқ.
Марра «Тўнғич»ники!.. Етиб ол, “Кенжа”!
У катта тезликда ишлар, унда-бунда қолиб кетаётган пахталарни пайқамасди. Баъзи механизмлари зўриқаётганини билдирувчи асбоблар хабарини эса ғалабага бўлган иштиёқ босиб кетарди. Олға, фақат олға! Ҳаёт — ирода ва ақл пойгаси. Бу пойгада ғолиб чиққанларнинг ошиғи олчи!..
Шу пайт бирданига роботнинг механик қўллари бўйсунмай қолди. Ғилдираклари ҳам айланишни тўхтатди. У қандай ҳодиса рўй берганини дарҳол тушуна олмади. Бир неча дақиқа ўтгачгина аҳволни англади. Англади-ю, лекин онги қоронғуликка чўмди. У ўзининг турли томонларидан ачимсиқ тутун чиқаётганини сезмади ҳам…

* * *

Эртаси куни эрталаб, «Пахтакор роботлар институти»нинг илмий ходими ўз лабораторияси бошлиғининг хонасига кириб келди.
—  Тажрибамиз муваффақиятли якунланди, — деди у, бошлиққа ҳисоб бераркан, унинг олдига компьютерлар томонидан “Тўнғич”нинг фикрлари ёзиб олинган қоғозларни қўйди.
Бошлиқ ахборот билан танишар экан, илмий ходим сўзларида давом этди:
— «Тўнғич»нинг бутун хатти-ҳаракатлари, фикрлари биз кутганимиздек бўлиб чиқди. «Кенжа» ҳақидаги ёлғон ахборотимиз ўз натижасини берди. Биз бу тажрибани уч нафар “Тўнғич”да ўтказдик. Ҳаммасида натижа бир хил. Хулоса шуки, ушбу маркадаги роботларда хали анча имкониятлар мавжуд. Янги “Кенжа”ни яратиш учун куч ва маблағларни сарфлашга ўрин йўқ! Демак, «Тўнғич» пахтакор роботларини бир оз такомиллаштириб, уларга барча пахта майдонларини ҳар қандай вазиятда ҳам ишониб топширсак бўлади. Бунинг учун расмий кўрсатма берилсагина кифоя.
—  Яхши, буйруқ тез орада эълон қилинади. Сизни муваффақият билан табриклайман.
Лаборатория бошлиғи илмий ходимнинг қўлини қисиб қўйди-да, сўради:
—  «Тўнғич»лар қандай аҳволдалар?
—  Уларни тузатишдан кўра, ахлатга улоқтириб юбориш арзонроқ тушади.
—  Майли, шундай қила қолинг!