Озод Мўъмин Хўжа. Ҳазрат Саййид Амир Кулол

“Во, дариғ! Ҳазрат Сайид Амир
Кулолнинг мартабалари онқадар
улуғки, бу Маккаю Мадинагача
шоён, аммо ўз юртдошлари
бундан бехабар!”
“Мир Кулол мақоматлари”, Мавлоно Шаҳобиддин

Бир пайтлар мен Ватанимиз тарихини ўрганиб, унинг ўтмишдаги буюк кишилари ҳақида қизиқиб маълумотлар тўплаб юрар эдим. Шундай кунларнинг бирида савол уйғонди: “Нега Ўзбекистоннинг – жуда кўп азиз-авлиёлар ўтган диёрнинг – адабиётида шундай улуғ зотларга бағишланган бадиий асарлар йўқ. Агар бу улуғ кимсалар бошқа мамлакатларда, масалан, Европада, яшаган бўлганларида, улар ҳақида китоблар ёзилган, фильмлар ишланган, бутун дунёга мана бизнинг аждодларни кўриб қўйинг, деб жар солинган, хуллас, бу зотларнинг шахси қанчалар улуғланган бўларди…”, деб ўйладим. Ва шу йўналишда ҳам ижод қилишга жаҳд қилдим.
Қўлингиздаги тарихий қисса менинг бу йўлдаги биринчи қадамимдир. Бу асарда оддий нуқтаи назар билан қараганда фантастик, ақл бовар қилмайдиган ҳолатлар кўп. Ёзувчи асли ўзи фантаст эди, шунинг учун роса бўрттрибди-да, деган хаёлга борманг. Бу асардаги асосий воқеалар барчаси тарихий манбалардан олинган. Ўзим ҳам аввалига замонавий жаҳон хаёлот адабиётида учрайдиган бундай воқеаларни фантастик тўқималар сифатида қабул этгандим. Аммо тарихда ўтган жуда кўп азизлар ҳаёти билан танишгач, Оллоҳ ўзига жуда яқин бандаларига оддий инсонларга хос бўлмаган, биринчи қарашда ғайритабиийдек ва ақл бовар қилмайдигандек туюладиган хислатлар беришига ишонч ҳосил қилдим. Ва ғарб фантастлари шарқ тарихий адабиётидан анча нарсалар ўрганишган экан хулосага келдим. Мен қиссани баён қилиш жараёнида ана шундай ҳолатларни илмий ва фалсафий томондан асослашга ҳаракат қиламан, зеро инсон ҳеч нарсани кўр-кўрона қабул қилиши керак эмас.
Ушбу асарни битишим учун менга маълумот тўплашга ташкилий ва бошқа ёрдамлар кўрсатган Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига, унинг Бухоро вилояти бўлимига ҳамда Бухоро Технология институти, фалсафа кафедраси мудири, ажойиб олима Гулчеҳра Наврўзовага ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан.
Муаллиф.

1. УЛУҒ ЗОТНИНГ ТУҒИЛИШИ

Милодий 1288 йил. Ноябрь ойи. Куз фасли охирлаб, қиш иқлим тизгинини ўз қўлига олай деб турган палла. Бухоро атрофларидаги далалардан, боғ-роғлардан ҳосиллар териб олиниб, ерлар ҳайдалаётган давр. Шамоллар кучайиб, ёмғир томчилари муздек-муздек найзалари билан юзга санчилади-ган кунлар.
Бу пайт Бухорода қайта ҳаёт қайнай бошлаганига энди етти-саккиз йил бўлганди. Бундан ўн беш йил илгари, Эронда ҳукмронлик қилаётган мўғул – чингизий, Жўчи авлоди Хулагухоннинг Чиғатой авлоди Олғухонга қарашли Мовароуннаҳрга қилган босқини ва қирғинбароти натижа-сида шаҳар харобага айланиб қолганди. Аммо бу маскан қутлуғ эканми, барибир, олти-етти йил мобайнида кимсасиз ётган шаҳар яна қайта одамларга тўлди. Ҳунармандлар иш бошладилар. Дўконлар очилди. Қаровсиз боғларга янги миришкорлар келди. Бозорларда савдо-сотиқ жонланди. Карвонлар қатнови изга тушди. Атроф далалардан деҳқонлар етиштирган маҳсулотларини, касб эгалари эса рўзғорбоп буюмларини олиб келишни ва шаҳардан ўзларига керакли газлама, кийим-бош ёки бошқа зарурият молларини олиб кетишни давом этдира бошладилар.
Маънавий ҳаёт ҳам жонланди. Мактабу мадрасаларда ўқувчи ва талабалар чанқоқлик билан илм-фан булоқларидан сув ича бошладилар. Мусулмонлар ҳам ибодат учун масжидларга чиқишар, уламолардан амри-маъруф, ўгитлар эшитишар, кейин уларни оила аъзоларига етказишарди.
Шу кунларда Бухоро шаҳридан унча узоқ бўлмаган Сухор қишлоғи аҳолиси яхши бир янгилик кутмоқда эди. Сабаби, бир неча ой илгари, Бухорога келиб истиқомат қилаётган, асли тошкентлик бўлган, улуғ уламолардан, Ҳазрат Занги отанинг халифаларидан (яъни, ўринбосарларидан), иршод (яъни, пир, муршид) даражасидаги Ҳазрат Сайид Аҳмад Ота (уни Бухорода Ҳазрат Сайид Ато деб аташарди) ўз дўстининг, шу қишлоқлик кулол – Амир Ҳамза хонадонига ташриф буюриб, бир янгиликни башорат қилганди.
Улар анча йиллар илгари Бухоро шаҳрида учрашиб қолиб, кўнгил-кўнгилга тўғри келганми, жуда қадрдонлашиб қолишганди. Ўшанда Ҳазрат Сайид Аҳмад Ота қадимги Шош – ҳозирги Тошкентдан эканлигини, Бухородек муқаддас жойни зиёрат қилгани келганини айтганди. Шаҳарни озми-кўп яхши биладиган Амир Ҳамза унга бу масканнинг диққатга сазовор жойларини, азиз-авлиёларнинг мақбарала-рини, масжид-у мадрасаларини кўрсатганди.
Ушбу осори-атиқаларни зиёрат қилиш асносида, Сайид Аҳмад Ота бухоролик уламолар билан танишиб, улар ўртасида ҳам ўзининг илми, хислатлари ва зеҳни-фасоҳатини кўрсатди. Натижада улар бу зотдан шаҳарга тез-тез қадам ранжида қилиб туришни сўрашди. Чунки, ёввойи мўғул Хулагухон босқини оқибатида бу муқаддас заминда оқилу ориф кишилар камайиб кетганди.
Ва охир-оқибат, улуғ уламолар бу Ҳазратнинг улкан билимга эгалигига тўлиқ ишонч ҳосил қилишиб, Бухорода турғун яшашга ундашганди.
Ўшандан бери Амир Ҳамза ва Сайид Аҳмад Оталар яқинлик ришталарини узишмас, бир-бирлариникида меҳмон бўлиб турардилар. Кулол ўз сопол буюмларини сотишга шаҳарга олиб борганда, бўшаши билан, албатта Ҳазрат Сайид Ота ҳузурига кирар, бирга намоз ўқир, илмий мунозаралар қиларди. У – хат-саводли, китоб ўқишни севар ва ғоят покдомон эди. Охирги ташрифида, у Ҳазратдан гина қилди.
– Мен, Бухорога ҳар галги ташрифимда сизни зиёрат этаман, сиз ҳам бир менинг хонадонимга борсангиз, уйим нурга тўларди. Шаҳар ҳавоси диққинафасроқ. Қишлоғимиз эса кенг ва боҳаво – тўйиб нафас олиб, ҳордиқ чиқариб келасиз.
Шунинг учун, унча совуқ бўлмаган, охирлаб қолган қиш кунларининг бирида, бомдод намозини ўқигач, Ҳазрат Сайид Аҳмад Ота бир халифаси билан от миниб, Амир Ҳамза кулолнинг хонадонига кириб келди.
Амир Ҳамза уларни хуштавозе кутиб олди. Хонадонининг кенг уйига жой қилдирди. Меҳмонлар кўрпачаларга ўтириб, қуруқ мевалардан тайёрланган шарбатдан бир пиёла – бир пиёла ичишгач, Ҳазрат Сайид Ота сўз бошлади.
– Амир Ҳамза! Қишлоғингизга кириб келар эканман, қалбимга бир ишорат келди. Айбга буюрмайсиз ва густоҳлик санамайсиз – яқин кунларда Яратганимиз сизнинг хонадонингизга бир ўғил фарзанд ато этади. Ва у келажакда буюк инсон бўлиб етишади. Унинг исмини Амир Калон деб қўйинг! Бу фарзандингизнинг Оллоҳ таоло йўлида қиладиган мукаммал хизмати бутун жаҳонга катта таъсир ўтказади.
Ҳазрат Сайид Аҳмад Отага Оллоҳ таоло томонидан бўладиган воқеаларни олдиндан сезиш ва одамларнинг фикрини эшита олиш хислати берилганди. Шунинг учун, у лозим топганда, яхшиликлардан инсонларни бохабар қилиб, зарур маслаҳатлар бериб турарди.
Ҳақиқатдан ҳам бу мужда яқин бир ойда ижобат бўлди. Ҳазрат Сайид Аҳмад Отанинг башоратли гаплари тез кунларда бутун қишлоққа тарқалди ва шу куз кунларида, барча қандай чақалоқ туғилар экан деб, худди катта байрамни кутаётган одамлар кайфиятига тушиб қолган эдилар.
Амир Ҳамза кулолнинг аёли ҳам бу ҳомиласининг жуда бошқача эканлигини сезарди. Бир марта у эрига айтди:
– Бу фарзандимиз жуда антиқа! Анави куни қўшнимиз чиқарган таомдан озгина тотингандим, кўкрагим остида кучли оғриқ пайдо бўлди. Хушимдан кетаёздим. Кейин тушундимки, бу ҳол қорнимдаги боланинг шубҳали овқатга жавоби экан.
Амир Ҳамза ҳам аёли ҳомиласининг ой-кунини қандай-дир завқ ва улкан умидлар билан пойларди. Аммо бу нарсани очиқ-ойдин кўрсатмас, фақат намозларида Оллоҳдан фарзан-дининг эсон-омон туғилишини сўрарди.
Ва ниҳоят, айтилганидек, 1288 йилнинг 30 ноябрь куни Амир Калон деб исм берилган, бутун дунёга эса Ҳазрат Сайид Амир Кулол номи билан маълуму машҳур бўлган ўғлон ёруғ оламга кириб келди. Бухоро яқинидаги Сухор қишлоғининг аҳолиси кулол Амир Ҳамзани табриклагани ошиқдилар. Бир неча кун ўтгач, ота ажойиб келажаги бор ўғлига атаб ақиқа оши берди.

* * *

МУАЛЛИФ ИЗОҲИ (№1)
Мен Ҳазрат Сайид Амир Кулол мақбараларини биринчи бор 2002 йил 10 май куни зиёрат қилдим. Оллоҳга ва бу зот руҳига атаб қуръон ўқидим.
Ўшанда, ўз машинамда Бухорога, аниқроғи Когонга, хизмат сафари туфайли кетаётган эдим. Қишлоқ йўлидан тезликни камайтириб, секинроқ юришга тушгандим. Тўсатдан ўнг томонимда мақбарага кўзим тушди. Бино пештоқига “Ҳазрат Сайид Амир Кулол” деб ёзиб қўйилганди. Онгимга ярқ этиб фикр урилди: “Зиёрат қилмайсанми?” Тижорат бўйича ҳамкорим – самарқандлик йигит Давлат Турсуновга қарадим:
– Зиёрат қилиб чиқайлик!
– Майли, – рози бўлди у. – Яхши бўлади.
Машинани тўхтатиб, бир чеккага қўйдим. Эҳтиёт шарт, салондаги ҳужжатларни ўзим билан олмоқчи эдим, у тўхтатди.
– Бу ерларда ҳеч ким бировнинг нарсасига тегмайди! – хабар берди у.
Бу ажойиб, яхши тарбия кўрган ва насабли инсон – Давлат Турсунов билан бизнес соҳасида анача йил ҳамкорлик қилдик.
Биз эшикдан катта саҳнли ҳовлига кирдик. Чап томонда олди очиқ айвонли масжид. Ўнг томон боғ. Ўртада узун йўлка. Биз бу йўлкадан юриб бориб ўнгга қайрилдик ва йигирма қадамлардан сўнг чапга бурилдик. Тўғримизда бизни янги қурилганлиги билиниб турган маҳобатли мақбара кутиб турарди.
Паст қисми озгина ерга ботган, юқори қисмига кенг зина билан чиқилади. Ўртада биргина хона, атрофи устунли очиқ айвон. Тепасида зангори гумбаз. Архитектура – исломий, аммо Ўзбекистонона эмас. Биз ичкарига кирдик. Хона ўртасида қабртош. Атрофига атлас кўрпачалар ёзилган. Тўрда асосан дин арбоблари киядиган кул ранг чопонли, салла ўраган йигит ўтирибди.
– Марҳамат, келинглар! – деди у.
Биз кўрпачаларга чўкдик. У тиловат қилди. Юзимизга фотиҳа тортдик.
– Биз ўзимиз ҳам ўқиймиз, майлими? – сўрадим мен ундан.
– Агар, истасангиз, пастда ҳақиқий қабрлари бор. Ўша ерга тушиб ўқий қолинглар! – деди у.
Биз раҳмат айтиб, ташқарига чиқдик-да, мақбаранинг ён томонидаги зинадан пастга тушдик ва қабр олдига қўйилган ўриндиққа ўтириб, аввал мен, кейин Давлат Турсунов қуръон тиловат қилдик. Савобини Оллоҳга ва Ҳазрат Сайид Амир Кулолга бахшида қилдик. Ва Мавлои Раҳмондан ишларимизга омад, ҳаётимизга нур сўрадик. Мен Ҳазратдан дуо сўрадим.
Кейин ташқарига йўналдик. Яна ўша узун йўлка бўйлаб ташқарига чиқа бошладик. Масжид олдидаги айвонда одамлар пайдо бўлишибди. Кўринишдан шу ерликлар. Улар билан саломлашиб ўтар эканмиз, бир киши сўраб қолди.
– Мақбара сизларга ёқдими?
– Жуда ёқди! – дедим мен, – Фақат, айтингчи ким қурган уни? Унча ўзбекча эмас.
– Бу мақбарани, барака топишсин, уч-тўрт йил олдин, покистонликлар келиб, бировдан бир тийин сўрамай қуриб кетишган – деди у.
Шундагина тушундим, архитектура Ҳинд ўлкаси мусулмонларининг меъморий санъатига ўхшашлигини. Ва, ўйладим: “Ҳазрат Сайид Амир Кулолни Покистонда шунчалар эъзозлашар экан, унинг ҳурмати, обрў-эътибори бор экан, у ерларда маълум-у машҳур экан, нега бу зот ҳақида биз деярли ҳеч нарса билимаймиз?..”

Китобнинг тўлик версиясини сақлаб олинг