Озод Мўъмин Хўжа. Шаҳарда ким бор? (фантастик ҳикоя)

Осмондаги булутлар қаерда яхши кўринади? Шаҳардами ё қишлоқдами? Албатта қишлоқда! Тунги юлдузлар қаерда яққол, қўл узатсангиз етгудай бўлиб нур сочади? Албатта қишлоқда ёки тоғда ва чўлда! Шаҳарда уларни кўриб бўбсиз! Куппа-кундуз куни булутларни базўр ва ғира-шира илғайсиз-ку! Сиз қаерда яшашни хоҳлайсиз? Биламан, қишлоқда! Лекин, бунинг баъзи бир шартлари бор. Айтайлик, уйингизда ҳеч қачон чироқ ўчмаслиги, ҳамиша иссиқ сув бўлиши ва сердаромад ишга эга бўлишингиз лозим. Ана шунда, қишлоқда яшашга нима етсин! Кенг далалар, зангори осмон, серсоя дарахтлар, зилол сув оқадиган ариқлар ва ғир-ғир эсаётган шабада! Қандай маза!
 Афсуски, мен шаҳарда туғилганман. “Дом”да яшайман. Тағин, темир-бетонлисида. Ёзда исиб кетади – димиқасиз. Қишда минг ҳаракат қилинг, турли иситгичларни ёқинг, иситолмайсиз ва дийдираб ўтирасиз. Тепа қўшнингизнинг боласи югурса, шипингиз дўпирлайди – қўрқиб кетасиз. Уйингизга кириб олсангиз, ташқарига чиқишингиз амри маҳол. Кийим алмаштиришга эринасиз. Лекин, бу уйнинг бир ажойиб томони бор. Қўшниларингиздан бири шалтоқ ва тозалик нималигини билмайдиган бўлса, тунда ошхонангизга мўйловларини қимирлатиб, ҳаётингизга қандайдир бўлса ҳам мазмун бағишлаб, суваракжонлар ёпирилишади. Бечоралар егулик қидиришади. Қўшнингиз яхши боқмаса керак-да! Ҳа, қурумсоқ, суваракни кўпайтирганингдан кейин ўзинг боқ-да! Нима қиласан, меникига юбориб? Қишлоқда ҳамма қўй ёки мол боқса, биз на гўшт, на сут берадиган таракан боқамиз. Хуллас, баъзилар шаҳар, шаҳар, шаҳар яхши дейди-ку, бу ерда яшаш соғлиққа жуда зарар. Айниқса, асаб системасига.
 Энди, асосий воқеага ўтамиз. Кириш қисми тугади.
 Бир куни, тоқатим тоқ бўлиб, шаҳарни тарк этишга қарор қилдим. Қолган умримни бир гўзал қишлоқда, фақат ижод билан ўтказиш орзусига тушдим. Бунга аёлимни ҳам кўндирдим. Нимагадир, кўнди. Асли қишлоқни ёқтирмасди. Тинч, осуда ҳаётнинг қадрига етиб қолибди, шекилли. Турмуш қуриб, алоҳида бўлиб чиқиб кетган фарзандларим ҳам хурсанд бўлишди. “Жуда соз! Шанба, якшанба қишлоққа бориб, маза қилиб, янги соғилган экологик тоза сут ичамиз. Ўтлоқда думалаймиз, сойларда чўмиламиз! Болаларимиз кенгликларда чопиб хумордан чиқишади!..”, дейишди.
 Танишларимдан суриштирдим. Қайси қишлоқни танлай экан? Ҳаммадан ҳар хил маслаҳат чиқди. “Чўлга яқинроқ қишлоқ танланг! – деди асли мирзачўллик дўстим. – Чўлдан гўзал манзара борми бу дунёда! Сиз барибир тракторчилик қилмайсиз. Чўл ҳавосидан баҳра олиб, “Чўли ироқ”ни эшитиб, ижод билан шуғилланиб юраверасиз!”
 “Тоққа нима етсин! – деди хумсонлик оғайним. – Мен ҳар гал қишлоғимга борганимда, шаҳарга кетганимга афсус қиламан. Аммо, ишим шаҳарда-да! Қайтишга илож йўқ! Ижодкорга илҳом қаерда келади, биласизми? Фақат тоғда! Истасангиз, яхши ҳовли бор, гаплашиб бераман.”
 Бошқа бир дўстим Сирдарё бўйидаги Чиноз деган жойда туғилган эди. “Сиз тўппа-тўғри Чинозга йўл олинг, ҳавоси зўр, дарё бўйи, балиқлар сероб! Биласизми, японлар кўп балиқ ейишгани учун юз йил умр кўришади!..”
 Хуллас, таклифлар кўп бўлди. Хаттоки, Гурлан, Қўнғирот ва Учқудуқларгача чақиришди.
 Мен эса, ўйлай, ўйлай… биласизми, қаерни танладим? Айтмайман!..
 Ҳа, майли, кўнглим бўш, сирни очақолай: Чирчиқ дарёси бўйидаги бир қишлоқдан жой олдим. Бир ёғим Ғазалкент шаҳри, бошқа томоним Чирчиқ шаҳри. Эрталаб, ўрнимдан турсам, ҳаво шунақанги тиниқки – сув қилиб ичсангиз бўлади. Ҳовлимда ўсаётган ўсимликлар, дарахтлар менга табиат қўйни қандай гўзаллигини таъкидлашади. Деразани очиб қўйиб, қушларнинг чуғурини эшитиб, асарлар ёзишга тушдим.
 Лекин, қувончим узоққа чўзилмади. Уч-тўрт кунда бу ердан хафсалам пир бўлди. Сабаби, яқинимдаги катта трассада, бетиним – эрта-ю кеч машиналар қатнар экан. Кимдир сигнал чалган, кимдир қаттиқ тормоз берган, ғир-ғир қатнов шовқини. Хуллас – бу шароит асло ёқмади. Наилож, тарк этдим, бу сўлим гўшани.
 “Дом”имга қайтиб, бошқа қишлоқ излай бошладим. Ниҳоят, бир таклиф маъқул тушди. Янгийўл томонда, катта трассадан узоқда, бир ажойиб қишлоқ бор экан. Беш-ўн кунлик озиқ-овқат ғамлаб олсангиз, тинч яшайверар экансиз. Ҳеч ким безовта қилмас экан. Машиналар қатнови ҳам йўқ, ҳаво ҳам мусаффо, одамлари содда, тўпори, тоза кўнгилли – барчаси деҳқончилик ёки чорвадорлик билан кун кечиришар экан. Экологик сут, қатиқ ва гўшт бемалол. Пул бўлса бўлди. Бироқ, биласизми, бу жой ҳам икки ҳафтада ёқмай қолди. Сабаби, ярим кечагача ишлайман, уйқуга тўйиб улгурмасимдан, тонг ҳам ёришмасдан хўрозлар қу-қу-қулаб уйғотадилар, моллар мўърашади, қўйлар маърашади. Эшаклар эса… Айтмай қўя қолай. Бу ҳам майли, айниқса улардан тараладиган ҳид жуда ўзига хос экан. Ўрганолмадим. Ниҳоят, бу ифор франциялик атиршуносларнинг асло эътиборини тортмаган бўлса, менга не керак, деган фикрга келдим. Бундан ташқари, интернет йўқ. Жаҳондаги энг охирги янгиликлардан бехабар юраберасиз. Тушунгандирсиз… тез орада бу қишлоқ ҳам мен учун тарихга айланди.
 Шундан сўнг, трассадан узоқ, интернети бор, яқинида мол-қўйлари йўқ, лекин баҳаво, табиати гўзал қишлоқ ахтара бошладим. Жуда бахти кулган одамман-да, кўп ўтмай, шундай маскан топилди! Қаерда бор экан бундай антиқа, ҳар қандай инжиқ одамнинг талабларига жавоб берадиган қишлоқ, деб ўйлаётгандирсиз? Албатта, ҳайрон бўласиз! Аммо, шундай маскан бор экан!
 Топилиш воқеаси қуйидагича рўй берди.
 Тунда, биласизки, деярли барча ухлайди. Фақат софдил қоровуллар, масъулиятли навбатчи шифокору ҳамширалар, посбонларимиз – милиция ходимлари, ўт ўчирувчилар, тўй ўтказиб келиб, қистирилган пулларни қайта-қайта санаётган ва бўлишаётган қўшиқчи санъаткорлар дам олиш нималигини билмай, тонггача бетиним меҳнат қиладилар. Кейин, то пешингача пишша-пишша ухлайдилар.
 Мен, бу санаб ўтилган меҳнаткашлар сирасига кирмайман, шунинг учун миқ этмай ухлаб ётгандим, кимдир келиб уйғотди. “Одамзот! Тур ўрнингдан, уйғон!” Ким экан бу менга мурожаат қилаётган кимса, деб ҳайрон бўлдим. Ёнимдаги тумбада турган соатга қарадим: 3:47! Қўлимни узатиб, торшернинг ёқгичини босдим. Хона ёришди. Не кўз билан кўрайки, шундоқ қаршимда стулда бир ғалати, одамга ўхшаш хилқат ўтирибди. Аввалига қўрқдим. Бир неча сониялардан сўнг англадим: ахир бу кимса ўғри эмас, умуман Ер одами эмас! Ўзга сайёралик! Ва унга сўз қотдим.
 – Ҳа, оғайни! Нима гап? Нега уйимга кириб олиб, мени уйғотяпсан?
 – Мен, билиб қўйгинки, инсон орзуларини амалга оширувчи фирманинг вакилиман. Сенинг буюртманг бўйича келдим.
 – Нега тунда келасан? Ахир, ухлаяпман-ку! Бу – биринчидан! Иккинчидан, мен сизнинг фирмангизга буюртма бермаганман!
 У жилмайди. Ҳар ҳолда, сал бошқачароқ юз ифодасида шунга ўхшаш ўзгариш рўй берди.
 – Одамзот, сен албатта расман мурожаат қилганинг йўқ. Биз ҳеч қачон расмий мурожаатлар бўйича ишламаганмиз. Ҳаёлингдаги орзу бутун коинотга тарқалиб кетган. Ўзинг, бу ҳақда деярли бутун дунёга жар соляпсан. Биз эшитдик. Вақт топиб, мана, мени юборишди. Кундуз кунги иш соатларимиз барчаси банд. Шунинг учун, узр сўрайман, тунда безовта қилганимга!
 Мен аста-секин ўзимга келиб, уйғона бошладим. Бошим сал тетикроқ ишлай бошлади. Калавотдан туриб мен ҳам ўтириб олдим-да, савол бердим.
 – Хўш, ўзга сайёралик фирма вакили, исминг нима? Сени қандай чақирай?
 – Менинг исмимни айтиш тилингга қийинчилик туғдиради, шунинг учун, оддийроқ қилиб, “Орзувакил” деб айтақол.
 – Яхши Орзувакил, бўлмаса жавоб бер-чи, сен қандай қилиб, кўнглимдагидек қишлоқ топиб бера оласан?
 – Ҳа-ҳа-ҳа! – кулди у. – Хавотир олма. Топиб бера оламан!.. Бу менга асло чўт эмас. Лекин, менинг шартларимни бажаришинг керак!
 – Вой! – дедим мен. – Мен сени чақирмадим. Ўзинг келдинг. Яна менга шартлар қўясанми?
 – Ҳа, қўяман! Чунки, менинг бунга ҳаққим бор! – кескин жавоб берди Орзувакил.
 Мен албатта қизиқдим.
 – Орзувакил! Қандай ҳаққинг бор? Ва бу ҳақларни сенга ким берган?
 – Бу ҳақларни менга фирмамиз хўжайини берган, тушундингми? Ҳаққим эса жуда кўп ишлар қилишга бор! Хаттоки, сен шартларимга кўнмасанг, жазолай ҳам оламан!
 – Ё, товба! – ҳайрон бўлдим. – Бу зот ўзлари уйимга тунда берухсат келиб, уйғотиб, орзуингни амалга ошириб бераман, деб ваъда берадилар-да, ва кейин шартлар қўядилар. Шундан сўнг, бу шартларни бажармасам, жазолайман, деб қўрқитадилар! Яхшиси, орзуимдан кеча қолай. Шу “дом”имда қанча йил яшадим, яна яшайбераман.
 – Одамзот! Орзудан воз кеча олмайсан. Кеч бўлди. Буюртма фирмамиз каталогига киритилган. Уни ўчириб бўлмайди. Агар, орзуимдан воз кечаман, деб туриб олсанг, ҳаёт жараёнинг тўхтатилади.
 Мен эсхонам чиқди.
 – Нега, ҳе йўқ, бе йўқ, ҳаёт жараёним тўхтатилар экан?!
 – Чунки, орзуларини тугатган одам ўлади! – жавоб берди Орзувакил. – Унинг Ер юзида яшашга ҳаққи йўқ! Инсон ҳамиша орзу билан яшаши керак.
 Мен чуқур хўрсиндим.
 – Майли, орзуимдан воз кечмайман. Шартларингни айта қол.
 – Шартлар жуда оддий. Қўрқмасанг ҳам бўлади. Биз ҳеч кимга оғир шартлар қўймаймиз. Булар – барчанинг қўлидан келади!
 – Ростданми? – жонландим мен. – Асло қийналмайманми?
 – Йўқ! Жуда оддий ишлар!
 – Қани, айт, бўлмаса!
 – Биринчи шартим: ташкилотингни кенгайтириб, у ердаги иш кўламини оширишинг лозим.
 Мен жилмайдим.
 – Вой, ўзимнинг мўлжалим ҳам шунақа эди! Иккинчиси нимадан иборат?
 – Хўш, кейинги шартим шуки, бизнес ишингда ўзингга яна янги соф виждонли ходимлар ва ишчилар ол!
 – Ҳа-ҳа-ҳа! – кулдим мен. – Бу ҳам навбатдаги босқичдаги ишим-ку!
 – Учинчи шарт, охиргиси: ижодга кўпроқ аҳамият бер, кўпроқ вақт ажрат!
 – О, бу мен учун жуда нозик масала! – дедим мен. – Бир томондан ташкилотимнинг ишлари кўп, бизнесимга катта меҳр-муҳаббатим бор. Янги-янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга шайланаяпман. Иккинчи ёқдан, ижодим, бу менга борлиқ томонидан топширилган вазифа! Қани, вақтим мўл бўлса! Яхши-яхши, одамларга манзур бўладиган, уларга маънавий ёрдам берадиган асарларни кўпроқ ёзсам!
 Орзувакил менга жиддий боқди. Ва сўради.
 – Нега, ташкилотинг ишларини ташлаб, қишлоққа кетишни орзу қилдинг, унда?
 – Сабаби, мен ўзимни синаб кўрмоқчи эдим. Фақат ижод қиламан деб мўлжаллагандим. Афсуски, ташкилотим ишларисиз яшай олмас эканман. Энди тушундим. У ерни ўпоқ, бу жойни сўпоқ, деб шаҳарга қайтиб келишимга ҳам шу қалбим тубидаги истак сабабчи экан! Мен фақат ижод билан яшай олмас олмас эканман.
 – Унда, мен ўзимга берилган ваколатдан фойдаланиб, сенга бир яшаш вариантини таклиф қиламан.
 – Қандай?
 – Сен тўрт кун шаҳарда яшайсан, ташкилотинг ишлари билан машғул бўласан. Кечқурунлари ижод уммонига шўнғийсан. Қолган уч кунда мен сенга тоғ янбағридаги мол-қўйлари камроқ, хўроз қичқирмайдиган қишлоқдан жой топиб бераман. Жума куни у ерга кетиб, уч кун ва уч кеча тўлиқ ижод билан шуғилланасан. Душанба куни шаҳрингга қайтасан, бўладими?
 – Қачон дам оламан? – сўрадим мен.
 – Сен дам олиш учун эмас, ишлаш учун яратилгансан! – жавоб берди у ва сўради. – Ижод сен учун дам эмасми? Шу жараёнда яйрамайсанми?
 – Гапинг тўғри… Жуда яйрайман. Бир асарни кўнглимдагидек қилиб ёзолсам, мендан бахтли одам бўлмайди! – сўз қотдим мен.
 – Одамзот, мана сенга манзил! – у менинг қўлимга қаердандир пайдо бўлиб қолган қоғозни тутқизди. – Шу қишлоққа борасан. Бир боғли уй сенга маҳтал бўлиб турибди. Сотиб ол. Мўлжалингдаги нархда. Бу жой сенга аталган. Шунинг учун, қачондан бери эгасини топмаяпти. Буюрсин! У ерда яхши асарлар ёзасан!
 – Раҳмат! – дедим мен. – Шартларинг менинг ниятларимга мос келар экан. Уларни албатта бажараман. Фирмангиз директорига ҳам миннатдорчилигимни билдириб қўй!
 – Хўп бўлади, – деди у. – Албатта етказаман.
 – Айтгандай, қайси сайёрадансан?
 – Сайёрамиз жуда олисда. Уни ерликлардаги энг охирги, Хаббл телескопига ўхшаш қурилмалар орқали ҳам кўриб бўлмайди. Номини сўрамай қўяқол. Бу, барибир, сенга ҳеч қандай ахборот бермайди.
 – Шунчалик олисда бўлсангиз, менинг орзуимни қандай эшитдингиз?
 – Сенга бир сирни очаман. Бизнинг сайёрамиз жуда ғаройиб. Инсоният ривожини кузатиш сайёраси. Махсус. Ҳар бир инсоннинг қалбидаги орзу-ниятлар, хаттоки оҳ-фиғонлар сайёрамиздаги Суперкомпьютерга етиб келади, унда таҳлил қилинади ва икки фирма директорига жўнатилади.
 – Нега иккита?
 – Чунки, фирма иккита: бири бизники – “Инсон орзуларини амалга оширувчи”, иккинчиси – “Инсон оҳ-фиғонларини кўриб чиқувчи”. Англадингми?
 – Ҳа, фақат бир нарсани тушунмадим?
 – Нимани?
 – Масофа шундай чексиз олис бўлса, қалбимиздаги фикрлардан пайдо бўлаётган жуда кучсиз электромагнит тўлқинлар қандай қилиб сайёрангизга етиб боради? Ўзинг ҳам қандай қилиб, ўша ердан ғир этиб келиб, ёпиқ эшик ва ёпиқ деразаларни писанд қилмай уйимга кириб олдинг?
 – Одамзот! Наҳотки, тушунмасанг? Қалбдаги электромагнит тўлқинлар инсоннинг назарида кучсиз. Аслида, у коинотда баралла эшитилади. Мен эса сендек вужудга эга эмасман. Ҳозир шу шаклга кирдим. Аслида мен электромагнит майдонман. Ёруғлик тезлигида ҳаракатланаман. Мен учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ!
 – Ҳа, энди англадим, – жилмайдим мен.
 Орзувакил ўрнидан турди. Яқин одамлардек, ҳазиломуз, сизлаб сўз қотди.
 – Тақсир! Энди, менга рухсат беринг! Кетишим керак. Ишлар жуда мўл!
 – Орзувакил! Шошмайтур, бир-иккита саволим бор!
 – Майли, бер. Фақат иккита. Тез ва қисқа жавоб бераман.
 – Биринчи саволим шуки, иккинчи фирма қандай ишлар билан шуғилланади?
 – У жабрланганларга ёрдам беради, ўша вақт учун энг мақбул ҳаракат йўлларини кўрсатади. Ва зулмкорларга жазо операцияси тайёрлайди.
 – Вуй! – қўрқиб кетдим. – Сизларда жазо отрядлари ҳам борми?
 – Ҳа! Ҳеч ким хомтаъма бўлмасин, зулм қилса албатта, эртами-кечми, ўзига лойиқ “улуш”ини олади! Иккинчи саволингни бер!
 – Шартларингни бажармасам, менга нима жазо тайин қилардинг?
 – Бундан сўнг, ҳеч қайси орзуинг амалга ошмасди. Омадсизликда ва итнинг кейинги оёғи бўлиб, яшаб ўтардинг умрингни! Тушунарлими?
 – Ҳа!
 – Унда мен кетдим. Бошқа саволга ўрин йўқ. Инсонсан, қолган саволларга ўзинг ўйлаб, ўзинг жавоб топ! Ва қалбингга қулоқ сол. Суперкомпьютеримиздан жавоб келиши эҳтимоли ҳам бор. Хайр!
 Орзувакил қўлини силкиди-да, оҳиста ҳавода эриб, кўринмай қолди.
 Мен ўрнимга чўзилдим. Кейин, бирдан ҳайронлик чулғади. Орзувакил билан шунча гаплашдим, рафиқам уйғонмабди-я! Унга қарадим – ухлаб ётибди. Кейин, кўзим тумбадаги соатга тушди, у ҳамон 3:47 ни кўрсатарди…
 Шаҳарда ким бор, бу мулоқот гувоҳи бўлган?

 Чах-чам қишлоғи. 17.02.15. 12:51.