Бешикда ётган гўдак йиғлади. Аёл овутиш ниятида кўкрагини тутди. Аммо гўдак бошини сарак-сарак қилганича йиғисини авжига чиқарди.
Туғруқхонадан чиқишганига мана бир ҳафта бўлибдики, ҳар куни кечқурун шу аҳвол. Йиғлайвериб милклари қизариб кетган чақалоқ, охири, онасидан аразлаган ҳолда ухлаб қолади.
Бугун ҳам шу ҳол такрорланди. Гўдак онасига истагини билдириш ниятида умидвор термулди. Митти кўзларини жовдиратиб қарашидан онасининг меҳри жунбушга келди. Кўз косалари ёшдан тўлди. Қўли билан жигарбандининг муштдайгина бошини авайлаб силади. Бу ҳол гўдагига ёқмади. Яна йиғисини давом эттирди. Жонининг бир парчаси бўлган гўдагининг йиғиси аёл қалбини остин-устун қилиб юборди. Қалбининг туб-тубидан чиққан ўзидан норозилик ҳисси юз-кўзларида зоҳир бўлди. Сўнгра меҳрга қоришиқ сўзлар тилига чиқа бошлади. «Бешикдаги полвоним, алла. Қалбгинамнинг султони, алла».
Хаёлидан эрим эшитиб қолмадимикан, деган ўй ўтди. Елкалари билинар-билинмас қисинди, боши бирозгина эгилди, юзларига қизиллик югурди.
Аммо, алла сўзларини ўзи базўр эшитди. «Нима қилай болажоним? Сенга алла айта олмаяпман.» Кўз ёшлари дувиллаб қуйилди. Гўдагини овутиш ниятида бешикни оҳиста тебрата бошлади. Гўдак яна бошини сарак-сарак қилганича баттарроқ йиғлади.
Шу пайт эшик зарб билан очилиб хонага эри кириб келди.
– Қанақа бемеҳр онасиз! Бир ҳафтадан буён болани қийнайсиз! Алла айтсангиз бўлмайдими?! – деди.
Аёл эрига қаради.Унча-мунчага жаҳли чиқмайдиган эрининг юз-кўзларида хотинига нисбатан нафрат акс этарди. Аёлининг ёшли кўзларида иложсизликни кўрган эр зумда жаҳлидан тушди. Тараддудланди. Бешик ёнига ўтирди. Оҳиста тебратиб алла айта бошлади:
Ухлаб қолгин, болам-а, алла,
Ором олгин болам-а, алла.
Йиғлаётган гўдак тинчиб қолди. Кўзларида ҳайрат жилваланди. Жилмайди. Берилиб тинглай бошлади. Сўнгра кўзлари оҳистагина юмилди.
Эркак бешикнинг говрапўшини қия очиқ қолдирди. Ўрнидан турди. Хонадан чиқар экан, ортига бурилиб аёлига қаради. Аёли кўз ёшлари аралаш эрига миннатдорчилик ҳисси билан боқиб турарди. Эр хотинини тушунди. Раҳми келди.
– Алла айтишни билмасангиз ана газета, журналлардан ёдланг. Топа олмасангиз ёзган шеърингизни чўзиб айтсангиз аллага айланади. Ҳар икки қаторидан сўнг алла, деб қўшиб қўйсангиз яна ҳам чиройли чиқади.
Аёл билинар-билинмас жилмаяр экан, нигоҳларидаги миннатдорчилик ҳисси янада барқ урди. Шу кундан бошлаб эркак ҳар кеча гўдагига алла айтиб ухлатадиган бўлди.
Орадан бир ярим ойча вақт ўтди.
Аёл ўйлади: «Барибир алла айтишим керак! Аммо…»
Аёл гўдагини меҳр билан чўмилтирди. Каттагина, юмшоққина сочиққа, сўнгра кўрпачасига ўради. Жигарбандига қараб туриб кулгиси келди. Чунки у «Лоло ва унинг саргузаштлари» мультфильмидаги пингвин боласига ўхшаб қолганди.
Кўйлакчасини, қалпоқчасини кийдирди. Авайлаб бешикка ётқизди. Онасининг укаларини бешикка солаётганида айтадиган сўзлари ёдига тушди. Ўша сўзларни айтди. “Қани-қани, бобовлар, кетинглар-чи. Уйимизнинг эгаси келди”.
Оёқларининг орасига, икки четига латта қўйди. Кўрпачаси билан ўради.Қўлбоғини устидан ўтказиб ўради. Ипини бешикнинг юқори қисмига боғлади. Сўнгра қўлчаларининг икки четига ҳам латта қўйиб иккинчи қўлбоғни бешикдан айлантириб олиш учун эгилди. Онасининг тинимсиз эркалаб гапиришига гўдаги жилмайди. Бошини эгиб «миёв-миёв» қилганида гўдаги қиқирлаб кулди.
Аёл атлас қўлбоғлар билан боғланган дилбандининг устига, қўлда пахтани чигитидан ажратиб тайёрлаган сатин кўрпачасини ёпди. Қалпоқчасини тўғрилади. Бахмал говрапўшини ёпиб бош тарафини бироз қайириб очиб қўйди. Сўнгра ўнг қўли билан бешикка суяниб бироз энгашган ҳолда кўкрагини гўдагига тутди.
Аёл жигаргўшасини эмиза туриб гулдан-да чиройли чеҳрасига, осмондан-да беғубор кўзларига термулди. Гўдак митти оғизчасини маммаси билан тўлдириб, мириқиб эмар экан, бир зум бўлсин нигоҳини онасининг нигоҳидан узмасди. Аёл жилмайди. Дилбандининг нигоҳида кулгу барқ урди.
Шу пайт аёлнинг кўнглида оналик меҳр-муҳаббати кўпириб тошди. Кўкракларига сут келиб таранглашди.
Аёл бешикни оҳиста тебрата бошлади. Гўдаги унга яна ниманидир истаган ҳолда умидвор термулди. Аёл паст овозда алла айта бошлади.
Осмондаги ойгинам-о, алла-ё алла,
Ўйнаб оққан сойгинам-о, алла-ё алла.
Аёлнинг овози ўзига бегона эди. Гўдаги онасининг юз-кўзларига ажабсиниб тикилди. Сўнгра бу ҳол ўзига ёқмаётганини билдириш ниятида йиғисини бошлади. Аёл овозини баландлатиб давом эта бошлади:
Жон болам, жоним болам,
Жонимдан бунёдим болам, алла-ё алла.
Жон болам, жоним болам,
Жонимга пайвандим болам, алла-ё алла.
Қолар изим, алла-ё алла,
Айтар сўзим, алла-ё алла.
Ўттиз ёшга кирган Аёл учун Алла бегона эди.Алла учун Аёл ҳам бегона эди. Шу сабабли улар бир-бирига ўргана олмаётган эдилар. Бу ҳол эса гўдагига ёқмас, шу сабабли йиғисини бир зум бўлсин тўхтатмасди.
Унинг тилидан алла сўзлари чиқиши баробарида олис қишлоғи бағрида қолган болалиги кўз ўнгига келди. Онасининг беморлик енгган кичик жуссаси, заҳил, кулгу нималигини унутган чеҳраси, укасининг бевақт ўлимидан сўнг тўшакка буткул михланиб қолгани, автоҳалокат туфайли акасининг ўлими, бу фожиани кўтаролмаган онаси ҳам кўп ўтмай оламдан бевақт кўз юмгани кўз ўнгидан кино тасмасидай ўтди.
Сўнгра аёлининг ўлимидан сўнг бир этак бола билан қолиб кетган отасининг букчайиб қолган гавдаси, маъюс чеҳраси, ерга урса кўкка сапчийдиган ака-укаларининг хомуш бўлиб қолганлиги, сингилларининг йиртиқ-ямоқ кийимларда юриши, кечалари кўзларига уйқу келмай онасини соғиниши, ичикиб йиғлашлари ёдига тушди. Кичик жуссасига барвақт тушган тандир тўла нон ёпишлари, кирсим тўла кийим-кечакларни ювиши, сигир соға туриб билаклари толиб қолиши ёдига тушди.
Тўйи бўлаётганида онасини эслаб тўйиб-тўйиб йиғлагани, уйи остонасидан ўтиб ташқарига чиққанида, отасининг «борган жойингда тошдек тингин! Ували-жували бўлиб, қўша қариб юринглар», деб кўзларида ёш билан дуо қилиши кўринди.
Саккиз йил бўйида бўлмагани боис қайин опасининг «айб келинда бўлса, уни ҳайдаймиз» дегани, овсини унга калондимоғларча қараб «ўйланманг, келинпошша, менда олтита бола бор, бирини сизга бераман» дегани, синглиси, ака-укаларини йиғиб «бирорталаринг болаларингдан бирини беринглар, оилам бузилмасин. Болаларингга ўз боламдек қарайман. Ҳеч нимага зориқтирмайман. Яхши жойларда ўқитаман. Олий маълумотли қиламан», деб зорланишига жавобан, уларнинг миқ этмай туришлари кўринди.
Муштипар, бир бурдагина бўлиб, бели букчайиб қолган қайнонасининг ҳар гал қишлоққа боришганида маъюс ва умидвор оҳангда «бирорта янгилик борми, келин» дея янгилик эшитиш илинжида жовдираб қараб туриши, гоҳида йиғлаб «агар неварам бўлса, этагимга солсам, кейин шу турганимча ўлсам, бу дунёда армоним қолмасди» деган сўзларини қайта эшитгандай бўлди.
Тунлари ухлай олмай йиғлашлари, эрининг сочларини силаган ҳолда йиғламанг, ҳаммаси яхши бўлади, ҳали менга бир этак бола туғиб берасиз, дея овутишлари ёдига тушди…
Аёл тўлиб-тошиб алла айтар, айтгани сари алла сўзлари қалбидаги тоғдек дардларини ёмғир мисоли эритар, эриган дардлар эса ўзанини бузгудек бўлиб, кўзларидан сел каби тўлиб-тошиб чиқарди. У тошдек қалби юмшаб бораётганини англади. Шу англаниш баробарида оналик меҳру муҳаббати қалбини буткул зангдан аритиб, нафақат қалбини, балки бутун вужудини ишғол қилди.
Аёл қанча вақт алла айтганини билмади. Билгани кўз ёшларидан рўмолининг икки учи ҳўл бўлиб кетганди. Қалби мунаввар, руҳи озод қушдек бирам енгил эди-ки…
Аёл гўдагига озор бериб қўйишдан чўчиган каби лабларини секин унинг пешонасига тегизди. Дилбандидан бирам ширин бўй тараларди. Жигаргўшасини тўйиб-тўйиб ҳидлади. Онасининг сўзи ёдига тушди. «Чақалоқдан жаннатнинг ҳиди келади». Гўдаги онасининг меҳрини, муҳаббатини туйди. Уйқу аралаш ширингина жилмайди.
Аёл бешик ёнига солинган ўрнига ўзидан мамнун ҳолда чўзилди. Қўллари бешик ёпиқларини силар экан, кўзлари юмилди.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.