БИРИНЧИ БОБ
I
Кун совуқ. Қуёш дам очилиб, кўнгилларни ёритиб юборади, дам ёпилади-да, тумшайиб олади. Дарахтлардан тўкилиб улгурмаган япроқлар ора-сира ширт-ширт узилади, салқин ҳавода бир-икки айланиб тун изғиринида қатқалоқланган, энди эса сумалаклана бошлаган кўча лойига ғарибона ясланади.
Кун совуқ, лекин бозор қайнайди. Бу ерга туташган кўчаларнинг ҳаммасидан одам дарёдай оқади. Баъзи бировлар совуқдан қотган қўлларининг кафтларини оғизларига тутадилар-да, «куҳ-куҳ» деб иситиб оладилар.
Жоменинг орқасида, унинг баланд ғишт деворига тиқилиб Оташ-дукчи ўтирибди. У лукни ғув-ғув айлантиради, сўнг бир қўли билан кўзойнагини кўтариб туриб, дукни кўзларига яқин тутани, синчиклаб қарайди, тағин уни силлиқлай бошлайди. Дук кутиб ўтирган серямоқ жулдур паранжили ёш-қари хотинларга у бир-икки оғиз гапириб ҳам қўяди.
Оташ-дукчи олтмишларга яқин, бурушиқ юзида кўзлари теран жойлашган, елкаси чиқиқ, кўркам оппоқ соқолли қовжироқ бир чол. Лекин унинг кўркам оппоқ соқоли бор, салласининг йиртиғи, тўнининг ямоғи асло эсига келмайди, бунга ўрганиб кетган. Соқолини бармоқлари тез-тез тараб, зеб бериб туриш чолга одат бўлиб қолганди.
Борган сари бозорнинг ғовур-ғувури авжга чиқади. Бу кун чоршанба бўлганидан бозор айниқса қизиган. Ҳар ким ўз ҳолига яраша, бири қопда, бири қопчиқда буғдойми, арпами келтириб сотар эди. Бировлар савдо-сотиқ ёки харж билан овора бўлса, бировлар чўнтакларида сийқа чақаси йўқ, бозор расталарида гаранг сургалади.
Жоменинг бир ёнбошида кабобнинг хуш бўйи гуркирайди.
— Келинг, келинг!.. Пишди кабоб!.. Ғарчча мой!. Маза қиласиз, келиб қолинг!..— мақтайди кабобчилар.
— Ҳай-ҳай кабоб, жоним кабоб…— деди бошини лиқиллатиб дукчи ёнидаги паранжили кампирга бир кўзини қисиб.
— Бе… Нимасини гапирасиз,— қихиллаб кулди кампир.
— Димоғингга иси тегса бас!—деди киноя билан тағин бир хотин.
— Тезроқ бўла қолинг, ота! Дук ўзи неча пул?— сўради сабрсизланиб шу ерда ўтирган бир ёш жувон.
— Арзонроқ бўлсин,— деди кампир ва рўмоли учига тугилган тангани секин ушлаб қўйди.
Чол дукнинг учини ингичкалар экан, кулимсиради:
— Арзон, арзон, бир танга, холос! Кўриб турибсиз, бир дукни қўлдай чиқаргунимча она сутим оғзимга келяпти. Саҳардан оқшомгача чархнинг ғув-ғуви каллани шиширади, кейин қорин пиёз пўстидай шилиниб, базўр уйга етсам, кампирим тақ этиб олдимга бир коса арпа умочми, оқшоқ хўрдами қўяди. Ҳа, шундай, сингилларим.
— Ҳаммамизнинг кунимиз шу экан, ер ютсин дунёсини!— деди шошиб турган жувон.
— Тавба дегин, қизим, парвардигорим ўзи ёрлақасин, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, бандасининг умри шундоқ…— деди кампир насиҳатомуз оҳангда.
— Отамнинг соқоли оқарибди-ю, қачон ёруғликка чиқар экан?!—сўради заҳарханда билан ҳалиги жувон.
— Ўзи кўрмаса болалари кўрар ёруғликни…— деди кампир осойишта товуш билан.
Чолнинг юзида истеҳзоли енгил табассум титрар эди, у индамай қўлидаги катта дукни кампирга узатди:
— Мана, она, дукларнинг бузруги — дурвоза! Хотинлар навбат билан бир тангадан пул узатиб дукларни олар, рўмолчагами, эски латтагами ўраб, уйларига шошиб жўнар эдилар.
Хотинларни жўнатиб, Оташ чол шошмасдан яна ўз иши билан машғул бўлди. Баъзан эсига келган эски байтлардан аста куйлаб қўяр эди. Дукчи ёнида ямоқчи косиблар, бирор кимса йиртиқ маҳсими, чурук чориқми кўтариб келармикин, деган умид билан сарғайиб ўтирардилар,
— Эшитайлик жиндай, баландроқ ўқинг, отахон!— деди бир косиб йигит.
— Овоз чиқмайди, иним, эрмак-да,— деди чол.
— Ота қадим байтларга мисоли кон, ҳеч ким билмаганни билади,— деди четроқда ўтирган кал косиб.
Оташ-дукчи бўғиқ овозини сал кўтариб, бир байт бошлади, «ўҳу-ўҳу» деб йўталди.
— Э-э… Чироқларим, бир вақтлар қандай тиниқ эди бу овоз… Энди қарабсизки, худди эски араванинг гупчаги…
Шу пайт чолнинг олдида баланд бўйли, олифта мўйловли бир йигит тўхтади:
— Ассалому алайкум, амаки!
Устида узун тринка камзул, бошига янги чамандагул дўппи қўндирган, дўрдоқ лаблари устига ингичка мўйлов қўйган, қуюқ пайваста қошли бу йигит Оташ-дукчига, шўрвасининг шўрваси дегандай, чатишиб кетган, узоқ бир қариндош эди.
— Кўринмайсан, Эшонхон, ҳануз бойнинг эшигидамисан?— сўради дукчи қўл бериб кўришгач ва пастак ўриндиқни яқинроқ сурди.— Қани ўтир.
— Ия, эшигида деганингиз нимаси, қария, бойнинг тўридаман, тўрида!— Эшонхон қўнжидан бир латта чиқариб, қунт билан этикларининг чангини арта бошлади.— Ишим олчи, амаки, обрў катта, бойнинг жилови қўлимда, чизган чизиғимдан чиқмайди.
Дукчи бир зум сукутдан кейин деди: — Шундоқ бўлса, омадинг келибди, ука! Бояқиш отанг нуқул меҳнат билан ўтиб кетди бу дунёйи ғамхонадан.— Бир он сукутдан сўнг дукчи тағин Эшонхонга қараб сўради:—Ўрис тилиниям ўрганган бўлсанг керак, жиян?
— Ҳа, амаки, қийиб ташлаймиз русчани ҳам,— жавоб берди ғурур билан Эшонхон.
Чол носқовоғидан кафтига жиндай нос тўкиб, тағин гапга киришди:
— Отанг бояқиш мардикорликка кетган йигитларни кўп гапирарди. Тангри ўзи бечора бандаларига, етим-эсирлар аҳволига раҳм қилсин, уруш битса, келиб қолишармикаи?
— Э-э, ота, уларнинг қисмати шу экан, ташвиш қилманг, уруш битди дегунча ҳаммаси дарров уя-уясига қараб қанот қоқади. Подшоҳи олий ҳазрат ҳақига эрта-ю кеч дуо қилишни унутманг. Иншоолло, буюк Русиямиз ғолибиятга эришажак. Бунга аминмиз,— деди Эшонхон билимдонлик билан.
— Қайдам, иним, — деди дукчи, оғзидаги носвойдан Курмакланиб.— Замон бузилишга бузилди. Ишқилиб, ўғлонларнинг омон кайтганларини кўрсак бас, кейин биз омонатини топширардик-да, адамга равона бўлардик… Ҳа, бу ёлғон дунёнинг аччиқ шарбатини хўп тотдик…
Эшонхон аввал мўйловини бир-икки дафъа бураб олди, кейин овозини пасайтириб, чол томон энгашиб сирли оҳангда деди:
—Отахон, тангрига минг карра шукур қилсангиз арзийди, шу кунлар сизга омад келди, катта омад…
Дукчи қаттиқ таажжубдан ялт этиб қаради Эшонхонга:
— Нима деяпсан, эсинг жойидами? Оч-яланғоч бир ғариб банда бўлсам, менинг эшигимда омад не қилсин?!
Эшонхон, аввал бир қаҳ-қаҳ уриб кулди, кейин тағин шивирлади:
— Ота, бутун шоҳона молу дунё кўчиб келади яқинда хонадонингизга, бахт-саодат, иқбол — барчаси сизни излаб қолди…
— Э-э, тентак, ажаб гапларни айтасан. Ҳазилни қўй, иним, замон аҳволидан сўйла. Юртга тинчлик керакми, йўқми? Нега юрт оғалари буни ўйламайдилар? Мен шунга доғман…
— Э-э, чол-э,— деди Эшонхон қўлини силтаб,— юртнинг аҳволи билан бош қотирманг, ўзингизни ўйланг, гапни эшитинг! Машҳур аттор Эшмуҳаммадхон бойни яхши биласиз-а? Катта ер-сувлари, ғиж-ғиж мол тўла дўконлари… Тошкентнинг тўрт даҳаси уники десам, лоф бўлмайди.
— Ҳа, биламан, биламан, бир вақт элакдай уч газ читни закот деб тутқизган эди менга. Паст, зиқна, ит феъл бир бой. Хўш, гапир, қани эшитайлик.
— Чамамда, икки ҳафта бурун, бир кун, кеч пайти бой ака икковимиз файтонда ёнма-ён ўтириб, ўша аттор бойникига бордик. Улфатчилик жойида бўлди, ичдик, едик… Ўша куни Эшмуҳаммадхон жаноблариникида қиз оши экан. Катта ичкари ҳовлисининг бутун уй-айвонлари қизларга лиқ тўла эди. Бир қизларки, ҳар бири бир паризод дейсиз. Ташқари ҳам тўла одам. Биз пинҳон хўп томоша қилдик. Эшмуҳаммадхоннинг қизини ҳам ғира-шира кўрдим. Маликалардай ясан-тусанган, тўлагина, лекин ростини айтсам, унча кўҳлик эмас, қорачагина қиз экан.
— Ҳа, эшитдим. Эшмуҳаммад жаҳонда мисли йўқ бир тўй берибди, таърифидан тил ожизмиш. Қутурган-да, олтин қутуртиради…— деди дукчи кесатиб.
— Аҳ, авжи гапни қизиқ жойида бузасиз-а! Бойлар ахир шаҳримизнинг кўрку обрўси, тўй қилса, юртга ош берса, ёмонми? Ҳаддан ташқари тўй берса, ўз ҳамёнидан ахир ҳаммаси! Ҳар тўйнинг ўз мезони бўлади. Гапни эшитинг, ота! Саидаҳмадхон, мен, бир тўда бойлар секин деразадан томоша қилдик. Катта уйда қизлар саф тизиб ўтиришибди. Тўрда бообрў оилаларнинг олтин-кумуш, шоҳи-зарбофларга беланган қизлари, пойгакда ҳоли танг оила қизлари… Лекин бундай базмни сира кўрмаганман, Марғилондан, Фарғонадан донғи кетган яллачилар чақирилган. Дутору танбур, ашула, ўйин бир зум тинмади. Лекин барчанинг ақлини олган бир қиз бўлди… Чиройли, попукдай бир қиз ўйнадики, аҳ-аҳ, иқлимда мисли йўқ, беқиёс…
— Ҳа, ҳа, аҳёнда шундай ўйноқи бир қиз чиқиб қолади,— деди кулиб дукчи.
— Э-э, гапни бўлдингиз. Хўш, шундай қилиб, чунон ўйнадики ўша қиз, Саидаҳмадхон жаноблари эс-ҳушидан айрилдилар қолдилар. «Яна битта ўйнасин, яна битта ўйнасин», деб шарақ-шарақ пул суғура бошлади. «Уят бўлади», деб базўр пулларни қайта киссасига солдирдим. Бою бойваччаларнинг барчаси қизга маҳлиё бўлди, илло барчасининг кўнгли ўртанди. Қиз ҳам пайқаб қолди шекилли, изза бўлиб таппа ўтириб олди, пиқ-пиқ йиғлади. Эшмуҳаммадхон: «Бас, бўлди, чиқинглар ташқарига», деб ҳаммамизни ичкаридан ҳайдади. Кейин кўп ўтирмадик, жўнадик. Саидаҳмадхон тамом ҳушдан айрилди, дедим, йўлда анчагача бир сўз қотмади, лекин чидамади, шекилли, сўради: «Кимнинг қизи экан? Офат! Офат!» «У ғариб-бенаво бир оиладан. Оти Зумрад», дедим.— Эшонхон чолга тикилди:—: Хўш, нима дейсиз, амаки? Энди гап сиздан.
Чолнинг қовоғи осилиб кетган эди:
— Бас, бас, ҳароми! Тилингни тий, алжирама!—деди қаҳрли бўғиқ товуш билан дукчи Эшонхонни жеркиб.— Зумрад пок, асил қиз. Қиз ошиларни, қиз базмларини севади, ўртоқлари билан боргандир бойникига. Очиқ, шўх қиз. Нима бўпти?
Бир оз сукутдан сўнг Эшонхон жиддий оҳангда сўради:
— Хўш, нима дейсиз, ота? Гапим чин. Бой: «Тез ўртага туш, гаплаш», деб қўймаяпти. Тўғри, ўғиллари бор, қизлари бор, қўш хотини бор, тағин хоҳлабди бир уйланишни, нима бўпти? Давлатига ярашади-да. Машҳур заводчи бўлса, шоҳона шаън-шавкати бўлса, қизингиз маликалардай яйраб-яшнайди, ёмонми?
Чол «уҳ» дея бошини қуйи солди, хомуш тортди.
— Тавба, қизиқ гап…— деди паришон ҳолда. Эшонхон дукчининг бўшашганлигини пайқаб, яна шивирлаб аврай бошлади:
— Тихирлик қилманг, хўп денг, қария! Ўзингиз ҳам бой бўлиб оласиз, бу ёғини ўйланг. Дук-пукингизни йиғиштиринг, шу ҳам касб бўлди-ю, қўйинг-э! Толе офтоби чиқаман деяпти, эсингиз жойидами?!
— Иним Эшонхон, бу ғоят қийин савдо,— деди Оташ-дукчи.— Бой аканг ўлгудай қув, муғамбир одам. Кўп кўрганмиз, чироғим. Бойлар ошиқ бўпти, жигаридан урибди, дейдилар. Ундай қиламан, мундай қиламан, бошимга кўтараман, деб Сулаймон тахтини ваъда қилиб, бечораларнинг гулдай қизларини оладилар. Шунақа беахлоқ бўлади бой-бойваччалар! Кўп кўрганмиз, жиян! Биздақа ҳокисорларни алдашга, аврашга уста улар. Бошимни қотирма, жиян, қўй беҳуда гапларни!
— Э, бас-э! Мўътабар зотларга тил тегизманг! Тўғри, битта-яримта зиқна, бахили онда-сонда чиқиб қолади, ҳаммаси шундай бўлаверармиди! Саидаҳмадхон мурувватли, адолатли, ғарибларга меҳрибон бир одам. Қани, ота, фотиҳани бераверинг, қизингизнинг бахтини ўйланг! Биз бир холис дуо деб юрибмиз!
Чол ҳам иккиланиб қолган эди. «Ҳарна бўлса-да, бой, бадавлат одам, балки қизим бойнинг давлатида олқиб-чолқиб, бола-чақали бойвучча бўлар, ўзим ҳам қариганимда қорним тўйиб овқат ерман», деб ўйлади ичида. Бир зумда Оташ-дукчи кўнглида фикрлар қуюни айланиб кетди.
— Жиян, мени шу тобда шошириб, икки оёғимни бир этикка тиқма. Бу осон гап эмас, умр савдоси, дейдилар ахир. Сабр қил: бир-икки кун ўйлаб кўрай, кампиримга маслаҳат қилай, қавми қариндошим бор ўзимга яраша.
— Майли амаки, ҳар нечук ишни тезроқ битирган яхши, орқага сурманг, ўзингиз доно одамсиз, сизга маслаҳатнинг нима даркори бор? Унга-бунга айтиб, бахт қушини чўчитиб қўйманг!—ўрнидан турди Эшонхон.— Хўп хайр!
Эшонхон қаддини тик тутиб, тим томон тез юриб кетди. Дукчи узоқ паришон ўтирди. Бошида турли-туман хаёллар чалкашиб кетди. Гоҳ: «Шундай катта бир давлатмандга қайната бўлиш тоғдай бир бахт-ку», дерди ўз-ўзига, гоҳ: «Бундай воқеаларнинг оқибати ҳамиша фалокатли бўлган», дея гумонга кетар эди чол. «Тоғдай тахт бўлгунча, бармоқдай бахт бўлсин», деди Оташ-дукчи ўзича шивирлаб ва шу он хаёли тамом қарши томонга учди.
Жомедан муаззин овози янгради, дукчи шошилинч равишда дукларни, асбобларни йиғиштиргач, жума намозига югурди.