БИРИНЧИ БОБ
Тим қоронғи изғиринли кеча. Ёмғир худди жонга игна санчигандай эзиб, муттасил саваларди. Ўрмон бўйлаб чўзилган катта йўлда, жиққа ҳўл бўлган батальон лой сачратиб, мудроқ ҳолда оғир одим отарди. Олдинги қаторда Асқар полвон билан Бсктемир; энг охиргида, ҳамма вақтдагидек, сафдан узилмасликка тиришиб, чатаноғини кериб, Али тажанг судраларди.
Бектемир, Полвоннинг баъзан зарда билан пишқириб қўйишидан ёки оғир хўрсинишидан, унинг шу топда дилгир ва кайфсиз эканини пайқади, лекин чурқ этишга тоби йўқ. Бу ёлғиз ҳорғинликдан эмас, икки кун ичида кўрганлари уни қандайдир ўйчан, камгап қилиб қўйганди.
Кичкина станцияда батальон поезддан тушишга улгурмасданоқ бомбардимонга учради. Вагонларнинг гулдурос билан ағдарилиши, парчаланган рельсларнинг чиллакдай учиши, дод-вой, тутун, тупроқ — Бектемирнинг илк «томошаси» бўлди. У бузилган бинонинг ғишт деворлари орқасидан соғ чиқар экан, ҳаммани нобуд бўлган деб ўйлади. Йўқ, ўн чоқли одам ўлган, ўндан ортиқроғи ярадор. Ҳамқишлоқларидан эса, ёлғиз Сафар чўтирнинг бир бармоғи енгил ярадор бўлган эди.
Батальон пиёда йўлга тушди.
У йўл устида, уюм-уюм ғишт ва тупроқ бўлган шаҳарчаларни, тутунга чулғанган хароба қишлоқларни, пачақланган, куйган юзларча машиналарни кўрди. Кутилмаганда осмондан ғувиллаб бало шўнғийди. Кундуз батальонга бир неча бор човут солади. Одамлар жон ҳовучлаб ўзларини ўрмонга урадилар. Ҳаводан жаҳаннам ёғилади. Ўрмон даҳшатли шовқинга тўлади. Йиқилган дарахтларнинг қарсиллаши, гўё уларнинг ям-яшил, беозор жонлари нафрат ва аламдан кўтарган фарёд каби туюлади…
Батальон ярим кечада хароба бир қишлоққа келиб тўхтади. Қишлоқда ҳаёт асари йўқ. Ҳатто ит ҳам акилламайди. Ёмғир яксанов, зериктиргич шувиллайди. Аллақайда, узоқда, тўпларнинг ўқтин-ўқтин оғир «гупиллаган» садоси эшитилади. Кўзлар зим-зиё қоронғиликда беихтиёр бошпана қидиради. Оёқлар ғиштларга, ёғочларга, эшикларга ва дераза ромларига қоқилади. Лабларда махорка чўғи йилтиллайди, чекка-чеккада маъноси англашилмаган қандайдир гурунг…
Бектемир йўл четидаги дарахтнинг йўғон танасига орқасини суяб чўққайди. Қорни очган бўлса ҳам, лекин маҳкам боғланган халтани ечиб, увиган нонни олиб ейишга эринди. Қора, қуюқ қошлари остидаги йирик, тийрак, болаларникидай соф, содда кўзлари билан узоқларга тикилди. У юзидан, бўйнидан оқиб, ғашини келтирган сувни, намат ҳиди келаётган эски, ҳўл шинелининг енг учи билан артди-да, бошини ҳорғин қуйи солди. Қандайдир узуқ-юлуқ фикрлар, кўнглини ғаш қиладиган сезгилар уни чулғаб олди. Улар беш оғайни эди. Оға-инилар ўзларининг аҳиллиги, бир-бирига меҳри-шафқати билан ҳамманинг диққатини жалб этар, ҳавасини келтирар эди. Катта акаси — Тоҳир кўп йиллардан бери шаҳарда яшаб, совет, партия идораларида хизмат этар, иккинчи акаси — Қодир колхозда бригадир; укаси —Камол эса Тошкентда олий мактабда ўқирди-ю, бироқ ўтган йил у ҳам армияга олинди, ўн етти яшар арзанда Зайнабой колхоздаги болалар боғчасида мураббия эди. Камол кейинги хатларининг бирида артиллерияни яхши кўргани, ҳозир Латвияда турганини билдирган эди. Бектемир шу тобда кучли соғинч туйди. Ўзи билан бўйи тенг, бирга юмалаб-сумалаб ўсган Камолнинг болаликдаги ўйинлари, қилиқлари унинг кўз олдидан жонли, ёрқин ўтди. «Нима бўлди экан, укам бояқиш? Балки у ҳам шу ерга яқин жойда, Москва ёнида жанг қилаётгандир, балки… эҳтимол, ўлгандир…» деб ўйлади, ранг-қути оқариб.
Унинг қалбида соғинч ва турли хотиралар тўлиб-тошарди. У ўзида яқинларни кўрмоққа, сўзлашмоққа аллақандай ички эҳтиёж сезар, сўзлашиб негадир қониқмаганини ҳис этар эди. «Охиратим куймасин» деб беш ўғлининг ҳаммасига ҳам бирдек ғамхўрлик, бирдек меҳрибонлик билан қарайдиган ажойиб онасини чуқур миннат дорлик ва ўғиллик севгиси билан узоқ эслади. «Қайтиб кўраманми, йўқми?» деган фикр бошидан ўтди-да, аллақандай мубҳам ва оғритувчи сезгининг турткиси билан оғир хўрсиниб қўйди.