Ойбек. Болалик (хотира-қисса)

Тор кўчада, қўшнимизнинг эски, шалоқ эшиги олдида менинг чол бобом ўз ўртоғи — узун соқолли, йирик жуссали, кар қулоқ мўйсафид билан нималар тўғрисидадир эзмаланиб сўзлашади. Бобом ориқ, кичкина гавдасини деворга суяб, чўққайган: ҳассасини тиззалари орасига қадаган. Ўртоғи эса қўпол, эски сағри кавуш кийган, узун, сертук оёқларини узатиб, офтобга яғринини тутган ҳолда, ерга ёнбошлаб ўтирибди. Кўчадан от, арава ўтмайди; шовқин-сурон йўқ. Сийрак ўткинчилар албатта қўл қовуштириб «Ассалом!» деб ўтадилар. Чоллардан бири ёки иккови бирдан жавоб беради: «Ва-алайкум…»
Мен чолларнинг атрофида айланаман. Дам бобомнинг, дам ўртоғининг гаврондай узун ҳассасини «от» қилиб минаман, тупроқда ҳассалар чизган изга қизиқиб қарайман. Кейин бу қуруқ таёқларни тарақлатиб улоқтираман. Бобом ўсиқ қошлари тагида яширинган кўзларини ёлғондака олайтириб, кўрсатгич бармоғи билан пўписа қилади, мен ҳассаларни тихирлик билан эгаларига қайтараман. Кейин бобомнинг тиззасини қучоқлайман, бир тутам соқолини ушлайман, оғзини очишга қистаб, тишларини қидираман.
— Тишинг қани? — сўрайман лабини чўзиб тортиб.
Бобом юқори жағидаги қорайган яримта тишини кўрсатиб, бармоғи билан ликиллатади, мен куламан. Зерикиб дўппимни осмонга отаман, тупроққа «пўп» этиб тушади. Бобом дўппимни қоқиб кийгизиб қўяди.
— Қани, ўғлим, кечаги чўпчакни айт! Жуда яхши чўпчак-да,— қистайди мени бобом.
Айтмагунимча қўйиб юбормаслигини биламан-да, ёд олганим ибратли бир чўпчакни айтиб бераман. «Офарин, офарин!» дейди иккови ҳам қиҳ-қиҳ кулиб. Чол мени қўйиб юбормайди.
— Қани, энди бир афанди айтиб берсин!— дейди бир кўзини қисиб бобомнинг ўртоғи.
— Билади, билади. Қани, ўғлим, афандининг боққолдан мой олганини айт,— дейди орқамни қоқиб бобом.
Мен жиндак тихирлик қилгандан сўнг тўтидай ғужиллаб бераман. Бобом қучоқлаб юзимдан ўпади. Ўртоғи соқолини селкиллатиб кулади:
— Эсинг бажо. Илоҳим мингга кир!—дейди чол. Мен яна ўйин қидираман. Юпқа девор тагидан оқиб чиқиб ҳовузчага қуйилаётган сувни шапиллатмоқчи бўламан, лекин катта лагандай ҳовузчада ёнғоқдай кичик иккита-учта оғринган олма рақс этади, шаршаракчага яқинлашиб бирин-кетин шўнғийди. Мен қизиқиб, узоқ тикиламан. Олмалар «мен сендан қоламанми?» деб бири-бири билан талашгандай, галма-гал шўнғишади. Йўқ, энди сабрим тугайди — энгашиб уларни олмоқчи бўламан.
— Ҳой, йиқилиб кетасан, ҳувари!— койинади бобом ўрнидан базўр туриб, қўлимдан ушлайди-да, уйга олиб жўнайди. Унинг қадди жуда букилган. Жуда секин юради. Ҳар қадамда «Худо!» дейди. «Сенга топширдим, Тош омон бўлсин!» деб ёлғиз ўғлини, қишлоқдаги дадамни дуо қилади.
Ўймакор гуллари билинмайдиган даражада ўчган, қўш табяқали эски эшикка кирамиз. Устунлари, тўсинлари йўғон отхонада бир кўзи кўр, қўнғир сигиримиз пишиллаб ётади. Харида мусичалар кукулашади. Бобом мени бир томони отхонага ёпишган уйига тўппа-тўғри етаклайди. У ёқ-бу ёқни тимирскилаб наматнинг тагидан катта бир калидни топиб олади-да, тўрдаги сандиқни очади. Суюниб сандиққа кўз тикаман. Қоғозлардаги, талинкалардаги ҳар хил ширинликлардан — қанд, парварда, попук, руста ва ҳоказолардан ҳовуч-ҳовуч олиб, этагимни тўлдирсам-да, еяверсам… Йўқ, бобом ичимни тирнаган бу ҳавасни билгандай мени секин четга итаради. Атиги бир-икки чақмоқ қанд, бир-икки дона ёпишқоқ попукни қўлимга тутқазади ва дарров сандиқни даранг-дурунг қилиб қулфайди. «Бувингга кўрсатма, уқдингми?» деб танбиҳлайди чол.
Бу сандиқнинг ягона хўжайини бувим эканини, ширинликларни кўз қорачиғидай аяб сақлашини яхши биламан. Шунинг учун ҳовлига чиқишга, акамга ё бирон бошқа болага кўз-кўз қилишга ўзим ҳам қўрқаман. Нимқоронғи уйда қандни қасирлатиб тез-тез чайнайман. Аммо нима бўлади-ю, лоп этиб бувим кириб қолади. Узун бўйли, ориқ камяир катта кўзларини олайтиради:
— Буванг қурсин, нега мунча сани яхши кўрмаса!— деб қичқиради.
Мен ҳовлига югураман, олма тагида ёлғиз ўзи тинчгина ўйнаб юрган акам Исамуҳаммадга кўз-кўз қиламан. У жуда ювош, шовқин-суронсиз, хархашасиз бўлганидан, қизиқиб қарайди-қўяди. Айвонда дўппи тикиб ўтирган онам бувимнинг товушини эшитиб, ундан нохушлагандай қовоғини солиб, яна қатим тортаверади. У мўмин-маъқул келинлардан бўлгани учун бувимнинг чизиғидан чиқмайди, у билан айтишмайди.

Китобнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг