Ер юзида ҳақ ва адолатни қарор топтириш йўлида бутун Ғарбу Шарқ, жумладан, Арабистону Ҳиндистон, Эрону Турон тупроқларини эгаллаб, куни кеча Исфижоб билан Ўтрорни забт этган Искандар Зулқарнайн қўшини фавқулодда шужоат билан Ясси қалъаси томон от сурди. Қалъага тахминан ўн чақиримча қолганида узоқдан улкан бир тепалик кўринди. Яқинлашганларида унинг устию ён-бағирларида тумонат одам кўзга ташланди. Бутун бир қишлоқ кўчиб чиққанми, нима бало, ораларида ёшу қари, хотин-халаж, ҳаттоки эмизикли гўдакларгача бор!
Тепа бағридан бир гуруҳ нуроний қариялар ажралиб чиқиб, қўшинга пешвоз юрдилар. Қишлоқ оқсоқоли бўлса керак, юз ёшдан ошган бир нуроний қария қўлини кўксига қўйиб ёйсимон эгилган кўйи Искандарга ўктам қараш қилди:
– Марҳабо, соҳибқирон! Хуш келибсиз! Қадамларига ҳасанот!..
Неча йиллардан буён беҳисоб қишлоғу кентларни забт этиб, бундай очиқ юз ва кенг қулоч билан қучоқ очиб кутиб олишни кўрмаган жаҳонгир аввало ўзидан ёши икки баробар улуғ отахон, қолаверса, унинг икки ёнида ва ортида жамланган жамоанинг суси босиб беихтиёр ордан тушди. Қария билан қучоқлашиб кўришгач, у бошлаган томонга юрди. Кўм-кўк гиламдек қалин ажриқзор устига тўшалган гулдор палослар, анвойи гиламлар, тўкин дастурхону банорас кўрпачаларга қараб ҳайратига ҳайрат қўшилди. Босқинчини кутиб оляптими булар ё оламдаги энг азиз меҳмонини?! Сир бой бермай оқсоқолнинг илтифотига кўра кўрпачага тиз чўкди. Унга юзма-юз қариянинг ўзи, ҳар иккисининг икки томонига аъёнлару оқсоқоллар ўтирдилар.
– Қишлоғимизга хуш келибсиз, меҳмон, қадамларига гул битсин!..
Искандар тағин сир бой бермади.
– Ташаккур, оқсоқол… – Ўзиними-қарияни алаҳситиш умидида тепа атрофига сипо қараш қилди: – Бу қандай қишлоқ?
Қариянинг чиройи яна-да очилди:
– Қишлоғимизни “Ийиқон” дейдилар, меҳмон! “Ийиқон” деганлари юнон тилида “эзгу қон”, “яхши қон”, “қони тоза” деган маъноларни англатади. Мен шу қишлоқнинг оқсоқолиман, отим Қорувли. Қишлоғимизни яна “Қорувлилар қишлоғи” дейишади. Сабаби бизнинг бутун аждодларимиз қорувли қоровул, довюрак соқчи, сергак посбон ўтган…
Искандарнинг юз-кўзида сезилар-сезилмас истеҳзо зуҳур кўрсатди:
– Нимани қоровуллайсиз?..
– Шу эл-юртни, ҳамқишлоқларни, ўз-ўзимизни.
– Кимдан?
– Инсофини йўқотиб қўйган ёмон одамлардан.
– Нима билан?..
– Яхши сўз билан, меҳмондўстлик билан, инсоф билан…
Искандар аввал ёнидаги аъёнларига, кейин ортидаги қўшинига бир сидра кўз ташлади:
– Биз… ер юзида ҳақ ва адоларни қарор топтириш азмидаги яхши одамлармиз!.. Сизларга ҳам олиб келдик!
– Нимани “олиб келдик?”
– Ҳақ билан адолатни-да!
Нуроний отахон энди соқолини тутамлаб бир муддат сукутга толди-да, оҳиста деди:
– Шунча йўл юриб… Булар ўзимизда ҳам етарли эди-ку! Бизда йўқ нарсаларни олиб келсангизлар экан! Ё… сиздек адолатпешанинг топган-тутгани анови… найза билан қиличми?!.
Исканданинг юзига қон тепди. Оппоқ соқолини ҳурмат қилганига… қариб қуюлмаган чол… ҳаддидан ошяпти-ку! Бу хом сут эмган банда куч – адолатда эмас, адолат – кучдалигини, Александрнинг қиличи не бир ўткир тиллардан ўткирроқлигини билмайди, шекилли! Билдириб қўйсинми?!. Олди-ортига қараб, жаҳлини базўр тийди, бироқ қария тилини тиймади:
– Тинч-осуда яшаб турган қуролсиз улуснинг бош устига қилич ўйнатиб келиш… шу ҳам адолатданми, соҳибқирон?!.
Искандар энди беихтиёр жаҳлига ҳам, тилига ҳам эрк берди:
– Жаллод?.. Аввал тили, кейин боши кесилсин!
Лекин оқсоқол пинагини бузмади:
– Тилим кесилишидан аввалроқ огоҳлантириб қўяй, соҳибқирон! Агар чинакам адолатпеша бўлсанг, шу тепада ёлғиз мени эмас, бутун ийиқонлиларни ўлдириб, ана ундан кейингина Ясси қалъасига ўтасан! Бизнинг ягона илтимосимиз ҳам, талабимиз ҳам шу! Биз ийиқонлилар баайни бир жону бар танмиз. Яратган Тангрига шукур, шу пайтгача ийиқонлилар ичидан биронта номард-сотқин чиқмаган!..
Искандар оқсоқолнинг бош устида қилиш яланғочлаган жаллодга “тўхта” ишорасини қилди. Ҳайратини яширолмади.
– Наҳотки?!. Сенинг ўлимга розилигинг-ку, тушунарли! Бироқ Ҳамқишлоқларингдан ҳеч ким… наҳотки ўлимдан қўрқмаса?!.
– Худди шундай! Биз учун ҳамжиҳатлик йўлида ўлиш ҳам шараф, соҳибқирон!
Искандар бир муддат лол қотиб ўйга толди. Бўлиши мумкин эмас! Ўлимдан қўрқмаслик қадар мард бўлиш мумкин, албатта, лекин мардликнинг турлари шу қадар кўпки!.. Бойликка сотилмаслик, мансабга учмаслик, балойи нафсга берилмаслик, ҳузур-ҳаловатлардан ўз ихтиёри билан воз кечиб, ширин жондан ажраш… осонми?!.
Ниҳоят, Искандар ўз аҳдини маълум қилди:
– Яхши! Кўрамиз! Майли, сенинг бошинг турсин, мен атиги учтагина ҳамқишлоғингни синовдан ўтказай-чи!..
Шартлашувга биноан Искандар тепа бағридаги ўтовга ёлғиз ўзи кириб, ҳузурига ииқонлилар орасидаги бир Букрини чорлади:
– Наҳот бу дунёдан бир умр букрайиб, қаддингни ростлаолмай ўтиб кетаверсанг?!. Истайсанми, оқсоқолни ўлдириб, қишлоқнинг бутун инон-ихтиёрини сенинг қўлингга топшираман?! Акс ҳолда оқсоқол эмас, сен ўласан?!.
Букрининг қадди беихтиёр ростланди:
– Ўзим Букри бўлсам ҳам кўнглим тўғри, соҳибқирон! Ийиқонлиларга иснод келтирганимдан ўлганим яхши!
Ўтовдан Букри қад ростлаб чиқиб, унинг ўрнига Пакана пилдираб кирди. Искандар сипоришини қўйиб, муддаога кўчди:
– Нафақат ўз ҳамқишлоқларинг, салтанатимдаги жамики новчалар сенинг олдингда икки букилиб туради! Ўзингни улардан баландроқ ҳис қилиб, зир югуртириб ҳузурланишни хоҳлайсанми?!.
Назарида Пакананинг қадди кўз олдида бир газ ўзгандек бўлди:
– Йўқ, хоҳламайман! Ўзга юртда султон бўлгунча ўз юртимда ултон бўлиб ўлганим яхши, соҳибқирон! Ахир , мени Пакана қилиб яратган новчалар эмас-ку!..
Пакананинг ўрнини Маймоқ эгаллади.
– Салтанатимнинг ярим бойлигини сенга бераман! “Оғзи қийшиқ бўлсаям бойнинг боласи гапирсин”. Сен гапираверасан, бошқа ҳамма, шу жумладан, ҳамқишлоқларинг балиқдек жим эшитаверади. Сенинг айтганинг айтган, деганинг деган бўлади. Оғзингдан чиққани муҳайё қилинади… Хўш, нима дейсан шунга?..
Маймоқнинг оғзи қийшиқлиги дафъатан йўқолди:
– Менинг энг катта бойлигим – ҳамқишлоқларим билан ҳамжиҳатлигим, ҳамнафаслигим, аҳиллигим… Улар ўлса – ўламан, яшаса – яшайман!
Искандар Маймоқ билан олдинма-кетин ўтовдан чиқиб, тантанали хитоб қилди:
– Биз ўз ҳаддимизга етиб келибмиз, биродарлар!.. Биласиз, устозим Аристотел “Ҳой македониялик Александр, майли, жаҳонни эгалласанг эгалла, фақат ўз ҳаддингни бил, ҳаддингдан ошма, инсоф йўлини тут!” деб насиҳат қилган эди. Худога шукур, мен ўз ҳаддимни ахийри билдим! Манови қишлоқ Хитой деворидан ҳам мустаҳкамроқ девор, метин қўрғон, маҳобатли истеҳком эканки, ундан ошиб ўтишга шахсан ўзим ожизман!.. Тўғри, бу қишлоқнинг буткул хонавайрон қилиб, ҳаммаларини қириб ташлашга кучимиз етади, бироқ кўра-била туриб бу ибратомуз бирликни, бирдамлик-ҳамжиҳатликни йўқ қилиш… ўтакетган ноинсофлик, бизнинг шаънимизга ярашмайдиган ноҳақлик, уччига чиққн адолатсизлик бўлур эди!.. Йўқ, мен ўз виждонимга хилоф иш тутиб, ҳаддимдан ошолмайман!.. Бугун шу манзилда отларимизга дам бериб, эртага ортимизга қайтамиз. Манови Муродтепада сафаримизни қаритамиз. Гап шу, биродарлар!..
“Бир кунлик меҳмон”лар мезбонлар билан дилкаш суҳбатларда кечани кундузга уладилар. Искандар бири биридан нуронийроқ отахонларнинг бири-биридан бамаънироқ гапларини танасига ўйлаб, уларнинг мағзини чақиб, яна бир карра қаттиқ ҳайратга тушди: “Мана, кўриб қўйинг, битта эмас, ўнта, юзта, мингта Атистотел! Фақат бу аристотелларнинг ўз гапларини қог;озга тушириб овора бўлишга хушлари йҳўқ, лекин ҳаммалари эшитганини қулоққа қўрғошиндек қуйишга устаси фаранг экан!.. Бир кеҳа минг кеча эмас! Шу бир кечада мингта Аристотел билан бирйўла суҳбатлашиш… о, нақадар улуғ бахт бу! Излай-излай топган ҳадди, интила-интила етиб келган сарҳади бу!..”
Саҳармардонда донишманду марди майдон мезбонлар билан қуюқ хайр-маъзур қилишиб, ортларига қайтдилар. Искандар от устида ўзини қушдек енгил ҳис қилди. “Дарҳақиқат, ийиқонлилар экан, қорувлилар экан, қоровуллар экан! – деб ўйлади ўзича ич-ичидан орзиқиб. Орзиқиши шундай бир эзгу тилакка ўз-ўзидан уланиб кетди: – Қанийди бутун жаҳон аҳли шу қишлоқдагилардек ҳамжиҳат, ҳамнафас, баайни бир жонй бир тан бўлса!..