— Ҳой, шоир, туринг, ташқарида сизни қандайдир расво сўраб келибди!
Меҳмонхона ходимининг бош устига энгашган кўйи шивирлаб айтган бу гапи Абдулҳамиднинг уйқусини дафъатан ўчирди. Куни бўйи дўстлари билан водий бўйлаб қилинган сафар-саёҳатлари, адабиёт ихлосмандлари билан қизғин учрашувлардан чарчаб-толиққан, шу боис қотиб ухлаётган одамга уйғониш осонми?! Лекин “расво” деганлари!.. “Расво”нинг кимлигини бу одам, умуман, атроф-жавонибдаги бандаи ғофиллар қаёқдан билсин! Кўнглида кучли соғинч ҳисси бош кўтариб, бўғзига бир нидо баайни тошдек қадалди: “Отам”! Ўғил ота билан кўришиб-қутлашолмай, чинакам ота-ўғил сифатида суҳбатлашолмай юрганида наҳот отанинг ўзи ўғил билан дийдорлашиб-қутлашгани келиб турган бўлса?! Ахир бу ёруғ оламда “Расво” биттагина, у ҳам бўлса, падари бузруквори Сулаймонқул баззоз-ку!
Бир пайтлар ёлғиз ўғлини Андижондан Тошкент сари кузатар экан, отасининг куйиб-ёниб айтган дил сўзлари қулоқларига баайни қўрғошиндек қуйилиб қолган: “Мен ювуқсиз ҳаром-ҳариш пасткашлар билан ҳар қадамда ёвдек курашиб, балохўрларнинг башараларига кўзгу тутиб яшаётган расвойи радди бало, ашаддий расвойи жаҳонман! Шунинг учун ўзимга “Расво” тахаллусини танлаганман. Элнинг озодлигию юртнинг ободлиги йўлида куйиб-ёниб адо бўлган буюк ҳақгўй Адо — Адойининг шогирди эканимдан фахрланаман! Шоядки, устозга муносиб шогирдлик менга ҳам насиб бўлса!
Устознинг сўзу лафздаги ишларини давом эттириб, бу жафокаш халқнинг бошига ёғилган балоларни ўзимга олиб, майли, мен ҳар қанча расвойи радди бало бўлай, фақат она халқим балолардан тезроқ қутилиб, елкаси офтоб кўриб, пешонаси ярқираса шояд! Ўзинг кўриб турибсан, эй, нурий дийдам! Менинг-ку, шу йўлда бўларим бўлди, кундан куним баттар!.. Энди сен ўзингга ҳушёр бўл! Бу кўпни кўрган халқ “қозонга яқин юрсанг қораси юқади”, деган гапни билиб айтган! Гапнинг қисқаси шуки, энди сен мендан узоқроқ юришинг керак бўлади, ўғлим! Токи “Расвонинг ўғли!” деган тавқи лаънат сенинг ёруғ келажагингга соя ташлаб юрмасин! Бу жаҳон айвонида камдан-кам шоирнинг ўғли шоир бўлган! Шоир отадан шоир ўғил чиққан тақдирда ҳам улардан ҳеч бири отадан ўзган ўғил бўлолмаган! Қанийди, энди шундай мисли кўрилмаган бахту толе сенга насиб қилса! Бунинг учун қадамингни ўйлаброқ босишинг, аввало, душман кўзи қилиб отангдан узоқроқ туришинг, отангнинг уйидан қадамингни узишинг керак! Мен – қадимчи, сен – жадид бўлгач, буёғи қадимчилар билан жадидлар анчадан буён тўқнашаётганини, балки тўқнаштирилаётганини яхши биласан! Шунинг учун эрта бир кун ота билан ўғилни уриштириб томошамизни кўриш иштиёқида турганларни қаттиқ доғда қолдирайлик иккимиз! Майли, вақтинча кўришмасак, кўришмайлик, фақат уриштиришларига йўл бермайлик! Худо кўрсатмасин, агар дийдор қиёматга қолгудек бўлса, сендан розиман, сен ҳам мендан рози бўл!.. Агар кўришишга зарурат туғилса, мен сени ўзим топаман, лекин зинҳор сен мени йўқлаб келма, уқдингми? Менинг шу гапларимни хоҳла – насиҳат, хоҳла – васият деб бил, ўғлим!..”
Абдулҳамид меҳмонхона ҳовлисига чиқиб, тўлин ой ёруғида қучоқ очган кўйи ўзига пешвоз юрган отасининг бағрига отилди: “Отам! Отагинам! Отажоним!.. Биринчи тарбиячим, биринчи муаллимим, биринчи устозим, биринчи пири муршидим!.. Далли ўғилнинг мубҳам келажагини деб дийдорни қиёматга қолдириш фикридан қайтганингиз ҳақ-рост бўлсин, отажон! Наҳот бу кўзларим алдамаяпти? Наҳот эшитганим ёлғон эмас!.”
Абдулҳамид ойдинда отасининг қадрдон рухсорига, тийран кўзларига интизорлик билан тикилди. Кейинги йилларда фақатгина тушларида кўраётган падари бузрукворининг дийдори!..
Отаси уни бағрида тутган кўйи овози титраб ҳаяжон билан шивирлади:
— Тезроқ ташқарига чиқиб, ҳолироқ жойга ўтайлик, ўғлим! Тағин кимдир бизни бирга кўриб қолмасин!..
Ота-ўғил меҳмонхона ҳовлисидан кимсасиз кўчага чиқдилар. Кўздан панароқ жойда юзма-юз ўтирдилар. Ота ўғилга синовчан тикилди:
— Қалайсан энди, ўғлим? Бош-кўзинг соғ-омон, ишларинг яхшими?.. Яқинда “Тонг сирлари” китобингни, айниқса, унга Жулқунбой ёзган ажойиб сўзбошини ўқиб бир қувондим-бир қувондим! Ишқилиб, илоё кўз тегмасин, бало-қазолардан Яратганнинг ўзи асрасин сени ҳам, устозингни ҳам!..
Абдулҳамиднинг ақли бовар қилмади:
— Менинг бу ердалигимни қаёқдан билдингиз, қандай топиб келдингиз, ота?..
Отаси мамнун жилмайди:
— Эрталаб чойхонада бир неча шоир-ёзувчилар водийда юрганини эшитиб қолдим. Шаҳардаги ягона меҳмонхона шу бўлганидан кейин, ахийри тун ярмида келдим-да, қоровулнинг қўлига бир сўлковой бериб, “Чўлпон деган шоирга “Сени расво чақиряпти” деб айт, дедим. “Расвоси нимаси?” деб ҳайрон бўлган эди, “Сен шунақа деб айтавер, сендан нима кетди” деб базўр кўндирдим. Буёғини мана, ўзинг кўриб турибсан!
Абдулҳамид отасига тикилган кўйи анграйиб қолди. Ич-ичдан бир тошқин тошиб чиққандай бўлди. Ҳа, мана, ўз кўзлари билан кўриб турибди! Мана, Мавлоно Муқимийдан минг карра ҳокисорроқ, она тупроқдек бечора бир зот! Ўғлининг пойқадамига жонини пояндоздек тўшашга тайёр жонсарак ота! Ўзини ер деб билган само дил зот – “Расво”. Шу тахаллусдаги улуғ шоир, Чўлпоннинг биринчи устози!.. Овози титраб сўради:
— Ўзингиз қандайсиз, отажон? Оғримай, қийналмай соғ-омон юрибсизми?
— Худога шукур, ўғлим! Омончилик!
— Сингилларим, жиянларим яхши юришибдими?
— Улар ҳам яхши, ўғлим. Ҳаммалари сени қаттиқ соғинишган. Айниқса, мен… кундузга базўр чидадим-да, кечаси уйқум қочиб, “Ўғлим ўз оёғи билан шаҳримизга келганида дийдорни қиёматга қолдирмай, ҳеч кимга билдирмай ими-жимида бир дийдорлашиб қолай”, деб…
Ота ўғилга синовчан тикилди:
— Сени қидириб келишимдан мақсад фақат дийдорлашиш эмас, ўғлим, шу баҳонада айтар сўзларим бор! Ўзинг ҳам яхши биласанки, кўп йиллардан буён жадидлар қадимчиларни ёмонотлиқ қилиб, уларга маломат тошларини отиб келаётган эди! Мана, кейинги йилларда “мушт кетди” бўлиб, энди шўролар жадидларни ёмонотлиқ қилиб бошлашди. Худо билади, эрта бир кун кимлар шўроларга қарши чиқар экан! Улар эл-юртга бало бўладими, ё балогардон? Билмадим, бу халқ қачонгача иккига-учга бўлиниб, бир-бири билан қирпичоқ бўларверар экан! Қачон бу халқ қутлуғ бир ғоя атрофида бирлашадию ким бу халққа тўғри йўл кўрсатади! Фикри ожизимча, ана шу қутлуғ ғоя ҳам бу халқнинг бир неча минг йиллик тарихий ўзлигини, ҳам ҳозирги замона зайлини ўзида ифодалаши керак! Мен шу қутлуғ йўлда қўлдан келганча ҳаракатимни қилдим. Энди “тегирмоннинг навбати” сенга келиб турибди! “Тонг сирлари” билан қўйган биринчи қадаминг қутлуғ бўлсин! Ўзим кўриб-кечирганимдан келиб чиқиб айтсам, шеърият туйғуларни қўзғашнинг таъсирчан усули, бироқ наср ҳам туйғуларни, ҳам фикрларни қўзғовчи ҳамда ҳаётни аниқроқ тасвирловчи таъсирчанроқ усул, замона зайлидир, замонанинг овозидир. Сенга ҳам оталик, ҳам устозлик насиҳатим – майли, шеър ёзиш иштиёқинг сўнмасин, бироқ бутун куч-ғайратингни насрга қарат! Шу кеча-кундузда шўроларнинг оёқ олишидан қўрққулик бўлиб турибди! Қани энди, халқнинг қутлуғ ўтмишию мустамлака тузумининг бутун авра-астарини кўрсатадиган бир йирикроқ асар ёза олсанг! Қолаверса, бу халқнинг келажаги нима бўлади, бу халқ тўғри йўлга қандай чиқиб олади, дунёда ўзининг муносиб ўрнини қандай эгаллайди, шулар ҳақида ҳам ёзсанг… — Ота тин олди, сўнгра давом этди. — Токи халқ дўст ким, душман ким, куч ва эътиқодни қаердан олиши кераклигини билсин! Нима дединг, ўғлим?..
— Тўғри айтасиз, отажон! Ўзим ҳам шундай бир олий мақсадни ўйлаб юрган эдим. Мана, устозим икки машҳур романи билан мустамлака арафасидаги ҳаётни аниқ-равшан кўрсатиб берди. Қани энди мен мустамлака даврининг бутун зимистонини ёритиб, бу зимистонни ёриб чиқа олсам!..
— Яша, ўғлим! Худо сенга қувват бериб, ўз паноҳида асрасин! Ёдингда бўлсин, халқ душманлари бундай асарлар ёзилишига тиш-тирноқлари билан қарши бўлади. Ҳатто сенинг ўзингни “халқ душмани” деб айблашдан тоймайди! Шунинг учун сен энди янаям ҳушёрроқ бўлишинг керак, ўғлим!..
Шу пайт кимдир сарпойчан ҳолда меҳмонхонадан ҳовлиқиб чиқиб, атрофга аланглаган кўйи овоз берди:
— Чўлпон! Чўлпон, дейман! Қаердасиз, дўстим? Қоронғида ким билан топиша қолдингиз?!.
Отанинг юраги шувиллаб ўғилга тикилди:
— Ким бўлди бу? Сени чақиряпти-ку, ўғлим?..
Абдулҳамиднинг дил қаърида бир тўфон бош кўтарди гўё. Айни лаҳзалардаги аҳвол-руҳиясини отадан сир тутиб ўтирмади – барибир, ҳаммасини беш қўлдек билади!
— Ҳамхонам, аниқроғи, доимий ҳамроҳим бу одам! Бутун иши мени, иложи бўлса, ҳалажойгача кузатиб бориб, ҳар бир қадамим ҳақида керакли жойларга хабар бериб турадиган шахсий пойлоқчим, ўзимнинг қўшқулоқ жонсизим! Ҳалигина донг қотиб ухлаб ётган эди, бирдан уйғониб тўшагим бўшлигини кўрган-да, “Тун ярмида қаёққа гумдон бўлди бу, эртага сўрашса нима жавоб қиламан?” деб ўзича қаттиқ безовталанган!..
Ота астойдил афсус-надомат чекиб бошлади:
— Оббо! Сен билан дийдорлашаман деб, кўнгил измига юриб, икки ўртада ўзим истамаган ҳолда қовун тушириб қўйибман-ку, ўғлим! Сенга чатоқ бўлиб юрмасин тағин! Бор, бора қол, ўғлим! Фақат зинҳор сир бой бера кўрма! “Отам билан дийдорлашдим” дема! “Уйқум қочиб, кўчага ўзим айланиб чиққан эдим”, дегин, хўпми?..
Абдулҳамид отасининг иродасига бўйсунган кўйи у билан унсизгина қучоқлашиб хайрлашар, эҳтимолки, видолашар экан, нақ бўғзига келиб тиқилган тошни базўр ютиб-ютиниб, оҳиста шивирлади:
— Хўп, отажон, хўп! Сиз ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг!.. — Чўлпон жадаллаб узоқлашаётган отасининг ортидан термулиб турди. Сўнг меҳмонхона тарафга овоз берди: — Мана, мен буёқдаман, дўстим! Дарров соғиниб қолдингизми, нима бало!..
Қоронғуликда азиз дийдордан дили ёришиб турган Чўлпонга бир қора яқинлашар, бири эса тобора узоқлашиб борар эди. Бу “қора”лар бир-бирини кўрмасдилар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 35-сонидан олинди.