Қишлоқдагилар Арслонқул тракторчи ҳақида гап кетса:” Тошдек қотган ерни юмшоқ парга айлантиради. Ерга мехрини бериб ҳайдайди. Лекин…”, дейишади. Ана шу “лекин”ини охиригача эшитмаганлигимиз бизга панд берди. Арслонқул тракторчи йилнинг тўрт фаслида ҳам тиним билмайди. Ўнлаб гектар ерларни шартта ҳайдаб ташлайверади. Бироқ тракторчи қурғур ўз ховлисидаги бир чимдимгина томорқасини “эплай олмасди”. Тўғрироғи, қўли қўлига тегмаганлигидан томорқаси қишин-ёзин қақраган тиканзор бўлиб ётарди.
Бир куни биз қишлоқ болалари Арслонқул тракторчининг уйи рўпарасидаги кўча четида футбол ўйнаётган эдик. Қишлоқ кўчасида транспорт қатнови фаол эмас. Шу сабаб кўча ўртасида ҳам ҳеч бир хадиксирашсиз чопқиллардик. Қош қорайгунча тўп тепиб, шовқин-тутун билан келиб қолган Арслонқул тракторчининг асабий сигналини сезмай қолибмиз. У уйи олдида тракторини тўхтатди ва биз томонга кела бошлади. “Ҳозир маърузани бошлайди”, дедим унинг важохатига қараб.
– Хей, сенларгаям хайронман. Кўча футбол ўйнаш учун қурилмаганку… Битта тўпнинг орқасидан тилларинг осилиб югуришдан бошқасини билмайсанлар,-деди тракторчи кўпни кўрган қариялардай насихат билан.
– Хўп, нима қил,дейсиз, ака,- дедим.
Арслонқул тракторчи бир зум жим қолди ва:
– Кўчада тўп тепиб, ҳамманинг кўзига ёмон кўрингандан кўра, менинг томорқамни стадионга айлантирларинг,- деди энсаси қотиб.- Бекоргаям ётибди. Барибир огородга қарагани вақтим йўқ. Чиройли қилиб тозалаб, ўшатта ўйналаринг.
Тракторчининг таклифи болаларга ёғдай ёқиб тушди ва рози бўлдик. Эртасига тонг махали хўрозлар қичқиришга улгурмасданоқ Арслонқул тракторчининг томорқасида ўнга яқин қишлоқ болалари ҳозир бўлдик. Ҳамманинг қўлида кетмон ва белкурак. Ишга киришдик. Хали уйқуни уриб ётган Арслонқул тракторчи кўзларини ишқалаб ховлисига чиққунча томорқани ёғ тушса ялагудай қилиб қўйган эдик. “Томорқаям жунгли бўлиб кетган экан-да”, ўйладим.
– Ҳаа… Сенлармидиларинг… Тақир-туқур овозларингни тушимда эшитяпман, деб ўйлабман,- деди у бўғиқ овозда.
Биз йўгонлашиб кетган тиканларни аравачага ортиб, томорқадан чиқариб ташладик ва ариқдан томорқага сув очиб юбордик. Туш махали барча ишни битириб, уй-уйимизга тарқалдик. Энди эртадан бошлаб, янги ўйингоҳчада маза қилиб тўп тепадиган бўлдик…
Эртаси куни тўпни қўлтиқлаганча, Арслонқул тракторчининг стадионга айлантирилган томорқаси томон йўл олдик. Ҳамманинг кайфияти осмон қадар. Кимдир ярим тунгача футбол кўрганлигини гапирса, кимдир ёқтирган жамоасининг рақибига ён босган ҳакамга эътирозни айтади. Яна кимдир:”Арслонқул Стадиум ўйингоҳининг очилиш маросмига бир неча дақиқадан сўнг гувоҳ бўласиз”, деди телешарҳловчига ўхшаб. Ҳамма шарақлаб кулиб юборди. Тракторчининг томорқасига етиб келганимизда хафсаламиз пир бўлди: бошига оқ рўмолни танғиб олган Арслонқул тракторчи хотини билан томорқасида кетмон чопар, ерни экишга тайёрлаб, эгатга бўлиб чиқарди.
– Тушунмадик, ака,-дедим нима гаплигига ақлим етиб турган бўлса ҳам.
– Нимани тушунмадинглар? – деди тракторчи захарханда илжайиб.- Тушунтиришим шартмасдир?! Далада ишлашдан қочасанлар. Балодек ишларкансанларку. Қойилман, локин… Мендан фақат сенларга раҳмат айтиш қолди, холос.
– Ахир ўзингиз айтгандингизку…
– Нимани айтибман? Сенлар билан контракт тузибманми? Қани исботларинг… Умуман олганда, мени томорқамни стаионга айлантиришга нима ҳақларинг бор?
Алдагани бола яхши экан. Тракторчининг бизни боплаб алдаганлиги қишлоқда ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади.
Қишлоқдагилар Арслонқул тракторчи ҳақида гап кетса:” Тошдек қотган ерни юмшоқ парга айлантиради. Ерга мехрини бериб ҳайдайди. Лекин биттагина айби бор: кўп ёлғон гапиради”, дейишади. Ҳозир Арслонқул тракторчининг томорқасида помидорлар қизариб ётибди.