Эрталаб мактабга келсам директоримиз Қўзивой ака коридорда уёқдан-буёққа бўзчининг мокисидек сабрсизланиб қатнаб турган экан. Мени кўриб бирдан юзи ёришди:
– Вақтида келдинг-да. Эртоевни туман марказига муҳим иш билан юборгандим. Унинг дарсини бугун сен ўтказиб тур, ука!
– Ахир алгебрага тишим ўтмайдику, – дедим иккиланиб.
Шаҳарда қайноқ талабалик давримга нуқта қўйиб, қишлоғимиздаги мактабга кимё ўқитувчиси бўлиб келганимга эндигина бир ой тўлди. Янгиман. Шундай экан ортиқча нозлансам одобдан бўлмас… Камига Қўзивой ака елкамга қоқиб:
– Ҳали ёшсан, мени айтганимни қилсанг карерангда асп юриш қилган бўласан! -деб қўйди.
Қўзивой аканинг жону дили шахмат эди. Буни ишга келган кунимоқ ҳамкасбларимдан эшитгандим. У ҳар гапида шахматга хос ибораларни қўшиб гапиришни хуш кўрарди. Ёши кексароқ ўқитувчиларнинг айтишларича, ҳатто шу шахматни деб Қўзивой акани директорликдан бўшатишларига бир баҳя қолган экан. Қайсидир йили туман халқ таълими бўлимидан текширувчилар келадиган бўлибди. Бундан хабардор бўлса-да Қўзивой ака тушмагур қоровул чол билан мактаб боғида кўк чойни хўриллатганча парвойи палак шахмат ўйнаб ўтираверибди. Текширувчилар директорни боғгача излаб келишиб… Яхшиямки, Қўзивой аканинг бахтига текширувчиларнинг каттаси ҳам шахмат “жинниси” чиқиб қолибди. Иккалови икки шиша пивони кучи билан уч-тўрт партия шахмат ўйнаб, кунни кеч қилишибди. Хуллас, текширувчилар каттаси яхши кайфиятда кетибди. Чунки Қўзивой аканинг унга атайлаб ютқазиб берганлигини қаёқданам билсин?!
Қўнғриоқ чалиниши билан Эртоевнинг ўрнига синфхонага кириб келдим. Мактабдаги энг интизомсиз синф деб аташганича бор экан. Бирови телефонда гаплашган,бирови бошқасининг сочига сақич ёпиштириб қўйган, яна қайси бири доскага расм солган. Мадорим қуриб дарсни тугатдим. Бир соат ичида шунақа чарчадимки… Бошқа бу синфга қадам босмаганим бўлсин. Бошим ғувиллаб коридорда кетарканман, директорнинг очиқ эшиги олдида Қўзивой ака ва Эртоев домланинг овозлари қулоғимга чалингандек бўлди. Аста мўраладим: икковлон “кишт” деганча дона суриб, шахмат ўйнаб ўтиришибди. “Э,қойилман… Боплаб тузлашибди мени”, ўйладим ичимда. Қўзивой ака кўзлари шахмат тахтасида бўлса ҳам мени сезибди, кўзларини менга тикмасдан:
– Киравер,ука. Тугатдингми дарсни? – деди.
– Ҳа.Амалладик…
– Баракалла! Ҳайрон бўлма. Ўтган ҳафта шу акангга ютқазгандим. Реванш олай дегандимда. Эртага Содиқовда ҳам муҳим иш чиқиб қолиши мумкин. Гроссмейстерда у. Менам бўш келмайман аммо. Унинг ҳам биринчи соатда дарси бор. Эртароқ келгин, хўпми?