Онам мени туғаётиб, тақвимга қарамаган экан-да, бўлмаса келиб-келиб, 13 декабр куни туғиламанми! Аттанг-а, аттанг!
Ҳар йили аҳвол шу денг. Одамлар қувониб-чарақлаб, тантаналар билан туғилган кунини нишонлайди, мен эса бу борада нуқул кулгига қолиб юраман. Нега шунақа экан-а?
— Ҳой қўччим1ов! Сени идорамиздаги паст-баландни тушунадиган болами деб юрсам… Сенга нима бўлди? Йил тугаяпти, режани бажаришимиз шарт, сен бўлсанг туғилган кун, туғилган кун дейсан. Нима йилни якунламай туриб, анов-манов майда-чуйдага овора бўлиб қолишимиз яхшими?
Бу – бошлиғимизнинг гапи. Ҳозиргина Тоймасовнинг олдига кириб чиқдим. Шундай-шундай-шундай дедим. Бормасангиз бўлмайди, қутлуғ дамларимда, ёр-дўстларнинг ўртасида … У охиригача эшитмай портлаб кетди!
— Сени хўроз йигит деб юрсам, нақ сумалакнинг ўзи экансан! Нима, сен туғилган-туғилмаганда дунёда битта сувбурун кам бўлади дебмидинг?!
Мана, мен сенга ўхшаганлар хулоса чиқариб олсин деб шундай қарор чиқардим, тингла! “Декабр ойида корхонамиздаги барча ишчи ҳодимларга туғилган кунни, юбилейни нишонлаш, тўй-маърака ўтказиш ман қилинсин! Ҳеч ким уйланмасин турмушга чиқмасин. Биронта одам оғримасин, вафот қилмасин!” Тушундингми?! Ҳаммаси кейинги ойда, йил якунланиб, йиллик режа бажарилганидан сўнг бўлади! Тамом-вассалом!
Мен ўксиниб ташқарига чиқдим. Тоймасов ростдан ҳам шундай буйруқ чиқарганми, йиллик режанинг бажарилишига шунчалик жиддий қарайдими ёки мени шунчаки кўз учун койиб қўя қолдими? Шуни тушунолмай роса сарсон кесак-овора кесак бўлдим.
Аслида, бошлиғимизни яхши одам деб биламан. Нима демоқчилигини иягининг қимирлашидан тушунса бўлади. Жуда фаросатли, икки гапирмайдиган, хушомадни кўтармайдиган, кенг феълли одам. Керак жойида бақирадиям, яхши гап билан койийдиям. Сўкишлари, бақиришлари баримизга мойдай ёқади. Ол энди, кулиб, илиқчирой билан гап бошладими – куним битди деявер! Кулиб туриб жонингни олади, оёғингдан чалади. Кулиб гапирганидан худо сақласин. Бақириб гапирадими – охири хайрли тугайди. Шунда…бугунги гапларини қай маънода тушунсам экан?
Корхонамиз режани бажаришга яқин қолганди. Ўтган ҳафтада Тоймасов юкли аёллар билан бирма-бир гаплашганини эшитган эдим. Шу-шу гап, янги йил ўтиб, йиллик режа бажарилмагунча туғиш йўқ, деб шарт қўйибди. Кейин қоровул чолни чақирибди деган гап чиқди – “пенсияни тўхтатинг, янги йил ўтсин, режа бажарилсин, йил оёқлаб қолганида кетаманни йиғиштиринг!” деган эмиш! Яна бир гап чиқди – котиба қизнинг тўйини ҳам кейинроққа сурибди, режа бажарилиши олдидан ўйин-кулгунинг нима кераги бор эмиш… Янги йилгача ҳеч ким ҳеч нарсани ўйламасин, ҳеч ким ҳеч нарсани таклиф қилмасин, ҳамма фақат йиллик режани бажариш билан банд бўлсин! Янги йил ўтса белгиланган режалар бажарилса, кейин майли, у ёғини ўйлаб кўрамиз…
Ҳамма шунга кўниб, янги йилнинг ўтишини кутиб юрган эди, фаррош келинчакларнинг бири охират босиб туғиб қўйиб шартни бузди ва Тоймасовдан ҳамма танбеҳ эшитди.Ана, келин бечоранинг эри ҳар куни эрталаб келиб, ўзи хоналарни супириб-артиб юрибди энди. Ахир Тоймасов, “кинога ҳам, контсертга ҳам борилмасин!” деб буйруқ чиқариб қўйибди-ю!..
Бошлиғимизнинг бояги бақиришидан кейин менинг кўнглим ҳалигача жойига тушмади – нима бу, ҳазилми ё рост? Билмадим.
Анча вақт ўйланиб юрдим. Туғилган кунни торгина қилиб, оилавий даврада нишонлаб қўя қолдим-у, аммо кейин яна қовун туширдим. Воқеа бундай бўлди.
Янги йил арафасида эрталаб универмаг яқинидан чиройли гулдаста сотиб олдим, йўл-йўлакай атир харид қилдим-да, устидан сепдим. Ҳиди гуркираб кетдими денг-да. Оҳ-оҳ-оҳ! Шундай қилиб майда-чуйда совғаларни кўтариб Тоймасов хонасига бордим бостириб!
— Ассалому алайкум, оға! – дедим ўзим ҳам гулдай очилиб. – Сизни эшик қоқиб келиб қолган янги йил билан чин дилдан табриклайман! Бола-чақангизга, оилангизга омонлик… – Бемалол сайрай бошлаган эдим, сўзим оғзимда қолди.
— Аҳмоқ экансан-ку, эй, аҳмоқ экансан-ку! Билиб туриб шунақа қиляпсанми-а?! Мени масхара қилиш учун, бир отим носвойдай ақлингни сарфлаб, шуни ўйлаб топдингми, а? Ўнгмағур аҳмоқ-а, барини билиб-туриб шундай қиляпсан… – деб Тоймасов устимга бостириб кела бошлади. Қўрқиб қалтираганимдан қўлимдаги совғалар ерга тушиб, ҳар томонга сочилиб кетди.
— Эртага қайси кун? – деди у муштини иягимга тираб.
— Бир, бир… ян… январ! – дедим тутлиғиб.
— Биринчи январ қанақа кун?
— Янг…янг… янги йил бай… бай…
— Мана сенга янги йил! Айтдим-ку, била-кўра шундай қиласан, сен аҳмоқ! Эй сўқир! Эълонни кўрмадингми?!
Ўлай агар, гул кўтариб, совға-салом кўтариб келаверибман-у, даҳлизда осиғлиқ турган “Табриклаймиз!” деган деворий газетага қарамабман…
— Бундан буёғи ёдингда турсин! Биринчи январ янги йил бошланадиган кун эмас, биринчи январ – менинг туғилган куним! Тушундингми!? Эртага ҳаммани уйимда кутаман. Сенга ўхшаганлар ҳам совғалар билан уйга бориб мени табриклашади! Йил якунланмагунича ҳеч ким ҳеч нарсага пул сарфламасин, байрамлару туғилган кунлар нишонланмасин деган сўзимнинг маъносини тушундингми энди? Ҳаммаси менинг туғилган куним ўтгандан кейин бўлади!
— Туш… туш… тушундим, оға! Ҳаммаси сизнинг айтганингиздек бўлади, оға!
Аста тисарилар эканман, оғзимдан нотўғри гап чиқиб кетганини билмай қолдим:
— Унда янги йил байрами қачон келади?
— Янги йил озгина кутиб туради. Махсус қарор чиқариб, уни ўн кун нарига сурдим-ку, ахир! Аввал менинг туғилган куним нишонлансин, ундан кейин янги йилни нишонлайсиз, тўй қиласизми, туғиласизми – ўзларинг биласанлар! Қани энди, марш! Кўзимдан йўқол! Эртага бунақа майда-чуйда совға-салом қилиб юрма-да, каттароғидан олиб ё қуруғидан кўтариб уйга бор, тушундингми, каллаварам?!
Эҳ аттанг, нега опам мени тақвимга бир қараб олиб туғмади экан? Эҳ тақвимда нега “Тоймасовнинг туғилган куни” деб ёзиб қўймаган экан-а, нега?
Энди менга бари бир – янги йил келадими-кетадими, ишим йўқ! Бошлиқ туғилган кунни унутмасам кифоя, хор бўлмайман!