Ширин туш кўриб ётган Ўроз қўйларнинг устма-уст маърашидан ғижиниб уйғонди. Ёнидаги ўринга қўл чўзди. Қўли қуруқ тўшакка теккач, эриниб кўзини очди. «Қувон! Анови очофатларнинг жағини ўчир!» Деворлари тутундан қорайиб кетган уйчанинг бир кўзли деразасига тутиб қўйилган, кирлигидан асли ранги билинмай кетган пардани сурганди, шариллаб йиртилди. Ичкарига қуёш нури отилиб кирди. «Ие, кун ёйилиб кетибди-ю, ҳалиям қўй ҳайдамаган кўринади. Қай гўрга кетди бу хаёлпараст? Яна сувга термилиб, фол очиб ўтиргандир!»
Ўроз ёстиғининг остидан гул солинган сочиғини олиб, елкасига ташлади-да, уйчадан чиқди. Атрофга аланглаб Қувонни қидирди. У ҳеч қаерда кўринмасди. Янги қўзилаган совлиқлар ва қўзилар қамалган қўра тўсиғидан мўралади. Қўра бўм-бўш. «Содиқ қўй ҳайдаб кетибди. Одам деган мана бундай ишласа! Ҳеч нарсани айтмайсан, ўзи билиб қилаверади. Аммо хаёлпараст қаёқда юрганийкин? Каёқдаги ишбилмас, ишёқмас ёрдамчига учраб қолдим. Бу тоғ-тошда ишлашга ҳозирги унча-мунча йигитнинг юраги бетламаса! Уларга иссиқ ўрин, беҳуда ҳангома, олди-қочди гаплар бўлса. Қанийди, бу йил биронтаси кеп қолса, ана унда хаёлпараст «кетаман» дедими, оғзидан чиқиши биланоқ «хуш келипсиз», дейман-қўяман. Ҳозирча ўлганнинг кунидан эшакни тоғани деб турамиз-да».
Очликданми, яйловга интилибми, қўйлар тинмасдан маърашарди. Ўроз Қувон боқадиган сурув қамалган қўрага ғижинганча қараб турди-да, бўралаб сўкиниб, жарликка тушиб кетди. «Ё индамай-нетмай хотинчасининг олдига жўнаб қолдими? Хотин деган фақат унда бордай, биз ҳам соғинамиз, лекин, мана иш қолмасин, дея ҳафталаб, ойлаб қишлоқка тушмаймиз. У бўлса, чопгани-чопган. Ҳа, тилладан бўлса-да, битта хотин-да!»
Қувон сой бўйида ҳам кўринмади. Муздаккина сувда роҳат қилиб ювинар экан, Ўрознинг ортида нимадир увлагандай бўлди. Ўгирилиб, ҳеч нарса кўрмади. Яна увиллаш эшитиб, ўнг томонига қаради-ю, жаҳли чиқиб, сўкинди. «Тариқча писанд қилмайди-я, одамни! Нима бўлгандаям, бошлиқман сенга! Ялпайиб ётишини қара, яна топган жойини-чи…»
Жарликнинг сой оқиб келадиган кунботар тарафи тик кесма қоя эди. Ундан туриб жарликка қараган унча-мунча одамнинг юраги шувиллаб кетади. Қоя қоқ ўртасидан иккига бўлинган, бир қулочдан сал кенгроқ ёриқдан сой оқади. Қоядан пастга қарашга Ўрознинг юраги дов бермасди. Онда-сонда билмай қолиб қараб қўйганида, юраги ичига тортиб кетаркан, шунча йил тоғларда қўй боқиб юриб, ҳеч нарсадан қўрқмайдиган бўп кетган ўзидай одамнинг юраги пўкиллашига ҳайрон қоларди. Аммо-лекин «Жаҳаннам» деганларича бор. Бу совуқ сўзнинг ўзиёқ нақ танангни музлатворади-ю…» Ана шу «жаҳаннам»нинг ўнг тарафидаги ярим коя худди пичоқда кесгандек ўн-ўн беш қулочча тик тушган, жарликда эса, ёйилиб кетгандайин… Ёйилманинг ўртасида туятош сўппайиб турар, Қувон ўша тошга елкаси билан суяниб, бошини қўйганча беўхшов ялпайиб ётарди.
Ўроз сувни чапиллатиб ювинди-да, артина-артина елкаси оша Қувонга ўғринча қараб олди. У ҳамон ўша-ўша бир хилда нописандлик билан ётар, ёнидаги ит бўлса, бошини хўжайинининг тиззасига қўйиб олган, гоҳ-гоҳ тумшуғини кўтариб, увлаб қўярди. «Ишқилиб, яхшилик бўлсин, итнинг увиллаши – шумният. Бу хаёлпарастнинг яна жазаваси тутибди, чоғи. Мени калака қилиб нима зафар топаркин у?» Ўроз тутаққанча туятош томон юрди. «Ҳей, намунча ялпайиб ётволдинг? Мақсадинг қўйларни очдан ўлдириб, мени балога гирифтор қилишми? Тур ўрнингдан, сурувни ҳайда! Билиб қўй, унга аввало ўзинг жавоб берасан! Содиқнинг қўй ҳайдаб кетганига қанча бўлди-ю! Тавба, қулоқ қоқмайди-я! Ҳўв, менга бундай ўқрайма!»
Ит чўзиқ увлади. Қувоннинг қимирламасдан, ғазаб билан ўқрайиб турганини кўриб, Ўрознинг чапақайига жаҳли чиқди. Унинг қандайдир ғолибона, ҳам жиндай ғазаб аралаш боқаётган нигоҳига чидаёлмади. Одимини тезлатди, сал бўлмаса, чопаёзди. Ана, уч қадам қолди етишига, у ҳамон ўша кўйи ётибди, икки қадам қолди, ҳамон ўша-ўша, бир қадам қолди, ақалли туки ўзгаргани йўқ. Ҳозир бу керилманинг тирсагига туртади. «Нима бало, ўлиб қолганми, на ўзи қимирлайди, на олайган кўзи». Ўроз Қувонга қўл чўзди-ю, бармоқлари уннинг танасига етай-етай деганда, ўкириб юборди. Ортига тисланганча қочар экан, оёғи нимагадир илашди. Бир иҳради-ю, ўзини базўр тутиб қолди. Оппоқ, юмшоқ бир нарса оёғига ўраларди. «Нима бу, нималар бўляпти?» У сойга етиб боргандан кейингина ўзига келди. Бошини совуқ сувга пишди, узоқ тутиб турди. Муздай сув этини зиғирдай жунжиктирмасди. «Э, юракдан боракан-ку, Ўрозқул! Оёғимга ўралган сочиқ, ўзимнинг сочиғим-ку!» Ўроз ичидан отилаётган қичқириқни не азобда бўғзида тутиб қолди. Яна бошини сувга пишди.
«Ўлибди. Ё қудратингдан, топган ўлимини… Ўқрайишини… Тавба, ўлик ҳам шундай ўқраядими? Шошма, кечаям худди шундай хунук ўқраймаганмиди? Содиқ билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргандик. У бўлса, тўшакка чўзилганча ётарди. Кўзларини юмиб олган-у, билиб турибман, ухлагани йўқ. Содиқ бозорга тушганди, ўшаттан топиб келган гапини айтди: бир йигит жўраси билан ҳазиллашиб туриб, уни ўлдириб қўйибди. Кейин икки-уч кун гарангсиб юриб, ўзини осибди. «Умр ҳар нарсадан азиз, дунёга бошқа кеп бўпсан. Нега ўзини осдийкин, у аҳмоқ?! Биринчидан жўрангни атайлаб ўлдирган эмассан, иккинчидан, бунинг учун уч-тўрт йил қамашса, қамашар, бир кун чиқиб келардинг. Пешонангдан отишмасди-ку!» Шундай дедим, холос, бошқа бирон оғиз гапирганим йўқ. У индамай ўзини ухлаганга солиб ётаверди. Ғашим келиб: «Аҳмоқ экан, шундайми, Қувон?», дедим. «Нима шундайми?» У ҳатто кўзини очмасдан минғирлади. «Ҳозирги эшитганинг-да». «Шундай бўлса, шундайдир-да», деди яна бепарво. «Тавба. Қувон, сенда юрак дегани борми ўзи? Биз нималарни куйиниб гапиряпмизу!..» «Нималарни гапиряпсизлар?» «Эшитмадингми?» « Ҳе, қанақа одамсиз ўзи, тинч ётгани қўясизми-йўқми?» «Нега бунча ўдағайлайсан? Мен сени одам деб… Шу диққинафас каталакда уч кишимиз. Зериккандан у ёқ-бу ёқдан гурунглашиб, кўз юмилгунча…» «Бу ёруғ дунёда яхши воқеалар ҳам бўлаётгандир!» «Биз… биз бу гапларни ачинганимиздан айтдик. Содиқ бошлаб қолди. Мен…» «Сиз, сиз ачинасизми? Сиз-а?! Ҳатто манови бола ачинаман деса, ишонаман. Лекин шуни яхши билинглар, ўша йигит ҳеч кимнинг ачинишига муҳтож эмас!»
… Унинг ёниб турган юзларига, ўқдек қадалган кўзларига қараб, ўзимни тутолмадим. У намунча қотилни ҳимоя қилиб қолди? Балки унга қариндош-париндош чиқар? Ё ўзининг ўйидаям ўша қотилники каби ярамас, лаънати хаёллар ғимирлаб ётгандир!
«Нега жим қолдингиз, гапиринг энди! Нега қотилга тарафкашлик қиляпти, деб ўйлаётгандирсиз? Борди-ю, сиз билмасдан бировни ўлдириб қўйдингиз, дейлик. Шунда виждонингиз қийналиб, ўзингизни ўлдира олармидингиз? Нега лабларингиз титраяпти, рангингиз ўчди? Қўлингиздан келмайди. Тўғрими? Нега унда марҳумнинг устидан куляпсиз? Ўзингизча ҳукм чиқарасиз, ҳа-а, ачинасиз?..» «Мунча менга ёпишволдинг, сени одам деб суҳбатга тортиб, балога қолдимми? Э, менга нима, деворга гапириб ётмийманми!» «Ишқилиб, одамийликни ҳамма ўзича тушунаркан-да…» У шундай деди-да, менга ёмон ўқрайди. Қарашига дош беролмадим…
Ҳайронман, бу боладан нега чўчиб қолдим ўзи? Ўша, ишга янги келган ойлари семиз қўйлардан йигирматасини пуллаб, ўрнига ориқ қўйлар олиб келганимни кўрганида ҳам худди шундай ўқрайганди. Мен аҳмоқ бўлмасам, ўшанда унга бошимдан ўтган савдоларни айтиб ўтирибман. Ўзи гўрингда тўнғиз қўпгур Остон қўйчи хонумонимни вайрон қилди-да. Сурувнинг ярмини сотиб битириб, текшир-текшир яқинлашганда қишлоққа қочиб, кўрпа-тўшак қилиб ётволди. «Ука, мазам бўлмай кетяпти, ортимда юриб, кўзинг пишди, сенга ишонаман, қўй-қўзиларни уч-тўрт кун боқиб тур, ўғилча қарашар», деди-ю, отарни менга ташлади-кетди. Тентак бўлмасам, олдида қўйларни санамайманми… Ана кейин Остоннинг томошаси бошланди. Текшир-текширда олтмиштадан ортиқ қўй саноқдагидан оз чиқди. Ҳаммасини бўйнимга илди-қўйди. «Мен бу лаънати муттаҳамга ишонибман. Эндигина биринчи йили яйловга чиқиши бўлса! Ҳали она сути оғзидан кетмаган десам, шунча ҳунари боракан, икки дунёдаям рози эмасман бунақа учар, эгриқўл шогирдчадан!», дея турди-олди. Ука, ўшанда менинг қанчалик қийналганимни билсанг эди! Қамамоқчиям бўлишди. Итдан олиб, итга солишди. Ниҳоят кам чиққан қўйларнинг ярмини бўйнимга қўйишди. Ярмини Остон тўлайди, дейишди. Шунда у мени савалай кетди, ҳаммаёғимни мўматалоқ қип ташлади. «Хонавайрон қилдинг мени, ҳароми, топганинг асло татимасин», дерди у тўхтамасдан. Одамлар ажратиб олишмаганда, майиб қип ташлармиди… Қарз-ҳавола қип қўйларнинг товонини тўладим. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, йўқолган қўйларнинг ярмига яқини топилди. Қўшни шаҳар бозорида сотишаётганда тутишибди. Ана шунақа гаплар, ука! Мана, тирикчилик экан, мажбур бўляпмиз. Мен ноинсоф Остон қўйчидай сени жарга итараётганим йўқ-ку! Лекин бу тоғу тошда кеча-ю кундуз бекорга таёқ кўтариб, ёзда офтоб уриб, қишда изғиринга кўкрак бериб юрамизми?» «Яхшиси, мениям Остон қўйчи каби алдасангиз бўларкан». У авзойи сира ўзгармасдан айтди бу гапни. Ҳазиллашяптими, десам, қиёфаси жиддий. Кейин, мана, нима қилсам ҳам, иши бўлмай кетди-ку! Лекин, бора-бора одам билан суҳбатлашмайдиган бўп қолди. Гаплашгандаям, нуқул устингдан кулаётганга ўхшайди. Ўтган ҳордиқ улоқдан қайтиб, Содиққа гапириб турсам, ўшшайиб кеп қолди. «Ҳа, ака, манглайни қашқа қилвопсиз», деди иршайганча. «Улоқда бўлади-да, ука, қизишиб кетасан». «Ия, сизам қизишасизми?» «Ҳа, ука, отанг улоқчи ўтган бўлсаям, ўзинг улоқ нималагини, унинг гаштини билмайсан-да!» «Биламан, отамнинг манглайида чандиқ бориди. Отам улоқни олиб, маррага етай деганда, қайси бир номард кўзлари аралаш қамчи урган. Қон тизиллаб оқиб, кўзларига тушган. Отам улоққа ёпишган қўлнинг эгасини бир қўллаб отидан ағдарганлар. Ўшани от тагида қолган-у, бахти бир чопиб, ўлмаган, дейишади. Отам ўша кўйи маррага етиб борганлар. Кейин яна узоқ йиллар улоқ чопганлар. Ҳа, улоқ нималигини унча-мунча биламан. Улоқ аслида мардлар ўйини, лекин битта-иккита номардлар ҳам аралашиб қолади».
Хайрият, ўшанда у четга қараб гапирди. Бўлмаса, авзойимни кўриб… Ё билармиди, ўшанга атайлаб… Шунинг учун мени эзиб юрармиди! Айтса, бир хафагарчилик бўлиб, у ёғи кўнглим тинчиб кетишини сезармиди, хумпар. Йўқ, билмаган. Билганда, у айтмасдан, узиб-узиб олмасдан қўймасди.
«Биронтаси қамчи билан урдими?» «Нима? Нимага шама қиляпти?..» «Эҳтиёт бўлинг-да, қизишиб кетиб, отнинг тагига тушиб, туёғи остида янчилиб, ўлиб кетманг, яна. Ҳа, нега бўзариб кетдингиз? Ие, қаншарингизгача титраяпти-я! Намунча ўлимдан қўрқасиз? Дунёга устун бўлгингиз бор, чоғи? Ҳа-ҳа-ҳа… ҳа-ҳа-ҳа….» «Яйраганча кулишини қаранг-лар! Эшитганга ўхшайди. Пайти келганда ўч олмоқчи. Мунча мени ўлим билан қўрқитади? Қилиғиям хунук, гаплари ҳам совуқ. Бирда қоядан «жаҳаннам»га қараб турсам, кимдир итариб, тез тортиб олди. Ўтакам ёрилай деб, ўгирилиб қарасам, шу сўхтаси совуқ. Безрайганча «Ие, сизам «жаҳаннам»ни томоша киларкансиз-да», деди. «Бу ҳазил дегани ҳам эви билан-да, ука. Бехосдан юрак қинидан чиқиб кетиши мумкин». Ҳозир «жаҳаннам»га тушиб кетганингизда нима бўларди-я…» «Мақсадинг мени ўлдиришми, нима демоқчисан?» «Ҳеч нарса. Ўлимдан шунчалик кўрқадими, одам? Ҳа-ҳа-ҳа… ҳа-ҳа-ҳа…» «Яхши гапгаям, ёмон гапгаям…. э-э, ука. Нима, сен ўлимдан қўрқмийсанми? Ёруғ дунёга келдингми, ўлимни ўйламай, ҳузурланиб яшагин-да!» «Ҳар қандай йўл билан, ҳар нарсага чидабми?» «Ҳўв, сенинг бошингдан биров тегирмон тоши юргизяптими?» «Йўқ! Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа…»
«Тавба… Ишқилиб. Қайтарканда. Менга ўлим тилаб, ўзи… Ҳойнаҳой, тонг қоронғисида қояга чиққану «жаҳаннам»га тикилган. Уйқусираб тушиб кетган. Лекин унда туятошга қандай суяниб қолдийкин? Яна тирик бўлса-я!»
Ўроз қўрқа-писа туятош томон кўз қирини ташлади. Қувон туятошга ўша-ўша кўйи суяниб ётарди. Ит увилламай қўйганди. Қандай суяниб қолдийкин? Худди биров атайлаб ётқизиб қўйгандайин. Хайрият, қўл тегизмаганим. Худо бир асради… Шу, чоғи, қоядан тик тушиб, ёйилмага урилган, сурилиб келиб, туятошга сирғалиб тушгану суялиб қолган. Ана сенга, хаёлпарастлик! Ана сенга, «жаҳаннам» қаърига тикилиб, бахт ахтариш… Хайрият, қўл тегизмаганим…»
Ўроз яна бошини сойга тиқди. Оғзини қайта-қайта чайди. Туятошга қарамасликка уриниб, сўкмоққа қадам қўйди. Орқасига қараб-қараб ўрларкан, совуқ, намчил қўл билагидан ушлади. Баданидан бир нима илондек ўрмалаб ўтди, юраги томоғига тиқилди.
– Ҳа, Ўрозқул, одамининг ёши ўтгани сайин жони ширин бўлиб борадими, дейман.
Ўроз қаршисида илжайиб турган ҳисобчини кўриб, ерга туфлади.
– Э-ҳа, сизмидингиз?
– Бу юрак дегандан ҳам бор экан-да! Шу юрак билан ҳувиллаган тоғларда қандай қўрқмасдан юрасиз? Э, йўқ, билдим-билдим, пул ширин-да. А, лаббай, жигардан бўлган, дейишади-ку! – Ҳисобчи сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, ёйилиб кулди. – Э, дарров жаҳлингиз чиқмасин, бир ҳазиллашдим-да. Бўлинг, тез тараддудингизни кўринг, меҳмонлар келишяпти. Сой бўйига жой қилинг. Азиз меҳмонларга атаб, семиртириб қўйган қўйингиз бордир?
– Қанақа қўй? Қайси меҳмон?! Э, ҳозир ўзимнинг меҳмоним чиқиб ётибди.
– Нима бўлди? – Ўрознинг қон қочган юзи, тинмай пириллаётган лаблари, учиб-учиб тушаётган ёноғи, қалтираётган қўллари, кутилмаган терс муомаласи ҳисобчини ташвишлантириб қўйди.
– Ўтинг, жарликка тушинг, ўзингиз кўрасиз, – Ўроз ҳисобчини ёнидан ўтказиб, орқасига аста туртди. – Тушинг, тушаверинг, сизнинг юрагингиз отнинг калласидек-ку!
– Нима гап? Очиғини айтаверинг-да. Қўйларга бирон гап… Бўриларми?
– Э, намунча талмовсираб қолдингиз? Қўйлар эмас,.. одам. Тушинг, кўрасиз!
Ҳисобчи пастроқ тушар экан, туятошга суяниб ётган кишига, унинг ёнидаги итга кўзи тушди.
– Ие, Қувон-ку! Уришдиларингми? Гаров бойлашаман, ҳозир у гапимизни эшитиб турибди. Лекин эшитмасликка олиб, пинагини бузмаяпти.
– Энди у ҳеч нарсани эшитмайди. Туятошга ҳам сўнгги марта суяниши…
Ўрознинг овозидаги синиқликданми, безовталикданми, ҳисобчи воқеани англади.
– Ўлибдими?
Ўроз индамай ерга қаради. Ҳисобчи уни силтаб ташлаб, олдинга ўтиб кетди. Тепага чиқди-ю, уйчага кириб олиб, эшикни зичлаб беркитди. Судралиб қадам ташлаганча чиқиб борган Ўроз эшикни очганида, ҳисобчи ўзини орқага ташлади.
– Сизга нима бўлди? Ўзини кўрганингизда тамом бўларкансиз-да! Мабодо, шимингизни алмаштирмайсизми? Ҳали мени қўрқоқ деётган сизмидингиз?
– Бемаза гапларни қўйинг! Унга нима қипти? Ўзи ўлибдими? Мабодо қўл тегизганингиз йўқми? Ишқилиб, бошингиз ғалвага қолмасайди…
– Ўладиган у, нега мен ғалвага қолар эканман?
– Ўша ётишда ўлади-ю… Шубҳаланадиганлар, гумон қиладиганлар йўқ, дейсизми? Майли, қалтираманг! Ҳа, анов бола қаерда?
– Содиқ қўй ҳайдаб кетган. Жазавага тушманг, ака! Мен Қувон билан мол-дунё талашмаган бўлсам… Ана, совуқ чой бор, ичволинг! Қўйлар қўрани бузяпти, мен қараб келай. Ҳа, айтгандай, бир ўзингиз қўрқмай ўтирасизми?
– Нима?! Бораверинг!
Ҳисобчи чойнакнинг жўмрагидан ютоқиб чой симирди-да, ўша заҳоти туфлаб ташлади. Томоғида чучмал таъм қолди. Калта-калта йўталганча деразадан ташкарига қараб ўтирди. Қўққис жарликка кўзи тушди-ю, ирғиб туриб, эшикни зичлади. «Ҳеч ишонгим келмайди-я. Ўлибдими-я… Довдир бола. Эсиз, ёшгина келинчак тул қолди. Ҳе, унга нима, йиғлайди-йиғлайди-да, бир кунини кўриб кетади. Боласиям катта бўлар. Кимга қийин, ўлганга қийин. Лекин икковиям бир-бирисиз туришолмасди. Қишлоқда ҳамманинг уларга ҳаваси келарди. Аслида шу болага отаси қилди. Ўғли қўли гул уста бўлганди. Нодон отаси «боболаримнинг таёғини ерда қолдирсанг, у дунё-бу дунё сендан рози эмасман, деб турволган, дейишади. Аммо ушлаган жойини кесадиган бир сўзли чол эди. Ўғил шўрлик бўйнидан боғлангандайин яйловга чиқди-да. Лекин истаган пайтида қишлоққа сўроқсиз кетаверарди. Энди янги уйлангандан кейин шу-да. Кимнинг бошидан ўтмаган. Ўзи қўйчигаям, хотинигаям тўзим берсин. Баъзан ойлаб бир-бирини кўришмайди. Камдан-кам хотин эрининг ортидан яйловма-яйлов эргашиб юради. Ўроз Қувонни менинг ўзимга неча марта «бошлиқлигим майли, ҳатто ёшимни ҳурмат қилмайди, бир тийинга олмайди», деб ёмонлаган. У Қувоннинг устидан катталарга камида ўн марта арз қилиб боргандир. «Кўр бўлсаям, кар бўлсаям, бошқа ёрдамчи беринг. Менга «қишлоққа бир тушиб келай», дейди. Майли, десам ҳам кетади, демасам. Отар ўзимга қолиб кетади. У хотинчаси билан айшини суриб ётганда, мен пода чангини ютаётган бўламан», деганини ўзим эшитганман-ку! Икковининг гапи тўғри келмасди-да, кўпинча. Ўроз «Одамни писанд қилмайди, гапирсам, мазах қилади», деб неча марта айтган. Ё унинг ўзи… Йўғ-е… бунақа ишга қўли бормас…
Кувон… у болаям довдир десам, довдир эмас, телба десам, телба эмасди-да. Ўтган кўкламдаги қилиғи… Қўлида битта қўзи, хаёл суриб ўтирибди. Қарасам, кўзида ёш. «Бечора. Ўладиганга ўхшайди. Дунёга нимага келди? Ақалли уч-тўрт кун чопқиллаб ўйнаёлмади», деди ютиниб. «Ишни қип қўйиб, оҳ-воҳ чекишдан фойда йўқ, ука, – дедим унинг авзойидан жаҳлим чиқиб. – Яхшироқ қараш керак эди. Талафот кўпайяпти. Катталарга ўзинг жавоб берасан!» «Нима?! Жавоб бераман?» Унинг ўша пайтдаги кўринишини эсласам, ҳалиям нақ тирноқларимгача титрарди-чи! Тишлари тақирлар, оғиз-бурун аралаш ғалати пишқирарди, косасидан чиқиб кетаётгандайин кўзига қараган одамнинг нақ юраги ёриларди. «Мен бунинг жавобини аллақачон бера бошладим. Қийналишини кўринг, бу шўрликкинани. Кўринг!» У қўзини менга тутди-ю, камаридаги қиндан пичоқ олди. Оғиз жуфтлашга улгурмасимдан, қуёш нурида ялтиллаган тиғ қўзининг бўйнини шартта кесди. Кафтим қонга тўлди. «Бу нима қилиқ? Энди аниқ тўлайсан! Тўлай-сан!» Мен овозим борича бақирардим. У бўлса, қўлимдан қўзини олиб, бир четга авайлаб ётқизди-да, тўсатдан телбаларча хохолаб кула бошлади. «Хо-хо-хо…» Тоғдан садо қайтар, у янаям қаттиқроқ куларди: «Хо-хо-хо…»
«Қани, юринг!» У кулганича мени судради. Қўранинг нарёғига билагимдан омбурдек сиқиб олиб борди. Юрагим така-пука, оғриётган қўлимни омбурдан халос қилишга чўчирдим. «Мановиларнинг ҳаммаси ўзимнинг қўйим. Ўновиниям олинг. Хо-хо-хо!» Қўлимни зўрға бўшатиб, қочиб қолдим. Ортимдан телбаларча кулги қувиб келарди: «Хо-хо-хо…»
Жинни, жиннинамо эди, у. Тавба, ўлимиям шунга ўхшаш бўлдими? Хайрият, ўлигини кўрмаганим…»
Ташқарида ит вовиллади. Аъзои бадани увишиб кетаётган ҳисобчи деразадан мўралаётганда, эшик очилди. Ҳисобчи ўзини илкис орқага ташлар экан, Ўрозни кўриб, лабига зўраки кулги югурди.
– Қайси гўрга йўқ бўп кетдингиз? – деди лаблари қийшайиб илжаяркан.
– Гўрга боришга улгурамиз. Очофат қўйларнинг оғзига уриб келяпман. Содиқ ҳам қайтди. Мени кўрмасдан, қўйларини қўрага ҳайдаб кетди. Хаёлпарастнинг битта ити ҳам унга эргашиб юрибди.
– Нима, дарров эгасини алмаштирибдими?
– Нима?! Э, мен билмасам…
Ташқарида яна ит вовуллади. Нимадир тарақлади. Қадам товуши яқинлашди. Лекин уйчага яқинлашай деганда қайтиб кетди. Ит жим бўлиб қолди. Ўроз чўнтагидан нос олиб, тилининг тагига ташлади-да, узала тушиб ётиб олди. Юраги ағдар-тўнтар бўлаётган ҳисобчининг тезроқ кетгиси келарди. Лекин бўғинлари увишар, тиззаси қалтирар, туришим билан йиқиламан, деган хавотирда ўрнидан қўзғалмасди. У ён-бу ён аланглаб, деворда ўрмалаб бораётган чумолига кўзи тушди-ю, унга узоқ тикилиб қолди. Чумоли ўзидан катта пашшани судраб борарди.
* * *
Сўкмоққа тушиб олгач, ит ортиқ вовулламай қўйди. Ўқдек отилиб бориб Қувонга суйкалди. Иккинчи ит бошини кўтариб, ғингшиди. Итнинг ортидан югуриб тушган Содиқнинг кўнглидаги ғашлик, ҳали ит яйловга бориб ялиниб ғингшиганда, шимидан тортганда, пайдо бўлган ғашлик туятошга суяниб ётган Қувонни кўриб, бироз тарқади. Жарликка тушиб борар экан, итларнинг хўжайинига суркалишини кўриб, ҳаваси келарди.
– Ит ҳам одамнинг яхшисини билади-да, ака, – деди у туятошга яқинлашар экан.
Қувон қимирламади. Унинг қон қочган юзини, атрофида ғимирлаётган пашшаларга сира эътибор бермаётганини кўриб, ҳалиги ғашлик ғиппа томоғидан бўғди.
– Ака, Қувон ака, нима бўлди сизга? Нега бундай…
Қувоннинг ярим юмуқ, ўнг тарафига масхараомуз қийшайиб урган пастки лабидаги истеҳзоли кулгини кўриб, Содиқ беихтиёр тилини тишлади, бадани вижирлаб кетди. Юрагидан бир нима узилди.
«Мендан кулиб кетдингизми, ака?» Содиқ туятош қаршисида тиззалаб ўтирарди. Кўзлари юмуқ, қўллари билан сонини қаттиқ ғижимлаган, боши асабий чайқаларди. «Кулинг, кулинг!.. Агар шунга арзисам, ар-зи-сам!.. Яйловга биринчи келган куним қанчалик қувонганингиз эсимда. Шошганча дастурхон солдингиз, қумғон қўйиб, ўт ёқдингиз. Кейинроқ Ўроз оғадан ҳатто буюрилганда ҳам, чой қайнатмасингизни эшитдим. Ҳа, ўзим буни кўрдим. Ўша куни эса, ярим тунгача ухламадингиз. Роса гапирдингиз. Кўзим илиниб қопти. Илиниб қопти-я! Сиз Самарқанддаги жаҳонга донғи кетган иморатлар ҳақида ёниб сўзлардингиз. Менга Тожмаҳални тасвирлаб бердингиз. Ўзингиз қурмоқчи бўлган уйларни чизиб кўрсатдингиз. Чизмаларни кўрсатаётганингизда, мен – ғофил бандани эсноқ тутганди… Ҳар гал қишлоққа тушиб, икки-уч кунда тоққа қайтганингизда, ҳорғин, лекин шод кўринардингиз. Бирида қишлоқда сиз қурган уйни кўриб, ҳайратда қолдим. Сиз қишлоққа тушганингизда, дам олиш ўрнига, эртадан кечгача ишлаб, нақшлари ажиб бир сеҳрли уй қурган экансиз. Бир гал қишлоқдан қайтганингизда узоқ суҳбатлашиб қолдик. «Биласанми, ука, шу, қишлоққа кетворгим келади-да, – дедингиз ўйчан. – Уйимда бола-чақам билан яшасам. Янги-янги иморатлар қурсам. Нечта лойиҳа калламдан кетмайди. Кеннойинг «бизниям яйловга олиб кетинг, сизга ёрдамлашиб юраман, қўйбоқар аёллар оз эмас-ку», дейди. Унинг ўз касбини яхши кўришини билмасам экан. Сен ҳали уйланганинг йўқ-да, ука, билмайсан. Севиб қолсанг, янаям қийин». «Қувон ака, шундай экан, шартта қишлоққа кетинг-қўйинг-да. Ўшанда одамларга тоғ-тошда юрганингиздан кўпроқ фойдангиз тегар». «Кетолмийман, ука, кетолмийман. Отамга сўз берганман». «Отасига сўз берган битта сизми?» «Тирик бўлганларида ўйлаб кўрармидим… Лекин руҳни чирқиллатишни истамийман». «Э, руҳ дейсиз… у қаёқдан билиб ўтирибди? Йўқ нарсага ишониб…»
Шунда сиз кўзимга ёмон тикилдингиз. Шартта ўрнингиздан турдингиз-да, индамай қўрага кириб кетдингиз… Ҳа, ҳамма ҳар хил экан-да. Сиз отангизнинг раъйини қайтаролмай тоғ-тошларда юрдингиз. Лекин мен бошқа иш қўлимдан келганида қайтворган бўлардим. Сиз Ўроз тоғанинг йўлига юрмадингиз. Мен-чи… Ўша воқеани эсласам, ҳалигача ўзимни ёмон кўриб кетаман. «Қўзиларни қўйларингга қўшиб келдингми?», дедингиз ҳатто отимни айтмай, кулимсираб. «Ҳа», негадир тилим базўр айланарди. «Энди бой бўларкансан-да!» Истеҳзоли сўзларингиз этимга санчилган бўлса-да, индамадим. «Ўроз тоғанг ўргатдими? Бугун нечта совлиқ эгиз қўзилади?» «Учта». «Икктасини яшириб келяпсанми? Ҳисобчи келганда, битта совлиқ эгиз қўзилади, деб ўзингни хурсанд кўрсат, дедими, тоғанг? Агар шундай қилмасанг, бир умр чўлиқлигингча қоласан, бу юриш-туришинг билан ҳеч қачон битта қўйинг иккита бўлмайди, дедими? Тоғда қийналиб юргандан кейин анови бизга бошлаб келган меҳмонини алдашга тўғри келади, дегандир? Ҳа, нега ерга қараяпсан?» «Мен… мен бошлиқнинг, бош чўпоннинг айтганини қилдим». « У ўзингни «жаҳаннам»га ташла, деса, бошлиқнинг айтгани-айтган, деб ташлайверасанми?» «Ўроз тоға жаҳаннамга итараётгани йўқ-ку! Қайтага…» Сиз бошқа бирон оғиз гапирмадингиз. Қўл силтадингиз-да, кетдингиз. Мен ортимга қайтиб, қўзиларни оналарининг олдига қайтариб олиб бораётганимда, йўлда Ўроз тоға учради. «Ҳа, нега қайтариб келяпсан? Қўрқдингми? Ё анови бузуқи гап ўргатдими? Лаънати телба, ўзиям емайди, бировга ҳам едирмайди. Бор, сенга керак бўлмаса, менинг қўйларимга қўшиб қўй, бўлмаса. Мана мен жавоб бераман унга! Ҳали шошмай турсин!»
Изимга қайтдим. Онасидан ажраб маъраётган қўзичоқлар бегона совлиқлар атрофида эланишарди. Ўша куни қийналиб юрдим, лекин кейин бу ишни такрор-такрор қилишга тўғри келди, барибир. Бора-бора кўникиб кетдим. Сиз эса, мен билан деярли гаплашмай қўйдингиз. Оддий савол-жавоб, ҳол сўрашдан нарига ўтмайдиган бўп қолдик. Мен сизнинг олдингига қараганда ҳам ўйчан, маҳзун бўлиб колганингизни кўриб, қийналардим. Шартта яйловдан бош олиб кетгим келарди…
Кейин… кейин отингиз ўлди. Туппа-тузук, кечагина гижинглаб турган от тунда ўлиб қопти. Рости… ўша куни сизни жиннига чиқариб қўйдим. Ўроз тоға билмасдан айтмаган экан, дедим. Сиз ўлган от теграсида гир-гир айланардингиз, тунда намиққан ёлини силардингиз, жағини очардингиз, кўтариб, ётган еридан турғазишга уринардингиз. Кейин ҳеч кимга гапирмай қўйдингиз. Ўроз тоға «отни кўмайлик», деганида, унга еб ташлагудайин ўқрайдингиз-да, «жаҳаннам» томон кетдингиз.
Отнинг отангиздан қолганини эшитгандим. Бу яқин орада ундан ўтадиган улоқчи от бўлмаганлигини кўп гапиришарди. Лекин, минг қилсаям, у битта ҳайвон, одам эмаски, шунча қаттиқ аза тутса, деб ўйладим. Ахир, баъзилар ҳатто энг яқин кишиси вафот этгандаям, кўзига бир томчи ёш олмайди-ку!
Отнинг ўлганига ўн кун ўтган бўлса-да, қовоғингиз жиндеккина очилмади. Сизга ҳайрон бўлиб юрган кезларимда бир куни тонг саҳарда сойга тушиб, ювиндим-да, чакалакзорга кириб, хушбўй кўкатлар устига чўзилиб, милтираб турган сўнгги юлдузларга тикилдим. Кўзим илиниб қоптими, бир маҳал кимнингдир пичирлашидан уйғониб кетдим. Шохлар орасидан аста мўраласам, Ўроз тоға. Сой бўйига чўкка тушволган. Қўллари осмонда: «Худойим, гуноҳимни кечир! Бир жониворнинг уволига қолдим. У отни ёмон кўрардим, жинимдан баттар ёмон кўрардим. Қайси бир улоққа бормайин, хўжайини иккови ютиб, мени совриндан бенасиб, шарманда килган. Неча марта уни ўғирламоқчи бўлгандим, эплолмадим. Омадим чопиб, олдимга ўз оёғи билан кеп қолди. Лекин уни кўрдим дегунча, аламим ошиб-тошади, чидаёлмийман. Устига отни анови телба яхши кўриб қолди. Улоқдан кейин гердайиб юрадиган отасиям у каби отнинг атрофида бунчалик айланиб-ўргилмасди. У-чи… Отимни чоптириб бораётсам, олдимдан атайлаб елдек ўтиб кетарди. Мени мазах қиларди, мазах… Энди уч кечадан буён тушимга киргани-кирган. Улоқ бўлаётганмиш. Ҳамма отлар пишқирганча мени ўраб келишармиш. Қуршаб олишади-да, тепишади, аёвсиз тепаверишади. Вой белим, тушимда тепишсаям, шундай оғрийдими-я! Худойим, ўзинг кечир!» Мен ортиқ чидаб туролмадим. Чакалакзордан чиқдим. «Ўша ифлос ишни сиз қилган экансиз-да? Ғиротдек отни ўлдиргани қандай қўлингиз борди?» Лекин бу сўзлар ичимда қолди. У оёғимга йиқилди. «Эшитдингми? Укажон, илтимос, ҳеч кимга айтма. Шунча азобланганим етар. Нима десанг, қиламан. Хўп десанг, ўнта қўй берай. Шайтон васвасасига қандай учганимни билмайман. Айтма, укажон!..» Уни силтаб ташлаб, тепага чиқиб кетдим. Орқадан йиғи овозини эшитдим. Кап-катта одам баралла йиғларди…
Унинг отни нега ўлдирганининг яна бир сабабини кейинроқ яхшироқ билиб олдим. Бир ойча олдин очиқ ҳаво тўсатдан айниди-қолди. Қўйларни қўрага ҳайдашга улгуролмадим. Қаттиқ жала қуйди. Қўйларни сойдан ҳайдаб ўтаётганимизда, сув тўсатдан кўпайиб кетди. Икковимиз ўтволгандик, орқада қолган уч-тўртта қўйни ҳайдаб ўтаётган Ўроз тоға кўринмай қолди. Унинг додлаганини эшгитиб, сиз ўзингизни суви қирғоқдан тошаётган сойга отдингиз. Тошдан тошга урилиб оқаётган, дам чўкиб, дам сув юзига чиқаётган Ўроз тоғани судраб обчиқдингиз. У ҳушига келиши биланоқ қўйларни сўради. Сиз «икки-учтаси оқиб кетди», дедингиз.Унинг бир лаҳза олдин жони чиқаётган одамникидай сўник кўзлари порлаб кетди. «Оқиб кетибди-да», деди лаби қийшайиб. «Ҳа, хайрият, сизни асраб қолдик. Қўй топиладиган нарса». У сизга тикилиб қолди. Ниманидир айтмоқчидайин та-раддудланиб, лаб жуфтлади, лекин тўсатдан ортига ўгирилиб олди.
Бир ҳафтадан сўнг қўлимга пича пул берди. «Агар текширгани келишса, келишади албатта, ўттиз иккита қўй оқиб кетди, дейсан, уқдингми? Буни катталарнинг ўзлари ҳам билишади», деди Ўроз тоға кўзимга қаттиқ тикилиб.
Кечқурун икковларингни ғижиллашаётганликларингни эшитдим. «Менга пулингиз керак эмас. Ахир… одам деганнинг ҳеч бўлмаса, зиғирча инсофи бўлиши керак! Ўша сиз пуллаб, «оқди»га чиқарган қўйлар ҳам бировнинг моли, ҳақи-ку!», дедингиз муштларингиз тугилганча. «Энди бўлар иш бўлди, катталар ёзиб кетишди. Оғизлари мойлангач, қоғоз қилмай, қаёққа боришарди? Энди айтадиган бўлсанг, сениям бизга шерикка чиқариб, ёмонотлиқка чиқаришади. Пулга келишолмай, сотяпти», дейишади». «Нима дедингиз? Айнан шу гаплариниз учун бориб айтмасамми!» «Айт, бор югур! Биронта эскисини ечиб берар… Менга барибир, сувдан қуруқ чиқиб келганман. Лекин орада Содиқни тортиб кетасан» «Ҳар ким қилмиши учун жавоб беради!»
Шу гапларнинг индинига от ўлди.
Ўроз тоғанинг сойбўйидаги илтимосими, ялинишиними, эшитиб қолганимдан кейин ишдан кўнглим совиди. Кетиб қолдим ҳам. Лекин ярим йўлга етгач, ортга қайтдим. Ишонинг, ака. Сизни ўйладим. Кетмасам, гўё ғамингиз енгиллашиб қоладигандайин туюлди. Лекин энди кўзингизга бемалол қаролмайдиган бўп қолдим. Сойликда эшитганларим юрагимни кемирарди.Ўйлаб-ўйлаб, шартта ҳаммасини айтаман-да, узр сўраб, азобдан ха-лос бўламан, деган тўхтамга келдим. Гапни сойда оққан қўйлардан бошлабман, мен хомкалла. «Қўй, ука, майда-чуйда ғиди-бидини», дея шарт ўгирилиб кетдингиз. Мен ҳайкалдек қотиб қолаверибман. Ортингиздан чопмийманми, юрагимни бўшатмийманми? Ғўр экан ҳали бу бошим, ғўр экан! Ана энди армонда қолдим. Кулинг устимдан, кулинг…
Энди Ўрозга, менга ўхшаганлар бу дунёда юраверамиз, лекин сиз йўқсиз, йўқ-сиз! Яхши одамга кун йўқ, дегани шумикан? Наҳотки, қоядан учган бўлсангиз? Ишонмийман! Сиздай чаққон одам… Унда… ўзингизни… Нега? Нима учун?! Ахир, Ўрозларни йўқ қип ташламийсизми, ундан кўра!.. Мениям!.. Ҳеч нарсага ишонмийман!…
Содиқ шалвираган оёқларини базўр кўтариб, ўрнидан турди. Қувонни кўтариб олмоқчи бўлиб, қўл чўзди-ю… Унинг лаблари билинар-билинмас қимирларди. Ҳалиги истеҳзоли кулги йўқолиб борарди. Содиқ Қувоннинг юрагига қулоқ тутиб турар экан, ҳаяжони нақ томоғига келиб тиқилди, кейин кўзларига ўтиб, бетига томчилади.
– Ака! Тирик экансиз-ку! Бу дунёда адолат бор экан-ку! Мени эшитяпсизми? – Қувоннинг боши қимирлагандайин бўлди. – Нима бўлди, ўзи? Қоядан тушиб кетдингизми? – Бош яна хиёл қимирлади. – Омон қопсиз, бўлди. Тузалиб кетасиз ҳали. Ҳали, ҳали…
Содиқ Қувонни авайлаганча кўтарди-да, бошини чап елкасига қўйиб, белидан маҳкам ушлаб олди. Зил-замбил одамни зўрға кўтариб борар, оёқлари итрар, лекин иложи борича унга тезроқ ёрдам кўрсатиш ўйида қадамини жадаллаштиришга уринарди. Лабларидан эса, икки сўз галма-галига узилиб чиқарди: «Адолат… ҳали… адолат… ҳали…»
* * *
Уйча эшиги ғийқиллаб очилди. Ичкарига Қувоннинг боши, ортидан уни бағрига босган Содиқ кириб келди. Эсхонаси чиқиб кетган ҳисобчи ўқрайган кўзларни кўриб, Ўрозни туртди. Ўроз бақрайиб қолди.
– Қарама менга, ўқрайма!.. – деб бақирди у.
– Қандай Худо урган кун, меҳмон опкеладиган мениям… Ўрозқул, туринг ўрнингиздан!
Ҳисобчи ўтирган жойидан турғазмоқчи бўлиб қўлидан тутганида, Ўрознинг жонсиз танаси шилқиллаб йиқилди. Эшик ланг очилиб кетди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 12-сон