«Лаҳзанинг ларзалари» туркумидан
Бундай бўлишини у кўпдан буён кутарди ва… Бирда гапираётганида ўғлининг пастки лабини тишлаб турганини сезибоқ кўнглига ғашлик соя солганди. Олдинлари оғзидан чиққан сўзга лом-мим демай қулоқ тутгувчи ўғилнинг энди кўнгли учун «хўп» дейишини-ю, лекин ҳадеганда айтганини қилавермаслигини ёш бола эмаски, пайқамаса. Бир пайтлари у ҳақда «ўша тўппонча отангни гапирмай қўяқол» деганда ўзига иккита келадиган йигитнинг ёқасидан олиб, ер искатган ўғли, еру кўкка ишонмайдиган ўғли шундай қилди-я! Илгари ҳатто онасига кўл кўтарганда ҳам: «Ойи, дадамлани биринчи марта кўришингизми, феълларини билмайсизми, орадан қумғон қайнагудайин вақт ўтар-ўтмас, пушаймон ейдилар-ку», деган бола энди одатга айланиб қолган бақириқ-чақириғига ҳам чидаёлмайдиган бўп қолибдими? Кошки, қаттиқроқ гапирган бўлса! Овқатнинг тузи озроқ бўлганмиди… «Бир қошиқ овқатни уддалаб пиширолмайсану, яна олдимга миннат қилганча тўқиллатиб қўясан. Сенларни деб жонимни жабборга берганман-а, қизил қонимни тўкиб келганман-а», оғзидан чиқкани шу холос. Э, илгариги тук ташлатадиган гаплари олдида пашшачалик эмас-ку, бу!
Аслида шаҳардан чапақайига жаҳли чиқиб келгани учунми, феъли айниб тургандиям-да. Хайрият, ҳозирги замонда чориқ кийилмайди, йўқса, бу комиссия деганига зир қатна-шига унинг нечтасини тўзитарди.Ҳар гал тарвузи қўлтиғидан тушиб, пешонаси тиришиб қайтганда, қўл силтаб қўяди-ю, қишлоқдан қайси бир чўлоқнинг бепул улов олганини эшитиб, яна шаҳарга югуради. «Қонунга тўғри келмайди, ака, ўша сиз айтаётган кишиларники тўғри келгани учун уларга машина берилган. Бўлмаса, ўзингиз айтганингиздайин, биз чўнтагимиздан берармидик», деди комиссиянинг каттаси кулимсираб. «Биламан, сизлар бир нарса узатадиганларга берасизлар. Сенга ўхшаганлар ўшандаям бориди. Гадой-топмас кавакларда пусганча жон асрашган. Биз сенлар учун жон бериб, қон кечганимизда, каламушдай мол тўплашган!» Бош бармоқ тепада хиёл букик, тагида кўзингни тешиб оламан, дегандай чўзиқ кўрсаткич бармоқ, тўмтоқ уч бармоқ пастда, бир-бирига ёпишгандайин юқоридаги бармоқлардан кочиб турарди… Ўнг қўли худди тўппончадек кулимсираган кўзларга ўқталган. У кўзлар ҳам бунақа нуқишларни, ўқталишларни кўп кўрган эканми, кулимсираганча тураверди, тураверди… «Бепул машиналарни гердайиб ҳайдаб юрган чўлоқларга ҳам мана шундай мазах қилиб қараганмикан? Йўқ! Қараб бўпти! Лабининг таноби қочиб, қўлларини ишқаб тургандир…» Нормирзанинг жони нақ ҳиқилдоғига келди. Ўрнидан турасолиб, курсини баланд кўтарди. Лекин уни мазах қилаётган башара томон ота олмади. Кучли қўллар билагини омбурдек қисди: «Ўзингизни босинг! Давлат идорасида эканлигингизни унутманг!» Кулимсираш ўрнини қаҳру ғазаб эгаллаган кўзларнинг ўнг қўлига қадалиб қолганини кўрган Нормирза ўзини буткул йўқотди.
Барибир ўғлининг гапларини ўша етти ёт бегона ҳам айтмади-ку! Қайтага ўша қони қўшилмаганлардан эшитса, бунақа заққум чайнагандайин бўлмасмиди! Биттаю битта ўғлини деб ўзини ўтга ҳам, сувга ҳам урган азобларига қайтган мукофот шуми? Ўтган йили комиссиядан қайтаришганида, майли пул кетса-кетар, дея ўғлига «Жигули»нинг энг учқур хилидан олиб берди. Топган-тутганини аямасдан унга сарфлаётган бўлса… Шаҳарга югур-югурларида ёнида бўлиш ўрнига у: «Дада, машинамиз бўлса, бор, нима киламиз, ҳадеб ўзимизни пастга уриб!», деди-я! Ўзини пастга урармиш-а, пастга урармиш! Бу ёшлар, нонни нанна деб юрган болалар ниманиям тушунишарди! Ана, қишлоқдаги чўлоқлардан бепул улов олмагани қолмади! Уларнинг айримларида жилла қурса, биттаям медали йўқ. Унинг қўш-қўш орден-медаллари кўксида жарақлаб, жаранглаб турса-ю, қайси бир акахонлари қўлловида курсини эгаллаб олганлар «сизга тўғри келмайди», баҳонасини топиб олиб, ҳа, шу баҳонага ёпишиб олиб, қайтаверишса, алам қилади-да. Унинг ҳам бошқалардек давлат бепул улов бергани ҳақида чойхонада, тўй-маъракаларда оғиз кўпиртиргиси келади. Одамлар «Нормирзанинг хизмати сингган, урушда фашистларни қийратгани учун давлат шундай қилибди, шундай қилибди», дейишларини эшитганда, яйрагиси бор. Ўшанда томирларидаги қон ҳам ҳузурланиб оқармиди… Ҳе, бу бола қаёқдан биларди! Ҳай, у-ку, ёқасини искайдиган гўдак, онаси-чи? Шунча йил бир ёстиққа бош қўйиб, кўнглида нима борлигини билмай ўтяпти-я! Товуқмиянинг арзимас гапга обидийдасини оқизгани-чи!.. Шу қўлининг тўмтоқ бўлганига асосий сабабчи унинг ўзи эканлигини билармикан? Билмайди, хом калласига бундай фикр яқин йўлаб бўпти, йўқса, ўғлига ҳасрат қилиб ўтирармиди! Вей, неча марта айтган, беҳуда кўз ёш қилма, яхшиликка буюрмайди, деб. Мана, мен қўлим чўлоқ, бақироқ-чақироқ бўлсам ҳам, ўша балонинг оғзидан қайтиб келдим-ку! Абдураҳмондек ўлиб кетсам, нима бўларди? У қарчиғайнинг ўзи эди. На ёмғирдек ёғилаётган ўқлардан, на окопларни осмонга отиб, не-не аскарларни тупроққа кўмаётган снарядлардан қўрқмасди. Ана шу тап тортмас йигитнинг бир лаҳзада, шундайгина кўз ўнгимда ер тишлаганини кўриб, ичимдан нималар ўтганини на ўғлим, на онаси икки дунёда ҳам тушунишмайди! Тушунмайсизлар! Мен… мен ўққа учган биринчи ўликни кўришим эмасди. Ёнма-ён ўқ узиб турган нечта жангчининг… Лекин бир маҳаллада бирга ўсган тенгқуринг… «Энди навбат менга… менга». Хаёлимдан шу ўй нари кетмай қолди. Ҳали йиғиш-тирилмаган иссиққина чимилдиқни, кузатаётганда маъюсланиб, ёшга тўлган кўзларингни ўйладим, хотин! Душман мўр-малахдай бостириб келарди. Биттаси йиқилса, иккитаси пайдо бўлади. Бирёқда Абдураҳмон. Умри холага нима дейман? Нима дейман?! Юрагимга қувват эдинг, Абдураҳмон!.. Иккита танкка иккаламиз қолганимиз эсингдами, Абдураҳмон? Устимизга оғзидан ўт сочаётган иккита қоп-қора бало бостириб келарди. Ана ҳозир окопга яқинлашади. Яқинлашди. Устимизга тупроқ тортади-ю, таппа-тайёр гўрга жаноза-сиз кўмиб ташлайди. «Нор, дадил бўл! Бир бошга бир ўлим! Ўнгдагиси менга. Чапдагиси сенга! Кимлигимизни кўрсатиб қўяйлик, лаънатиларга! Биз ўзбекмиз, ўзбек!» Окопдан сирғалиб чиқдинг, ортингдан эргашганимни кўрганингда, чанг ёпишган кўзларинг кулди. Бирин-кетин иккита танк портлагач, хандақка қайтиб тушиб, бир-биримизни қучоқладик. Ўшанда негадир қўшни қисмдаги воқеани айтиб бердинг. Душман бостириб келаётганда бир жангчи атайлаб қўлини ўққа тутибди. Ҳеч ким кўрмаган, ҳеч ким сезмаган воқеани госпиталга жўнатишаётганда, ўзи сездириб қўйибди. Унинг тезроқ соғайиб кетишини тилаб кузатаётган қуролдошлари «кўришгунча», дея пичирлаётган кўкарган лабларга қўшилмаётган кўзларда мамнунлик кўришибди, аниқ кўришибди. Сен негадир тирноқларингга тикилганча, лекин кўришадими-кўришмайдими, сезишадими-сезишмайдими, унга барибир эди, дединг, Абдураҳмон! Кимлардир, лаблари алдаётгани, кўзлари тўғрисини айтаётганини сезганлар ҳатто бир кунгина илгари бирга жанг қилган, чанқаганда охирги томчи сувини ҳам аямаган қуролдошлари бўлсалар-да, унга барибир эди. Барибир! Лекин у кейинчалик одамлар орасида қандай бош кўтариб юраркин? Уйланиб, болалик бўлса, ўғил-қизлари кўзларига қандай қараркин? Ўрнига келиб, урушган йигит, Худо кўрсатмасин, лекин урушда нималар бўлмайди, балки ўққа учгандир? Шаҳид кетган йигитнинг арвоҳи йўлини тўсганида юраги ёрилмасмикан?.. Нега менга бу воқеани айтдинг, Абдураҳмон? Ана, қара, окопдан кафт чиқиб турибди. Ўққа учса, учар, бир қўлсиз ҳам яшаш мумкин-ку! Ўқ дегани, осколка дегани тўхтовсиз ёғилмоқда. Ҳозир абжағини чиқарворади. Ким айтяпти бу гапни? Абдураҳмон, нега ўша воқеани менга сўзлаб бердинг? Ҳозир… ҳоо-ҳозир қўлимни… Й-йўқ! Нега менга нафрат билан қараяпсан, Абдураҳмон? Йўқ, чиқармайман! Лекин… ўлигим шу музлаган далаларда қолиб кетса-чи?.. Чимилдиққа бошқа биров кирадими? Ана, хатда ёзишди, ҳалигача чимилдиғимиз йиғилгани йўғакан. Сен чимилдиқ нималигини билмайсан-ку, Абдураҳмон! Тинчгина яшаётгандига, лаънати фашистлар… агар… борди-ю… чимилдиққа ким кираркин?.. Бошим, миям музлаб кетяпти. Музлаб кетди. Нима қиляпман? Ўша жангга биринчи марта киргандаям қўрқмаган, нечта душманни ер тишлатган одам! Йўқ-қ! А-а-а… Лаънати ўқ, шунчалик тезмисан? Ул-гу-рол-ма-дим! Бор-йўғи бир лаҳза-я! Бир лаҳзагина! Қара, Абдураҳмон, қара,қўлимдан қон чакиллаб оқяпти, иккита бармоғи қопти, атиги… Энди нима деган одам бўлдим?.. Хайр, дўстим, сени ёлғиз ташлаб кетяпман. Ортиқ яшолмайман… Окопдан ирғиб чиқиб, шу қонга бўялган қўлим билан душманга ўқ ёғдирганимни кўрмадинг. Ўн-ўн беш қадам шу тахлит чопиб боргач, яна яраланиб, ҳушдан кетиб, йиқилганимни кўрмадинг… Госпиталда ётганимда, сўнгги жангда кўрсатган жасоратим учун «Қизил Юлдуз» ордени билан мукофотлаганимни айтишди…»
Нормирза кўкрагини ғижимлаб туриб-туриб, қаттиқ қисди. Ўнг қўли билан юрагини сийпаламоқчи бўлди-ю, тўмтоқ бармоқлари ёпишиб қоладигандайин сесканди. Шоша-пиша қўлини енгининг остига яширди. Чап қўли билан кўкрагини бир-икки ғижимлади-ю, худди ўша бармоқларидан ажралганидан кейин қаттиқ яралангач, ҳушини йўқотгани каби ўзидан кетди.
«Ҳаммасини кўриб тургандим. Жонинг ширинлик қилди. Ё нотўғрими? Айт, болалигингда ҳам шундай эмасмидинг? Эсингдадир, боққа ўрик ўғирлашга борганимизда, ҳар гал қоровул бўпқолардинг. Беш ўртоқдан битта сен қоровулнинг калтагини емагансан. Эсингдами? Энди тўмтоқ қўл билан эл орасида қандай юрибсан? Қишлоққа қайтганингдан кейин ўрнингга урушга бориб, ўн саккиз ёшида ҳалок бўлган йигитнинг руҳи сени тинч қўйяптими? Тушларингга кириб, сени қўрқитадиган йигит ўша бўлади, ҳа! Ҳеч ким билмайди, деб ўйлаганмидинг? Хом сут эмган бандасан-да. Ана, ҳатто ўғлинг билибди-ю!» «Абдураҳмон, мени тинч қўй, дўстим! Ўзинг биласан, айрим қўрқоқлардек тахмонда, кўрпа остига яширинган бўлмасам. Эшелондан ташлаб қочганим йўқ… Фақат сенинг аҳволингни кўриб… Бу тасодиф, ҳа, тасодиф, та-со-диф…» Нормирза минг азобда кўзини очди. Ҳалигина ёп-ёруғ хона зим-зиёга айланганди. «Нега бундай? Не-га бун-дай?» Кўзини юмишга уринди-ю, шу заҳоти очди. Боши ғувиллар, ухлагиси келар, лекин киприклар бирлашди дегунча Абдураҳмон ва ҳарбий кийимли, нотаниш бир йигит кўзларидан таъна отганларича қараб туришарди.
Нигоҳлар санчиқ турган юрагига худди уни кўкрагидан юлиб ташлагудайин наштар санчарди, арихонадай ғувиллаётган бошига тинмай ўқ узишарди. Абдураҳмоннинг қараши-ку, таниш. Иккинчи нигоҳ-чи? Кўрганга ўхшаяпти. Тўхта, тўхтагин, у… тушларида сескантирадиган нигоҳ эмасми? Ўша!!! Урушдан қайтаётганда бир йигитча кўкрагидаги орден-медалларга ҳавас билан тикилганди. «Фашистнинг додини берибсиз-да, ака. Нима, яраланганингизга хафамисиз? Биласизми, нихоят менинг аризамни қабул қилишди. Ўн саккизга тўлдим. Сиз хавотирланманг, ҳа, куйинманг, ўрнингизни билдирмайман. Балки сизнинг қисмингизга тушиб қоларман!» Ўша, ўшанинг ўзи у! Ол кўзингни юрагимдан, илтимос, йўқса, ўлдириб қўясан, кўзингни ол, укажон! «Ие, сиз ҳали тирикмисиз? Билиб қў-йинг, мен сизга ука эмасман!» А-а-а… Ўшанда кўзларимга тупроқ тўлса, бўлмасмиди? Нега фашист отган ўқ тўғри юрагимни тешиб ўтмади?… Нафрат тўла нигоҳга чидаёлмаган кўзлар қоп-қоронғи шифтга қадалиб қолди… Шифтда липиллаб турган учта соя туйқус бирлашди-да, пастга қараб отилди. Нормирза томоғини уч тарафдан аёвсиз сиқаётган сояларни итаришга уринди. Ҳозир қувиб юбормаса, қувмаса… Биттасини базўр қўли билан сиқиб олиб, бўйнидан ажратди. У яна сирғалиб чиқиб, томоғига тармашди. Соядан нимадир чакиллаб томарди. Нормирза ўқчий-ўқчий қон томаётган сояга кўзларини йирганча тикилди. Соялар томоғидан чекиниб, тагига босилган ўнг қўлига отилишди. Тўмтоқ қўли атрофида учта узун-қисқа соя айлана-айлана кафтини ўярди. Ана қўлидан жон чиқди. У елкасига етиб келди, ҳозир томоғидан ўтади-ю…
– Нима-а? Кун ёйилиб кетди? Энди ётишим ҳам сизларга малол келдими? Қариб, куч-дан қолгач, ўз уйинггаям сиғмай, ортиқча юк бўпқоларкансан-да! Эшакнинг иши ҳалол, ўзи ҳаром, деганлар билиб айтишган. Ҳа, билиб айтишган!
Хотини Нормирзанинг кўзларига қаради-ю, қўрқиб кетди. Қип-қизариб кетган, бир кечадаям шунчалар киртаядими? Ё туни билан йиғлаб чикдими?
– Кечқурун тузукроқ овқат емасдан, кўзингиз илинганди. Шунга чой ичинг, деб…
– Кўзим илинганмиш… илинганмиш… и-лин-ган-миш…
Аёл беихтиёр ортига тисланди. Эшикни аста очиб, чиқиб кетар экан, елка оша ҳайиқибгина ортига қараб олди. Эри тўшакда чап қўли билан кўкрагини ғижимлаганча ўтирарди. Шунча йил бирга яшаб унинг юрагидан зорланганани зинҳор эшитмаганидан хавотирга тушиб, орқасига қайтди. Нормирза дарҳол қўлини кўкрагидан олди.
– Абдураҳмон келибдими? – кўзларини юмганча сўради у.
– Қайси Абдураҳмон? – эрининг овозидаги синиқлик аёлни баттар ажаблантирди.
– Қайси Абдураҳмон, қайси Абдураҳмон… Умри холанинг ўғли-да. У билан тағин битта нотаниш йигит ҳам келганмишу…
« Нима бўлди бу кишига? Алаҳсираяптими десам, кўзлари очиқ. Қирқ тўрт йил илгари шаҳид бўлиб кетган одамни… Ё жин-пин чалдими… – Ҳаяжаонланганича эшикни очиқ қолдириб чиқкан аёл айвоннинг бир бурчагига бориб ўтирди-ю, эрига нима бўлгани ҳақида бош қотира кетди. Ва ўғлидан хафа бўла бошлади. – Намунча тонг-саҳардан ишга чопмаса? Ўғил бўлиб ишга кетишдан олдин отамдан бир хабар олай, дуо олиб кетай, демайди. Ё отасининг кечаги жанжалидан ёмон койиндими? Энди ота нима десаям, ўғил деган кўтариши керак-да. Кейин отасининг биринчи марта жанжал кўтариши бўлмаса. Урушда қон кечган одам…»
Орадан ярим соатларча ўтгач, эрининг башанг кийиниб чиққанини кўрган аёл талмовсиради-қолди. «Чойхонага кетдим», тўрт-беш қадам нарида турган эрининг овози олис-олислардан келаётгандайин. Нормирзанинг хотини уни кузатиш учун ўрнидан қўзғала ол-мади. Қалтираётган оёқлари унга бўйсунмади.
Нормирза тўппонча қош қораяр маҳал уйига қайтганида, айвонда хотини, ўғли ва қўшни йигит чой ичиб ўтиришарди. У ирғиб туриб, салом берган йигитга истар-истамас қўл узатди-ю. хотинига ҳўмрайиб қўйиб, уйига кирди. У кетганидан буён «чолимга нима бўлди», дея хавотирда еган-ичганини ҳам билмаётган аёл чой кўтариб кирар экан, эшикка урилиб кетди. Чойнакдан тўкилган қайноқ чой қўлини куйдирганини тузук-қуруқ ҳис қилмай, қўрқа-писа эри ўтирган кўрпача ёнига омонат чўкди.
– Кетдими?
– Ким?
– Намунча овсар бўлмасанг? Ким бўларди? Абдураҳмон-да!
Чўчиб тушган аёл билдирмайгина кўксига туфлади.
«Нима бало, кўзларига жойинг жаннатдан бўлгур Абдураҳмоннинг арвоҳи кўриндими?»
– Дадаси, ўғлингизнинг ўртоғини айтаётганингиз йўқми, мабодо? Унинг оти Абдураҳмон эмас-ку?
– Ҳе, оти билан нима ишим бор? Ўша мухбир бола-да. Уйимизда нима қип юрипти?
– Нима қиларди? Ўртоғини кўнгли тусаб, гаплашишга чиққан-да.
– Кўнгли тусаб, дедингми?.. Ҳа, Абдураҳмоннинг ҳам кўнгли тусагандир?.. Йўқ… Сираям… Кўнгли тусамайди, унинг. У таъна қилгани келган! Билдингми, Абдураҳмоннинг нимага келганани? Ҳалиги боланиям танидим. У Абдураҳмоннинг жияни. Униям ўша юборган.
Аёлнинг титраётган қўлидан пиёла тушиб, тиззасига урилди. «Юзи иссиқ меҳмон келаркан», деди-да, пиёлага яна чой қуйди.
– Айтдим-ку, Абдураҳмон келади, деб! Бор, қара, келгандир!
Кўл-оёғидаги титроқ кучайган аёл ўрнидан тураётиб мункайиб кетар экан, базўр ўзини ўнглади, ҳовлиққанча ҳовлига чиқди. Ўғли кўринмагач, юраги гупиллаб уриб, кўча эшик томон югургилади. Тутқичга қўли етмасдан, эшик очилиб, ҳовлига ўғли кириб келди. «Болам, отангга бир нарса бўлган. Ҳали айтсам, ишонмагандинг. Ҳозир юрагим қинидан чиқиб кетади. Бор, олдига кир! Тезроқ!»
Ўғли кириши заҳоти Нормирза орқа ўгириб олди.
– Ошнанг кетдими? Энди ортимдан пойламаган у қолувди!
– Нега у ортингиздан пойлайди, дада? Бирон пойлатадиган иш қилмаган бўлсангиз.
– Сен бола, менга бундай илмоқли гап қилма! Ҳовлимга қадам қўймасин, у, билдингми?!
– Илгари шу ўртоғинг менга маъқул, раҳматли Абдураҳмон ўртоғимнинг жияни, тоға-сига тортган, одамнинг ичидагини топиб гапиради, дердингиз… Ҳатто мен ҳақимда ёзсин ҳам дегандингиз.
– Нима дединг? Ёзсин?! Ҳа-ҳа, биламан, у мени ёзмоқчи. Ичимдагини билволган у. Ўғлим, ўтир, бетга, – Нормирза ўгирилди. – Бугун чойхонага чиққандим. Биттаси чой баҳона гапга қулоқ тутиб ўтирибди. Нуқул гапга солиб, оғзимни пойлайди, де. Мен сезмасам экан. Уям ортимдан тушган. Худди Абдураҳмон билан келган аскар болага ўхшайди.
Ўғил отасининг гапларини эшитар экан, ҳайрон бўлди-бўлди-да, онасининг гапларига ишона бошлади.
– Ўтган ҳам оғзимни пойлайди, кетган ҳам. Ҳамма! Айт, мен уларга нима ёмонлик қилдим? Тўрт томондан чангалини очиб келаётган ажал орасида жонимни жаб… – ота тилини тишлаб қолди.
«Ҳадеб жонимни жабборга берганман, сенлар учун қон тўкканман! Нима, дадамдан бошқа ҳеч ким урушга бормаганми? Бувим битта-битталаб санаб берардилар – маҳалламиздан ўн етти йигит урушдан қайтиб келмаган. Қишлоғимиздан кетганларни санаб чарчайсан!» Ўғлининг кечаги гаплари Нормирзанинг қулоқларини батангга келтирди. Ўрнидан ирғиб турди.
– Бор, менга Абдураҳмонни айтиб кел!
Нормирза тўппончанинг аъзои бадани титрар, бир кечадаёқ сўлиб, бужмайиб қолган бети тинмай учар, кўзлари… киртайган кўзларида илинж ва қатъият алмашиб турарди. Ўнг қўли эшик томон нуқилган. Ўғил энди нега ҳамқишлоқларининг отасини тўппонча дейишларини яхшироқ англади. Уч тўмтоқ бармоқ пастда, кўрсаткич бармоқ тўппонча милини эслатарди.
«Йўқ, бу шунчаки асабийлашиш эмас!» Ўғил ташқарига чиққанда, онаси эшик ёнида дир-дир титраб турарди.
Нормирзанинг нигоҳи эшикдан қайта-қайта чўзиқ турган ўнг қўлида тўхтади. Саросимада уни орқасига яширди. «Яширма! Кўриб турибман, шу тўмтоқ қўлинг билан мени ўлдирдинг-а!» Ҳарбий кийимдаги нотаниш йигит шу гапни такрорлаганча устига бостириб келаверди. Келаверди.
Она-бола хавотирланганча эшик олдида анча туришди. Уйга аста мўралаган ўғли дадасининг гиламда узала чўзилиб ётганини кўрди. «Нега қаққайиб турибсан?» Онаси уни бир четга суриб, уйга отилди. Югуриб бориб, эрининг қон қочган юзини силаб, сесканиб, қўлини олди, юрагига қулоқ тутди-ю… «Вой, отагинангдан айрилиб қолдик, болам! Бизларни кимларга ташлаб кетдингиз-а, тўрам! Бир қултум сув томизишгаям ярамадимми-я!» Эрининг бошида ўтириб олган онаси тинмай айтиб йиғларди. Ўғил йиғлаганча ўзини отасининг устига ташлади.
– Да-да-жон!
Ногоҳ ўғил қўлига шилимшиқ бир нарса илашаётганини сезди. Кўзини очди-ю, чап қўли отасининг ўнг қўли устида турганини кўрди. Сесканиб, ўзини орқага олди. Тўмтоқ қўлнинг кафт орқаси, билаги ғажилган, тиш излари кўкариб ётар, кўрсаткич бармоқ бўл-са… узиб ташланганди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 1986 йил, 12-сон