Ориф Ҳожи. Найранг (ҳикоя)

Кузнинг илиқ кунларидан бири. Тонг пайти. Атроф-жавонибда эрта тонгда енгилгина ёғиб ўтган ёмғирнинг ёқимли ҳиди. Саодат ая уйи деразасидан ташқарини томоша қилиб тураркан, исқиртгина кийинган, кир рўмоли остида ҳурпайиб ва йилтиллаб кўриниб турган сочлари кишининг кўнглини беҳузур қилар даражадаги лўли хотинга кўзи тушди.
Саодат ая зиёли, муаллимачиликдан нафақага чиққан аёл эди. Шу лўли-ю тиланчиларга кўп ҳам ихлос қилавермасди. Очиғи, уларни ёқтирмайди. Шу сабабли ҳам уч-тўрт сўм пулни деразадан ташлаб, тиланчидан қутулмоқчи бўлди. Аммо лўли хотин кескин бош чайқади.
– Манга пулинг керак эмас, ичкарига кирит, сани бир балодан асраб қолмоқчиман.
– Керакмас, садақангни бераман, ўша ердан қай­тиб кетавер.
– Уйингда дуои бад бор! – деди лўли Саодат аянинг кўзларига тик қараб.
– Қўй шу гапларингни, мен ҳеч қанақа дуо-пуога ишонмайман. Бошимни оғритма.
– Бачангни иши ҳам яхши эмас-ку. Нимага қўл урса, чаппа кетади ёки бунга ҳам ишонмайсанми?
Бу гапдан онаизор эсанкираб қолди. Ахир умрида кўрмаган аёл ўғлининг ишлари яхши эмаслигини қаёқдан билиши мумкин? Ўзиям шу кунларда ўғлини ўйлаб роса сиқилиб юрган эди. Негадир кейинги икки -уч йил ичида ўғлининг ишидан барака қочган. Охирги ойларда машинаси ҳам кўринмай қолди.
“Машинанг қани”, деб сўраса, “ГАИга тушиб қол­дим. Арест қилган, стоянкада турибди”, деб жавоб беради. Аммо қайси бир куни дугонаси машинани бошқа бир бола ҳайдаб юрганини айтиб қолувди. Шуларни ўйлаб Саодат ая қўлига илинган латтани бошига танғиганича дарвозани очди. Лўли аёл “Бисмилло” деб ичкарига қадам қўйди. Шу “Бисмилло” билан Саодат аянинг барча шубҳа-ю гумонларини тутундай тарқатиб юборди.
Энди у келувчининг юзига жим термулиб, ҳар сўзини ижро қилишга тайёр бўлиб қолди. Аёлнинг гап­ларига оғзини очиб қулоқ солиб турди. Хотин узоқ гапирди. Ўзининг ҳожатбарорлиги ҳақида ишонарли нақллар келтириб, ҳикоя қилди. Оқшом кўрган тушини ҳам чала-ярим ишоралар билан эслатиб ўтди. У деди-бу деди, хуллас, кўндирди. Узоқдаги амманинг ижарада туриб ўқийдиган қизи сув қуйиб турадиган, лўли хотин ўқлоғи билан кўрсатиб турган жойни Саодат ая белкурак билан ўзи кавлайдиган бўлди. Хотин курсича устига қадимги занжи пошшоларнинг хотинларидай керилиб, бемалол жойлашиб олди. Сўнг атрофга синчков-синчков назар солди. Ҳовли четидаги бир тупгина токнинг тагига ўқловнинг учини йўналтириб амр қилди:
– Мана шу ерни кавла!
Саодат ая белкуракни ерга урди. Ер қаттиқ эди. Жиян бўлмиш офтобада сув ташиб, қуйиб, ерни юмшатиб турди. Ая кавлайверди.Терга тушиб икки-уч жойни кавлади. Узоқ вақтдан буён парвариш кўрмаган токнинг атрофини томирлар қоплаган бўлиб, бу нарса ишни яна-да оғирлаштирар эди. Ая терга тушиб кетди. Аммо бутун нажот ҳозирги топилдиғига боғлиқ эканини ҳис қилгани учун ҳам берилиб ишлайверди. Лўли гоҳ у жойни, гоҳ бу жойни ўқлоғи билан туртиб, уни тинмай ишлашга қистар, бу орада оғзи ҳам тинмас, фақат ўзигагина маълум бўлган Саодат аянинг душманларини лаънатлашдан тинмас эди.
Жабрдийда бека кавлаш ишлари билан буткул а­ндармон бўлиб, “ҳожатбарор” хотин алланенидир қа­­зилган тупроқ қатига ташлаб юборганини пай­қа­­май қолди.
– Шошма, шошма! – дея туйқус қичқириб юборди лў­ли, куйиб-пишиб тупроқ ағдаришга тушиб кетган Саодат аяни қўлидаги ўқлоғи билан туртиб, – мана бу тупроқ уюмини яхшилаб титкила қани, хаёлимда шу ёққа ўтиб кетгандай бўлди.
Саодат ая ўша тупроқ уюмини қўллари билан титкилай бошлади. Ногоҳ иркит бир латтага юмалоқлаб ўралган, роса лойга булғанган нарса бармоқларига илинди. Топилдиқ устидаги мато қачондир оқ сурп бўлганлигини тахмин қилиш мумкин эди, холос.
– Ана-а – деди лўли хотин ғолибона тиржайиб, – айтмадимми санга уйингда дуои бад бор, деб, мани айтганим келади. Келади мани айтганларим. Бачангни иши ҳам яхши эмас, дедим. Яхши эмас, бачагинангни ишлари. Бечора бачагинани айби нима, гуноҳи нима? Кўролмаганларинг боракан сани. Яқинларинг экан. Са­ни кўролмаганидан, иши юришмасин, деб қиган муни. Ўлим бўлсин, деган, – шу жойига келганда аёл гапиришдан тўхтаб, ўткир кўзлари билан Саодат аяни синчков кузата бошлади.
Саодат ая қўлидаги тугунакни паришон ҳолда си­қимлаганича, ранги ўчиб, бошидан ақли қочиб, гангиб турарди.
– Буни қилганлар бачангни ўлимини хоҳлаёпти… – Манга санинг пулинг керак эмас, пулни нима қиламан. Шунчаки санга раҳмим келганидан ёрдам қилопман.
Бу гаплардан кейин лўли хотин Саодат аянинг кўзига нақ Биби Марям бўлиб кўрина бошлади.
– Сингилжон, нима қилай эмаса?! Пул олмасангиз мен сизни қандай рози қиламан?
– Манга сани рози қилганинг керак эмас. Пирларимни рози қилсанг бўлди. Пирларимнинг назари тўқ, назари пастлик қилмасдан қимматроқ кийимликларинг бўлса, бир-икки кийимлик олиб чиқа қол. Ишимиз ҳали тугагани йўқ. Ман бир йўла сани уйингни ҳам зиён-заҳматдан тозалаб кета қолай.
Саодат ая қўлидаги тугунакни жиянга бериб, ўзининг ҳар доим қулфлоғлик турадиган уйчасига кирди. Яшириб қўйган жойидан калитни олиб, сандиғини очди. Икки кийимлик қимматбаҳо материални танлаб олди. Буларни келинига деб йиғаётган эди. Аммо шу тобда кўзига тўй кўринмади. Шошиб ташқари чиқди. Қўшқўллаб “ҳожатбарор”нинг қўлига тутқазди.
Аёл матони олиб, ошкора беписандлик билан ёнидаги чиркин тўрваси устига ташлади. Қайрилиб ҳам қарамади. Қувонганини ҳам, норози бўлганини ҳам бил­дирмади. Мўмиёранг юзларига улуғвор бир ифода қалқиб чиққандай бўлди. Ҳарқалай Саодат аяга шундай кўринди.
– Энди шуни оч! – деди жияннинг қўлидаги тугунакка ўқлоғи билан ишора қилиб.
Саодат ая бир пайтлар оқ сурп бўлган, чиркин ва чирик матони олиб очди: ичидан занглаб кетган қулф, сиртмоқча қилинган ип, тирноқ, тикангами, балиқ қил­­­таноғигами ўхшаган учли, қаттиққина нарсалар чиқди. Одатда Саодат ая бу каби нарсаларни қўл билан ушлашга жирканар, ўзини четга тортарди, аммо ҳозир боласининг бахти гаровда турган бир лаҳзада унинг жирканчоқлиги чекинган, кўзига ҳеч нарса кў­ринмаганидан бўлса керак, ҳалиги нарсаларнинг ҳар бирини ушлаб эзғилаб кўрар, нималигини билмоқчи бўлиб, кўзига яқин олиб келар, тикилар ва яна эзғилаб, ҳидлаб ҳам кўрарди. Турган гапки сассиқ, балчиқсимон бадбўйдан бошқа нарсани илғамас, боши янги-янги маълумотлардан қизиб, карахтланиб борарди.
Аёл бу топилдиқларининг ҳар бирига топқирлик билан худди бу ишларни бамаслаҳат қилгандай ёки қилинаётганида бошида тургандай ишонч билан изоҳ ва шарҳлар берарди.
– Мана бу сиртмоқча бўйнига тушсун, ўлуб қолсун деган. Бу тиконакларни бачагинангни кўзига кирсун деб солган. Тирноқлани маъниси шуки, душманларинг палакатини санга ташлаб, тиш-тирноғи билан сани ва бачангни йўлини тўсопти. Қулфни бачагинангни ишларини бойлагани дуо ўқитиб қулфлатган. Энни сан қулфни очасан. Қулфни тошга уриб оч. Шуни очмасанг бачагинангни йўли очилмайдии.
Саодат ая тимирскиланиб бориб тош топиб келди. Қулфни тошга урди. Тошни қулфга уриб кўрди. Қулф занглаган эди, очилмади. Яна ва яна уриниб, қўлининг бармоқларини яра қилди, тирноғи ачишди. Аммо қулф очилай демасди. Узоқ уннади, ахири, бўлмади.
– Сингилжон, ўзингиз бир йўлини қилинг, шуни очиб беринг, – деб ялина бошлади.
– Майли-ю, – деди лўли хотин сал чўзиб, – ман оч­ганим ҳисобга ўтармикин, – бир оз ўйланиб турган бўлиб, шартта гапирди, – Ўтади. Пирларимни рози қил­­­сангиз ўтади. Уйингизда тилло узук борми?
– Бор, айланай, бор!
– Олиб чиқинг , – негадир “ҳожатбарор” уй бекасини энди сизлай бошлаган эди.
Саодат ая ичкари кириб, тақилмай ётган тилла узукларидан бирини олиб чиқди. Аёлга берди. Аёл тилла узукни олиб тош устига қўйди. Қулф билан узукни ура бошлади.
Саодат аянинг анграйиб, тушунмагандай қараб турганини кўриб изоҳ берди:
– Буни садқайи сари қиласиз, бунинг ҳам кўзи бор, душманингизни ҳам сизни кўролмайдигон кўзи бор. Буни уриб кўзини чиқарсак душманингизни ҳам кўзи чиқаду. Бунга ачинманг, бачагинангизга ачининг, шугинанинг бошидан садқайи сар денг.
Лўли хотин тинмай гапирганча гоҳ тошни қулфга, гоҳ қулфни тошга ура бошлади:
– Ҳҳаҳ! Кўролмаган кўзгинанг отилиб чиқсун, – деганича тош устидаги узукка қулф билан чунонам урдики, узукнинг кўзи отилиб чиқиб кетди.
– Ана, кўзи чиқди, кўзи чиқди, – деди хотин жазавага тушиб, – ана энни душманларингиз кўр бўладу. Шу башоратдан кейин аёл бирдан Саодат аянинг бўй­нидаги тилла занжирига чанг солди. Йўқ, юлиб ол­мади. Шунчаки маҳкам ушлаб секин тортди. – Ана шу­ни фидо қилинг, ана шуни садақа қилсангиз, қулф очилади.
– Кўзим қиймайди-да, синглим, – ая жон ҳавлида хотиннинг қўлларини ушлаб, бармоқларини очишга ҳа­ракат қила бошлади.
“Ҳожатбарор” инсоф қилди, қўйиб юборди. Ўзича тушуниксиз тилда бир нима деб ғудранди.
– Буни манга беринг демопман-ку, ғалчамисиз, муни сиз қулфни устига қўйинг, ман урай, очилсун. Ке­йин яна ўзингизга олинг.
Афтидан аёл пирларини ҳам алдаб, чув туширишга қарор қилган эди.
Саодат ая тилла занжирини чор-ночор қулфнинг устига қўйди.
– Энни ўзингиз тош билан уринг.
Саодат ая тилла занжирини аяб, кичикроқ тош би­лан аста-аста ура бошлади. Хотин тошни унинг қў­лидан юлқиб олиб, қаттиқ-қаттиқ урди. Тилла занжир пачақ бўлди. “Ҳожатбарор” парво қилмади. Гоҳ тошни қулфга, гоҳ қулфни тошга уриб жазава билан узоқ саннади: – Ўзгинангга қайтсун, қилган илми амалинг бачагинангга урсун…
Шу жойига келганда Саодат ая чидаб туролмади, гапга аралашди:
– Жон сингил! Ўзига урсин, денг, баласига ҳеч нима қимасин. Майлими, баласини айби йўқ-ку.
Хотин ола кўзларини яна-да олайтириб, бир ға­лати қараш қилди. Ҳеч нима демади, қора ва мойли юзларида шумгина табассум жилвалангандай бўлди. Буни Саодат ая илғамади. Илғайдиган ҳолатда эмас эди у.
Ниҳоят аёл қулфни очди. Саодат аяга айтиб, бир яп-янги сочиқ олдирди. Қулфни, ҳалиги ашқол-дашқолларни, пачақланган, кўзи уриб чиқарилган тилла узукка қўшиб, шу сочиққа тугди. Тугунни Саодат аянинг қўлига тутқазди.
– Муни ой чиқмаган қоронғу кечада эски қаб­рис­тонга элтиб, очиқ мозорга ташлаб келасиз. Ҳеч ким кўрмаслиги керак, бир ўзингиз борасиз. Биров кўрса кор қилмайди.
Саодат аянинг эти жунжикиб кетди.
– Қўрқаман-ку, қандай бораман кечаси?! Ҳатто далага чиқишга қўрқаман, мозорга қандай бораман?
– Майли, қўрқсангиз, сиз учун ман буни қилишим мумкин, манга ишонсангиз, ўзим кечаси бориб очиқ мозорга ташлаб кела қоламан.
Аёл шуларни айтиб Саодат аянинг қўлидаги па­чақланган тилла занжирга суқланиб қаради.
Ая бу қарашнинг маъносини англади. Қўлидаги тилла занжирини маҳкамроқ сиқимлади.
– Буни кўзим қиймайди-да, – деди мустар бир аҳ­волда.
Аёл шафқат қилди.
– Майли, бермасангиз, ихтиёрингиз. Берсангиз яхши бўларди-ку. Бермасангиз ҳам майлингиз. Пирларимни рози қилсангиз, сиз учун буни ҳам ман бажара қоламан.
Саодат ая тилла занжири ёнига қолганига хурсанд бўлиб, уйидан яна икки кийимлик тоза мато чиқариб “ҳожатбарор”га берди.
Лўли хотин кетаркан, ўғлингни фалон гузардаги фалон муллага олиб бориб қайтарма ўқитиб ташлагин деб тайинлади ва азайимхоннинг манзилини берди. Сўнг, “чой ичиб кетинг” деган таклифга ҳам парво қилмай негадир шошилинч жўнаб кетди. Саодат ая катта кўчагача эргашиб чиқди. Яна бирор гап айтармикан, деб оғзини пойлаб борди. Бироқ лўли хотин негадир, бир оғиз ҳам гапирмасдан тез-тез юриб ундан узоқлашди.
 
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 4-сон.