Оқилжон Ҳусанов. Ибн Сино висоли (қисса)

Бошингга не бало келса,
Бировданмас, ўзингдан кўр.
Халқ мақоли

1

Улар кўркам истироҳат боғи бурчагидан бошланган, қиялаб кетган кенг-мўл йўлак орқали шаҳар ўртасидан оқиб ўтадиган анҳор бўйидаги пастқамгина майдончага тушиб борардилар. Қачонлардир қурилган икки хонали чоғроққина уй ёнида пиво қуйиб сотилмоқда, бироз нарида — майдончанинг ўртароғида кабоб қўраларидан тутун ўрлаб турибди. Бировлар анҳорда чўмиларди, бировлар ярим яланғоч, бировлар кийинган ҳолда кабобчининг олдида уймаланарди, бировлар қўлида икки-уч сих кабоб билан пивофуруш томонга шошарди. Майдончада одам ниҳоятда кўп эди, эркагу аёл аралашиб юрарди, ҳеч ким ҳеч кимга аҳамият бериб қарамасди, чамаси, ҳамманинг фикри-зикри анҳорда чўмилиш, кабобхўрлик қилиш ва пиво ичиш цингари енгил-элпи ўйлар билан банд эди. Тошкўмир тутуни, ачиган пиво, тузланган балиқ ва чўмилганда одам баданидан тараладиган ёқимсиз ҳидлар аралашмаси димоқларга уриларди.
ТТЎЖ — Тарихни теран ўрганиш жамиятининг вакили билан унинг ортида бораётган вилоят раҳбарига ҳам майдончада ғимирлаб юрганлардан ҳеч ким эътибор қилмади. Аввало, уларнинг иккаласи ҳам қора ласдан тикилган нимдошгина камзул кийиб олишганди — кўрган одам уларни, қоровул ёким кўча супирувчилар бўлса керак, деб ўйларди. Иккинчидан, бу ерга аксарият пивохўрлару чўмилиш ишқибозлари келиб туради-да ахир, ким билан кимнинг иши бор? Қолаверса, айтганимиздек, майдончада ғужғон ўйнаётган аёлу эркакнинг ўю хаёли мана шу жойдан олиб қолинадиган қисқа муддатли маишатда эди.
— Бу ерга нима учун келаяпмиз ўзи?— деди вилоят раҳбари бироз норози оҳангда. — Шунча одамнинг назарига кўз-кўз бўлиб юришимиз шартмиди? Бошқа тарафдан ўтсак бўлмасмиди? Ахир, бунчалик кўп қаланғи-касанғилар орасида ҳам мени танийдиганлар учраб қолиши мумкин…
Жамият вакили юришини секинлатиб хиёл бурилди-да:
— Маҳкамага шу ердан кирамиз-да, биродар, – деди. — Ҳозирдан ҳар нарсага эътироз билдираверсангиз ёки ўзингизча шарт кўяверсангиз қандоқ бўларкин? Ахир ўзингиз истак билдирдингиз… Демак, ҳозир энг аввал сизни раисимизнинг ҳузурига обкираман. У кишига маъқул тушсангиз, жамиятимизга аъзо бўлишингиз мумкин. Фақат, кеча айтганимдай, битта шарти бор: бизнинг сиримизни фош этмайсиз! Биз ҳам садоқатингизга қараб иш тутамиз! Ўзингизга маълум, ташкилотимиз ҳали тўла расмийлашган эмас… Раисимиздан кейин сизни президентимизнинг ўзлари ҳам кабул қиладилар. Раисга ҳам, президентга ҳам ниятингизни айтасиз.— Сўнгра ўнгланиб, аввалги маромда одимлар экан, ўз-ўзига гапиргандек кўшиб қўйди.— Илм-фан учун жонини ҳам аямайдиган кишилар керак бизга. Фақат бизда эмас, ҳамма соҳада шундай бўлиши керак ўзи…
Вилоят раҳбари ўз идорасидан бор-йўғи ярим чақирим узоқликда бўлган анҳор бўйидаги ушбу манзарани биринчи марта ҳайрат билан кузатиб борарди… Пастқам майдончанинг бир ёни анҳор билан чегарадош, иккинчи ёнига палахса-палахса тоғ тошларидан тахминан беш метрлар баландлигида девор урилган. Девор юкорисидан ҳозиргина ўзлари тушиб келган жой — ёш-яланглар сайр этадиган истироҳат боғи бошланади. Деворнинг ўртароғида, яъни кабоб пиширилаётган кўраларнинг яқингинасида кўрғошин рангига бўялган икки тавақали кўримсизгина дарвоза кўзга ташланди. Жамият вакили билан вилоят раҳбари тўппа-тўғри ўша дарвоза сари борардилар. Жамият вакили камзули чўнтагидан калит чиқариб, ихчамгина қулфни очабошлади. Вилоят раҳбари, нимадандир хавотирлангандек, шеригининг ҳаракатларини ҳам, атрофда ғимирлаб юрганларни ҳам аланг-жаланг кузатарди. Шуниси қизиққи, ҳатто кабоб пиширувчилар ҳам уларга бундоқ қайрилиб қарашмасди –  ҳамма ўзи билан ўзи овора эди.
— Ҳеч нарсани ўйламанг, булар — ғафлатдаги одамлар,— деди жамият вакили қулфни очатуриб. Вилоят раҳбарининг ҳайронлиги яна ошди: вакил унинг таҳликали ҳаракатини, миясидан кечган фикрларни қандай билдийкин? Ёки… бошининг орқасида ҳам кўзи бормикин унинг?
Дарвоза очилди. Улар нимқоронғи йўлакка кирдилар. Дарвоза ёпилиб, ичкаридан қулфланди. Йўлак яна ҳам қоронғилашди. Жамият вакили вилоят раҳбарини кўлтиғидан ушлаб, бир-икки қадам ичкарига тортди. Нимадир шириллади, чамаси, дарвозани тўсиб турувчи парда тортилди ва ўша заҳоти ичкари ёришиб кетди. Қоронғиликка эндигина кўникаётган вилоят раҳбарининг кўзлари жимирлашди. У хиёл фурсат ўтиб кўзларини очдию ажиб бир манзарани кўрди: метро бекатини эслатувчи кенг-мўл йўлакда туришарди улар. Юқорида — йўлак шифтида сон-саноқсиз қимматбаҳо қандиллар осиб кўйилганди. Йўлакнинг икки ён тарафида эшиклар кўзга ташланарди. Вилоят раҳбарининг назарида деворлар ҳам, эшиклар ҳам пластмассадан ясалганди. Йўлакнинг нариги учи чап томонга бурилиб кетгани учун ниҳояси қаердалиги маълум эмасди… «Мана шу ерости иншоотлари ҳам менинг тасарруфимдами ўзи?— деди вилоят раҳбари хаёлан ўзига ўзи.— Ер остида шунчалик мўъжизавий мулким борлигидан бехабар эканман… Ёки
булар ўзича алоҳида ҳокимиятми?»
— Нега қараб қолдингиз, юринг,— деди жамият вакили ва шу аснода ўнг тарафдаги биринчи эшикни очди. Олдинма кейин хонага кирдилар. Хоианинг икки ён деворига пластмасса шифонер-шкафлар тпраб қўйилганди. Жамият вакили, худди ўз уйдагидек, шифонер-шкафларнннг эшикларини бирма-бир очатуриб:
— Яхшилаб кийиниб олинг, — деди, – раиснинг ёнига шу аҳволда кирсангиз бўлмас.
— Сиз-чи? — деди вилоят раҳбари ўзига лойиқ кўйлак, костюм излай туриб.— Сиз ҳам кийинасизми?
— Мен билан ишингиз бўлмасин… биз — шу ернинг одами. «Демак, ер остидаги бу мулки-амлок менга ҳам, мен вакил бўлган ҳокимиятга ҳам тегишли эмас экан-да,— деган ўй кечди вилоят раҳбарининг хаёлидан.— Қаттиқроқ талаб қилиб кўрсам-чи? Йўқ, ҳозир мавриди эмас… Эссизгина, маъмурий-буйруқбозлик даври бўлганда-ку бунақа жамиятларнинг урфоғини ҳам қолдирмаслик мумкин эди…»

2

ТТЎЖ раисининг сиймоси вилоят раҳбарига анчайин таниш туюлди. Аммо уни қаерда кўрганини раҳбар эслаёлмади. Қизиқ, кўзлари хонасидан чиқиб кетгудек дўрдайган, лаблари қалин бу йигитни қаерда кўрган экан-а?.. Узоқроқ, батафсил ўйлашга фурсат ҳам йўқ эди ҳозир. Чунки, ўзидан ўн-ўн беш ёшлар кичик бу одам уни танимади ёки ўзини танимаганга олди, бунинг устига жуда совуқ, расмий тарзда қабул қилди. Чап ёнидаги тугмачалардан иккитасини босган эди, бир варақ қоғоз ва битта ручка аллақаёқдан учиб келиб, стол устига оҳиста кўнди. Раис ручкани қўлига олиб, вилоят раҳбарига савол берди — анкета тўлдира бошлади:
— Наслиятингиз? — деди у ўзи ўтирган пластмасса креслони гавдаси билан у ён-бу ён бурар экан.
— Гапингизга тушунмадим, — деди вилоят раҳбари. Раис, хиёл жилмайгандек бўлди. Хурсандлигиданми ёки киноями — нималигини тушунолмади вилоят раҳбари.
— Фамилиянгизни сўраяпман,— деди раис.
— Нейшо-Нали…
— Ғалати-ку,— деди раис юз ифодасини ўзгартирмай, — худди италияликларнинг фамилиясига ўхшаркан… Шарқда бунақа наслиятлар бўлмагучи эди.
Раиснинг юмшоқ гапиришини кўриб вилоят раҳбари сал ўзини тутиб олди. Ўзининг топқирлигини, сўзамоллигини, ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиб кетаолишини намойиш этиш ҳаракатида жавоб берди:
— Италияликларга ўхшасак ёмонми? Қани эди мен италян ёки франтсуз бўлиб туғилсам. Бордию инглиз ёки немис бўлиб туғилганимда ўзимни яна ҳам бахтли инсонлардан деб санардим. Ҳар ҳолда Европа Европа-да. Менимча, Европа бўлмаганида ер юзидаги тсивилизация бу даражага чиқмасди. Тўғрими?
Жамият раиси унга жавоб бермади, юз-кўзлари аввалгидек жиддийлашди, расмий оҳангда савол-жавобни давом эттирди:
— Исмингиз?
— Акифар.
— Миллатиигиз?
— Ўзбек… Паспорт бўйича-да…
Жамият раисининг юзи негадир яна аввалгидек тундлашди, кўзлари хонасидан чиққудек бўлиб сўради:
— Аслида-чи?
— Аслида… ҳар хил кондан таркиб топганмиз… аралаш-да,— деган жавоб бўлди,— курама. Мен ўзимдаги бор истеъдодни ана шу қурамаликдан деб биламан… Яъни байналмилалмиз…
— Чиройли сўзларни қалқон қилиб, амалда кўп номаъқул ишларни бажариш мумкин,— деди жамият раиси ўзига ўзи гапиргандек, сўнгра сўради.— Ёшингиз?
— Олтмиш икки. Ўтган куни туғилган куним эди. Оилавий тарзда ўтказдик. Барибир, анча меҳмон келди, ҳозирги одамларни биласиз-ку, хушомадгўй бўлиб кетишган. Мансаб эгаси бўлиш ҳам қийин экан.
— Беайб парвардигор, дейдилар… Маълумотингиз?
— Олий маълумотлиман.
— Ихтисосингиз?
— Тарихчи.
— Илмий даражангиз?
— Фан номзодиман.
— Қайси даврдан ҳимоя қилгансиз?
— Янги тарихдан мавзу олгандим…
— Яна илм билан шуғулланмоқчимисиз?
— Аллақачон шуғулланиб юрибман: Ўрта асрлар тарихидан мавзу олганман. Шунинг учун сизларнинг ҳузурларингизга ташриф буюрдим-да. Ўрта асрларга саёҳат қилмоқчиман… Бу жамиятга интилишим сабаби ҳам шундан. Шу ниятимга… ёрдам берсаларингиз…
Жамият раиси ёзишдан тўхтаб бир зум ўйланди, сўнгра:
— Ёрдам бериш — бизнинг вазифамиз, тарихга тўғри ёндашиш — сизларнинг вазифангиз, – деди.— Барча адабиётларни тўплаб берамиз. Зарур бўлса ёнингизга илмий маслаҳатчи ҳам берамиз.
— Унақа маънода эмас, ўртоқ… ҳурматли раис… Менинг бу ерга келишдан, сизларга аъзо бўлишдан мақсадим бошқачароқ… эди. — Нейшо-Нали бамисоли истиғноли аёллардек кўзларини сузиб жилмайди.— Ўша даврга чинакамига саёҳат қилмоқчи эдим. Ҳалиги… «Чархитарих» деган ускунада ухлатиб, хоҳлаган даврга олиб бориб ташлашар экан-ку?.. Ўша даврни ўз кўзим билан кўриб, мавзуни чуқурроқ ўрганиш ниятида эдим. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деган гап бор-да, ахир.
Жамият раиси бошини хиёл кўтариб, билинар-билинмас сарак-сарак қилди.
— Бу масалада аниқ ваъда беролмайман. Аввало, «Чархитарих» ускунаси ҳали унчалик мукаммал эмас — фақат минг йил ёки юз йиллар ҳисоби билан ишлайди… Шунинг учун бу максадга эришишингиз қийин. Мавжуд адабиётлардан ўрганаверишингизга тўғри келади мавзуни, биродари азиз.
Кутилмаганда Нейшо-Налининг кўзлари ёришди.
— Барибир менга қулай экан, ҳурматли раис,— деди у. — Мен, ўз ниятим бўйича, минг йил ортга чекинишим керак. Яъни, ҳозир 2001 йилда яшаётган бўлсак, «Чархитарих»да 1001 йилга боришим керак. Илтимос сиздан, ҳурматли раис, бир ҳафтагами, ўн кунгами юбортиришга кўмаклашсангиз. Эсдан чиқмайдиган иш бўларди-да. Сираям эсдан чиқармасдим… Кечадан бошлаб отиускадаман, шунга тўғрилаб… Шу ишимни ўйлаб, бу йил Кавказга ёки Қримга бориб дам олишдан ҳам воз кечдим.
— Ўн биринчи асрнинг биринчи йилида, яъни 1001 йилда қаерга ташриф буюрмоқчисиз? Қайси юрт, қайси масканни танлаяпсиз?— сўради жамият раиси.
— Бухорони кўриш ниятим бор. Йўл-йўлакай атрофдаги қишлоқларга ҳам ўтмоқчиман. Масалан, Афшона, Вобкент…
— Илмий мавзуингизга алоқаси борми шу масканларнинг… ёки қандайдир қизиқувчанлик ғолиб келаяптими?
Нейшо-Нали яна ўйноқи кўзларини сузганича жамият раисига истиғноли жилмайди.
— Энди… гапнинг очиғи, қизиқувчанлик ҳам, орзу-ният ҳам бор, сиздан яшириш кийин… бўлса керак. — Ибн Сино билан учрашмоқчимисиз?.. У киши йигирма-йигирма бир ёшларда бўлади… Тўғрими?
— Ҳа, тўғри. Синонинг ўзини ҳам, ота-онасини ҳам, атрофидагиларни ҳам кўрмоқчиман…
— Тарихчиман деяпсиз-ку, тарихга нисбатан ҳурмат йўқ экан сизда! «Сино» деб атаяпсиз, қани айтинг-чи, улуғ бир сиймонинг исмини чала тутишга нима ҳаққингиз бор?! — деди жамият раиси жаҳли чиқиб.
— Кечирасиз, айбдорман,— деди Нейшо-Нали шоша-пиша. Назарида, пишиб қолаёзган ошнинг оловига билмасдан совуқ сув сепиб ўчириб қўяётгандек туюлди.— Энди такрорланмайди, ҳурматли раис… Ҳалиги саволингизга тўлароқ жавоб берсам майлими?.. Ибн Синонинг отаси билан ҳам, онаси билан ҳам юзма-юз гаплашмоқчиман… Тарих учун ҳам, мавзуим учун ҳам керак-да.
Жамият раиси кўлидаги қаламнинг орқасини столга тақ-тақ урганича ўйланиб Нейшо-Налига тикилди, чамаси, унинг миясидан кечаётган фикрларни ўқирди.
— Қийин масала,— деди у.— Бунинг уддасидан чиқишингиз жуда душвор иш… Сизга қийин бўлади.
— Нега?— сўради Нейшо-Нали.
— Сабаблари кўп,— деди жамият раиси.
— Масалан?
— Чунончи, улуғ олимнинг отаси Абдуллоҳ саройда хазинабон, хазинага эса, бегоналар у ёқда турсин, ҳукмдорнинг қариндошлари ҳам киритилмайди…
— Балки у маълумот нотўғридир?..
— Йўқ, рост. Қолаверса, ўрта асрлар шароитида аёл кишининг бегона эркак билан юзма-юз гаплашиши мумкин эмас. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайди… Демак, сизга жуда кийин бўлади. Яхшиси, бу ҳақда ўйламаёқ қўяқолайлик. Бирор фалокат рўй бериб ўша ёқларда қолиб кетсангиз нима бўлади?
— Қийинлигини биламан, жуда яхши биламан, ҳурматли раис, Ўрта асрлар — хурофот авж олган давр…
Шу лаҳзада жамият раисининг юзи қон қуйилгандек қизариб кетди, кўзларининг қорачиғлари аввалгидан ҳам дўрдайди.
— Ана, кўрдингизми, биродари азиз, сиз — тарихчи сифатида нохолис одамсиз! — деди у.
Такрор-такрор дакки эшитавериш, устига устак қўпол муомала Нейшо-Налининг ҳамиятига тегди. Кимсан вилоят раҳбари бўлиб турган одамни шунчалик ерга уравериш инсофдан эмас-да, ахир! Агар ер юзасида бўлганда-ку бунақаларга кўрсатиб қўярди-я! Қани энди мана бу кўзи дўрдайганни партиявий жазо билан қўрқитиб бўлсаю, буларнинг ихтиёридаги машинани олиб қўйиб, давлат ҳисобидан Х асрга жўнаб кетаверса! Афсус!
— Хаёлингизга ҳам келтирманг, бизнинг жамият сизнинг тасарруфингизда эмас! — деди ТТЎЖ раиси Нейшо-Налининг миясидаги фикрини аниқ ўқиб тургандек. — Қайтиб чиққанингиздан кейин бизга зарар етказиш тўғрисида ҳам ўйламай қўяқолинг — бир тийинлик зарарингиз ўзингизга бир сўмлик бўлиб қайтади! Яъни юз баравар!..
Вилоят раҳбари шаштидан тушиб қолди, бошини қуйи эгиб, анча бўшашган оҳангда сўзлади:
— Мен — сизлар учун янги одамман, хатоим бўлса, шундоқ-шундоқ деб айтинг, қўлимдан келганича тузатай, ҳурматли раис.
— Оддий хатони тузатса бўлади, аммо нохолис дунёқарашни холисга айлантириш — қийин масала, — деди жамият раиси.— Сиз, гарчи шу ерда туғилиб ўсган бўлсангиз ҳам, Шарқ маданиятини, тарихини менсимайдиган одамсиз. Тўғрими?
— Нохолис дунёқарашимни нима билан исботлайсиз? — деди Нейшо-Нали бироз дадилланиб.
— Ўрта асрларни хурофот даври дедингиз-ку ҳозир. Ваҳоланки бошқа тарихчилар Уйғониш даври деб атаяптилар. Шарқ Уйғониши, Мусулмон олами Уйғониши деб атаяптилар. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Муҳаммад ал-Бухорий — ахир булар ҳазилакам зотларми?..
— Ахир хурофотлиги ҳам бор-да.— Вилоят раҳбари бироз ўрталикни олиб, келишувга эришмоқчи эди.—Аёл билан эркакнинг юзма-юз гаплашолмаганини нима деб баҳолаш керак?
— Шарққа хос бўлган маданиятнинг, одоб-ахлоқнинг нозик жиҳатлари ҳам шунда-да! Сиз буни тушунмайсиз ёки тушунсангиз ҳам нотўғри талқин қиласиз. Аёллар жинси билан эркаклар жинси ўртасида қандайдир одоб пардаси бўлиши лозим. Қаердаки ўша парда олиб ташландими, ўша ерда одобсизлик, ахлоқсизлик, ҳатто разолат юз беради. Бунга фақат Шарқ тарихи эмас, бутун дунё тарихию маданияти гувоҳлик беради. Сиз эса бундай нозик аломатларнинг ҳаммасини хурофот деб талқин қилаверасиз.
Вилоят раҳбари мот бўлган шахматчидек ўсал ҳолатда ўтириб қолди.

Асарнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг