1
У ётарди ғор ичида бир неча кундан бери, қайғу билан тўла эди аламзада юраги. Нима бўлди? Нега келмас ёнига севгилиси? Нима бўлди? Унутдими? Ё топдими ўзига эр?! Шу хаёллар гирдобида ётар эди Сайфиддин — Қоратоғда донғи кетган паҳлавон ва қароқчи. Ётар эди ва ўйларди хотини Хадичани, ўйлар эди, тиши-тишига тегиб шўрлик ғазабдан: нима бўлди? Нега келмас ёнига севгилиси? Унутдими, ё биронта айлантирди бошини? Айлантирса арзигулик Хадичанинг ҳусни бор: икки юзи Гул водийсини безаган лолалардек, қошлар худди паҳлавонлар қўлидаги ёй каби, лаблар худди атиргулнинг ғунчасидай хушбичим, момиқдек оқ кўкраклари Червенберг олмаси… О, Хадича!… Нима бўлди? Нега сендан дарак йўқ? Ноқобил эр, қароқчингни унутдингми, вафосиз! Шу топ нима қилмоқдасан? Узга эркак кўйнида ётибсанми ёки?.. Йўқ, йўқ! Ўзинг кўмак бер, олло! Бу даҳшатли хаёллардан қутқар ғариб бандангни!..
2
Шиддат билан сакраб турди ўша туни Сайфиддин, ғордан чиқди, аланглади атрофга бир дақиқа! Сўнгра юрди қишлоқ томон хавф-хатарни ўйламай. Елкасида қўшотари, қўллари мушт ғазабдан…
3
Кириб келди қишлоққа у қоплон сингари пусиб, ҳаяжондан титраб секин тақиллатди эшикни.
— Ким у? — деди ичкаридан қўнғирокдек бир овоз. Эшитди-ю, қон қуюлди қароқчининг бошига!
— Ким бўларди! — зарда қилди. — Худо қўшган эрингман. — Занжир бирдан шарақлади, эшик очилди шу зум, рўпарада пайдо бўлди қароқчининг хотини — Хадича!
— О, секинроқ!.. — деди жувон сесканиб. — Қишлоғимиз аскарларга тўлиб кетган, секинроқ!..
Ичкарига кирди Сайфи, қўл узатди ёрига, соғинган лаб шивирлади неларнидир шу маҳал, бошлар бошга суянишди, кўкрак тегди кўкракка. Ва тонгача ором олди ёр қўйнида қароқчи… Тонгда эса, йўлга тушди яна ғорига томон, йўлга тушди яна пусиб, аскарларга кўринмай.
4
— Қани сўйла, эринг қайда? — деди тонгда юзбоши. Хадичани ваҳм босди, ким сотди экан уни? Ким кўрибди ярим тунда эри келиб кетганин? Ё юзбоши алдадими, синамоқчими уни?
— Қайдан билай? — деди жувон. — Эрим қочган сизлардан, йилдан ошди кетганига. Қаерда, мен билмайман.
— Ёлғон гапинг! Туни бўйи бирга эдинг у билан. Ё бошлаб бор, ё бўлмаса ўласан шу қўллардан! — ва юзбоши имо билан кўрсатди аскарларни, Хадичани ваҳм босди: ҳовли тўла аскарлар, ҳар биттаси арслондек, тикиларди шўрликка. — Бошлаб борсанг, соғ қолади, — деди юзбоши шунда, — соғ қолади ва қайтади уйингга.
Хадича жим. Минг хил фикр чулғаб олган бечоранинг бошини. Нима қилсин! Нима десин? Душман кутар бетоқат.
— Қани бўл! Йўлни бошла! — деди яна юзбоши. Ночор йўлга тушди жувон, ёши кўзда шашқатор, йўлга тушди, орқасида эрининг жаллодлари.
5
Она қишлоқ ортда қолди, ортда қолди далалар. Ортда қолди биринчи бор Сайфиддин қучган сой ҳам. Таниш сўқмоқ йўл бошланди, висол йўли — ёр йўли, қайғуга эш, серюлдуз тун, шодликка зор-зор йўли… Тоғ ҳам келди. Хадича жим, қадам босар зўр-базўр, яқин қолди, яқин қолди таниш ғорга! Ё, Худо! Асра ўзинг паноҳингда шўрпешана бандангни!..
6
Ғор олдида ўлтиради Сайфи пастга тикилиб, сўқмоқ йўлда бирдан недир ялтиради ва сўнди. Нима бўлди? Ким бўлдийкин? Ғорга кирди у шошиб, ханжарини белга такди, милтиғини ўқлади. Шу топ овоз келди пастдан:
— Сайфиддин чиқ! Бу менман! Агар тушсанг тегишмайди, ваъда берди юзбоши!
Олов бўлиб ёнди шу топ, титраб кетди Сайфиддин:
— Нима қилдинг, сотқин хотин! — алам билан қичқирди. Тоғ гумбурлаб кетди шунда: ўқ узганди Сайфиддин, ўқ узганди мўлжал қилиб Хадича кўкрагини…
* * *
— Кейин нима бўлди, дерсиз? Эсимда йўқ, гайдуклар, пастга тушиб, балки ўзи асир бўлгандир ёвга? Лекин бунга ишонмайман. Сайфи паҳлавон эди, ё қочган, ё олишиб, мардларча ҳалок бўлган.
1966