Ўлмас Умарбеков. Вела (ҳикоя)

Велинград — Родопи этагидаги яссиликка жойлашган кичкина шаҳар. Ўтган йили Болгарияга борганимда шу шаҳарда ҳам бўлдим. Уни, албатта, қанчадан-қанча тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган Улуғ Тирново ёки Плевень билан солиштириб бўлмайди. Унда на ярим белигача ерга кўмилиб ётган христиан черковлари бор, на олтин қуймаларни эслатувчи, ҳамон сайёҳлар эътиборини тортувчи тор ғиштин йўллару, на турк бекларининг жимжимадор пештоқлари кўчанинг ярмигача туртиб чиққан сербўёқ ёғоч қасрлари бор. Ҳамма бинолар оддий, содда ва деярли бир хил, фақат шаҳарнинг қоқ ўртасига тушган тўрт қаватли меҳмонхонагина ажралиб туради. Олди чорси майдон, атрофи гулзор, майдон ўртасидаги каттагина ҳовуздан мис қурбақа гулзорга сув пуркаб турибди. Бино деворлари бошқа иморатларникидек силлиқ эмас, қандайдир ҳайвонлар, уларни қувлаб кетаётган тош давр овчилари расмлари билан безатилган. Мени шу меҳмонхонага жойлаштиришди. Ювиниб, кийимларимни ўзгартириб, пастга тушдим. Кун пешиндан оққан эди. Ёз келганига қарамай, ҳаво салқин. Шамол ғувиллаб турибди. Бирпас майдонни айланиб, меҳмонхонага қайтдим.
— Шаҳримизни кечқурун томоша қилинг, — деди администратор хонамга кўтарилаётганимда. — Ҳали у янги. Фақат одамлар, чироқлар билан чиройли. Ҳозир ресторанга киринг. Бизда яхши қаҳва тайёрлашади. Бутун Болгарияда бундай қаҳва ичолмайсиз.
Мен у айтгандай қилдим. Ресторанда икки-уч кексадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Администратор айтганича бор экан. Чиндан ҳам қаҳва яхши эди. Бети юпқа қаймоқ тортган тўқ шоколад тусидаги бу ичимликни ичар эканман, чарчоқларимни унутдим, кўнглимнинг бир четини хижил қилиб турган олис сафар ғашлиги йўқола бошлади. Ўзимча, шундай жойларни ҳам кўриш керак, гўзаллик ва тарих фақат қадимий, машҳур шаҳарларда эмас, деб ўйладим, деразага тикилдим. Икки томонида олхўри қизариб турган йўл тоққа туташиб кетган. Унда ҳеч ким кўринмайди: на одам, на биронта машина. Олисда фақат қор босган кумуш қоялар ялтирайди. Улар ҳисобсиз, бири кетидан иккинчиси туртиб чиққан, худди мармар зинапояларга ўхшайди. Кун оққан сари бу зиналар бирин-кетин қорайиб, гўё кимдир гилам тўшаётгандек туюлади. Гиламнинг эса чегараси йўқ, борган сари у сизга яқинлашиб, оёғингиз остига пояндоз бўладигандай… чузилади, чузилади, аммо етиб келмайди. Мен шу манзарага қараб, тоғли шаҳарнинг ҳам ўзгача ҳусни борлигини, қайтарилмайдиган, ҳеч қандай бошқа жойга ўхшамайдиган ҳусни борлигини кўрдим ва шу кичкина шаҳарга келганимга энди ачинмай қўйдим.
— Қалай, қаҳва дурустми?
Ўгирилдим. Тепамда администратор турарди.
— Зўр.
— Мен сизга айтдим-ку, бутун Болгарияда бундай қаҳва топилмайди. Яна ичасизми?
— Раҳмат. Назаримда…
Администратор гапимни кутмасдан официантга ишора қилди.
— Ўтиринг ўзингиз ҳам, — дедим ёнимдан жой кўрсатиб.
У йўқ, демади. Танишдик…
— Нега бошқа жойда бундай тайёрлаша олмайди?
— Бу одамга боғлиқ, ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Пейчонинг ўзи тайёрлайди бизда қаҳвани. Эҳ-ҳа, унинг таърифи сизларга, Москвага ҳам кетган. Бай Василнинг шогирди-да, у ахир!
Мен Пейчо ким, Бай Василь қандай одам, мутлақо хабарсиз эдим. Суриштиргани эса — у шундай ишонч ва Эйнштейн ҳақида гапиргандай қатъият билан гапирди — уялдим, кулиб қўя қолдим. Қаҳва келди. Эътирозимга қарамай, Эмиль — янги танишимнинг исми шундай эди — иккита коньяк буюрди.
— На здраве, — деди у.
Уриштирдик. Эмиль ўзи ҳақида гапирди. Шу ерда туғилган экан. Софияда савдо техникумини битириб, яна шу ерга келибди. Яқинда уйланибди. Янги уй олибди. Таклиф қилди. Мен ҳам ўзим ҳақимда гапириб бердим. Бир-икки ойдан бери Болгарияни айланиб юрганимни айтдим. Эмиль жуда кувноқ йигит экан. Бир қанча латифалар айтиб, кулдирди, Москвада бўлганини, метрога тушиб, кун бўйи чиқолмай юрганини кула-кула ҳикоя қилиб берди. Яна ичдик. Хаёлим Бай Василда эди, аммо Эмиль у ҳакда чурқ этмасди. Ниҳоят, чидай олмадим:
— Бу бояги айтган қаҳвачингиз, Бай Василь ким?
Эмиль бирдан жидцийлашди, қалин қошлари чимирилиб, бир оз ўйланиб қолди.
— Веланинг отаси, менинг тоғам — Бай Василь, — деди кейин маъюс оҳангда. — Ўлиб кетди. Қирқ тўртинчи йили уни ўлдиришди. Велани ҳам ўлдиришди. Шаҳримиз унинг номига қўйилган…
Эмиль жимиб қолди. Назаримда, у ўша мудҳиш йилларни эслаб кетди. Йирик қўллари мушт бўлиб тугилди, кўзлари ғазабга тўлиб, ёна бошлади. Кейин ўзини босиб сигарет тутатди.
— Вақтингизни олмаяпманми?
— Мутлақо! — дедим мен.
— Беш ёшларда эдим ўшанда, — Эмиль ҳикоясини  бошлади. Ҳаммамиз ёнма-ён турардик. Бир ҳовлида тоғамгилар, бир ҳовлида биз. Унда бу жойлар кичкина бир қишлоқ эди. Мана шу меҳмонхонанинг ўрнида черков бор эди. Ярми тошдан, ярми ёғочдан қурилган  кўримсиз бир черков. Қирқ тўртинчи йили фашистлар ўт қўйиб юборишди унга. Ичида партизанлар бор эди. Ўнтача одам. Ҳайтовур омон қолишди. Қизил аскарлар келиб қолишди. Ҳай, гап бунда эмас. Немислар сизларга ҳужум қилганидан кейин, бутун Родопини партизанлар босиб кетди. Шундай бўлиши табиий эди. Биринчидан, халқ эзилган, иккинчидан — қайси бир болгар русларга қарши уришарди, дейсиз? Бундай бўлган эмас, икки дунёда бўлмайди ҳам. Ўшанда, қишлоғимизда қурол ушлашга ярайдиган битта ҳам эркак қолмади. Ҳаммаси тоққа чиқиб кетди. Менинг отам билан Бай Василь ҳам кетди. Ҳафтада, ойда бир кўрадиган бўлиб қолдик уларни. Лекин партизанлар ҳақида кўп эшитамиз. Ҳали қурол-яроғ ортилган эшелон издан чиқиб кетибди, деган хабар келиб қолади, ҳали қамоқхона портлаб кетибди, қамоқдагилар қочибди, дейишади. Ким қилган бу ишларни, ҳеч ким билмайди, билса ҳам ўзини билмаганликка солади. Қишлоқнинг тепасидан ҳарбий йўл ўтган. Шу йўлда иккита ўқ-дори ортилган машина портлаб кетгандан кейин, Қишлоқни полицайлар босиб кетди. Кечқурун қоронғи тушиши билан ҳеч ким кўчага чиқолмайдиган бўлиб қолди. Ким чиқса отилади, деган буйруқ. Биз ўзимиздан эмас, тоғдагилардан хавотир ола бошладик. Келиб қолишса нима бўлади? Қўлга тушишлари аниқ. Лаънати полицайлар нима қилишган денг? Ҳаммаси хонадонларга бўлинган. Кеч бўлди, уйнинг тўрига кириб ётиб олади. Ҳеч кимни ташқарига чиқармайди. Чиқарса ҳам, бирга чиқади. Шунинг учун эрталабгача қишлоқда нима бўляпти, ҳатто қўшнингизникида нима бўляпти, билиб бўлмайди.
Бир куни эрталаб Вела бизникига чиқди. У мендан анча катта эди. Ўн олтиларда эди. Ойим билан гаплашиб ўтириб, Спас амаким тинч, деб қолди. Бу гапни мендан яшириб айтди, албатта, лекин эшитиб қолдим. Югуриб бориб уни қучоқлаб олдим.
— Қачон келадилар? — сўрадим суюниб.
Ойим нима дейишини билмай, лабини тишлади.
— Ҳеч кимга айтмайсанми? — сўради Вела хавотирланиб.
— Нон урсин, айтмайман!
— Яқинда, — деди Вела. — Лекин, билиб қўй, мен гапирмадим, сен эшитмадинг.
Хўп, дедим. Лекин шу куни кечқурун мудҳиш воқеа юз берди. Ойим билан мен ётувдик. Полицай ошхонада тимирскиланиб юрувди, отишма овози эшитилиб қолди. Кейин аёл кишининг қичқириғи эшитилди. Дарров танидим. Бу Вела эди. Сакраб ўрнимдан турдим. Ойим ҳам турдилар. Эшикка энди қадам қўювдиларки, полицай қичқирди:
— Қаёққа?! Тўхта! Орқага қайт.
— Қўшнимизникида бир нарса бўлганга ўхшайди, — дедилар ойим. — Хабар олайлик.
— Мумкин эмас! — ўшқирди полицай.
— Жияним ахир. Инсофинг борми?
— Мумкин эмас, деяпман. Бор жойингга.
Биз ноилож ётдик. Аммо тонггача мижжа қоққанимиз йўқ. Эрталаб ҳаммамизни черков ёнига тўплашди. Шунда, кечаси Бай Василь қишлоққа келиб қўлга тушиб қолганини эшитдик. Уни ўлдиришибди. Бизни черковга олиб келишганда, унинг ерда тупроққа беланиб ётганини кўрдим. Ҳамма йиғилгач, қўллари боғлиқ Вела билан унинг онасини олиб келишди.
— Кўринглар, — деди немис офицери. — Булар партизан. Агар ким бизга қарши бўлса шу ҳолга тушади. Ҳозир уларни сизнинг олдингизда сўроқ қиламиз. Партизанларнинг қаердалигини айтиб беришса, озод қиламиз. Айтишмаса, шу ерда осилади.
У шундай деб, Марина холага яқинлашди.
— Хўш, айт, эринг қаердан келди? Отряд қаерда?
— Билмайман, — деди Марина хола. Унинг иккала кўзи эрининг мурдасида эди.
— Ёлғон! — қичқирди офицер. — Биласан. Айт. Айтма-санг, эрингнинг ҳолига тушасан.
— Билмайман.
Офицер уни ура бошлади. Бечора Марина хола бошини қаёққа беркитишни билмасди. Офицер уриб чарчади. Шун-да унинг олдига чўғ солинган челак келтиришди.
— Кўряпсанми? — деди офицер. — Айтмасанг, қиздирилган темирни оёғингга санчамиз.
— Билмайман, — деди яна Марина хола.
— Шундайми! Аблаҳ!
Офицер милтиқ найзасини чўққа тиқди.
— Тўхтанглар! — қичқириб юборди шу пайт Вела. — Ойимга тегманглар. Ойим билмайди ҳеч нарсани!
— Сен биласанми? — сўради офицер.
— Ҳа, — деди бошини эгиб Вела.
Ҳамма ҳайрон бўлиб қолди.
— Вела! — кучини тўплаб қичқирди Марина хола. — Эсингни едингми? Агар айтсанг, сендан юз ўгираман.
Вела жавоб бермади. Офицер унга яқинлашди.
— Айтасанми?
— Ҳа, дедим-ку! — деди Вела ҳамон бошини кўтармай, — Ўзим бошлаб бораман. Фақат… фақат онамга тегманглар.
Офицер уни ечишни буюрди. Шу пайт:
— Сотқин! — қичқирди кимдир оломон ичидан.
Кимдир тош отди. Тош шундай Веланинг пешанасига тегди. Тирқириб қон оқа бошлади.
— Тарқал! — офицер шундай деб, полицайларга буйруқ берди.
Ҳаммамизни қўй ҳайдагандек ҳайдай бошлашди. Ҳамма хуноб эди, ҳамма Веладан нафратланарди. Онам ҳам ғазабдан ёниб, уни қарғарди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, битта Веланинг сотқинлиги қишлоғимиздан кетган йигирмадан ортиқ кишининг ёстиғини қуритиши мумкин эди. Бировнинг акаси, бировнинг отаси, эри… Бунинг устига, отрядда қанча одам бор? Онам Велани қарғар, айни вақтда бизнинг уруғдан сотқин чиққанидан куярди.
Орадан бир соат ўтар-ўтмас немис офицери бошлиқ полиция отряди Велани ўртага олиб, тоғ томон йўлга тушди.
Ўша куни қандай кеч кирганини билмаймиз. Қишлоқ сув қуйгандек жимжит. Унда полицай қолмаган эди. Фақат черковда Марина холани қўриқлаб қолган бир соқчи бор эди, холос. Тонг отди, кун пешин ҳам бўлди, қишлоқ ҳамон жимжит. Ҳамма тиқ этган овозга қулоқ солади. Кечки пайт от туёклари дупурлари эшитилди. Ҳаммамиз кўчага отилдик. Бахтни қаранг, қишлоққа партизанлар кириб келишди. Улар орасида отам ҳам бор эди. Дарҳол Марина холани озод қилишди. Бечора нуқул йиғларди ва йиғи аралаш қизини қарғарди. Партизанлар ҳеч қандай полиция отрядини кўришмабди. Бўлмаса, Вела йўлни жуда яхши билар экан. Кўп бориб турар экан. Ҳамма яна ҳайрон эди. Вела фашистларни қаёққа олиб кетди экан? Буни ҳеч ким билмасди. Охири отрядни қидиришга қарор қилишди. Ўн-ўн беш кишини қишлоқда пистирмада қолдириб, йўлга тушишди. Икки кун деганда отряд топилди. Аммо улар ичида Вела йўқ эди.
Вела отрядни адаштирибди. Алданганини билган офи-цер уни отиб ташлабди. Буни асир тушган полицайлар айтиб беришди.
Эртасига Веланинг ўлиги олиб келинди. Уни отасининг ёнига кўмдик. Бутун қишлоқ мотам тутди ўша куни. Ўшанда гилос энди пишган эди. Вела гилосни яхши кўрарди. Қиз бола бўлишига қарамай, дарахтнинг учига чиқиб терарди. Ҳар гилос пишиғи унинг қабрига бораман, гилос олиб бораман…
Эмиль жимиб қолди. Нималарнидир ўйлаб кетди. Кейин янгитдан сигарет тутатди.
— Болгария озод бўлгач, қишлоғимизни унинг номига қўйдик. Мана энди кичкина қишлоқ шаҳарга айланиб кетди. Қаранг, кеч киряпти, шаҳримиз очиляпти!..
Мен деразага қарадим. Ҳа, у чиндан ҳам очилиб бормоқда эди. Ҳамма ёқ чироқ, минг хил тусдаги чироқлар… Кўча тўла одам. Шўх, қувноқ одамлар! «Яхшиям келдим бу шаҳарга, — дедим ўзимча улардан кўз узмай. — Яхшиям келдим!»
1970