Ўлмас Умарбеков. Соат (ҳикоя)

Биз кўпчиликмиз. Дадам, ойим, мен. Тўртта укам ҳам бор. Ойим билан дадам ишлашади. Мен ўқийман, иккита укам ҳам ўқийди. Шунинг учун ҳам ҳар бир хонада соат бор. Биттасида осма соат, биттасида будильник… Лекин ҳеч қайсимиз бу соатларга қарамаймиз. Ойимлар ўзлари юргизиб турсалар ҳам, қарамайдилар. Ҳаммамиз вақтни дадамлардан сўраймиз. Уларнинг қўл соатлари бор. Оддий, лекин катта соат. Билакларига зўрға сиғади. Будильникка ўхшаб «жаранг-журинг», «жаранг-журинг», қилиб юради.
Бу соат бувамларники. Улар урушда ҳалок бўлганлар. Уйга қорахат билан шу соат келган. Ўшанда дадам ҳам фронтда эдилар. Ойим қутичага солиб беркитиб қўйганлар. Дадам қайтиб келганларидан кейин ҳам анчагача кўрсатмаганлар. Мен туғилганимдан кейин кўрсатганлар. Шундан бери қўлларидан тушмайди.
Ишхонадан тақдим қилишган соатлари ҳам бор. Тақмайдилар. Шуни тақадилар.
Таниш-билишлари баъзан:
— Бошқасини тақинг, эскиб кетибди-ку! — дейишади.
Шунда:
— Бу оддий соат эмас, дадамларники, — дейдилар. Яқинда мен техникумга кирдим.
— Мана, — дедилар шунда қўлларидан ечиб, — катта бўлиб қолдингиз. Сиз тақинг.
Энди уйда вақтни ҳамма мендан сўрайди. Дадамларнинг ўзлари ҳам мендан сўрайдилар. Минут, секундигача айтиб бераман соатимга қараб. У жудаям катта. Билагимга зўрға сиғади. Будильникка ўхшаб «жаранг-журинг», «жаранг-журинг» қилиб юради. Рақамларига доғ тушган. Лекин оддий эмас, дадамларники.
1963