Ўлмас Умарбеков. Қирққиз (ҳикоя)

1
Бу қўшиқни Добружада эшитганман, гайдуклар!

2
Баҳор экан, адир кўм-кўк, дов-дарахт кўм-кўк, мўйсафиднинг соқолидек қоялар ҳам кўм-кўк. Боғлардаги гуллар атри тутиб кетган оламни, сигирларнинг сағрилари ялт-ялт қилар офтобдан…

3
Бава-вида ҳукмдори зерикиб, одам қўйди ҳар тарафга — ўн беш кун муҳлат билан.
— Келтиринглар болгарларнинг қизларидан бир тўда, гўзалликда ҳарамимга мос бўлсин! Ором олай бу дунёнинг ташвишини унутиб, наврўз кирсин саройимга парилар либосида!

4
Жонҳолатда от қўйдилар навкарлар ўша куни. Ҳукмдорнинг истаги ўқ — бажармасанг ўликсан.

5
Гайдукларим, сиз баҳорнинг нималигин биласиз! Адир кўм-кўк, дарахтларнинг нозиккина барглари — бошларини қуйи солган зумрад исирғалардан. Добружа қизларининг қаҳқаҳаси сингари — юракларни қитиқлайди — дарёларнинг шовқини. Ҳамма ёқда баҳор иси — гўдакда, тоғу тошда…

6
Баҳор билан гўзал эди ота-бобомиз ери, баҳор билан куртак ёзган эди ёшлар севгиси, қизлар юзи табассумдан барқ урарди қуёшдек. Йигитларнинг қўшиқлари янгратарди дарани.

7
Бирдан осмон қора чойшаб ёпди кўм-кўк юзига, қоронғулик босди душман пайдо бўлган қишлоқни. Кампирларнинг ноласидан юраклар бўлди зардоб ва йигитлар ғазабидан замин келди ларзага…

8
Ғам бор бўлган уйда доим кулфат меҳмон, дейдилар, кампирларнинг ноласи ҳам йигитларнинг ғазаби — сира ёрдам беролмади — қизлар бўлди асира… Баҳор экан, ўша дамда, ажиб, гўзал навбаҳор. Мўйсафиднинг соқолидек коялар ҳам кўм-кўк. Добружа қизларининг қаҳқаҳаси сингари юракларни қитиқларкан дарёларнинг шовқини… Иўлда эса, шўрпешана асиралар аста-аста қадам ташлар бош яланг, оёқ яланг.

9
Қадам ташлар қирқ нозанин, қирқта ҳарам бандаси, Қирқталови ой билан тенг, париваш, бири Донка — кўзларини денгиз дейсиз, бири Люба — фариштанинг ўзгинаси, Лилиана — қирмизи юз, қоши камон, яна бири — онасининг арзандаси… Юрагимнинг ярасига туз сепмайин, ҳаммаси ҳам гўзалларнинг гўзали…

10
Хурсанд бўлди ҳукмдор, боши кўкка етди. Ҳаммасини бир-бир кўрди — мол кўргандай… Кейин деди:
— Ҳарамимга жойлаштиринг, эртагача ювинтиринг, пардоз беринг. Эрта эса, базм қурурмиз шоҳлар каби, наврўз кирар саройимга парилар либосида.

11
Ҳарам тўлди бандиларнинг йиғисига. Бунда қирқ қиз, қирқталови ой билан тенг. Бири Ляна — кўзларини денгиз дейсиз, бири Светка — фариштанинг ўзгинаси, Каталина — қирмизи юз, қоши камон, яна бири — отасининг арзандаси… Ярим тунга қадар йиғи ҳеч тинмади, шунда Донка кўзи чақнаб:
— Тўхтанг, — деди. — Дугоналар, йиғи фойда берармиди?! Йиғи ёвдан бизни озод қилармиди?! Менинг битта таклифим бор, қулоқ беринг, ёв қўлида қул бўлгандан ўлмоғимиз яхшироқ!

12
Тонг пайтида ланг очилди ҳарамнинг эшиклари, кириб келди ҳукмдорнинг навкарлари бирма-бир. Аммо ҳарам бўм-бўш эди, кўринмасди бирон зот, ҳар биттаси ой билан тенг қизлар қани? Қани Донка — олтин соч қиз, қани Ляна? Қирмизи юз, қоши камон Каталина? Қани Люба — онасининг арзандаси?!

13
Ҳукмдорнинг кўзи ёнди ғазаб билан, ҳар тарафга одам қўйди — фойдаси йўқ. Хомуш бўлиб у юзланди девор томон. Шунда бирдан чўчиб тушди, тисарилди… Бававида зар панжара деворида қирқ жуфт кавуш турар эди қатор бўлиб, қирқ жуфт кавуш — қирқта қизнинг ор-номуси, қирқ жуфт кавуш — қирқта мардлик нишонаси! Пастда эса, қуёш бўлиб, чўғдай ёниб аста-секин оқар эди сокин Дунай.

14
Ҳукмдорнинг кўзи ғазаб билан ёнди. Навкарларин тўплаб туриб шундай деди:
— Кофир қизлар агар тирик бўлса .эди, биттасига алмашмасдим мингтангизни!

15
Баҳор экан ўша дамда, ажиб баҳор, боғлардаги гуллар атри тутиб кетган оламни. Ҳамма ёқда баҳор иси — қушларда-ю ўтларда, ҳамма ёқда баҳор иси — тоғу тошда, одамда.