Ўлмас Умарбеков. Оқсоқол (ҳикоя)

Уларни соқов ўтинчи кўриб қолди. Кўрди-ю, таққа тўхтади. Улар ёнма-ён, қўлларини бир-бирларининг елкаларига ташлаб, булоқ бошида ўтиришарди. Ўтинчи йигитни таниди. Қабила бошлиғининг ёлғиз ўғли Мардон эди. У худди ўлжасини пойлаган қоплондек улардан кўз узмай бир муддат қотиб турди. Кейин булоқ бошига бориши мумкин эмаслигини тушунгач, томири тортиша бошлаган оёқларини зўрға судраб, ўзини пастак тоғолча панасига олди.
Қанча эҳтиёт бўлмасин, оёқлари остида нимадир дўқирлаб думалади. Унинг назарида момоқалдироқ гумбурлагандек бўлди. Ингичка бўйнини елкалари орасига олиб, кўзларини юмди. Муштумдек тош думалаб-думалаб, кўм-кўк арча танасига урилиб тўхтади. Ўтинчи кўзларини очиб, қаддини ростлади. Йигит билан қиз ҳеч нарса сезмаган-эшитмагандек, олдиларидаги булоққа термулганларича ўтиришарди. Ўтинчи севиниб кетди. Кўпдан бери бундай томошани, йигит ва қизнинг бир-бирларига ёпишиб ўтиришларини кўрмаган эди. Тамшаниб, нималарнидир ўзича шивирлади. Йигит қўлини қизнинг елкасидан олиб, ингичка, ҳаворанг боғич билан боғланган, белига тушиб турган қалин қора сочларини силай бошлаганда, бутун вужуди билан тўлғониб, инграб юборди, шошиб қатирма бошмалдоғини тишлади. Сўнг бу ҳам етмай, чўккалаб олди, яғир кафтлари билан ёшланган кўзларини ишқалади. Қабиланинг ягона тегирмончиси кабобга атаб буюрган хушбўй арча ўтин хаёлидан кўтарилиб ҳам кетди. Тўй бўлар экан, ўзича хулоса қилди у. Йигитлар билан қизлар шундай, бир-бирларини силаб ўтиришганидан кейин кўпинча тўй бўлади. Оқсоқолнинг ўғли Мардон уйланар экан демак. Роса ўтин керак бўлади ўшанда. Арча топиб келишни ҳам буюришади. Арча ўтинсиз кабоб қилиб бўлармиди?! Меш-меш булоқ суви ҳам ташилади. Тўйда у маза қилади. Иссиқ нон ейди, қолган-қутган овқатларни, чала тозаланган устихонларни беришади. Катта гулхан ёқилади, тонг отгунча ўйин-кулги бўлади…
Тўй яхши. Аммо унинг учун тўйдан ҳам манави, кутилмаган оёқ остидан чиқиб қолган текин томоша яхши эди. «Мазза қилишяпти!..» — тамшанди ўтинчи улардан кўзларини узолмай.
Йигит қизнинг сочларини ғижим қилиб қўлига ўради, юзига олиб бориб суртди-да қўйиб юборди. Қиз хахолаб кулди, бошини силкитган эди, сочлари орқаси билан битта бўлиб ёйилиб кетди.
Ўтинчи овоз чиқармай ғўлдиради, кўзлари намланди, қирра даҳани осилиб кетди. Унинг учун ҳозир Мардондан бахтли одам йўқ эди. Мардонга болалигидан ҳаваси келади. Оқсоқолнинг ўғли. Кийим-боши доим бут. Қорни тўқ. Биқинида баъзан тилла, баъзан кумуш ханжар. Тагида қабиланинг энг зотли, учқур оти… Мана энди хотин ҳам оляпти. Зулуқдек сочлари орқаси билан битта бўлиб турган қизни хотин қиляпти… Унда бўлса, ҳеч вақо йўқ. Энг ёмони соқов у. Болалигида нимадандир қаттиқ қўрқиб тилдан қолган. Ота-онаси тириклигида кўп табибларга олиб боришди. Болани қўрқитиб, баланд дарахтнинг устидан сувга ташлаб кўришди. Ёлғиз ўзини бир-икки кун тоққа ташлаб келишди. Фойда бермади, соқовлигича қолди. Ҳамма гапни эшитади, тушунади, аммо гапиролмайди, тили оғзида ёнғоқдек ғўлдираб айланади, гапга келмайди. Ўн йил бурун ер жойидан кўчганда ота-онасидан ажраб қолди. Эрталаб ҳовлида, ток тагида учалови нонушта қилиб ўтиришган эди, ер бир айланди-ю, уларни тортиб кетди. Ўша куни кўп одам нобуд бўлди, кўп уйлар бузилди. Ўтинчи, етти ёшли бола, нима бўлганини тушуниб ҳам етмади. Ҳали ҳам тушунгани йўқ. Фақат бир нарса оғиздан-оғизга ўтиб, унинг дилига ўрнашиб қолди. Гуноҳга ботганларни ер ютар экан. Лекин ота-онаси қандай гуноҳ қилишган — ўтинчи билмайди. Ўшандан бери улардан қолган бир уй, бир айвонда ёлғиз ўзи яшайди. Тўғрироғи, уйга тунагани келади. Қолган вақт далада, тоғда, одамлар хизматида. Уларнинг ҳиммати, садақаси билан куни ўтади. Бир неча бор Мардоннинг қўлидан ҳам сув ичган, лекин ич-ичидан зил кетган. Нега тенгқур бўлатуриб, иккалови икки хил яшайди? Нега унинг ота-онасини ер ютди-ю, Мардоннинг ота-онаси ҳаёт? Тағин қабиланинг энг бадавлат одамлари. Нега у оёқяланг, Мардонда чарм ковуш? Нега у уйқудан туриши билан қорнини ўйлайди, Мардонга бўлса ялиниб овқат едиришади? Мана, ҳозир ҳам у ёлғиз, Мардон бўлса чиройли бир қизни қучоқлаб ўтирибди? Қиз ким бўлди экан? Қайси бахтли ота-онанинг фарзанди?
Ўтинчи уларни қанча ўйламасин, қанча тикилмасин, орқа ўгириб ўтиришганидан қизнинг кимлигини билолмади. Ёввойи олма, тоғолчалар панасидан айланиб ўтиб қарашга чўчиди. Уёқдан, тоғ томондан қараб, унинг кимлигини билиб олиш мумкин эди, лекин Мардон кўриб қолса, томошаси бурнидан булоқ бўлиб чиқади. Мушти билан уриб новвосни ағдарганини ўз кўзи билан кўрган.
Шу тоб қизнингўзи ўрнидан туриб, булоқнинг нариги бетига ўтди. Ўтинчининг юраги орқасига тортиб кетди. Қиз уларнинг қабиласидан эмас эди! Бўйнидаги ойнусха қизил тумордан у ўғиз эди. Ўғизлар ўша, машъум фожиага, ер кўчганига қадар саклар билан қўшни эди, мол бериб мол, қиз бериб қиз олар эди. Ер кўчганда Қурама гумбурлаб кетди, теп-текис жойдан янги тоғ ўсиб чиқди. Иккала қабила бир-биридан бир зумда ажралди-қолди. Қирда юрган қорамолнинг ҳаммаси ўғизларга ўтиб кетди, Қорадарё суғориб турган мевазор, экинзорлар сакларга буюрди.
Шу даҳшатли фожиадан кейин иккала қабила бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетди. Ўғизлар сут-қатиғини қизғана бошлади. Саклар дон-дунини бўлишгиси келмади. Ўзбошимчалик қилганлар, тоғ ошиб мол алишганлар иккала томонда ҳам қораланиб, жазоланадиган бўлди. Уч йил бурун сак қизини етаклаб келган йигитни ўғизлар қиз билан бирга тошбўрон қилиб ўлдириб юбордилар.
Ўтинчи шуларни биларди. Ҳаяжон ичида бир нарсалар деди ўзича ғўлдираб ва қиз кетидан йўл олган Мардонни кузата бошлади. Мардон булоқни айланиб ўтиб, қизнинг қўлидан олди. Иккаловлари бир-бирларини кучиб, тоққа кўтарила бошлашди. Ўтинчи бутун вужуди билан титраб кетди. Улар худди ўйноқлаб кетаётган иккита жайронга ўхшардилар. Булоқдан икки терак бўйи баландлиқда аждаҳодек оғиз очиб турган ғор бор эди. Йигит билан қиз шу томонга юришди. Ўтинчи ичини тимдалай бошлаган қарама-қарши ҳислар қуршовида уларга бирпас қараб турди, кейин бирдан қўлларини мушт қилиб, бир-бирига урди-да, пастга отилди. Йўлни қисқартиш мақсадида дарё устидаги ингичка осма кўприкдан ўтди-ю, олмазор ичига шўнғиди, ундан ўтиб қовунполиз ёқалаб кетди. Йўл-йўлакай текин томоша ишқибозлари чиқиб унга эргашишди. Нима бўлганини билишмаса ҳам ўтинчининг авзойидан жиддий бир нарса содир бўлганини сезишган эди.
Ўтинчи қўрғонга кириб борганда, оқсоқоллар қароргоҳи олдидаги майдон одамга тўлиб кетган эди. Кўп ўтмай қароргоҳ ичидан Оқсоқол, қабила улуғлари чиқишди.
— Тинчликми? — сўради Оқсоқол.
Ўтинчи бор ақли, ҳаяжонини жамлаб, чўзиб ингради, кафтлари билан чеккаларини қисиб, бошйни сарак-сарак қилди.
— Нохуш ҳодиса юз берганга ўхшайди. Шундайми, ўғлим?
Оқсоқол ўтинчига яқинлашди. Ўтинчи яна инграб юборди, ёнида турган ўспиринни тирсагидан тортиб, Оқсоқолнинг олдига олиб борди.
— Тоғда бир хотин билан бир эркакни кўрибди. Булоқ бошида қучоқлашиб ўтиришганмиш, — тушунтирди ўспирин.
Соқов ўтинчи бошини қимирлатди.
Ҳамма кулиб юборди. Оқсоқол ҳам жилмайди.
— Шуми?
— Йўқ. Аёл ўғиз эмиш.
Ўтинчи ўспириннинг гапларини эшитиши билан чапак чалиб юборди. Қароргоҳ олдида турганлар бирдан жимиб қолишди.
— Яна нима демоқчи? — сўради Оқсоқол жиддийлашиб.
Ўтинчи бошини ўйнатиб, қўллари билан ҳавода доира чизди.
— Ғорга кириб кетишибди…
Ўтинчи тилмочнинг гапини тасдиқлаб, бош ирғади.
— Нима дейсизлар? — сўради Оқсоқол.
Рўпарасида турган чўққи соқол мўйсафид, жавоб қилди:
— Нима дердик? Уларни олиб келиш керак. Соқов ҳақ гапни айтаётган бўлса, иккалови жазога маҳкум…
Ўтинчи ёнида турганлар орасида: «Тўғри! Уларни тутиб келиш керак!» деган овозлар янгради. Оқсоқол кўкрагига тушиб турган қалин мошкичири соқолини силаб, қабила улуғларига яна бир қараб чиқди. Ҳеч ким бошқа гап айтмади.
— Бўпти. Олиб келинглар!
Оқсоқолнинг хотиржамлик билан берган қароридан ўтинчи севиниб кетиб, чапак чалиб юборди. Шу заҳоти ўн чоғлиқ одам уни олдига солиб йўлга тушди.
Йигит ва қиз ўтинчининг қилмишларидай бехабар салқин ғор ичида ўзларининг кўпдан бери азоб бериб келаётган нохуш ўйларига ғарқ бўлиб ўтиришарди. Албатта иккалови ҳам учрашганларидан, дийдор кўришганларидан шод эдилар, аммо хуфёна учрашувлар бир кун эмас, бир кун тугаб, унинг ўрнини чексиз, ўлим дамларигача чузилиб берадиган айрилиқ эгаллашини ҳам билишарди. Бирдан-бир чора ўз юртларидан бош олиб кетиш эди. Аммо қаерда уларни очиқ чеҳра билан кутиб олишлари мумкин? Қаерда улар тинч бўлишади? Буни иккалови ҳам билмас эди. Уларга бировларнинг ҳиммати керак эмас, тегишмаса, ўз ихтиёрларига қўйиб беришса бўлди эди, аммо қаерда, қайси халқ шундай қилади? Мардон уларни тутиб, ўз қабилаларига қайтариб беришларидан қўрқади. Шундай қилишса, иккалови ҳам омон қолмайди. Ў ўлимдан, айниқса, севгилиси, Парвина учун жон беришдан чўчимасди, фақат Парвинага ачинарди. Уни омон қолдиришсин-у, ўзини нима қилишса қилаверишсин — рози. Аммо ундан сўраб ўтиришармиди…
Парвина яна онаси билан гаплашиб кўрмоқчи бўлди. Онаси ақлли хотин, тушунар ахир. Наҳотки ёлғиз қизининг бахтига бефарқ қараса? Мардон қочиб кетишдан бўлак чора йўқлигини айтди. Беш панжа баробар эмас, тинч, бир-бирлари билан аҳил, иззат-ҳурматда яшаб келаётган эллар ҳам бордир бу дунёда? Парвина рози бўлди, фақат кейинги учрашувгача сабр қилишни сўради. У онаси билан гаплашиб кўради. Мардон миннатдорлик билан уни қучиб, ўзига тортди.
Шу пайт ғорнинг оғзида шовқин бўлиб кетди. Одамларнинг ғўнғир-ғўнғир товушлари, тошларнинг гумбурлаб думалагани эшитилди. Парвина титраб, Мардонга яқинроқ сурилди. Мардон уни бағрига босар экан, найза нур тушиб турган ғор оғзига тикилди.
— Ҳой, ошиқ-маъшуқлар! Қани, дарров чиқинглар! Бўлмаса ўзимиз олиб чиқамиз!
Ҳар бир сўз ғор ичида акс-садо бериб, гулдуради. Ғор оғзида қаттиқ кулги кўтарилди, яна овозлар янгради. Кимдир ғазаб билан бўкирди. Мардон таниди. Соқов ўтинчи эди. Бу томонларга фақат у келиши мумкин. Ҳамма нарса равшан: одамларни у етаклаб келган. Демак, ғор олдида ўзининг қабиладошлари.
— Нима, кармисанлар? — ўшқирди йўғон овозли одам. — Тезроқ, чиқларинг!
Соқов ўтинчи яна бўкирди. Мардон Парвинани қўйиб, ўрнидан турди.
— Қаёққа? — қўрқиб сўради қиз.
— Қўрқма. Булар ўзимизникилар. Сен жойингда ўтиравер.
Парвина бошини силкиди.
Ғор орзидагилар тоқатсизлик билан қичқира бошладилар. Кимдир тош отди. Тош шақирлаб Мардоннинг оёғи остигача думалаб келди. Кимдир сўкиниб, гур-р кулги кўтарилди.
Мардон ғордан чиқиб борди-го, улар бирдан жимиб қолишди.
— Ие, сенмисан, Мардон?! — деди ҳайрат ичида йўғон овозли одам.
Мардон уни таниди. Қабила йигитбошиларидан Алмонзарда эди. Унинг бирон марта бировга кулиб боқмагани, оғзидан яхши гап чиқмаганидан аёллар уни исми билан атамай «зарда» деб чақиришарди.
— Нима шовқин, нима тўполон? — деди Мардон Зарданинг қаршисига келиб.
— Соқов бир хотин билан эркак шу ёқда юрганини айтди. Отанг юборди бизни, — жавоб қилди Зарда.
Мардон ер остидан ўтинчига қаради.
— Эрталабдан бери шу ердаман, мен ҳечкимни кўрганим йўқ-ку. Балки тушида кўргандир бу?
Мардон жилмайди. Кимдир унга хушомад тариқасида ҳиринглаб кулиб қўйди. Кўпчилик индамай бошини қуйи солди.
— Қайтаверинглар, уларни кўриб қолсам, ўзим олиб бораман.
Баъзилар қулоқ солиб, орқаларига бурилишди. Шу тоб ўтинчи қаттиқ қичқириб юборди. Мардон ўгирилиб қарагунча, қоплондек сакраб, ғор ичига шўнғиди. Ҳамма жой-жойида тўхтаб қолди. Мардон фалокат юз берганини тушунди. Ҳозир Парвина чиқади. Соқов олиб чиқади уни. Бирон нарса қилиш керак. Шуни ўйлаб, ғор оғзига яқинлашди. Аммо Зарда узун, саксовулдек кўллари билан унинг тирсагидан ушлади.
— Соқовнинг важоҳати ёмон, аввал чиқсин, — деди у совуққонлик билан. Нима бўлганига унинг ақли етган эди. — Биров борми дейман?
Аммо у жавоб ўрнига бурни аралаш тушган мушт зарбидан кўзлари чақнаб, гандираклаб кетди.
— Ушла уни! — бақирди у ўзини ростлаб олар-олмас.
Мардон шундай бўлишини билиб ёнидан ханжарини суғурди, аммо ишлатиб улгурмади. Кимдир орқасидан келиб, қучоқлаб олди. Яна кимдир қўлига ташланди. Шу тоб бошига қаттиқ мушт тушди. Урган Зарда эди. Мардон букчайиб қолди. Аммо шу туришида бор кучини йиғиб, Зарданинг кўкрагига калла қўйди. Ғор оғзида ўтинчи кўринди, у Парвинани судраб чиқмоқда эди.
— Мардон! — жон; ҳолатда чақирарди уни Парвина.
Аммо Мардон у томонга югуриб улгурмади. Кимдир отган тош кўкрагига келиб тегди-ю, кўз олди жимиллаб кетди. Шу пайт кимдир устига тўр ташлади. Турмоқчи бўлган эди гарданига мушт тушди.
— Боғланглар! — буюрди Зарда. — Замбарда олиб кетамиз.
— Анави қанжиқни-чи? — сўради кимдир.
— Бўйнига арқон солиб, соқовга бер. Ўзи судраб борсин.
Одамлар бирпасда у айтгандек қилишди. Зарда қон тупуриб, қўл-оёғи чандиб ташланган Мардоннинг тепасига келди:
— Олишмаганингда шундай қилмасдик. Ўзингдан кўр.
Мардон индамади. Атрофга аланглаб, Парвинани излади. Унинг кўзлари жиққа ёш эди.
— Йиғлама, — Мардон бутун вужуди оғриқдан қақшаб турган бўлса ҳам жилмайишга ҳаракат қилди. — Эшитдингми, йиғлама…
Парвина ёшларини кафтлари билан артиб, бошини қимирлатди. Бўйнидаги арқон силкиниб кетди. Ўтинчи хавотирланиб, бир-икки тортиб қўйди.
— Соқов! — чақирди ғазаб билан Мардон. — Ичиқора эканлигингни билардим. Аммо сотқинлик қилишингни кутмаган эдим. Номард!
Ўтинчи ғижиниб ғўлдиради. Қўлини пахса қилиб, Зардага нималарнидир тушунтирди, арчадан замбар ясаб, Мардонни унга ётқизгунларича тинмай ўзича валдиради. Аммо ҳеч ким унга эътибор бермади.
Қуёш қизариб баланд чинорлар ортига ўтганда, қўрғонга етиб боришди. Оқсоқоллар қароргоҳи олдидаги майдон одамга тўла, ҳамма бетоқатлик билан уларни кутарди. Қабила оқсоқоли замбарни ерга қўйишлари билан йигитни таниди. Таниди-ю, бўшашиб кетди. Оҳиста қадам босиб, унинг ёнига келди:
— Нима қилиб қўйдинг?
Кўпчилик унинг гапини эшитди ва нафасини ютиб, нима бўлишини кута бошлади.
— Мени кечиринг, ота, — деди эшитилар-эшитилмас Мардон.
Оқсоқол ўзи сезмаган ҳолда унинг бошига қўлини қўйиб, силай бошлади.
— Қизнинг оти нима?
— Парвина…
Оқсоқол ўғли бу сўзга бор меҳрини қўшиб айтганини пайқади.
— Ота!.. — Мардон бошини орқага ташлаб, кўзларини унга тикди.
Оқсоқол ўғлининг типратикан игналаридек қаттиқ ва қалин сочлари иситиб турган қўлини кўтариб, димоғига тутди. Чақалоқлигидан таниш бўлган бу ёқимли ҳид вужудини титратиб юборди. Аччиқ тер ҳидини сезиб турса ҳам унинг учун ўғлининг ҳиди гўдаклигидан бери ўзгармагандек эди. Наҳотки сўнгги марта шу ҳидни туяяпти у? Шуни ўйлаб, чўккалагиси, ўғлини бағрига босиб қучгиси келиб кетди. Аммо бундай қнлолмаслигини биларди.
— Лаббай? — у бошини эгиб, ўғлининг кўзларига қаради.
— Уни қўйиб юборинглар…
Оқсоқол жавоб бермади. Демак, ўғли уларни қандай жазо кутишини билади. Шунинг учун ҳам ўзига эмас, унга раҳм-шафқат қилишларини сўраяпти. Содда бола!.. Наҳотки оломон раҳм-шафқатни билса?
Оқсоқол ўғлининг ортида турган қизга яқинлашди. Оҳудек экан. Ўғли чиройли қиз танлабди. Кимнинг фарзанди экан? У ўғиз катталарининг кўпини биларди. Ўзини тутишидан баобрў хонадонданга ўхшайди.
— Отанг ким?
— Фарасмон қўйчи, — бошини кўтармай жавоб килди қиз.
Оқсоқол эслади. Ўғизлар қабиласининг катта бойларидан эди Фарасмон. Йилқисининг саноғи йўқ. Агар қабилалар аввалгидек аҳил яшашганда, у жонжон деб шу қизни келин қиларди.
— Отанг тирикми?
— Йўқ, оламдан ўтганлар.
— Қачон?
— Ер кўчган йили.
— Ака, уканг борми?
— Акам, иккита синглим бор.
Оқсоқол тасалли топгандек бўлди. Ёлғиз фарзанд эмас экан ҳайтовур. Унинг бўлса, Мардондан бўлак фарзанди йўқ. Бир ўғил, бир қизи ёшига тўлмай бу дунёни тарк этиб кетишди. Ёлғиз меросхўри Мардон. Усиз чол-кампир қандай яшашади энди? Оқсоқол яшиндек миясини ёриб ўтган саволни дарҳол бошидан ҳайдади, ўзи терс бурилиб орқасига қайтди. Қароргоҳ тош зинасида турган қабила улуғлари ўртани очиб, унга жой беришди.
— Нима қиламиз? — сўради қариялардан бири.
Оқсоқол гап нима ҳақда кетаётганини тушунди. Ҳозир ўғли ёки ўғиз қизининг ҳимоясига айтилган бир оғиз сўз бутун майдонни алғов-далғов қилиб юбориши ва қабилани иккига ажратиб ташлаши мумкин. Бу икки ёш, ўғизлар билан муносабатларни тўхтатиб қўйган ахднинг қурбони бўлиши лозим. Улуғлар ва олдинги марҳум оқсоқолнинг бир оғиз гапи билан кўпчилик қадимдан қўшничилик одатлари бўйича яшаганлари ва шундай турмушдан манфаат кўриб келганларига қарамай, ер кўчиб, бошларига тушган қийинчиликлардан сўнг, топган-тутганларини фақат ўзлари, ҳеч ким билан бўлишмай баҳам кўришни қўшничилиқдан афзал биладиган бўлиб қолган эдилар. Гарчи бундай яшаш енгил бўлмаса ҳам йил ўтган сари бу аҳд одат тусига кира бошлади. Ўғизлар уларнинг қизларини, майли, гарчи ўғиз йигити билан қочиб кетиб гуноҳ қилган бўлса ҳам, тошбўрон қилиб ўлдириб юборганларидан кейин эса, ўртага тушган совуқчилик душманликка айланди, ер тагидан кўтарилиб чиққан Қураманинг янги қаноти чегара бўлиб қолди. Ким шу чегарани бузса, жазога тортилди. Икки ёш чегарани буздигина эмас, қабилаларнинг аҳдларини оёқости қилди. Бунинг устига саклар ҳали ўз фарзандларининг қасосларини олишгани йўқ. Оқсоқол дилида халқ буларни ҳам тошбўронга ҳукм қилади, бироқ гуноҳкорлардан бири унинг, қабила бошлиғининг фарзанди эканини назарга олиб, ҳукмни юмшатар, ўлимгача бормас деб умид қиларди. Шунинг учун ота эмас, оқсоқоллик мавқеъдан туриб жавоб берди:
— Нима қилардик? Эл нима деса шу.
Бу билан у мен қабиланинг холис хизматкориман, ўғлим ёлғиз фарзандлигини эътиборга олиб, ўзларинг инсоф билан ҳал қилинглар, дегандек бўлди. Улуғлар уни тушунишди, аммо ўзларини тушунмаганга солишди. Улардан бири Алмонга имо қилди.
— Оқсоқол ҳақ! — қичқирди оломонга ўгирилиб Алмонзарда. — Қонун ҳаммага бир! Иккаловининг жазоси ўлим!
— Ўлим! — икки-уч овоз оломон ичидан отилиб чиқди.
— Тошбўрон! — қичқирди яна кимдир Оқсоқолнинг орқасида.
— Тошбўрон! — қувватлади оломон орасида кимдир.
Оқсоқол бундай бўлишини кутмаган эди. Аяшмади ўғлини ҳам, унинг ўзини ҳам! У бўлса ҳаммага фақат яхшилик қилиб келган эди. Ҳеч кимнинг илтимосини ҳеч қачон қайтармаган эди. Ҳар доим ҳамманинг ҳолидан хабар олиб, бирини яхши сўз билан, бирини дон-дун билан кўнглини олиб келган эди…
Оқсоқол атрофига қаради. Мажлисларда унинг кўзига тикилиб, нияти, қарорини билишга, унинг ҳурматини қозонишга интилган қабила улуғлари ундан назарларини олиб қочишди. Мардон эса жим, ҳамма унинг охирги сўзини кутарди. Одат бўйича Оқсоқол ҳукмни тасдиқлаши керак эди. Ниҳоят, у ўзини тутиб қўлини кўтарди:
— Ҳукм эртага ижро этилади.
У алам ва ўкинчдан паст овозда гапирған бўлса ҳам ҳамма уни эшитди.
— Оқсоқолга узоқ умр! Оқсоқолга шараф бўлсин! — деган мақтовлар оломон устида акс-садо бериб янгради.
Одамлар тарқалиб, майдон бўшаганида, Оқсоқол ўғлининг тепасига келди:
— Бошқа иложим йўқ эди…
Мардон жавоб бермади.
Оқсоқол уйга келиб, хотинининг авзойидан у фожиадан хабардорлигини сезди. Шунинг учун ҳеч нарса демади. Роҳила қўлига сув тутди, сочиқ узатди. Оқсоқол артиниб, узун равон тўрига ёзилган дастурхон ёнига бориб ўтирди. Шунда занапоя ёнида турган тугунга кўзи тушди. Хотинининг қаёққа бормоқчилигини дарҳол билди.
— Ўғиз қиз… Парвина… кўҳликкина экан. Ўғлингнинг диди чакки эмас… — Оқсоқол лабининг мийиғида жилмайди. — Отасини танирдим. Фарасмон қўйчи… Келин қилганингда қизим дердинг.
Роҳила сезилар-сезилмас бош қимирлатиб қўйди. Юз берган фожиа олдида ўғлининг ўзбошимчалик қилгани унинг хаёлидан кўтарилган эди. Албатта у қиз билан ҳам кўришади, бағрига босади уни.
— Бунча қаҳрларинг қаттиқ бўлмаса? У ҳали жуда ёш-ку?! — Роҳила бу саволни фақат эрига эмас, бутун қабилага қаратиб берди. Аммо саволи жавобсиз қолди.
Оқсоқол ҳеч нарса тотмади, юмшоқ болишни қўлтиғи остига олиб, ёнбошлади-да, кўзларини юмди:
— Узоқ қолиб кетма. Мен ҳам бораман.
Роҳила тугунни олиб, равондан тушди. Оқсоқол унинг оёқ товушлари тингунча қулоқ солиб турди. Тиниши билан кўзларини очиб, ўрнидан турди.
Нима қилиш керак? Қандай қилиб уларни қутқариши мумкин? Наҳотки ягона ўғлидан тонг отиши билан ажрайди? Ўз ўғлини ўз ҳукми билан ўлдирган одам қандай ота бўлди? Ҳукмни у чиқаргани йўқ, лекин унинг иштироки, сукути билан шу ҳукм чиқди. Кимни ўйлаб у шундай қилди? Ўзиними? Йўқ. У ҳеч қачон ўзини ўйламаган. Шунинг учун ҳам халқ унга ишонди. Бугун у шу ишончни йўқотгиси келмади, шу ишонч учун ўғлининг ўлимига розилик берди. Аммо энди ўн саккизга қадам қўйган йигит нима учун бир вақтлар пайдо бўлган зарурат сабаб ўлдирилиши керак? Икки эл юзкўрмас бўлиб нима ютди? Гап элда эмас. Эл дилида қўшничилик тарафдори. Аммо улуғлар қабул қилган қарорга қарши чиқишни истамайди. Бошига қийинчилик тушиб қолса, қабила омбори унинг учун беркилади, нони бутунлар, ўзига тўқлар ундан юз ўгиради. Шунинг учун индамайди, улуғлар айтганини килади.
Оқсоқол ўз эли ҳақида, унинг етти қулф остидаги фикр-ўйлари ҳақида шундай мулоҳазада эди. Ҳали ҳар битта одам ғоз туриб, дилидагини айтадиган давр келмаганини, ҳали емоқ-ичмоқ тақчиллиги туфайли, борнинг сўзи сўз эди. Борлар эса нима учун орттирганини, орттирмоқчи бўлганини биров билан бўлишиши керак? Оқсоқол бу тоифа халқ билан ҳам чиқишиб яшаш кераклигини билади. Бир кун келади, эл дарди, юрт дарди ҳамма манфаатлардан олдинга ўтади, ҳамма бир-бирига ҳурмат билан қарайдиган бўлади. Фақат шу даврни сунъий яқинлаштириш, худди ўғлининг топгани, Парвина эди шекилли исми, ўша бечора қизни бўйнига сиртмоқ солиб, зўрлаб келтиришгандек келтирмаслик керак. Агар шундай қилинса, ўғли билан унинг қайлиғи эмас, жуда кўп одам нобуд бўлиб кетади.
Оқсоқол хотини қайтгунча қоронғи ҳовлида юриб, қанча ўйламасин, ўғлини қутқариб қолиш, жуда бўлмаганда илтимосини адо этиш — қизини озод қилиш йўлини тополмади, ҳукм тўғрилигига, ҳозир бошқа илож йўқлигига ишона бошлади.
Роҳила қайтиб келиб, қўлидаги дастурхонни равонга улоқтирди-да, ўзини эрининг кўксига ташлади.
— Болам! Ёлғиз боламдан ажраб қандай яшайман энди? Ундан кўра мени тошбўрон қилишсин! Қонга тўймаганлар мени қийнаб-қийнаб ўлдиришсин, розиман! Уларни қўйиб юборишсин, айтинг! Қабила каттасимисиз ўзи, кимсиз? Наҳотки, ўз элингизга сўзингиз ўтмаса? Айтинг! Бир бало қилинг!
У эрининг кўкрагига муштлаб, ўзини тўхтатолмай йиғларди.
Оқсоқол индамай уни эшитди. Елкаларини силаб овутган бўлди. «Бир бало қилинг!» Нима қилиши мумкин? У оҳиста хотинини ўзидан нари итариб, кўчага йўл олди. У қанча ўйламасин, бир тўхтамга келолмасди. Фақат бир фикр ўзига озгина тасалли берарди. Ҳозир Мардонни кўриши керак. Тонггача вақт кўп эмас, унинг дийдорига тўйиб олиши керак. Кейин нима бўлса бўлади…
Ўғли билан қизнинг соқчилари алмашибди. Лекин учала соқчи ҳам уни таниди. Ўринларидан туриб, ўзларини четга олишди. Аммо Оқсоқол улар олдига борди:
— Йигит — ўғлим, биласизларми?
Соқчилар бошларини эгишди.
Оқсоқол белидаги чарм ҳамёнини ечиб уларга тутди.
— Мени бирпас холи қолдиринглар. Хайрлашиб олай. Ўзим чақираман.
Соқчилар бир-бирларига қараб олишди. Оқсоқолнинг илтимосини рад этиб бўлмас эди. Ҳамённи олиб, учалови равоннинг орқа томонига ўтиб кетишди.
Оқсоқол аввал ўғлини ечди. Кейин қизни бўшатди. — Нима қиляпсиз, ота? — ҳеч нарсага тушунмай сўради Мардон.
— Оталик бурчимни адо этяпман. Уйга кирма. Дарҳол Қорадарёдан ўтиб, қипчоқлар юртига йўл ол. Ишонаман, эл кечиради. Ўшанда қайтасизлар.
Оқсоқол шошиб шу гапларни айтди-да, ўғлини бағрига босди.
— Қани, кетларинг энди!
— Ота!.. — бир нарса демоқчи бўлди Мардон.
— Кет! — ўшқирди Оқсоқол…
Тонг пайти қўрғоннинг бош майдонига келганлар кечаги «ошуқ-маъшуқлар» ўрнида Оқсоқолни кўриб, нима бўлганини тушунишди. Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ҳамма нарса сўзсиз ҳам аён эди.
Жимликни соқов ўтинчининг бирдан уввос солиб йиғлаб юборгани бузди. У қаёқдандир Оқсоқол олдида пайдо бўлиб, ўзини унинг оёқлари остига ташлади. Бутун вужуди қалтираб йиғлар экан, бошини ерга уриб, нималардир деб ғўлдирарди.
Оқсоқол тўлқинланиб кетди. Уни тушунишган эди. Ҳатто ақли калта соқов ўтинчи ҳам қилмишига пушаймон эди. Оқсоқол уни турғазмоқчи бўлиб энгашди, қўлларини ориқ елкаларига қўйди. Шу топ нимадир зарб билан чеккасига келиб урилди. Бош ёрилиб бамисоли бўлак-бўлак бўлиб кетди. Кимдир равон томондан отди шекилли? Оқсоқол ўша томонга беихтиёр кўз ташлаб улгурди. Алмонзарда унга ғазаб билан тикилиб турарди. «Тентак» — деди ичида Оқсоқол ва ўтинчининг устига йиқилмаслик учун турган жойида оҳиста чўккалади. Бир неча киши «гур» этиб равонга отилди. Улар нима қилмоқчи эканини Оқсоқол сезди. «Қўйинглар!» — демоқчи ҳам бўлди, аммо овози чиқмади. Кимдир унинг қўлтиғидан олди. Бошқа ҳеч нарса сезмади. Қулоғига чалинган сўнгги овоз аёл кишининг чинқириғи бўлди. Таниди. Роҳиласи эди. Негадир унинг икки қўлида иккита тош бордай эди.
1994 йил.