Ўлмас Умарбеков. Меҳр (ҳикоя)

Ҳар куни саҳарда, ҳали қуёш чиқмасдан сайр қилиш одатим бор. Кўчага чиқаман, анҳор лабида айланаман, кейин боққа ўтаман.
Эрта тонгда боғнинг ҳусни ўзгача бўлади. Ҳаво муздек, бунинг устига тиниқ. Қушлар шохдан-шохга ўтиб сайрайди, гоҳ олисда, боғнинг орқа томонида, гоҳ шундай тепангизда какку кукулайди. Читтак ўйнашиб оёқларингиз орасида ўрмалайди ё пир этиб юзингизни силаб ўтиб кетади.
Бўм-бўш турган саҳналар, камалак тус скамейкалар эса чумчуқ галалари ихтиёрида. Гур-гур учиб, дон излашади.
Шундай тонгларнинг бирида боғда айланиб юрган эдим, катта саданинг тагида ўзимга таниш чол — боғ қоровулини кўриб қолдим. У супургига иягини тираб хомуш турарди.
Яқинроқ бордим. Алланарса жонҳолатда чирқилларди. Чолнинг қулоғи шунда. Овоз гоҳ тинади, гоҳ кишини сескантириб чирқиллайди. Анча қулоқ солиб турдим. Чол ҳам жойидан қимирламасди. Кўзлари ўйчан. Бир маҳал супур-гисини ташлади-ю, саданинг орқасидаги экиннинг ичини чўккалаб олиб тита бошлади.
Канча вақт титкилади, билмадим, ўрнидан турганда, қўлида ҳали шундоқ жиш қуш боласи бор эди. Жонивор кичкина тумшуқчасини катта-катта очиб чирқилларди.
Чол алланарсалар деб қушчани эркалаган бўлди, тили билан авайлаб оғзини очиб ҳўллади. Кейин садага қаради. Мен ҳам қарадим. Саданинг одам бўйи келадиган бутоғида қандайдир қушнинг ини бор эди.
Чол шунга тикилиб қолди. Қушча ҳамон чирқилларди.
Чол бир оз ўйланиб тургач, қўлини чўзиб уни инига қўйди. Қушчанинг овози тинди, чол жилмайди-да, супургини елкасига ташлаб, боғнинг ичкарисига кириб кетди.
Мен унинг орқасидан қараб қолдим. Кўз олдимда хароба бўлган шаҳар, ёнғин, гумбур-гумбур товушлар, тупроққа қоришиб ётган аёл ва унинг совуқ кўкрагини таталаб, чинқириб йиғлаётган бола келди…
Балки мени ўша офатдан қутқариб олган, ном берган одам шу чолдир? Фақат у шинелда эди.
Беихтиёр томоғимга бир нарса тиқилиб ўтиб кетди, чолни қидира бошладим. Аммо тополмадим.
Шу пайт боғ ёришиб кетди, олтин шуълаларини сочиб, қуёш чиқди. У ниҳоятда катта эди.
1961