Ўлмас Умарбеков. Маруся холанинг милтиғи (ҳикоя)

Сулаймон ота қамалиб қолди. Умрида қамоқнинг кўчасидан ўтмаган одам, қариганида уч йилга кесилиб, ўғри, киссавурларнинг орасида юрибди. Албатта, ошна-оғайни, қариндош-уруғ уни ёлғизлатиб қўйгани йўқ. Икки марта колхоз раисининг ўзи келиб кетди. Кампири катагига киролмаган товуқдек, ҳар куни лагерь атрофида. «Передача»ларни айтмайсизми? Бўхча-бўхча нон, тоғора-тоғора ош. Лекин қамоқ—қамоқ, татирмиди. Бечора чол ким келмасин, қайси тугунни ечмасин, ўпкаси тўлиб, кўзига милт-милт ёш келаверади. У йиғлаб чарчайди, атрофдагилар овутади…
Ҳамма бало Мирвосиқнинг меҳрибончилигидан бошланди. Суяги меҳнатда қотган Сулаймон ота пенсияга чиқиб зерикиб қолди, баъзи-баъзида бели қирсиллаб қолишини назарга олмаганда, қўл-оёғи бақувват, кўзи ҳам жойида — кўзойнаксиз гуручни курмакдан ажрата оларди. Шундай экан, зерикмай бўладими? Томорқада у-буга қараган бўлади, кейин чойхонага чиқади. Колхоз унга ўхшаган қарияларни ўйлаб қишлоқнинг четидаги толзорга чойхона қуриб берган. Сталинградда бир оёғини қолдириб келган Ғулом ака чойхона мудири. Мудир деганнинг ходими бўлади. Унинг ҳеч кими йўқ. Лекин мактабдан кейин неваралари галма-галдан қарашиб туришгани учунми, шифтга осилган самовар қарнагининг ёнидаги «Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ман этилади» деган плакат остига ўз қўли билан «Чойхона мудири Ғулом Қорабоев» деб ёзиб қўйган. Сулаймон ота илгари бу ёзувга парво қилмасди. Пенсияга чиққандан бери туриб-туриб зардаси қайнайдиган бўлиб қолди. «Ё тавба, дунёнинг ишлари кўп қизиқ-да, — дейди, Ғулом аканинг самовар атрофида ғимирлашини кузатиб, — оғзидан гапи тушиб кетадиган одам чойхона мудири. Оёғи бутун бўлса ҳам майли эди». Шундай ўйлайди-ю, зарда билан қичқиради:
— Ҳой, чўлоқ! Илгари чойдан урардинг, энди нима бало, шамадан ҳам уряпсанми?
Унинг зардасини Ғулом ака тушунади. Шунинг учун, жўрттага ярасига туз сепади:
— Қари одамга аччиқ чой зиён, ошна. Юрагинг ҳам пенсага чиқай деб турибди. Товонингга қолайми?
— Ҳа, чўлоқ, ўлгудай тилинг заҳар-а!
Ғулом ака кулади ва ёғоч оёғини дўқиллатиб, ўртоғига янги чой олиб келади.
Чойхонада кўпинча иккаловидан бошқа ҳеч ким бўлмайди. Ким ҳам бўлсин? Ҳамма ишда. Қариялар ҳам. Борлари ҳам уйдан чиқолмайди. Кўрпа-ёстиқ қилиб олишган. Фақат Холпаранг билан Ҳакимбек ака келиб туришади. Улар келган куни Сулаймон отанинг дили ёришади. «Ҳар ҳолда ёлғизмасман-ку!» ўйлайди у. Уч сўм-уч сўмдан йиғиб Ғулом чўлоқнинг неварасини дўконга юборишади. Холпаранг ота ошга уста. Иликдек қилиб юборади. Ош пишгунча гап, гап, гап. Улар эсламаган воқеа, улар эсламаган одам қолмайди. Жуда бўлмаса, Акбарқорининг ашуласини хиргойи қилишади:
Боғ аро қўйсам қадам,
Гул ғунча қилмай хандадур…
Намозгарда ошни ейишади. Кейин битта-битта юриб, ҳар муюлишда тўхтаб уйга қайтишади. Сулаймон ота ярим кечагача мижжа қоқмайди. Чарчамаган одамга уйқу келармиди? Уч-тўрт бор ҳовлига тушиб, олис-олисларда итларнинг хуришига, чигирткаларнинг одамни элитадиган чириллашига қулок солади, яна уйга кўтарилиб, ўрнига чузилади. Пенсияга чиқибдики, ҳар куни шу аҳвол. Томорқа, чойхона, уй…
Бир куни тўрт оғайни одатдагидек чойхонада ўтиришган эди, омбор мудири Мирвосиқ келиб қолди.
— Отахонлар, бир илтимос бор эди, — деди у уялинқираб, — чўча Маруся ётиб қолди. Балнийсага ташлаб келдим! Шу… ўрнига вақтинча биттангиз туриб турмайсизми?
— Мен тураман-да! — деди шошиб Холпаранг ота.
— Бекор айтибсан! — деди чимирилиб Ҳакимбек ака. — Олдингдаги чойни зўрға кўрасану, қоровуллик қила олармидинг? Мен тураман!
— Ия! Ҳе! — тутақиб кетди Холпаранг ота. — Ҳали кўр бўлиб қолдикми? Заҳарингизга биз қилган ошни ейсиз-ку?! Сулаймон! Чўлоқ! Эшиттиларинга. Мен кўрмишман. Ўзинг кўр!
— Мен кўр? — баттар чимирилди Ҳакимбек ака.
— Ҳа, кўрсан! Сарсонбойнинг жанозасида ўқариққа шалоплаб тушиб кетганингни ўзим кўрганман!
— Бўлди, бўлди! — уларни тўхтатди Сулаймон ота. — Иккаловинг ҳам турмайсанлар!
Ҳакимбек ака ҳам, Холпаранг ота ҳам гаплари оғзида қолиб, ўртоқларига қарашди.
— Иккаловинг ҳам турмайсан, — қайтарди Сулаймон ота. — Пенсияга ким олдин чиққан бўлса, шу туради. Мен олдин чиққанман, мен тураман.
У, гап тамом, дегандек ўрнидан турди.
— Юринг, ўғлим!
Ҳеч нарсага тушунмай анграйиб турган Мирвосиқ беихтиёр унинг кетидан йўлга тушди. Холпаранг ота билан Ҳакимбек ака бўзрайганларича уларга тикилиб қолишди.
Сулаймон ота ўша куниёқ ишга тушди. Кампир уйдан эски намат, қумғон, қанд-қурс олиб келди. Кета туриб:
— Мени шарманда қилдингиз, — деди. — Қариганда қоровул бўлмай кетинг. Ҳамма чоллар бинойидек уйида кечаси.
— Жаврама! — жеркиб берди Сулаймон ота, кейин ўзича ҳазил қилди: — Нима, ё ёлғиз ётгани қўрқасанми?
— Вой, суюлмай кетинг сиз! Тўкилиб кетай деб турибсиз-ку, бошимга ураманми?
— Бўлди, бўлди, жўна! — деди Сулаймон ота гап тополмай.
Кечаси Холпаранг билан Ҳакимбек ака келишди. Катта пахталик тўнни елкасига ташлаб, милтиқ кўтариб олган ўртоғига Холпаранг отанинг роса ҳаваси келди.
— Аммо лекин бизни ёмон туширдинг, — деди у алам билан.
— Куппа-кундузи шилдинг, — қўшилди Ҳакимбек ака. Сулаймон ота ичида уларга ачинса ҳам, сир бой бермади.
— Ҳа, энди югурганники эмас, буюрганники.
— Омадинг бор экан, — деди Ҳакимбек ака. — Эртага чиқасанми?
— Қаёққа? — тушунмагандек сўради Сулаймон ота.
— Қаёққа бўларди, чойхонага-да. Неварам Абдусаттор Андижондан девзира олиб келибди.
— Энди билмадим, бек, — деди Сулаймон ота салмоқланиб, — хизматчилик. Бўш вақт топсам, бораман. Бўлмаса, узр.
Омбор ҳоблисида нимадир лип этди.
— Ҳой! Ким бор?
Сулаймон ота шундай деб қоронғилик ичида ғойиб бўлди.
— Ҳа… — деди ўйланиб Холпаранг ота. — Ростакам қоровулнинг ўзи.
— Нимасини айтасан.
Икки ўртоқ ҳафсаласизлик билан ўринларидан туришди.
Сулаймон ота эртасига чойхонага чиқмади. Индинига Ҳам. Қандай чиқади? Кундузи уйда, ҳали у, ҳали бу. Кечқурун омборга йўл олади. Зерикиш қаёқда? Шундай, ўзидан, ишидан кўнгли тўлиб туппа-тузук юриб турувди, қўлида милтиқ, елкасида қоровулларнинг узун пахталик чопони, бирдан фалокат — лаънати қайси ковакда яшириниб ётган экан — маҳкам ёпишди-қолди.
Ўшакуни у жуда хурсанд эди: Маруся хола касалхонадан чиқиб, шаҳарга, ўғлиникига кетибди. Баҳоргача қайтмас экан. Чол шу хабарни эшитди-ю, ғайратига ғайрат қўшилиб, боққа ўтди. Пиёз ўтади, гармдорининг тагини чопди. Кейин памилдорини таёқчаларга боғлай бошлади. Тушлик пайти невараси югуриб келиб қолди:
— Катта дада! Сизни Холпаранг амаким чақирвоттилар! Фермага борармишсиз!
— Нега? — ҳайрон бўлди Сулаймон ота. — Бекорчи одам фермада нима қиларкан?
— Билмадим. Дарров келсин, дедилар.
У фермага борганда, Холпаранг ота пойга учун боқилиб қўйилган отларнинг оғили ёнида эски қути устида чордона қуриб ўтирарди.
— Ҳа, узилиб қолдингми? — сўради Сулаймон ота унинг оғзи қулоғига етган башарасига тикилиб.
— Кўрмаяпсанми? Ҳайдаралининг ўзи тайинлади, — Ҳайдарали колхоз раиси эди. Сулаймон ота кулди.
— Ҳа, энди сув йўғида таяммум, — Сулаймон ота шундай деди-ю, ичида ўртоғига ҳаваси келди. Ҳар ҳолда бу иш, кечаси билан қаққайиб ўтириш эмас. Шундай бўлса ҳам, сир бой бермай, кулиб кўйди: — Қашлағич ҳам бердими?
Холпаранг ота ғижинди, лекин жанжаллашгиси келмади.
— Ҳаммасини берди, ошна. Супурги ҳам бор. Белкурак ҳам. Томорқангга энди гўнг керак бўлса ҳар битта аравакашга ялиниб юрмайсан. Бир аравами, икки аравами, ўзим олиб бориб бераман. Яхшисидан, тилласидан.
Холпаранг ота шундай деди-ю, охири чидолмади, узиб олди:
— Хафа бўлма, ошна, бу сенга Марусянинг қоровулхонаси эмас, расмана эркакларнинг иши.
— Шундоқ дегин?
— Кўриб турибсан, ошна, кўрмассан-ку!..
— Ҳа, ишинг яхши, — маъқуллади Сулаймон ота. — Фақат эҳтиёт бўл.
— Нима демоқчисан?
— Боқувда турган отлар, билиб бўлмайди, қайси алвасти экан бу деб, иккинчи кўзингни ҳам ишдан чиқаришмасин.
Холпаранг отанинг чап кўзига ўтган йили оқ тушган эди. Шунинг учун ўртоғининг бу гапидан ижирғанди-ю, ўзини эшитмаганга солди.
— Сани чақирганим, ҳозир келиним ош олиб келади. Девзирадан. Биз энди ишлик одам, вақт йўқ чойхонада юришга. Юр, сейлон чой дамлаганман.
Сулаймон ота ўртоғининг олдидан қоронғи тушганда қайтди. Уйда овқат емади. Милтиғини елкасига осиб, омборхонага жўнади. Соат ўнларда Мирвосиқ омбор дарвозасини қулфлаб уйга кетди. Сулаймон ота омбор ҳовлисини бир айланиб чиқиб, қумғон тагига тараша қалади, кейин чой дамлаб ичди. Кўп ўтмай бутун кишлоқни жимжитлик қоплади. Шу жимжитлик элитдими, ё чой аччиқлик қилдими, кўзларини уйқу босди. Сулаймон ота ниманидир «дўп» этганини эшитди. Кўзини очиб атрофига қаради. Ҳеч ким йўқ. «Мушук бўлса керак», ўйлади чол ва яна кўзини юмди. Орадан кўп вақт ўтгани йўқ, кимдир бўғилиб йўталди. Сулаймон ота шошиб ўрнидан турди-да, қулоқ солди. «Бўла қол!» деди кимдир. Овоз омборнинг орқасидан эшитилди. Сулаймон ота: «Ҳой!» деганича ўша томонга югурди. Бориб, қай кўз билан кўрсинки, иккита барзанги йигит омборнинг бўғотини бузиб, бурчакдаги машинанинг резинка ғилдирагини битта-битта девордан оширяпти.
Сулаймон ота «Тўхта!» деганини билади, биттасикўзи аралаш мушт туширди. Чол гандираклаб йиқилди. Ётган жойида беихтиёр милтиқни елкасидан олиб, қичқирди:
— Отаман! Тўхта!
Ўғриларнинг биттаси девордан сакради, иккинчиси ҳам сакрай деганда Сулаймон ота кўзини очди ва ўша томонга милтиғини тўғрилади. «Варанг!» этган товуш янгради. Уғри қорнини ушлаганича девор тагига энгашди.
Омбор ҳовлиси бирпасда қий-чув бўлиб кетди. Қаёқдандир Мирвосиқ пайдо бўлиб қолди.
— Яшанг, ота! — деди у. — Анчадан бери қўлга туширолмай юрувдик.
— Ўқ тегди шекилли? — сўради Сулаймон ота ҳамон боши лўқиллаб.
— Баттар бўлсин!
Ярим соат ўтар-ўтмас райондан «тез ёрдам» машинаси келиб, ўғрини олиб кетди. Шаҳодат хола эса уйқусираган неварасини тўсиб, ҳўл пахтани эрининг кўкариб кетган кўзига босди.
Эртасига бутун қишлоқ Сулаймон отанинг уйига ёпирилди. Ҳамма уни мақтади. Уртоқлари — Холпаранг ота билан Ҳакимбек ака ҳам чин юракдан табриклашди.
— Чумчукдек юрагинг бўлса керак, деб юрардим, маладес! — деди Ҳакимбек ака.
— Ўғри от эмас, дўстим, — деди Холпаранг ота фермадаги гапга шама қилиб, — дуч келган жойингга тепмайди, пойлайди. Кўзни эҳтиёт қил. Ичимизда бутунимиз сенсан!
Сулаймон ота тишини-тишига қўйди-ю, индамади. Раис келди. Барча колхозчиларнинг номидан тўн кийгизди.
— Сиз ҳазилакам ўғриларни тутганингиз йўқ, — деди. — Улар — колхозга икки минг сўмдан ортиқ зиён келтиришган, уч марта омборни шипиришган эди. Раҳмат.
Сулаймон ота кўзи боғлиқ бўлса ҳам, кечгача янги куёвдек юрди, кампир, ўртоқлари ҳам уни ўтказгани жой топишолмади. Кечқурун эса невараси, ўғри касалхонада ўлиб қолибди, деган хабар топиб келди. Ҳеч ким, айникса, Сулаймон ота, буни кутмаган эди. Тун бўйи мижжа қоқмади. Кампирининг:
— Бўлди энди, куйганингиз билан тирилиб келармиди? Ўз бошини ўзи еди, — деганига ҳам қулоқ солмади.
Икки кундан кейин суд бўлди. Сулаймон ота аввал беш йилга, кейин, кексалиги назарга олиниб, уч йилга кесилди. Бундай бўлишини билганда Сулаймон ота, ўғрилар омборни ўпириб кетишса ҳам, лом-мим демасди. Лекин начора? Фалокат оёқ остида туради, деб шуни айтадилар-да.
— Ота, бир оз сабр қилинг, — деди Ҳайдарали ҳукмдан кейин. — Мен буни бу аҳволда қўймайман. Милтиқ бериб қўйгандан кейин бир кунмас-бир кун у отилади-да. — Сулаймон ота карахт эди, эшитмади. Эшитса ҳам нима дерди? Сабрдан бошқа иложи бормиди. У суддаги ҳамма гапга тушунди, фақат биттасига тушунмади. Суд раиси: «Тўрт хил қоровул бор. Шунинг учтаси отиш ҳуқуқига эга. Тўртинчиси эга эмас. У фақат милтиқ билан қўрқитиши мумкин. Сулаймон ота шу тоифага киради», — деди. У шу гапга тушунмади. Бу гапни қамоқхона ўз уйидек бўлиб қолган Саша, Тўлаган олифта каби азаматлар ҳам тушунти-риб беришолмади. Бўлмаса улар жиноят кодексини сув қилиб юборишган. Тушунтиришмаса ҳам чолнинг кўнглини олишди:
— Ўзингизни эзманг, ота, — деди Тўлаган олифта. — Бағ-буғлашиб юрасиз биз билан. Иннайкейин, унинг ўзида айб. Соғ қолганда, балки бўйнига оларди. Секин келиб
қўлингиздан милтиқни олиб қўймайдими, иши битгандан кейин девордан улоқтирмайдими? Уста кўрмаган экан-да.
— Қайдам, болам, — деди ўпкаси тўлиб Сулаймон ота.
— Қайдам эмас, ота, рост, — деди чирт этиб туплаб Сашка. — Уста кўрмаган. Бизнинг қўлга тушганда, бир йилда одам қилардик! Сиз ҳам тинч эдингиз ўшанда, у ҳам айшини суриб юрарди. Ўзидан кўрсин. Сиз эзилманг, ота. Ҳукмни бекор қилишади. Мени айтди дерсиз. Фақат нобоп судга тушиб қолибсиз-да. Бир оз чидайсиз энди.
Сулаймон ота чидади. Аммо эрталаб ҳам, кечкурун ҳам беихтиёр кўзига ёш келаверади. Шу аҳволда уч ой ўтди. Бутун қишлоқ келиб-кетди деса бўлади шу вақт ичида. Холпаранг ота билан Ҳакимбек ака ҳам аввал тез-тез келиб туришди. Учинчи ойга ўтганда бирдан келмай қолишди. Сулаймон ота хафа бўлди, кейин касал-пасал бўлиб қолишдими, деб хавотир олди.
— Улар тинчми? — сўради бир кун кампири келганда.
— Отдек юришибди, — деди кампир зарда билан. — Иш топишибдими, кунда шаҳарга қатнашади. Энди, шуларни ҳам ўйлайсизми?
— Сўрадим-қўйдим-да, — деди Сулаймон ота ранжиб.
— Ҳайдарали салом деб юборди. Яна ариза билан юқорига чиқармиш. Мирвосиқ ҳам суд қайнисига учраб келибди.
— Гапирма ўшани! — жеркиб берди Сулаймон ота. — Ҳамма ишни ўша қилди, ҳажиқиз!
Учинчи ой ҳам тугади. Ҳеч қандай янгилик бўлмади. Сулаймон ота ҳаммадан эрта туриб чой қайнатади. Лагернинг қабулхонасини супуради. Одамлар ишга кетгач, яна бакка сув солиб олов қўяди. Бир куни тушликка чой қўйиб, энди нима қилсам экан, деб турган эди, лагерь бошлиғи чақириб қолди:
— Ота, сизга қоғоз келди, — деди у, — энди озодсиз. Сулаймон ота анграйиб қолди.
— Рост, ота. Озодсиз.
— Кет… кетавурайми?.. — сўради тутилиб Сулаймон ота.
— Марҳамат.
Сулаймон ота баракка югурди. Лекин ҳеч нарсасини олмади. Фақат чопонини елкага ташлади.
Кўчага чиққанида, толнинг соясида икки киши турарди. Сулаймон ота таниди. Булар — Ҳакимбек ака билан Холпаранг ота эди. Юраги қинидан чиқиб кетай деди.
— Ҳаким?! Холпаранг?! — деди кўзи ёшга тўлиб.
— Нима, ўлди девдингми? — деди Холпаранг ота.
Уч оғайни қучоқлашиб кўришишди.
— Нега келмай кетдиларинг? — чимирилиб сўради Сулаймон ота.
Ҳакимбек ота катта идораларда юришганини оғзи тўлиб айтмоқчи эди, Холпаранг ота туртиб кўйди:
— Ҳа, энди, қарилик-да, ошна, — деди вазминлик билан. — Шунга ҳам хафа бўласанми? Айтгандай, суюнчи бер!..
— Хўш? — сўради Сулаймон ота.
— Маруся бутунлай келмасмиш. Ўғли олиб қолибди. — Учалови кулиб юборишди, кейин чопонларини елкага ташлаб йўлга тушишди. Катта кўчага чиқишганда, Ҳакимбек ота Акбарқорининг ашуласини бошлаб юборди:
Боғ аро қўйсам қадам,
Сулаймон ота илиб кетди:
Гул ғунча қилмай хандадур…
— Бизнинг бобой-ку! — деди девор орқасида ғишт ташиётган Сашка.
— Худди ўзи!
Тўлаган олифта ҳавас ва қандайдир юракни чимчиловчи алам билан ашула олислагунча қулоқ солиб турди.
1971