Ўлмас Умарбеков. Ҳотамтой (ҳикоя)

(Эртакнамо ҳикоя)

Холпошшанинг дадаси ўгай онаси билан бозордан янги палто, этик олиб келиб беришди. Этик баланд қўнжлик, ичи жун, иссиқ эди. Ранги ҳам чиройлик, пальтосига ўхшаган оч қизил. Аммо палто алламбало эди. Ёқалари кенг, тиккатик, қайтарма чўнтаклари катта. Қизини янги кийимда кўриб, дадасининг кўзларидан ёш чиқиб кетди.
— Она қизим!.. — деди у ва қучоқлаб пешонасидан ўпди.
— Умрингиз узоқ бўлсин, катта қиз бўлиб шунақа палтолардан қўша-қўша кийинг! — деди ўгай онаси унинг елкасига қоқиб. — Шундай кўрдим-у, маҳкам ёпишдим! Дадангиз ҳам савдолашиб ўтирмадилар, сўраганини бердилар-қўйдилар. Бўлмасам бошқалар илиб кетарди!…
— Раҳмат, —деди уялиб Холпошша ва эшик ёнидаги тош ойна олдига бориб ўзига қаради.
Ҳеч ким уни олтинчи синф ўқувчиси демасди янги кийимда. Камида тўққизинчи синф ўқувчиси, кап-катта қиз дер эди.
— Кўчага чиқиб келсам майлими? — сўради у ойнадан кўз узмай.
— Боринг, тасаддиқ, айланиб келинг, — деди ўгай онаси.
Ҳолпошша эҳтиётлик билан оёқ босиб кўчага чиқди. Қишнинг ўртаси бўлишига қарамай, кунлар унча совуқ эмас эди. Аммо ҳар куни бўлмаса ҳам, кун ора, икки кунда бир қор учқунлаб қолар, ерни юпқа муз қоплар эди. Ҳозир ҳам ҳаво булут, қуёш тафти сезилмас, аммо ер қуруқ эди. Холпошша эшикни ёпиб, катта кўча томон юрди. Дам олиш куни бўлганиданми, кўчада ҳеч ким кўринмас, ҳар куни уларнинг деразалари тагида ўйнаб, гаплашиб турадиган маҳалла қизлари бугун кўринмасди. «Балки улар катта кўчададир?» — ўйлади ўзича Холпошша. Аммо катта кўчада ҳам ўртоқлари кўринмади. Уйларига киргани эса уялди. Янги кийимларини кўрсатгани келибди, деб ўйлашлари мумкин. Ҳозир янги кийим кийган одам бировга ёқади, бировга ёқмайди.
Холпошша орқасига қайтди. Этик каттароқ, лопиллаб турарди. Лекин барибир янги, иссиқ. Қишнинг ярмини у юпқа ёзги туфлида, калишда ўтқазди. Энди этикни маза қилиб кияди, учига озгина пахта тиқиб қўйса бўлди, лопилламайди. Палто бўлса, худди қуйиб қўйгандек. Бунинг устига қалин ҳам эмас, юпқа ҳам эмас. Айни Тошкент қишларида киядиган палто.
Уйига икки ҳовлича қолганда, ўртоғи Зулайҳонинг синглиси темир дарвозаларидан мўралаб қичқирди:
— Ҳолпошшапа! Моро бўсин!
— Раҳмат! — деди оғзи қулоғига етиб Холпошша. Эртасига мактабга янги кийимларини кийиб борди. Аммо синфида уни ҳеч ким табрикламади, эътибор ҳам бермади. Фақат она тили ўқитувчиси ёзув тахтаси ёнида осиғлиқ турган кийимлар орасида унинг палтосини кўриб мақтади:
— Кимники бу? Чиройли экан! Шунда уч-тўртта қиз бараварига:
— Холпошшаники! — дейишди.
— Буюрсин. Эскитиб-эскитиб кий, қизим! — деди ўқитувчи.
Бир ҳисобда ўртоқларининг уни янги кийимлар билан табриклашмагани ҳам яхши бўлди. Уялиб кетарди, ўзини қаёққа қўйишни билмай қоларди.
Танаффус пайтларй қизлар палтоларини худди катталардек елкаларига ташлаб даҳлизга чиқиб кетишарди. Холпошша бундай қилмади. Лекин ҳар гал синфга қайтганида, беихтиёр палтосига қараб қўярди. Палто чироқнинг ёруғида турли рангда товланиб, кўзини қамаштирарди.
Катта танаффусдан кейин синфга кириб, палтосига қаради-ю, юраги орқасига тортиб кетди. Кимдир ҳафсала билан енглари, иккала чўнтаги, ёқаларини оқ бўр билан чизиб чиққан эди. Холпошша шошиб палтони илгакдан олди, аммо нима қилишини билмай жойида туриб қолди. Ҳечкимга қарамаса ҳам, кўпчилик, бутун синф унга тикилиб турганини сезди. Томоғига келиб тиқилган йиғини зўрға ушлаб, партаси томон юрабошлаган эди, ўқитувчи кириб уни тўхтатди.
— Дарс пайти палто билан қаёққа кетаяпсан? Илиб қўй жойига!
Холпошша шундай қилди. Аммо дарс тугагунча кўзларини оққа бўяб ташланган пальтосидан ололмади.
Қўнғироқ чалинганда, у югуриб бориб пальтосини олди-да, партаси устига ёзиб рўмолчаси билан арта бошлади. Қизлар уни ўраб олишди, даҳлизга чиқишмади.
— Ҳафа бўлма, доғ бўлмайди, — деди кимдир.
Кимдир Холпошшани ёнига ўтиб, палтонинг иккинчи томонидан арта бошлади.
Ниҳоят дарслар тугади. Аммо Холпошша кетишга шошилмади. Палтосини синчиклаб қараб чиқди. Оқариб турган жойларини яна артди. Ҳеч қаерда доғ қолмаганини кўрганидан кейин синфидан чиқди.
Ўртоқлари аллақачон кетиб бўлишган эди. У катта кўчани кесиб ўтиб, ўз кўчаларига бурилганда, олдидан иккита йигит чиқди. Иккалови калта палто кийган олифта йигитлар эди. Холпошша уларни кўриб беихтиёр тўхтаб қолди. Юраги дукуллаб уриб кетди. Йигитлар унга яқинлашиб, илжайишди. Биттаси унинг елкасига бир қўлини қўйди-да, иккинчи қўли билан палтосининг тугмаларини еча бошлади.
— Нима қилаяпсиз? — кўрқув аралаш сўради Холпошша.
— Овозингни ўчир! — илонга ўхшаб вишиллади иккинчи йигит. Шу пайт нимадир чирқ этди. Унинг қўлида пичоқ ярақлай бошлади. — Бақирсанг, биқинингдан дарча очиб қўяман.
У гапини тугатгунча биринчи йигит Холпошшанинг устидан пальтосини ечиб бўлган эди.
— Этиги ҳам янгига ўхшайди, қара! — деди иккинчи йигит.
— Еч! — дўқ қилди биринчи йигит. — Ё ўзим ечиб олайми?
Холпошша қўллари қалтираб этигини еча бошлади.
— Жон акалар! Раҳм қилинглар. Бошқа киядиган ҳеч нарсам йўқ. Дадам зўрға олиб берганлар кеча.
— Овозингни ўчир! Омон қолганингга севин.
Қаёқдандир «Жигули» машинаси пайдо бўлиб ёнларида тўхтади. Иккала йигит палто билан этикни қўлтиқлаб, ўзларини машина ичига отдилар. Машина чийиллаб, силтанди-да, учиб кетди.
Холпошша юпқа пайпоқда, жигарранг кўйлаги, қора фартугида қолди. Даҳшатли воқеа содир бўлганини у энди тушунди, аммо кўзига ёш келмади. Машина кетган томонга қараганича жойидан қимирламади.
Иккинчи сменадаги болалар гур этиб олдидан ўтишганида, ўзига келди. Уйига оёғи тортмади, чўчиди. Оғир касалликдан сўнг, беш йил олдин қазо қилиб кетган онаси тирик бўлганида балки чўчимасди. Ўгай онасидан ҳам чўчигани йўқ, кўпроқ уялди. У дадасидан ҳам кўра шу ўгай онаси хархашаси билан янги этик, палто олиб келишганини биларди. Ўгай онаси уни яхши кўрарди. Шундай бўлса ҳам у мактабига қайтди. Дарс бошланган, ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. У даҳлизга кўтарилиб, ўз синфи томон юрди. Бахтига синф бўш эди. Ичкарига кириб, эшикни ёпиши билан хўрлиги келиб кетди, ўзини тўхтата олмай йиғлаб юборди. Анча йиғлади. Рўмолчаси жиққа ҳўл бўлди. Кейин ўз жойига ўтириб, лўқиллаб оғрий бошлаган бошини қўллари устига қўйди.
Ўгай онаси, она тили ўқитувчиси, яна аллакимлар уни қидириб топишганда, қоронғи тушган, юз-кўзлари, бутун бадани оловдек ёнарди.
— Бош-кўзингиздан садақа, болам! Шунга куясизми? Битта палто экан-ку, мен сизга ўнтасини олиб бераман. Фақат қўрқитманг, кўзларингизни очинг, болажоним!
Алахсираб ётган бўлса ҳам Холпошша ўгай онасини таниди.
— Кечиринг, ойи…
— Қизгинам, болажоним!
Ўгай онаси уни қучоқлаб, иссиқ пешонаси, ёниб турган лабларидан ўпди.
Холпошша икки ҳафта иситмалаб ётди. Кейин секин ўзига кела бошлади. Кўзлари тиникдашганини, иссиғи босилганини кўриб ўгай она ўзида йўқ севиниб кетди.
— Жуда қўрқитиб юбордингизу, қизим, — деди у жилмайиб. — Касалхонага олиб кетишмоқчи эди, бермадим. Уйда ўнгланиб кетасиз.
У Холпошшанинг ёнига ўтириб, муздек пешонасига қўлини қўйди.
Холпошша миннатдорлик билан кўзларини унга қадади.
Юрадиган бўлганида милициядан, прокуратурадан келишиб, ўша ўғри йигитларни сўрашди. Холпошша уларни танимаслигини, иккалови жинси шим — калта палтода эканлари, бошларида қундуз телпак, оёқларига тўтиранг кеди кийиб олишганини, биттасининг пичоқ ўқталганини, ингичка қора мўйлови борлигини айтиб берди.
— Кўрсангиз танийсизми? — сўрашди ундан.
— Танисам керак. Танийман, — деди Холпошша.
Ҳовлига тушиб, кўчага чиқадиган бўлганида бирдан совуқ тушди. Чилла чиқишига оз қолган бўлса ҳам бу кутилмаган совуқ қалин қор олиб келди. Сурункасига икки кун ёғди.
Ўша кунлари ундан хабар олгани келган туман шифокори билан ўгай онасининг гапларини эшитиб, кайфияти бузилиб кетди.
— Илтимос, опўси. Справкасини чўзиб беринг. Оёғида ҳеч нарса йўқ бу қорда киядиган. Якшанбада бозорга бориб оёғига, энига у бу олиб бераман. Озгина пул йиғиб қўйдим.
— Бўпти, опа. Хафа бўлманг, — деди врач. — Энг муҳими, қизингиз оёққа турди.
Ўша куни Холпошша деярли ухлолмай чиқди.
Дадаси, ўгай онасига у жуда ачиниб кетган эди. Хаёлидами, тушидами ўша олифта йигитларни кўрди. Қидириб топди. Иккалови билан муштлашиб, кийимларини қайтариб олиб келди. Ўғри йигитлар йиғлаб, ундан кечирим сўрашди, иккинчи бундай аҳмоқлик қилмасликка ваъда беришди. Шу туши ё хаёли таъсиридами, у тонгга яқин ухлаб қолди. Уйғонганида уйда ҳеч ким йўқ эди. Олдида бир товоқ қовоқ сомса билан чой турарди. Чойнакнинг тагига хат қистириб қўйилган эди.
«Холпошша, ишга бормасам бўлмайди. Дадангиз ҳам кетдилар. Тушлик овқат қозонда. Иситиб ичинг».
Холпошша ўрнидан турди. Ювиниб энди чой ичгани ўтирган эди, кўча эшик тақиллади.
Холпошша ойисининг рўмолига ўраниб, ҳовлига тушди.
— Ким? — сўради у.
Ҳеч ким жавоб бермади. Тўпиғигача қорга ботиб Холпошша эшикка борди.
— Ким?
Яна ҳеч ким жавоб бермади.
У эшикнинг занжирини олиб, кўчага қаради.
Ҳеч ким йўқ эди.
Холпошша ҳайрон бўлиб эшикни занжирлади. Орқасига ўгирилганда эшикнинг ёнида турган тугунга кўзи тушди. Тугуннинг устида хат бор эди.
Конвертни йиртиб, ўқий бошлади:
«Ҳурматли Холпошша! Бошингга тушган ташвишдан, анчагина бетоб бўлиб ётганингдан хабаримиз бор. Қайғурма. Энди сенга ҳеч ким тегмайди, ҳеч ким хафа қилмайди. Лекин билиб қўй, ҳали бу ҳаётда кучи ожизларгагина етадиган ноинсофлар, ҳаромхўрлар оз эмас. Минг афсус, уларнинг бир гуруҳига сен дуч келиб қолдинг. Энди хавотир олма. Яхши ўқи. Сарполаринг муборак бўлсин. Ҳотамтой».
Холпошша қаттиқ ҳаяжон билан уйга кўтарилиб тугунни ечди. Ўғри йигитлар ечиб олган палтодек юмшоқ, иссиқ қизил палто чиқди ундан. Палтонинг тагида тасмалик, худди шундай қизил ранг этик турарди. Унинг тагида эса целлофанга ўралган бир нечта кўйлак бор эди. Тугуннинг энг тагида қоғоз қути кўринди. Дарров очди. Бу елкага ташлаб юрадиган, худди этигининг рангидаги яримой нусха сумка эди.
Холпошша негадир чўчиб, нарсаларни қўйди-да, хатни янгидан ўқиб чиқди. Хат унга ёзилганига, нарсалар унга олиб келинганига шубҳаси қолмади.
Аввал уялинқираб этикни кийди. Лойиқ келди. Кейин палтони кийди. Палто ҳам худди унга атаб тикилгандек эди.
Тошойна олдига бориб, ўзига қаради.
Анчагача кўзларини узолмай турди. Кейин шу туришида бошига ойисининг рўмолини ташлаб ҳовлига тушди. Оёқлари остидаги қалин қор ғарчиллаб кетди.
Кўчага чиқди. Ҳеч ким кўчада кўринмади. Катта кўчага — боргани қўрқди. Бир пас у ёқ-бу ёққа қараб турди-да, оҳиста уйига кирмоқчи бўлганда, кимдир уни чақирди.
— Холпошшапа!
Икки ҳовли нарида турадиган ўртоғи, дарвозалари олди-да унга қараб турарди.
— Моро бўсин!
— Раҳмат, — деди Холпошша ва шунча кундан бери биринчи марта жилмайди… — Раҳмат!…
Хаёлидаи нотаниш меҳрибон одам Ҳотамтой ўтди. У бундай одамни эртакларда эшитган эди. Ҳақиқий ҳаётда ҳам бор экан. Унинг чин юракдан айтган иккинчи раҳматини шу ҳақиқий ҳаётдаги Ҳотамтойга бағишлаган эди.
1993 йил.