Ўлмас Умарбеков. Гайдук қизи (ҳикоя)

1
Купрившица воқеаси қўшиқ бўлса арзийди, рухсат этинг, куйлаб берай, қойил қолинг эшитиб…

2
Беш бор қўлдан-қўлга ўтди узоқ йили бу қишлоқ, юзлаб болгар ҳалок бўлди, қанча-қанча уй ёнди, далаларда кишнар эди эгасиз қолган отлар, буруқсаган ўт ичида етимлар йиғлар эди.

3
Олтинчи бор ҳужум қилди душман яна куч тўплаб, тоғ ичига яширинди — чорасиз исёнкорлар. Сўнгги марта назар солди қишлоқ томон Бай Крум, беихтиёр кўз ёшланди, лаблар недир сўзлади. Ким билади не деди у? Режа тузди неларга?! Балки қасам ичгандир у, яна қайтиб келишга, қонхўр душман калласини найзасига илишга! Балки ўйлар уйда қолган икки арзандасини. Уйда қолган Лилиана, Христони эзилиб!
— Атаман, — дер аллаким. — Бўлди, энди кетайлик.
— Бўлди, — деди кўкрак кериб бизнинг жасур Бай Крум. — Кетсак кетдик, аммо билки, қайтишимиз муқаррар!

4
Йўлга тушди Бай Крумнинг ғазабнок йигитлари, йўлга тушди қасам ичиб яна қайтиб келишга, қонхўр ёвлар калласини найзаларга илишга!

5
Уйда ёлғиз атаманнинг икки бахтсиз фарзанди — етим қолган Лилиана, етим қолган Христо. Кўзлари тўрт икковининг ота кетган томонга, икковининг кўзларида ялтирарди ёшлари. Лилиана ўша ёзи тўлган эди ўн тўртга, Христо-чи, эндигина ўнга қадам қўйганди.

6
Гайдукларим, кўряпсиз, улар ҳали ёш эди, улар ҳали ҳаёт нима, ўлим нима — билмасди, улар ҳали бола эди, зулм нима билмасди, улар ҳали бола эди, қуллик нима — билмасди!

7
Кечга яқин Лилиана танбалади эшикни, занжир солди ичкаридан дарчаларнинг барига. Яхши тушлар орзусида ўрин тўшаб эртароқ, укасини қучоқлади, мажбур қилиб ухлашга… Шу топ бирдан гумбурлади недир эшик ёнида, деразалар чил-чил бўлди, ғала-ғовур бошланди.

8
Нима бўлди, не фалокат яна келди бу уйга?

9
Лилиана чўчиб тушди ва югурди эшикка, қай кўз билан кўрсин шўрлик — эшик тўла ёв эди. Эшик тўла қон деб келган, мол деб келган одамлар!

10
— Тўхта, опа, оча кўрма! — деди шунда Христо. — Тўхта, опа, сени аввал яширайин бир ерга…
Хаёлига нелар келиб, рози бўлди шўрлик қиз, яширинди тахмонга у, укасига мўлтираб.

11
Ўн нафардан ортиқ эди бостириб кирган душман, ҳар биттаси Христога тўртта келарди лофсиз.

12
— Қани сўйла, кофир ўғли, отанг кетди қаёққа? — деди бири Христонинг елкасига мушт уриб. — Христодан садо чиқмас, кўзида ўт чақнарди. — Сўйла, дейман, кофирвачча, отанг кетди қаёққа? — Христо жим, тиши тишда, қўллар муштга тугилган…

13
— Сўйла, — деди яна бири. — Айтсанг омон қоласан, қишлоқнинг энг гўзалини хотин қилиб оласан…
Душман бари қаҳ-қаҳ урди. Христодан садо йўқ. Шунда кимдир қулочкашлаб урди юзи аралаш, гандираклаб йиқилди у, аммо овоз бермади. Шундан кейин нима бўлди, билолмади Христо.

14
Моматалоқ бўлди бадан, бирон соғ жой қолмади, суяклари зирқирарди тепкиларнинг зарбидан, охир чидаш беролмади, ҳушдан кетди Христо.

15
Кўз очганда шўрлик бола, Лилиана бошида — ўлтирарди юм-юм йиғлаб, ўлтирарди қон ютиб.

16
Ташқарида эса, душман ўт қаларди гулханга.

17
— Опа, кўрдинг, — дер Христо, — сотқинлик қилганим йўк, жасур отам маконини айтганим йўқ душманга, лекин, опа… чидолмайман яна шундай қилишса, — шундай деди шўрлик бола, дарё бўлди ёшлари.

18
— Қўй, йиғлама, ўзингни бос, — юпатди Лилиана. — Отанг каби мардлигингни ўзим кўриб турибман. Қўй йиғлама, ўзингни бос, сен ҳақиқий гайдуксан!

19
Душман яна уйга кирди Христони эзиш-чун. Уйга кирди ва лол бўлди Лилианани кўриб.

20
— Сен қаердан пайдо бўлдинг? — душман сўради ундан. Қиз қаддини ростлаб деди:
— Мен шу ерлик бўламан, Бай Крумнинг қизиман мен, атаман Бай Крумнинг…

21
— Сўйла йўқса, эй, гўзал қиз, отанг кетди қаёққа?

22
Лилиана бошин эгди, неларнидир ўйлади, ҳушсиз ётган укасига термилди меҳр билан. Кейин деди:
— Майли, айтай, фақат битта шартим бор: сотқинлигим билинмасин, укам буни билмасин!

23
Шу заҳоти қилич узди Христонинг бошини, бу даҳшатни кўриб турди Лилиана дарчадан. Юрак-бағри зардоб бўлди, ёш қоплади юзини, аммо, нима қилсин шўрлик, ўзи шуни истади.

24
Душман деди:
— Энди гапир, гўзалларнинг гўзали, хизматларинг эвазига олтинга ғарқ бўлурсан.

25
Лилиана индамади, бирдан кўзи чақнади, бирдан ёвни ҳайрон қилиб, қаҳ-қаҳ урди ва деди:
— Мен укамдан чўчигандим, ҳали гўдак дегандим, нима қилсанг қилгин энди, сотқин йўкдир бу уйда!